Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Март 2014

Фидойилик руҳини қандай сақлаб қолиш мумкин?

Фидойилик руҳини қандай сақлаб қолиш мумкин?

Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин. МАТ. 16:24

1. Фидойилик руҳини намоён этишда Исо қандай ўрнак кўрсатган?

ИСО ер юзида бўлганда, фидойилик руҳини намоён этишда аъло ўрнак кўрсатган. Худонинг иродасини бажариш учун у ҳамиша ўз хоҳиши ҳамда қулайликлардан воз кечарди (Юҳан. 5:30). Азоб устунидаги ўлимигача содиқ қолиб, Исо фидойилик руҳининг чеки йўқлигини исботлаган (Филип. 2:8).

2. Фидойилик руҳини қандай кўрсатишимиз мумкин ва нега бундай қилиш зарур?

2 Исонинг издошлари сифатида биз ҳам фидойилик руҳини намоён этишимиз зарур. Фидойилик руҳига эга бўлиш ўзи нимани англатади? Оддий қилиб айтганда бу, бошқаларга ёрдам бериш учун шахсий манфаатларимиздан воз кечишга тайёр бўлиш дегани. Ушбу фазилат худбинликнинг аксидир (Матто 16:24 ни ўқинг). Фидойилик руҳи бошқаларнинг ҳис-туйғуларини ва улар афзал кўрган нарсаларни ўзимизникидан муҳимроқ деб билишга кўмаклашади (Филип. 2:3, 4). Исонинг таълимотига кўра, фидойилик руҳи Худога топинишимизда муҳим аҳамият касб этади. Қандай қилиб? Севги, Исонинг ҳақиқий шогирдларини ажратиб турадиган белгидир ва айнан шундай севги фидойилик кўрсатишга ундайди (Юҳан. 13:34, 35). Биз эса фидойилик руҳини намоён этаётган умумжаҳон оиланинг аъзолари бўлиб, қанчадан-қанча  баракаларга эга бўлаётганимиз ҳақида ўйлаб кўринг!

3. Биздаги фидойилик руҳини нима вайрон этиши мумкин?

3 Шундай бўлса-да, биздаги фидойилик руҳини билинтирмай вайрон эта оладиган бир душман бор. Бу душман — худбинликка бўлган мойиллигимиздир. Одамато ва Момоҳаво қандай худбинлик кўрсатишгани ёдингизда бўлса керак. Момоҳаво Худо каби бўлишни истаб, худбинлик қилган. Одамато эса хотинига маъқул келишни хоҳлаб, худбинларча йўл тутган (Ибт. 3:5, 6). Одамато билан Момоҳавони ҳақ топинишдан қайтаргач, Иблис ҳалигача одамларни худбинлик билан васвасага солиб келмоқда. У ҳатто Исони ҳам шу йўл билан синамоқчи бўлган (Мат. 4:1–9). Бугунги кунда Шайтон одамларни кўп соҳаларда худбинлик кўрсатишга ундаб, йўлдан оздиришга муваффақ бўляпти. Биз бунга эътиборсиз бўлмаслигимиз керак, чунки худбинлик руҳи бизга ҳам таъсир қилиши мумкин (Эфес. 2:2).

4. а) Худбинликка мойиллигимизни ҳозирнинг ўзида йўқ қила оламизми? Тушунтириб беринг. б) Қанақа саволларни кўриб чиқамиз?

4 Худбинликни, темир сиртида ҳосил бўладиган зангга ўхшатса бўлади. Агар темир буюм очиқ ҳавода қолса ёки сув тегса, занглай бошлаши мумкин. Зангга аҳамият бермай, емиришига йўл қўйилса, буюм бузилиб, яроқсиз аҳволга келади. Шунга ўхшаб, биз ҳам номукаммаллик ва худбинликка мойиллигимизни ҳозирнинг ўзида йўқ қила олмасак-да, бу биз учун хавфли эканини ёдда тутиб, бундай мойилликка қарши курашишимиз даркор (1 Кор. 9:26, 27). Ўзимиздаги худбинликнинг белгиларини қандай аниқлаб олсак бўлади? Фидойилик руҳини қай йўсин янада кўпроқ ривожлантиришимиз мумкин?

