Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2014

Исонинг тирилиши биз учун нимани англатади?

Исонинг тирилиши биз учун нимани англатади?

У... тирилди. МАТ. 28:6

1, 2. а) Дин раҳбарларининг айримлари нимани билмоқчи эди ва Бутрус қандай йўл тутган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нега Бутрус жасорат ила гапирган?

ИСОНИНГ ўлимидан бир неча ҳафта ўтгач, ҳаворий Бутрус золим ва шафқатсиз одамлар тўдасига дуч келган. Улар Исонинг ўлимини уюштирган, яҳудий дин раҳбарлари бўлиб, Бутрусни сўроқ-савол қилишган. Негаки, у туғма чўлоқ кишини даволаган. Улар бўлса, Бутрус бу ишни қандай ҳуқуқ ёки кимнинг номи билан қилганини билмоқчи бўлишган. У ғайрат ила шундай деб жавоб берган: «Бу киши сизлар устунга михлаган, аммо Худо тирилтириб қўйган носиралик Исо Масиҳ номи билан соғайиб, олдингизда турибди» (Ҳавор. 4:5–10).

2 Бундан олдин, Бутрус қўрқув туфайли Исодан уч маротаба тонган эди (Марк 14:66–72). Хўш, нега у ҳозир дин раҳбарлари қаршисида жасорат ила турибди? Бунда муқаддас руҳнинг аҳамияти катта, бироқ Бутруснинг ўзи ҳам Исонинг тирилганига амин эди. Нима туфайли Бутрус Исо тирик эканига шу қадар ишонган? Нега биз ҳам бунга аминмиз?

3, 4. а) Ҳаворийлар дунёга келмасидан олдин қандай тирилишлар юз берган? б) Исо кимларни тирилтирган?

3 Исонинг ҳаворийлари учун, ўлганлар ҳаётга қайтиши мумкинлиги янгилик эмас эди. Сабаби, улар дунёга  келмасидан олдин, тирилишлар юз берган. Улар, Илёс ва Элишай пайғамбарларга Аллоҳ шу каби мўъжизалар яратиш қудратини ато этганини билишарди (3 Шоҳ. 17:17–24; 4 Шоҳ. 4:32–37). Ҳатто битта марҳумнинг жасадини Элишайнинг қабри ичига ташлашганда, у пайғамбарнинг суякларига тегиб тирилганди (4 Шоҳ. 13:20, 21). Биз Худонинг Каломидагилар ҳақиқат эканига амин бўлганимиздек, илк масиҳийлар ҳам Муқаддас Ёзувлардаги бундай ҳодисаларга ишонишган.

4 Исо тирилтиргани ҳақидаги ҳодисаларни ўқиганимизда, барчамиз бефарқ қолмаганимиз шубҳасиз. Масалан, у бир бева аёлнинг ягона ўғлини ҳаётга қайтарганида, ўша аёл жуда ҳам ажабланган бўлса керак (Луқо 7:11–15). Бошқа сафар, Исо 12 яшар бир қизчани тирилтирган. Унинг қайғуга ботган ота-онаси қизи ҳаётга қайтганини кўришганда, нақадар хурсанд ва ҳайрон бўлишганини тасаввур қилинг! (Луқо 8:49–56). Ёки бўлмаса, тирилиб, соғ-омон қабрдан чиқиб келаётган Лазарни кўрганлар, қанчалар ҳангу манг бўлишгани тўғрисида ўйлаб кўринг! (Юҳан. 11:38–44).

НЕГА ИСОНИНГ ТИРИЛИШИ НОЁБ БЎЛГАН?

5. Исонинг тирилиши илгари юз берган тирилишлардан нимаси билан фарқ қилади?

5 Ҳаворийлар, Исонинг тирилиши аввал юз берган тирилишлардан фарқ қилганини билишган. Илгари тирилтирилган инсонлар жисмоний танага эга бўлиб, охир-оқибат яна ўлишган. Исо эса, асло йўқ бўлмайдиган руҳий мавжудот сифатида тирилтирилган (Ҳаворийлар 13:34 ни ўқинг). Бутрус Исо ҳақида: «У одам сифатида ўлиб, руҳ сифатида тирилди»,— деб ёзган. Бундан ташқари, «осмонга кўтарилганидан кейин Масиҳ Тангрининг ўнг томонига ўтирган. Аллоҳ унга фаришталарни, ҳокимияту кучларни бўйсундирган» (1 Бутр. 3:18–22). Тўғри, илгари содир бўлган тирилишлар ажойиб ва мўъжизавий эди, аммо Исонинг тирилишига ҳеч бири тенг келмайди.

6. Исонинг тирилиши шогирдларига қандай таъсир қилган?

