Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2014

«Энди Тангрининг халқисизлар»

«Энди Тангрининг халқисизлар»

Сизлар халқ эмасдингиз, аммо энди Тангрининг халқисизлар. 1 БУТР. 2:10

1, 2. Милодий 33 йили Ҳосил байрамида қандай ўзгариш юз берди ва кимлар Яҳованинг янги халқига қўшилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

МИЛОДИЙ 33 йилдаги Ҳосил байрами, Яҳова халқининг тарихида муҳим босқич бўлган. Ўшанда тубдан ўзгариш юз берган. Тангри Яҳова муқаддас руҳи орқали янги бир халқ, яъни рамзий Исроил бўлмиш «Худонинг Исроилини» барпо этган (Галат. 6:16). Иброҳим Халилуллоҳнинг давридан бери Аллоҳнинг халқи, эркак кишиларни суннат қилиш билан ажралиб турган. Бироқ янги халқ аъзоларига келсак, ҳаворий Павлус улар тўғрисида: «Муқаддас руҳ орқали қалбга қилинган суннат ҳақиқийдир»,— деган (Рим. 2:29).

2 Қуддусдаги уйнинг болохонасида йиғилган ҳаворийлар ва Масиҳнинг юздан ошиқ бошқа шогирдлари янги халқнинг илк аъзолари бўлишган (Ҳавор. 1:12–15). Уларнинг устига муқаддас руҳ ёғдирилган ва шу йўсин улар Аллоҳнинг фарзандларига айланишган (Рим. 8:15, 16; 2 Кор. 1:21). Бу, Яҳова Масиҳнинг қурбонлигини қабул қилиб, Исроил халқи билан тузилган аҳднинг ўрнига янги аҳд кучга кирганини тасдиқлаган (Луқо 22:20; Ибронийларга 9:15 ни ўқинг). Ушбу шогирдлар Яҳованинг янги халқи аъзолари бўлишган. Муқаддас руҳ туфайли улар ҳар хил тилларда, Қуддусга Ҳафталар  ёки Ҳосил байрамини нишонлаш учун Рим империясининг турли бурчакларидан келган яҳудийларга ва яҳудий динига кирган одамларга ваъз қила олишган. Одамлар, масиҳийлар «Аллоҳнинг улуғвор ишлари ҳақида» ваъз қилган барча нарсани ўз она тилида эшитиб, тушунишган (Ҳавор. 2:1–11).

ХУДОНИНГ ЯНГИ ХАЛҚИ

3–5. а) Ҳосил байрамида Бутрус яҳудийларга нима деган? б) Янги халқ ўсиб бораётган илк йиллар давомида нима юз берган?

3 Яҳудийлар ва яҳудий динига кирган одамлар янги халқ, яъни имонлилар жамоати аъзолари бўлишларига йўл очиб бериш ниятида Яҳова ҳаворий Бутрусдан фойдаланган. Ҳосил байрамида Бутрус дадиллик ила, яҳудийларнинг ўзи «устунга михлатиб ўлдирган» Исони энди тан олишлари кераклигини айтган. Зеро, уни «Тангримизнинг Ўзи Ҳазрат ва Масиҳ қилиб тайинлаган». Оломон, энди қандай йўл тутишлари кераклигини сўраганда, Бутрус қуйидагича жавоб берган: «Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳнинг номи ила сувга чўминглар. Шу тариқа сизлар муқаддас руҳ инъомини оласизлар» (Ҳавор. 2:22, 23, 36–38). Ўша куни, деярли 3 000 нафар киши рамзий Исроил бўлмиш янги халқ сафига қўшилган (Ҳавор. 2:41). Кейинчалик, ҳаворийларнинг ғайрат ила қилган хизмати кўпдан-кўп самара келтирган (Ҳавор. 6:7). Шу йўсин, янги халқ ўсишда давом этган.

4 Вақт ўтгач, Исонинг шогирдлари муваффақият ила самарияликларга ҳам ваъз қила бошлашди. Уларнинг аксариятини хушхабар воизи Филип сувга чўмдирди, лекин улар ўша заҳотиёқ муқаддас руҳга эга бўлишмади. Қуддусдаги етакчи кенгаш, ҳаворий Бутрус ва Юҳаннони уларнинг ёнига жўнатди. Бутрус билан Юҳанно «уларнинг устига қўлларини қўйишганда, улар муқаддас руҳга эга бўлишди» (Ҳавор. 8:5, 6, 14–17). Демак, самарияликлар ҳам рамзий Исроилнинг мойланган аъзолари сафига қўшилди.

