Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  ИЮНЬ 2014

Тангрингиз Яҳовани севинг

Тангрингиз Яҳовани севинг

Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев. МАТ. 22:37

1. Нега Яҳова ҳамда Исо орасида севги ривожланган?

ЯҲОВАНИНГ Азизи, Исо Масиҳ шундай деб айтган: «Мен Отамни севаман» (Юҳан. 14:31). Қолаверса, Исо: «Ота Ўғлини севади»,— деган (Юҳан. 5:20). Бу бизни ҳеч ҳам ажаблантирмайди. Зеро, анча йиллар давомида Исо ер юзига келишидан олдин, Худонинг «ёнида мусаввир» эди (Ҳик. 8:30). Яҳова ҳамда Исо бирга ҳамкорлик қилишган. Шунда, Ўғил Отасининг фазилатлари ҳақида кўп нарсани билиб олган ва Уни севиш учун беҳисоб сабаблари бўлган. Дарҳақиқат, яқин мулоқот уларнинг севгиси тобора ривожланишига олиб келган.

2. а) Кимнидир севиш нимани англатади? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

2 Кимнидир яхши кўрсангиз, унга нисбатан қаттиқ меҳр ҳис қиласиз. Шоҳ Довуд шундай деб куйлаган: «Эй Худованд, менинг қувватим, Сенга мен меҳр боғладим» (Заб. 17:2, Туркия 1998). Биз ҳам Аллоҳга нисбатан худди шундай меҳрни ҳис қилишимиз даркор. Агар Яҳовага бўйсунсак, У бизни яхши кўришини намоён этади (Қонунлар 7:12, 13 ни ўқинг). Бироқ Худони кўра олмасак, қандай қилиб Уни севишимиз мумкин? Яҳовани яхши кўриш нимани англатади? Нега Уни севишимиз керак? Унга нисбатан севгимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

 АЛЛОҲНИ СЕВА ОЛАМИЗ

3, 4. Нега биз Худони сева оламиз?

3 «Аллоҳ — руҳий Шахсдир», шунинг учун Уни кўра олмаймиз (Юҳан. 4:24). Шундай бўлса-да, Уни сева оламиз ва Муқаддас Китобга биноан бундай севгини намоён этишга чорланяпмиз. Масалан, Мусо пайғамбар Исроил халқига: «Эгангиз Худони бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан, бутун вужудингиз билан севинглар»,— деб айтган (Қонун. 6:5).

4 Нега биз Худони сева оламиз? Боиси, У бизни маънавий эҳтиёжлар ва севгини намоён этиш қобилияти билан яратган. Маънавий эҳтиёжларимиз мувофиқ тарзда қондирилса, Яҳовага бўлган севгимиз ошиб, чинакам бахтга эга бўламиз. Исо шундай деган: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир» (Мат. 5:3). Кресси Моррисон исмли ёзувчи ўзининг китобида, инсонлар доимо Худо ҳақида билишга ва Унга ишонч ҳосил қилишга интилишини кўриш, жуда ҳам ҳайратлантиради деган фикр билдирган («Man Does Not Stand Alone»). Кўпчилик шу ёзувчи сингари, одам Аллоҳни таниб-билиш эҳтиёжи билан туғилишини тушунади.

5. Худони излаш бефойда эмаслигини қаердан биламиз?

