Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2014

Яҳова тартиб Худосидир

Яҳова тартиб Худосидир

Худо тинчлик Худосидир ва тартибсизликни рағбатлантирмайди. 1 КОР. 14:33.

1, 2. а) Худо биринчи бўлиб кимни яратган ва ундан қандай фойдаланган? б) Руҳий мавжудотлар пухта ташкил этилганини қаердан биламиз?

ПАРВАРДИГОРИ ОЛАМ ЯҲОВА барча нарсани тартиб билан яратган. Биринчи бўлиб У, ягона Ўғлини вужудга келтирган. У Худонинг асосий вакили бўлгани боис, «Калом» деб аталган. Яҳовага асрлар мобайнида хизмат қилгани учун, Муқаддас Китобда у ҳақда шундай дейилган: «Азалда Калом бор эди, Калом Аллоҳ билан эди... Ҳамма нарса у [Калом] орқали вужудга келган ва усиз ҳеч нарса бор бўлмаган». Аллоҳ тахминан 2 000 йил олдин, Каломни ер юзига юборган. У мукаммал шахс Исо Масиҳ сифатида танилиб, Отасининг иродасини садоқат ила бажарган (Юҳан. 1:1–3, 14).

2 Ер юзига келишдан олдин, Исо Худонинг «ёнида мусаввир», яъни моҳир ёрдамчи эди (Ҳик. 8:30). Шунингдек, Яҳова у билан бирга осмонда миллионлаб бошқа руҳий мавжудотларни яратган (Колос. 1:16). Ушбу фаришталар тўғрисида: «Минглар Унга [Яҳовага] хизмат қилар эди, миллион-миллионлар амрига мунтазир эди»,— деб ёзилган (Дон. 7:10). Беҳисоб руҳий мавжудотлар Яҳованинг пухта ташкил этилган «лашкарлари» деб айтилган (Заб. 102:21).

3. Қанча юлдуз ҳамда сайёралар мавжуд ва улар қандай тартибга солинган?

 3 Масалан олам, жумладан сон-саноқсиз юлдуз ва сайёралар ҳақида нима деса бўлади? Юлдузлар борасида бир газетада айтилишича, олимларнинг охирги тадқиқотларига кўра, ҳозир «миллиард-миллиардлаб» юлдуз ва сайёралар мавжуд экан. Бу, улар аввал ҳисоблаганидан ҳам уч баробар кўпроқ дегани («Houston, Texas, Chronicle»). Хўш, юлдуз ва сайёралар ҳам тартибга солинганми? Албатта, юлдузлар галактикалар ичида жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар бири кўпгина сайёра ва миллионлаб ёки ҳатто триллионлаб юлдузлардан иборат. Аксарият галактикалар, галактикалар тўдасидан ташкил топган. Галактикалар тўдаси эса, гигант тўдасига жамланиб, муайян тартибга солинган.

4. Нега Худо ер юзидаги хизматчиларини ҳам ташкиллаштирган дея оламиз?

4 Осмондаги содиқ руҳий мавжудотлар сингари, коинотдаги юлдуз ва сайёралар ҳам ажойиб тарзда ташкил этилган (Ишаё 40:26). Демак, хулоса қилиб айтиш мумкинки, Яҳова Ўзининг ер юзидаги хизматчиларидан иборат бўлган ташкилотини ҳам тартибга солган. Худо уларнинг орасида тартиб бўлишини хоҳлайди. Сабаби, уларга ўта муҳим иш топширилган. Минглаб йиллар давомида Яҳова халқини ташкиллаштириб келган. Шунинг учун, улар Унга садоқат ила хизмат қила олишган. У Ўз халқи билан бирга бўлганини ҳамда «тинчлик Худоси ва тартибсизликни рағбатлантирмайдиган» эканлигини исботлайдиган кўпгина мисоллар мавжуд (1 Коринфликларга 14:33, 40 ни ўқинг).

