Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2014

Яҳованинг меҳр ила назорат қилишини қадрлайсизми?

Яҳованинг меҳр ила назорат қилишини қадрлайсизми?

Эгамизнинг кўзлари ҳамма жойда, У яхши-ю ёмонни кўриб туради. ҲИК. 15:3

1, 2. Яҳованинг меҳр ила назорат қилиши кузатув камераларидан нимаси билан фарқ қилади?

КЎП МАМЛАКАТЛАРДА, йўл ҳаракатини назорат қилиш ва бахтсиз ҳодисаларни суратга тушириш мақсадида кузатув камераларидан кенг фойдаланилади. Камералар ҳайдовчининг ҳодиса жойидан қочганини суратга туширгани туфайли, давлат ходимлари уни топиб, ҳибсга олишга муваффақ бўлишади. Ҳа, ҳамма жойда «электрон кўзлар» ўрнатилгани сабабли, одамлар қилган ишларининг оқибатларидан қочиб-қутулиши қийин бўлади.

2 Аммо кузатув камераларининг шу қадар кенг қўлланилиши, бизга меҳрибон Отамиз Яҳовани эслатиб турадими? Муқаддас Китобда айтилишича, Унинг кўзлари «ҳамма жойда» (Ҳик. 15:3). Бу дегани, У қилаётган ишларимизни доимо кузатадими? Худо бизни Ўз қонунларини бажаришга мажбур қилиш ва хатога йўл қўйишимиз биланоқ жазолаш ниятида назорат қиладими? (Ерм. 16:17; Иброн. 4:13). Асло ундай эмас! Яҳова авваламбор ҳар биримизни севгани ва манфаатимизни кўзлагани учун бизга кўз-қулоқ бўлиб туради (1 Бутр. 3:12).

3. Худо бизни меҳр ила назорат қилаётганини қайси бешта соҳада кўриб чиқамиз?

3 Худо бизни меҳр ила назорат қилаётганини қадрлашимизга  нима ёрдам беради? Келинг, У буни қай тарзда қилаётганини кўриб чиқайлик. Масалан, У бизни 1) ёмон йўлга кириб кетишдан огоҳлантиради; 2) бирон ножўя иш қилсак тўғрилайди; 3) Каломидаги меъёрлар орқали бошқаради; 4) турли қийинчиликларга дуч келсак ёрдам беради ва 5) яхши фазилатларимизни кўрганда мукофотлайди.

КУЗАТУВЧАН ХУДО БИЗНИ ОГОҲЛАНТИРЯПТИ

4. Яҳова Қобилни нима мақсадда «эшигида гуноҳ пойлаб туриши» ҳақида огоҳлантирган?

4 Аввал келинг, Худо бизни ёмон йўлга кириб кетишдан қандай огоҳлантиришини кўриб чиқайлик (1 Сол. 28:9). Худонинг меҳр ила назорат қилаётганини қадрлаш учун, У Қобил билан қандай муомала қилгани ҳақида бир ўйланг. Худо унинг қурбонлигини қабул қилмаганида, «Қобил қаттиқ хафа бўлиб, қовоғини солди» (Ибтидо 4:3–7 ни ўқинг). Яҳова Қобилни «тўғри иш қилишга» ундади. Агар у ёмон иш қилса, «эшигида гуноҳ пойлаб туриши» ҳақида огоҳлантирди. Худо Қобилга: «Гуноҳни сен мағлуб қилишинг керак», — деди. Худо, Қобил Унинг огоҳлантиришига қулоқ солишини хоҳларди. Ўшанда Худо уни қабул қиларди ва уларнинг орасидаги яхши муносабатлар сақланиб қоларди.

5. Яҳова бизни зарарли истаклардан қай тарзда огоҳлантиради?

