Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2014

«Сизлар менинг шоҳидимсизлар»

«Сизлар менинг шоҳидимсизлар»

Эгамиз шундай айтмоқда: «Сизлар менинг шоҳидимсизлар». ИШАЁ 43:10

1, 2. а) Шоҳид бўлиш нимани англатади ва дунёдаги оммавий ахборот воситалари инсонлардан нимани яширади? б) Нега Яҳова дунёдаги оммавий ахборот воситаларига муҳтож эмас?

ШОҲИД бўлиш нимани англатади? Бир луғатда бу сўзга: «Бирор воқеани кўрган ва нима содир бўлганини айтиб бера оладиган киши»,— дея изоҳ берилган. Масалан, Жанубий Африканинг Питермарицбург шаҳрида 160 йилдан кўпроқ вақт мобайнида нашр этиладиган газета «Шоҳид» деб номланади («The Witness»). Бу газетага жуда мос ном берилган, сабаби унинг мақсади дунёда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида аниқ маълумот етказишдир. Унинг илк муҳаррири газетада «ҳақиқат, фақат ҳақиқат ва ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса» ёзилмайди деб ваъда берган.

2 Афсуски, дунёдаги оммавий ахборот воситалари инсоният тарихига оид кўпгина муҳим маълумотни эътибордан четда қолдиришади ёки умуман бузиб кўрсатишади. Бу, Қодир Тангри тўғрисидаги ҳақиқатга ҳам тегишли. Аммо Худо, Ҳизқиё пайғамбар орқали қуйидаги сўзларни айтган: «Мен... Худо [Яҳова, ЯДТ] эканлигимни халқлар билиб оладилар» (Ҳиз. 39:7). Бироқ Сарвари коинот дунёдаги оммавий ахборот воситаларига муҳтож эмас. Худонинг саккиз миллионга яқин Шоҳидлари бор бўлиб, улар барча халқларга У ва Унинг инсоният учун ўтмишдаги ҳамда ҳозирги ишлари ҳақида айтиб беришмоқда. Ушбу Шоҳидлардан иборат қўшин, келажакда одамзодга баракалар келтирадиган Аллоҳнинг ниятлари тўғрисида ҳам эълон  қилмоқда. Ишаё 43:10 да қуйидагича дейилган: «Эгамиз шундай айтмоқда: “Сизлар Менинг шоҳидимсизлар, сизлар Менинг қулимсизлар... Сизларни танладим”». Ваъзгўйлик фаолияти пайидан бўлиб, чиндан ҳам Яҳованинг Шоҳидлари эканимизни исботлаймиз.

3, 4. а) Қачон Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари янги ном билан атала бошлашди ва улар бунга қандай муносабат билдиришди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 «Абадият Подшоҳи» бўлмиш Яҳованинг исми билан аталиш катта шарафдир. Зеро У шуларни айтган: «Менинг исмим тоабад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин» (1 Тим. 1:17; Чиқ. 3:15). 1931 йилда Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари, Яҳованинг Шоҳидлари деб номланадиган бўлишди. Сўнг, бу журналда кўпгина миннатдорчилик хатлари чоп этилди. Канададаги бир жамоатдан шундай хат келган: «“Яҳованинг шоҳидлари” деб аталишимиз ҳақидаги хушхабар бизни завқлантирди ва бу, янги номга муносиб бўлиш қароримизни янада мустаҳкамлади».

4 Сиз ҳам Аллоҳнинг номи билан аталиш шарафини қадрлаётганингизни қандай намоён эта оласиз? Нима учун Яҳова, Ишаё китобида айтилганидек бизни Ўзининг Шоҳидлари деб атаганини тушунтириб бера оласизми?

ХУДОНИНГ ЎТМИШДАГИ ШОҲИДЛАРИ

5, 6. а) Исроиллик ота-оналар қай йўсин Яҳова ҳақида шоҳидлик беришарди? б) Исроилликларга яна нима буюрилган эди ва нега бугун ҳам ота-оналар шундай қилишлари керак?

