Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Сентябрь 2014

Ота-оналар, болангизга чўпонлик қилинг

Ота-оналар, болангизга чўпонлик қилинг

Қўйларингнинг аҳволини яхши бил. ҲИК. 27:23

1, 2. а) Исроилда чўпонларнинг баъзи вазифалари нимадан иборат эди? б) Ота-оналар қайси жиҳатдан чўпонларга ўхшайди?

ҚАДИМГИ Исроилда чўпонлар кўп заҳмат чеккан. Улар сурувни боқаман деб нафақат жазирама офтобда ёки совуқларда меҳнат қилишган, балки йиртқич ҳайвонлардан ва ўғрилардан ҳимоя қилишган. Чўпонлар қўйларнинг аҳволини мунтазам текшириб, касаллигини ёки лат еганини аниқлаб олишган. Улар қўзичоқлар катта қўйларга қараганда нимжон бўлишини билиб, уларга ўзгача ғамхўрлик кўрсатишган (Ибт. 33:13).

2 Масиҳий ота-оналар ҳам қайсидир жиҳатдан чўпонларга ўхшайди. Масалан, улар ҳам том маънодаги чўпонларга хос фазилатларни намоён этишади. Уларнинг зиммасига фарзандларига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини пайванд қилиш» масъулияти юкланган (Эфес. 6:4). Шубҳасизки, бу вазифани бажариш осон эмас. Фарзандлар Шайтоннинг тўхтовсиз янграётган тарғиботи билан бирга гуноҳли мойилликларга ҳам қарши курашмоқда (2 Тим. 2:22; 1 Юҳан. 2:16). Агар фарзандингиз бўлса, унга қандай ёрдам беришингиз мумкин? Келинг, болангизга ғамхўрлик қилишнинг учта соҳани, яъни уни яхшироқ билиб  олиш, боқиш ва йўналтиришни кўриб чиқайлик.

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ЯХШИРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ

3. Ота-оналар учун фарзандларининг «аҳволини яхши билиш» нимани англатади?

3 Яхши чўпон қўйлари соғлом эканига амин бўлиш учун, ҳар бирини синчковлик билан текширади. Мажозий маънода сиз ҳам фарзандингизга шундай ёндашсангиз бўлади. Муқаддас Китобда: «Қўйларингнинг аҳволини яхши бил»,— деб ёзилган (Ҳик. 27:23). Бунинг учун фарзандларингизнинг юриш-туриши, фикрлаш тарзи ва туйғуларига эътиборли бўлишингиз муҳим. Буни қандай қилсангиз бўлади? Энг яхши йўли — улар билан тез-тез мулоқот қилиб туришдир.

4, 5. а) Қайси амалий маслаҳатлар ота-оналарга фарзандининг кўнглига йўл топишга кўмаклашади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Болангиз суҳбатга мойил бўлиши учун шахсан сиз нима қилдингиз?

4 Баъзи ота-оналар фарзандлари билан айниқса ўсмирлик чоғида мулоқот қилиш қийин кечишини кузатмоқда. Масалан, болалар ўзини четга тортиб, шахсий фикр ва туйғуларини изҳор этишга унча хоҳиш билдирмайди. Мабодо сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, қандай йўл тутишингиз мумкин? Ўғил ёки қизингизга узундан-узоқ жиддий маърузалар ўқишнинг ўрнига, болангиз ўзини бамайлихотир ҳис қилган вазиятлардан фойдаланиб қолинг (Қонун. 6:6, 7). Шунингдек, биргалашиб бирон иш қилишга имкон изланг. Улар билан бирга пиёда ёки машинада айланиб, ўйин ўйнаб ёки уй юмушларини биргаликда бажариб турсангиз бўлади. Мана шундай вазиятларда ўсмир фарзандингиз ўзини эркин ҳис қилиб, суҳбатлашишга мойил бўлади.