ХУДО ҚАДИМДА ЎЗ ХАЛҚИНИ ТАШКИЛЛАШТИРГАН

5. Худонинг ер юзига нисбатан нияти амалга ошишига нима тўсқинлик қилди?

5 Яҳова илк жуфтликни яратганда, уларга шундай деган: «Баракали бўлиб, кўпайинглар, ер юзини тўлдириб, итоат эттиринглар, денгиздаги балиқлар устидан, ҳаводаги қушлару ер юзида яшовчи ҳар турли жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар» (Ибт. 1:28). Яҳова бирданига миллионлаб инсонларни яратмаган. Ер юзи инсонлар билан тўлмагунига қадар Одамато ва Момоҳаво фарзанд кўриб, кўпайишлари керак эди. Аллоҳнинг улар учун нияти бутун ер юзини жаннатга айлантиришдан иборат бўлган. Лекин Одамато билан Момоҳавонинг итоатсизлиги дастидан ушбу нияти ҳозирча амалга ошмаяпти (Ибт. 3:1–6). Вақт ўтгач, «Эгамиз кўрдики, ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўп экан. Уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор экан». Натижада, «ер юзи Худонинг олдида ахлоқсизликка, зўравонликка тўлиб-тошиб кетган эди». Шунинг учун, Аллоҳ бетавфиқ инсонларни тўфон юбориб, йўқ қилиш қарорига келди (Ибт. 6:5, 11–13, 17).

6, 7. а) Нима учун Нуҳ Яҳованинг марҳаматига сазовор бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нуҳ давридаги барча мунофиқ кишилар билан нима юз берган?

6 Бироқ «Нуҳ Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлган эди». Чунки «ўша даврда ер юзидаги солиҳ, бенуқсон одам фақат Нуҳ» бўлган. Бундан ташқари, у «Худога ҳамроҳ бўлиб яшагани» учун, Худо унга катта кема қуришни буюрган (Ибт. 6:8, 9, 14–16). Бу кема, одамлар ва ҳайвонлар омон қолишлари учун керакли барча нарса билан таъминланган эди. Бўйсунган ҳолда «Нуҳ ҳаммасини Худо амр этгандай қилган» ва оиласи билан бирга ҳамкорлик қилиб, қурилиш ишларини ташкиллаштирилган тарзда якунига етказган. Улар ҳайвонларни кемага киргизиб бўлгач, «Эгамиз Нуҳнинг орқасидан эшикни ёпган» (Ибт. 7:5, 16).

7 Милоддан аввалги 2 370 йили Тўфон юз берганда, Яҳова «ер юзидаги ҳар қандай жонзотни» йўқ қилиб юборган. Лекин садоқатни сақлаган Нуҳ ва унинг оиласини кемада тирик қолдирган (Ибт. 7:23). Бугунги кунда ер юзида яшовчи ҳар бир киши, Нуҳ, унинг ўғиллари ва хотинларининг авлодидир.  Аммо кеманинг ташқарисидаги мунофиқ кишиларнинг бари ўлиб кетган, боиси улар «адолат йўлини хабарлаб юрган Нуҳ пайғамбарни» тинглашдан бош тортишган (2 Бутр. 2:5).

Яхши ташкиллаштириш туфайли саккиз киши Тўфонда омон қолган (6-, 7- хатбошларига қ.)

8. Худо исроилликларга ваъда қилинган юртга киришни буюрганда, нима содир бўлган?

