Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2014

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Отамни йўқотдим, Отамни топдим

Отамни йўқотдим, Отамни топдим

ОТАМ Австриянинг Грац шаҳрида 1899 йили таваллуд топган. Биринчи жаҳон уруши пайтида у ёш бола эди. 1939 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланганида эса, у немис қўшинининг сафига ҳарбий хизматга чақирилган эди. Дадам, 1943 йили Совет Иттифоқи билан бўлган урушда вафот этган. Минг афсуски, отамни йўқотганимда, бор-йўғи икки ёшда эдим ва уни яқиндан таниб-билишга имкон бўлмаган. Мен уни жудаям соғинардим, айниқса мактабда ўқиган пайтимда бошқа болаларнинг дадаси борлиги, менда эса йўқ эканидан қайғурардим. Кейинчалик ўсмир бўлганимда, доим мавжуд бўлган самовий Отамиз ҳақида билиб олганимда, тасалли топганман (Хаб. 1:12).

БОЙСКАУТЛАР БИЛАН ОРТТИРГАН ТАЖРИБАМ

Болалигида

Етти ёшлигимда мен, ўғил болаларни ҳарбий ва спорт соҳаларида тайёрлашга мўлжалланган бойскаутлар ташкилотининг аъзоси бўлдим. Бу жаҳон бўйлаб таниқли ташкилотга, Буюк Британияда 1908 йили Британия қўшинининг генерал-лейтенанти Роберт Стивенсон Смит Баден-Пауэлл томонидан асос солинган. У 1916 йили ёш ўғил болалар учун алоҳида гуруҳлар тузган (Wolf Cubs or Cub Scouts).

Дам олиш кунлари бошқалар билан сайрга чиқишни жуда ҳам ёқтирардим. Ўшанда чодирларда ухлаб, ҳарбийлар кийимида барабанлар чалиб саф тортиб юрардик. Айниқса, бошқа болалар билан бирга вақт ўтказишни, кечалари гулхан атрофида қўшиқлар куйлашни ва ўрмонда ўйнашни яхши кўрардим. Қолаверса, биз табиат борасида ҳам билим олардик. Шу йўсин, мен Яратувчимизнинг ижодларини қадрлашга ўрганганман.

Биз болалар ҳар куни савоб ишлар қилишга чорланардик. Бу бизнинг доимий шиоримиз бўлиб, бир-биримизни кўрганда: «Ҳамиша тайёрман»,— деб саломлашардик. Мен буни роса ёқтирардим. Сафимизда юздан ортиқ ўғил болалар бўлиб, ярми католик, ярми протестант ва биттаси буддаввий динига мансуб эди.

1920 йилдан бери, ташкилотимиз бир неча йилда халқаро йиғинлар ўтказарди. Мен ҳам уларнинг бир нечтасида қатнашдим. Бир гал, Австриянинг Бад-Ишль шаҳрида 1951 йили август ойида бўлган. Бошқа сафар эса, 1957 йили августда Англиянинг Бирмингем яқинида бўлган йиғинга деярли 85 та мамлакатдан қарийб 33 000 ўғил болалар келган. Улардан ташқари, ўша ерга тахминан 750 000 бошқа одамлар, жумладан Англия қироличаси Елизавета ҳам ташриф буюрган. Мен учун, бу ташкилот умумжаҳон биродарликдай эди. Ўшанда, Худони севадиган кишилардан иборат бўлган бунданда аъло биродарликни топа олишимни хаёлимга ҳам келтирмаганман.

 ЯҲОВАНИНГ ШОҲИДЛАРИ БИЛАН ИЛК БОР ТАНИШГАНИМ

Менга илк бор ваъз қилган ошпаз Руди Чигерел

Грац шаҳридаги (Австрия) Виеслер Гранд меҳмонхонасида официантликка ўрганиб, 1958 йили баҳорда ўқишни битирдим. У ерда ошпаз бўлиб ишлаган Рудольф Чигерел фурсатдан фойдаланиб, менга ваъз қилган. Ўшанда, ҳақиқатни илк бор эшитганман. У менга учлик таълимоти Муқаддас Китобга асосланмагани ҳақида айтган. Мен бўлса, бу борада баҳслашиб, у нотўғри гапираётганини исботламоқчи эдим. Рудольфни ёқтирганим боис, уни католик черковига қайтариш пайида эдим.

