Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2014

Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қила олмайди

Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қила олмайди

Ҳеч ким икки хўжайинга қуллик қилолмайди... Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қули бўла олмайсизлар. МАТ. 6:24

1–3. а) Бугунги кунда кўпчилик қанақа иқтисодий қийинчиликларга дуч келмоқда ва улар буни қай тарзда ҳал қилишга уринишмоқда? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Бола тарбияси масаласида қандай ташвишлар юзага келмоқда?

«ЭРИМ Жаҳонгир ҳар куни ишдан ҳолдан тойиб қайтарди, маоши эса фақат кундалик эҳтиёжларга етарди холос,— деб тушунтиради Майрам *. — Мен унинг оғирини енгил қилишни ва ўғлим Жўрабекни синфдошларига ўхшаб чиройли кийинтиришни хоҳлардим». Майрам шунингдек, катта рўзғорини тебратиш ва келажакка маблағ йиғиб қўйишни истарди. Унинг аксарият дугоналари кўпроқ пул топиш ниятида бошқа мамлакатларга кетишган эди. Лекин ўзи ҳам шундай қилиши тўғрисида ўйлаганда, ҳаяжонланиб кетарди. Нега?

2 Майрам қадрдон оила аъзоларини ҳамда ўз маромида кетаётган маънавий фаолиятини қолдириб кетишдан қўрқарди. Шундай бўлса-да у, бошқалар вақтинча ишлагани кетиб, уларнинг оилалари маънавий зарар кўрмагани ҳақида ўйларди. Аммо у узоқда бўлатуриб, Жўрабекни қандай тарбиялай олишидан хавотирланарди. У интернет орқали ўғлига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг фикрлаш тарзини пайванд қила» олармикан? (Эфес. 6:4).

3 Майрам йўл-йўриқ излади. Эри унинг кетишини истамаса ҳам, уни тўхтатишга уринмади. Жамоатда оқсоқоллар ва  баъзи имондошлар унга кетмасликни маслаҳат беришди, лекин опалардан айримлари уни боришга ундашди. «Оилангни яхши кўрсанг, борасан. Ўша ерда ҳам Яҳовага хизмат қилаверасан»,— дейишарди улар. Гарчи оёғи тортмаётган бўлса-да, Майрам Жаҳонгир билан Жўрабекни ўпиб хайрлашди ва чет давлатга жўнаб кетди. «У ерда узоқ қолиб кетмайман»,— деб ваъда берди у *.

ОИЛАВИЙ БУРЧ ВА МУҚАДДАС КИТОБ МЕЪЁРЛАРИ

4. Нима учун кўп одамлар ўзга юртга кетишади, аммо уларнинг фарзандлари кўпинча кимнинг қарамоғида қолади?

4 Яҳова Ўз хизматчиларининг қашшоқликда кун кечиришини истамайди. Қадим замонлардан, кўчманчи бўлиб яшаш қашшоқликдан қутулишнинг йўлларидан бири эди (Заб. 36:25; Ҳик. 30:8). Очарчиликка йўлиқмаслик учун художўй Ёқуб ўғилларини Мисрга озиқ-овқат олиб келишга юборган * (Ибт. 42:1, 2). Ҳозирги пайтда чет давлатларга кўчиб ўтаётганларнинг аксарияти очарчилик дастидан уйларини қолдириб кетишаётгани йўқ. Бироқ улар қарзга ботиб кетганидан ишлашга мажбур бўлиши мумкин. Бошқалар эса, шунчаки оилавий шароитини яхшилагиси келади. Оғир иқтисодий аҳволни енгиш мақсадида, кўплар хоҳ ўз мамлакатида, хоҳ ўзга юртда бўлсин, оила аъзоларидан узоқда яшашга қарор қилишади. Кўп ҳолларда улар кичикроқ болаларини умр йўлдошининг, каттароқ фарзандининг, бобо-бувисининг, бошқа қариндошларининг ёки дўстларининг қарамоғига ташлаб кетишади. Гарчи ўзга юртга кетганлар турмуш ўртоғини ёки фарзандларини қолдириб кетишганидан қайғу чекишса-да, кўплар бундан бошқа илож йўқ деб ўйлашади.

