Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2014

Ҳар бир кишига қандай жавоб беришимиз керак?

Ҳар бир кишига қандай жавоб беришимиз керак?

Сўзларингиз доимо ёқимли... бўлсин. Ўшанда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар. КОЛОС. 4:6

1, 2. а) Пухта танланган саволлар бериш қанчалик муҳим эканлигини кўрсатадиган мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нега баҳсли мавзуларни муҳокама қилишдан қўрқмаслигимиз керак?

АНЧА йил аввал битта опамиз имондоши бўлмаган эри билан Муқаддас Китоб асосида суҳбатлашган. Ўтмишда эри христиан оламидаги бир черковнинг аъзоси бўлган. Суҳбати давомида, эри Учликка ишонишини айтган. Эри бу таълимот борасида эҳтимол ҳамма маълумотга эга эмаслигини тушуниб, опамиз хушмуомала тарзда шундай деб сўраган: «Сиз, Тангри Худо, Исо Худо ва муқаддас руҳ ҳам Худо эканлигига ишонасизми; лекин улар учта Худо эмас, биттами?» Эри: «Йўқ, мен бунга ишонмайман!» — деб жавоб бергани ажойиб бўлган. Шундай қилиб, улар ҳақ Худо аслида ким эканлиги борасида қизғин суҳбат уюштиришган.

2 Ушбу мисолдан кўриниб турганидай, саволларимиз хушмуомала ва пухта танланган бўлиши зарур. Қуйидагилар ҳам муҳим аҳамиятга эга: Учлик, дўзах ёки Яратувчининг мавжудлиги ҳақидаги баҳсли мавзуларни муҳокама қилишдан қўрқмаслигимиз керак. Яҳовага ва У тақдим этаётган таълим-тарбияга таянсак, одатда ишончли жавоблар бериб, тингловчиларнинг  юрагига таъсир қила оламиз (Колос. 4:6). Келинг, самарали ваъзгўйлар шу каби мавзуларни муҳокама қилаётганда, қандай йўл тутишларини кўриб чиқайлик. Ушбу мақолада, қандай қилиб: 1) кишининг нуқтаи назарини билишга кўмаклашадиган саволлар беришимиз, 2) Муқаддас Китоб асосида музокара қилишимиз ва 3) гапларимизни тасдиқлаш учун масаллар қўллашимиз мумкинлигини муҳокама қиламиз.

ТИНГЛОВЧИНИНГ ФИКРИНИ БИЛИШГА КЎМАКЛАШАДИГАН САВОЛЛАР БЕРИНГ

3, 4. Инсонлар нимага ишонишларини аниқлаш учун нега саволлардан фойдаланиш муҳим? Мисол келтиринг.

3 Саволлар инсонлар нимага ишонишларини аниқлашимизга ёрдам беради. Нега бу муҳим? Ҳикматлар 18:13 да шундай деб ёзилган: «Охиригача тингламай жавоб берган — аҳмоқдир, у шарманда бўлади». Демак, муайян мавзу бўйича Муқаддас Китобда нима дейилганини муҳокама қилишдан олдин, тингловчиларимиз аслида нимага ишонишларини аниқлаб олишга интилишимиз лозим. Бундай қилмасак, инсонлар ҳеч қачон ишонмаган нарсаларни исботлашга кўп вақтимизни бекорга кетказишимиз турган гап (1 Кор. 9:26).

4 Айтайлик, бирон киши билан дўзах мавзусини муҳокама қиляпмиз. Ҳар бир инсон, дўзахни ёмон одамлар оловда қийналадиган том маънодаги жой деб билмайди. Шундай бўлса-да, шу каби савол бериб кўрсак бўлади: «Одамлар дўзах ҳақида турли фикрга эга. Сиз-чи бу борада нима деб ўйлайсиз?» Унинг фикрини эшитгач, Муқаддас Китобда бу тўғрисида нима деб айтилганини яхшироқ тушунтириб бера оламиз.

5. Қандай қилиб саволлар, нега инсон у ёки бу нарсага ишонишини тушунишимизга кўмаклашади?