5 Ишаё давридаги исроилликларнинг ҳар бири Яҳованинг «шоҳиди», бутун халқ сифатида эса Худонинг «қули» бўлган (Ишаё 43:10). Исроиллик ота-оналар учун шоҳидлик қилишнинг бир усули, фарзандларига Аллоҳ уларнинг ота-боболари билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида таълим беришдан иборат эди. Масалан, Фисиҳ байрамини ҳар йили нишонлаш борасида одамларга қуйидаги йўл-йўриқ берилган эди: «Болаларингиз сизлардан: “Бу удумнинг маъноси нима?” — деб сўраганларида, шундай жавоб  беринглар: “Бу Эгамизга бағишланган Фисиҳ қурбонлигидир. Эгамиз Мисрликларнинг тўнғич ўғилларини ҳалок қилганда, Мисрдаги Исроил халқининг уйларини четлаб ўтиб кетди. Шундай қилиб, бизнинг хонадонларимизни омон сақлаб қолди”» (Чиқ. 12:26, 27). Улар яна шуларни тушунтириб беришлари мумкин эди: Мусо илк бор Миср фиръавннинг ёнига бориб, исроилликлар чўлда Яҳовага топиниб келишлари учун рухсат сўраганида, у: «Эгангиз ким ўзи?! Унинг сўзига кириб Мен Исроил халқини қўйиб юборайми?!» — деб жавоб берган (Чиқ. 5:2). Албатта, ўнта жазодан сўнг уларнинг юрти хонавайрон бўлганида ва исроилликлар Миср қўшинидан қочиб, Қизил денгиз ёнига келиб қолганларида, фиръавннинг саволига яққол жавоб берилганди. Яҳова Қодир Аллоҳ бўлган ва шундай бўлиб қолади. Исроил халқи ҳам Яҳова ҳақ Таоло ҳамда ваъдаларини амалга оширувчи эканлигининг тирик шоҳидлари бўлишган.

6 Яҳованинг исми билан аталишни қадрлаган исроилликлар, бу ажойиб ҳодисаларни нафақат болаларига, балки хонадонларида қул бўлган ўзга халқ вакилларига ҳам айтиб беришгани шубҳасиз. Бундан ташқари, уларга фарзандларини Худонинг муқаддаслик борасидаги меъёрларига амал қилишни ўргатиш буюрилган эди. Яҳова уларга: «Муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Эгангиз Худо, муқаддасман»,— деганди (Лев. 19:2; Қонун. 6:6, 7). Масиҳий ота-оналар учун бу нақадар ажойиб ўрнак! Чунки улар ҳам болаларига одиллик йўлидан юришни ўргатиб, шу орқали Яҳованинг муқаддас исмини шарафлашга ёрдам беришади (Ҳикматлар 1:8; Эфесликларга 6:4 ни ўқинг).

Фарзандларимизга Яҳова ҳақида таълим бериб, Унинг исмини шарафлаймиз (5-, 6- хатбошиларига қ.)

7. а) Исроилликлар Яҳовага садоқатини сақлашганида, бу атрофдагиларга қандай таъсир қилган? б) Худонинг исми билан аталаётганларга қандай масъулият юкланган?

7 Исроилликлар садоқатни сақлашганида, Худонинг исми ҳақида яхши шоҳидлик беришган. Уларга шундай дейилган: «Эгамизга тегишли эканингизни кўриб, ер юзидаги барча халқлар сизлардан қўрқадиган бўлади» (Қонун. 28:10). Минг афсуски, тарих давомида исроилликларнинг аксарияти садоқатсиз бўлишганини кўриш мумкин. Улар қайта-қайта, инсон қўли билан ясалган бутларга сиғинишган. Устига-устак, ўзлари топинган канъонликларнинг худолари каби шафқатсиз бўлиб, фарзандларини қурбонликка келтиришган ва камбағалларга зулм ўтказишган. Бу, биз исми билан аталаётган энг илоҳий Шахсга тақлид қилиб, муқаддас бўлишга доимо интилишимиз учун яхши ўрнак!

«МАНА, МЕН ЯНГИ БИР ИШ ҚИЛЯПМАН»

8. Ишаё Яҳовадан қандай топшириқ олган ва бунга қандай муносабат билдирган?

8 Яҳова, Исроил халқи асирликдан озод этилиш каби ажойиб ҳодисанинг гувоҳи бўлишини башорат қилган (Ишаё 43:19). Ишаё китобининг илк олтита бобида, Қуддус ва унинг атрофидаги шаҳарларни кутаётган мусибат ҳақидаги анчагина огоҳлантиришлар ёзилган. Яҳова қалбларни мукаммал даражада кўргани сабабли, Ишаёга одамлар уни эшитишни истамаса ҳам, огоҳлантиришни эълон қилишда давом этиши кераклигини айтган. Ишаё бундан ҳайрон қолиб, Худонинг халқи қачонгача тавба қилмай юришини билишни истаган. Худо қуйидагича жавоб берган: «Шаҳарлар вайрон бўлиб, кимсасиз қолгунларича, хонадонларда бирон жон қолмай, юрт тамом вайрон бўлгунча» (Ишаё 6:8–11 ни ўқинг).

