Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Апрель 2014

Жасоратга тўлинг. Яҳова сизнинг ёрдамчингиздир!

Жасоратга тўлинг. Яҳова сизнинг ёрдамчингиздир!

Биз жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: «Яҳова менинг ёрдамчим». ИБРОН. 13:6

1, 2. Четда элда ишлаб келганлар уйга қайтгач қандай қийинчиликларга дуч келишади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

«ЧЕТ ЭЛДА масъулиятли ишим бор эди. Кўп пул топардим,— деб эслайди Эдуардо *.— Аммо Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганимда, зиммамда янада муҳимроқ масъулият борлигини, яъни оиламга нафақат жисмонан, балки маънан ғамхўрлик қилишим ҳам зарурлигини тушундим. Шу сабабли уйга қайтадиган бўлдим» (Эфес. 6:4).

2 Эдуардо оиласи билан бирга бўлса, Яҳованинг кўнглини мамнун қилишини биларди. Лекин ўтган мақолада эслатиб ўтилган Майрам сингари у ҳам, оилавий муносабатларни қайта тиклаш учун кўп тер тўкишига тўғри келди. Шунингдек у кичкина маош билан хотини ва болаларини боқишда қийинчиликларга дуч келди. Хўш у қандай қилиб рўзғорини тебратади? Жамоатдагилардан у қандай ёрдам кутиши мумкин?

МАЪНАВИЙ ҲАМДА ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ

3. Ота-оналар узоқда бўлгани фарзандларга қандай таъсир қилади?

3 «Қизларим йўл-йўриққа ва меҳримга айни муҳтож бўлган пайтда, уларни эътиборсиз қолдирганимни тушуниб етдим,— деб тан олди Эдуардо.— Агар ўшанда ёнларида бўлганимда Муқаддас  Китоб ҳикояларини ўқиб берардим, биргаликда ибодат қилардик, уларни бағримга босардим ҳамда бирга ўйнардик» (Қонун. 6:7). Унинг катта қизи Анна ўша кунларни эслаб шундай деди: «Отам уйда бўлмаганидан ўзимни ҳимоясиз ҳис қилардим. У уйга қайтганида, биз уни фақат юз кўринишидан ва овозидан танидик. Отам мени қучоқлаганида эса ўзимни ғалати ҳис қилдим».

4. Отанинг уйда бўлмагани, унинг оила боши сифатидаги вазифасига қандай таъсир қилади?

4 Отанинг уйда бўлмагани, унинг оила боши сифатидаги вазифасига ҳам ёмон таъсир қилар экан. Эдуардонинг хотини Руби шундай деб тушунтирди: «Мен оилада ҳам оналик, ҳам оталик вазифасини бажарардим. Оиладаги аксарият қарорларни ўзим чиқарардим. Эдуардо уйга қайтганида, Худо талаб қилганидек эрга бўйсуниш нималигини ўрганишимга тўғри келди. Ҳозир ҳам ўзимга эрим шу ердалигини эслатиб туришимга тўғри келади» (Эфес. 5:22, 23). Эдуардо қуйидагини қўшиб қўйди: «Қизларим бирон нарсага рухсат сўраш учун онасининг олдига югуришарди. Ота-она эканмиз, иккаламизнинг гапимиз бир жойдан чиқишини фарзандларимизга кўрсатиш муҳимлигини тушундик. Шундай қилиб мен Худо маъқул деб билган тарзда оилани бошқаришни ўргандим».

5. Уйига қайтган бир ота оилавий муносабатларни қайта тиклаш учун қандай чора кўрди ва бу қанақа натижа берди?