6 Исонинг тирилиши шогирдларига ниҳоятда қаттиқ таъсир қилган. Душманлари Исонинг ўлганига ишонишган. Лекин Исо, ҳеч бир киши зарар етказа олмайдиган қудратли руҳий шахс сифатида тирилган эди. Унинг тирилиши, у Аллоҳнинг Ўғли эканини тасдиқлаб, шогирдларининг чуқур қайғуси улкан хурсандчиликка айланишига сабаб бўлган. Қолаверса, улардаги қўрқув ўрнини жасорат эгаллаган. Агар Исо тирилмаганида, Яҳованинг нияти амалга ошмасди ва улар эълон қилаётган хушхабарнинг аҳамияти йўқоларди.

7. Ҳозир Исо нима билан банд ва бу масалада қандай саволлар юзага келяпти?

7 Яҳованинг хизматчилари эканмиз, Исо шунчаки буюк инсон эмаслигини аниқ биламиз. У бугунги кунда тирик ва ер юзидаги барча инсонларга тегишли ишни бошқармоқда. Самовий Шоҳликнинг Шоҳи сифатида, Исо Масиҳ яқинда ер юзини ёвузликдан тозалаб, уни одамлар абадий яшаши мумкин бўлган жаннатга айлантиради (Луқо 23:43). Агар Исо тирилмаганида, буларнинг ҳеч бири содир бўлмасди. Шундай экан, унинг тирилганига ишонишимизнинг сабаблари қандай? Унинг тирилгани биз учун нимани англатади?

ЯҲОВА ЎЛИМДАН УСТУН ЭКАНИНИ КЎРСАТГАН

8, 9. а) Нега яҳудий дин раҳбарлари Исонинг қабри қўриқланилишини талаб қилишган? б) Аёллар қабр олдига келишганда, нима юз берган?

8 Исони қатл қилгач, бош руҳонийлару фарзийлар Пилатнинг ёнига бориб, шундай  дейишди: «Тақсир, ўша ёлғончи ҳали тириклигида: “Уч кундан кейин мен тириламан”,— дегани эсимизга тушди. Шунинг учун қабрни қўриқлашни буюринг, тағин шогирдлари жасадни ўғирлаб кетиб, халққа: “У тирилди”,— дейишмасин. Шунда охирги ёлғон биринчисидан ҳам ошиб тушади». Пилат эса уларга: «Мана, соқчиларни олинглар-да, бориб билганларингни қилинглар»,— деди. Улар худди шундай қилишди (Мат. 27:62–66).

9 Исонинг жасади қояда ўйилган қабрга қўйилиб, қабр оғзи катта тош билан беркитилган эди. Боиси, яҳудий дин раҳбарлари Исонинг у ерда, яъни қабрда ўлик ҳолатда абадий қолишини исташган. Бироқ Яҳова умуман бошқача ўйлаган. Магдалалик Марям ва бошқа Марям учинчи куни қабр олдига келишганда, унинг оғзидаги тош юмалатиб қўйилганини ва устида фаришта ўтирганини кўришган. Фаришта, аёллар қабр ичига кириб, у ер бўш эканини кўришларини хоҳлаган. Фаришта: «У ҳозир бу ерда эмас. У... тирилди»,— деган (Мат. 28:1–6). Исо тирик эди!

10. Исонинг тирилгани борасида Павлус қандай далил келтирган?

10 Кейинги 40 кун давомида содир бўлганлар, Исонинг тирилганига шубҳа қолдирмаган. Ўша воқеаларнинг барини жамлаб, ҳаворий Павлус Коринф жамоатига шундай деб ёзган: «Ўзим қабул қилиб сизларга етказган нарсалардан энг муҳими шуки: Муқаддас Ёзувларга кўра Масиҳ бизнинг гуноҳларимиз учун ўлди ва дафн этилди. Шунингдек, Муқаддас Ёзувларга биноан учинчи куни тирилди. Аввал у Кифага, сўнг эса ўн иккита ҳаворийга кўринди. Кейин бирданига 500 дан ортиқ биродарларга кўринди. Улардан кўпчилиги ҳанузгача тирик, айримлари эса ўлим уйқусига кетган. Ундан кейин у Ёқубга, сўнг эса ҳаворийларнинг барига кўринди. Ва ниҳоят, барвақт туғилган болага ўхшаган менга кўринди» (1 Кор. 15:3–8).

ИСО ТИРИЛГАНИНИ ҚАЕРДАН БИЛАМИЗ?

11. Қай йўсин Исонинг тирилиши «Муқаддас Ёзувларга биноан» амалга ошган?