МУҚАДДАС КИТОБ ЁРДАМИДА ЎЗИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ

5. а) Қайси жиҳатдан Муқаддас Китоб кўзгуга ўхшайди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Ўзимизни текшираётиб, нимадан эҳтиёт бўлишимиз лозим?

5 Ташқи кўринишимизни текшириш учун кўзгудан фойдаланганимиз сингари, ички шахсиятимизни ҳам текшириб, бирон нуқсон топгудек бўлсак, уни тўғрилаш учун Муқаддас Китобдан фойдалансак бўлади (Ёқуб 1:22–25 ни ўқинг). Аммо кўзгудан тўғри фойдалансаккина у бизга ёрдам бериши мумкин. Масалан, кўзгуга шунчаки назар солсак, кичкина, лекин жиддий камчиликни кўрмай қоламиз. Ёки унга ён тарафдан боқсак, бошқа одамни кўришимиз мумкин. Шу каби, Муқаддас Китоб ёрдамида худбинликни аниқлаш учун биз уни юзаки ўқимаслигимиз ёки бошқа кишининг нуқсонларини кўриш мақсадида қўлламаслигимиз лозим.

6. «Мукаммал қонунга диққат билан қарашдан» ташқари яна нима қилишимиз керак?

6 Эҳтимол биз Муқаддас Китобни мунтазам ва ҳатто кунда ўқирмиз, лекин шунда ҳам ўзимизда ривожланаётган худбинликнинг белгиларини кўрмай қолишимиз мумкин. Қанақасига? Бир ўйлаб кўринг: Ёқуб айтган кўзгу ҳақидаги мисолда муаммо кишининг унга диққат билан қарамаганида эмасди. Ёқубнинг ёзишича, ўша киши «ўзига қарайди». Бу ўринда Ёқуб қўллаган юнонча сўз, эътибор ёки синчковлик билан кўриб чиқишни англатади. Ундай бўлса, мазкур мисолдаги кишининг муаммоси нимада эди? Ёқуб шундай дея давом этади: «Лекин кетиши биланоқ ўзининг қандай эканини унутиб қўяди». Ҳа, ўша киши кўзгуда кўргани бўйича йўл тутмасдан ўгирилиб кетган. Ёқуб эслатиб ўтган бахтиёр киши эса бундан фарқли равишда, нафақат «мукаммал қонунга диққат билан қарайди», балки унга «қаттиқ амал қилади». У Худонинг Каломидаги мукаммал қонунга бепарво бўлмайди, аксинча ундаги таълимотларга қунт билан риоя этади. Исо ҳам шунга ўхшаш фикрни айтган эди: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз» (Юҳан. 8:31).

7. Худбинликнинг белгиларини аниқлаш учун Муқаддас Китобдан қандай фойдалансак бўлади?

7 Демак, худбинликнинг белгиларини бартараф  этишда муваффақиятга эришиш учун аввал Худонинг Каломини диққат билан ўқишингиз лозим. Бу эса, устида ишлашингиз керак бўлган соҳаларни аниқлашга ёрдам беради. Изланиш ўтказиб, чуқурроқ таҳлил қилинг. Муқаддас Китобдан ўқиганингиз ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлгач, ўзингизни воқеа иштирокчиси ўрнига қўйиб, мана шундай саволлар устида ўйлаб кўринг: «Мен бу вазиятда қандай йўл тутган бўлардим? Тўғри йўл тута олармидим?» Энг муҳими эса, ўқиганингиз ҳақида фикр юритгач, уни қўллашга ҳаракат қилинг (Мат. 7:24, 25). Мисол тариқасида келинг, шоҳ Шоул ҳамда ҳаворий Бутрус тўғрисидаги ҳикояларни кўриб чиқайлик. Бу, фидойилик руҳини сақлаб қолишимизга ёрдам беради.

ШОҲ ШОУЛНИНГ ОГОҲЛАНТИРУВЧИ МИСОЛИ

8. Шоул ҳукмронлигининг бошида ўзини қандай тутган ва бу нимадан кўринган эди?

