Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАЙ 2014

Хизматда олтин қоидага амал қилинг

Хизматда олтин қоидага амал қилинг

Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг. МАТ. 7:12

1. Хизматда одамларга қандай муносабат қилишимизнинг аҳамияти борми? Мисол келтиринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

БИР неча йил аввал Фижи оролларида яшовчи жуфтлик Қутлуғ Кечлик маросимига таклиф қилиш кампаниясида иштирок этишган экан. Улар бир аёл билан уйининг ташқарисида гаплашиб туришганида, ёмғир бошланибди. Биродаримиз ва хотини бу аёлга ўзларидаги соябоннинг бирини бериб туришган экан. Улар бу аёл Қутлуғ Кечлик маросимига келганини кўриб жуда хурсанд бўлишибди. Кейинчалик у бўлишиб, улар ташрифи давомида кўпроқ нималар дейишгани эмас, балки уларнинг муносабати эсида қолганини айтди. Бу унга шунчалик таъсир қилибдики, ҳатто Қутлуғ Кечликка борибди. Шундай яхши таассурот қолишига нима сабаб бўлган? Бунинг сабаби жуфтлик одатда олтин қоида деб номланадиган маслаҳатга амал қилган.

2. Олтин қоида бу нима ва уни қандай қўллашимиз мумкин?

2 Олтин қоида бу нима? Бу Исонинг қуйидаги сўзлар орқали берган маслаҳати: «Одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг» (Мат. 7:12). Ушбу қоидани қандай қўллашимиз мумкин? Асосан буни икки йўл билан қилсак бўлади. Биринчидан, ўзимиздан шундай деб сўрашимиз лозим:  «Агар бошқа одамнинг ўрнида бўлсам, менга қандай муносабат қилишларини истардим?» Кейин эса хулосамизга мувофиқ, бошқаларга иложи борича мулойимлик билан ёндашишимиз керак (1 Кор. 10:24).

3, 4. а) Нима учун олтин қоидани барча билан муносабат қилганда қўллаш муҳимлигини тушунтиринг. б) Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Кўпинча, олтин қоидани имондошларимизга нисбатан қўллаймиз. Аммо Исо, бу қоидага фақатгина имондошларимиз билан муносабат қилганимизда амал қилишимиз кераклигини айтмаган. Уни асосан ҳамма инсонларга ва ҳатто душманларимизга бўлган муносабатларни муҳокама қилаётганда берган (Луқо 6:27, 28, 31, 35 ни ўқинг). Агар олтин қоидани душманларимизга нисбатан қўллашимиз керак бўлса, у ҳолда хизматда учратадиган ва кўпчилиги «мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» инсонларга қўллашимиз янада муҳимроқ эмасми?! (Ҳавор. 13:48).

4 Ҳозир эса келинг, хизмат пайида ёдда сақлашимиз керак бўлган тўртта саволни муҳокама қилайлик: «Хизматда қандай инсонларни учратамиз? Улар билан қаерда суҳбатлашамиз? Қайси пайтда суҳбатлашиш самаралироқ? Уларга қай йўсин ёндашиш лозим?» Бу саволларни кўриб чиқиш, ваъз қилаётган инсонларнинг ҳис-туйғуларини тушуниб, уларга мослашишимизга ёрдам беради (1 Кор. 9:19–23).

ХИЗМАТДА ҚАНДАЙ ИНСОНЛАРНИ УЧРАТАМИЗ?

5. Ўзимизга қандай саволлар беришимиз керак?

5 Одатда хизмат қилаётиб, биз инсонлар билан шахсан гаплашамиз. Ҳар бир одам ўзига хос ва муаммолари турлича (2 Сол. 6:29). Ким биландир хушхабарни бўлишаётиб, ўзингиздан шундай сўранг: «Агар унинг вазиятида бўлсам, у менга қандай муносабат қилишини хоҳлардим? У шунчаки яқин атрофда яшайдиган кишига қарагандай муносабат қилса, бу менга ёқармиди? Ёки у мени алоҳида шахс сифатида яхшироқ билишини истармидим?» Ушбу саволларни кўриб чиқиш, ҳар бир уй эгасига алоҳида муносабат кўрсатишимизга ёрдам беради.

6, 7. Хизматда жаҳлдор кишини учратсак, нима қилишимиз лозим?