5 Эдуардо қўлидан келганча оила аъзолари билан муносабатларни қайта тиклаб, уларни маънан мустаҳкамлашга қарор қилди. «Мен сўзим ва ўрнагим билан, яъни нафақат Яҳовани севаман дейиш, балки буни амалда кўрсатиш орқали болаларим қалбига ҳақиқатни пайванд қилишни мақсад қилдим» (1 Юҳан. 3:18). Яҳова Эдуардонинг имон билан қилган ҳаракатларига барака бердими? «Унинг жон-жаҳди билан яхши ота бўлишга ҳамда бизга яқинлашишга ҳаракат қилгани катта ўзгаришларга сабаб бўлди,— деб жавоб берди Анна.— Жамоатдаги муваффақиятини кўриб, отамиз билан фахрланардик. Дунё бизни Яҳовадан узоқлаштирмоқчи бўлди, лекин ота-онамиз ҳақиқатни маҳкам ушлашганини кўриб, биз уларга тақлид қилишга ҳаракат қилардик. Дадажонимиз энди бизни ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини ваъда қилди ва у сўзида турди. Агар у шундай қилмаганида, ҳозир Яҳованинг ташкилотида бўлишим амримаҳол эди».

МАСЪУЛИЯТНИ ЗИММАГА ОЛИШ

6. Уруш даврида ота-оналар ўзлари учун қандай сабоқ олган?

6 Баъзи мисоллар кўрсатиб турибдики, Болқон урушлари даврида шу ҳудуддаги Яҳова Шоҳидларининг болалари, оғир шароитларга қарамасдан, ўзларини бахтиёр ҳис қилишган. Нега? Ота-оналар чет элга ишлашга чиқа олишмагани туфайли уйларида қолиб, фарзандлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишарди, бирга ўйин ўйнашарди ҳамда суҳбатлашиб ўтиришарди. Бундан қандай сабоқ? Пул ёки совғалардан кўра, фарзандлар ота-онаси билан бирга бўлишга кўпроқ муҳтожлар. Худонинг Каломида айтилганидек, ота-оналар болаларига эътибор ва таълим-тарбия беришса, фарзандлари бундан кўп фойда олади (Ҳик. 22:6).

7, 8. а) Уйига қайтган баъзи ота-оналар қандай хатога йўл қўйишади? б) Ота-оналар фарзандларига салбий ҳис-туйғуларни енгишга қандай ёрдам беришлари мумкин?

7 Афсуски, баъзи ота-оналар уйга қайтгач болаларининг ранжиганини ёки бефарқ бўлганини кўриб: «Ахир сени деб мен қанча қурбонликларга бордим. Энди яхшиликка ёмонликми?» — деб айтишади. Лекин фарзандларида пайдо бўлган бундай салбий муносабатга узоқда бўлган ота-онанинг ўзи сабабчи эмасми? Дарз кетган муносабатларни қайта тиклаш учун ота ёки она нима қилиши мумкин?

8 Оила аъзоларингизнинг ҳис-туйғусини тушунаётганингизни кўрсатиш учун Яҳовадан фаҳм-фаросат сўранг. Оила аъзоларингиз билан гаплашаётганда эса, сизнинг ҳам айбингиз борлигини тан олиб, масъулиятни зиммангизга олинг. Чин юракдан кечирим сўраш яхши иш беради. Турмуш ўртоғингиз ҳамда фарзандларингиз ўзгаришга самимият ила ҳаракат қилаётганингизни кўришса, бу уларни  бефарқ қолдирмайди. Қатъият ва сабр-тоқат ила сиз, охир-оқибатда оила аъзоларингизнинг севгиси ва ҳурматини қозона оласиз.

«УЙДАГИЛАРИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШ»

9. «Уйдагиларига ғамхўрлик қилиш» учун нега бойлик ортидан қувиш шарт эмас?

9 Ҳаворий Павлус, мабодо қария масиҳийлар ўзларига ғамхўрлик қила олишмаса, болалар ва неваралар «ота-оналари ва бобо-бувиларига нисбатан бурчларини бажаришлари» кераклиги ҳақида йўл-йўриқ берган. Аммо ҳаворий барча масиҳийларни кундалик эҳтиёжлар, яъни егулик, кийим ва бошпана билан қаноатланишга ундаган. Биз доимо аълороқ шароитда яшашга ёки молиявий хавфсизликка интилмаслигимиз керак (1 Тимўтийга 5:4, 8; 6:6–10 ни ўқинг). Масиҳий «уйдагиларига ғамхўрлик қилиш» учун яқинда йўқ бўлиб кетадиган дунёда бойлик орттириши шарт эмас (1 Юҳан. 2:15–17). Биз ҳеч қачон «алдамчи бойлик» ёки «турмуш ташвишлари» дастидан, оиламиз «ҳақиқий ҳаётни қўлдан бой бериб», Худонинг адолатли янги дунёсидан маҳрум бўлишига йўл қўймаслигимиз керак! (Марк 4:19; Луқо 21:34–36; 1 Тим. 6:19).

