Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2014

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Тўла вақтли хизмат менга кўп баракалар келтирди

Тўла вақтли хизмат менга кўп баракалар келтирди

65 йиллик тўла вақтли хизматимни эслаб, ҳаётимда қувончли кунлар жуда кўп бўлганини аминлик ила айта оламан. Лекин бу, умуман хафалик ёки тушкунлик пайтлари бўлмаган дегани ҳам эмас (Заб. 33:13; 93:19). Бироқ бу йилларнинг аксарияти баракали ва мазмунли бўлган!

1950 ЙИЛ 7 сентябрь куни, мен Бруклиндаги Байтил оиласининг аъзоси бўлдим. Бу ерда турли миллатлардан, ёши 19 дан 80 гача бўлган 355 та биродару опа-сингиллар хизмат қиларди. Улардан аксарияти мойланган масиҳийлар эди.

НЕГА ЯҲОВАГА ХИЗМАТ ҚИЛА БОШЛАДИМ

10 ёшимда, сувга чўмган вақтим

Мен «бахтиёр Тангри»га хизмат қилишни онамдан ўргандим (1 Тим. 1:11). Онам ҳали бола бўлганимда Яҳовага хизмат қилишни бошлаган эди. 1939 йил 1 июль куни АҚШнинг Небраска штати Колумбус шаҳрида ўтган минтақа анжуманида (ҳозир туман анжумани дейилади) ўн ёшимда сувга чўмдим. Ўшанда Жозеф Рутерфорднинг ёзиб олинган «Фашизм ёки озодлик» номли нутқини тинглаш учун ижарага олинган бинода тахминан 100 киши бўлиб йиғилдик. Нутқининг яримига етганда биномизнинг кичкина залида бир тўда оломон йиғилиб турган экан. Улар уриб ичкарига киришди-да, учрашувимизни тўхтатиб, ҳаммамизни ташқарига чиқариб ҳайдашди. Шунда биз битта биродаримизнинг ҳовлисида йиғилиб, дастурнинг қолган қисмини охиригача тингладик. Мен сувга чўмган кунимни ҳеч унутмаслигимни тасаввур қилсангиз керак!

Мен ҳақиқатда маҳкам туришим учун онам кўп меҳнат қилди. Гарчи отам яхши эр ва меҳрибон ота бўлган бўлса-да, динга унча қизиқиш кўрсатмасди, яъни маънавийлигим билан иши йўқ эди. Онам Омахадаги жамоат аъзолари билан биргаликда мени кўп қўллаб-қувватлаган.

ҲАЁТ ЙЎЛИНИ ТАНЛАШИМ

Ўрта мактабни тугатиш арафасида турганимда, ҳаётимни нимага бағишлаш борасида ўйланиб қолдим. Ҳар ёзги таътил пайтида тенгдошларим қатори мен ҳам вақтинчалик кашшоф (ҳозирги пайтда кўмакчи кашшоф) бўлиб хизмат қилардим.

Гилад мактабини яқинда тугатиб келган иккита бўйдоқ биродарни, яъни Жон Чимиклис ва Тэд Ярачни ҳудудимизга кўчма нозирлар қилиб тайинлашди. Улар энди 20 га кирганини эшитганимда лол қолдим. Ўшанда мен 18 ёшда бўлиб, мактабни битириш арафасида эдим. Чимиклис биродар, мендан ҳаётингни нимага бағишламоқчисан, деб сўрагани ҳали ҳамон эсимда. Айтиб берганимда, у мени шундай дея ундади: «Ҳа, иккиланмай тўла вақтли хизматни бошлайвер. Бу хизмат сенга қандай баракалар келтиришини хаёлингга ҳам келтира олмайсан». Бу маслаҳат  ва уларнинг ўрнаги менда катта таассурот қолдирди. Шундай қилиб 1948 йилда мактабни тугатишим биланоқ, кашшофлик хизматини бошладим.

БАЙТИЛГА ҚАНДАЙ ТУШИБ ҚОЛДИМ

1950 йил июль ойида ота-онам билан бирга Нью-Йорк шаҳрининг Янки ўйингоҳида ўтган халқаро анжуманда бўлдик. Анжуман пайтида мен Байтилда хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар учун уюштирилган учрашувга бордим. Мен жон деб анкетани тўлдириб, кўриб чиқишга бердим.