5 Хўш, Худони излаш бефойдами? Асло, чунки Унинг Ўзи биз Уни излаб топишимизни истайди. Ҳаворий Павлус, Афина маъбудасига атаб қурилган маъбад, яъни Парфенон ёнида бўлган Ареопагда йиғилган одамларга шоҳидлик бераётганда, буни аниқ қилиб тушунтирган. Павлус: «Дунёни ва ундаги барча нарсани яратган Аллоҳ... қўл билан қурилган маъбадларда яшамайди»,— деб айтаётганда, сиз ҳам ўзингизни ўша ерда бўлгандек тасаввур қилинг. Қолаверса, у қуйидагича деган: «Бутун ер юзида яшасинлар деб, Худо барча миллатларни бир одамдан вужудга келтирди. Шунингдек, тайинланган вақтларнинг ҳамда одамлар яшайдиган жойларнинг чегарасини белгилаб қўйди. Чунки Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди. Зеро У ҳар биримизга яқиндир» (Ҳавор. 17:24–27). Ҳа, инсонлар Тангрини излаб топишга қодир. Мана, етти ярим миллиондан зиёд Яҳованинг Шоҳидлари Уни астойдил излаб топишди ва Уни чиндан ҳам севишади.

ХУДОНИ СЕВИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

6. Исо қайси амрни «биринчи ва энг муҳим» деган?

6 Яҳовага нисбатан севгимиз қанчалик кучли бўлиши лозим? Бир фарзий Исодан: «Устоз, Тавротнинг қайси амри энг муҳим?» — деб сўраганда, у шундай жавоб берган: «“Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг ва бутун онгинг билан сев”. Бу биринчи ва энг муҳим амрдир» (Мат. 22:34–38).

7. а) «Бутун қалб» б) «бутун жон» в) «бутун онг» билан Худони севиш нимани англатади?

7 Исо, Яҳовани «бутун қалб» билан севиш даркор деганда нимани назарда тутган? У, биз Яҳовани истакларимиз ва ҳис-туйғуларимизни ўз ичига олган бутун рамзий қалбимиз билан севишимиз керак деб айтмоқчи эди. Шунингдек, Уни «бутун жон» ёки ҳаётимиз ва борлиғимиз билан яхши кўришимиз лозим. Бундан ташқари, «бутун онг» ёхуд ақл-идрокимиз билан севишимиз даркор. Демак, Яҳовани бутун вужудимиз билан яхши кўришимиз керак.

8. Худога нисбатан чин севги бизни нима қилишга ундайди?

8 Худони бутун қалб, жон ва онгимиз билан севсак, Унинг Каломини пухта ўрганамиз, мақсадларига сидқидилдан хизмат қиламиз ва Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ғайрат ила ваъз қиламиз (Мат. 24:14; Рим. 12:1, 2). Яҳовага нисбатан чин севги бизни Унга тобора яқинлаштиради (Ёқб. 4:8). Албатта, нега Аллоҳни севишимиз кераклигининг барча сабабларини келтира олмаймиз. Бироқ келинг, уларнинг айримларини кўриб чиқайлик.

 НЕГА ЯҲОВАНИ СЕВИШИМИЗ КЕРАК?

9. Нима учун Парвардигоримиз ва Ғамхўр Отамизни севамиз?

9 Яҳова Яратувчимиз ва Ғамхўр Отамиздир. Павлус: «Биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз»,— деб айтган (Ҳавор. 17:28). Яҳова биз учун ер юзидек қойилмақом уй яратиб берган (Заб. 113:24). Шунингдек, яшашимиз учун У бизни егулик ва бошқа керакли барча нарса билан таъминлаган. Шу сабабли, Павлус Листрадаги бутпараст одамларга қуйидагиларни айта олган: «Барҳаёт Худо [...] эзгу ишлари билан Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган. Аллоҳ сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, серҳосил мавсумларни тақдим этган. Шунингдек, озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган» (Ҳавор. 14:15–17). Бу, Парвардигоримиз ва Ғамхўр Отамизни севиш учун арзигулик сабаб, шундай эмасми?! (Воиз 12:1).

10. Тўлов қурбонлигига нисбатан қандай муносабатдасиз?

