Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ОКТЯБРЬ 2014

«Cамовий нарсалар ҳақида фикр юритинглар»

«Cамовий нарсалар ҳақида фикр юритинглар»

Ердаги нарсалар ҳақида эмас, балки самовий нарсалар ҳақида фикр юритинглар. КОЛОС. 3:2

1, 2. а) Нима сабабли Колосадаги жамоатнинг бирлиги хавф остида бўлган? б) Қайси маслаҳат колосаликларга бирликни сақлашга кўмаклашган?

БИРИНЧИ АСРДА Колосадаги жамоатнинг бирлиги хавф остида эди. Жамоатнинг айрим аъзолари Таврот қонунига амал қилишни олға суриб, бўлинишларга сабабчи бўлишган. Бошқалари эса, ҳаётдан завқланиб яшаш нотўғри деган фикрнинг тарафдорлари бўлишган. Ушбу сохта таълимотларга қарши туриш учун Павлус колосаликларни қуйидагича огоҳлантирган: «Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга ва бу дунёнинг қоидаларига асосланган бўлиб, Масиҳнинг таълимотларига зиддир» (Колос. 2:8).

2 Агар ўша мойланган масиҳийлар эътиборини «дунёнинг қоидаларига» қаратишганида, Худонинг ўғиллари бўлиш шарафини рад этган бўлишарди (Колос. 2:20–23). Уларнинг Яҳова билан бўлган қадрли муносабатларини сақлаб қолишга ёрдам бериш учун, Павлус шундай деб айтган: «Ердаги нарсалар ҳақида эмас, балки самовий нарсалар ҳақида фикр юритинглар» (Колос. 3:2). Дарҳақиқат, Масиҳнинг биродарлари самода уларга тайёрлаб қўйилган ўзгача меросни ёдда тутишлари лозим эди (Колос. 1:4, 5).

3. а) Мойланган масиҳийлар қайси умидни ёдда тутишлари лозим? б) Бу мақолада қандай саволларни муҳокама қиламиз?

 3 Бугунги кунда ҳам мойланган масиҳийлар Аллоҳнинг Самовий Шоҳлиги ва «Масиҳнинг ворисдошлари» бўлиш умиди ҳақида фикр юритишади (Рим. 8:14–17). Аммо ер юзида яшашга умиди борлар ҳақида нима деса бўлади? Павлуснинг сўзларини уларга қандай қўллаш мумкин? «Бошқа қўйлар» қай йўсин «самовий нарсаларни» ёдда тутишса бўлади? (Юҳан. 10:16). Қадимда яшаган Иброҳим ва Мусо ўзларининг қийинчиликларига қарамай, самовий нарсалар ҳақида фикр юритишган. Уларга қандай тақлид қила оламиз?

САМОВИЙ НАРСАЛАР ҲАҚИДА ФИКР ЮРИТИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

4. Қандай қилиб бошқа қўйлар самовий нарсалар ҳақида фикр юритишлари мумкин?

4 Бошқа қўйлар самовий умидга эга бўлишмаса-да, улар ҳам самовий нарсалар ҳақида фикр юритишлари мумкин. Қандай қилиб? Улар Тангри Яҳова ва Шоҳлик манфаатларини ҳаётида биринчи ўринга қўйишлари керак (Луқо 10:25–27). Масиҳ ҳам шундай йўл тутиб, бизга ўрнак кўрсатган (1 Бутр. 2:21). Шайтоннинг дунёсида яшаётган эканмиз, биринчи асрдаги имондошларимиз сингари биз ҳам ҳақиқатга зид фикрлар, фалсафа ва пулпарастликка дуч келяпмиз (2 Коринфликларга 10:5 ни ўқинг). Исога тақлид қилган ҳолда, маънавийлигимизни бундай ҳужумлардан ҳимоялашга тайёр бўлишимиз керак.

5. Моддий нарсаларга бўлган муносабатимизни қандай текширсак бўлади?

5 Бу дунё, пул ва моддий нарсаларга бўлган нуқтаи назаримизга таъсир ўтказишига йўл қўйяпмизми? Одатда фикрларимиз ва ҳаракатларимиздан нимани севишимиз яққол ошкор бўлади. Зеро Исо: «Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади»,— деган (Мат. 6:21). Юрагимиз бизни қаерга бошлаётганини аниқлаш учун, вақти-вақти билан ўзимизни текшириб туриш мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзимизга шундай саволлар беришимиз мумкин: «Пул билан боғлиқ масалалар, яхшироқ иш топиш ёки янада фаровон ҳаёт кечиришга интилиш борасида ҳаддан ортиқ ташвишланмаяпманми? Ё бўлмаса, маънавий нарсалар пайида бўлишга ҳаракат қиляпманми?» (Мат. 6:22). Исо айтганидай, бор эътиборини ер юзида хазина тўплашга қаратаётганлар ўзларининг маънавийлигини хавф остига қўйишади (Мат. 6:19, 20, 24).

