Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2014

Яхши ишларга интиляпсизми?

Яхши ишларга интиляпсизми?

ФЕРНАНДО * бироз ҳаяжонланиб турибди. Гап шундаки, иккита оқсоқол у билан ҳоли қолиб, суҳбатлашмоқчи эканини айтишди. Туман нозирининг охирги ташрифларидан сўнг, оқсоқоллар у жамоатда муайян масъулиятларга эга бўлиши учун нималар борасида ишлаши кераклигини тушунтиришган. Вақт ўтган сайин, Фернандо қачондир оқсоқол бўламанми деб ташвишланган. Мана энди, туман нозири жамоатларига яна ташриф буюриб кетди. Хўш, оқсоқоллар бу сафар нима дейишар экан?

Фернандо, оқсоқоллардан бири гапираётганини тинглаб турибди. Акамиз, 1 Тимўтийга 3:1 га ишора қилиб, энди у жамоатда оқсоқол бўлиб тайинланганини айтди. Бу, Фернандо учун кутилмаган ҳол бўлиб, у: «Нима дедингиз?» — деб айтди. Биродаримиз гапларини такрорлади, Фернандо эса хурсанд бўлиб кетди. Кейинчалик, бу ҳақда жамоатда эълон қилинганда, ҳамма қувонди.

Жамоатда масъулиятларга эга бўлишни хоҳлаш ёмонми? Асло. 1 Тимўтийга 3:1 га биноан, «кимки нозир бўлишга интилса, у яхши ишни орзу қилган бўлади». Кўпдан-кўп биродарларимиз ушбу маслаҳатга риоя қилиб, жамоатларида бундай масъулиятларга эга бўлиш ниятида маънан улғайишади. Натижада, Худонинг халқи барака сифатида ўн минглаб қобилиятли оқсоқол ва жамоат хизматкорларига эга бўлади. Бироқ жамоатларнинг сони ошиб бораётгани туфайли, янада кўпроқ биродарлар бунга интилса яхши бўларди. Қандай қилиб бу мақсадга Аллоҳга маъқул тарзда эришиш мумкин? Бундай интилиш, Фернандонинг вазиятида бўлганидек акаларимизни ташвишга солиши керакми?

ИНТИЛИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Муқаддас Китобдаги «интилмоқ» деб таржима қилинган юнонча феъл мақсад йўлида, унга эришиш, амалга ошириш учун қатъий ҳаракат қилишни англатади. Буни, кимдир дарахтдаги кўзга ёқимли мевани узиб олмоқчи бўлиб, унга қўлини чўзиши билан солиштириш мумкин. Лекин «нозир бўлишга интилиш», бунга ўч бўлишни англатмайди. Нега энди? Сабаби, оқсоқол бўлиб хизмат қилишни чин дилдан хоҳлаётганларнинг мақсади, муайян мавқега эга бўлиш эмас, аксинча «яхши иш» қилишдан иборат.

 Ушбу яхши иш билан боғлиқ бўлган кўпгина талаблар 1 Тимўтийга 3:2–7 ва Титусга 1:5–9 да келтирилган. Бундай юксак меъёрлар борасида анчадан бери оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган Раймонд шундай деди: «Мен учун энг муҳими, биз қандай инсон эканлигимиз. Албатта, гапириш ва таълим бериш ўта муҳим, аммо шу билан биргаликда одам қусурсиз, ҳар нарсада меъёрини биладиган, ақли расо, тартибли, меҳмондўст ва мулоҳазали бўлиши зарур».

Жамоатдагилар билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиб, яхши ишларга интилинг

Тўғри ниятлар ила оқсоқол бўлишга интилган акаларимиз қусурсиз бўлиб, ҳар қандай ёлғон ва нопокликдан йироқлашиши лозим. Шунингдек, у ҳар нарсада меъёрини биладиган, ақли расо, тартибли ва мулоҳазали бўлади. Шунда, имондошлари унинг жамоатдаги бошчилигига бўйсуниб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришига ишонишади. Биродаримиз меҳмондўст бўлса, ёшлар ва ҳақиқатни энди билганлар учун далда манбаи бўла олади. Қолаверса, у ҳимматли бўлгани учун бемор ва қарияларни қўллаб-қувватлаб, тасалли бахш этиши мумкин. Акамиз, бу фазилатларни масъулиятли вазифаларга тайинланиши учун эмас, балки ўзгаларга фойда келтириш ниятида ривожлантиради *.

