Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2014

Мусонинг имонига тақлид қилинг

Мусонинг имонига тақлид қилинг

Мусо улғайганда, имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган. ИБРОН. 11:24

1, 2. а) Мусо 40 ёшларга бориб қандай қарор қилди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нима учун Мусо Худонинг халқи билан азоб чекиб яшашни танлади?

МУСО Мисрда нималарга эга бўлиши мумкинлигини биларди. У бойларнинг ҳашаматли саройларини кўриб турарди. Унинг ўзи ҳам шоҳ хонадонига мансуб бўлган. Унга «мисрликларнинг бор ҳикмати ўргатилган», жумладан санъат, астрономия, математика ва бошқа фанлардан таълим берилган бўлиши мумкин (Ҳавор. 7:22). У эга бўлган бойлик, ҳокимият ҳамда бошқа имтиёзларни оддий мисрликлар фақат тушида кўра оларди!

2 Аммо 40 ёшларга бориб, Мусо шундай бир қарор қилдики, уни боқиб олган Миср шоҳининг оиласи довдираб қолди. У шунчаки «ҳамма қатори» ҳаёт кечиришни эмас, балки қуллар орасида яшашни танлади! Нега? Мусо имонли бўлган (Ибронийларга 11:24–26 ни ўқинг). Имони туфайли Мусо атрофидаги жисмоний оламдан анча узоқни кўра биларди. Маънан етук инсон сифатида Мусо «кўринмас Зот» Яҳовага ҳамда Унинг ваъдалари амалга ошишига ишонарди (Иброн. 11:27).

3. Бу мақолада қайси учта саволга жавоб оламиз?

3 Биз ҳам жисмоний кўзлар билан кўриладиган нарсалардан кўпроғини кўра билишимиз керак. Биз «имонга эга бўлишимиз» лозим (Иброн. 10:38, 39). Имонимизни мустаҳкам қилишга кўмаклашиш учун эса, келинг Ибронийларга 11:24–26 да Мусо ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик. Муҳокама давомида,  ушбу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг: «Қай йўсин имон Мусони тана истакларидан воз кечишга ундаган? Уни ҳақоратлашганда, имон унга хизматидаги шарафли вазифаларни қадрлашга қандай ёрдам берган? Нима учун Мусо “мукофотга кўз тиккан”?»

У ТАНА ИСТАКЛАРИДАН ВОЗ КЕЧГАН

4. Гуноҳдан ҳузур-ҳаловат олиш ҳақида Мусо нимани тушунган?

4 Имон кўзлари билан қараб, Мусо гуноҳдан ҳузур-ҳаловат олиш «вақтинчалик» эканини тушунган. Эҳтимол, ўшанда кимдир шундай фикр қилгандир: «Миср бутпарастлик ва спиритизмга ботиб кетган бўлса ҳам, жаҳон империяси мақомига кўтарилди, Яҳованинг халқи эса қулликдан азоб чекяпти!» Бироқ Худо вазиятни ўзгартиришга қодирлигини Мусо биларди. Гарчи ўз истакларига эрк берганлар фаровон ҳаёт кечираётгандай кўринган бўлса-да, Мусо ёвузлар таг-томири билан қирилиб кетишига ишонарди. Натижада у «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олиш» васвасасига берилмаган.

5. «Гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олиш» васвасасига қарши туришингизга нима ёрдам беради?

5 Сиз «гуноҳдан вақтинчалик ҳузур-ҳаловат олиш» васвасасига қандай қилиб қарши тура оласиз? Гуноҳдан лаззатланиш ҳисси бир зумда ўтиб кетишини сира унутманг. Имон кўзлари билан, «дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетишини» кўра билинг (1 Юҳан. 2:15–17). Тавба қилмаётган гуноҳкорларнинг келажаги ҳақида мулоҳаза қилинг. Улар «сирпанчиқ ерда» турган бўлиб, «ваҳимадан қирилиб, йўқ бўладилар» (Заб. 72:18, 19). Гуноҳ ишга қўл уриш васвасасига дуч келганингизда, ўзингиздан: «Келажагим қанақа бўлишини хоҳлайман?» — деб сўранг.

6. а) Нима учун Мусо «фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган»? б) Нега сиз, Мусо тўғри қарор қилган деб ўйлайсиз?