9. а) Ишаёнинг Қуддус ҳақидаги башорати қачон амалга ошди? б) Бугунги кунда қайси огоҳлантиришга эътиборли бўлишимиз лозим?

9 Ишаё бу топшириқни Уззиё шоҳлигининг сўнгги йилида ёки тахминан мил. авв. 778 йили олган эди. У, мил. авв. 732 йилгача деярли 46 йил давомида шоҳ Ҳизқиёнинг даврида ўзининг пайғамбарлик хизматини давом эттирган. Сўнг, мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон бўлишидан олдин, яъни 125 йил давомида Яҳова халқини огоҳлантириб келган. Демак, Яҳованинг  халқи улар билан келажакда нима юз беришини яхши билган. Бугунги кунда ҳам, Яҳова бўлажак ҳодисалар ҳақида инсонларга етарлича маълумотни тақдим этяпти. Бундан 135 йил аввал, «Қўриқчи минораси» журналининг илк сонидаёқ, ўқувчилар Шайтоннинг ёвуз ҳокимлиги ниҳоясига етиб, унинг ўрнига Исо Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви келиши ҳақида огоҳлантирилган эди (Ваҳ. 20:1–3, 6).

10, 11. Қандай қилиб Бобилдаги исроилликлар Ишаёнинг башорати амалга ошганининг шоҳиди бўлишди?

10 Бобилликларга таслим бўлган кўпгина итоаткор яҳудийлар, Қуддус вайрон қилинганида омон қолишган ва Бобилга асирликка олиб кетилган (Ерм. 27:11, 12). Бундан 70 йил ўтгач, Худонинг халқи қуйидаги ҳайратомуз башорат амалга ошганининг шоҳиди бўлган: «Исроил халқининг муқаддас Худоси, Қутқарувчингиз — Эгамиз шундай демоқда: “Сизларни деб Бобил устига лашкар юбораман”» (Ишаё 43:14).

11 Ушбу башоратга кўра, мил. авв. 539 йили октябрнинг бошларида кечаси, оламни ларзага солган ҳодиса юз берди. Бобил шоҳи беклари билан Қуддусдаги маъбаддан ўғирланган муқаддас идишлардан шароб ичиб, сохта худоларини шарафлаётган бир пайтда, Форс ҳамда Мидия лашкари Бобилни забт этди. Мил. авв. 538 ёки 537 йили Бобилни забт этган Кир яҳудийларга Қуддусга қайтиб, Яҳованинг маъбадини тиклашларини буюрди. Ишаё орқали башорат қилинганларнинг бари, жумладан тавба қилган халқи Қуддусга қайтаётганда, Яҳова уларга ғамхўрлик қилиб, ҳимоялайман деган ваъдаси амалга ошди. Аллоҳ улар ҳақида шуларни айтган: «Бу халқни Ўзим учун яратганман. Улар Менга ҳамду сано айтсинлар» (Ишаё 43:21; 44:26–28). Асирликдан озод бўлганлар, Қуддусга қайтиб маъбадни тиклашганида, Яҳова ваъдаларини доим рўёбга чиқарадиган танҳо ҳақ Худо эканлигининг шоҳиди бўлишди.

12, 13. а) Яҳовага топиниш қайта тикланганида исроилликларга яна кимлар қўшилган? б) Қай йўсин «бошқа қўйлар» «Худонинг Исроилини» қўллаб-қувватламоқда ва бу туфайли қандай умидга эга бўлмоқда?

12 Минглаб мусофирлар қайта тикланган халққа қўшилгандан кейин, яна кўплаб ўзга халқ вакиллари Яҳовага топинадиган бўлишди (Эзра 2:58, 64, 65; Эст. 8:17). Бугунги кунда, Исонинг «бошқа қўйларидан» таркиб топган «улкан оломон» мойланган масиҳийлардан иборат «Худонинг Исроилини» садоқат ила қўллаб-қувватлайди (Ваҳ. 7:9, 10; Юҳан. 10:16; Галат. 6:16). Улкан оломон ҳам улар сингари Яҳованинг Шоҳидлари номи ила аталишни шараф деб билишади.