5 Шунча уринишларга қарамай, фарзандингиз суҳбатлашишни истамаяптими? Унда бошқача ёндашувни қўллаб кўринг. Масалан, қизингиздан: «Кунинг қандай ўтди? Нималар қилдинг?» — деб сўрашдан кўра, сизнинг кунингиз қандай ўтганини гапириб беринг. Ўшанда, эҳтимол у ўзининг куни ёки нималар қилгани ҳақида бирон нарса айтиб берар. Ёки бўлмаса, муайян мавзуда унинг фикрини билмоқчи бўлсангиз: «Сен шундай қилдингми?» — деб айтишнинг ўрнига: «Атрофдагилардан кимдир шундай йўл тутадими?» — деб сўранг. Унинг дўстлари бу масалада қандай фикрда экани ҳақида сўрашингиз мумкин. Сўнг эса, у дўстига қандай маслаҳат бериши мумкинлиги билан қизиқинг.

6. Суҳбатга тайёр бўлиб, диққат билан тинглаш нимани англатади?

6 Фарзандингиз билан очиқ мулоқот қилишни истасангиз, суҳбатга доим тайёр бўлиб, диққат ила тингланг. Агар у, суҳбатлашишга ҳамиша вақтингиз йўқлигини кўрса, муаммолари билан бўлишгиси келмай қолиши ҳеч гап эмас. Суҳбатга доимо тайёр эканингизни нимадан билиш мумкин? Бу: «Истаган пайт мен билан гаплашсанг бўлади»,— деб айтишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Ўсмир болангиз дардлашаётганида, муаммосини аҳамиятсиз деб билманг ҳамда асабийлашиб кетманг. Кўп ота-оналар бу борада яхши ўрнак кўрсатишмоқда. 19 яшар Кейла шундай деб бўлишди: «Дадамга турли мавзулар бўйича мурожаат қила оламан. У гапимни бўлмасдан ёки ҳукм қилмасдан диққат билан тинглайди. Сўнг жуда амалий маслаҳат бериб қўяди».

7. а) Учрашиш каби мавзуларда суҳбатлашаётиб, мувозанатли бўлиш қандай ёрдам беради? б) Қандай қилиб ота-оналар болаларининг ғашини келтириши мумкин?

7 Баъзида болангиз билан нозик мавзуларда, масалан учрашиш ҳақида суҳбатлашишингизга тўғри келади. Бундай пайтларда, унга бу мавзуда тўғри таълим бераётганингизга амин бўлинг. Тасаввур қилинг: Ресторанга бордингиз, менюни кўздан кечирсангиз овқатдан заҳарланиш тўғрисида огоҳлантиришлардан ташқари бошқа ҳеч нарса ёзилмаган. Эҳтимол у ердан кетиб, бошқа ресторанга борарсиз. Шу сингари, фарзандларингиз сиздан маслаҳат сўраганда, сиз фақатгина «менюдаги» овқатлардан заҳарланиш тўғрисидаги  огоҳлантиришларни санаб ўтсангиз, уларнинг ғаши келиб, маслаҳатни бошқа жойда излай бошлаши мумкин (Колосаликларга 3:21 ни ўқинг). Аксинча, бундай вазиятда мувозанатли бўлиш маъқулроқ. 25 ёшли Эмили шундай деб бўлишди: «Ота-онам учрашиш тўғрисида мен билан суҳбатлашганда, бу мавзу борасида ҳеч қачон салбий гапиришмайди. Улар, кимдир билан танишиб, муносиб турмуш ўртоқ топиш қувонч келтиришини таъкидлашади. Бундай муносабат туфайли бу мавзуда бемалол сўз очаман. Улардан ҳеч нарсани сир тутмай, ҳаммасини айтиб бераман».

8, 9. а) Гапни бўлмасдан тинглаш қандай фойда келтиради? б) Фарзандларингизни тинглаб қандай самараларга эришдингиз?

