Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2014

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Исо саддуқийларга: «Тирилишга лойиқ топилганлар турмуш қуришмайди»,— деб айтган эди (Луқо 20:34–36). У ер юзидаги тирилиш ҳақида гапирганми?

Албатта бу савол, айниқса севикли турмуш ўртоғи ҳаётдан кўз юмганлар учун муҳим. Бундай инсонлар янги дунёда тирилтирилган умр йўлдошлари билан бирга яшашни интиқиб кутишади. Бир бева киши шундай деб бўлишди: «Хотиним билан бир умр бирга бўлишга қарор қилганмиз. Биз эр-хотин сифатида Худога абадий хизмат қилишни жуда истардик. Бу хоҳиш менда ҳалигача сўнгани йўқ». Бундай туйғулар, тирилганларнинг қайта турмуш қуришига асосли сабаб бўла оладими? Очиғини айтганда, бу саволга аниқ жавоб йўқ.

Йиллар давомида адабиётларимизда, Исонинг тирилиш ва қайта турмуш қуриш ҳақидаги сўзлари, ер юзидаги тирилишга тегишли бўлиши мумкин деб тушунтирилган. Боз устига янги дунёда тирилганлар қайта турмуш қура олмаслиги тахмин қилинган эди * (Мат. 22:29, 30; Марк 12:24, 25; Луқо 20:34–36). Лекин Исонинг ушбу сўзлари осмондаги тирилишга тегишли бўлиши мумкинми? Бу масалани аниқлаштирмай, келинг, унинг сўзларини батафсил кўриб чиқайлик.

Ундай бўлса, муҳокамага ўтайлик (Луқо 20:27–33 ни ўқинг). Тирилишга ишонмайдиган саддуқийлар, Исони тузоққа тушириш ниятида қайнилик бурчи тўғрисида савол беришган *. Исо жавобан шундай деган: «Ушбу замонанинг фарзандлари турмуш қуришади. Келажак замонада яшаш ва тирилишга лойиқ топилганлар эса турмуш қуришмайди. Улар фаришталардай бўлиб тирилишгани боис, бошқа ўлишмайди. Тирилгандан сўнг эса Тангрининг фарзандлари бўлишади» (Луқо 20:34–36).

Нима сабабдан адабиётларимизда Исо ер юзидаги тирилиш ҳақида гапирган деб тахмин қилинган? Асосан иккита мулоҳаза бундай хулосага келишга сабаб бўлган. Биринчидан, саддуқийлар савол беришганда, ер юзидаги тирилишни назарда тутишган ва Исо шунга мувофиқ жавоб берган. Иккинчидан, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб ҳақида эслатиб, Исо гапига хотима ясаган. Бу садоқатли кишилар эса ер юзидаги жаннатда тирилишади (Луқо 20:37, 38).

Лекин Исо, самовий тирилишни эътиборга олиб гапиргани ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Нимага асосланиб бундай хулосага келишимиз мумкин? Келинг, иккита очқич иборага диққатимизни қаратайлик.

«Тирилишга лойиқ топилганлар». Худонинг мойланган садоқатли хизматчилари Самовий Шоҳликка лойиқ топилган (2 Салон. 1:5, 11). Улар тўлов қурбонлиги асосида одил деб эълон қилинган. Шу сабабли, улар гуноҳкор сифатида ўлишдан мустасно (Рим. 5:1, 18; 8:1). Улар «бахтли ва муқаддас» деб аталиб, самовий ҳаётга тирилиш шарафига лойиқ топилган (Ваҳ. 20:5, 6). Лекин буни ер юзидаги ҳаётга тирилтириладиганларга қўллаб бўлмайди, чунки улар ичида «адолатсизлар» ҳам бўлади (Ҳавор. 24:15). Хўш, уларни  ҳам тирилишга «лойиқ топилган» деса бўладими?

«Улар бошқа ўлишмайди». Исо: «Ўлишмайди»,— демасдан, аксинча: «Бошқа ўлишмайди»,— деб айтган. Баъзи таржималарда бу ибора, «ўлим улар устидан бошқа ҳукмронлик қилмайди» ёки «энди улар ўлим кўрмайдилар» деб етказилган. Ер юзидаги ҳаётини тугатиб, садоқатли мойланганлар самовий ҳаёт учун тирилишади ва улар ўлмаслик, яъни поёнсиз ҳаёт билан тақдирланишади (1 Кор. 15:53, 54). Самовий ҳаёт учун тирилганларга ўлим бошқа таҳдид солмайди *.