6. Танага хос ишларга қарши курашда ғалаба қозониш учун нима қилиш лозим?

6 Номукаммал бўлганимиз учун нотўғри ишларни қилишга мойилмиз (Римликларга 7:21–25 ни ўқинг). Агар бизга Аллоҳнинг муқаддас руҳи таъсир қилмаса, «зулматга оид ишларни» қилиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Бу ишларга «айш-ишрат, ичкиликбозлик, ножоиз жинсий алоқа, ахлоқсиз хулқ» киради (Рим. 13:12, 13). «Ердаги нарсалар», яъни танага хос ишларга қарши курашда ғолиб чиқишимиз учун, самовий нарсалар борасида фикр юритишимиз зарур. Шу боис, тер тўкишга тўғри келади. Мана нима учун ҳаворий Павлус: «Танамни савалаб, уни қулдай назорат қиляпман»,— деб айтган (1 Кор. 9:27). Шубҳасизки, ҳаёт мусобақасида чопиш осон кечмайди. Келинг, қадимда яшаган иккита садоқатли киши «Аллоҳнинг розилигини олиш» учун нима қилганини кўриб чиқайлик (Иброн. 11:6).

ИБРОҲИМ «ЯҲОВАГА ИШОНДИ»

7, 8. а) Иброҳим ва Сора қандай қийинчиликларга дуч келишган? б) Иброҳим нима ҳақида доимо мулоҳаза юритган?

7 Яҳова, Иброҳим оиласини олиб Канъон юртига кўчишни буюрганида, у тайёрлик  ила бўйсунган. Иброҳимнинг имони ва итоаткорлиги туфайли Яҳова у билан аҳд тузиб, қуйидаги сўзларни айтган: «Буюк халқнинг отаси қиламан сени, барака бераман сенга» (Ибт. 12:2). Йиллар ўтса ҳам Иброҳим ва хотини Сора ҳали ҳануз бефарзанд эдилар. Хўш, Яҳова унга берган ваъдасини унутиб қўйганмиди? Бундан ташқари, Канъондаги ҳаёт осон бўлмаган. Иброҳим оиласи билан Месопотамиянинг Ур шаҳридаги уйи ва қариндошларини ташлаб кетган. Канъонгача 1 600 километрдан кўпроқ йўл юриб боргач, улар чодирларда яшашган, очарчиликни бошдан кечиришган ва талончиларга дуч келишган (Ибт. 12:5, 10; 13:18; 14:10–16). Аммо улар ҳеч қачон Урдаги қулай уйларига қайтиб кетишни орзу қилишмаган (Ибронийларга 11:8–12, 15 ни ўқинг).

8 «Ердаги нарсалар ҳақида» ўйлашнинг ўрнига, Иброҳим Яҳовага ишонган (Ибт. 15:6). Иброҳим Худо унга берган ваъдалари ҳақида доим мулоҳаза юритган. Натижада Худойи Таоло унга зоҳир бўлиб, ушбу сўзларни айтганда, унинг имони мукофотланган: «Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр. Эгамиз яна айтди: Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади» (Ибт. 15:5). Бу қанчалик далда берганини бир тасаввур қилинг! Ҳар сафар Иброҳим юлдузли осмонга диққат билан қараганида, Яҳова унинг наслини кўпайтириши ҳақида берган ваъдаси ёдига тушган. Аллоҳ белгилаган вақт келиб, Иброҳим ўғил кўрган (Ибт. 21:1, 2).

9. Қай йўсин Иброҳимга тақлид қилишимиз мумкин?