5 Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Яҳова қалбимизнинг ичидагини кўришга қодир; биз асл истак ва ниятларимизни Ундан яшира олмаймиз. Меҳрибон Отажонимиз, адолат йўлидан оғмай юришимизни истайди; аммо-лекин танлаган йўлимиздан қайтишга мажбурламайди. Агар нотўғри йўлга қадам қўйсак, У бизни Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали огоҳлантиради. Қандай қилиб? Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиётганимизда, ёмон мойилликларимиз ва зарарли истакларимизни енгишга ёрдам берадиган оятларга кўзимиз тушади. Бундан ташқари, ташкилотимизнинг нашрлари, биз курашаётган муаммони ёритиб, уни қандай енгишимиз мумкинлигини кўрсатади. Йиғилишларимизда эса, барчамиз ўз вақтида керакли маслаҳатлар оламиз!

6, 7. а) Миллионлаб инсонлар учун тайёрланаётган адабиётларни нега Худонинг ғамхўрлигидан далолат, деб айтиш мумкин? б) Яҳованинг шахсан сизга эътибор бераётганидан қандай фойда олсангиз бўлади?

6 Муқаддас Китобдаги барча огоҳлантиришлар, Яҳова ҳар биримизни меҳр ила назорат қилаётганидан далолат беради. Тўғри, Муқаддас Китобдаги сўзлар қадим замонларда ёзилган, Худонинг ташкилоти чиқараётган адабиётлар миллионлаб инсонлар учун тайёрланади, йиғилишларда берилаётган маслаҳатлар эса бутун жамоатга тааллуқли. Шундай бўлса-да, ушбу вазиятларнинг барида Яҳова, ниятларингизни тўғрилаб олишингизни истаб, сизнинг эътиборингизни Ўз Каломига қаратади. Бу эса Яҳова шахсан сизга ғамхўрлик қилаётганининг исботидир.

Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимиз хавф-хатарлардан асрай олади (6- ва 7- хатбошиларга қ.)

7 Худонинг огоҳлантиришларидан фойда олиш учун аввал У биз учун қайғураётганини тан олишимиз керак. Шунда биз Унинг Каломига ижобий муносабатда бўлиб, Унга маъқул бўлмаган ҳар қандай фикрни ўзимиздан соқит қилишга интиламиз (Ишаё 55:6, 7 ни ўқинг). Агар берилган огоҳлантиришларга қулоқ солсак, ўзимизни кўпгина ташвишлардан асраб қоламиз. Борди-ю, ёмон истакларимизга берилиб кетсак, меҳрибон Отамиз бизга қанақа ёрдам кўрсатади?

ҒАМХЎР ОТАМИЗ БИЗНИ ТЎҒРИЛАЯПТИ

8, 9. Яҳова хизматчилари орқали насиҳат бериб, биз учун жон куйдираётганини қандай кўрсатяпти? Мисол келтиринг.

8 Бизни тўғриламоқчи бўлишганда, Яҳова бизга ғамхўрлик қилаётганини тушунишимиз керак (Ибронийларга 12:5, 6 ни ўқинг). Бизга панд-насиҳат ёки танбеҳ берилса, қабул қилиш қийин кечади (Иброн.  12:11). Аммо бизга насиҳат бераётган кишининг нима учун бундай қилаётгани ҳақда ўйланг. Ахир, у қилган ишимиз Тангри Яҳова билан муносабатларимизга таъсир қилишини билади. У ҳис-туйғуларимизни инобатга олиб, Худога маъқул келиш учун қандай ўзгаришлар қилишимиз кераклигини Муқаддас Китоб ёрдамида кўрсатади. Бу учун эса у вақт ва кучини сарфлайди. Ниҳоят, бундай насиҳатларнинг Манбаи Яҳова эканини унутманг.