10 Худо бизга Одаматодан мерос қилиб олган гуноҳ ва ўлимдан халос бўлиш имконини бермоқда (Рим. 5:12). Дарҳақиқат, «Аллоҳ бизга Ўз севгисини биз ҳали гуноҳкор бўлганимизда, Масиҳ биз учун вафот этгани билан кўрсатди» (Рим. 5:8). Шубҳасизки, қалбимиз Яҳовага бўлган севги билан тўлиб-тошмоқда. Сабаби, агар тавба қилиб, Исонинг тўлов қурбонлигига ишонсак, Худо гуноҳларимиз кечирилишига имкон беради (Юҳан. 3:16).

11, 12. Яҳова бизга қандай умид ато этяпти?

11 Яҳова бизга абадий яшаш умидини ато этди (Рим. 15:13). Худо бизга ато этган умид, имонимиз синалганда бардошли бўла олишимизга ёрдам беради. Мойланган масиҳийлар осмонда илалабад яшаш умидига эгалар (Ваҳ. 2:10). Бошқа садоқатли кишилар эса, ер юзидаги жаннатда абадий яшашга умид қилишади (Луқо 23:43). Хўш, умидимиз борасида нималарни ҳис қиляпмиз? Бу, «яхши ва мукаммал ҳадялар» Манбаи бўлмиш Яҳовани севишимизга ҳисса қўшиб, қувонч ва тинчлик бахш этмоқда (Ёқб. 1:17).

12 Худо бизга тирилишга бўлган ажойиб умидни ваъда қилмоқда (Ҳавор. 24:15). Албатта, яхши кўрган кишимиз оламдан кўз юмса, жудаям азобланамиз. Лекин тирилишга бўлган умидимиз борлиги учун, «умиди йўқ бошқа инсонлар каби қайғу чекмаймиз» (1 Салон. 4:13). Севги туфайли Тангри Яҳова ўлган кишиларни, айниқса покдил Аюбга ўхшаган содиқ инсонларни тирилтиришни қўмсайди (Аюб 14:15). Болалар ота-онаси билан, яқин дўстлар эса яна бирга бўлишини кўрганимизда, ўзимизни қандай ҳис қилишимизни бир тасаввур қилинг! Яҳова тирилиш ҳақида фикр юритмоқда, буни ваъда қилиб, албатта амалга оширади. Бундай қойилмақом умидга эга бўлганимиз учун, Яҳовани кўпроқ севамиз!

13. Яҳова бизга чиндан ҳам ғамхўрлик қилаётгани нимадан кўринади?

13 Яҳова бизга чиндан ҳам ғамхўрлик қилади (Забур 33:7, 19, 20; 1 Бутрус 5:6, 7 ни ўқинг). Меҳрибон Тангримиз Унга содиқ бўлганларга доим ёрдам беришга тайёр эканини билиш, ўзимизни Унинг «яйловидаги сурувида» хавфсиз ҳис қилишимизга кўмаклашади (Заб. 78:13). Бундан ташқари, Худонинг бизга бўлган севгиси, У биз учун Масиҳий Шоҳлик орқали амалга оширадиган ишларда яққол намоён бўлади. У танлаган Шоҳ, Исо Масиҳ ер юзидаги зўравонлик, азоб-уқубат ва ёвузликни бартараф этиб, итоатли инсонларни тинчлик ва фаровонлик билан баракалайди (Заб. 71:7, 12–14, 16). Шу каби баракалар борасида мулоҳаза юритиш, Аллоҳимизни бутун қалб, жон, қувват ва онгимиз билан севишимизга ундайди (Луқо 10:27).

14. Аллоҳ бизга қандай қимматбаҳо шарафни берди?

14 Яҳова бизга Унинг Шоҳидлари сифатида хизмат қилишдек қимматбаҳо шарафни ато этди (Ишаё 43:10–12). Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлашга ва бу ташвишли дунёдаги инсонларга ҳақиқий умидни  етказишга имкон бераётгани учун Уни севамиз. Шунингдек, ишонч билан ваъз қилишимиз мумкин. Боиси, умидбахш ваъдаларини амалга оширмай қўймайдиган ҳақ Тангри Таолонинг Каломига асосланиб хушхабарни эълон қиляпмиз (Ёшуа 21:45; 23:14 ни ўқинг). Шубҳасизки, қут-баракалар ва Яҳовани севишимизнинг сабаблари сон-саноқсиздир. Лекин Унга бўлган севгимизни қандай намоён эта оламиз?