Рудольфни қисқача Руди деб чақирардим. У менга Муқаддас Китоб бермоқчи эди, мен эса ундан католикларнинг таржимасини сўрадим. Айтганимни олиб келганда, уни ўқишни бошладим. Руди китобнинг ичига, Қўриқчи Минораси Жамияти томонидан нашр этилган букламани солиб қўйган экан. Лекин у менга унча ёқмади, чунки шу каби адабиётлар тўғри бўлиб эшитилса-да, аслида ёлғон деб ўйлардим. Бироқ Руди билан Муқаддас Китоб борасида суҳбатлашишни хоҳлардим. У доно йўл тутиб, менга бошқа ҳеч қандай адабиёт бермаган. Қарийб уч ой мобайнида, кечасигача Муқаддас Китоб асосида суҳбатлашиб ўтирардик.

Меҳмонхонадаги ўқишимни тугатгач, онам мени бу соҳада таълим олишда давом этишим учун ўқишга киргизди. Шундай қилиб, мен Альп тоғларидаги водийда жойлашган Бад-Хофгаштайн шаҳрига кетдим. Ўқишим Бад-Хофгаштайндаги Гранд меҳмонхонаси билан боғлиқ бўлгани учун, малака ошириш ниятида у ерда ишлаб турардим.

ОПАЛАРИМИЗНИНГ ТАШРИФИ

1958 йили мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаган Ильзе Унтердёрфер ва Эльфриде Лёр

Руди янги манзилимни Венадаги филиалга юборганида, улар Ильзе Унтердёрфер ва Эльфриде Лёр исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй опаларимизни меникига жўнатишган. Бир куни қабул хонадан келиб, ташқарида иккита аёл мен билан гаплашмоқчи эканини айтишди. Уларнинг ким эканини билиш учун ташқарига чиқдим. Кейинчалик билишимча, бу опаларимиз то Иккинчи жаҳон урушигача фаолиятимиз тақиқ остида бўлган Германияда хизмат қилиш учун тайинланишган экан. Ҳатто уруш бошланишидан олдин, улар немисларнинг махфий полицияси (гестапо) томонидан ҳибсга олиниб, Лихтенбург концлагерига юборилган. Кейин эса, уруш пайтида уларни Берлин яқинидаги Равенсбрюк концлагерига кўчиришган.

Бу опаларимиз онам қатори бўлишгани учун, уларни ҳурмат қилардим. Эҳтимол бир неча ҳафта ёки ойдан кейин улар билан суҳбатлашишни истамаслигимни айтиб, вақтларини бекорга сарфлашни хоҳламаганман. Шу боис, улардан католикларнинг ҳаворийлик мерос бўлиб ўтиши тўғрисидаги таълимоти * ҳақида оятлар келтирилган рўйхатни олиб келишларини сўрадим. Уларга, ўша рўйхат билан маҳаллий руҳоний олдига бориб, гаплашаман деб айтдим. Шундай қилсам, ҳақиқатни билиб оламан, деган фикрда эдим.

 ҲАҚ ОТАМИЗ ТЎҒРИСИДАГИ ҲАҚИҚАТНИ БИЛИБ ОЛДИМ

Католик черкови бу таълимотини, Исонинг Матто 16:18, 19 даги сўзларига асосланган деб тушунтиради. Бундан ташқари, католиклар Рим папалари айтган таълимотлар ҳақиқат деб таъкидлашади. Мен ҳам бунга ишонардим ва агар, католиклар авлиё ота деб атайдиган Рим папаси учлик ҳақидаги таълимотни тўғри деб айтса, демак бу ҳақиқат. Лекин у хато қилса, унда таълимот ҳам сохта. Аксарият католиклар учун энг муҳим ҳисобланган ҳаворийлик борасидаги таълимоти шундай аниқланса, бошқа таълимотларининг тўғри ёки сохталиги ҳам худди шу йўл билан белгиланиши ажабланарли эмас.

Руҳоний олдига борганимда, у саволларимга жавоб бера олмади. Аммо менга, ҳаворийлик ҳақидаги католикларнинг таълимоти тушунтирилган бир китобни берди. Уни олиб, уйда ўқидим ва ёнига янада кўпроқ саволлар билан қайтиб бордим. Охири у, саволларимга жавоб бера олмай: «Мен сизни ишонтиролмайман, сиз эса мени... Яхши боринг!» — деб, мен билан бошқа гаплашгиси келмади.