8 Тўфондан деярли саккиз аср ўтгач, Тангри исроилликларни халқ сифатида ташкил этган. Худо, ҳаётларининг ҳар бир соҳасини ва айниқса уларнинг топинишини ташкиллаштирган. Масалан, уларнинг баъзиларини руҳоний ва левилар қилиб тайинлаган. Қолаверса, айрим аёлларни ҳам «учрашув чодирига кираверишда хизмат қилишга» тайин этган (Чиқ. 38:8). Худо исроилликларга Канъон юртига киришни буюрганда, кўпчилиги бевафолик қилишган. Яҳова уларга шундай деган: «Мен онт ичиб, сизларга яшаш учун бермоқчи бўлган юртга киришмайди. У юртга фақат Яфунах ўғли Холиб билан Нун ўғли Ёшуа киришади». Сабаби, фақат улар ваъда қилинган юрт ҳақида яхши хабар билан қайтишган (Саҳ. 14:30, 37, 38). Аллоҳнинг йўл-йўриғига биноан, Мусо пайғамбар Ёшуани ўзининг вориси қилиб тайинлаган (Саҳ. 27:18–23). Ёшуа Исроил халқининг йўлбошчиси бўлиб, уларни Канъон юртига олиб кираётганда, Яҳова унга қуйидагиларни айтган: «Дадил ва ботир бўл, ваҳимага тушма, қўрқма, қаерга борсанг ҳам, Мен, Эганг Худо, сен билан бирга бўламан» (Ёшуа 1:9).

9. Раҳоба Яҳова ва Унинг халқига қандай муносабатда бўлган?

9 Чиндан ҳам Яҳова, Ёшуа қаерда бўлмасин у билан бирга эди. Мисол учун, исроилликлар Канъоннинг Ерихо шаҳри олдида қароргоҳ қуришганда, нима юз берганини кўриб чиқайлик. Мил. авв. 1473 йили Ёшуа Ерихога иккита айғоқчини юборган ва улар Раҳоба исмли фоҳишанинг уйида тўхташган. У айғоқчиларни, Ерихо шоҳи юборган соқчилардан уйининг томида яширган. Раҳоба айғоқчиларга шундай деган: «Эгангиз бизнинг юртимизни сизларга берганлигини биламан... Биз эшитдик,.. Эгангиз олдингизда Қизил денгиз сувларини қуритибди... Амор халқининг шоҳлари Ўг ва Сихўнга нима қилганингизни... ҳам эшитдик».  Шунингдек, Яҳова ҳақида у шундай деган: «Эгангиз Худо ҳам осмонда, ҳам ерда Худодир» (Ёшуа 2:9–11). Раҳоба ва унинг оиласи Яҳованинг танланган халқини қўллаб-қувватлагани учун, кейинчалик исроилликлар Ерихони забт этишганда, Яҳова уларни қутқариб қолган (Ёшуа 6:25). Раҳоба имонни намоён этиб, Яҳовага ва Унинг халқига чуқур ҳурмат кўрсатган.

БИРИНЧИ АСРДАГИ ФАОЛ ТАШКИЛОТ

10. Исо яҳудий дин раҳбарларига нима деган ва нима сабабдан?

10 Ёшуа йўлбошчи бўлган пайтда, Исроил халқи шаҳарларни бирма-бир босиб олиб, бутун Канъон юртини эгаллаб олган. Бироқ вақт ўтгач нима юз берган? Асрлар оша исроилликлар Худонинг қонунларини қайта-қайта бузишган. Вақт ўтиб, Яҳова ер юзига Ўз Ўғлини юборган. Исроилликлар Тангрига ва Унинг вакилларига шу қадар итоатсиз бўлиб кетишганки, ҳатто Исо Қуддусни пайғамбарларни ўлдирувчи шаҳар деб атаган (Матто 23:37, 38 ни ўқинг). Аллоҳ яҳудий дин раҳбарларини рад этган, чунки улар Унга хоинлик қилишган. Шунинг учун Исо: «Худонинг Шоҳлиги сизлардан тортиб олиниб, самара келтирадиган бошқа халққа берилади»,— деб айтган (Мат. 21:43).

11, 12. а) Яҳова янги ташкилотдан мамнун экани нимадан кўринади? б) Худо маъқуллаган янги ташкилот кимлардан иборат эди?