6 Мусонинг имони, унинг қандай ҳаёт йўлини танлашига ҳам таъсир қилган. «Мусо улғайганда, имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишдан воз кечган» (Иброн. 11:24). Мусо, шоҳ хонадонининг аъзоси сифатида Худога хизмат қилиб ҳамда ўз бойлигию имтиёзидан фойдаланиб, Исроил халқига ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида ўйламаган. Аксинча, Мусо Яҳовани бутун қалби, жону дили ва бутун вужуди билан севишга қарор қилган (Қонун. 6:5). Мусонинг қарори уни кўпгина қайғулардан ҳимоялаган. У воз кечган Миср бойликларини тез орада Исроил халқи талаб кетган! (Чиқ. 12:35, 36). Фиръавн шармандаи шармисор бўлиб, ўлимга мубтало бўлган (Заб. 135:15). Мусонинг ҳаёти эса сақлаб қолинган ва Худо жамики халқини бехатар жойга бошлаб боришда ундан фойдаланган. Ҳа, Мусонинг ҳаёти чинакамига мазмунли бўлган.

7. а) Матто 6:19–21 га биноан, нега вақтинчали келажакка умид қилмаслигимиз лозим? б) Моддий ва маънавий хазиналар ўртасидаги фарқни кўрсатиб турадиган бирон мисол келтиринг.

7 Агар сиз Яҳованинг ёш хизматчиси бўлсангиз, имонингиз ҳаёт йўлини танлашингизга қандай ёрдам бериши мумкин? Келажакка режалар тузаётган бўлсангиз, балли. Лекин Худонинг ваъдаларига бўлган ишонч сизни вақтинчали келажакка умид қилишга ундайдими ёки абадий келажакками? (Матто 6:19–21 ни ўқинг). София исмли балет раққосаси айнан шундай масала олдида турганди. Унга Америка Қўшма Штатлари бўйлаб балет муассасаларида пул маблағи ва мақсадли ўринлар таклиф қилинган. «Машҳур бўлиш завқ келтирар экан. Мен ўзимни тенгдошларимдан анча устун ҳис қилардим. Аммо мен бахтиёр эмасдим»,— деб бўлишди София. Ўшанда у «Ёшлар сўрайди: ҳаётимни нимага бағишласам экан?» деб номланган фильмни томоша қилибди. «Натижада, дунё менга муваффақият ҳамда таниқли бўлишни, бутун қалбим билан Яҳовага хизмат қилиш эвазига бераётганини тушуниб етдим,— деди у.— Мен чин юракдан ибодат қилдим. Сўнг, раққосаликдан воз кечдим». София чиқарган қарори ҳақида қандай фикрда? «Мен олдинги ҳаётимни соғинмаяпман. Бугунги кунда мен 100 фоиз бахтиёрман. Мен эрим билан бирга кашшоф бўлиб хизмат қиляпман. Биз машҳур эмасмиз, маблағимиз ҳам кўп эмас. Бироқ бизда Яҳова, Муқаддас  Китобни тадқиқ қилаётган кишилар ва маънавий мақсадлар бор. Мен заррача ҳам афсусланмаяпман».

8. Ёшларга ҳаёт йўлини танлашда Муқаддас Китобнинг қайси маслаҳати ёрдам бера олади?

8 Яҳова сиз учун нима энг яхши эканини билади. Мусо шундай деган эди: «Эгангиз Худо сизлардан битта нарсани талаб қилади: Эгангиз Худодан қўрқинг, Унинг йўлидан юринг, Эгангиз Худони севинг, бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Унга хизмат қилинг. Мен бугун сизларга бераётган Эгамизнинг амру фармонларига риоя қилинг, шунда бахтиёр бўласиз» (Қонун. 10:12, 13). Ҳали ёш экансиз, Яҳовани севишингизга ва «бутун қалбингиз билан, жону дилингиз билан Унга хизмат қилишингизга» имкон берадиган ҳаёт йўлини танланг. Ишонаверинг, «шунда бахтиёр бўласиз».

У ХИЗМАТДАГИ ШАРАФЛИ ВАЗИФАЛАРИНИ ҚАДРЛАГАН

9. Нега Мусо учун вазифасини бажариш осон бўлмаганини тушунтириб беринг.