11 Биринчидан, Исонинг тирилиши «Муқаддас Ёзувларга биноан» амалга ошган. Худонинг Каломида тирилиш башорат қилинган. Мисол учун, шоҳ Довуднинг ёзганига кўра, Худо тайин этган «садоқатли хизматчи» қабрда қолиб кетмайди (Ҳаворийлар 13:35 ни ўқинг). Мил. 33 йили Ҳосил байрамида ҳаворий Бутрус ушбу башоратли сўзларни Исога қўллаб, шундай деган: «[Довуд] Масиҳнинг тирилишини, яъни мозорда ташлаб кетилмаслигини ҳамда баданининг чиримаслигини олдиндан билиб, маълум қилган» (Ҳавор. 2:23–27, 31).

12. Тирилган Исони кимлар кўрган?

12 Иккинчидан, Исонинг тирилганини ўз кўзи билан кўрган кўпгина гувоҳларнинг тасдиғи бор. Тирилган Исо 40 кун давомида шогирдларига унинг қабри жойлашган боғда, Эммаус деган қишлоққа кетишаётганда ва бошқа жойларда зоҳир бўлган (Луқо 24:13–15). Ўшанда, у шахсан Бутрусга ҳамда бир гуруҳ одамларга гапирган. Бир сафар, тирилган Исо ҳатто 500 дан зиёд кишига зоҳир бўлганини айтмайсизми! Ўз кўзи билан кўрган шу қадар кўп инсонларнинг тасдиғини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

13. Қай йўсин шогирдлар Исонинг тирилгани ҳақида ғайрат ила ваъз қилишгани улар бунга амин бўлишганини кўрсатяпти?

13 Учинчидан, Исонинг тирилгани ҳақида шогирдлари ғайрат ила ваъз қилишган. Масиҳнинг тирилгани ҳақида ғайрат ила шоҳидлик бериш, уларнинг қувғин қилинишига, азоб чекишига ва ўлимига олиб келган. Айтайлик, Исо тирилмаган, яъни буларнинг бари ғирт ёлғон. Нега унда  Бутрус, Исодан нафратланган ва ўлимини уюштирган дин раҳбарларига унинг тирилиши тўғрисида эълон қилиб, ҳаётини хавф остига қўйган? Бутрус ва бошқа шогирдлар, Исонинг тирик эканига ва Аллоҳ бажарилишини истаган ишни бошқараётганига амин бўлишгани учун бундай йўл тутишган. Бундан ташқари, Исонинг тирилиши туфайли издошлари ўзлари ҳам тирилишларига ишонч ҳосил қилишган. Масалан, Стефан тирилишга қаттиқ ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмган (Ҳавор. 7:55–60).

14. Нима учун Исо ҳаётга қайтганига ишонамиз?

14 Тўртинчидан, Исо ҳозир Шоҳ бўлиб, жамоат Боши сифатида хизмат қилаётгани яққол намоён бўлмоқда. Масиҳнинг ҳақиқий издошлари гуллаб-яшнамоқда. Агар Исо тирилмаганида, бу юз берармиди? Дарҳақиқат, Исо тирилмаганида, ҳеч биримиз у ҳақида эшитмаган бўлардик. Бироқ Исонинг ҳаётга қайтганига ва ҳозир у, хушхабарни жаҳон бўйлаб эълон қилиш ишини бошқараётганига ишониш учун аниқ сабабларга эгамиз.

ИСОНИНГ ТИРИЛИШИ БИЗ УЧУН НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

15. Нима учун Исонинг тирилгани туфайли ғайрат ила ваъз қила оламиз?

15 Масиҳнинг тирилгани туфайли биз жасорат ила ваъз қиламиз. Деярли 2 000 йил давомида Худонинг душманлари хушхабар тарқатилмаслиги учун ҳар турли қурол — муртадлик, масхара қилиш, ваҳшийликлар, тақиқлар, қийноқлар ва қатл қилишни қўллаб келишди. Шундай бўлса-да, бизга «қарши ясалган ҳеч қандай қурол» Шоҳлик борасидаги ваъзгўйлик ва шогирд орттириш ишини тўхтата олмади (Ишаё 54:17). Шайтоннинг қуллари ёки тарафдорларидан асло қўрқмаймиз. Нега деганда, Исо Масиҳнинг ўзи ваъда қилганидай биз билан бирга ва бизни қўллаб-қувватламоқда (Мат. 28:20). Душманларимиз оғзимизни ёпиб қўйишга бор кучини солса ҳам, қўрқмасликка барча сабабларимиз бор!

Исонинг тирилиши ваъз қилишимизга жасорат бахш этади (15- хатбошига қ.)

16, 17. а) Қандай қилиб Исонинг тирилгани туфайли, у ўргатган барча нарса тасдиқланди? б) Юҳанно 11:25 га биноан, Яҳова Исога қандай куч ато этган?

