Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АПРЕЛЬ 2014

Сиз «кўринмас Зотни» кўряпсизми?

Сиз «кўринмас Зотни» кўряпсизми?

У кўринмас Зотни кўргандай саботли эди. ИБРОН. 11:27

1, 2. а) Нима сабабдан Мусо хавф остида бўлганини тушунтириб беринг. (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нега Мусо шоҳнинг ғазабидан қўрқувга тушмади?

ФИРЪАВН баджаҳл ҳукмдор ва мисрликлар назарида барҳаёт худодек бўлган. Бир китобда айтилишича, мисрликлар фиръавн «доноликда ва қудратда барча тирик мавжудотлардан устун туради» деб ҳисоблашарди («When Egypt Ruled the East»). Шу сабабли Яҳова Мусога: «Қани, бўл, сени ҳозир Миср фиръавни ҳузурига юбораман. Халқим Исроилни Мисрдан сен олиб чиқасан»,— деб айтганида у ўзини қанақа ҳис қилганини тасаввур қилсак бўлади (Чиқ. 3:10).

2 Шундай қилиб Мусо Худонинг хабарини эълон қилиш учун Мисрга борди ва фиръавннинг ғазабига учради. Юрти тўққизта фалокатдан талафот кўргач, фиръавн Мусони огоҳлантириб шундай деди: «Эҳтиёт бўл, бундан кейин зинҳор кўзимга кўринма! Кўзимга кўринган заҳоти ўласан!» (Чиқ. 10:28). Мусо шоҳнинг тўнғич ўғли ўлишини башорат қилиб, фиръавн ҳузурини тарк этди (Чиқ. 11:4–8). Мусо барча Исроил оилаларига мисрликларнинг худоси Ра назарида муқаддас саналган эчкини ёки қўйни сўйиб, қонини эшик ромининг ёнларига ва тепасига суртишни амр этди (Чиқ. 12:5–7). Фиръавн бунга қандай муносабатда бўлди? Лекин Мусо қўрқмади. Нега? Имон билан у Яҳовага  итоат қилди. Мусо буни «шоҳнинг ғазабидан қўрққани учун қилмаган, чунки у кўринмас Зотни кўргандай саботли эди» (Ибронийларга 11:27, 28 ни ўқинг).

3. Мусонинг «кўринмас Зотни кўргандай» имонни намоён этгани ҳақида яна нималарни кўриб чиқамиз?

3 Сизнинг ҳам имонингиз Худони кўргандек кучлими? (Мат. 5:8). Маънавий кўзимиз «кўринмас Зотни» кўра олиши учун, келинг, Мусонинг мисолини кўриб чиқайлик. Яҳовага бўлган имон, Мусони одам қўрқувидан қандай ҳимоя қилди? Худонинг ваъдаларига ишонаётганини у қандай кўрсатди? У ва халқи хавф остида қолганда, «кўринмас Зотни» кўра билгани унга қандай қилиб куч берди?

У «ШОҲНИНГ ҒАЗАБИДАН ҚЎРҚМАДИ»

4. Том маънодаги кўзлар билан қараганда Мусо фиръавннинг олдида қанақа ўринда бўлган?

4 Том маънодаги кўзлар билан қараганда Мусо фиръавнга бас кела олмасди. Мусонинг ҳаёти, фаровонлиги ва келажаги фиръавннинг қўлида бўлгандек туюларди. Шу сабабли унинг ўзи ҳам Яҳовага мурожаат қилиб: «Мен ким бўлибманки, фиръавннинг ҳузурига бориб Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?!» — деб айтган (Чиқ. 3:11). Бундан қирқ йил олдин, у Мисрдан қочиб кетган эди. Эҳтимол ўшанда у: «Мисрга қайтиб бориб фиръавннинг қаҳрини қўзғатиш ақлдан бўлармиди?» — дея иккилангандир.

5, 6. Фиръавндан эмас, Яҳовадан қўрқишга Мусога нима ёрдам берган?

