Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2014

«Яқинингни ўзингни севгандай сев»

«Яқинингни ўзингни севгандай сев»

Иккинчи [амр]: «Яқинингни ўзингни севгандай сев». МАТ. 22:39

1, 2. а) Исо қайси иккинчи амирни энг муҳим деб айтган? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

ИСОНИ синаш мақсадида бир фарзий шундай деб сўраган: «Устоз, Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» Ўтган мақолада ёзилганидек, Исо «биринчи ва энг муҳим амр» нимадан иборатлигини, яъни: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев»,— деб айтган. У яна шуни ҳам қўшиб қўйган: «Иккинчиси эса унга ўхшаш: “Яқинингни ўзингни севгандай сев”» (Мат. 22:34–39).

2 Исо, яқинимизни ўзимизни севгандек севишимиз кераклигини айтган. Демак, ўзимизга шундай саволлар берсак яхши бўларди: «Яқинимиз ким? Уларга севгимизни қандай кўрсата оламиз?»

ЯҚИНИМИЗ КИМ?

3, 4. а) «Яқиним ким?» — деган саволга Исо қайси масал орқали жавоб берди? б) Чалажон бўлиб ётган кишига раҳмдил самариялик қандай ёрдам кўрсатди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

3 Яқинимиз, биздан узоқда бўлмаган жойда яшайдиган қадрдон ва ёрдамга тайёр дўстларимиз деб ўйлашимиз мумкин (Ҳик. 27:10). Лекин Исо, ўзини одил деб ҳисоблаган  киши: «Менинг яқиним ким?» — деганида, нима деб жавоб берганини кўриб чиқайлик. У раҳмдил самариялик ҳақида масал айтиб берган (Луқо 10:29–37 ни ўқинг). Таланган, калтакланган ва чалажон бўлиб ётган кишини кўришганида, исроиллик руҳоний ва леви унга яқин киши сифатида ёрдам беришади деган фикрга келишимиз мумкин. Аммо улар бу кишига парво қилмай, ёнидан ўтиб кетишади. Ярадор кишига самариялик одам ёрдам беради. Ўша пайтда аксарият яҳудий ва самарияликлар бир-биридан нафратланишарди (Юҳан. 4:9).

4 Раҳмдил самариялик жабрланган кишини даволаш учун унинг яраларига мой ва шароб қуяди. Унга ғамхўрлик қилсин деб, меҳмонхона эгасига икки кунлик иш ҳақига тенг бўлган икки динор беради (Мат. 20:2). Яраланган кишига аслида ким яқин эканини кўриш қийин эмас. Исонинг масали, яқинларимизга ҳамдардлик ва севгини намоён этишга ўргатмоқда.

Яҳованинг хизматчилари яқинларига дарров севги кўрсатишади (5- хатбошига қ.)

5. Яҳованинг хизматчилари яқинларига табиий офат пайтида қай йўсин севги намоён этишади?

5 Кўпинча, раҳмдил самариялик каби ҳамдард кишиларни топиш қийин. Айниқса ҳозир «ниҳоятда оғир вақтларда» одамлар меҳрсиз, шафқатсиз ва ҳимматни яхши кўрмайдиган бўлиб кетяпти (2 Тим. 3:1–3). Масалан, табиий офатлар қийин шароитларга сабаб бўлиши мумкин. 2012 йили октябрь ойида Нью-Йорк шаҳрига «Сэнди» бўрони зарар келтирганда, нима юз берганини кўриб чиқайлик. Шаҳарнинг катта қисми лат еб, одамлар электр қуввати, иссиқлик ва бошқа зарурий нарсаларсиз қолишгани етмагандек, уларнинг уйларига ўғрилар ҳам тушган. Ўша жойларда, Яҳованинг Шоҳидлари биродару опа-сингиллари ва бошқа одамларга ёрдамлашиш учун муайян чоралар кўришган. Масиҳийлар яқинларини яхши кўргани учун бундай йўл тутишади. Яқинларимизга севги намоён этишнинг яна қандай усуллари бор?

ЯҚИНИМИЗГА СЕВГИНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТА ОЛАМИЗ?

6. Раҳмдил бўлишнинг ваъзгўйлик иши билан қандай боғлиқлиги бор?

6 Одамларга маънавий ёрдам таклиф қилинг. Буни, Муқаддас Ёзувлардан тасалли топишларига ундаш орқали қилишимиз мумкин (Рим. 15:4). Шубҳасиз, ваъзгўйлик фаолиятида бошқалар билан Муқаддас Китоб ҳақиқатини бўлишиб, раҳмдиллик намоён эта оламиз (Мат. 24:14). «Умид манбаи бўлмиш Тангрининг» Шоҳлик хабарини эълон қилиш, биз учун нақадар шараф! (Рим. 15:13).