9 Мусо «мукофотга кўз тиккани учун Миср хазиналаридан кўра, мойланган қатори бошига тушган ҳақоратларни улуғроқ хазина, деб ҳисобларди» (Иброн. 11:26). Яҳова Мусони, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқиш учун танлаб, унга «мойланган» ёки «Масиҳ» сифатида иш қилиш ҳуқуқини берган. Мусо бундай вазифани амалга ошириш осон эмаслигини ва ҳатто бу учун «ҳақоратга» учрашини биларди. Бундан сал олдин Исроил халқидан биттаси уни мазах қилиб: «Ким сени бизга ҳукмдор, ҳакам қилиб қўйди?» — деган эди (Чиқ. 2:13, 14). Кейинроқ, Мусонинг ўзи Яҳовадан: «Гапимга... фиръавн қулоқ солармиди?!» — деб сўраган (Чиқ. 6:12). Ҳақоратга учрашга тайёр бўлиб бардош бера олиш учун Мусо қўрқув ва ташвишларини Яҳовага айтган. Мушкул вазифасини бажара олиши учун Яҳова унга қандай ёрдам берган?

10. Мусо вазифасини бажара олиши учун Яҳова уни қандай қўллаб-қувватлаган?

10 Биринчидан, Яҳова Мусога: «Мен сен билан бўламан»,— деб ишонч бағишлади (Чиқ. 3:12). Иккинчидан, Яҳова: «Мен ким бўлишни истасам, ўша бўламан» *,— дея Ўз исмининг маъноларидан бирини очиб бериб, Мусонинг имонини мустаҳкамлади (Чиқ. 3:14, ЯДТ). Учинчидан, одамлар Мусони Худо юборганига ишонсин деб, Яҳова унга мўъжизалар яратиш қудратини ато этди (Чиқ. 4:2–5). Тўртинчидан, Яҳова Мусога вазифасини бажара олиши учун Ҳорунни шерик ва унинг номидан гапирадиган вакил қилиб берди (Чиқ. 4:14–16). Умрининг сўнгги дамларида Мусо, Худо Ўз хизматчиларига топширган ҳар қандай вазифани бажара олишлари учун уларни қўллаб-қувватлашига амин эди. Шу боис Мусо, ўзидан кейин унинг ишини давом эттиришга тайинланган Ёшуага шундай деган эди: «Эгамиз сенинг олдингда боради, Ўзи сен билан бирга бўлади, сени ташлаб кетмайди, тарк этмайди. Қўрқма, ваҳимага тушма» (Қонун. 31:8).

11. Нима учун Мусо вазифасини жуда қадрларди?

11 Яҳованинг мадади билан Мусо эҳтиром ҳиссини уйғотувчи вазифасини «Миср хазиналаридан кўра... улуғроқ хазина, деб ҳисоблаб» жуда қадрларди. Ахир, Қодир Аллоҳга хизмат қилишни фиръавнга хизмат қилиш билан тенглаштириб бўлармиди? «Масиҳ», яъни Яҳованинг мойланган хизматчиси бўлиш, Миср шаҳзодаси бўлишдан кўра анча аълороқ эмасми? Мусо вазифасини қадрлагани учун мукофотланган. Яҳова билан яқин муносабатга эга бўлиш унга ёқарди. Зеро Худо Исроил халқини ваъда қилинган юртга етаклаб бориш учун Мусога «ҳайбатли ишларни намоён қилиш» қудратини ато этган (Қонун. 34:10–12).

12. Яҳова бизга топширган қандай шарафли вазифаларни қадрлашимиз керак?

12 Бизнинг ҳам вазифамиз бор. Ўзининг Ўғли орқали Яҳова бизни ҳаворий Павлус ва бошқалар каби хизматга тайинлаган (1 Тимўтийга 1:12–14 ни ўқинг). Барчамиз хушхабарни эълон қилиш шарафига эгамиз (Мат.  24:14; 28:19, 20). Баъзилар тўла вақтли хизмат қилишмоқда. Сувга чўмган етук биродарлар жамоатда оқсоқол ва хизматкор бўлиб тайинланишган. Аммо имондош бўлмаган қариндошларингиз ва бошқалар бундай шарафли вазифаларингизни бефойда деб, фидокорлик қилаётганингиз учун сизни ҳақорат қилишлари ҳам мумкин (Мат. 10:34–37). Уларнинг дастидан тушкунликка тушиб қолсангиз, жон-жаҳдим билан хизмат қилиш арзийдими ёки вазифаларимни бажара оламанми, деб ўйлаб қолишингиз ҳеч гап эмас. Агар шундай вазиятга дуч келсангиз, бунга дош беришингизга имонингиз қандай ёрдам беради?