5 Мисрга қайтишидан олдин, Худованд унга муҳим бир меъёрни ўргатган. Бу меъёрни Мусонинг ўзи ҳам кейинчалик Аюб китобида ёзиб қолдирган. У шундай деган: «Раббингиздан қўрқиш доноликдир» (Аюб 28:28). Худотарсликни ривожлантириб, донолик билан йўл тутишга ёрдам бериш мақсадида Яҳова Мусога инсон билан Қодир Тангри орасида қандай фарқ борлигини яққол кўрсатди. У шундай деб сўради: «Инсонга тил ато қилган ким? Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?!» (Чиқ. 4:11).

6 Хўш, бунда бизга қандай сабоқ бор? Мусонинг қўрқиш учун ҳеч қандай асоси йўқ эди. Агар Яҳова Таоло Мусони фиръавн ҳузурига юбораётган бўлса, демак Ўз хабарини етказиш учун У хизматчисига зарурий бўлган ҳамма нарсани беради. Бундан ташқари фиръавн Яҳовага бас кела олмасди. Қолаверса бу ягона вазият эмасди. Бундан олдин ҳам Худонинг хизматчилари Миср ҳукмдорлари дастидан хавф остида қолишган. Эҳтимол Мусо, ўтмишда Яҳова Иброҳимни, Юсуфни ва ҳатто ўзини қандай қутқаргани устида мулоҳаза юритган бўлиши мумкин (Ибт. 12:17–19; 41:14, 39–41; Чиқ. 1:22–2:10). У имон кўзлари билан «кўринмас Зотни кўргандай» жасорат ила фиръавннинг ҳузурига кириб, Худонинг буюрганларини битта қолдирмай етказган.

7. Яҳовага бўлган имон бир опамизни қандай ҳимоя қилган?

7 Яҳовага бўлган имон, шунингдек Элла исмли опамизни одам қўрқувига берилмасликдан асраб қолган. 1919 йилда Эстонияда КГБ ходимлари Эллани ҳибсга олишди. Полиция ходимлари уни ечинтириб, уялмай томоша қилиб ўтиришган. «Мен ўзимни камситилгандай ҳис қилдим,— деб бўлишди Элла.— Лекин Яҳовага ибодат қилганимдан кейин, юрагим хотиржам бўлди». Сўнг Эллани уч кунга бир кишилик камерага қамаб қўйишди. У шундай дейди: «Ходимлар дўқ уриб: “Биз сизларни ҳали шу кўйга соламизки, Яҳованинг исми Эстонияда ҳеч қачон тилга олинмайди! Сени ахлоқ тузатиш лагерига, бошқаларни эса Сибирга сургун қиламиз!” — дейишди. Улар яна мазах қилиб: “Қани сенинг Яҳованг?” — деб қўшиб қўйишди». Элла одамлардан қўрқдими ёки Яҳоваданми? Уни сўроққа тутишаётганда, у мазах қилувчиларга жасоратга тўлиб шундай деди: «Мен бу масалада бир қарорга келиб бўлганман: озодликка чиқиб Худойимнинг марҳаматидан маҳрум бўлишдан кўра, қамоқда қолиб, Отажоним билан яқин дўст бўлиб қолганим  яхши». Элла Яҳовани худди ёнида турган кишидек ҳис қиларди. Имони туфайли у Худога бўлган садоқатини сақлай олди.

8, 9. а) Одам қўрқувига қарши қандай самарали дори бор? б) Мабодо инсонлардан қўрқиш васвасасига тушсангиз, диққатингизни кимга қаратишингиз лозим?

8 Яҳовага бўлган имон, қўрқувларни енгишингизга кўмаклашади. Мабодо давлат ходимлари Худога топиниш эркинлигини чеклашга уринишса, ҳаётингиз, фаровонлигингиз ҳамда келажагингиз уларнинг қўлида бўлгандек туюлар. Эҳтимол, Яҳовага хизмат қилиб, давлат раҳбарларининг жаҳлини чиқариш нодонлик эмасми, дея ўйланиб қоларсиз? Эсингизда бўлсин: одам қўрқувига қарши самарали дори — Худога бўлган имондир (Ҳикматлар 29:25 ни ўқинг). Яҳова шундай дея сўрамоқда: «Кимдан қўрқасиз? Ўладиган бандаданми? Майсага ўхшаб сўлийдиган инсон зотиданми?!» (Ишаё 51:12, 13).