Бундан сўнг, Ильзе ва Эльфриде опаларимиз билан тадқиқ ўтишга тайёр эканимни ҳис қилдим. Улар менга осмондаги муқаддас ҳақ Отамиз Тангри Яҳова ҳақида таълим беришди (Юҳан. 17:11). Яшаган жойимизда жамоат ҳали бўлмагани учун, улар ҳақиқатга қизиқиш кўрсатаётган оиланинг уйида учрашувлар ўтказишарди. У ерга бир нечта одам келарди холос. Сувга чўмган масъулиятли биродар бўлмагани боис, бу опаларимизнинг ўзлари учрашувларни олиб боришарди. Гоҳида, бошқа шаҳардан биродар келиб, ижарага олинган жойда оммавий нутқ сўзларди.

ХИЗМАТИМНИНГ БОШЛАНИШИ

Ильзе ва Эльфриде мен билан 1958 йили октябрь ойида тадқиқ бошлашди. Уч ой ўтгач, 1959 йили январда мен сувга чўмдим. Лекин сувга чўмишдан олдин, ваъзгўйлик қай йўсин бажарилишини кўриш ниятида, улар билан уйма-уй хизматга боришни илтимос қилдим (Ҳавор. 20:20). Улар билан илк бор ҳамкорлик қилгач, ўзим учун алоҳида ҳудуд сўрадим. Опаларимиз менга бир қишлоқни топширишди ва мен ўзим у ерга бориб, уйма-уй ваъз қилардим ҳамда қизиқиш билдирган кишиларникига такроран борардим. Мен билан бирга биринчи бор уйма-уй хизмат қилган биродар, кейинчалик бизникига ташриф буюрган туман нозири эди.

Ўқишим тугагач, 1960 йили она шаҳримга қайтдим ва ҳақиқатни қариндош-уруғимга етказишга ҳаракат қилдим. Ҳозирга қадар, уларнинг ҳеч бири ҳақиқатни қабул қилмади, фақат баъзилари озгина қизиқишади.

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТ

Мен 20 ёшимда ва болалигимда

1961 йили филиалдан, биродару опа-сингилларни кашшофлик хизматини бошлашга ундайдиган хатлар олдик. Ўшанда бўйдоқ ва бақувват эдим, шунинг учун кашшоф бўлмасликка ҳеч қандай баҳонам бўлмаган. Кашшофлик учун менга машина керак деб ўйлардим ва туман нозири Курд Кюн билан гаплашиб, машина сотиб олишим учун тахминан бир неча ой ишлашим борасида унинг фикрини билмоқчи эдим. У менга: «Исо ва ҳаворийлари тўла вақтли хизмат қилишлари учун машинага муҳтож бўлишганми?» — деган савол берди. Бу, қандай йўл тутишим кераклигини ҳал қилишга кўмаклашди. Кашшофликни, имкон борича тезроқ бошлашни режалаштирдим. Бироқ ўшанда, меҳмонхона ресторанида ҳафтасига 72 соат ишлардим. Шу  сабабли, баъзи ўзгаришлар киритишим шарт эди.

Бошлиғимдан 72 соат ўрнига 60 соат ишлашни сўрадим. У рози бўлди ва ҳатто маошни ўзгартирмади. Кўп ўтмай, ҳафтасига 48 соат ишлашга рухсат сўрадим, бу сафар ҳам у бунга кўнди ва маошни ҳам камайтирмади. Кейин эса, мен яна ёнига бориб 36 соат ёки 6 кун ичида 6 соатдан ишлашни сўрадим. Бунга ҳам рози бўлди. Маошим аввалгидай қолганида, қойил қолдим! Бошлиғим, кетишимни хоҳламагани учун бунга рози бўлган эди. Шундай қилиб, мен доимий кашшофликни бошлаб юбордим. Ўшанда, кашшофлар бир ой ичида 100 соат хизмат қилишлари керак эди.

Тўрт ойдан сўнг, мен махсус кашшоф ва Каринтия вилоятидаги Шпитталь-ан-дер-Драу шаҳарчасидаги кичик жамоатга хизматкор қилиб тайинландим. Ўшанда, махсус кашшофлардан бир ойда 150 соат хизмат қилиш кутиларди. Бу хизматда ҳамкорим бўлмаган, аммо жамоат хизматкорининг ёрдамчиси * бўлган Гертруда Лобнер исмли опамиз мени қўллаб-қувватлар эди.

КЎПГИНА ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

1963 йили мен туман нозири бўлиб хизмат қилишга таклиф этилдим. Баъзида поездга ўтириб, оғир сумкалар билан жамоатдан жамоатга борардим. Кўпчилик биродарларнинг машинаси бўлмагани учун, мени темир йўл станциясидан кутиб олишмаган. Мақтанишни истамаганим учун, қолишим керак бўлган хонадонгача таксига ўтирмасдан пиёда борардим.