9 Келинг, Худо хизматчилари орқали бизга қандай ғамхўрлик қилишини кўриб чиқайлик. Бир кишининг порнография томоша қилиш одати бўлган. Аммо у ҳақиқатни билгач, бу одатни ташлаган. Шундай бўлса-да, унинг эски мойиллиги худди тутаётган чўғлар каби ичида қолган эди. У янги телефон харид қилганида, ёмон истаклари қайтадан аланга олган (Ёқб. 1:14, 15). Аста-секин у телефони орқали порнографик сайтларга кира бошлаган. Бир куни у оқсоқол билан телефон ёрдамида ваъз қилаётганда, баъзи манзилларни қидириш учун телефонини оқсоқолга бериб турган. Оқсоқол унинг телефонидан фойдаланаётиб, шубҳали сайтларни кўриб қолган. Натижада, маънавийлиги хавф остида бўлган бу биродаримизга айни зарур вақтда маслаҳат берилган. Унга нисбатан бундай чора кўрилгани туфайли у ёмон мойиллигини енга олган. Ҳа, ғамхўр Отамиз ҳатто яширин гуноҳларимизни кўриб, ботиб кетмасимиздан олдин бизни тўғрилаётгани учун бағоят миннатдормиз!

ИЛОҲИЙ МЕЪЁРЛАРНИ ҚЎЛЛАБ ФОЙДА ОЛАМИЗ

10, 11. а) Худонинг йўл-йўриғини қаердан изласангиз бўлади? б) Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилиш оқилона эканини бир оила қандай бошдан кечирди?

10 Сано ижодкори Яҳовага: «Ўгитларинг билан менга йўл кўрсатасан»,— деб куйлаган (Заб. 72:24). Йўл-йўриқ излаётганимизда биз Яҳованинг нуқтаи назарини билиш учун Каломига мурожаат қилиб, Уни «эътироф этамиз» ёки инобатга оламиз. Илоҳий меъёрларни қўллаш ҳам маънавий, ҳам моддий эҳтиёжларимизни қондиришда фойда келтиради (Ҳик. 3:6).

11 Яҳова одамларга йўл кўрсатишини, Филиппиндаги Масбате шаҳрининг тоғли ҳудудида яшовчи бир фермернинг мисолидан яққол кўрса бўлади. У ва хотини доимий кашшоф сифатида хизмат қила туриб, ижарага ер олиб катта оилани боқишарди. Бир куни улар ер эгасидан билдириш хати олишди. Хатда улардан фермани тарк этиш талаб қилинганди. Улар ҳайрон  бўлиб, сабабини суриштиришса, кимдир уларни қаллобликда айблаган экан. Албатта биродаримиз, энди қаерда яшаймиз, деб қайғурди. Аммо у Яҳовага таяниб, шундай деди: «Яҳова бизни ташлаб қўймайди. Нима бўлган тақдирда ҳам, У доим ризқимизни беради». Бу оила илоҳий меъёрларга мувофиқ яшагани туфайли, айбловларга қарамай тинчликни сақлади ва ҳурматсизлик қилмади. Орадан бир неча кун ўтиб, ер эгаси уларга фермада қолишга ижозат берди. У мана шу оиланинг айбловларга кўрсатган муносабатидан қойил қолиб, фикрини ўзгартирди ва ҳатто уларга ишлаш учун кўпроқ ер берди (1 Бутрус 2:12 ни ўқинг). Кўриниб турганидек, агар биз илоҳий меъёрлар бўйича яшасак, Яҳова қийин вақтларда бизга йўл кўрсатади.

СИНОВЛАРНИ ЕНГИШГА ЁРДАМ БЕРУВЧИ ДЎСТИМИЗ

12, 13. Қайси вазиятларда, Яҳова азоб чекаётганимизни кўряптими, деб ўйлашимиз мумкин?

12 Баъзан имонимизни синайдиган вазиятнинг чеки йўқдай кўринади. Эҳтимол, биз сурункали касаллик, оила аъзоларимиз томонидан узоқ давом этаётган қаршилик ёки ҳеч тугамаётган қувғинлар билан курашаётгандирмиз. Шахсиятимиз турлича бўлгани дастидан жамоатда бирон ким билан гапимиз қочиб қолса, бунга дош бериш айниқса қийин кечиши мумкин.