11 Милодий биринчи асрда Яҳова садоқатсиз Исроил халқидан воз кечган. Бироқ бу, Худонинг ер юзида содиқ хизматчилардан иборат бўлган ташкилоти бўлмайди дегани эмас. Яҳова Ўз баракаларини, Исо Масиҳда ва унинг таълимотларида асосланган янги фаол ташкилотига ёғдирган. Бу, мил. 33 йили Ҳосил байрамида бошланган. Ўшанда, Исонинг деярли 120 та шогирди Қуддусда бир жойда тўпланишганда, «тўсатдан осмондан кучли шамол эсгандай бир шовқин келди-ю, улар ўтирган уйни тамоман тўлдирди. Шунда улар, алангаланиб турган тилга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўлганини ва бўлиниб ҳар бирининг устига биттадан тушганини кўришди. Натижада шогирдларнинг бари муқаддас руҳга тўлиб, ҳар хил тилларда гапира бошлашди. Улар руҳ ато этган қобилиятга кўра гапиришарди» (Ҳавор. 2:1–4). Бу ақл бовар қилмас ҳодиса, Яҳова Исонинг ушбу шогирдларидан иборат янги ташкилотни қўллаб-қувватлаётганининг яққол исботи эди.

12 Ўша ҳаяжонли кунда, Исонинг издошлари қаторига «тахминан 3 000 киши қўшилди». Бунинг устига, «Яҳова кундан-кунга нажот топаётганларни уларнинг сафига қўшарди» (Ҳавор. 2:41, 47). Биринчи асрдаги ваъзгўйлар шунчалик муваффақиятли бўлганки, ҳатто Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Аллоҳнинг каломи кенг ёйила бошлади ва Қуддусда Исо шогирдларининг сони ғоят ошиб бораверди. Анчагина руҳонийлар ҳам имонга кирди» (Ҳавор. 6:7). Ҳақиқатни қабул қилган кўпгина самимий инсонлар бу янги ташкилот аъзолари деб эълон қилинишди. Кейинчалик, Яҳова «ўзга халқ вакилларини» ҳам масиҳийлар жамоатига жалб қилганида, янги ташкилотни қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор исботлади (Ҳаворийлар 10:44, 45 ни ўқинг).

13. Худо ташкилотининг ер юзидаги қисмига қандай иш топширилган?

13 Шубҳасизки, Худо топширган бу ишни Масиҳнинг издошлари бажаришмоқда. Исонинг ўзи, сувга чўмганидан сўнг уларга яхши ўрнак кўрсатиб, Осмон Шоҳлиги ҳақида ваъз қила бошлаган (Мат. 4:17). Исо шогирдларига ўша-ўша ишни бажаришни ўргатган. Исо уларга: «Қуддусда, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда ва ҳатто ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар»,— деган (Ҳавор. 1:8). Унинг ер юзидаги издошлари улардан нима талаб қилинишини яхши тушунишган. Масалан, Павлус билан Барнабо Писидиядаги Антиохияга келиб, уларга қаршилик кўрсатган яҳудийларга жасорат ила шундай деб айтишган: «Аслида Худонинг каломи биринчи бўлиб сизларга айтилиши керак  эди. Лекин сизлар уни рад этиб, ўзларингизни абадий ҳаётга муносиб кўрмаганингиз учун, биз бошқа халқларга мурожаат қиляпмиз. Чунки Яҳова бизга амр этиб, шундай деган: “Ер четигача нажот келтиришинг учун, Мен сени бошқа халқларга нур этиб тайинладим”» (Ҳавор. 13:14, 45–47). Биринчи асрдан бери, Худо ташкилотининг ер юзидаги қисми Унинг қутқариш учун кўрган чораларини бошқаларга етказмоқда.

ХУДОНИНГ ХИЗМАТЧИЛАРИ ОМОН ҚОЛАДИ

14. Биринчи асрда Қуддусда нима содир бўлган, лекин кимлар омон қолган?