8 Кейланинг вазиятида бўлганидай, сиз ота-оналар, суҳбатга тайёр эканингизни фарзандингизни сабр-бардош ва диққат ила тинглаш билан кўрсатасиз (Ёқуб 1:19 ни ўқинг). Қизини ўзи якка тарбиялаётган Катя қуйидагиларни айтиб берди: «Илгари, қизим билан гаплашишга тоқатим етмасди. Доим гапини бўлиб, чарчаганимдан ёки холи қолишни истаганимдан уни тинглагим келмасди. Ҳозир мен ҳам, қизим ҳам муносабатимизни ўзгартирдик. Қизим билан янада иноқ бўлиб қолдик».

Уларни билиш учун тингланг (3–9- хатбошиларига қ.)

9 Роналд исмли киши, ўсмир ёшдаги қизи билан худди шундай қийинчиликни бошдан кечирди. У шундай дейди: «Қизим мактабда бир йигитни яхши кўриб қолганини айтиши билан жаҳлим чиқиб кетди. Бироқ Яҳова Ўз хизматчиларига сабр-бардош қилиб, мулоҳазакорлик билан ёндашгани тўғрисида фикр юритганимда, қизимга маслаҳат беришдан олдин, гапини охиригача тугатишига имкон бериш оқилона бўлишини тушуниб етдим. Бундай йўл тута олганимдан хурсандман! Аввал қизимнинг ҳис-туйғуларини тушунишга ҳаракат қиламан. У гапини тугатганидан кейин, у билан меҳр ила суҳбатлашиш осонроқ кечишини кузатдим. Қизим маслаҳатимни бажонидил қабул қилганида, қувончим ичимга сиғмади. У юриш-туришини ўзгартиришни истаётганини айтди». Болаларингиз билан тез-тез мулоқот қилиш, уларнинг фикри ва ҳис-туйғуларини билиб олишга кўмаклашади. Бу эса, фарзандларингиз қабул қилаётган қарорларга таъсир қилишингизга имкон беради *.

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИНГ

10, 11. Фарзандингиз ҳақиқатда қолиши учун қандай ёрдам берсангиз бўлади?

10 Яхши чўпон, сурувидаги қўйлардан бири  йўқолиб қолиши мумкинлигини тушунади. Эҳтимол қўй подадан унча узоқ бўлмаган жойдаги ўтларни еб юрар, кейин эса аста-секин подадан ажраб, йўқолиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу сингари, фарзандингиз ҳам эҳтимол ёмон болаларга қўшилиб ёки зарарли ўйин-кулгиларга берилиб, аста-секин маънавийлигига хавф туғдирадиган йўлга оғиб кетиши мумкин (Ҳик. 13:20). Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилсангиз бўлади?

11 Фарзандларингизга таълим бераётиб, улар хавфли йўлда турганини пайқасангиз, имилламай ҳаракат қилинг. Болангизда бор бўлган илоҳий фазилатларни ривожлантиришга кўмаклашинг (2 Бутр. 1:5–8). Оилавий топинишни мунтазам ўтказиш, сизга қулай имконият яратади. Ушбу тадбир аҳамиятли эканлиги таъкидланиб, «Илоҳий хизматимиз»нинг 2008 йил октябрь сонидаги мақолада шундай деб ёзилган: «Доимий равишда ва сермазмун оилавий тадқиқ ўтказишда оила боши бурчлидир». Фарзандларингизни тарбия қилаётиб, севги ила берилган бу тадбирдан тўла фойда олишга ҳаракат қиляпсизми? Шубҳасизки, болаларингиз маънавий эҳтиёжларини қондириш учун жон куйдираётганингизни қадрлашади (Мат. 5:3; Филип. 1:10).

Уларни яхши боқинг (10–12- хатбошиларига қ.)

