Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2014

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Хизматимдаги муҳим даврлар

Хизматимдаги муҳим даврлар

Эль-Сальвадорнинг Санта-Ана шаҳридаги католик руҳонийлари 1947 йили халқни Яҳованинг Шоҳидларига қарши қайрашди. Биродарлар «Қўриқчи минораси» журналининг муҳокамасини ўтказаётган бир пайтда, болакайлар очиқ турган эшикдан катта тошларни ота бошлашди. Кейин руҳонийлар бошчилигида бир тўда одамлар келганди. Айримларининг қўлларида машъал, бошқаларида эса санамлар бор эди. Улар тахминан икки соат давомида бинони тошбўрон қилиб: «Биби Марям бор бўлсин!.. Яҳовага ўлим!» — деб бақиришарди. Улар, тўла вақтли махсус ваъзгўйлар қўрқиб, шаҳарни ташлаб кетишади деган фикрда эди. Мен буни биламан, чунки ўзим ҳам 67 йил аввал ўтказилган ўша учрашувдаги ваъзгўйлардан бири эдим *.

УШБУ воқеа содир бўлишидан икки йил аввал, хизматдаги ҳамкорим Эвелин Траберт ва мен ўша пайтлари Итака (Нью-Йорк) яқинида ўтказилган Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабининг тўртинчи синфини тамомладик. Бизни Санта-Анада хизмат қилишга тайинлашди. Аммо тахминан 29 йиллик махсус ваъзгўйлик хизматимдаги воқеалар ҳақида гапиришни давом этишдан олдин, нима учун бу фаолият билан шуғулланишга қарор қилганимни айтиб берай.

МАЪНАВИЙ МЕРОСИМ

Мен 1923 йили туғилганимда, ота-онам Жон ва Ева Олсон Спокан (Вашингтон, АҚШ) шаҳрида яшашган. Улар лютеранлар бўлишган бўлса-да, бироқ черковнинг оташли дўзах ҳақидаги таълимотини тан олишмаган. Чунки бу, уларнинг Худо Ўзи севги эканлиги борасидаги эътиқодига зид эди (1 Юҳан. 4:8). Отам новвойхонада ишларди ва бир куни кечқурун ҳамкасби, азоб келтирадиган дўзах ҳақида Муқаддас Китобда таълимот йўқлигига ишонтирди. Тез орада ота-онам Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ бошлашди ва Худонинг Каломида ўлимдан кейинги ҳаёт борасида аслида нима дейилганини билиб олишди.

Бор-йўғи тўққиз ёшда бўлганимга қарамай, ота-онам эндигина билиб олган Муқаддас Китоб ҳақиқати тўғрисида завқ ила гапирганлари ёдимда. Улар ҳақ Худонинг исми Яҳова эканлигини билиб  олишганида ва Учлик ҳақидаги чалғитадиган таълимотдан озод бўлишганида, ғайрати янада ошганди. Муқаддас Китобдаги ушбу ажойиб билимларни шимгич каби ўзлаштириб, озод этадиган ҳақиқатни ўргандим (Юҳан. 8:32). Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни ҳеч қачон зерикарли деб билмаганман, аксинча бундан қувонч топардим. Уятчан бўлсам-да, ота-онам билан доим ваъзгўйликка чиқардим. Улар 1934 йили сувга чўмишган, мен эса 1939 йили 16 ёшимда Яҳованинг сувга чўмган хизматчиси сифатида уларнинг сафига қўшилдим.

Ота-онам билан 1941 йили Сент-Луисдаги (Миссури) анжуманда

1940 йили ёзда ота-онам уйимизни сотишди ва биз Кёр-дАленда (Айдахо) кашшоф бўлиб тўла вақтли хизмат қилишни бошладик. Биз автомобиль устахонасининг юқори қаватида жойлашган хонани ижарага олиб яшар эдик. Уйимизда жамоат учрашувлари ҳам ўтказиларди. Ўша пайтлари фақат бир нечта жамоатнинг ўз Йиғилиш Заллари бор эди, шунинг учун бошқалар учрашувларни уйларда ёки ижарага олинган жойларда ўтказишарди.

1941 йили ота-онам билан Сент-Луисда (Миссури) ўтказилган анжуманга бордик. Якшанба куни дастурнинг «Болалар куни» деб аталган қисмида, 5 дан 18 ёшгача бўлганлар саҳнанинг олд томонида ўтиришди. Жозеф Рутерфорд биродаримиз нутқ айтаётганда биз ёшларга мурожаат қилиб, шундай деди: «Марҳамат, Яҳовага ва У тайинлаган Шоҳга қулоқ солишга тайёр бўлган барча болалар ўрнингиздан туринглар!» Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Сўнг Рутерфорд акамиз баланд овозда қуйидагича хитоб қилди: «Қаранглар, Шоҳликнинг 15 000 дан зиёд янги шоҳидлари турибди!» Бу онлар, кашшофликни ҳаёт йўли сифатида танлаш қароримни мустаҳкамлади.