7. Олтин қоида нима ва унга риоя қилсак қандай барака оламиз?

7 Олтин қоидага амал қилинг. Бу қоида, Исо Тоғдаги ваъзида айтган мана бу сўзларида акс этган: «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг. Зеро Таврот қонуни ва пайғамбарлар китобларининг моҳияти шундадир» (Мат. 7:12). Бошқаларга нисбатан Исонинг маслаҳатига яраша йўл тутсак, Таврот қонунига (Ибтидодан Қонунларгача) ва «пайғамбарлар китобларига» (Иброний Ёзувларидаги башоратли китобларга) амал қилган бўламиз. Бу сўзлар, Худо бошқаларга севги намоён этганларга барака ато этишини кўрсатяпти. Масалан, Ишаё пайғамбар орқали Яҳова шундай деган: «Адолатни ҳимоя қилинг, тўғри ишларни қилинг... Унга риоя қиладиган инсон бахтлидир!» (Ишаё 56:1, 2). Яқинларимизга севги ила муносабатда бўлиб, олтин қоидага амал қилсак, барака топамиз.

8. Нима учун душманларимизни яхши кўрамиз ва агар бундай қилсак нима юз бериши мумкин?

8 Душманларингизни севинг. Исо қуйидагича деган: «Сизлар: “Яқинингни сев, душманингдан нафратлан”,— деб айтилганини эшитгансизлар. Бироқ мен сизларга шундай дейман: душманларингизни севинглар ҳамда сизларни таъқиб қилаётганлар  учун ибодат қилинглар. Шунда осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар» (Мат. 5:43–45). Ҳаворий Павлус ҳам шунга ўхшаш сўзларни айтган: «Душманингиз оч бўлса, унга овқат беринг, чанқаган бўлса, ичгани бирон нарса беринг» (Рим. 12:20; Ҳик. 25:21). Таврот қонунига мувофиқ, агар инсон душманининг ҳайвони оғир юк остида қолганини кўрса, унга ёрдам бериши керак эди (Чиқ. 23:5). Ушбу маслаҳатга амал қилиб, душманлар яхши дўст бўлиб қолишларди. Масиҳийлар сифатида биз ҳам севги намоён этганимиз боис, кўпчилик душманларимизнинг юраги юмшаган. Агар душманларимизни ва ҳатто дарғазаб таъқибчиларни ҳам яхши кўрсак, улардан баъзилари ҳақиқатни қабул қилишса, нақадар бахтиёр бўламиз!

9. Имондошларимиз билан тинчликни сақлаш борасида Исо нима деган?

9 «Ҳамма одамлар билан тинчлик сақланг» (Иброн. 12:14). Албатта, бу маслаҳатни биродару опа-сингилларимизга нисбатан ҳам қўллашимиз муҳим. Бу борада Исо шундай деган: «Агар ҳадянгизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз сиздан хафа экани ёдингизга тушиб қолса, ҳадянгизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг-да, аввалига бориб биродарингиз билан ярашинг. Шундан сўнг келиб, ҳадянгизни бахшида этинг» (Мат. 5:23, 24). Имондошларимизга севгини намоён этсак ва улар билан тинчликни сақлашга интилсак, Худо Ўз баракаларини ёғдиради.

10. Нима сабабдан ўзгаларни ҳукм қилмаслигимиз керак?

10 Ўзгаларни ҳукм қилманг. Исо шундай деган: «Ҳукмга дучор бўлмаслик учун, бундан буён ҳеч кимни ҳукм қилманглар. Чунки сизлар қай тарзда ҳукм қилсангиз, Худо ҳам сизларни шу тарзда ҳукм қилади. Сизлар бошқаларга қандай муомала қилсангиз, улар ҳам сизларга шундай муомала қилишади. Сен нега биродарингнинг кўзидаги чўпга қарайсан-у, ўз кўзингдаги ходани кўрмайсан? Ўз кўзингда хода бўлатуриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги чўпни чиқариб олай”,— дейсан? Эй иккиюзламачи! Аввал ўз кўзингдаги ходани чиқариб ташла, ўшандагина биродарингнинг кўзидаги чўпни қандай чиқариш кераклигини кўра оласан» (Мат. 7:1–5). Ўзимиз қаттиқ адашишимиз мумкин бўлган бир пайтда, бошқаларни арзимас хатолари учун ҳукм қилмаслигимиз кераклиги борасида бу жуда яхши маслаҳат!

 СЕВГИ НАМОЁН ЭТИШНИНГ ЭНГ МУҲИМ ЙЎЛИ

11, 12. Яқинларимизга севги намоён этишнинг энг муҳим йўли қандай?