14 Аксарият яҳудийлар хушхабарни қабул қилмаган ва Исо Қуддусда бўладиган мусибат ҳақида айтганида, улар қулоқ солишмаган. У шогирдларини шундай деб огоҳлантирган: «Ҳарбийлар Қуддуснинг атрофида қароргоҳ қурганини кўрсангиз, билингларки, унинг вайрон бўлиши яқиндир. Ўшанда Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин, Қуддуснинг ичида бўлганлар ундан чиқиб кетишсин, ташқарида бўлганлар эса унга киришмасин» (Луқо 21:20, 21). Исонинг башорати амалга ошган, боиси яҳудийлар исён кўтаришган ва мил. 66 йили Цестий Галл бошчилигидаги Рим қўшини Қуддусни ўраб олган. Бироқ тўсатдан улар ортга чекинишган ва бу, Исонинг издошларига Қуддус ҳамда Яҳудияни тарк этиш имконини берган. Евсевий исмли тарихшуноснинг таъкидлашича, кўплар Иордан дарёсидан ўтиб, Переянинг Пелла шаҳрига қочиб кетишган. Мил. 70 йили Тит бошчилигида Рим қўшини Қуддусга қайтиб келиб, уни вайрон қилган. Аммо садоқатли масиҳийлар Исонинг огоҳлантиришига қулоқ солишгани учун, омон қолишган.

15. Нималарга қарамай биринчи асрдаги масиҳийлар гуллаб-яшнашган?

15 Қийинчилик, таъқиб ва бошқа синовларга қарамай, Масиҳнинг издошлари имонни намоён этишган ва Худонинг биринчи асрдаги халқи гуллаб-яшнаган (Ҳавор. 11:19–21; 19:1, 19, 20). Илк масиҳийлар Аллоҳнинг қут-баракаларига эга бўлишгани сабабли, маънан равнақ топишган (Ҳик. 10:22).

16. Маънан гуллаб-яшнаш учун Аллоҳнинг ҳар бир хизматчисидан нима кутиларди?

16 Маънан гуллаб-яшнаш учун Аллоҳнинг ҳар бир хизматчисидан шахсий уринишлар кутиларди. Муқаддас Китобни изчиллик билан тадқиқ қилиши, жамоатларга доим қатнаши ва Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш ишида фаол иштирок этиши муҳим эди. Ҳозир ҳам, шу каби ишлар маънавий соғлигимиз ва Яҳованинг халқи билан якдил бўлишимизга ҳисса қўшади. Улар яхши ташкил этилган илк жамоатлар билан ҳамкорлик қилиб, нозир ва жамоат хизматкорларининг тайёрлик ила қилинган ҳаракатларидан катта фойда олишган (Филип. 1:1; 1 Бутр. 5:1–4). Павлус каби, кўчма нозирлар ташриф буюрганида, жамоатдагилар нақадар қувонишганини бир тасаввур қилинг! (Ҳавор. 15:36, 40, 41). Бизнинг ва биринчи асрдаги масиҳийларнинг топиниши қанчалик ўхшаш эканини кўриш ажойибдир. Яҳова Ўз хизматчиларини доим ташкиллаштириб келаётганидан ниҳоятда миннатдормиз! *

17. Келаси мақолада нима муҳокама қилинади?

17 Шайтон дунёси йўқ қилинадиган охирзамонда яшаяпмиз, Яҳованинг ер юзидаги ажойиб ташкилоти эса, ҳатто аввалгидан ҳам тўхтовсиз ўсиб боришда олға интиляпти. Сиз ҳам бу ташкилот билан ҳамқадаммисиз? Маънан улғайишда давом этяпсизми? Келаси мақолада, буни қандай қила олишингиз мумкинлиги муҳокама қилинади.

^ 16- х.б. «Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 2002 йил 15 июль сонидаги «Масиҳийлар руҳ ва ҳақиқатда топинишади» ва «Ҳақиқат йўлида юришда давом этмоқдалар» номли мақолаларга қаранг. Худонинг ер юзидаги ҳозирги ташкилоти ҳақида батафсил тарзда «Бугунги кунда Тангри Яҳованинг иродасини ким бажаряпти?» номли рисоласида ёзилган.