5 Хушмуомалалик билан берилган ўринли саволлар, нега инсон у ёки бу нарсага ишонишини тушунишимизга ҳам кўмаклашади. Масалан, хизматда Худога ишонмайдиган кишини учратсак, қандай йўл тутамиз? Бу киши эволюция назарияси каби кенг тарқалган нуқтаи назарга ишонаркан, деган хулосага келишимиз мумкин (Заб. 9:25). Бироқ баъзи одамлар, бошқаларнинг азоб чекканини кўргани ёки шахсан ўзлари ниҳоятда қийналгани учун Худога ишонмай қўйишади. Улар учун, меҳрибон Яратувчи бундай азоб-уқубатларга қандай қилиб йўл қўйиши мумкинлигига ишониш қийин кечади. Шу боис, агар уй эгаси Худонинг борлигида шубҳаланаётган бўлса: «Сиз доим шундай фикрда бўлганмисиз?» — деб сўрашимиз мумкин. У йўқ деб айтса, нима сабабдан у Худо борлигида шубҳаланяпти деб қизиқиб кўрсак бўлади. Бу кишининг жавоби, унга ёрдам беришнинг энг яхши йўлини топишимизга кўмаклашади (Ҳикматлар 20:5 ни ўқинг).

6. Савол бергач, қандай йўл тутсак яхши бўларди?

6 Савол бергач, тингловчининг жавобини чиндан ҳам тинглашимиз ва унинг ҳиссиётларини инобатга олаётганимизни билдиришимиз даркор. Мисол учун, кимдир ҳаётида юз берган бирон фожиа сабабли, меҳрибон Аллоҳ борлигида шубҳаланаётгандир. Худо борлигининг исботларини келтиришдан аввал, унга ҳамдардлик кўрсатиб, нега азоб чекаётганимизда ажабланишнинг ҳеч ёмон жойи йўқлигини айтсак яхши бўларди (Хаб. 1:2, 3). Сабр-тоқат ва меҳрибонлигимиз унда кўпроқ билим орттириш истагини уйғотиши мумкин *.

МУҚАДДАС КИТОБ АСОСИДА МУЗОКАРА ҚИЛИНГ

Хизматда муваффақиятли бўлишимизга айниқса нима ёрдам беради? (7- хатбошига қ.)

7. Хизматимизнинг самарали бўлиши нимага боғлиқ?

7 Келинг, қандай қилиб Муқаддас Китоб асосида музокара қилишимиз  мумкинлигини кўриб чиқайлик. Шубҳасизки, хизматда Муқаддас Китоб энг асосий қуролимиздир. Унинг ёрдамида биз «ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр турамиз» (2 Тим. 3:16, 17). Хизматимизнинг самарали бўлиши, кўпгина оятларни шунчаки ўқиш эмас, балки улар асосида музокара қилиб, уларни тушунтиришга боғлиқ (Ҳаворийлар 17:2, 3 ни ўқинг). Мисол тариқасида келинг, учта тахминий вазиятни кўриб чиқайлик.

8, 9. а) Исони Худо деб биладиган киши билан қай тарзда суҳбат юритса бўлади? б) Бу мавзу бўйича фикр юритиш учун қандай усулларни самарали деб биласиз?

8 1- вазият: Хизматда, Исони Худо деб биладиган кишини учратдик. Бу борада қайси оятлар қўл келиши мумкин? Инсоннинг эътиборини Юҳанно 6:38 га қаратишимиз мумкин. У ерда: «Мен ўзимнинг эмас, мени Юборганнинг иродасини бажариш учун осмондан тушганман»,— деб ёзилган. Сўнг, унга шундай деса бўлади: «Агар Исо Худо бўлса, уни ер юзига ким юборган? Ахир, ўша Шахс Исодан кўра юксакроқ бўлиши тўғри эмасми? Сабаби, юборган жўнатилганга қараганда, юксакроқ-ку».

9 Қолаверса, Филиппиликларга 2:9 ни ўқиб берсак бўлади. Бу ерда ҳаворий Павлус, Исонинг ўлими ва тирилтирилганидан кейин Аллоҳ нималар қилганини тушунтирган. Оятда: «Аллоҳ уни [Исони] янада юксалтириб, ҳар қандай исмдан юқори исмни унга ато этди»,— дейилган. Инсонга ушбу оят борасида мулоҳаза юритишига кўмаклашиш учун, шундай саволлар берсак бўлади: «Агар Исо ўлимидан олдин Худога тенг бўлган ва Тангри уни кейинчалик янада юксалтирган бўлса, унда Исо Худодан ҳам юксакроқ мавқега эга бўлдими? Ахир, кимдир Аллоҳдан ҳам юксакроқ бўлишим мумкинми?» Агар инсон Худонинг Каломини ҳурмат қилиб, самимий бўлса, шу каби мулоҳазалар уни кейинги сафар бу мавзу бўйича фикр юритишга ундайди (Ҳавор. 17:11).