6 Ҳеч ким «жаҳлдор инсон» сифатида танилишни истамайди. Масалан, масиҳий бўлганимиз учун Муқаддас Китобдаги: «Сўзларингиз доимо ёқимли... бўлсин»,— деган маслаҳатга амал қилишга интиламиз (Колос. 4:6). Бироқ баъзида номукаммаллигимиз панд бергани учун, бирор нарсани гапириб, кейин бундан афсусланамиз (Ёқб. 3:2). Агар кунимиз ёмон ўтгани учун, нохуш сўзлар билан кимнидир хафа қилиб қўйсак, бизга «қўпол» ёки «бепарво» деган тамға босишларини истамаган бўлардик. Ўзгалар бизни тушунишларига умид қиламиз. Демак, бошқаларга ҳам шундай муносабат кўрсатсак тўғри бўлмасмиди?

7 Агар хизматда жаҳлдор кишини учратсак, у нима учун бундай қилаётганини тушунишга интилиш яхшироқ бўлмасмиди? Балки у ишхонада ёки мактабда босимга учраётгандир? Соғлиги билан боғлиқ жиддий муаммоси бордир? Кўп ҳолларда, аввалига эшитишни хоҳламаган инсонлар, Яҳованинг хизматчилари мулойимлик ва ҳурматни намоён этишгач, ўз муносабатларини ўзгартиришган (Ҳик. 15:1; 1 Бутр. 3:15).

8. Нима сабабдан «ҳар турли инсонларга» Шоҳлик хабарини ваъз қилишимиз керак?

8 Хизматда, келиб чиқиши турли бўлган инсонларни учратамиз. Сўнги йилларда «Қўриқчи минораси» журналининг «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» туркумида 60 дан зиёд инсонларнинг ҳаёт ҳикоялари чоп этилган. Уларнинг баъзилари ўғри, ичкиликбоз, жиноий тўда аъзоси ёки гиёҳванд сифатида таниқли бўлишган. Бошқалари эса, сиёсатчи, дин арбоби ё ишга муккасидан кетган одамлар эди. Айримлари ахлоқсиз ҳаёт кечиришган. Шунга қарамай,  улар хушхабарни эшитгач, Муқаддас Китоб тадқиқига рози бўлишган, ҳаёт тарзларини ўзгартиришган ва ҳақиқатни қабул қилишган. Демак, муайян одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарга қулоқ солмайди, деб амин бўла олмаймиз (1 Коринфликларга 6:9–11 ни ўқинг). Аксинча, биз «ҳар турли инсонлар» ҳақиқатни қабул қилишига умид боғлаймиз (1 Кор. 9:22).

ОДАМЛАР БИЛАН ҚАЕРДА СУҲБАТЛАШАМИЗ?

9. Нима учун бошқаларнинг уйига ҳурмат кўрсатишимиз керак?

9 Хизмат қилаётганда одамлар билан қаерда суҳбатлашамиз? Аксарият ҳолларда уларнинг уйларига бориб ваъз қиламиз (Мат. 10:11–13). Одамлар бизнинг уй ва мол-мулкимизга ҳурмат кўрсатишса, бу бизга ёқади. Уйимиз биз учун муҳим аҳамият касб этади. У, ўзимизни хавфсиз ҳис қила оладиган хилват жой бўлишини истаймиз. Қўни-қўшниларимизга ҳам шундай ҳурмат кўрсатишга ҳаракат қилишимиз даркор. Шунинг учун, уйма-уй хизмат қилаётиб, борган одамларнинг уйига ҳурмат кўрсатсак яхши бўларди (Ҳавор. 5:42).

10. Хизмат вақтида бошқаларни безовта қилишдан қандай қочишимиз мумкин?

10 Жиноятчилик авж олган ҳозирги дунёда, аксарият уй эгалари нотаниш кишилардан шубҳаланишади (2 Тим. 3:1–5). Биз эса, одамларни шубҳалантирадиган ҳаракатлардан қочишимиз керак. Мисол учун, уй ёнига келиб, қўнғироқни босдик. Агар ҳеч ким жавоб бермаса, ойнадан мўралаш ёки уй атрофида юриб, эгаларини қидириш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. Бу, ҳудудингиздаги одамларнинг жаҳлини чиқармайдими? Унинг қўшнилари нима деб ўйлашади? Тўғри, биз кенг шоҳидлик беришимиз даркор (Ҳавор. 10:42). Одамларга ҳақиқатни етказишни жуда истаймиз ва ниятимиз холис (Рим. 1:14, 15). Шундай бўлса-да, ваъз қилаётган ҳудудимиздаги одамларни ҳаддан ташқари безовта қиладиган ҳаракатлардан қочсак, доно иш қилган бўламиз. Ҳаворий Павлус қуйидагича ёзган: «Хизматимиз нуқсонсиз бўлиши учун, бирор нарсада бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмаяпмиз» (2 Кор. 6:3). Ҳудудимиздаги одамларнинг уйлари ва мол-мулкига ҳурмат кўрсатсак, бундай муносабатимиз кимнидир ҳақиқатга жалб қилиши мумкин (1 Бутрус 2:12 ни ўқинг).