Оқсоқоллар кенгаши маслаҳат ва далда беришга тайёр, лекин Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиш, авваламбор интилаётган кишининг зиммасида бўлади. Генри исмли тажрибали бир оқсоқол: «Агар масъулиятларга интилаётган бўлсангиз, бунга мос келаётганингизни исботлаш учун жон куйдириб меҳнат қилинг»,— деб маслаҳат берди. У шунингдек, Воиз 9:10 га асосланиб, қуйидагиларни айтди: «Нима қилсангиз ҳам бор кучингиз билан қилинг. Оқсоқоллар топширган вазифаларнинг барини, имкон борича яхши бажаринг. Жамоатда сизга берилаётган ҳамма вазифаларни, ҳатто тозалик ишларини ҳам яхши кўринг. Вақти келиб, меҳнатингиз ва уринишларингиз ўз самарасини беради». Шундай экан, оқсоқол бўлишни хоҳласангиз, муқаддас хизматнинг барча соҳаларида қунт билан меҳнат қилинг ва ишончга сазовор бўлинг. Ҳаётингизда шуҳратпарастлик эмас, аксинча камтаринлик биринчи ўринда бўлсин (Мат. 23:8–12).

 НОТЎҒРИ ФИКРЛАР ВА ҲАРАКАТЛАРНИ РАД ЭТИНГ

Жамоатда масъулиятларга эга бўлишни хоҳлаганларнинг айримлари бу борада оқсоқоллар кенгашига шама қилиш ёки уларга таъсир ўтказиш васвасасига берилишади. Бошқалар эса, оқсоқоллар уларга маслаҳат берганда, норозилик билдиришади. Бундай инсонлар ўзига шундай савол бериши керак: «Бунга ўз манфаатимни кўзлаб интиляпманми ёки камтарлик ила Яҳованинг қўзичоқларига ғамхўрлик қилишни истайманми?»

Масъулиятларга интилаётган киши, оқсоқолларга қаратилган: «Сурувга ўрнак кўрсатинглар»,— деган талабни ҳам унутмаслиги даркор (1 Бутр. 5:1–3). Бундай биродаримиз, нотўғри фикр ва хатти-ҳаракатлардан йироқлашиш билан жамоатдагилар учун ўрнак бўлади. У, масъулиятли вазифаларга тайинланган бўладими ёки йўқми, сабр-бардош фазилатини ривожлантиради. Оқсоқол бўлгандан кейин, у мўъжизавий тарзда инсонларга хос камчиликлардан қутилади дегани эмас (Саҳ. 12:3; Заб. 105:32, 33). Бундан ташқари, биродар ўзининг назарида виждони тоза бўлса ҳам, баъзилар у ҳақида унчалик аъло фикрда бўлмаслиги мумкин (1 Кор. 4:4). Агар оқсоқоллар сизга чин дилдан мурожаат қилиб, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат берса, уларни норозилик билдирмай тинглашга интилинг. Кейин эса, маслаҳатини амалда қўллашга ҳаракат қилинг.

УЗОҚ ВАҚТДАН БЕРИ КУТАЁТГАН БЎЛСАНГИЗ-ЧИ?

Айрим биродарларга масъулиятли вазифалар тайинлангунча, узоқ вақт кутгандай туюлиши мумкин. Айтайлик, сиз ҳам анча йилдан бери «нозир бўлишга интиляпсиз». Хўш, бу борада гоҳида хавотирланасизми? Ундай бўлса, илоҳий илҳом остида ёзилган қуйидаги сўзларга эътибор беринг: «Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади, ушалган орзу эса ҳаёт дарахтидир» (Ҳик. 13:12).

Мақсадига эришиш имконсиз бўлиб туюлса, киши ғамга ботиши мумкин. Иброҳим пайғамбар ҳам ўзини шундай ҳис қилган. Яҳова унга ўғил беришини ваъда қилган, лекин йиллар ўтса ҳам у билан Соранинг боласи йўқ эди (Ибт. 12:1–3, 7). Иброҳим анча ёшга кирганда, Худога шундай хитоб қилган: «Эй, Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман... Сен менга фарзанд бермадинг». Яҳова, ўғил ато этиш ҳақидаги ваъдаси амалга ошишида уни ишонтирган. Аммо деярли 14 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Аллоҳ бу ваъдасини рўёбга чиқарган (Ибт. 15:2–4; 16:16; 21:5).

Иброҳим буни кутаётиб, Яҳовага хизмат қилишда қувончини йўқотганми? Йўқ. У Худонинг ваъдасида сира ҳам шубҳаланмаган. Иброҳим келажакка умид билан қарашга интилган. Ҳаворий Павлус: «Иброҳим пайғамбар сабр-тоқат кўрсатиб, ушбу ваъдага эришди»,— деб ёзган (Иброн. 6:15). Натижада, Қодир Аллоҳ ушбу садоқатли инсонга ҳатто у кутмаган даражада баракалар ёғдирган. Ундан қандай ўрнак олишингиз мумкин?