10. а) Дўзахга ишонадиган киши билан қандай музокара қилсак бўлади? б) Дўзах борасида музокара қилганингизда, қандай усулларни самарали деб биласиз?

10 2- вазият: Худотарс бир кишига, ёмон инсонлар дўзахда азоб чекмайди деган фикрни қабул қилиш қийин. Худо ёвуз кишиларни ёмон ишлари учун жазолашини хоҳлагани боис, у дўзахга ишониши мумкин. Шундай фикрда бўлган киши билан қандай музокара қилсак бўлади? Биринчидан, уни ёвуз инсонлар жазога маҳкум этилишида ишонтириш мумкин (2 Салон. 1:9). Сўнг эса, Ибтидо 2:16, 17 ни ўқиб, гуноҳнинг жазоси ўлим эканлигини кўрсатсак бўлади. Одаматонинг гуноҳи туфайли барча инсонлар гуноҳкор эканини тушунтиришимиз  мумкин (Рим. 5:12). Лекин Худо дўзахда қийнаши ҳақида ҳеч нима ёзилмаганига эътибор қаратсак бўлади. Кейин, Ибтидо 3:19 ни ўқиб беришимиз мумкин. Ушбу оятда, Худо Одаматога гуноҳи учун тупроққа қайтасан деб ҳукм чиқаргани ҳақида айтиляпти. Сўнг: «Оловли дўзахга кетиши ҳақида айтишнинг ўрнига, тупроққа қайтасан деб айтиш адолатданмиди?» — деб савол берсак бўлади. Агар киши самимий бўлса, ушбу мавзу борасида чуқурроқ фикр юритишига сабаб бўлади.

11. а) Яхши одамлар осмонга кетади деб ўйлайдиган киши билан қандай музокара қилса бўлади? б) Ушбу мавзуда инсон билан музокара қилганда, қандай усулларни самарали деб биласиз?

11 3- вазият: Хизматда, ҳамма яхши одамлар ўлгандан кейин осмонга кетади деб ўйлайдиган кишини учратамиз. Бундай нуқтаи назар уй эгасига Муқаддас Китобни тушунишига таъсир қилиши мумкин. Масалан, айтайлик унга Ваҳий 21:4 ни ўқиб бердингиз (ўқинг). Киши, бу оят осмонда ҳаёт борлигини тасдиқлаяпти деб хулоса қилиши мумкин. Хўш, у билан қандай музокара қилсак бўлади? Бошқа оятларни келтиришдан кўра, айнан шу оятдаги алоҳида қисмларга, масалан «ўлим... бошқа бўлмайди» дейилганга эътиборини қаратиш мумкин. Шунда: «Мавжуд бўлмаган нарсани йўқ қилиб бўлмайди-ку, тўғрими?» — деб сўрасак бўлади. Эҳтимол у, тўғри деб айтар. Кейин эса, осмонда ҳеч қачон ўлим бўлмаганини таъкидлаб, инсонлар фақат ер юзида ўлишига эътибор қаратишимиз мумкин. Сўнг, Ваҳий 21:4 да ер юзида бўладиган баракалар ҳақида айтилганини таъкидлаш мантиққа мувофиқ бўларди (Заб. 36:29).

ГАПЛАРИНГИЗНИ ТАСДИҚЛАЙДИГАН МАСАЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИНГ

12. Нега Исо масаллардан фойдаланган?

12 Ваъзгўйлик хизматида Исо Масиҳ масаллардан ҳам фойдаланган (Матто 13:34, 35 ни ўқинг). Унинг масаллари тингловчиларининг ниятларини фош этишларига кўмаклашган (Мат. 13:10–15). Қолаверса, улар ёрдамида Исонинг таълимоти таъсирчан ва унутилмас бўлган. Биз-чи, хизматимизда одатда қандай масалларни қўллаб самарали бўламиз?

13. Қандай мисол орқали Худо Исодан юксакроқ эканини тушунтириш мумкин?

13 Оддий масалларни қўллаш яхши бўларди. Мисол учун, Худо Исодан юксакроқ эканини тушунтириш учун, қуйидаги мисолни қўллаш мумкин: Биринчидан, биз Худо ва Исонинг муносабатларини ота ва ўғил ўртасидаги муносабат билан солиштирсак бўлади (Луқо 3:21, 22; Юҳан. 14:28). Кейин эса, уй эгасидан шундай деб сўрасак бўлади: «Мабодо сиз менга икки киши тенглигини тушунтирмоқчи бўлсангиз, қайси оила аъзоларини мисол қилиб келтирар эдингиз?» У ака-ука ёки ҳатто эгизаклар ҳақида айтар. Сўнг, шундай дейишимиз мумкин: «Яхши мисол келтирдингиз. Демак, агар сиз шундай мисолни осонликча айтган бўлсангиз, Улуғ Устоз бўлмиш Исо ҳам шу каби мисол келтирарди, шундай эмасми? Лекин у, Худони ўз Отаси деб атаган. Шундай қилиб, Исо бизга Худо ундан юксак ва кўпроқ ҳокимиятга эга эканини тушунишимизга кўмаклашган».