Гарчи отам уйимизда яшаб туриб, кашшофлик қилишимга қарши бўлмаса-да, мустақил тирикчилик қила олишим учун пул ишлашим зарур деб ҳисобларди. Шунда мен иш қидиришни бошладим. Август ойининг кунларидан бирида почта қутимизни текширсам, Бруклиндан хат келган экан. Мактубни Нэйтан Норр имзолаган бўлиб, шундай сўзлар ёзилган эди: «Байтил хизмати ҳақидаги анкетангизни олдик. Бутун умрингизни Байтил хизматига бағишлайсиз деган умиддамиз. Шу сабабли 1950 йил 7 сентябрь куни Нью-Йорк штати, Бруклин шаҳри, Колумбия-Хайтс 124 манзилига келишингизни сўраймиз».

Ўша куни отам ишдан қайтганида, унга янги иш топганимни айтдим. Шунда у: «Хўш, қанақа иш экан?» — деб сўради. Мен эса: «Бруклиндаги Байтилда ойига 10 доллар эвазига»,— деб жавоб бердим. Отам донг қотиб қолди, лекин агар шу ишни танлаган бўлсам, уни яхши ўзлаштириб олишимни айтди. Бу воқеадан кўп ўтмай, 1953 йил Янки ўйингоҳида ўтган анжуманда отам сувга чўмди!

Кашшоф ҳамкорим, Альфред Нусраллаҳ

Бахтимга шеригим Альфред Нусраллаҳ ҳам, худди шу куни Байтилга таклиф этилган эди. Шундай қилиб иккаламиз йўлга отландик. Дўстим кейинчалик уйланди ва хотини Жоан билан Гилад мактабини тугатиб, Ливанга тўла вақтли махсус ваъзгўй қилиб тайинланишди. Сўнг эса улар Қўшма Штатларга қайтиб, кўчма нозирлик хизматида бўлишди.

БАЙТИЛДАГИ ВАЗИФАЛАРИМ

Байтилдаги биринчи вазифам, китобларнинг варақларини тикиб муқовалаш эди. Ишлаган биринчи китобим эса — «Дин инсоният учун нима қилди?» деб номланган китоб бўлди. Етти йил Муқовалаш бўлимида ишлаганимдан кейин, мен Томас (Бад) Салливан биродаримиз бошчилигида Хизмат бўлимига тайинландим. У билан ишлаш менга жуда ёқарди. Унда илоҳий донолик ҳамда ташкилотимизда кўп йил ишлаб, узоқни кўра билиш қобилияти бор эди.

Хизмат бўлимида қарийб уч йил ишлаганимдан кейин, Босмахона нозири Макс Ларсон мени олдига чақириб, Норр биродаримиз мен билан кўришмоқчи эканини айтганида, бирор ножўя иш қилдимми дея хавотирлана бошладим. Норр биродаримиз мендан келажакда Байтилдан кетиш истагим бор ёки йўқлигини сўраганида, сал енгилроқ нафас олдим. У ўзи учун вақтинчалик ёрдамчи излаётган эди ва мен бу топшириқни эплай олишимни текширмоқчи бўлди. Шунда Байтилдан кетиш ниятим йўқлигини айтдим. Натижада у билан 20 йил елкама-елка ишлаш шарафига муяссар бўлдим.

Салливан, Норр, Милтон Хеншель, Клаус Женсен, Макс Ларсон, Хьюго Ример ва Грант Сьютер каби биродарлар билан ишлаб орттирган тажрибам учун улардан бир умр қарздорман дея қайта-қайта айтишдан чарчамайман *.

Мен ҳамкорлик қилган биродарлар ташкилотимизнинг олға сурилиши учун қилинадиган ишнинг кўзини биладиган кишилар эди. Норр биродаримиз ҳеч тиним билмай, Шоҳлик фаолиятининг  кенг қулоч ёзишини кўришни истарди. Унинг офисида ишлаганлар, унга бемалол мурожаат қила олишарди. Ҳатто муайян масала юзасида фикримиз турлича бўлса-да, барчамиз очиқчасига гапимизни айта олардик ва у бизга ишонарди.