13 Масиҳнинг Минг йиллик бошқаруви давомида, улкан оломон тирилганларга ушбу замонанинг охирги кунларида Яҳованинг Шоҳидлари бўлиш нимани англатганини тушунтиришдан  таърифлаб бўлмас қувонч ҳис қилишади. Аммо агар, ҳозир номимизга мувофиқ яшасак ва муқаддас бўлиб қолишга интилсаккина бунинг иложи бўлади. Гарчи Яҳованинг меъёрларига амал қилишга жон куйдириб ҳаракат қилсак ҳам, барибир адашамиз. Шундай экан, гуноҳкорлигимизни инобатга олиб, Худодан ҳар куни кечирим сўрашимиз ва Унинг муқаддас исми билан аталиш чексиз шараф эканини тан олишимиз керак (1 Юҳанно 1:8, 9 ни ўқинг).

ХУДО ИСМИНИНГ МАЪНОСИ

14. Яҳованинг исми нимани англатади?

14 Худонинг исми билан аталиш шарафини янада қадрлаш учун, бу исмнинг маъноси борасида мулоҳаза юритишимиз лозим. Одатда «Яҳова» деб таржима қилинган илоҳий исм, ҳаракатни ифодаловчи ибронийча феълнинг «бўлмоқ» шакли ҳисобланади. Шундай қилиб, Яҳова исми «У бўлдиради» деган маънони англатади. Ушбу таъриф, Яҳова коинотнинг ва барча нарсанинг Яратувчиси ҳамда Ўз ниятини Бажарувчи эканлигига мос келади. Ҳодисалар шуни кўрсатяптики, Яҳова бирон ишни амалга оширишини айтса, бунга ҳеч ким, ҳатто Шайтон ҳам тўсқинлик қила олмайди.

15. Яҳова Мусога айтганларидан Унинг исми ҳақида нимани билиб оляпмиз? (« Мазмунга бой исм» номли рамкага қ.)

15 Мусо исроилликларни Мисрдан озод этиш учун тайинланганида, Яҳова илк бор инсонга Ўз исмини билдирувчи феъл орқали шахсиятига оид томонларини ошкор этган. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Аллоҳ Мусога: “Мен ким бўлишни истасам, Ўша бўламан”,— деб айтди. Сўнг: “Исроилликларга: “Мени олдингизга Ўша бўламан юборди”,— деб айт”,— деди» (Чиқ. 3:14, ЯДТ). Демак Яҳова ҳар қандай вазиятда ҳам, Ўз ниятини амалга ошириш учун ким бўлиш керак бўлса, Ўша бўлади. Масалан, исроилликларнинг барча жисмоний ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун У Қутқарувчи, Ҳимоячи, Йўлбошчи ва Ғамхўр Ота бўлиб, буни исботлаган.

МИННАТДОРЧИЛИГИМИЗНИ НАМОЁН ЭТИШ

16, 17. а) Худонинг исми билан аталиш шарафи учун миннатдорчилигимизни қандай намоён эта оламиз? б) Келаси мақолада нима муҳокама қилинади?

16 Бугунги кунда ҳам Яҳова барча маънавий ва жисмоний эҳтиёжларимизни қондириб, Ўз исмига мувофиқ йўл тутмоқда. Қолаверса, Худо исмининг маъноси фақатгина Унинг Ўзи Ким бўлишни исташи билан чегараланиб қолмаган. Бу шунингдек, У шоҳидларини Ўз ниятини амалга оширишга ундашини ҳам англатади. Булар борасида мулоҳаза қилиш, Худонинг исмига мувофиқ яшашда давом этишга ундайди. 70 йилдан буён Норвегияда ғайрат ила шоҳидлик қилаётган 84 ёшли Коре биродаримиз қуйидагиларни айтди: «Абадият Подшоҳи Яҳовага хизмат қилишни ва Унинг илоҳий исми билан аталган халқнинг аъзоси бўлишни катта шараф деб биламан. Бундан ташқари, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни етказиш ва одамларнинг кўзларидан қувонч таралаётганини ҳамда улар тушунаётганларини кўриш чиндан ҳам фахрланишга арзийдиган нарса. Мисол учун, уларга Масиҳнинг тўлов қурбонлиги қандай фойда келтириши, яъни бу орқали улар тинч ва одил янги дунёда абадий ҳаётга эриша олиши ҳақида таълим берганимда, ўзимни жудаям мамнун ҳис қиламан».

17 Шуни айтиш жоизки, айрим ҳудудларда Аллоҳ ҳақида билим олишни истайдиган инсонларни топиш қийин кечади. Лекин Коре акамиз сингари биз ҳам, тинглашни ва Яҳованинг исми ҳақида билишни хоҳлайдиган одамни топганимизда, катта қувонч ҳис қиламиз. Хўш, қандай қилиб бир вақтнинг ўзида, ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўламиз, ҳам Исо ҳақида шоҳидлик бера оламиз? Бу саволни келаси мақолада муҳокама қиламиз.