9 Диққатингизни қудратли Отангизга қаратинг. У адолатсиз ҳукмдорларнинг қўлидан азоб чекаётганларни кўриб туради, уларга ҳамдард бўлади ва тарафини олади (Чиқ. 3:7–10). Мабодо ҳокимиятга эга бўлганлар олдида имонингизни ҳимоя қилишга тўғри келиб қолса, «нима дейман, қандай гапираман деб, ташвишланманг, чунки нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласиз» (Мат. 10:18–20). Боз устига, инсоний ҳукмдорлар ва давлат ходимлари Яҳовага бас кела олмайдилар. Ҳозирдан имонингизни мустаҳкамлашга ҳаракат қилсангиз, Яҳовани ёрдам беришга шошилаётган кишидек кўришни бошлайсиз.

У ХУДОНИНГ ВАЪДАЛАРИГИ ИШОНГАН

10. а) Мил. авв. 1513 йил нисон ойида Яҳова Таоло Мусо ва Ҳорун орқали Исроил халқига қандай йўл-йўриқ берган? б) Нима учун Мусо Худонинг йўл-йўриғига итоат қилган?

10 Мил. авв. 1513 йил нисон ойида Яҳова Таоло Мусо ва Ҳорун орқали Исроил халқига қуйидаги ғайриоддий йўл-йўриқни берган: улар соғлом қўчқор ёки эчки танлаб, уни сўйишлари, қонини эса эшик ромининг ёнига ва тепасига суртишлари керак эди (Чиқ. 12:3–7). Мусо бунга қандай муносабатда бўлган? Ҳаворий Павлус у ҳақда кейинчалик шундай деб ёзган: «Имони билан у Фисиҳ байрамини нишонлаб, Тангрининг фариштаси уларнинг тўнғичларини ҳалок қилмаслиги учун эшикларининг ромига қон пуркаган» (Иброн. 11:28). Яҳова ишончли шахс эканини Мусо биларди ҳамда Худованд ваъда берганидек Мисрнинг тўнғич ўғилларини ўлдиришига ишонарди.

11. Мусо нима сабабдан бошқаларни огоҳлантирди?

11 «Тангринг фариштаси» Миср тўнғичларини ҳалок қилганда, Мусонинг ўғиллари узоқ Мидиён юртида бўлганга ўхшайди (Чиқ. 18:1–6). Лекин Мусо итоаткорликни намоён этиб, тўнғич ўғиллари хавф остида бўлган бошқа Исроил оилаларига йўл-йўриқ берган. Ахир қанча инсонларнинг ҳаёти бунга боғлиқ эди. Ҳа, Мусо одамларни севарди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Мусо Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини чақиртириб, уларга шундай деди: “Фисиҳ байрамига қурбонлик қилинглар”» (Чиқ. 12:21).

12. Яҳова бизга қандай муҳим хабарни етказишни буюрди?

12 Фаришталарнинг раҳбарлиги остида Яҳованинг халқи қуйидаги муҳим хабарни етказмоқда: «Аллоҳдан қўрқинг ва Унга шон-шараф келтиринг, чунки Унинг ҳукм қилиш вақт-соати келди. Шунинг учун осмону ерни, денгизу булоқларни Яратганга топининг» (Ваҳ. 14:7). Ҳозир бу хабарни эълон қилишнинг айни пайтидир. Атрофимизда яшовчи инсонлар Буюк Бобилнинг «ўлатларига йўлиқмаслиги учун» ундан чиқиб кетиш ҳақида уларни огоҳлантиришимиз лозим (Ваҳ. 18:4). «Бошқа қўйлар» мойланган масиҳийларга қўшилиб, Худодан узоқлашиб қолган инсонларга: «Тангри билан ярашиб олинглар»,— дея ёлворишяпти (Юҳан. 10:16; 2 Кор. 5:20).