12. а) Ёшлар оилавий топиниш тадбиридан қандай фойда олишмоқда? (Шунингдек, «Улар буни қадрлашади» номли рамкага қ.) б) Шахсан сиз оилавий топинишдан қандай фойда оляпсиз?

12 Кариса исмли 19 яшар қиз оилавий топинишдан қандай фойда олаётганини кўриб чиқайлик. «Оилам билан жамулжам бўлиб, суҳбатлашишни жуда ёқтираман. Шундай пайтларда бир-биримизга меҳримиз янада ошиб, яхши хотиралар қолдиради. Дадам мунтазам равишда оилавий топинишни ўтказиб, унга жиддий ёндашгани, мени ҳам шундай муносабатни ривожлантиришга ундайди. Бундай ҳаракати, уни ота ҳамда оила боши сифатида ҳурмат қилишимга сабаб бўлади». 23 ёшли Бритни шундай дейди: «Оилавий топиниш мени ота-онамга янада яқинлаштирди. Бу тадбир орқали улар муаммоларимга бефарқ эмаслигини ҳамда чиндан менга ғамхўрлик қилишаётганини кўрсатишади. Бу шунингдек, оилавий ришталаримизни янада мустаҳкам қилади». Дарҳақиқат, айниқса оилавий топиниш орқали фарзандларингизни маънан озиқлантириш — улар учун яхши чўпон бўлишингизнинг энг аъло йўлидир *.

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ЙЎНАЛТИРИНГ

13. Болада Яҳовага хизмат қилиш истаги пайдо бўлиши учун нима қилса бўлади?

13 Яхши чўпон сурувини йўналтириш ва ҳимоя қилиш учун таёқдан фойдаланади. Чўпоннинг асосий мақсади — қўйларини «яхши яйловларга» олиб боришдир (Ҳиз. 34:13, 14). Ота-она сифатида сиз ҳам, шундай маънавий мақсадни кўзлаяпсизми? Шубҳасизки, болаларингиз Яҳовага хизмат қилишини ҳамда сано бастакори сингари: «Сенинг хоҳишингни адо этишдан завқ оламан, эй Худойим, Сенинг қонунинг юрагим тўридадир»,— дейишини хоҳлайсиз (Заб. 39:9). Ўзида бундай истакни ривожлантирган ёшлар ҳаётини Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишади. Албатта, бунинг учун улар маънан етук бўлиб, Яҳовага чин юракдан хизмат қилишни исташи даркор.

14, 15. а) Масиҳий ота-оналар қандай мақсад сари интилишлари даркор? б) Нима учун ўсмир ҳақ топиниш борасида шубҳаланиши мумкин?

14 Мабодо фарзандингиз маънан ўсмаётган бўлса-чи? Эҳтимол, имони мустаҳкамлигидан шубҳаланаётгандирсиз? Фарзандингизда Яҳовага бўлган севгини ҳамда Унинг барча яхшиликлари учун миннатдорлик туйғусини ривожлантиришга интилинг (Ваҳ. 4:11). Шунда, у тайёр бўлганидан сўнг Аллоҳга топиниш борасида ўзи қарор чиқаради.

15 Агар болаларингиз ҳақиқатни топганидан шубҳа-гумон қилаётган бўлса-чи? Унда уларни йўналтириб, Яҳовага хизмат қилиш, энг аъло йўл эканини ва бу уларга абадий  бахт келтиришини кўришга қандай ёрдам беришингиз мумкин? Уларда бундай шубҳалар нега пайдо бўлаётганини билиб олишга ҳаракат қилинг. Масалан, ўғлингиз Муқаддас Китоб таълимотлари тўғрилигига қўшилмаяптими ёки тенгдошлари олдида эътиқодини ҳимоя қилишдан қўрқяптими? Қизингиз Худонинг меъёрлари доно эканидан иккиланяптими ёки бошқалар уни даврасига қўшмаётганидан ўзини ёлғиз ҳис қиляптими?