Уй эгаларининг мол-мулки ва ҳоли қолиш истагига ҳурмат кўрсатайлик (10- хатбошига қ.)

ҚАЙСИ ПАЙТДА СУҲБАТЛАШИШ САМАРАЛИРОҚ?

11. Нима учун бошқалар вақтимизга ҳурмат кўрсатишса буни қадрлаймиз?

11 Худонинг хизматчилари сифатида кўпчилигимиз жуда бандмиз. Ҳамма нарсани улгуриш учун вақтимизни режалаштириб, тўғри тақсимлашимиз керак (Эфес. 5:16; Филип. 1:10). Баъзан ҳамма нарса режамизга мувофиқ бўлмаса, руҳимиз тушиши мумкин. Шунинг учун, бошқалар вақтимизга ҳурмат кўрсатишса ва уларга кўп вақт ажрата олмаслигимизни тушунишса, биз буни қадрлаймиз. Олтин қоидани ёдда тутган ҳолда, ваъз қилаётган инсонларга қай йўсин ҳурмат кўрсата оламиз?

12. Уй эгалари билан суҳбатлашиш самаралироқ бўлган вақтни қандай аниқлашимиз мумкин?

12 Уй эгалари билан суҳбатлашиш самаралироқ бўлган вақтни аниқлашга ҳаракат қилишимиз даркор. Одатда ҳудудимиздаги одамларни қайси пайт уйда топиш мумкин? Қачон улар эшитишга кўпроқ мойил бўлишади? Одамларнинг вақтига мослашиш учун ишларимизни бошқача режалаштирсак, яхши бўларди. Баъзи мамлакатларда, пешиндан кейин ёки оқшомда уйма-уй хизмат қилиш кўпроқ самара келтиради. Бу сизнинг ҳудудингизга ҳам мос келса, шу пайтда хизмат қилишни режалаштира оласизми? (1 Коринфликларга 10:24 ни ўқинг). Одамларга қулай пайтда ваъз қилиш учун фидойилик кўрсатсак, Яҳова баракалар ёғдиради.

13. Одамларни ҳурмат қилаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

 13 Одамларни ҳурмат қилаётганимизни яна қандай кўрсата оламиз? Эшитишга мойил одамни топганимизда, унга яхши шоҳидлик беришимиз лозим. Аммо унинг меҳмондўстлигини суиистеъмол қилмаслигимиз даркор. Чунки бу вақтга, уй эгаси муҳим деб билган бошқа ишни режалаштирган бўлиши мумкин. Агар у бандлигини айтса, биз қисқароқ гапиришимизни айтиб, ваъдамизда туришимиз керак (Мат. 5:37). Суҳбатни тугатгач, яна қачон кўришишимиз мумкинлигини сўрасак бўлади. Баъзи ваъзгўйлар шундай сўрашни самарали деб билишади: «Сиз билан яна кўришсак хурсанд бўлардим. Яна келишдан олдин қўнғироқ қилсам ёки СМС ёзсам сизга қулайроқ бўладими?» Одамларнинг бандлигини ва ўз режалари борлигини тушунсак, Павлусга тақлид қилган бўламиз. У, «Аллоҳ уларни қутқариб қолиши учун» ўзининг эмас, кўпларнинг фойдасини кўзлаган (1 Кор. 10:33).

ОДАМЛАРГА ҚАЙ ЙЎСИН ЁНДАШИШ ЛОЗИМ?

14–16. а) Нега уй эгасига келганимизнинг мақсадини очиқ айтишимиз керак? Мисол келтиринг. б) Бир кўчма нозир мурожаат қилишнинг қайси усулини самарали деб топибди?

14 Айтайлик, бир куни бизга нотаниш киши қўнғироқ қилди. У қайси таомларни ёқтиришимизни сўради. Биз унинг кимлигини ва аслида унга нима кераклигини билмай ҳайрон бўламиз. Ҳурмат юзасидан у билан қисқача гаплашишимиз мумкин, лекин кейин суҳбатни тугатмоқчи эканимизни билдирармиз. Энди эса, бошқача вазиятни тасаввур қилинг. Бизга қўнғироқ қилган  одам ўзини хушмуомала тарзда таништириб, озиқ-овқат соҳасида ишлашини ва баъзи фойдали маслаҳатлар билан бўлишмоқчи эканини айтди. Албатта, уни эшитишга мойилроқ бўламиз. Демак, одамлар биз билан гаплашаётиб ўзини мулойимлик ила таништирса, бу бизга хуш келади. Хўш, хизматда учратган одамларнинг ҳис-туйғуларини қандай қилиб инобатга олишимиз мумкин?