Яҳованинг ваъдаларига бўлган ишончингизни мустаҳкамлаб, хушхабарни ваъз қилиш истагингизни кучайтиринг (13- хатбошига қ.)

13. Хушхабарни ваъз қилиш истагингизни кучайтиришга нима ёрдам бера олади?

13 Биз Аллоҳнинг «ҳукм қилиш вақт-соати» яқинлигига аминмиз. Шунингдек, Яҳова ваъзгўйлик ҳамда шогирд тайёрлаш иши  шошилинч эканини бўрттириб кўрсатмаётганига ишонамиз. Ҳаворий Юҳанно ваҳийда «ернинг тўрт бурчагида турган тўртта фариштани кўрган. Улар на ерга, на денгизга ва на бирон бир дарахтга ҳеч қандай шамол эсмасин дея, ернинг тўртта шамолини ушлаб туришарди» (Ваҳ. 7:1). Сиз, бу фаришталар ҳалокат келтирувчи шамолларни буюк қайғу пайтида қўйиб юборишга тайёрлигини имон кўзлари билан кўряпсизми? Агар шундай бўлса, тўла ишонч билан хушхабарни баҳам кўра оласиз.

14. Фосиқни йўлидан қайтариб огоҳлантиришга бизни нима ундамоқда?

14 Масиҳийлар ҳозирнинг ўзида Яҳова билан дўст бўлиб, абадий яшаш умидига эгалар. Лекин фосиқни йўлидан қайтариб, ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида огоҳлантириш, бизнинг зиммамизга юкланганини тушунамиз (Ҳизқиё 3:17–19 ни ўқинг). Албатта биз фақатгина бошқаларнинг ўлимига жавобгар бўлмаслик учун ваъз қилмаймиз. Сабаби, биз Яҳовани ҳамда одамларни севамиз. Исо самариялик киши ҳақида масал келтириб, амалда севиш ва раҳм-шафқат қилиш нималигини кўрсатиб берди. «Мен ҳам самариялик киши сингари раҳмим келганидан шоҳидлик беряпманми?» — деб ўзимиздан сўрасак яхши бўларди. Қолаверса, ҳеч биримиз масалдаги руҳоний ва леви каби ўзимизни оқлаб, одамларни «четлаб ўтишни» истамаймиз (Луқо 10:25–37). Худонинг ваъдаларига бўлган ишончимиз ва инсонларга бўлган севги, белгиланган кун келмасидан олдин бизни ғайрат ила ваъз қилишга ундайди.

«УЛАР ҚИЗИЛ ДЕНГИЗДАН ЎТИШГАН»

15. Нега Исроил халқи ўзини тузоққа тушгандай ҳис қилган?

15 Мусо имон кўзлари билан «кўринмас Зотни» кўра олгани туфайли,  Исроил халқи Мисрдан чиқиб ҳаётлари хавф остида қолганида қўрқмади. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Исроил халқи орқаларига қараб Мисрликлар қувиб келаётганини кўрдилар-у, саросимага тушиб қолдилар. Улар Эгамизга илтижо қилиб, мадад сўрадилар» (Чиқ. 14:10–12). Уларнинг бундай танг аҳволга тушиши кутилмаган вазият эдими? Йўқ. Ахир Яҳова шундай башорат қилган эди-ку: «Фиръавн сизларни таъқиб қилсин, деб Мен унинг юрагини тош қилиб қўяман. Фиръавн ва унинг лашкари устидан ғалаба қиламан. Шу орқали шуҳратга эришаман. Ана ўшанда Эгангиз Мен [Яҳова] эканлигимни Миср халқи билиб олади» (Чиқ. 14:4). Афсуски Исроил халқи том маънодаги кўзлари кўраётган нарсага диққатини қаратди: улар олдиларида кечиб ўтиш имконсиз бўлган Қизил денгизни, орқаларидан катта тезлик билан қувиб келаётган фиръавн лашкарини ҳамда қартайиб қолган 80 ёшли оқсоқолни кўраётган эдилар, холос. Улар ўзларини тузоққа тушгандай ҳис қилаётган эдилар.