13 Масалан, биродаримиз сизни ранжитиб қўйса, сиз: «Худонинг ташкилотида бундай бўлмасиги керак-ку!» — деб эътироз билдирасиз. Мабодо сизни ранжитган биродарга жамоатда масъулиятли вазифалар берилса ва ҳамма уни ҳурмат қилса, сиз: «Бу қандай бўлиши мумкин? Ахир, Яҳова кўрмаяптими? Нега ҳеч нима қилмаяпти?» — деб хафа бўларсиз (Заб. 12:2, 3; Хаб. 1:2, 3).

14. Нима сабабдан Яҳова, биродарларимиздан жиддий маслаҳат олишимизга йўл қўяди?

14 Яҳова биздан кўра кўпроқ нарсани кўра олади ва агар бирон вазиятга йўл қўйса, демак жиддий сабаби бор. Масалан, кимдир сизга маслаҳат берса, сиз бу маслаҳатни ўринсиз, деб ҳисоблаб хафа бўлишингиз мумкин. Худо эса бу вазиятга бошқача қарайди. Балки бу маслаҳат сиз учун ўринлидир? Етакчи Кенгаш аъзоси бўлган Карл Клейн биродаримиз ўз таржимаи ҳолида, Рутерфорд биродаримиздан жиддий танбеҳ олгани ҳақида ёзган эди. Орадан вақт ўтиб, Рутерфорд биродаримиз унга дўстона салом берса, Клейн қуруқ жавоб қайтарибди. Шунда Рутерфорд, Клейн ҳали ҳам унинг маслаҳатидан хафа эканини сезиб: «Эҳтиёт бўл Клейн, Иблис изингга тушган»,— деб уни огоҳлантирибди. Етакчи Кенгаш аъзоси бўлиб тайинланганидан кейин, Клейн биродаримиз бу воқеадан қандай сабоқ олганини сўзлаб берган. Унинг айтишича, биродарларимиз бизга маслаҳат беришга ҳақли ва агар биз бу учун уларни ёмон кўрсак, Иблиснинг тузоғига тушиб қоламиз *.

15. Имон синовига дуч келганда нимани ёдда тутишимиз лозим?

15 Имонимизни синайдиган вазият ҳеч тугамаётгандай бўлиб туюлса, сабр косамиз тўлиши мумкин. Бу аҳволни қандай енгса бўлади? Фараз қилинг, сиз катта йўлда машина ҳайдаб кетаётиб, тирбандликка дуч келдингиз. Бу қанча давом этишини билмайсиз. Мабодо жаҳлингиз чиқиб, бошқа йўлдан кетишга ҳаракат қилсангиз, адашиб кўп вақт йўқотишингиз ва манзилга кечикиб боришингиз мумкин. Ўшанда, сабр-тоқат қилиб кутсам бўларкан, деган хулосага келасиз. Худди шундай, Худонинг Каломидаги йўл-йўриққа қатъий амал қилсангиз, ўз вақтида манзилга етиб борасиз.

16. Яҳова бизни имон синовидан халос этмаётганининг яна бир сабаби нимада бўлиши мумкин?

16 Эҳтимол Яҳова, муҳим нарсани ўрганишимизни  хоҳлаб, бизни имон синовидан халос этмаётгандир (1 Бутрус 5:6–10 ни ўқинг). Йўқ, Худо синовларга сабабчи эмас (Ёқ. 1:13). Аксарият муаммоларнинг сабабчиси — «душманингиз Иблис». Аммо, Худо қийин вазиятдан фойдаланиб, маънан ўсишимизга ёрдам бериши мумкин. У бизнинг азоб чекаётганимизни кўриб турибди ва бизга «ғамхўрлик қилгани» учун бу вазият «қисқа вақт» давом этишига бизни ишонтирмоқда. Имонингиз синалганда, енгиб ўтишингиз учун Яҳова йўл кўрсатишига амин бўлиб, сизни меҳр ила кузатаётганини қадрлаяпсизми? (2 Кор. 4:7–9).

ХУДОНИНГ МАРҲАМАТИ СИЗГА ЁР БЎЛСИН

17. Яҳова қанақа инсонларни излайди ва нима мақсадда?