ХУДОГА БЎЛГАН СЕВГИМИЗНИ ҚАНДАЙ НАМОЁН ЭТА ОЛАМИЗ?

15. Худонинг Каломини тадқиқ қилиш ва амалда қўллаш бизга қандай кўмаклашади?

15 Худонинг Каломини пухта тадқиқ қилинг ва амалда қўлланг. Шундай йўл тутиб, Яҳовани севишимизни ва чиндан ҳам Унинг Каломи қадамларимиз учун «чироқ» бўлишини хоҳлаётганимизни кўрсатамиз (Заб. 118:105). Азоб чекаётган бўлсак, меҳрга тўла шу каби сўзлардан далда олишимиз мумкин: «Эзилган, тавба қилган юракни Сен рад этмайсан, эй Худо. [...] Эй Эгам, содиқ севгинг мени қўллади. Ичим хавотирга тўлиб кетганда, Сен берган тасалли менга қувонч келтирди» (Заб. 50:19; 93:18, 19). Бошидан қийинчиликларни ўтказаётган кишиларга Яҳова раҳм-шафқат кўрсатяпти ва Исо ҳам инсонларга худди шундай муносабатда бўлган (Ишаё 49:13; Мат. 15:32). Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, Яҳованинг бизга нисбатан севги ила ғамхўрлик қилаётганини билиш, Унга бўлган севгимиз янада кучайишига етаклайди.

16. Мунтазам ибодатлар орқали қандай қилиб Худони янада кўпроқ сева оламиз?

16 Худога мунтазам ибодат қилинг. Тангрига ибодат қилиб, У бизга жавоб бераётганини кўрсак, Унга бўлган севгимиз янада ошади (Заб. 64:3). Масалан, буни Худо, дош бера олмайдиган даражада синалишимизга йўл қўймаётганидан кўрсак бўлади (1 Кор. 10:13). Бошимизга ташвиш тушганда, Яҳовага илтижо қилсак, «Худонинг тинчлигини» ҳис қила оламиз (Филип. 4:6, 7). Биз ҳам гоҳида Нахимиё каби, ичимизда дуо қилишимиз мумкин. Кейинчалик эса, Яҳова бизга жавоб берганига амин бўламиз (Нахим. 2:1–6). «Доимо ибодат қилинглар»,— дейилган маслаҳатга риоя қилсак ҳамда Яҳова илтижоларимизга жавоб берганини пайқасак, Уни янада кўпроқ севамиз. Қолаверса, У келажакдаги имон синовларини енгишимизга  ёрдам бера олишига ишончимиз мустаҳкамланади (Рим. 12:12).

17. Яҳовани севсак, учрашувларга қатнашга қандай муносабатда бўламиз?

17 Жамоат учрашувлари ва анжуманларга боришни одат тусига киритинг (Иброн. 10:24, 25). Ўтмишда ҳам Исроил халқи Яҳова ҳақида эшитиб, Ундан таълим олиш учун йиғиларди. Шундай қилиб, улар эҳтиром ила Унга топиниб, Тавротга бўйсуна олишарди (Қонун. 31:12). Агар Худони чиндан ҳам севсак, бу борадаги Унинг иродасини бажариш биз учун оғир юкка айланмайди (1 Юҳанно 5:3 ни ўқинг). Шундай экан, келинг, барча учрашувларга боришимизга ҳеч нарса халақит беришига йўл қўймайлик. Шубҳасизки, Яҳовага нисбатан илк муҳаббатимиз совушига нимадир сабаб бўлишини истамаймиз (Ваҳ. 2:4).

18. Худони севишимиз бизни нима қилишга чорлайди?