10. Қарзга ботмаслик учун нима қилсак оқилона бўлади?

10 Яҳова ҳаммамизда пулга эҳтиёж борлигини тушунади. Аммо бойлик на ҳимоя қила олади ва на илоҳий донолик бера олади (Воиз 7:12; Луқо 12:15). Кўп ҳолларда одамлар чет элда ишлаш қанчалик қимматга тушишини охиригача англашмайди. Боз устига у ерга бориш кўп пул ишлаб келишни кафолатламайди. Дарҳақиқат, чет элда ишлашнинг хавфи кўп. Аксарият муҳожирлар баттар қарзга ботиб уйларига қайтиб келишади. Эркинликда Худога хизмат қилишнинг ўрнига, улар қарз берган кишига қул бўлиб қолишади (Ҳикматлар 22:7 ни ўқинг). Ундан кўра бошданоқ қарзга ботишга йўл қўймаслик оқилона бўларди.

11. Оилавий бюджет тузиш, қандай қилиб ортиқча сарф-харажатдан асрайди?

11 Эдуардо оиласи билан бирга қолиши учун пулга нисбатан тежамкор бўлиши зарурлигини тушунди. У хотини билан бирга сотиб олишга чиндан ҳам эҳтиёж бўлган нарсаларни эътиборга олган ҳолда оилавий бюджет тузди. Табиийки, бу бюджетда оила аъзоларининг олдинги харажатлари анчага қисқартирилган эди. Аммо оила аъзоларининг барчаси ортиқча харажат қилмаслик мақсадида бир-бирини қўллаб-қувватлашарди *. «Масалан, болаларимни хусусий мактабдан, яхши таълим берадиган давлат мактабига ўтказиб қўйдим»,— деб бўлишди Эдуардо. У ҳамда оиласи, маънавий фаолиятининг тартибига халақит бермайдиган бирон иш топиши учун биргаликда ибодат қилишди. Хўш, Яҳова уларнинг ибодатига қандай жавоб қайтарди?

12, 13. Оиласини боқиш мақсадида бир ота қандай амалий чоралар кўриб қўйди ва Яҳова унинг содда ҳаёт кечириш қарорига барака бердими?

12 «Дастлабки икки йил давомида базўр кун кўрардик, — деб эслайди Эдуардо.— Жамлаб қўйган маблағларим кундан-кунга камайиб борарди, топган озгина пулим эса доим ҳам харажатларимизни қопламасди ва мен ҳолдан тойиб кетардим. Аммо биронта учрашувни қолдирмасдик ва хизматга ҳам чиқиб турардик». Эдуардо оиласини бир неча ойга ёки йилга қолдиришга мажбур қиладиган иш ҳақида ўйлашни хаёлига ҳам келтирмасди. «Аксинча мен турли ишлар қилишни ўргандим, агар бирон иш тугаб қолса, бошқасини қилишга ҳаракат қилардим»,— деб айтади Эдуардо.

Оилангизни боқиш учун турли хил ишларни қилишни ўргана оласизми? (12- хатбошига қ.)

13 Эдуардо қарзларидан халос бўлишига узоқ вақт талаб қилинарди. Шу сабабли у кўпроқ пул ишлаб қарзларини узмоқчи эди. Аммо у, Яҳова ота-оналардан кутганидек, оила аъзоларининг ҳаётида тўлақонли иштирок этиб, секин-аста қарзларидан қутулишни маъқул деб билди. «Ҳозир мен топаётган пул, чет элда ишлаган пулимнинг атиги 10 фоизини ташкил этади, лекин “Эгамизнинг қўли қисқа эмас”, Худога шукр оиламиз оч қолмаяпти. Шундай экан, биз кашшофлик хизматини бошлашга қарор қилдик. Кўп ўтмай, иқтисодий аҳвол яхшиланди ва оиламизнинг моддий  эҳтиёжларини қондириш анча осон бўлди»,— деб бўлишди Эдуардо (Ишаё 59:1).