1965 йили ҳали бўйдоқ бўлган пайтимда, мен Гилад мактабининг 41- синфига таклиф қилиндим. Синфдошларимнинг кўпчилиги бўйдоқ эди. Мактабни битиргач, она юртим Австрияга туман нозири этиб тайинлашгани мен учун кутилмаган ҳол бўлди. Бироқ Қўшма Штатларидан кетишимдан олдин, тўрт ҳафта мобайнида бир туман нозири билан ҳамкорлик қилишни сўрашди. Ваъзгўйлик ишини яхши кўриб, хизматда самарали бўлган меҳрибон Антони Конти акамиз билан бирга ҳамкорлик қилганимдан ниҳоятда миннатдорман. У билан Нью-Йорк штатининг шимолидаги Корнуолл ҳудудида хизмат қилганмиз.

Тўй кунимизда

Австрияга қайтгач, мени бир туманга тайинлашди. Ўшанда, Тове Мерете исмли истараси иссиқ қизни учратдим. У беш ёшлигидан ҳақиқатни билиб улғайган. Биродарлар, биз қандай танишганимизни сўрашса, ҳазиллашиб: «Бизни филиал таништирган»,— деймиз. Бир йил ўтгач, 1967 йили апрелда турмуш қурдик ва биргалашиб кўчма нозирлик хизматини давом эттирдик.

Кейинги йили эса, Яҳова Ўзининг меҳр-инояти туфайли мени рамзий ўғилликка қабул қилганини тушундим. Шу йўсин, Римликларга 8:15 га биноан: «Абба, Ота!» — дейишга ундалаётган кишилар қатори мен ҳам самовий Отам билан ўзгача муносабатларни ривожлантира бошладим.

Мерете билан бирга туман ва вилоят нозирлик ишида 1976 йилгача хизмат қилдик. Гоҳида қишда, иситилмайдиган ётоқхоналарда тунашимизга тўғри келарди. Бир сафар, уйғониб, устимизга ёпган ёпинчиғимизнинг юзимизга тегиб турган бўлаги музлаб қотиб қолганини кўрдик.  Охир-оқибат, кечаси совқотмаслик учун, ўзимиз билан кичкинагина электр иситгични олиб юрадиган бўлдик. Айрим жойларда, кечаси ҳожатхонага чиқиш керак бўлса, кўпинча ичида шамол эсиб турган хонага қор босган ҳовлидан юриб боришга тўғри келарди. Ўзимизнинг турар жойимиз бўлмагани учун, одатда ҳафта давомида турган уйда душанба куни ҳам қолиб, сешанба эса, кейинги жамоатга йўл олардик.

Йиллар оша азиз рафиқам доим мени қўллаб-қувватлагани ҳақида айтишдан бахтиёрман. У ваъзгўйлик хизматини жуда ёқтиради ва мен уни хизматга боришга ҳеч қачон ундамаганман. Қолаверса у, дўстларни яхши кўради ва бошқаларга ниҳоятда ғамхўрлик қилади. Бу, мен учун катта ёрдам бўлиб келяпти.

1976 йили Австриянинг Вена шаҳридаги филиалда хизмат қилишга таклиф этилдик ва мен Филиал қўмитаси аъзоси бўлиб тайинландим. Ўшанда Австриядаги филиал Шарқий Европанинг бир нечта мамлакатидаги воизлик ишини назорат қилиб, у ерга адабиётларимиз етказилишига ғамхўрлик қиларди. Биродаримиз Юрген Рундел бу ишга бош-қош бўлиб, анчагина ташаббус кўрсатган. Мен у билан бирга ҳамкорлик қилиш шарафига эга эдим ва Шарқий Европанинг ўнта тилига ўгириш ишини назорат қилишга тайинландим. Юрген хотини Гертруда билан хизматини Германияда махсус кашшоф бўлиб давом эттиришяпти. 1978 йилининг бошида, Австрия филиали кичик босма машинасидан фойдаланиб, журналларимизни суратлар орқали қоғозга тушириб (фотонабор услуби), уларни олти тилда чоп эта бошлади. Шунингдек, журналларимизни бошқа мамлакатларга ҳам юборардик. Ҳозир, Германиядаги филиалда хотини Ингрид билан бирга хизмат қилаётган Отто Куглич ушбу фаолиятга ғамхўрлик қилган кишилардан бири эди.