Мабодо, оқсоқол бўлишни хоҳлаётган бўлсангиз, лекин йиллар ўтиб ҳам бу рўёбга чиқмаса, Яҳовага таянишда давом этинг. Унга хизмат қилаётиб, хурсандчиликни йўқотманг. Кўп акаларимизга маънан улғайишга кўмаклашган Уоррен исмли биродаримиз шундай деб бўлишди: «Биродар масъулиятли вазифаларга тайинланишига мос келишини аниқлашдан аввал, вақт керак бўлади. Унинг  қобилиятлари ва нуқтаи назари, у ўз топшириқларини қанчалик яхши бажаришига қараб, секин-аста ошкор бўлади. Баъзиларнинг фикрича, улар фақатгина масъулиятли вазифага эга бўлсагина, ўзини яхши ҳис қилишади. Бундай ўйлаганлар адашиб, чалғишлари ҳеч гап эмас. Қаерда бўлишингиздан ва нима қилишингиздан қатъи назар, Яҳовага садоқат ила хизмат қилаётган бўлсангиз, демак сиз муваффақиятлисиз».

Бир акамиз оқсоқол бўлиб тайинланишини ўн йиллар кутган. У, Ҳизқиё китобининг биринчи бобига ишора қилиб, олган сабоғи тўғрисида қуйидагича бўлишди: «Яҳова Ўзи танлаган тезликда аравасини, яъни ташкилотини ҳайдаб кетяпти. Ўзимизнинг эмас, Яҳованинг вақтини энг муҳим деб билишимиз керак. Оқсоқол бўлишни хоҳласам, истагим, орзуйим ёки қўлимдан нима келиши муҳим аҳамиятга эга эмас. Асосийси, мен нимага муҳтож эканим Яҳовага аён ва менинг хоҳишим бунга мос келмаслиги ҳам мумкин».

Оқсоқол бўлиб, яхши иш қилишга умид боғлаётган бўлсангиз, жамоатингиз гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга интилинг. Агар вақт секин ўтаётгандек туюлса, хавотир ва сабрсизликни енгинг. Юқорида айтилган Раймонд шундай деди: «Шуҳратпарастлик мамнуният ҳис қилишга халақит беради. Доим хавотирда юрадиган кишилар Яҳовага хизмат қилиш келтирадиган қувончдан маҳрум бўлишади». Худонинг муқаддас руҳ самарасини, айниқса узоқ сабрлиликни ривожлантиринг. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, маънан улғайишга ҳаракат қилинг. Ваъзгўйлик хизматида кўпроқ иштирок этиб, қизиқаётган кишилар билан тадқиқ ўтказинг. Оилангизни маънавий ишларда бошқариб, оилавий топинишга вақт ажратинг. Имондошларингиз билан бирга бўлишни ҳамиша қадрланг. Мақсадингиз сари интилиб, Яҳовага хизмат қилаётганингиздан бахтиёр бўласиз.

Жамоатда масъулиятли вазифаларга интилиш, Яҳовадан барака олишнинг имконидир. Зеро Унинг Ўзи ҳам, ташкилоти ҳам, масъулиятли вазифаларга интилаётган киши ранжишини ва ўзини хизматда бахтсиз ҳис қилишини хоҳламайди. Пок ниятлар ила Аллоҳга хизмат қилаётганларнинг барчасига У қут-баракалар ато этиб, қўллаб-қувватлайди. Дарҳақиқат, Худонинг баракалари «ғам-ташвиш қўшмайди» (Ҳик. 10:22).

Ҳатто муайян вақт мобайнида бундай мақсад сари интилаётган бўлсангиз ҳам, Яҳова билан муносабатларингизни янада мустаҳкамлашингиз мумкин. Керакли фазилатларни ривожлантириб, жамоатингизда жон куйдириб меҳнат қилиш билан бирга оилангизнинг эҳтиёжларини ҳам ёдда тутсангиз, Яҳова Унга қилган хизматингизни асло унутмайди. Қандай масъулиятга эга бўлсангиз ҳам, илойим, хизматингиз сизга завқ келтирсин!

^ 2- х.б. Бу мақоладаги исмлар ўзгартирилган.

^ 8- х.б. Бу мақоладаги меъёрларни, жамоат хизматкори бўлишни хоҳлаганларга ҳам қўлласа бўлади. Улар мос келиши керак бўлган бундай талабларни 1 Тимўтийга 3:8–10, 12, 13 дан топишади.