ОИЛАМИЗ ОЛГАН ТОПШИРИҚЛАР

Сент-Луисдаги анжумандан бир неча ой ўтгач, оиламиз Калифорниянинг жанубига кўчиб ўтди. Окснард шаҳридаги вазифамиз жамоат ташкил этишдан иборат эди. Биз биттагина каравоти бўлган трейлерда (ғилдиракли уйда) яшардик. Менинг каравотим ҳар оқшом биз овқатланадиган столга айланарди, ухлагани ётмоқчи бўлганимда эса, уни яна каравотдек ишлатардим.

Калифорнияга келишимиздан бироз олдин 1941 йили 7 декабрда Япония Гавайи оролларидаги Пёрл-Харборга ҳужум қилди. Эртаси куни Қўшма Штатлар Иккинчи жаҳон урушига қўшилди. Ҳукумат барча чироқларни ўчиришга буйруқ берди ва биз кечаси билан чироқсиз ўтирдик. Японлар сув ости кемаларида Калифорния қирғоқларига яқин жойда сузиб юришган ва қуруқликда зим-зиё қоронғилик бўлгани учун улар ўзларининг нишонига отиб тегишолмасди.

Бир неча ойдан сўнг 1942 йили сентябрда Кливлендда (Огайо) бўлиб ўтган анжуманга бордик. Нейтан Норр биродаримиз сўзлаган «Тинчлик — қачонгача бўлади?» номли нутқни тингладик. У Ваҳий китобининг 17- бобини муҳокама қилди. Бу бобда «бор бўлган, энди эса йўқ, аммо... тубсизлик қаъридан чиққан» «йиртқич ҳайвон» тасвирланган (Ваҳ. 17:8, 11). Норр акамиз, «йиртқич ҳайвон» 1939 йили ўз фаолиятини якунлаган Миллатлар Иттифоқини тасвирлашини тушунтирди. Муқаддас Китобда, Миллатлар Иттифоқи алмаштирилиши ва муайян вақт давомида тинчлик бўлиши башорат қилинган. Бу 1945 йили Иккинчи жаҳон уруши тугаганда содир бўлди. Бундан сўнг «ҳайвон» Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сифатида қайтадан намоён бўлди. Ўшанда, Яҳованинг Шоҳидлари ваъзгўйлик фаолиятини бутун дунё бўйлаб кенгайтиришди ва бу, мисли кўрилмаган ўсишга олиб келди.

Гилад мактабида олган дипломим

Бу башорат, олдинда бўладиган нарсаларни кўришимга ёрдамлашди. Келаси йили Гилад мактаби ўз фаолиятини бошлаши эълон қилинганида, тўла  вақтли махсус ваъзгўй бўлиш орзуйим яна аланга олди. 1943 йили мени Портлендга (Орегон) кашшоф этиб тайинлашди. Ўшанда остонада туриб фонографдан фойдаланган ҳолда уй эгаларига нутқлар эшиттирардик. Кейин эса, Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги адабиётларимизни таклиф қилардик. Ўша йиллар давомида махсус ваъзгўйлик борасида ўйлашдан тўхтамаганман.

1944 йили мени ва қадрдон дугонам Эвелин Трабертни Гилад мактабига таклиф қилишганида жуда хурсанд бўлганман. Беш ой мобайнида ўқитувчиларимиз Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш бизга қанчалик қувонч келтириши мумкинлигини кўрсатишган. Уларнинг камтарлиги бизда катта таассурот қолдирган. Баъзан, биз овқатланиб бўлгунимизча улар кутиб туришарди. 1945 йили 22 январда мактабни битирдик.