11 Яқинларимизга севгини энг яхши йўл билан намоён этишни истаймиз. Исо сингари биз ҳам Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қиламиз (Луқо 8:1). У издошларига барча халқлардан шогирд тайёрлаш топшириғини берган (Мат. 28:19, 20). Бу топшириқни тўла равишда бажарсак, яқинларимиз ҳалокатга олиб борадиган кенг ва энли йўлни қолдириб, ҳаётга олиб борадиган йўлга ўтишларига кўмаклашамиз (Мат. 7:13, 14). Шубҳасизки, Яҳова барча ҳаракатларимизнинг баракасини беради.

12 Исо каби биз ҳам, одамлар ўз маънавий эҳтиёжларини ҳис қилишларига ёрдам берамиз (Мат. 5:3). Агар кимдир қизиқиш кўрсатса, «Худонинг хушхабарини» бўлишиш орқали унга эҳтиёжларини қондиришига кўмаклашамиз (Рим. 1:1). Шоҳлик хабарини қабул қилганлар Исо Масиҳ орқали Аллоҳ билан ярашадилар (2 Кор. 5:18, 19). Хушхабарни ваъз қилиш, яқинларимизни чиндан ҳам севишимизни намоён этишнинг энг муҳим йўлидир.

13. Ваъзгўйлик фаолиятида иштирок этиб, нимани ҳис қиляпсиз?

13 Самарали такрорий ташрифлар ва Муқаддас Китоб тадқиқлари орқали, инсонларга Худонинг одил меъёрларига мос келишларига ёрдам бериб, мамнуният ҳис қиламиз. Оқибатда Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларнинг ҳаёт тарзи бутунлай ўзгаради (1 Кор. 6:9–11). Аллоҳ, камтарин инсонларга маънан улғайишга ва У билан дўстлашишга қандай қилиб ёрдам бераётганини кўриш жуда ҳаяжонли (Ҳавор. 13:48). Кўп ҳолларда уларнинг умидсизлиги қувончга айланади ва ташвишларининг ўрнини самовий Отамизга бўлган ишонч эгаллайди. Янги одам маънан ўсаётганини кузатиш қанчалар мароқли-а! Ушбу ўзгача иш орқали яқинларимизга севгини намоён этиш шарафдир.

СЕВГИНИНГ ТАЪРИФИ

14. Павлус 1 Коринфликларга 13:4–8 да севгини қандай таърифлаган?

14 Яқинларимиз билан муносабат қилаётиб, Павлуснинг севги ҳақида ёзганларига риоя қилсак, кўп муаммоларнинг олдини оламиз. Натижада бахтли бўлиб, Худонинг қут-баракаларига эришамиз (1 Коринфликларга 13:4–8 ни ўқинг). Келинг, Павлус севги борасида нима деганини ва яқинларимиз билан муносабатларимизда буни қандай қўллашимиз мумкинлигини қисқача кўриб чиқайлик.

15. а) Нима учун сабрли ва меҳрибон бўлишимиз лозим? б) Қайси сабабга кўра рашк қилиш ва мақтанчоқликдан қочамиз?

15 «Севги узоқ сабрли ва меҳрибондир». Худо номукаммал одамларга нисбатан сабрли ва меҳрибон экан, биз инсонлар кимдир хато қилса ва ўйламасдан иш тутса ёки ҳатто қўполлик қилса, сабрли ҳамда меҳрибон бўлишимиз муҳимроқ. «Севги рашк қилмайди». Шундай экан, чин севги бошқаларнинг нарсасига кўз олайтиришимизга ёки жамоатда эга бўлган масъулиятига ҳасад қилишимизга йўл қўймайди. Бундан ташқари, севги мақтанчоқлик ва мағрурликдан қочишга ундайди. Дарҳақиқат, «такаббур кўзлар ва мағрур юрак — чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади» (Ҳик. 21:4).

16, 17. Қай йўсин 1 Коринфликларга 13:5, 6 га мувофиқ йўл тута оламиз?

16 Севги «одобсизлик қилмайди». Яқинимизни севсак, уни алдамаймиз, нарсасини ўғирламаймиз ёки Яҳованинг қонун ва принципларига зид бошқа бирон иш қилмаймиз. Севги шунингдек, фақат ўз фойдамизни ўйлашдан асраб, бошқаларнинг манфаатини кўзлашга ундайди (Филип. 2:4).