Австрияда, воизликнинг усулларида, жумладан кўчама-кўча хизмат қилишда қатнашиб қувонардим

Шарқий Европадаги биродарлар шунингдек, нусха кўпайтирадиган машиналарни (ротатор) ёки филмлардан нусха кўчириш усулини қўллаб, ўз мамлакатлари учун ҳам адабиёт нашр этишарди. Шундай бўлса-да, улар бошқа мамлакатдаги имондошларининг кўмагига муҳтож бўлишган. Яҳова уларнинг бу ишини ҳимоялаган ва кўп йиллар давомида тақиқ остида садоқат ила филиалда хизмат қилаётган ўша биродарларга меҳр қўйганмиз.

РУМИНИЯГА МАХСУС ТАШРИФ

1989 йили мен Етакчи кенгаш аъзоси бўлган Теодор Ярач билан бирга Руминияга бориш  шарафига эга бўлдим. Мақсадимиз, биродарларимиздан иборат каттагина бир гуруҳни ташкилотга қайтишга чорлаш эди. Гап шундаки, 1949 йили ўша акаларимиз турли сабабларга кўра ташкилотимиздан ажралиб, ўзининг жамоатларини ташкил этишган. Шундай бўлса ҳам, улар ваъз қилишни ва сувга чўмдиришни давом эттиришган. Бундан ташқари, улар ҳатто ҳарбий хизматдан бош тортишгани учун ташкилотимизнинг аъзолари сифатида ҳибсга олинишган. Ўша пайтда Руминиядаги фаолиятимиз тақиқ остида бўлгани сабабли, Памфил Альбу биродаримизнинг уйида Руминиянинг Мамлакат Қўмитаси вакиллари бўлган тўртта оқсоқол билан яширинча кўришганмиз. Биз билан бирга Рольф Келлнер таржимон акамиз ҳам бор эди.

Муҳокамамизнинг иккинчи кечасида, Альбу биродаримиз ўша тўртта оқсоқолни ташкилотга қайтишга кўндириб, шундай деган: «Ҳозир бундай қилмасак, умримизда бошқа ҳеч қачон бунақа имкон бўлмаслиги мумкин». Натижада, 5 000 га яқин имондошларимиз ташкилотга қайтган. Бу, Яҳова учун ғалаба, Шайтон учун эса мағлубият эди!

1989 йилнинг охирида, Етакчи кенгаш мени хотиним билан бирга Нью-Йоркдаги Халқаро идора марказида хизмат қилишга таклиф этди. Бу, биз учун ажойиб совға эди. Бруклин Байтилидаги хизматимизни 1990 йили июль ойида бошладик. 1992 йили эса, Етакчи кенгашнинг Хизмат қўмитасида ёрдамчи сифатида тайинландим ва 1994 йил июль ойидан бери Етакчи кенгаш аъзоси бўлиб хизмат қилиш шарафига эгаман.

ЎТМИШДАН КЕЛАЖАККА

Рафиқам билан Бруклинда (Нью-Йорк)

Меҳмонхонада официант бўлиб ишлаган вақтлар ортда қолиб кетди. Ҳозир мен, умумжаҳон биродарлигимиз учун маънавий озуқани тайёрлаш ва етказиш ишида қатнашишдан хурсандман (Мат. 24:45–47). 50 йилдан кўпроқ вақт давомида тўла вақтли махсус хизматда қатнашдим ва ўша йилларга назар солиб, чуқур мамнуният ҳамда Яҳова умумжаҳон биродарлигимизга қандай баракалар ёғдираётганини кўриб, қувонч ҳис қиляпман. Халқаро анжуманларимизга боришни яхши кўраман. Зеро, у ерда самовий Отамиз Яҳова ва Муқаддас Китоб ҳақиқати тўғрисида билимлар оламиз.

Миллионлаб инсонлар Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаб, ҳақиқатни қабул этиши ва бир ёқадан бош чиқариб, умумжаҳон биродарлик билан бирга хизмат қилишлари учун ибодат қиламан (1 Бутр. 2:17). Устига-устак, келажакда осмондан туриб, ер юзидаги тирилишни ва ўшанда отамни топиб олишни кутяпман. Улар, онам ва бошқа азиз қариндошларимиз билан бирга жаннатда Яҳовага топинишни исташади деган умиддаман.

Келажакда осмондан туриб, ер юзидаги тирилишни ва ўшанда отамни топиб олишни кутяпман

^ 16- х.б. Бу таълимотга биноан, ҳаворий Бутрус биринчи Рим папаси бўлган ва у кейинги Рим папаларига бошқариш ҳуқуқини берган деб тушунилади.

^ 27- х.б. Ҳозир, жамоат хизматкори ва унинг ёрдамчисининг ўрнига ҳар бир жамоатда оқсоқоллар кенгашининг раиси ва котиб бор.