Бутрус Корнилий ва унинг хонадонидагиларига ваъз қилган (5- хатбошига қ.)

5 Милодий 36 йили, Худо бошқа гуруҳни ҳам рамзий Исроилга қўшиш учун яна Бутрусдан фойдаланган. Бу, ҳаворий Бутрус Рим юзбошиси Корнилий ҳамда унинг хонадонидагиларию дўстларига ваъз қилганда содир бўлган (Ҳавор. 10:22, 24, 34, 35). Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Бутрус гапираётган пайтда, унинг сўзларини тинглаб ўтирганларнинг барига [яҳудий бўлмаганларга] муқаддас руҳ тушди. У билан бирга келган суннатли биродарлар, ўзга халқ вакилларига ҳам муқаддас руҳ тушганини кўриб, қойил қолишди» (Ҳавор. 10:44, 45). Шундай қилиб, суннат қилинмаган ғайрияҳудийлар ҳам рамзий Исроил бўлмиш янги халқнинг аъзолари бўлишди.

ЯҲОВАНИНГ «ИСМИ БИЛАН АТАЛАДИГАН ХАЛҚ»

6, 7. Яҳованинг исми билан аталадиган кишилар сифатида янги халқ аъзолари нима қилишган?

6 Милодий 49 йили етакчи кенгаш йиғилишида, Исонинг шогирди Ёқуб шундай деган: «Симўн [Бутрус] бизга Аллоҳ бошқа  халқларни ҳам қабул қилаётгани ҳақда айтиб берди. Демак, Тангри Ўз исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлаётган экан» (Ҳавор. 15:14). Яҳованинг исми билан аталадиган бу янги халқ таркибига ҳам яҳудий, ҳам ғайрияҳудий бўлган имонлилар кирган (Рим. 11:25, 26а). Сўнг, Бутрус: «Сизлар халқ эмасдингиз, аммо энди Тангрининг халқисизлар»,— дея ёзган. Бутрус уларнинг вазифаси нимадан иборат эканини шундай таъкидлаган: «Сизлар “танланган насл, шоҳ бўлиб хизмат қиладиган руҳонийлар, муқаддас халқ, Аллоҳнинг мулкисизлар”. У сизларни зулматдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этиб, Унинг “олий фазилатларини ҳар ерда эълон этиш учун” танлаган» (1 Бутр. 2:9, 10). Улар Худога шарафлар келтириб, ҳаммага Унинг исмини танитишган. Ҳа, улар Сарвари Олам Яҳованинг жасоратли шоҳидларига айланишган.

7 Шундай қилиб, Яҳова рамзий Исроил бўлмиш янги халқдан фойдалана бошлаган ва улар тўғрисида: «Бу халқни Ўзим учун яратганман. Улар Менга ҳамду сано айтсинлар»,— деган (Ишаё 43:21). Ўша даврда илк масиҳийлар Яҳова танҳо ҳақ Аллоҳ эканини дадиллик ила эълон қилиб, одамлар сиғинган бошқа барча худолар сохта эканини фош этишган (1 Салон. 1:9). Улар Яҳова ва Исо тўғрисида «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар» шоҳидлик беришган (Ҳавор. 1:8; Колос. 1:23).

8. Павлус Худонинг халқини нима деб огоҳлантирган?

8 Биринчи асрда, Яҳованинг «исми билан аталадиган халқ» аъзоларидан бири довюрак ҳаворий Павлус бўлган. У бутпараст файласуфлар қаршисида туриб, «дунёни ва ундаги барча нарсани яратган Аллоҳ, еру осмоннинг Рабби» бўлмиш Яҳованинг ҳукмронлигини қатъий ҳимоя қилган (Ҳавор. 17:18, 23–25). Павлус учинчи тарғибот саёҳатининг сўнгида, Худо халқининг аъзоларини қуйидагича огоҳлантирган: «Шуни биламанки, мен кетганимдан кейин орангизга йиртқич бўрилар кириб олади. Улар сурувга шафқатсиз муносабатда бўлишади. Ҳатто сизларнинг орангиздан ҳам, шогирдларни ортидан эргаштириш учун нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар чиқади» (Ҳавор. 20:29, 30). Биринчи асрнинг охирида, каромат қилинган бу муртадлик яққол кўрина бошлади (1 Юҳан. 2:18, 19).