17 Чин севги осонликча «аччиқланмайди» ва «хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди».  Агар ўзгалар бизга нисбатан бирон ёмон иш қилса, буни худди ҳисоб-китоб дафтарига киритгандай, эслаб қолмаймиз (1 Салон. 5:15). Мабодо кек сақласак, ғазабимиз олов каби ёниб, ўзимизга ва бошқаларга зарар келтиради (Лев. 19:18). Севги «ҳақиқат ила қувонади» ва ҳатто бизни хафа қилган одам қўпол муомалага дуч келса ё ноҳақлик дастидан азият чекса, бундай севги «адолатсизликка севинмайди» (Ҳикматлар 24:17, 18 ни ўқинг).

18. Севги ҳақида 1 Коринфликларга 13:7, 8 дан нимани билиб оляпмиз?

18 Павлус севгини таърифлашда давом этиб, нималар деганига эътибор қаратайлик. У шундай деган: «Севги ҳар нарсани кўтаради». Кимдир бизни хафа қилса-ю, лекин кечирим сўраса, севги уни кечиришимизга ундайди. Севги Аллоҳнинг Каломидаги «ҳамма нарсага ишонади» ва олаётган маънавий озуқа учун миннатдор бўлишимизга рағбатлантиради. Севги, Муқаддас Китобда ёзилган «ҳар нарсага умид қилади» ва бошқаларга умидимиз ҳақида айтишга чорлайди (1 Бутр. 3:15). Шунингдек, қийин вазиятларда ибодат қилиб, ҳаммаси яхшилик билан тугашига умид қиламиз. Бирон киши бизга қарши гуноҳ қилса, жабр-зулм ўтказса ёки бошқа қийинчиликка дуч келсак ҳам севги «ҳамма нарсага чидайди». Устига-устак «севги ҳеч қачон тугамайди». Яҳовага итоаткор инсонлар яқинларига севгини абадий намоён этадилар.

ЯҚИНИНГИЗНИ ЎЗИНГИЗНИ СЕВГАНДАЙ СЕВИНГ

19, 20. Муқаддас Китобдаги қайси маслаҳат яқинимизни севишга ундайди?

19 Муқаддас Китоб маслаҳатларига амал қилиб, яқинимизга севгини намоён этишда давом эта оламиз. Бундай севги нафақат ўз ирқимизга мансуб бўлганларни, балки ҳаммани яхши кўришни англатади. Биз доим Исонинг қуйидаги сўзларини ёдда тутишимиз лозим: «Яқинингни ўзингни севгандай сев» (Мат. 22:39). Тангри Яҳова ва Исо шундай йўл тутишимизни кутади. Агар яқинимиз билан боғлиқ бўлган муайян вазиятда нима қилишни билмасак, ибодатда Аллоҳдан муқаддас руҳи орқали раҳбарлик кўрсатишини сўрайлик. Шундай қилсак, Яҳова бизни баракалайди ва севги ила йўл тутишимизга ёрдам беради (Рим. 8:26, 27).

20 Яқинимизни ўзимизни севгандай севиш ҳақидаги амр: «Шоҳнинг қонуни»,— деб аталган (Ёқб. 2:8). Таврот қонунидан айрим амрларни келтиргач, Павлус шундай деб қўшиб қўйган: «Таврот қонуни... ушбу амрда мужассамдир: “Яқинингни ўзинг каби сев”. Севги, ўз яқинига зиён етказмайди; демак, севги қонуннинг бажарилишидир» (Рим. 13:8–10). Демак, яқинимизни севишда давом этишимиз лозим.

21, 22. Нима учун Аллоҳни ва яқинларимизни севишимиз лозим?

21 Яқинимизни нима учун севишимиз кераклиги борасида ўйлаётиб, Исонинг Отаси ҳақида айтган қуйидаги сўзлари устидан мулоҳаза юритайлик: «У Ўз қуёшини ёвузлар устидан ҳам, яхшилар устидан ҳам балқитади, ёмғирини одиллар устига ҳам, адолатсизлар устига ҳам ёғдиради» (Мат. 5:43–45). Одил ёки адолатсиз бўлишидан қатъи назар, яқинимизга севги кўрсатишимиз лозим. Аввалроқ айтилгандай, севги намоён этишнинг энг муҳим йўли, у билан Шоҳлик хабарини бўлишишдир. Агар бу киши Муқаддас Китобдан билиб олганларига риоя қилса, Худонинг дўсти бўлиб, улкан қувонч ҳис қилади.

22 Яҳовани чин қалбдан севиш учун кўп сабабларимиз бор. Шунингдек, яқинларимизга севги намоён этишнинг турли усуллари мавжуд. Аллоҳни ва яқинларимизни яхши кўрсак, ушбу муҳим масалада Исо айтган сўзларга ҳурмат кўрсатган бўламиз. Бундай йўл тутиб, севимли самовий Отамиз Яҳованинг қалбини қувонтирамиз.