13. Хизматдаги вазифаларимизни бажара олишимиз учун Яҳова бизни қандай қўллаб-қувватламоқда?

13 Имон билан Яҳовадан ёлвориб мадад сўранг. Қўрқув ва ташвишларингизни Унга айтинг. Ахир, бу вазифани сизга Яҳова топширган ва уни бажаришингиз учун У сизга ёрдам беради. Қандай қилиб? Худди Мусога ёрдам берганидек. Биринчидан, Яҳова: «Сенга куч бераман, Ўзим ёрдамга келаман, ғолиб ўнг қўлим билан сени қўллайман»,— деб сизга ишонч бахш этяпти (Ишаё 41:10). Иккинчидан: «Мен Ўз айтганимни бажо қиламан! Ҳа, ўйлаганимни амалга ошираман!» — дея, ваъдаларига ишониш мумкинлигини эслатяпти (Ишаё 46:11). Учинчидан, хизматингизни бажара олишингиз учун Яҳова сизга «инсонларникидан устун турган куч»ни бағишлаяпти (2 Кор. 4:7). Тўртинчидан, вазифангизни бажараётиб, чидамли бўлишингиз учун меҳрибон Отамиз сизга умумжаҳон биродарликни ато этяпти. Ушбу Худонинг хизматчилари «бир-бирига тасалли бериб, бир-бирини қўллаб-қувватлайдилар» (1 Салон. 5:11). Вазифаларингизни бажара олишингиз учун Яҳова сизни қўллаб-қувватлар экан, Унга бўлган имонингиз кучайиб боради. Натижада шарафли хизматингизни ҳар қандай хазинадан кўра кўпроқ қадрлайсиз.

«У МУКОФОТГА КЎЗ ТИККАН»

14. Нима сабабдан Мусо мукофотланишига амин эди?

14 Мусо «мукофотга кўз тиккан» (Иброн. 11:26). Ҳа, Мусо келажак ҳақидаги билими чегараланган бўлса-да, нуқтаи назари шу билим асосида шаклланишига йўл қўйиб берган. Бобокалони Иброҳим сингари, Мусо Яҳованинг марҳумларни тирилтиришга қодир эканига амин эди (Луқо 20:37, 38; Иброн. 11:17–19). Келажакда баракаларга эга бўлиш умиди туфайли Мусо 40 йил қочқинликда ҳамда 40 йил саҳрода ўтган умрини беҳуда деб ҳисобламаган. Гарчи Худонинг ваъдалари қай тарзда амалга ошишини батафсил билмаса-да,  у имон кўзлари ила келажакдаги мукофотини кўра билган.

15, 16. а) Нега биз мукофотга кўз тикишимиз зарур? б) Шоҳлик бошқаруви остида қанақа баракаларга эга бўлишни интиқиб кутяпсиз?

15 Сиз ҳам «мукофотга кўз тикяпсизми»? Мусо сингари биз ҳам Худонинг ваъдалари қай тарзда амалга ошишини батафсил билмаймиз. Масалан, буюк қайғу қачон бошланиши бизга маълум эмас (Марк 13:32, 33). Лекин бўлажак Жаннат ҳақида Мусодан кўра кўпроқ маълумотга эгамиз. Ҳатто барча тафсилотларини билмасак-да, Самовий Шоҳлик остидаги ҳаёт тўғрисида Худонинг ваъдаларини етарлича билганимиз учун унга «кўз тикиб» яшаяпмиз. Янги дунёни хаёлимизда жонлантириш, Самовий Шоҳликни биринчи ўринга қўйишга ундайди. Қандай қилиб? Бир ўйлаб кўринг: агар сиз сотиб олмоқчи бўлган уй ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмасангиз, уни харид қиласизми? Йўқ, албатта! Шунга ўхшаб, умидимиз ноаниқ бўлса, унга умримизни сарфлашни истамаймиз. Биз имон билан Самовий Шоҳлик остидаги ҳаётни аниқ-равшан кўра билишимиз лозим.