5, 6. а) Бахтиёрлик ва хавфсизлик борасида Исо нима деган? б) Исо издошларига қанақа моддий нарсалар ҳақида ибодат қилишни ўргатган? в) Яҳова бизга қай йўсин барака беради?

5 Исонинг даврида эҳтимол кўп одамлар камбағал бўлиб, қулайликларга эга бўлмагандир ва улар кўпроқ пул орттиришса янада бахтли ҳамда хавфсиз яшаса бўлади деб ўйлашгандир (Марк 14:7). Аммо Исо, одамлар бошқа нарсага умид боғлашларини истарди. У битмас-туганмас бойликларнинг Манбаи — Яҳовага таянишларини хоҳларди. Тоғдаги ваъзида Исо, чинакам бахтиёрлик ва хавфсизлик на моддий нарсаларга, на саъй- ҳаракатларимизга, балки самовий Отамиз билан дўстлигимизга боғлиқлигини тушунтирган.

6 Намунали ибодатида Исо бизни молиявий хавфсизлик тўғрисида эмас, балки кундалик эҳтиёжларимиз, «бугунги ризқ-рўзимиз» ҳақида ибодат қилишни ўргатган. У тингловчиларига: «Ўзингиз учун ер юзида хазина тўпламанглар... Бунинг ўрнига, хазинани осмонда тўпланглар»,— деб таъкидлар эди (Мат. 6:9, 11, 19, 20). Яҳова ваъда қилганидек, бизга барака беришига ишонсак бўлади. Худонинг баракаси бор-йўғи Унинг розилиги эмас; бу бизни айни муҳтож бўлган нарсалар билан таъминлашга қаратилган ҳаракатидир. Ҳа, чинакам бахтиёрлик ва хавфсизликка эришишнинг ягона йўли, пулга эмас, балки ғамхўр Отамизга таянишдир (Матто 6:24, 25, 31–34 ни ўқинг).

7. а) Яҳова бола тарбиясини кимнинг зиммасига юклаган? б) Нега ота ва она фарзандларининг ёнида бўлишлари шарт?

7 Худонинг адолатини ҳаётда биринчи ўринга қўйиш, оилавий бурчга нисбатан Яҳова каби муносабатда бўлишни ўз ичига олади. Мусога берилган Қонунда масиҳийларга тааллуқли меъёр бор: ота-оналар болаларига маънавий таълим беришлари зарур (Қонунлар 6:6, 7 ни ўқинг). Худо бу масъулиятни бобо-бувиларга ёки бошқа кишиларга эмас, балки ота ва онага юклаган. Шоҳ Сулаймон шундай маслаҳат берган: «Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад  этма» (Ҳик. 1:8). Яҳова истайдики, ота ва она фарзандларига таълим ҳамда йўл-йўриқ бераётиб, уларнинг ёнида бўлсин (Ҳик. 31:10, 27, 28). Болалар ота-оналаридан айниқса маънавий масалаларда кўп нарсани ўрганишади. Ота-она кундалик суҳбатида Яҳова тўғрисида гапирганда ёки шахсан ўрнак кўрсатганда бу болаларининг назаридан четда қолмайди.

ИСТАЛМАГАН ОҚИБАТЛАР

8, 9. а) Ота ёки она оиласидан узоқда яшаганда қанақа ўзгаришлар юз бериши мумкин? б) Айрилиқ қандай ахлоқий ва ҳиссий зарар етказиши мумкин?

8 Хорижга кетишдан аввал кўплар бунинг баланд-пастликларини ва нимани қурбон қилишга тўғри келишини ўйлаб чиқишади. Лекин оилани қолдириб кетишнинг барча оқибатларини камдан-кам одам кўра олади (Ҳик. 22:3) *. Майрам кетганидан сўнг кўп ўтмай оиласини қолдирганидан қаттиқ изтироб чека бошлади. Унинг эри ва ўғли ҳам бундан азоб чекди. Митти Жўрабек ҳадеб: «Нимага мени ташлаб кетдингиз?» — дея сўрайверди. Майрам бир неча ойдан кейин қайтиб келмоқчи эди-ю, у ерда бир неча йил қолиб кетди ва оиласида юз бераётган ўзгаришлар уни ташвишга солиб қўйди. Жўрабек одамови бўлиб, онасига нисбатан меҳри совий бошлади. «Ўғлим мени яхши кўрмай қолди»,— дея хўрсиниб эслайди Майрам.