15 Кўп жойларда уй эгаларига нима мақсадда келганимизни очиқ айтишимиз керак. Тўғри, биз уларга қимматбаҳо маълумотни етказмоқчимиз. Лекин ўзимизни таништирмай, дабдурустдан муқаддимани қуйидагича бошлаб юбордик дейлик: «Мабодо, дунёдаги барча муаммоларни ҳал қилиш имконингиз бўлганда, қайси биридан бошлаган бўлардингиз?» Чиндан ҳам, бу савол ёрдамида одам нима ҳақида ўйлаётганини билиб, Муқаддас Китоб асосида суҳбат қуришни истаймиз. Аммо бу пайтда уй эгасида шундай саволлар туғилар: «Нималар бўляпти ўзи? Бу нотаниш киши ким ва нега у мендан буларни сўраяпти?» Шундай бўлса-да, уй эгаси ўзини эркинроқ ҳис қилишига ёрдам бера оламиз (Филип. 2:3, 4). Буни қандай қилишимиз мумкин?

16 Бир кўчма нозир мурожаат қилишнинг самарали йўлини топибди. У ўзини таништиргач, «Ҳақиқатни билиб олишни истайсизми?» номли букламани уй эгасига кўрсатиб: «Ҳудудимиздаги одамларга шундай букламани таклиф қиляпмиз. Букламада кўпчиликни қизиқтирадиган олтита савол муҳокама қилинган. Бу сизга»,— дер экан. Биродаримизнинг айтишича, одамлар нимага келганимизни билишса, ўзларини эркинроқ ҳис қилишади. Шунда суҳбатни давом эттириш осон кечади. Биродаримиз гапида давом этиб, қуйидагича савол беради: «Сизни бу саволларнинг қайси бири кўпроқ қизиқтиради?» Агар одам бирортасини танласа, у букламани очади ва Муқаддас Китобда бу борада нима дейилганини муҳокама қилади. Акс ҳолда, уй эгасини ҳижолатга қўймай, унинг ўзи бирон саволни танлайдида суҳбатни давом эттиради. Албатта, суҳбат бошлашнинг турли усуллари бор. Баъзи жойларда, келганимизнинг сабабини айтишдан олдин, маҳаллий одатларга кўра уй эгалари билан салом-алик қилиш учун кўпроқ вақт талаб қилинади. Одамларда хушхабарни тинглаш истагини уйғотишнинг сири, муқаддималаримизни ўзгартириб туришдан иборат.

ХИЗМАТДА ОЛТИН ҚОИДАГА ҚАТЪИЙ АМАЛ ҚИЛИНГ

17. Олтин қоидага амал қилишимиз мумкин бўлган қайси вазиятларни кўриб чиқдик?

17 Олтин қоидага амал қилишимиз керак бўлган айрим вазиятлар қайсилар? Ҳар бир уй эгасига шахсан ёндашамиз. Уларнинг уй-жойи ва мол-мулкига ҳурмат кўрсатамиз. Хизмат қилаётиб, одамлар уйида бўлган ва эшитишга мойил пайтни инобатга олишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, хушхабарни ҳудудимизга мос тарзда етказишга интиламиз.

18. Ҳудудимиздаги одамларга ўзимизга кутгандай муносабат қилиш, қандай фойда келтиради?

18 Ҳудудимиздаги одамларга ўзимизга кутгандай муносабат қилиш кўп фойда келтиради. Эътиборли ва хушмуомала бўлсак, нуримиз янада ёрқинроқ порлайди, Муқаддас Китоб принциплари муҳимлигини кўрсатамиз ва самовий Отамизга шараф келтирамиз (Мат. 5:16). Бундай ёндашиб, кўп одамларни ҳақиқатга жалб қила оламиз (1 Тим. 4:16). Биз ваъз қилаётган одамлар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни қабул қиладими ёки йўқми, хизматни бажариш учун қўлимиздан келган барча нарсани қилаётганимизни билишдан мамнуният ҳис қиламиз (2 Тим. 4:5). Кўпчилигимиз қуйидаги сўзларни ёзган Павлусга эргашамиз: «Буларнинг барини хушхабар учун, яъни уни бошқалар билан баҳам кўриш ниятида қиляпман» (1 Кор. 9:23). Хуллас, келинг, хизматда доим олтин қоидага амал қилайлик!