Бир куни Норр биродаримиз менга майда-чуйда ишларни бажариш ҳам муҳимлиги ҳақида гапирди. Буни тушунтириш учун у бир воқеани айтиб берди. Бир вақтлар у босмахона нозири бўлиб хизмат қилганида, Рутерфорд биродаримиз уни телефонга чақириб, шундай дебди: «Норр, босмахонадан тушликка кетаётиб, ўзингиз билан менга ўчирғич ҳам олиб келсангиз. У ишим учун менга зарур бўлиб турибди». Шунда Норр биродаримиз аввал омборхонага бориб, ўчирғични олиб, чўнтагига солибди. Тушлик қилиб бўлгач эса, Норр ўчирғични Рутерфорд биродаримизнинг столига элтиб қўйибди. Эҳтимол бу арзимас нарсадир, лекин Рутерфорд учун керакли эди. Шунда Норр биродаримиз менга қуйидагини айтди: «Мен эса иш столимда яхши йўнилган қаламлар туришини истайман. Шундай экан, илтимос, ҳар эрталаб улар менинг столимда тайёр турсин». Кўп йиллар давомида мен унинг столида йўнилган қаламлар турганига амин бўлиш учун текшириб турардим.

Норр биродаримиз, биздан муайян топшириқни бажаришни сўрашганда диққат билан тинглаш муҳимлиги ҳақида тез-тез айтиб турарди. Бир куни у менга битта иш топшириб, уни қандай бажариш кераклиги тўғрисида батафсил йўл-йўриқ берди. Бироқ мен чалғиб, диққат билан эшитмадим. Бундан эса Норрнинг ҳафсаласи пир бўлди. Мен ёмон хижолат бўлдим, шунга қисқача мактуб ёзиб, қилган ишимдан пушаймон эканимни ва мени бошқа бўлимга ўтказиши мумкинлигини айтдим. Кўп ўтмай Норр биродаримиз олдимга кирди. «Роберт, мен хатингизни олдим. Сиз хато иш қилдингиз. Мен бу ҳақда сизга айтган эдим. Келажакда диққатлироқ бўласиз деган умиддаман. Энди кетдик, ишга киришайлик». Унинг меҳр ила берган насиҳати учун жуда миннатдорман.

ЎЙЛАНИШГА ҚАРОР ҚИЛДИМ

Байтилда етти йил хизмат қилганимдан кейин, бу ердаги хизмат туридан бошқаси хаёлимда йўқ эди. Лекин вақт ўтиб фикрим ўзгарди. 1958 йилда Янки ҳамда Поло Граундс ўйингоҳларида ўтган халқаро анжуманда, мен ҳали 1955 йилда танишган Лоррейн Бруксни учратиб қолдим. У ўша пайтларда Канаданинг Монреаль шаҳрида кашшоф бўлиб хизмат қиларди. Унинг тўла вақтли хизматга бўлган ғайрати ҳамда Яҳованинг ташкилотида эҳтиёж бўлган жойларга боришга тайёрлиги мени ҳайратда қолдирди. Лоррейн Гилад мактабида таҳсил олишни мақсад қилиб олган эди. Ва 1956 йил 22 ёшида уни Гилад мактабининг 27- синфига таклиф қилишди. Таҳсил олганидан сўнг, уни Бразилияга тўла вақтли махсус ваъзгўй сифатида тайинлашди. 1958 йилда Лоррейн ва мен яқинроқ танишиб олдик ва унга ўйланиш истагим ҳақида айтганимда у рози бўлди. Шундай қилиб келаси йил турмуш қуришни ва катта умидлар билан махсус ваъзгўйлик хизматида бирга бўлишни ният қилдик.

Норр биродарга режаларим ҳақида айтганимда, уч йил кутиб сўнг турмуш қуришимизни ва  Бруклиндаги Байтилда хизматни давом эттиришимизни таклиф қилди. Ўша пайтда Байтилда эр-хотин бўлиб хизмат қилишни истовчилардан бири ўн йил, иккинчиси камида уч йил хизмат қилиши кутиларди. Шу сабабли Лоррейн икки йил Бразилиядаги Байтилда, охирги бир йил эса Бруклиндаги Байтилда хизмат қилиб беришга рози бўлди.

Икки йил давомида биз хатлар орқали мулоқот қилиб, бир-биримизни севгимизга ишонтирардик. Телефон қилиш ўшанда жуда қиммат эди, электрон почта деган нарсалар эса бўлмаган! 1961 йил 16 сентябрда турмуш қурганимизда, Норр биродар бизга атаб никоҳ нутқини сўзлади. Бу биз учун катта шараф эди. Ҳа, ўша уч йил назаримизда жуда узоқ чўзилгандек бўлди. Лекин ҳозир 50 йилдан ошиқ никоҳда бахт ва хурсандчилик топганимизга қараб, шунча кутиб турганимиз беҳуда эмаслигини тан оламиз!