ҚАРИНДОШЛАРНИНГ БОСИМИ

14, 15. Оилалар маънавийликни бойлик орттиришдан устун қўйгани учун қандай босимга дуч келишмоқда ва уларнинг яхши ўрнаги қандай натижа бериши мумкин?

14 Кўп жойларда, одамлар қариндош ҳамда дўстларига пул ва совғалар беришга ўзини бурчли деб ҳисоблайди. «Тўғри, бу маданиятимизнинг бир қисми ва биз совға беришни яхши кўрамиз, аммо бунинг ҳам меъёри бор, — дейди Эдуардо.— Мен хушмуомалалик билан яқин қариндошларимга қўлимдан келганча ёрдам беришимни, лекин бунинг дастидан ўз оиламнинг маънавий эҳтиёжлари ва фаолиятини хавф остига қўйишни истамаётганимни тушунтирдим».

15 Уйга қайтган муҳожирлардан ҳам, оиласини ташлаб чет элда ишлашни истамайдиганлардан ҳам, кўпинча қариндошлари жаҳли чиқади, нафратланади ёки кўнгли қолади. Чунки бу қариндошлар уларга боқувчи сифатида қарашади. Баъзилар уларни бемеҳр деб атайди (Ҳик. 19:6, 7). «Лекин айрим қариндошларимиз маънавийликни бойлик орттиришдан устун қўйганимизни кўриб, Худога маъқул тарзда яшаш биз учун қанчалик муҳим эканини тушунишлари мумкин. Агар уларнинг гапи бўйича йўл тутганимизда, улар буни тушунишармиди?» (1 Бутрус 3:1, 2 ни солиштиринг).

ХУДОГА ТАЯНИНГ

16. а) Қандай қилиб инсон «ўзини алдаши» мумкин? (Ёқб. 1:22). б) Яҳова қандай қарорларга барака беради?

16 Эрини ва болаларини қолдириб бой мамлакатга ишлаш учун келган опамиз оқсоқолларга шундай дебди: «Бу ерга келишим учун оиламиз кўп нарсани қурбон қилди. Эрим ҳатто оқсоқол сифатида хизмат қилмай қўйди. Энди Яҳова бу қароримга барака беради деб умид қиламан». Албатта Яҳова Унга таяниб қилинган ишнинг баракасини беради, лекин Унинг иродасига қарши бўлган қарорга, айниқса моддий манфаатни деб муқаддас хизматни қолдирса, қанақасига барака бериши мумкин? (Ибронийларга 11:6; 1 Юҳанно 5:13–15 ни ўқинг).

17. Нега қарорни чиқаргандан кейин эмас, бундан олдин Яҳованинг йўл-йўриғини излаш керак ва буни қандай қилишимиз мумкин?

17 Қарорни чиқаргандан кейин эмас, бундан олдин Яҳованинг йўл-йўриғини изланг. Ибодатда муқаддас руҳ, донолик ва йўл-йўриқ сўранг (2 Тим. 1:7). Ўзингизга шундай деб савол беринг: «Қандай вазиятларда мен тайёрлик  ила Яҳовага итоат қиламан? Ҳатто таъқиблар остида қулоқ соламанми?» Агар шундай бўлса, сиз кутган даромаддан камроғига яшашга тайёрмисиз? (Луқо 14:33). Оқсоқоллардан Муқаддас Китоб асосида маслаҳат беришларини сўранг ҳамда берилган маслаҳатга амал қила олишингиз учун Яҳованинг ваъдаларига ишонаётганингизни кўрсатинг. Оқсоқоллар сиз учун қарор чиқара олмайди, лекин улар келажакда ҳам сизга бахт келтирадиган танловни қилишга кўмаклаша олишади (2 Кор. 1:24).

18. Оила боқиш масъулияти кимнинг зиммасига ташлаб қўйилган, аммо қандай вазиятларда уларга ёрдам беришга ҳаракат қилсак бўлади?