8 Исроил шоҳи Шоулнинг мисоли, худбинлик фидойилик руҳини еб битириши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди. Шоул, ҳукмронлигининг бошида камтарин бўлиб, ўзига паст назар билан қарар эди (1 Шоҳ. 9:21). Исроилликлар унинг бошқаруви ҳақида ёмон гапиришганда, Шоул Худо томонидан берилган мавқеини ҳимоя қилишга ҳақли бўлса-да, уларни жазоламаган (1 Шоҳ. 10:27). Шоҳ Шоул Оммон халқига қарши жангда исроилликларга етакчилик қилаётиб, Худонинг руҳи уни бошқаришига йўл қўйган эди. Охирида у камтарлик билан ғалаба учун бутун шарафни Яҳовага берган (1 Шоҳ. 11:6, 11–13).

9. Шоул қандай қилиб худбинларча фикр юрита бошлаган?

9 Вақт ўтиб Шоул, ўзида занг сингари емирувчи худбинлик ва мағрурлик ривожланишига йўл қўйган. Оммон халқини жангда мағлуб қилганда, у Яҳовага итоат қилишдан кўра ўз истакларини қондиришни муҳимроқ деб билган. Худо унга ўлжани тамоман йўқ қилишни буюрган бўлса ҳам, Шоул очкўзлик билан уни ўзига олиб қолган. Шунингдек, у такаббурона йўл тутиб, ўзига ёдгорлик ўрнатган (1 Шоҳ. 15:3, 9, 12). Шомуил пайғамбар, Яҳова ундан мамнун эмаслигини айтганида, Шоул Худонинг амрини қисман бажарганига эътибор қаратиб ҳамда бошқаларни айблашга тушиб, ўзини оқламоқчи бўлган (1 Шоҳ. 15:16–21). Боз устига, мағрурлик дастидан Шоул Худога маъқул келишдан кўра, ўз обрўсини сақлаб қолиш ҳақида кўпроқ ўйларди (1 Шоҳ. 15:30). Биз Шоулнинг мисолидан кўзгу каби фойдаланиб, фидойилик руҳини қандай сақлаб қолишимиз мумкин?

10, 11. а) Фидойилик руҳини сақлаб қолиш борасида Шоулнинг мисолидан нимани ўргансак бўлади? б) Шоул каби нотўғри йўл тутишдан қандай эҳтиёт бўлишимиз мумкин?

10 Биринчидан, Шоулнинг мисолидан кўриниб турганидек, агар биз илгари фидойилик руҳини намоён этган бўлсак, кейинчалик ҳам шундай қилаверамиз, деб ўзимизга ишонмаслигимиз керак (1 Тим. 4:10). Шуни унутмангки, Шоул бир вақтлар тўғри йўл тутиб, Худонинг марҳаматидан баҳраманд бўлган, аммо у пайдо бўлаётган худбинликнинг белгиларини ўзидан соқит қилмаган. Оқибатда Яҳова Шоулни итоатсизлиги учун рад этган.

11 Иккинчидан, нуқул яхши ишларимизга эътибор қаратиб, тузатишимиз керак бўлган камчиликларимизга кўз юмишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Акс ҳолда, кўзгуга қараб янги кийимимиздан севинган, аммо юзимиздаги кирга аҳамият бермагандай бўламиз. Гарчи биз Шоул каби ўзимизга бино қўйиб, худбин бўлиб кетмасак-да, лекин ёмон йўлга етакловчи ҳар қандай мойилликдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Агар бизга маслаҳат берилса, келинг, ўз ҳаракатимизни оқлашдан, муаммонинг аҳамиятини кичрайтиришдан ёки айбни бошқаларга юклашдан ўзимизни тияйлик. Ҳа, Шоул каби йўл тутмай, маслаҳатни қабул қилсак ўзимизга яхши бўлади (Забур 140:5 ни ўқинг).

12. Жиддий гуноҳга қўл урган бўлсак, фидойилик руҳи қандай ёрдам бериши мумкин?