16. Қизил денгиз соҳилида турган Мусога имон қандай куч берган?

16 Лекин Мусо ўзини йўқотмади. Нега? Чунки у имон кўзлари билан денгиздан ёки лашкардан қудратлироқ нарсани кўра олган. У, Яҳова қутқаришга қодир эканини ҳамда Худованд Исроил халқи учун жанг қилишини кўра билган (Чиқиш 14:13, 14 ни ўқинг). Мусонинг имони Худонинг халқига куч берган. Бу ҳақда Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Имонли бўлганлари учун улар Қизил денгиздан худди қуруқликдан ўтгандай ўтишган. Мисрликлар ҳам ўтишга ҳаракат қилгач, чўкиб кетишган» (Иброн. 11:29). Шундан сўнг улар «[Яҳовадан] қўрқадиган бўлдилар. Улар Эгамизга ва Унинг қули Мусога ишондилар» (Чиқ. 14:31).

17. Келажакдаги қайси воқеалар имонимизни синайди?

17 Яқин орада, бизнинг ҳаётимиз ҳам хавф остида қолгандек туюлади. Буюк қайғунинг авж нуқтасида, бу дунёнинг ҳукмдорлари биздан анча катта ва сон жиҳатдан кўп бўлган диний ташкилотларни талон-тарож қилиб, бутунлай йўқ қилиб ташлайди (Ваҳ. 17:16). Ўшанда бизнинг аҳволимиз «на деворлари бор, на дарвозаси, на тамбаси бор» юрт сингари ожиз бўлишини Яҳова башорат қилиб айтган (Ҳиз. 38:10–12, 14–16). Бу вазиятга том маънодаги кўзларимиз билан қарасак, омон қолиш учун ҳеч қандай имконият йўқдай туюлади. Сиз бунга қандай қараган бўлардингиз?

18. Нега буюк қайғу пайтида саботли бўлишимиз муҳимлигини тушунтиринг.

18 Биз қўрқувдан титрамаслигимиз керак? Нега дейсизми? Чунки Яҳова Унинг халқига ҳужум қилиниши ҳақида башорат қилиб, бу жангнинг натижаси қанақа бўлишини ҳам айтиб ўтган. У шундай деб башорат қилган: «Гўг Исроил юртига ҳужум қилган куни, Мен ғазабга миниб оламан! Рашку ғазабда эълон қиламан» (Ҳиз. 38:18–23). Ўшанда Яҳова Унинг халқига зарар етказишга уринганларнинг барини йўқ қилиб ташлайди. Яҳованинг «буюк ва даҳшатли куни»га имон кўзлари билан қараб, Унинг қутқаришга қодир эканини кўра оласиз. Бу эса Унга садоқатли қолишингизга кўмаклашади (Йўэл 2:30–32).

19. а) Яҳова Таоло билан Мусонинг муносабатлари қанчалик яқин бўлган? б) Агар «ҳар ишингизда Эгамизни эътироф этсангиз», қандай баракаларга эга бўласиз?

19 Кўринмас Зотни кўргандай саботли» бўлиб, бу ҳаяжонли воқеага ҳозирдан тайёр туринг! Тадқиқ ҳамда ибодат орқали Тангри Яҳова билан муносабатларингизни мустаҳкамлаб боринг. Мусо Яҳова билан жуда яқин дўст бўлгани учун, Худо у орқали қудратли ишларни қилган, ҳатто Тавротда: «Эгамиз Мусо билан юзма-юз гаплашар эди»,— деб ёзилган (Қонун. 34:10). Мусо ажойиб пайғамбар бўлган. Аммо сиз имон кўзлари билан Яҳовани кўргандек, Уни олдингизда тургандек ҳис қила оласизми? Агар Худонинг Каломи ундаганидек, «ҳар ишингизда Эгамизни эътироф этсангиз», «У йўлларингизни тўғрилайди» (Ҳик. 3:6).