18 Яҳова оила бошларининг зиммасига оиласини боқишдек оғир масъулиятни ташлаб қўйган. Шундай экан, бошқалар чет элга бориб ишлашга ундаса ҳам ёки ўзларида шундай васваса пайдо бўлса ҳам, хотин ва бола-чақасини ташлаб кетмай ўз вазифасини бажараётган имондошларимизни мақтаб, улар учун ибодат қилсак арзийди. Кутилмаган вазиятларда, масалан табиий офатлар пайтида ёки тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда уларга севги ва раҳм-шафқат кўрсатишнинг энг яхши пайтидир (Галат. 6:2, 5; 1 Бутр. 3:8). Имондошларингиз танг аҳволда қолишганда, уларга пул ёки озиқ-овқат ёхуд яқин атрофдан иш топиб берсангиз бўладими? Шу йўсин имондошингизни чет мамлакатда ишлаб келиш босимидан халос қиласиз (Ҳик. 3:27, 28; 1 Юҳан. 3:17).

ЯҲОВА ЁРДАМЧИНГИЗ ЭКАНИНИ УНУТМАНГ!

19, 20. Нега масиҳийлар Яҳовадан ёрдам олишига амин бўлишлари мумкин?

19 Муқаддас Китоб бизни шундай деб ундамоқда: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Борига шукур қилинглар, чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган. Шу сабабли, биз жасоратга тўлиб, шундай деяпмиз: “Яҳова менинг ёрдамчим; мен қўрқмайман. Инсон менга нима ҳам қила оларди?”» (Иброн. 13:5, 6). Бу маслаҳатни амалда қандай қўлласак бўлади?

20 Ривожланаётган мамлакатда анчадан буён оқсоқол бўлиб хизмат қилаётган битта биродар шундай деди: «Одамлар кўпинча Яҳова Шоҳидларининг бахтиёрлиги ҳақида гапиришади. Улар ҳатто камбағал Шоҳидларнинг доимо ораста кийинганига ва бошқаларга қараганда ташқи кўринишлари анча яхши эканига эътибор беришади». Бу эса Шоҳликни биринчи ўринга қўяётганларга Исонинг берган ваъдасига мувофиқдир (Мат. 6:28–30, 33). Шубҳасизки, самовий Отангиз Яҳова сизни севиб, сиз ва болаларингизга фақат яхшилик тилайди. Зеро «Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч-қудрат беради» (2 Сол. 16:9). У бизнинг манфаатимизни кўзлаб, турмушимизнинг турли соҳаларида, жумладан оилавий ҳаёт ҳамда моддий эҳтиёжларга оид амрлар берган. Агар биз уларга амал қилсак, Худога бўлган севгимизни ҳамда ишончимизни кўрсатган бўламиз. «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир ва Унинг амрлари оғир эмас» (1 Юҳан. 5:3).

21, 22. Нега сиз Яҳовага таянишни мақсад қилиб қўйдингиз?

21 Эдуардо шундай дейди: «Хотиним ва болаларимдан узоқда бўлган пайтларни орқага қайтариб бўлмаслигини тушунаман, лекин олдингга қараб яшашга ҳаракат қиламан. Аксарият ҳамкасбларим бой бўлишса-да, аммо бахтсизлар. Уларнинг оиласида муаммолар ошиб-тошиб ётибди. Бироқ бизнинг оила аъзоларимиз жуда бахтиёр! Бошқа биродарларнинг ҳатто камбағал бўлишларига қарамай, ўз мамлакатида ишлаб, маънавийликни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишаётганини кўриб қойил қоламан. Орамиздан ҳаммамиз Исонинг сўзлари ҳақиқат эканини амалда синаб кўрганмиз» (Матто 6:33 ни ўқинг).

22 Жасоратга тўлинг! Яҳовага итоат қилиб, Унга таянишни танланг. Худога, турмуш ўртоғингизга ҳамда фарзандларингизга бўлган севги, сизни оилангизнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш масъулиятини бажаришга ундасин. Шунда Яҳова сизнинг ёрдамчингиз бўлиши тайин.

^ 1- х.б. Исмлар ўзгартирилган.

^ 11- х.б. Шунингдек, «Уйғонинг!» журналининг (рус) 2011- йил сентябрь сони, 7–8- саҳ. мақолага қаранг.