9. Ҳаворийларнинг ўлимидан кейин, Худонинг халқи билан нима юз берди?

9 Ҳаворийларнинг ўлимидан кейин, муртадлик тобора кўпайиб, христиан оламининг черковлари пайдо бўлишига олиб келди. Яҳованинг «исми билан аталадиган халқ» бўлишнинг ўрнига, сохта масиҳийлар Муқаддас Китоб таржималаридан ушбу илоҳий исмни олиб қўйишган. Улар бутпараст урф-одатларга берилиб, Муқаддас Китобга зид таълимотлар, тажовузкор юришлари ва ахлоқсиз хулқ-атвори билан Аллоҳга ҳурматсизлик кўрсатишган. Муртадлик бошлангач, юзлаб йиллар мобайнида ер юзида фақат бир нечта киши Яҳовага садоқат ила топинган, бироқ улар Унинг «исми билан аталадиган халқ» сифатида ташкиллаштирилмаган.

ХУДО ХАЛҚИНИНГ ҚАЙТА БАРПО ЭТИЛИШИ

10, 11. а) Исо буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масалида нимани башорат қилган? б) Исонинг бу масали 1914 йилдан сўнг қандай амалга ошди ва натижаси қанақа бўлди?

10 Исо буғдой ва бегона ўт ҳақидаги масалида, муртадлик дастидан рамзий тун бўлишини башорат қилган. У айтганидай, «ҳамма ухлаб ётган пайтда» Иблис келиб, Инсон Ўғли буғдой уруғини эккан далага бегона ўт уруғларини сепиб кетган. «Охирзамон» келмагунга қадар, уларнинг бари бирга  ўсиши керак эди. Исо, «яхши уруғ» «шоҳлик ўғилларини», «бегона ўтлар» эса «ёвуз Шайтоннинг ўғилларини» тасвирлашини тушунтирган. Охирзамонда Инсон Ўғли ўз «ўроқчиларини», яъни фаришталарни юбориб, рамзий буғдойни бегона ўтлардан ажратиб олади. Шу йўсин, Шоҳлик ўғиллари йиғиб олинади (Мат. 13:24–30, 36–43). Хўш, бу қандай юз беради ва бу туфайли қай йўсин Яҳованинг ер юзидаги топинувчиларидан иборат халқ ташкил этилади?

11 «Охирзамон» 1914 йилда бошланган. Ўша йили бошланган уруш пайтида, «шоҳлик ўғиллари» бўлмиш бир неча минг мойланган масиҳийлар буюк Бобилнинг қуллиги остида эди. 1919 йили Яҳова уларни халос этиб, уларнинг ва «бегона ўтлар», яъни христиан оламининг орасидаги яққол фарқни кўрсатди. «Шоҳлик ўғилларини» битта халқ сифатида ташкил этилиши Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги башоратини амалга оширди: «Хўш, юрт бир кунда пайдо бўладими?! Бир онда бутун бир халқ дунёга келадими?! Қаранг, тўлғоғи тутар-тутмас қиз Қуддус ўғиллар туғди» (Ишаё 66:8). Қуддус, фаришталардан иборат бўлган Яҳова ташкилотининг рамзидир. Ер юзида мойланган ўғиллардан иборат халқ пайдо бўлганда, Қуддус «туғди».

12. Қандай қилиб мойланганлар Яҳованинг «исми билан аталадиган халқ» эканини кўрсатишмоқда?

12 Илк масиҳийлар сингари, ҳозир ҳам «шоҳлик ўғиллари» Яҳованинг шоҳидларидир (Ишаё 43:1, 10, 11 ни ўқинг). Улар намунали хулқ-атвори ҳамда «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга... ваъз қилиши» билан ўзгалардан ажралиб туришади (Мат. 24:14; Филип. 2:15). Бу туфайли, кўплар, ҳа, миллионлаб кишилар Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўлишмоқда (Дониёр 12:3 ни ўқинг).

«БИЗ СЕН БИЛАН БОРАЙЛИК»

13, 14. Яҳова топинишини қабул қилишини хоҳлаган рамзий Исроил аъзоси бўлмаганлар нима қилиши керак ва бу борада қандай башоратлар мавжуд?

13 Олдинги мақола, қадимги Исроилда бўлганидай, агар ўзга халқ вакиллари Яҳова аҳд тузган халқ билан бирга бўлишганида,  топинишини қабул қилганини кўрсатмоқда (3 Шоҳ. 8:41–43). Худди шундай бугун, рамзий Исроил аъзолари бўлмаганлар Яҳованинг халқи, яъни «шоҳлик ўғиллари» бўлмиш мойланган Шоҳидлари билан бирга бўлишлари лозим.

