Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2014

Сизнинг сўзингиз гоҳ «ҳа, ҳа», гоҳ «йўқ, йўқ»ми?

Сизнинг сўзингиз гоҳ «ҳа, ҳа», гоҳ «йўқ, йўқ»ми?

Шундай бир вазиятни кўз олдингизга келтиринг: якшанба куни Касалхоналар билан алоқа қилиш қўмитасининг аъзоси бўлган бир оқсоқол, ёш биродаримиз билан ваъзгўйликка чиқмоқчи. Аммо шу куни унга битта биродар қўнғироқ қилиб: «Хотиним автоҳалокатга учради. Ўзим эса касалхонага шошиляпман»,— деб айтади. Ва у оқсоқолдан қонсиз амалиёт билан даволашга тайёр бўлган бирон шифокор топишни илтимос қилиб сўрайди. Шунда оқсоқол тезкор ёрдамга муҳтож бўлиб турган биродарига ёрдам бериш учун ёш биродаримизга хизматга бора олмаслиги ҳақида айтади.

Энди бошқа вазиятни тасаввур қилинг: икки болани ёлғиз тарбиялаётган бир онага жамоатидаги битта жуфтликдан оқшомда бирга вақт ўтказиш таклифи тушиб қолади. Болалари онасидан бу ҳақда эшитишганда, жуда хурсанд бўлиб кетишади. Улар ўша оқшомни бесабрлик билан кутишади. Лекин режалаштирилган оқшомдан бир кун олдин, эр-хотин онага кутилмаган вазият юз берганини ва шунинг учун меҳмончиликка таклиф қила олмасликларини айтади. Аммо кейинчалик бу она эр-хотиннинг нима сабабдан таклифини бекор қилгани ҳақида хабар топади. Уни болалари билан меҳмончиликка чақиргандан кейин, бу эр-хотинга дўстлари ўша оқшомни бирга ўтказишни таклиф қилибди ва улар рози бўлишди.

Масиҳий эканмиз, албатта сўзимизда туришимиз даркор. Биз ҳеч қачон «“ҳа” деб туриб, шу билан бирга “йўқ” демаймиз» (2 Кор. 1:18). Лекин юқоридаги мисоллардан кўриниб турганидек, вазиятлар турлича бўлиши мумкин. Баъзида бошқа чора топа олмагандан келишилган учрашувни бекор қилишга тўғри келади. Ҳаворий Павлус мана шундай вазиятга тушган эди.

ПАВЛУСНИ ТУТУРИҚСИЗ ДЕБ АЙБЛАШДИ

Милодий 55 йилда учинчи ваъзгўйлик сафари пайтида Павлус Эфесда бўлиб, Эгей денгизи орқали Коринфга, Коринфдан эса Македонияга саёҳат қилишни ният қилган эди. Сўнг сафардан қайтаётиб Қуддусга йўл олганида, у коринфлик имондошларининг Қуддусдаги биродарларга атаб қўйган ҳадяларини етказиш мақсадида бу жамоатга иккинчи марта ташриф буюришни режалаштирган (1 Кор. 16:3). Буни қуйида келтирилган оятлардан яққол кўрса бўлади: «Янада кўпроқ қувонишингиз учун иккинчи марта олдингизга келишни аввалдан ният қилгандим. Сизлар билан қолиб, Македонияга бормоқчи ва Македониядан яна ёнингизга қайтмоқчи эдим. Кейин мени Яҳудияга бир оз кузатиб қўярдингизлар» (2 Кор. 1:15, 16).