Мусо каби садоқатли хизматчилар билан гаплашиш нақадар завқли бўлади-я! (16- хатбошига қ.)

16 Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги тасаввурингизни шакллантириш учун Жаннатда яшаётганингизни фараз қилинг. Хаёлингизни ишга солинг. Масалан, қадимда яшаган художўй кишиларнинг ҳаётини ўрганиб чиқар экансиз, тирилишганда уларга қандай саволлар беришингизни ўйлаб кўринг. Улар эса охирзамонда яшаган сиздан нималар ҳақида сўрашини тасаввур қилинг. Асрлар аввал яшаган аждодларингиз билан танишиш ва Худо улар учун нималар қилганини айтиб бериш нақадар қувончли бўлишини кўз олдингизга келтиринг. Тинч шароитда кўпдан-кўп ёввойи ҳайвонларни кузатиб, улар тўғрисида билим олиш қандай завқ келтиришини фараз қилинг. Мукаммалликка эришган сари ўзингизни Яҳовага қанчалик яқин ҳис этишингиз ҳақида мулоҳаза юритинг.

17. Кўринмас мукофотни аниқ тасаввур қилиш бизга қандай ёрдам беряпти?

17 Кўринмас мукофотни аниқ тасаввур қилиш олға босишимизга, қувонч ҳис этишимизга ҳамда хавфсиз абадий келажакни инобатга олиб қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради. Павлус мойланган масиҳийларга: «Агар кўрмаётган нарсага умид боғласак, сабр-бардош билан кутамиз»,— деб ёзган эди (Рим. 8:25). Бу сўзлар, абадий яшашга умид қилаётган барча масиҳийларга тааллуқли. Гарчи ҳали тақдирланмаган бўлсак-да, имонимиз мустаҳкам бўлгани туфайли «мукофотни» сабр-тоқат билан кутяпмиз. Мусо сингари, биз ҳам Яҳовага хизмат қилишга сарфлаган йилларимизни беҳуда кетган деб ҳисобламаймиз. Аксинча, биз шунга аминмизки «кўринадиганлари вақтинчалик, кўринмайдиганлари эса абадийдир» (2 Коринфликларга 4:16–18 ни ўқинг).

18, 19. а) Нимага имонимизни сақлаб қолишга жон-жаҳдимиз билан курашишимиз зарур? б) Кейинги мақолада нимани кўриб чиқамиз?

18 Имонимиз туфайли, кўринмайдиган «нарсалар чин эканига амин бўламиз» (Иброн. 11:1). Дунёвий орзу-ҳавасларга берилган одам Яҳовага хизмат қилишнинг қадрини билмайди. Бундай одам маънавий хазиналарни «нодонлик деб ҳисоблайди» (1 Кор. 2:14). Биз эса бу дунё кўра олмайдиган нарсаларга, яъни абадий яшашга ҳамда марҳумлар тирилишини ўз кўзимиз билан кўришга умид қиламиз. Павлуснинг замонида яшаган ва уни саводсиз «маҳмадона» деб атаган файласуфлар сингари, бугун ҳам кўп одамлар биз ваъз этаётган умидни қуруқ сафсата деб ҳисоблашади (Ҳавор. 17:18).

19 Биз бетавфиқ одамлар қуршовида яшар эканмиз, имонимизни сақлаб қолишга жон-жаҳдимиз билан курашишимиз зарур. «Имонингиз сусаймаслиги» учун Яҳовага илтижо қилинг (Луқо 22:32). Гуноҳнинг оқибатларини, Яҳовага хизмат қилиш ниҳоятда қадрли эканини ва абадий яшаш умидини асло кўз олдингиздан кеткизманг. Лекин Мусо имонли бўлгани учун бундан ҳам кўпроғини кўра билган. Кейинги мақолада, у имони туфайли «кўринмас Зотни кўришга» қандай муяссар бўлганини билиб оламиз (Иброн. 11:27).

^ 10- х.б. Чиқиш 3:14 даги Худонинг айтган сўзлари ҳақида бир илоҳиётшунос шундай деб ёзган эди: «Иродасини амалга оширишига ҳеч ким халақит бера олмайди... Бу исм [Яҳова] Исроил халқи учун бамисоли қалъа, сўнмас умид ва тасалли манбаи бўлган».