Уларни йўналтиринг (13–18- хатбошиларига қ.)

16, 17. Қандай қилиб ота-оналар фарзанди Яҳова билан шахсий муносабатларни ривожлантиришига ёрдам бериши мумкин?

16 Сабаби қандай бўлмасин, болангизга ҳақиқат борасидаги шубҳа-гумонларини енгишга кўмаклашинг. Қай йўсин? Масалан, кўп ота-оналар ўғли ёки қизини қуйидагича саволлар орқали суҳбатга чорлаши жуда амалий ва самарали эканига амин бўлишди: «Масиҳий бўлиш тўғрисида қандай фикрдасан? Ўзинг бундан қандай фойда оляпсан? Бу қандай қийинчиликлар билан боғлиқ? Ҳозирги ҳамда келажакдаги баракалар тўғрисида нима деб ўйлайсан? Бу баракалар қийинчиликларга қараганда, муҳимроқми?» Лекин бу каби саволларни бераётиб терговчи бўлманг. Аксинча, ўз сўзларингиз билан, қизиқарли ва самимий тарзда саволлар беришга ҳаракат қилинг. Суҳбат давомида, эҳтимол Марк 10:29, 30 ни муҳокама қиларсиз. Баъзи ёшлар, эҳтимол қоғозни иккита устунга бўлиб, бирида қийинчиликларни, иккинчисида эса баракаларни ёзма равишда санаб ўтар. Бу, муайян муаммони аниқлашга ва унинг ечимини топишга кўмаклашади. Агар қизиқувчилар билан «Таълимотлар» ва «Худонинг меҳр-муҳаббати» китобларини тадқиқ қилсак, фарзандларимиз билан худди шундай йўл тутиш ундан ҳам муҳимроқ эмасми?! Сиз шундай қиляпсизми?

17 Вақт ўтиб, фарзандингиз кимга хизмат қилишни ўзи танлаши керак бўлади. Сиз бундай танловни қилганингиз, болангиз ҳам беихтиёр шундай йўл тутади дегани эмас. У Яҳова билан шахсий муносабатларни ривожлантириши даркор (Ҳик. 3:1, 2). Мабодо болангиз буни қилишга қийналаётган бўлса-чи? Уни қуйидаги саволлар борасида мулоҳаза юритишга унданг: «Худонинг мавжудлигини мен қаердан биламан? Тангри Яҳова менга чиндан ҳам ғамхўрлик қилаётганида, мени нима ишонтиряпти? Нега Яҳованинг меъёрлари менинг фойдам учун эканига аминман?» Болангизни сабр-тоқат билан йўналтириб, Яҳованинг йўли, энг яхши ҳаёт йўли эканига ўзи амин бўлишига кўмаклашинг * (Рим. 12:2).

18. Ота-оналар энг буюк Чўпонга қандай тақлид қилишлари мумкин?

18 Барча масиҳийлар энг буюк Чўпонга тақлид қилишлари даркор (Эфес. 5:1; 1 Бутр. 2:25). Ота-оналар сурувини, яъни азиз фарзандларининг аҳволини яхши билиб, Яҳованинг баракаларини олиши учун уларни йўналтириб туришга ҳаракат қилишлари муҳим. Шундай экан, ота-оналар, бундан буён ҳам болаларингиз ҳақиқат йўлида маҳкам туришига кўмаклашинг!

^ 9- х.б. Кўпроқ маълумот олиш учун, «Қўриқчи минораси»нинг 2008 йил 1 октябрь сонидаги 18–20- саҳ. қ.

^ 12- х.б. Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2009 йил 15 октябрь сонидаги 29–31- саҳ. «Оилавий тадқиқ нажот учун муҳим!» номли мақолага қ.

^ 17- х.б. Бу борада батафсил маълумотни «Охират. У нима ўзи? У қачон келади?» номли рисоланинг 18–21- саҳ. мақолага қ.