ТЎЛА ВАҚТЛИ МАХСУС ВАЪЗГЎЙ БЎЛИБ ТАЙИНЛАНГАНИМ

Эвелин, мен, Лео ва Эстер Махан 1946 йили июнда биз тайинланган Эль-Сальвадорга етиб келдик ва «ҳосил етилганини» кўрдик (Юҳан. 4:35). Юқорида эслатиб ўтилган воқеа руҳонийлар қанчалик ғазабда бўлганини кўрсатмоқда. Бундан бир ҳафта олдин Санта-Анада илк анжуманни ўтказган эдик. Биз турли жойларда, оммавий нутқ бўлишини эълон қилгандик ва у ерга 500 га яқин киши келганда роса қувонганмиз. Қўрқиб шаҳардан кетишнинг ўрнига, самимий кишиларга ёрдам бериш қароримиз янада мустаҳкамланган. Гарчи руҳонийлар одамларга Муқаддас Китобни ўқимасликни айтган бўлса-да, фақат бир нечта кишида ўзининг китоби бўлган ва аксарият одамлар ҳақиқатга чанқоқ эдилар. Улар, испан тилини ўрганиш ҳаракатларимизни қадрлашарди ва биз уларга ҳақ Худо Яҳова ҳамда Унинг ер юзида жаннатни тиклаш тўғрисидаги ажойиб ваъдасини айтиб берардик.

Синфимиздан беш киши Эль-Сальвадорга тайинланган. Чапдан ўнгга: Эвелин Траберт, Милли Брашер, Эстер Махан, мен ва Лео Махан

Роза Асенсио, мен ўша дамларда тадқиқ бошлаганлардан бири эди. Муқаддас Китоб тадқиқини ўта бошлагач, у бирга турадиган киши билан алоҳида яшайдиган бўлди. Кейинчалик у киши ҳам тадқиқ бошлади. Улар турмуш қуришди, сўнг сувга чўмишди ва Яҳованинг ғайратли Шоҳидлари бўлишди. Роза Санта-Анадаги илк кашшоф эди *.

Розанинг кичик озиқ-овқат дўкони бор эди. У хизматга бориши керак бўлса, дўконини ёпарди ва Яҳова эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига ишонарди. Бир неча соатдан сўнг қайтиб келиб дўконни очганида, бир тўда харидор келарди. Роза, Матто 6:33 да ёзилганлар ҳақиқат эканига ўз тажрибасида амин бўлди ва ўлимига қадар садоқатли бўлиб қолди.

Биз олтита махсус ваъзгўй бўлиб, ижарага олинган уйда яшардик. Бир сафар, уй эгасиникига руҳоний келиб, агар у бизга уйини ижарага беришни давом этса, ўзи ва хотини черковдан ҳайдалишини айтган. Уй эгаси машҳур ишбилармон киши эди ва черковга бормай қўйганди. Руҳонийнинг босими унга таъсир қилмаган. У ҳатто руҳонийга черковдан ҳайдалиш уни қизиқтирмаслигини айтган. Уйида яшаётганимиздан хурсанд эканига ва уникида истаганча қолишимиз мумкинлигига бизни ишонтирган.

 ҲУРМАТЛИ КИШИ ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДИ БЎЛДИ

1955 йили қурилган филиал

Мамлакат пойтахти Сан-Сальвадордаги бошқа бир махсус ваъзгўй, Балтасар Перла исмли муҳандиснинг хотини билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган. Ушбу самимий киши дин раҳбарларининг иккиюзламачилигини кўргач, Худога ишончини йўқотган. Филиал биносини қуриш вақти келганда, Балтасар ҳали ҳақиқатда бўлмаса ҳам, текинга бинони лойиҳалашни ва қуриб беришни таклиф қилган.

Яҳованинг халқи билан қурилиш лойиҳасида иштирок этгач, Балтасар ҳақ динни топганига амин бўлган. У 1955 йили 22 июлда, хотини Паулина эса ундан кейин тез орада сувга чўмган. Уларнинг иккала фарзанди ҳам садоқат ила Яҳовага хизмат қилишяпти. Балтасарнинг ўғли Бруклиндаги Байтилда деярли 49 йил давомида воизлик ишини қўллаб-қувватлаган, ҳозир эса Қўшма Штатларнинг Филиал қўмитасида хизмат қиляпти *.

Сан-Сальвадорда анжуман ўтказишни режалаштирганимизда, Перла биродаримиз спорт залидан фойдаланишимизга ёрдам берган. Бошида залнинг кичик бир қисмига сиғардик. Бироқ кейинчалик, Яҳованинг баракаси билан йил сайин кўпайиб, ўша зални тўлдирадиган ва ҳатто унга сиғмайдиган бўлдик. Шундай қувончли дамларда, қачонлардир ўзим Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган кишилар билан кўришардим. Улар ёнимга келиб «набираларим» билан, яъни улар тадқиқ ўтказган янги сувга чўмган кишилар билан таништиришганида, қанчалик қувонганимни бир тасаввур қилинг!