Павлус бундан олдин биродарларига ёзма равишда ушбу режаси ҳақида хабар берганига ўхшайди (1 Кор. 5:9). Лекин бу хатни  ёзганидан кўп ўтмай Павлус, Хлоянинг хонадонидагилардан бу ердаги жамоат аъзолари орасида келишмовчиликлар борлиги тўғрисида эшитиб қолади (1 Кор. 1:10, 11). Шунда у режасини ўзгартириб, барчамизга таниш бўлган «Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб»ни ёзишга қарор қилган. Мазкур мактуби орқали Павлус севги ила имондошларига маслаҳат ва танбеҳ берган. У шунингдек, сафарининг йўналишини ўзгартириб, аввал Македонияга сўнг эса Коринфга йўл олиш нияти борлиги ҳақида ёзган (1 Кор. 16:5, 6) *.

Коринфдаги биродарлар Павлуснинг мактубини олишганда, жамоатдаги баъзи «“олий” ҳаворийлар», уни ваъдасида тура олмайдиган тутуриқсиз инсон дея қоралашади. Ўшанда у ўзини ҳимоя қилиб, улардан шундай деб сўрайди: «Хўш, бу ниятим шунчаки енгилтаклик эдими? Ёки бу ниятимни тана истакларим таъсирида, гоҳ “ҳа, ҳа”, гоҳ “йўқ, йўқ”, дея амалга оширмоқчиманми?» (2 Кор. 1:17; 11:5).

Савол туғилиши мумкин: «Бу вазиятда ҳаворий Павлус енгилтаклик билан йўл тутганми?» Асло! «Енгилтаклик» деб таржима қилинган сўз, тутуриқсиз маъносида қўлланилган бўлиб, лафзида турмайдиган, бебурд кишини англатади. Павлус: «Бу ниятимни тана истакларим таъсирида...амалга оширмоқчиманми?» — деб савол берганида, Коринфдаги биродарларига, режамни беқарор инсон бўлганим учун ўзгартирганим йўқ, дея кўрсатмоқчи эди.

Павлус қатъийлик ила айбловлар асоссиз эканини кўрсатиб, шундай ёзган: «Аллоҳ ишончли бўлганидек, биз ҳам сизларга “ҳа” деб туриб, шу билан бирга “йўқ” демаймиз» (2 Кор. 1:18). Шубҳасиз у Коринфдаги биродарлару опа-сингилларининг манфаатини кўзлаб, бундай ўзгаришлар қилган эди. 2 Коринфликларга 1:23 да Павлуснинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз: «Сизларни аяганим учун ҳанузгача Коринфга бормаяпман». Демак, ҳаворий режасини ўзгартириб, имондошларига кейинги ташрифига қадар маслаҳатларига амал қилиш имконини берди. Ва унинг умиди пучга чиқмади. Павлус ҳали Македонияда бўлганида, Титусдан Коринфдаги имондошларига юборган мактуби уларни гуноҳларидан тавба қилишга ундагани ҳақида эшитади. Бу эса унга катта қувонч бахш этади (2 Кор. 6:11; 7:5–7).

ТАНГРИГА «ОМИН» ДЕЙМИЗ

Тутуриқсиз деб айбланиш, Павлуснинг кундалик ҳаётидаги ваъдаларига шу қаторда унинг ваъзгўйлик хизматига ишониб бўлмаслигига шама қиларди. Лекин у Коринфдаги имондошларига Исо Масиҳ ҳақида ваъз қилаётганини эслатган. «Орангизда биз, яъни мен, Силван ва Тимўтий орқали ваъз этилган Худонинг Ўғли Исо Масиҳ бир вақтнинг ўзида “ҳа” ва “йўқ” бўлган эмас. У орқали “ҳа”, “ҳа” бўлди» (2 Кор. 1:19). Хўш, Исо Масиҳнинг мисолини ишончсиз деб бўладими? Йўқ, албатта! Исо бутун ҳаёти ва хизмати давомида ҳақиқатни гапириб келган (Юҳан. 14:6; 18:37). Агар Исонинг ваъзи чин ва ишончли бўлса ҳамда Павлус худди шу хабарни эълон қилган бўлса, демак ҳаворийнинг айтган гаплари ҳам ишончли.