9 Ота-она фарзандлари билан бирга яшамаса, бу уларга ахлоқий ва ҳиссий зарар етказиши мумкин *. Бола қанчалик ёш бўлса ва айрилиқ қанчалик узоқ чўзилса, зарар ҳам шунчалик катта бўлади. Майрам Жўрабекка, унинг манфаатини кўзлаб ўзини қурбон қилганини тушунтирган эди. Аммо Жўрабекка, онаси уни ташлаб кетгандек туюларди. Бошида у онасининг кетганидан хафа бўлиб юрди. Кейинчалик эса, онасининг қайтиб келганидан хафа бўлди. Қолдириб кетилган болаларнинг аксарияти сингари, Жўрабек гўё Майрамни оналик ҳуқуқидан маҳрум этгандай, унга итоат этишни ва уни яхши кўришни истамасди (Ҳикматлар 29:15 ни ўқинг).

Интернет орқали болангизни қучоқлай олмайсиз (10- хатбошига қ.)

10. а) Ота ёки она йўқлигини билдирмаслик учун совғалар жўнатиб турса, фарзандларига бу қандай таъсир қилади? б) Болаларини масофадан тарбиялашга уриниб, ота ёки она уларни нимадан маҳрум қилади?

10 Майрам йўқлигини билдирмаслик учун уйга пул ва совғалар юбориб турган бўлса ҳам, ўғлига бегонадек бўлиб қолаётганини пайқади. Шунингдек, ўзи истамаган ҳолда ўғлига моддий нарсаларни маънавий фаолиятдан ва оилавий муносабатлардан ҳам муҳимроқ деб ҳисоблашни ўргатаётганини англади (Ҳик. 22:6). «Уйга келмай қўяверинг. Совға жўнатиб турсангиз бўлди»,— дерди унга Жўрабек. Шунда Майрам ўғлини хатлар, телефон ёки  видеоалоқа орқали масофадан тарбиялай олмаслигини тушуна бошлади. «Интернет орқали болангизни на қучоқлай оласиз, на ўпа оласиз»,— деб бўлишди у.

Турмуш ўртоғингиздан узоқда бўлсангиз, қандай хавф-хатарга дуч келишингиз мумкин? (11- хатбошига қ.)

11. а) Ишлаш мақсадида оиладан узоқда яшаш никоҳга қандай таъсир қилади? б) Бир синглимиз оиласига қайтиб бориши зарурлигини қандай тушуниб етди?

11 Майрамнинг Яҳова билан ҳамда эри Жаҳонгир билан муносабатлари ҳам дарз кетди. У йиғилишларга ва хизматга ҳафтада атиги бир марта ёки ундан ҳам озроқ қатнайдиган бўлди. Шунингдек, у ишхонасидаги хўжайинининг жинсий алоқада бўлиш таклифлари билан курашишга мажбур бўлди. Муаммоларга дуч келгач, ёнида суянган тоғи — турмуш ўртоғи бўлмай, ҳам Майрам, ҳам Жаҳонгир бошқалар билан дардлашадиган бўлди ва жинсий ахлоқсизликка қўл уришларига сал қолди. Охири Майрам, гарчи ўзи ҳам эри ҳам зино қилмаган бўлса-да, эр-хотин алоҳида яшаб туриб, Муқаддас Китобдаги бир-бирининг ҳиссий ва жинсий эҳтиёжларини қондириш борасидаги маслаҳатга амал қила олмаслигини англаб етди. Хаёлига келган фикрни, нигоҳини ёки табассумини умр йўлдошига изҳор этиш, назокат ила қўлини ушлаш, меҳр билан қучоқлаш, севгисини ўзгача намоён этиш, яъни унга «тегишли ҳақини бериш» улар учун имконсиз эди (Қўшиқ 1:1, 2; 1 Кор. 7:3, 5). Боз устига, улар ўғли билан биргаликда Яҳовага хизмат қила олмасдилар. Майрам шундай деб эслайди: «Яҳованинг улуғ кунида омон қолиш учун мунтазам оилавий топиниш ўтказишимиз муҳимлигини анжуманда эшитганимда, уйга қайтиб боришим кераклигини тушундим. Мен ўзимнинг ҳамда оиламнинг маънавий аҳволини тиклашни бошлашим керак эди».