Шуларни эътиборга олиб, қандай хулосага келсак бўлади? Исо тирилиш ва турмуш қуриш ҳақидаги сўзларини самовий тирилишга қўлланган бўлиши мумкин. Унинг ушбу сўзларидан самовий ҳаёт учун тирилганлар ҳақида қуйидагиларни билиб оляпмиз: улар уйланишмайди, ўлишмайди ҳамда қайсидир жиҳатдан самодаги фаришталарга ўхшашади. Бироқ бундай хулосалар бошқа саволларни юзага келтирмоқда.

Биринчидан, нега Исо эҳтимол ердаги тирилишни назарда тутган саддуқийларга жавоб бераётиб, самовий тирилишга ишора қилган? Исо доим ҳам душманларининг фикрини эътиборга олиб гапирмаган. Масалан, аломат кўрсатишни талаб қилган яҳудийларга у шундай деган: «Бу маъбадни бузинглар ва мен уч кун ичида уни тиклайман». Балким Исо, тингловчилари маъбад биноси тўғрисида айтаётганини биларди, «аммо маъбад ҳақида гапираётиб, у ўз танасини назарда тутган эди» (Юҳан. 2:18–21). Эҳтимол у, бадният саддуқийларга жавоб беришни зарур деб билмаган. Чунки улар тирилишга ва фаришталарга ишонишмасди (Ҳик. 23:9; Мат. 7:6; Ҳавор. 23:8). Исо самимий шогирдларининг фойдасини кўзлаб, уларга самовий тирилиш тўғрисидаги ҳақиқатни очиб бермоқчи бўлган. Ахир келажакда улар ҳам самовий ҳаётга эга бўлишарди.

Иккинчидан, нима учун Исо ер юзида тириладиган Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ишора қилиб, гапини тугатди? (Матто 22:31, 32 ни ўқинг). Эътибор берсангиз, Исо: «Ўликларнинг тирилишига келсак»,— дея бу хизматчилар ҳақида сўз очган. Мазкур ибора битта фикрдан бошқа фикрга кўчишга имкон беради. Исо, саддуқийлар Тавротни тан олишганини билгани учун Яҳованинг ёнаётган бута олдида Мусога айтган сўзларини қўллаган. Бу билан ер юзида тирилиш бўлиши Худонинг ниятига кирганини исботлаган (Чиқ. 3:1–6).

Учинчидан, агар Исонинг тирилиш ва турмушга чиқиш ҳақидаги сўзлари самовий ҳаётга қўлланадиган бўлса, унда ер юзида тирилганлар қайта турмуш қура олар экан-да? Худонинг Каломида бу саволга аниқ жавоб йўқ. Исо чиндан ҳам самовий тирилиш борасида гапирган тақдирда ҳам, унинг сўзлари ер юзида тирилганлар янги дунёда турмуш қуриши ёки қурмаслиги ҳақида ҳеч нарса аён қилмаяпти.

Бироқ Худонинг Каломига кўра ўлимдан сўнг, киши никоҳ ришталаридан озод бўлади. Шундай экан, бева аёл ёки эркак қайта турмуш қурмоқчи бўлса, ўзини айбдор ҳис қилмаслиги керак. Бу шахсий қарордир. Мабодо кимдир ўзига муносиб турмуш ўртоқ излаётган бўлса, бошқалар уни танқид қилмаслиги лозим (Рим. 7:2, 3; 1 Кор. 7:39).

Албатта, ҳаммамизда янги дунё борасида саволлар кўп. Бу саволлар устидан баҳс-мунозара қилишнинг ўрнига, кутиб турсак яхшироқ бўларди. Шуниси аниқки, Худога итоатли бўлганлар бахтли бўлади. Чунки Яҳова уларнинг барча эҳтиёжу истакларини аъло тарзда қондиради (Заб. 144:16).

^ 4- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1989 йил 15 июнь 22–23- саҳ. қ.

^ 5- х.б. Исроил халқида ака ёки уканинг бевасига уйланиб, қайнилик бурчини ўташ одати бўлган. Агар киши ўғил кўрмай ҳаётдан кўз юмса, унинг хотини акаси ёки укасига турмушга чиқиши мумкин эди. Туғилган ўғил эса марҳумнинг авлодини давом эттира оларди (Ибт. 38:8; Қонун. 25:5, 6).

^ 9- х.б. Аммо ер юзидаги жаннатда тирилганларга ўлмаслик эмас, балки абадий яшаш имкони берилади. Ўлмаслик ҳамда абадий ҳаёт орасидаги фарқни кўриш учун «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2007 йил, 1 ноябрь 21- саҳ. қ.