14 Анча йиллар олдин иккита пайғамбар, охирзамонда кўплар Яҳовага Унинг халқи билан бирга топинишини башорат қилган. Ишаё шундай деган: «Одамлар тўп-тўп бўлиб келади, улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига! Қани, юринглар! Борайлик Ёқуб наслининг Худоси уйига. Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.” Ахир, Эгамизнинг каломи чиқиб келар Қуддусдан, ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан» (Ишаё 2:2, 3). Шу каби, Закариё ҳам қуйидагиларни каромат қилган: «Кўп эллар ва кучли халқлар Қуддусга, Сарвари Оламдан меҳр-шафқат сўрашга ва Унга сажда қилишга келадилар». Закариё уларни «турли тилларда гапирувчи халқлардан келган ўн киши», деб тасвирлаган. Улар, рамзий Исроилнинг кийимидан маҳкам тутиб олган киши сингари: «Биз сен билан борайлик. Ахир, биз Худо сизлар билан эканлигини эшитдик»,— деб айтишади (Закр. 8:20–23).

15. «Бошқа қўйлар» қайси ишда рамзий Исроил билан қатнашмоқда?

15 «Бошқа қўйлар» рамзий Исроил билан бирга Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ишида қатнашмоқда (Марк 13:10). Улар «яхши чўпон» Исо Масиҳ бошчилиги остида мойланганлар билан «бир сурув» бўлиб, Худонинг халқига қўшилишмоқда (Юҳанно 10:14–16 ни ўқинг).

ЯҲОВАНИНГ ХАЛҚИ ОРАСИДА НАЖОТ ИЗЛАНГ

16. Қандай қилиб Яҳова «буюк қайғуни» авж нуқтасига келтиради?

16 Буюк Бобил йўқ қилингач, Яҳованинг халқи қаттиқ ҳужумга дучор бўлади ва ўшанда, У хизматчилари учун тақдим этадиган ҳимояси остида бўлишимиз зарур. Ушбу ҳужум «буюк қайғуни» авж нуқтасига келтирар экан, Яҳова Ўзи танлаган вақтда буни ҳал қилади (Мат. 24:21; Ҳиз. 38:2–4). Ўша пайтда Гўг «турли халқлардан йиғилган» Яҳованинг халқига ҳужум қилади (Ҳиз. 38:10–12). Бу ҳужум, Яҳова учун Гўг ва унинг қўшинига қарши чиқарган ҳукмларини амалга ошириш вақти келганининг белгиси бўлади. Дарҳақиқат, Яҳова Ўз ҳукмронлигини оқлайди ва исмини муқаддас қилади. Зеро, У шундай деган: «Дунёдаги кўплаб халқларга... Ўзимни танитаман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни улар билиб оладилар» (Ҳиз. 38:18–23).

«Буюк қайғуда» маҳаллий жамоатимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз зарур (16–18- хатбошиларига қ.)

17, 18. а) Қачон Гўг Яҳованинг хизматчиларига ҳужум қилишни бошлайди ва улар қандай йўл-йўриқлар олишади? б) Буюк қайғуда Яҳованинг ҳимояси остида бўлишни истасак, нима қилишимиз керак?

17 Гўг ҳужумни бошлаганда, Тангри Яҳова Ўз хизматчиларига шундай дейди: «Келинг, эй халқим, бир оз яшириниб туринг! Эгамизнинг ғазаби босилгунча, киринг ичкарига, ортингиздан эшикларни ёпиб қўйинг!» (Ишаё 26:20). Ўша танг замонда Яҳова, ҳаётимизни сақлаб қолишимиз учун йўл-йўриқлар беради ва ўша «ичкари» жой маҳаллий жамоатларимиз билан боғлиқ бўлиши мумкин.

18 Агар буюк қайғуда Яҳованинг ҳимояси остида бўлишни истасак, У ер юзида Ўз халқини жамоатларда ташкил этганини тан олишимиз керак. Бу халқ орасида бўлиб, маҳаллий жамоатимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз лозим. Биз ҳам чин қалбдан сано бастакори каби: «Эй Эгам! Нажот сендан келади! Баракаларинг халқингга келсин!» — дея айта оламиз (Заб. 3:9).