ЯХШИ ВА ЁМОН МАСЛАҲАТ

12. Оиласидан узоқда яшаётганларга Муқаддас Китобнинг қайси маслаҳатини қўлласа бўларди?

12 Майрамнинг уйга қайтиш қарорига ҳамма ҳар хил муносабат билдирди. Ўша ердаги жамоат оқсоқоллари уни кўрсатган имони ва жасорати учун мақташди. Аммо у сингари, турмуш ўртоғидан ва оиласидан узоқда яшаётган баъзилар бундан хурсанд бўлишмади. Майрамнинг яхши ўрнагига тақлид қилишнинг ўрнига улар уни фикридан қайтаришга уринишди. «Ҳали тезда қайтиб келасан. Ахир уйга кетсанг, қандай тирикчилик қиласан?» — дейишарди улар. Кўнгилни туширадиган гапларни айтгандан кўра, имондошлари бундай ёш аёлларга «насиҳат бериб, эрларини, фарзандларини севишга... рўзғорга жонкуяр» бўлишга, яъни ўз уйида меҳнат қилишга ундашса, «Аллоҳнинг каломи ҳақоратланмасди» (Титусга 2:3–5 ни ўқинг).

13, 14. Яҳовани оиланинг орзу-ҳавасларидан устун қўйиш учун нега имон талаб қилинади? Мисол келтиринг.

13 Ўзга юртда ишлаётганларнинг аксарияти, урф-одатни ҳамда оиласи ва айниқса ота-онаси олдидаги бурчни ҳар нарсадан устун деб ҳисоблайдиган маданиятларда катта бўлишган. Яҳовани рози қилиш мақсадида кенг тарқалган  одатларга ёки оиласининг орзу-ҳавасларига қарши чиқиш учун масиҳийдан кучли имон талаб қилинади.

14 Карина бошидан ўтганларни сўзлаб берди: «Ўғлим Дан туғилганда, мен эрим билан чет давлатда ишлаётган эдик. Ўшанда мен эндигина Муқаддас Китобни ўргана бошлаган эдим. Оиламизда ҳамма ўғлим Данни уйга юборамиз ва моддий аҳволимиз тиклангунча ўғлимга ота-онам қараб туришади, деб ўйлашган». Карина Данга ўзи ғамхўрлик қилмоқчи эканини айтганида, қариндошлари, жумладан эри ҳам уни ишёқмас деб, масхара қилишган. «Очиғини айтсам, ўшанда мен ўғлим Данни бир неча йилга ота-онамга қолдириб кетишнинг нимаси ёмонлигини охиригача тушунмасдим,— дейди Карина.— Лекин ўғлимиз бизнинг, яъни ўз ота-онасининг ёнида катта бўлиши учун Яҳова бизга иш топиб беришини билардим». Карина яна ҳомиладор бўлиб қолганида, имондош бўлмаган эри ундан болани олдириб ташлашни талаб қилган. Карина илгари тўғри қарор чиқариб, имонини мустаҳкам қилгани туфайли, бу сафар ҳам Яҳованинг тарафида маҳкам тура олган. Ҳозир у, эри ва фарзандлари бирга эканларидан бахтиёрлар. Агар Карина болаларидан бирини ёки икковини бошқаларнинг қарамоғига ташлаб кетганида, натижа умуман бошқача бўлиши мумкин эди.

15, 16. а) Болалигида қолдириб кетилган синглимизнинг бошидан кечганларини сўзлаб беринг. б) Нега у ўз қизи билан бошқача йўл тутишга қарор қилган?

15 Вики исмли Яҳованинг Шоҳиди шуларни сўзлаб берди: «Мени бир неча йил бувим катта қилган, синглим эса ота-онам билан қолган. Вақт ўтиб, мен яна ота-онам билан бирга яшай бошладим, аммо уларга нисбатан меҳрим совиган эди. Синглим уларнинг олдида ўзини эркин ҳис қилиб, уларни қучоқларди ва улар билан дўстона муносабатда эди. Мен эса ота-онамдан узоқлашиб қолгандай бўлардим ва ҳатто вояга етганимда ҳам ҳис-туйғуларимни уларга ошкор эта олмасдим. Синглим ва мен ота-онамизни, қариганларида уларга ғамхўрлик қилишимизга ишонтирардик. Фақат синглим уларни яхши кўргани учун бундай қилса, мен мажбурият юзасидан қилардим».