Френц биродаримиз анжуманда махсус ваъзгўйларга мурожаат қиляпти

Бир анжуманда, ёнимга биродар келиб бир нарса билан бўлишмоқчилигини айтди. Мен уни танимадим ва нима демоқчилигига қизиқдим. У: «Мен Санта-Анада сизларга тош отган болалардан бириман»,— деди. Ҳозир у ҳам Яҳовага хизмат қиляпти. Бундан қалбим қувончга тўлди. Ушбу суҳбат, тўла вақтли хизмат — ҳар ким танлаши мумкин бўлган ва мукофот келтирадиган энг арзигулик иш эканига мени ишонтирди.

Биз борган Эль-Сальвадордаги илк анжуман

МАМНУНИЯТ КЕЛТИРАДИГАН ТАНЛОВ

Деярли 29 йил давомида аввал Эль-Сальвадорнинг Санта-Ана, кейин Сонсонат, Санта-Тикла ва  охирида Сан-Сальвадор шаҳарларида махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилдим. 1975 йили, анча вақт ибодат ила мулоҳаза қилгач, махсус ваъзгўйликни қолдириш ва Споканга қайтиш қарорига келдим. Сабаби, қария, садоқатли ота-онам ёрдамимга муҳтож эди.

1979 йили отамнинг вафотидан сўнг, нимжон ва ёрдамга муҳтож бўлиб бораётган онамга ғамхўрлик қилдим. У яна саккиз йилча умр кўриб, 94 ёшида оламдан ўтди. Ушбу қийин пайт давомида жисмонан ва ҳиссан чарчаб қолгандим. Қаттиқ асабийлашиш туфайли жиддий касалликка, боғловчи темираткига чалиндим. Аммо ибодатлар қилиб, Яҳованинг меҳрини ҳис қилганим учун, ушбу чидамни синайдиган қийинчиликдан ўта олдим. Ахир Яҳованинг Ўзи: «Сочинг оқарганда ҳам сени кўтариб юраман... Ўзим сени кўтараман. Ўзим сени кўтариб, қутқараман»,— деб айтган (Ишаё 46:4).

1990 йили Омакга (Вашингтон) кўчиб ўтдим. Бу ерда испан тилида гапирадиган далада яна ўзимни керакли ҳис қила бошладим ва мен тадқиқ ўтказганларнинг айримлари сувга чўмишди. 2007 йили ноябрда эса, Омакдаги уйимга ғамхўрлик қилишга қийналганим учун Шелан (Вашингтон) яқинидаги бир шаҳарчадаги квартирага кўчиб ўтдим. Бу ерда испан тилидаги жамоат ҳозирга қадар меҳр ила мени қўллаб-қувватлаётгани учун ниҳоятда миннатдорман. Жамоатда энг кексаси менман ва имондошлар мени ўз бувисидек кўришади.

«Чалғимасдан» хизмат қилиш учун турмуш қурмасликни танлаганим туфайли, кўплаб маънавий фарзандларим бор (1 Кор. 7:34, 35). Ҳозирги ҳаётда ҳамма нарсага эга бўла олмаслигимни тушунаман. Шунинг учун асосий нарсаларни, яъни Яҳовага чин дилдан хизмат қилишни биринчи ўринга қўйдим. Янги дунёда ҳар ким ўзи ёқтирган иши билан шуғулланишдан қувонч топиши учун етарлича вақт бўлади. Энг ёқтирадиган оятим Забур 144:16 да Яҳова: «Жамики жонзотнинг истагини қондираман»,— деб ишонтиряпти.

Кашшофлик ўзимни ёшроқ ҳис қилишга ёрдам беряпти

Ҳозир 91 ёшда бўлсам ҳам соғлиғим ёмон эмас ва кашшофликни давом эттиряпман. Кашшофлик ўзимни ёшроқ ҳис қилишимга ва ҳаётим мазмунли бўлишига кўмаклашяпти. Эль-Сальвадорга илк бор келганимда, ваъзгўйлик фаолияти энди бошланаётган эди. Шайтоннинг шафқатсиз қаршиликларига қарамай, ҳозир ушбу мамлакатда 39 000 дан кўпроқ ваъзгўй бор. Бу имонимни жуда ҳам мустаҳкамламоқда. Тангри Яҳова, халқининг ҳаракатларини муқаддас руҳи ила қўллаб-қувватлаётгани шубҳасиз!

^ 4- х.б. 1981 йилги «Яҳованинг Шоҳидларининг йилномаси»нинг (ингл.) 45- , 46- саҳ. қ.

^ 19- х.б. 1981 йилги «Йилнома»сининг (ингл.) 41- , 42- саҳ.

^ 24- х.б. 1981 йилги «Йилнома»сининг (ингл.) 66- , 67- , 74- , 75- саҳ.