16 Исонинг тирилгани туфайли, у ўргатган барча нарса тасдиқланди. Павлус ёзганидай, агар Масиҳ тирилмаганида, масиҳийларнинг имони ҳамда ваъзгўйлик иши беҳуда бўларди. Бир илоҳиётшунос шундай деб ёзган: «Агар Масиҳ тирилмаганида... масиҳийлар улкан ёлғоннинг қурбонларига айланган, бефаҳм ожиз кишилар бўлиб чиқарди». Унинг тирилишисиз, Инжил баёноти, душманлари қўлидан қатл этилган яхши ва доно бир инсон ҳақидаги ачинарли ҳикоя бўларди, холос. Бироқ Масиҳ тирилгани туфайли барча таълимотлари, жумладан келажак ҳақида айтганлари ҳам ҳақиқат экани исботланди (1 Коринфликларга 15:14, 15, 20 ни ўқинг).

17 Исо қуйидагича деган: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган киши ўлса ҳам, яна ҳаётга қайтади» (Юҳан. 11:25). Ушбу ҳайратда қолдирадиган сўзлар, албатта амалга ошади. Яҳова Исога нафақат самовий ҳаётга тирилтириш, балки ер юзида абадий яшаш истиқболига эга бўладиган миллиардлаб инсонларни ҳам ҳаётга қайтариш учун куч ато этган. Исонинг тўлов қурбонлиги ва унинг тирилиши, ўлим бошқа бўлмаслигининг далилидир. Хўш, буни билиш, сиз дуч келаётган ҳар қандай қийинчилик ва ҳатто ўлимни жасорат ила қарши олишингизга куч бахш этяптими?

18. Исонинг тирилгани бизга нимада аминлик бахш этяпти?

18 Исонинг тирилгани, одамлар Яҳованинг меҳрга тўла меъёрлари асосида ҳукм қилинишига ишонтиряпти. Павлус Афинада бир гуруҳ эркак ва аёлларга мурожаат  қилиб, шундай деган: «[Аллоҳ] Ўзи тайинлаган зот орқали, бутун ер юзини адолат билан ҳукм қилади... Барча одамлар бу кун келишига амин бўлишлари керак, чунки Тангри ўша зотни тирилтирди» (Ҳавор. 17:31). Ҳа, Исо муқаддас руҳ ила Ҳакам этиб тайинланган экан, унинг ҳукмлари адолатли ва меҳрга тўла бўлишига ишонч ҳосил қилсак арзийди (Ишаё 11:2–4 ни ўқинг).

19. Масиҳнинг тирилишига бўлган ишонч бизга қандай таъсир қилмоқда?

19 Исонинг тирилгани Худонинг иродасини бажаришимизга ундамоқда. Агар бу фидойи ўлим ва тирилиш бўлмаганида эди, барчамиз гуноҳ ва ўлим ҳукмидан қутула олмасдик (Рим. 5:12; 6:23). Исо тирилмаганида, ҳаммамиз: «Еб-ичайлик, барибир эртага ўлиб кетамиз!» — деб айтсак бўларди (1 Кор. 15:32). Аммо бутун эътиборимизни ҳузур қилиб яшашга қаратмаяпмиз. Аксинча, тирилишга бўлган умидимизни мустаҳкамлаб, барча соҳаларда Яҳованинг йўл-йўриғига риоя қилишга интиляпмиз.

20. Қандай қилиб Исонинг тирилиши Аллоҳнинг улуғворлигини тасдиқламоқда?

20 Масиҳнинг тирилиши сўзсиз, аммо таъсирли равишда Яҳованинг улуғворлигини ҳамда «Уни астойдил излаётганларни мукофотлашини» тасдиқламоқда (Иброн. 11:6). Исони самовий ўлмас ҳаётга тирилтириб, Яҳова жуда ҳам қудратли ва доно эканини намоён этди! Қолаверса, шу йўсин Аллоҳ Ўзининг барча ваъдаларини бажаришга қодир эканини кўрсатди. Яҳова, ўзгача «уруғ» ҳукмдорлик масаласини ҳал қилишини ваъда қилган. Бу амалга ошиши учун «уруғнинг», яъни Исонинг ўлиши ва ҳаётга қайтиши талаб этиларди (Ибт. 3:15).

21. Тирилишга бўлган умид сиз учун нимани англатади?

21 Тирилишга бўлган мустаҳкам умидни бизга ато этган Яҳовадан миннатдормисиз? Муқаддас Китобда бунинг тасдиғи мавжуд: «Мана, Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида. Худонинг Ўзи улар билан бирга яшайди ва улар Унинг халқи бўлишади. Аллоҳнинг Ўзи улар билан бўлади. Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». Бу ажойиб умид тўғрисида садоқатли ҳаворий Юҳаннога шундай дейилган: «Ёзиб қўй, чунки бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир». Қизиқ, ушбу илоҳий ваҳийни Юҳанно кимдан олган? Бу ваҳийни у тирилган Исо Масиҳдан олган (Ваҳ. 1:1; 21:3–5).