16 Вики шундай дея давом этди: «Энди онам, бир вақтлар мени ўз онасига юборгани сингари, мен ҳам қизимни унинг ёнига юборишимни хоҳлаяпти. Мен унинг ҳурматини жойига қўйиб, таклифини рад этдим. Эрим ва мен боламизни Яҳованинг йўлларида катта қилишни истардик. Ахир, қизалоғим билан келажакда муносабатларимиз дарз кетишини хоҳламасдик». Вики Яҳовани ва Унинг меъёрларини молиявий мақсадлардан ҳамда оиланинг орзу-ҳавасларидан устун қўйиш, муваффақиятга эришишнинг ягона йўли эканини тушуниб етди. Ҳа, Исо: «Ҳеч ким икки хўжайинга [ҳам Худога, ҳам бойликка] қуллик қилолмайди»,— деб бежиз айтмаган (Мат. 6:24; Чиқ. 23:2).

ЯҲОВА УРИНИШЛАРИМИЗГА БАРАКА БЕРАДИ

17, 18. а) Масиҳийлар қанақа ваъдаларга ҳамиша ишонишлари мумкин? б) Келаси мақолада қайси саволларга жавоб топамиз?

17 Агар биз Шоҳликни ва Унинг адолатини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйсак, Самовий Отамиз Яҳова Ўз сўзига содиқ бўлиб, биз айни муҳтож бўлган нарсаларни етказиб беради (Мат. 6:33). Шунингдек, қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Яҳова Муқаддас Китоб меъёрларига зид йўл тутишга мажбур бўлмаслигимиз учун «иложини» беришни ҳам ваъда қилмоқда (1 Коринфликларга 10:13 ни ўқинг). Масалан, биз Яҳовага ибодат қилиб, итоатли бўлсак, Унга таянаётганимизни кўрсатамиз (Заб. 36:5, 7). Шунда У самимий уринишларимизни кўриб, баракасини беради ва нимага муҳтож бўлсак, шуни бизга ато этади (Ибтидо 39:3 ни солиштиринг).

18 Айрилиқ дастидан етказилган зиённи тузатишга қандай ёрдам бериш мумкин? Оилани қолдириб кетмай, рўзғор тебратиш ҳамда тирикчилик қила олиш учун қанақа чоралар кўрса бўлади? Бошқаларни бу соҳада тўғри қарорлар чиқаришга қандай чорлай оламиз? Бу саволларга келаси мақолада жавоб топамиз.

^ 1- х.б. Исмлар ўзгартирилган.

^ 3- х.б. Гарчи бу мақолада аёллар чет элга бориб ишлаши ҳақида гап кетган бўлса-да, келтирилган маслаҳатлар эркакларга ҳам тегишли.

^ 4- х.б. Ёқубнинг ўғиллари ҳар сафар Мисрга йўл олишганда, оилаларини узоғи билан уч ҳафтага қолдириб кетишарди. Ёқуб билан ўғиллари Мисрга кўчиб кетишаётганда эса хотин ва бола-чақаларини ўзлари билан олиб кетишган (Ибт. 46:6, 7).

^ 8- х.б. «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2013 йил 1 февраль сонида 6-саҳ. мақолага қ.

^ 9- х.б. Турли мамлакатлардан келган хабарларга кўра, чет элда ишлаш мақсадида умр йўлдошини ёки фарзандларини қолдириб кетиб, айримлар жиддий муаммоларни орттириб олишган. Масалан, турмуш ўртоқлардан бири ёки иккови ҳам хиёнат қилган, ўз жинсдоши ёки яқин қариндоши билан жинсий алоқада бўлган. Болалар эса ўзини тутиш ва таҳсил олишда муаммоларга дуч келишган, жаҳли тез, ғамга ботган, тушкун аҳволда ёки ўз жонига қасд қилишга мойил бўлиб қолишган.