Шубҳасизки, Яҳова — «Ҳақ Таоло» (Заб. 30:6). Бунинг тасдиғини Павлуснинг қуйидаги сўзларидан кўрсак бўлади: «Аллоҳнинг қанча ваъдалари бор бўлса, бари унинг [Масиҳнинг] воситасида “ҳа” бўлди». Исо ер юзида бўлганида бенуқсонлигини сақлаб қолгани туфайли Яҳованинг ваъдалари ишончли эканидан шубҳаланишга ҳеч қандай асос қолдирмаган. Павлус сўзини давом эттириб, шундай деган: «Шу боис у [Исо] орқали Тангрига “омин” деб, Унга шон-шараф келтирамиз» (2 Кор. 1:20). Исонинг «Омин» деб аталгани нимани англатади? Бу, Яҳованинг барча ваъдалари амалга ошишини кафолатлайди.

Яҳова Таоло ҳамда Исо Масиҳ доимо ҳақиқатни гапиргани сингари, Павлус ҳам ҳамиша айтганини бажарган (2 Кор. 1:19). У тутуриқсиз инсонлар каби «тана истаклари таъсирида» ваъда бермаган (2 Кор. 1:17). Аксинча, у «муқаддас руҳга мувофиқ йўл тутган» (Галат. 5:16). У нимаки қилган  бўлса, имондошларининг манфаатини кўзлаб қилган. Дарҳақиқат, унинг «ҳа» дегани тўла маънода «ҳа» бўлган!

СИЗНИНГ «ҲА» ДЕГАНИНГИЗ «ҲА»МИ?

Бугунги кунда Муқаддас Китоб меъёрлари асосида яшамаётган инсонлар ваъда бериб туриб, арзимас муаммо пайдо бўлиши билан ёки бошқа нарсани хуш кўриб қолишгани сабабли уни бекор қилишлари одатий ҳол бўлиб қолган. Тижорат масаласида, ҳатто ёзма равишда шартнома тузилган бўлса-да, «ҳа» дегани ҳар доим ҳам «ҳа» деганини англатмайди. Кўпчилик одамлар никоҳни икки томоннинг бутун умр давомида бир-бирига вафодор қолиш шартномаси сифатида кўришмайди. Аксинча, жуда тез суръатда ўсаётган ажралишлардан кўриниб турганидек, кўпгина инсонлар никоҳни осонгина бекор қилиш мумкин бўлган вақтинчалик ришталар деб билишади (2 Тим. 3:1, 2).

Бизга келганда нима деса бўлади? Сизнинг «ҳа» деганингиз тўла маънода «ҳа» деганини англатадими? Тўғри, ушбу мақоланинг кириш сўзларида айтиб ўтилган вазият сингари, баъзан сиз ҳам келишувни бекор қилишга мажбур бўларсиз. Лекин бебурд инсон эканингиз дастидан эмас, балки вазиятни ўзгартиришга ожиз бўлганингиз сабабли. Бошқа томондан агар сиз Масиҳий сифатида ваъда берган бўлсангиз, жон-жаҳдингиз билан гапингизда туринг (Заб. 14:4; Мат. 5:37). Шундай йўл тутсангиз, сизни доимо ҳақиқатни гапириб, ваъдасига содиқ қоладиган ишончли инсон деб билишади (Эфес. 4:15, 25; Ёқб. 5:12). Атрофдагилар кундалик турмушда сўзларингизга мувофиқ иш тутаётган шахс эканингизни кўришса, уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги ҳақиқатни айтиб берганингизда, сизни бажонидил эшитишади. Шундай экан, келинг, «ҳа» деганимиз ҳамиша «ҳа» бўлсин!

^ 7- х.б. Коринфликларга йўлланган биринчи мактубни ёзганидан кўп ўтмай, Павлус чиндан ҳам Троас орқали Македонияга борган ва ўша ерда «Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб»ни ёзган (2 Кор. 2:12; 7:5). Сал вақт ўтгач, у Коринфга ташриф буюрган.