14. Худонинг Иблис инсонларни дўзахда қийнашига йўл қўйиши мантиқсиз эканини кўрсатишга қайси масал қўл келади?

14 Бошқа мисолни кўриб чиқайлик. Баъзи одамлар, Шайтон дўзахда ҳукмронлик қилиб, гуноҳкорларни қийнашига ишонишади. Ота-оналарга масал орқали, Худонинг Иблис инсонларни дўзахда қийнашига йўл қўйиши мантиқсиз эканлигини кўра олишига ёрдам берса бўлади. Шунга ўхшаш суҳбат юритишимиз мумкин: «Болангиз ўта исёнкор бўлиб, ёмон ишлар қилаётганини тасаввур қилинг. Сиз нима қилган бўлардингиз?» Эҳтимол, ота-она боласини тўғри йўлга солишини айтар. Ёмон ишларга чек қўйишга ёрдам бериш учун кўп  ҳаракат қилишлари мумкин (Ҳик. 22:15). Буни эътиборга олиб, ота-онадан агар боласи унга ёрдам бериш уринишларини рад этса, улар нима қилган бўларди, деб сўрасак бўлади. Аксарият ота-оналар, ундай бўлса, уни жазолашдан бошқа чора қолмайди деган фикр билдиришади. Кейин, қуйидагича савол беришимиз мумкин: «Агар болангизга бирон ёмон киши таъсир қилгани учун, у исёнкор бўлиб қолганини билсангиз-чи?» Шубҳасизки, ота-онанинг бундай кишига аччиғи келади. Гапларимизни тасдиқлаш мақсадида масални давом этиб: «Бу ёмон киши болангизга таъсирини ўтказганини билган ҳолда, ундан болангизни жазолашини сўраган бўлармидингиз?» — деб савол бериш мумкин. Албатта, улар йўқ деб жавоб беришади. Демак, Худо ҳам Иблиснинг таъсири остида ёмон ишлар қилаётган кишиларни жазолаш учун, унинг қўлига топширмайди!

МУВОЗАНАТЛИ БЎЛИНГ

15, 16. а) Нега ҳар бир киши Шоҳлик хабарини қабул қилишини кутмаслигимиз даркор? б) Қобилиятли ваъзгўй бўла олмасак ҳам, хизматимиз самарали бўладими? Тушунтиринг. (Шунингдек, « Жавоб беришимизга кўмаклашадиган қўлланма» номли рамкага қ.)

15 Биз ваъз қилган ҳар бир киши ҳам Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни қабул қилавермайди (Мат. 10:11–14). Ҳатто тўғри саволлар берсак, яхши музокара қилсак ва ажойиб масалларни қўлласак ҳам фойда бермаслиги мумкин. Қолаверса, ер юзида яшаган Улуғ Устоз Исонинг таълимотларини ҳам, озчилик қабул қилган (Юҳан. 6:66; 7:45–48).

16 Бошқа томондан, агар ўзимизни қобилиятли ваъзгўй деб билмасак ҳам, хизматимизда самарали бўла оламиз (Ҳаворийлар 4:13 ни ўқинг). Муқаддас Китобда «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган барча» хушхабарни қабул қилади деб асосли сабаб келтирилган (Ҳавор. 13:48). Шундай экан, келинг, ўзимизга ва биз Шоҳлик хабари билан бўлишаётган кишиларга мувозанатли нуқтаи назарни ривожлантирайлик. Яҳова, таълим бериш учун бизга тақдим этаётган барча нарсага тўлиқ амал қилайлик. Зеро шундай йўл тутсак, бу ўзимиз учун ҳам, бизни тинглаётганлар учун ҳам фойда келтиради (1 Тим. 4:16). Яҳова, «ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини» билишимизга ёрдам бера олади. Келаси мақолада, одатда олтин қоида деб номланадиган амрга амал қилиб, хизматда самарали бўла олишимизни муҳокама қиламиз.

^ 6- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2009 йил 1 октябрь сонидаги «Атеист Худога ишона оладими?» номли мақолага қаранг.