9 Иброҳим сингари биз ҳам Тангрининг ваъдалари амалга ошишини кутяпмиз (2 Бутр. 3:13). Самовий нарсалар ҳақида фикр юритмасак, бу ваъдаларнинг бажарилиши кечикаётгандек туюлиши ва аста-секин маънан сусайиб қолишимиз мумкин. Масалан, авваллари кашшоф бўлиб ё хизматнинг бошқа турларида иштирок этиб фидойилик кўрсатгандирсиз. Бу мақтовга сазовор. Бироқ ҳозир нима билан бандсиз? Доимо ёдингизда тутинг, Иброҳим «пойдевори мустаҳкам» бўлган шаҳар ҳақида ўйлаган (Иброн. 11:10). Иброҳим «Яҳовага ишонди ва шунинг учун у одил деб тан олинди» (Рим. 4:3).

МУСО «КЎРИНМАС ЗОТНИ КЎРГАН»

10. Мусо қандай шароитларда катта бўлган?

10 Самовий нарсалар ҳақида фикр юритган яна бир киши Мусодир. Унга «мисрликларнинг бор ҳикмати ўргатилди». Бу оддий таълим эмасди. Миср энг кучли давлат бўлган бир пайтда, Мусо фиръавннинг хонадонида яшаган. Ушбу олий таълим туфайли у «ҳам сўзда, ҳам ишда маҳоратли бўлган» (Ҳавор. 7:22). Бу, Мусонинг олдида қандай имкониятлар очганини бир ўйлаб кўринг! Аммо Мусо учун бошқа нарса, яъни Худонинг иродасини бажариш муҳимроқ бўлган.

11, 12. Мусо қайси таълимни ниҳоятда қадрлаган ва буни қаердан биламиз?

11 Ҳаётининг илк йилларида, Мусо ўзининг онаси Йўхаваддан ибронийларнинг Худоси ҳақида таълим олгани шубҳасиз. Яҳова ҳақидаги бу билимлар Мусо учун ҳар қандай бойликдан қадрлироқ бўлган. У эга бўлиши мумкин бўлган барча имкониятлардан кўра, Аллоҳнинг иродасини бажаришни афзал билган (Ибронийларга 11:24–27 ни ўқинг). Олган маънавий таълими ва Яҳовага бўлган имони туфайли, Мусо самовий нарсалар борасида фикр юритган.

12 Мусо ўша даврда одамлар эга бўлиши мумкин бўлган энг олий маълумотни олган. Хўш, бу билимлардан у Мисрдаги қудратли, таниқли ёки бой киши бўлиш учун фойдаланганми? Асло. Тўғри, Мусо  шундай қилиши мумкин эди, лекин у «фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган. У гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олишдан кўра, Худонинг халқи билан азоб-уқубат чекишни афзал кўрган». Кейинчалик, Мусо Яҳова ҳақидаги билимларини қўллаб, Унинг халқига бошчилик қилган.

13, 14. а) Мусо халқни қутқариши учун нималарга ўрганиб олиши керак эди? б) Мусога ўхшаб, биз ҳам нимага ўрганиб олишимиз лозим?

13 Мусо Яҳова ва Унинг халқи манфаатларини кўзлаган. 40 ёшларда бўлганида, Мусо ўзини Худонинг халқини Миср қуллигидан қутқаришга тайёр деб ўйлаган (Ҳавор. 7:23–25). Бироқ Яҳова Мусога бу топшириқни бергунича, у айрим нарсаларга ўрганиши керак бўлган. У камтарлик, узоқ сабрлилик, мулойимлик ва ўзини тута билиш каби фазилатларни ривожлантириши лозим эди (Ҳик. 15:33). Мусо келажакда кутаётган синов ва қийинчиликларга тайёрланиши керак эди. 40 йил давомида чўпон бўлгани унга ушбу фазилатлар устида ишлашга кўмаклашган.

14 Чўпон бўлган пайтида ўрганганлари Мусога ёрдам берганми? Албатта! Ахир Муқаддас Китобда Мусо: «Жуда камтар одам эди, ер юзида камтарликда унга тенг келадигани йўқ эди»,— деб ёзилган (Саҳ. 12:3). Камтарликни ривожлантиргани учун, Мусо турли одамларга ва уларнинг муаммоларига нисбатан узоқ сабрли бўла олган (Чиқ. 18:26). Худди шундай биз ҳам «буюк қайғудан» ўтиб, Худонинг адолатли янги дунёсига киришимизга кўмаклашадиган маънавий хислатларни ривожлантиришимиз керак (Ваҳ. 7:14). Барча инсонлар билан, жумладан бизнинг назаримизда қизиққон ёки кўнгли нозик кишилар билан ҳам тил топиша оламизми? Ҳаворий Бутрус имондошларини шундай деб ундаган: «Ҳар турли инсонларни ҳурмат қилинглар, имондошларингизни севинглар». Биз ҳам бу сўзларга амал қилсак яхши бўларди (1 Бутр. 2:17).