18 «Ҳақиқат бўлмиш хушхабарни» ғайрат ила баҳам кўринг (Галат. 2:5). Худога бўлган севги, бизни ўзгаларга Масиҳий Шоҳлик тўғрисида айтишга ундайди. Армагеддонда, тайинланган Шоҳ Исо Масиҳ Яҳованинг бошқариш ҳуқуқини ҳимоя қилади (Заб. 44:5; Ваҳ. 16:14, 16). Аллоҳнинг севгиси ва У ваъда қилган янги дунё ҳақида инсонлар билиб олишига ёрдам бериш улкан қувонч келтиради (Мат. 28:19, 20).

19. Нега оқсоқолларни ҳурмат қиламиз?

19 Жамоатдаги оқсоқолларни ҳурмат қилинг (Ҳавор. 20:28). Яҳова жамоатларда, ҳамиша манфаатларимизни кўзлайдиган оқсоқолларни тайин этган. Оқсоқоллар «шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади, бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади. Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди, ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади» (Ишаё 32:1, 2). Кучли шамол ёки қаттиқ бўрондан паноҳ топсак, нақадар миннатдор бўламиз! Ёки бўлмаса, қуёш қиздирганда, қоянинг соясини жуда қадрлаймиз. Ушбу рамзий иборалар, оқсоқоллар керакли маънавий ёрдам ва тасалли бахш этишаётганини кўришимизга кўмаклашмоқда. Уларга бўйсунсак, ушбу «ҳадялар сифатидаги инсонлар» учун қанчалик миннатдор эканимизни кўрсата оламиз. Қолаверса бу, Худога ва жамоат Боши Исога нисбатан севгимизнинг яққол исботидир (Эфес. 4:8; 5:23; Иброн. 13:17).

Яҳова, сурувидагиларга самимий қизиқиш кўрсатадиган чўпонларни тайинлаган (19- хатбошига қ.)

АЛЛОҲГА БЎЛГАН СЕВГИНИ ТОБОРА ОШИРИНГ

20. Аллоҳни севсангиз, Ёқуб 1:22–25 даги сўзларга қай йўсин риоя қиласиз?

20 Яҳова билан дўстона муносабатларга эга бўлсангиз, «тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам» бўласиз (Ёқуб 1:22–25 ни ўқинг). Масалан, «бажарувчилар» ваъзгўйлик ишида ғайратли бўлиб, жамоат учрашувларига қатнашишади. Аллоҳни чиндан ҳам севсангиз, биздан талаб қилаётган барча нарсани ўз ичига олган Унинг мукаммал қонунига бўйсунасиз (Заб. 18:8–12).

21. Сидқидилдан қилган ибодатингизни нима билан солиштириш мумкин?

21 Худованд Яҳовани севганимиз туфайли, тез-тез Унга сидқидилдан ибодат қиламиз. Исроилда ҳам руҳонийлар Таврот аҳдига биноан Яҳовага кунда хушбўй тутатқи куйдиришарди. Сано бастакори Довуд: «[Яҳова] ибодатимни тутатқи назридай қабул қилгин, қўлларимни кўтарганимни кечки қурбонлик деб билгин»,— деб куйлаган (Заб. 140:2; Чиқ. 30:7, 8). Худо учун камтарона илтижо, ёлвориш ва чин юракдан айтган ҳамду сано ҳамда миннатдорчилигингиз хушбўй тутатқи сингари бўлиб, ибодатларингиз Яҳовага маъқул келганини англатади (Ваҳ. 5:8).

22. Кейинги мақоладан нимани билиб оламиз?

22 Исо, биз Аллоҳни ва яқинларимизни севишимиз кераклигини таъкидлаган (Мат. 22:37–39). Яҳовани ва Унинг меъёрларини яхши кўриш, яқинларимизни ҳам севишимизга кўмаклашади. Бу нимани англатишини кейинги мақоладан билиб оламиз.