17 Яҳова осмондан қараб, Уни чин юракдан севадиган инсонларни излайди. Валий Хонин шоҳ Осога шундай деган: «Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч-қудрат беради» (2 Сол. 16:9). Шоҳ Осо Худога буткул содиқ бўлмаган. Лекин сиз тўғри ишлар қилиб юрсангиз, Худо сизга «куч-қудрат беради».

18. Яхши ишларингизга ҳеч ким парво қилмаётгандай бўлиб туюлса, Яҳова ҳақида нимани ёдда тутишингиз керак? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

18 Худо «яхшиликнинг пайидан бўлишимизни», «яхшиликни севишимизни» ва «яхшилик қилишимизни» истайди. Агар шундай йўл тутсак, У бизга «илтифот қилади» (Амос 5:14, 15; 1 Бутр. 3:11, 12). Яҳова одил инсонларни кўриб, уларга барака беради (Заб. 33:15). Мисол учун Шифро ва Пуво деган иброний дояларини олайлик. Улар Исроил халқи Мисрда қул бўлган вақтда яшашган. Фиръавн уларга ҳар бир янги туғилган иброний ўғил болани ўлдиришни буюрган эди. Аммо улар Худодан қўрқиб, чақалоқларни тирик қолдиришган. Натижада Яҳова Шифро ва Пувони «оилали қилди» (Чиқ. 1:15–17, 20, 21). Ҳа, уларнинг яхши ишлари Худонинг назаридан четда қолмади. Эҳтимол, яхши ишларимизга ҳеч ким парво қилмайди, деб ўйлармиз. Лекин Яҳова кўриб турибди. У ҳар бир яхши ишимизга эътибор беради ва зинҳор мукофотсиз қолдирмайди (Мат. 6:4, 6; 1 Тим. 5:25; Иброн. 6:10).

19. Яхшиликлар Яҳованинг назаридан четда қолмаслиги борасида бир опамиз ўзи учун қандай сабоқ олди?

19 Австралияда бир опамиз, саъй-ҳаракатлари Худонинг назаридан четда қолмаганини ўзида ҳис қилган. Бу опамиз асли венгриялик бўлгани учун, унга венгерзабон бир кишининг манзилини беришган эди. Хизмат пайтида у кишини ҳеч учратиб бўлмасди. Шунда опамиз дарҳол ўша манзилга борган, аммо уйда ҳеч ким бўлмаган. Опамиз эса қайта-қайта бораверган. Эшик ортидан ҳеч ким жавоб бермаса-да, ичкарида одам борлиги сезилиб турарди. Опамиз адабиёт, мактублар ва телефон рақамини қолдирган эди. Бир ярим йил давомида қайта ташрифлар қилгандан сўнг, ниҳоят эшик очилди! Опамизни жуда хушмуомала аёл қарши олиб, шундай деди: «Хушкелибсиз, киринг ичкарига. Сиз келтирган барча адабиёту мактубларни ўқидим ва сизни сабрсизлик билан кутаётган эдим». Бу аёл кимиётерапия муолажасини ўтганди ва одамлар билан кўришишга мадори қолмаган эди. Шундай қилиб, аёл Муқаддас Китоб тадқиқига розилик билдирибди. Чиндан ҳам, Худо опамизнинг саъй-ҳаратларини тақдирламай қўймади!

20. Яҳованинг меҳр ила кузатаётганини қандай қабул қиляпсиз?

20 Яҳова барча ишларингизни кўриб турибди ва бу учун У сизни албатта тақдирлайди. Тангри сизни кузатиб туришини худди жонсиз кузатув камера назорати остида бўлганингиздек қабул қилманг. Аксинча, Уни ғамхўр ва жонкуяр Худодек билинг!

^ 14- х.б. Клейн биродаримизнинг таржимаи ҳоли «Қўриқчи минораси»нинг (ингл.) 1984 йил, 1 октябрь сонида чоп этилган.