САМОВИЙ НАРСАЛАР ҲАҚИДА ФИКР ЮРИТИНГЛАР

15, 16. а) Нима учун тўғри нарсалар борасида фикр юритишимиз ўта муҳим? б) Нега Худонинг хизматчилари яхши хулқ-атворни ривожлантириши зарур?

15 Биз «охирзамонда ниҳоятда оғир вақтларда» яшаяпмиз (2 Тим. 3:1). Шу боис, маънан ҳушёр қолишимиз учун тўғри нарсалар борасида фикр юритишимиз ўта муҳим (1 Салон. 5:6–9). Келинг, бунда бизга нима ёрдам бериши мумкинлигини ҳаётимизнинг учта соҳасидан кўриб чиқайлик.

16 Хулқ-атворимиз. Бутрус яхши хулқ-атвор муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, шундай деган: «Ўзга халқлар орасида юриш-туришингиз ўрнакли бўлсин... Улар яхши ишларингизни кўриб, Аллоҳ текширган кунда Унга шон-шараф келтиришсин» (1 Бутр. 2:12). Уйда, ишда, мактабда, ҳордиқ чиқараётганимизда ёки хизматда бўламизми, яхши хулқ-атворимиз орқали Яҳовага шарафлар келтириш учун жон куйдирайлик. Шу билан бирга, барчамиз номукаммал ва хатоларга йўл қўйиб туришимизни эсдан чиқармайлик (Рим. 3:23). Аммо: «Имон учун жон-жаҳдинг билан кураш»,— деган сўзларга риоя қилаётиб, номукаммаллигимизга қарши жангда муваффақиятга эриша оламиз (1 Тим. 6:12).

17. Қандай қилиб Масиҳнинг фикрлаш тарзига эргашишимиз мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

17 Фикрлаш тарзимиз. Яхши хулқ-атворни ривожлантириш учун тўғри фикрлаш тарзига эга бўлиш даркор. Ҳаворий Павлус: «Исо Масиҳ каби фикр юритинглар»,— дея ёзган (Филип. 2:5). Қизиқ, Исо қандай фикрлаш тарзига эга эди?  У камтарин бўлган. Бу эса, уни хизматда фидойи бўлишга ундаган. У доим Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни бошқалар билан баҳам кўриш тўғрисида мулоҳаза юритган (Марк 1:38; 13:10). Исо Худонинг Каломини асосий деб билган (Юҳан. 7:16; 8:28). У Муқаддас Ёзувларни синчковлик ила тадқиқ қилгани натижасида, оятлар келтириб, уларни тасдиқлар ва тушунтира оларди. Биз ҳам хизматда камтарин ва ғайратли бўлиб, Муқаддас Китобни шахсан тадқиқ қилсак, Масиҳ каби фикр юритган бўламиз.

Исо доим Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиш борасида фикр юритган (17- хатбошига қ.)

18. Яҳова топширган ишни қўллаб-қувватлашнинг қандай йўллари мавжуд?

18 Кўмагимиз. Яҳова: «Исонинг исми олдида осмону ердаги ва ер остидаги барча тиз чўксин»,— деб ният қилган (Филип. 2:9–11). Ҳатто юксалтирилган бўлса-да, Исо Отасининг иродасига камтаринлик ила бўйсунган ва биз ҳам шундай қилишимиз лозим (1 Кор. 15:28). Қай йўсин? Бизга топширилган ишни, яъни барча халқлардан шогирд тайёрлаш фаолиятини сидқидилдан қўллаб-қувватлашимиз керак (Мат. 28:19). Қолаверса, яқинларимиз ва имондошларимиз учун савоб ишлар қилганимизда, ҳаммага яхшилик қилган бўламиз (Галат. 6:10).

19. Нима қилишга бел боғлашимиз керак?

19 Тангри Яҳова бизни самовий нарсалар ҳақида фикр юритишга чорлаётганидан жуда ҳам миннатдормиз! Ушбу мақсадни кўзлаб, келинг, «Аллоҳ бизга белгилаган мусобақада чидам билан чопайлик» (Иброн. 12:1). Самовий Отажонимиз ҳар бир ҳаракатимизга барака беришини билиб, фаолиятимизни бажонидил адо этишга бел боғлайлик! (Колос. 3:23, 24).