Тўй кунимиз. Чапдан ўнгга: Нэйтан Норр, Патрисия Брукс (Лоррейннинг синглиси), Лоррейн ва мен, Куртис Жонсон, Фей ва Рой Уоллен (ота-онам).

ХИЗМАТДАГИ БАРАКАЛАР

1964 йилда менга минтақа нозири сифатида бошқа мамлакатларга далдали ташрифлар қилиш шарафини беришди. Ўшанда сафарда бўлган биродарларга хотинларини ўзлари билан олишга рухсат беришмаган. Аммо 1977 йилда вазият ўзгарди ва хотинлар эрлари билан бирга чиқадиган бўлди. Шу йили мен, Лоррейн ва эр-хотин Грант ҳамда Эдит Сьютерлар билан биргаликда Германия, Австрия, Греция, Кипр, Туркия ва Исроилдаги филиалларга ташриф буюрдик. Жами бўлиб мен, бутун дунё бўйлаб 70 мамлакатга бориб келдим.

1980 йилда Бразилияга мана шундай сафарларнинг бирида қачонлардир хотиним Лоррейн махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган, экваторда жойлаган Белен шаҳрига ҳам кириб ўтдик. Биз шунингдек, Манаус шаҳридаги имондошлардан ҳам хабар олдик. Стадионда нутқ айтаётганимда, бир гуруҳга кўзимиз тушди. Улар чеккада ўтириб, бразилияликларга хос тарзда аёллари ўпишиб, эркаклари эса қўл сиқиб кўришмас эдилар. Нега?

Улар Амазонка нам тропик ўрмонларининг ичкарисидаги моховлар учун мўлжалланган ҳудуддан келган азиз имондошларимиз эди. Бошқа тингловчиларга бу касалликни юқтирмаслик учун, улар шундай қилишганди. Лекин биз уларни чин юракдан севиб қолдик ва уларнинг юзидан хурсандчилик порлаб турганини ҳеч қачон унутмаймиз! Яҳованинг: «Мана, қалблари шодликка тўлиб, Менинг қулларим қўшиқлар куйлайди»,— деган сўзлари ҳақиқат эканини яна бир бора ҳис қилдик (Ишаё 65:14).

САМАРАЛИ ВА МАЗМУНЛИ ҲАЁТ

Лоррейн билан мен, Яҳованинг хизматига сарфлаган 60 йилдан ошиқ вақтимиз ҳақида тез-тез мулоҳаза қиламиз. Яҳова бизни ташкилоти орқали йўналтиришига йўл қўйиб, чексиз баракаларга эга бўлганимиздан роса хурсандмиз. Ҳозир мен аввалгидек дунё бўйлаб саёҳат қила олмаяпман, лекин Етакчи Кенгашнинг ёрдамчиси сифатида, Раислар қўмитаси ҳамда Хизмат қўмитаси билан ҳамкорликда кундалик ишларимни бажара оляпман. Шу йўсинда умумжаҳон биродарлигимизни қўллаб-қувватлашга оз бўлса-да, ҳисса қўшиш шарафига эга бўлганимдан жуда миннатдорман. Ишаё каби: «Мен шу ердаман, мана, юборгин мени»,— дея тўла вақтли хизматга бел боғлаётган кўпгина ёш йигит-қизларни кўриб, ҳанузгача қойил қоляпмиз (Ишаё 6:8). Бундай руҳни намоён этаётганларнинг ҳаммаси, кўп йиллар аввал менга: «Иккиланмай тўла вақтли хизматни бошлайвер. Бу хизмат сенга қандай баракалар келтиришини хаёлингга ҳам келтира олмайсан»,— деган туман нозирининг сўзлари қанчалик тўғри эканини тасдиқламоқда.

^ 20- х.б. Санаб ўтилган биродарларнинг таржимаи ҳолларини «Қўриқчи минораси» журналининг қуйидаги сонларидан топишингиз мумкин: Томас (Бад) Салливан — 1965 йил, 15 август (ингл.); Клаус Женсен — 1969 йил, 15 октябрь (ингл.); Макс Ларсон — 1989 йил, 15 сентябрь (ингл.); Хьюго Ример — 1964 йил, 15 сентябрь (ингл.) ҳамда Грант Сьютер — 1983 йил, 1 сентябрь (ингл.).