12 Бироқ, жиддий гуноҳга қўл урган  бўлсак-чи? Шоул обрўсини сақлаб қолмоқчи бўлган ва бу маънан тикланишига халақит берган. Фидойилик руҳи эса аксинча, уялиш ҳиссини енгиб, зарурий ёрдамни қабул қилишга кўмаклашади (Ҳик. 28:13; Ёқб. 5:14–16). Масалан, битта биродаримиз 12 ёшидан порнография томоша қилиб, ўн йилдан кўп вақт мобайнида буни яширинча давом эттирган. У шундай сўзлаб берди: «Хотиним ва оқсоқоллар олдида қилмишимни тан олиш ниҳоятда қийин эди. Аммо тан олганимда, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Мен жамоат хизматкори бўлмай қолганимда, айрим дўстларим, гўё мен уларнинг ишончини оқламаганимдай, мендан кўнгиллари совиган. Лекин аминманки, Яҳова порнографияни томоша қилиб юрганимдан кўра ҳозирги хизматимдан кўпроқ мамнун ва мен учун Унинг нуқтаи назари муҳимроқ».

БУТРУС ХУДБИНЛИКНИ ЕНГГАН

13, 14. Бутруснинг худбинликка мойиллиги қандай аён бўлган?

13 Ҳаворий Бутрус Исодан таълим олиб юрган вақтда фидойилик руҳини намоён этган (Луқо 5:3–11). Шундай бўлса-да, у худбинликка мойиллиги билан курашиши керак эди. Бир марта ҳаворийлар Ёқуб ва Юҳанно Худонинг Шоҳлигида Исонинг ёнида катта мавқега эга бўлмоқчи эканидан хабар топгач, Бутруснинг жаҳли чиққан. Эҳтимол унинг ўзи бундай мавқега эга бўламан деб ўйлагандир, чунки Исо Бутрусга ўзгача вазифани бажариши ҳақида айтган эди (Мат. 16:18, 19). Қандай бўлмасин, Исо Ёқуб билан Юҳаннони, шунингдек Бутрусни ҳам, худбинларча биродарлари «устидан бошқаришга» интилмаслик ҳақида огоҳлантирган (Марк 10:35–45).

14 Исо Бутруснинг фикрлаш тарзини тўғрилашга ҳаракат қилганидан кейин ҳам, Бутрус ўз камчилиги билан курашишда давом этган. Исо ҳаворийларга, улар уни вақтинча ташлаб кетиши ҳақида айтганида, Бутрус ўзини бошқалардан юқори қўйиб, якка ўзи содиқ қолишини таъкидлаган (Мат. 26:31–33). Аммо ўша кечанинг ўзидаёқ Бутрус фидойилик руҳини намоён эта олмаганида, унинг ўзига ишонгани беҳуда экани кўринган. Кейин эса, Бутрус ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Исодан уч марта тонган (Мат. 26:69–75).

15. Нега Бутруснинг ҳаётидан далда ва ўрнак олсак арзийди?

 15 Бундай кураш ва хатоларига қарамай, биз Бутруснинг ҳаётидан далда ва ўрнак олсак арзийди. Шахсий ҳаракатлари ва Худонинг муқаддас руҳи ёрдамида Бутрус нотўғри мойилликларини енгган ва ўзини тута билиш ҳамда фидокорона севги фазилатини намоён этган (Галат. 5:22, 23). У илгари дош бера олмаган синовлардан ҳам кучлироғига чидаган. Ҳаворий Павлуснинг бошқалар олдида берган танбеҳига қандай муносабат билдирганидан, Бутруснинг камтарин экани кўриниб турарди (Галат. 2:11–14). Танбеҳ олгач Бутрус, обрўси тўкилгани учун Павлусдан хафа бўлиб юрмаган. Бу воқеадан кейин ҳам у Павлусга меҳр-муҳаббат кўрсатиб келган (2 Бутр. 3:15). Ҳа, Бутруснинг мисоли фидойилик руҳини ривожлантиришимизга ёрдам бериши мумкин.

Бутрус танбеҳга қандай муносабатда бўлган? Биз ҳам шундай муносабат кўрсата оламизми? (15- хатбошига қ.)

16. Қийин вазиятларда фидойилик руҳини қандай намоён эта оламиз?

16 Қийин вазиятларда ўзингизни қандай тутишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Бутрус ва бошқа ҳаворийлар ваъзгўйлик учун қамоққа тушиб, калтакланишганда: «Исонинг исми учун ҳақоратга сазовор бўлдик»,— деб суюнишган (Ҳавор. 5:41). Сиз ҳам қувғинларга дуч келганда Бутрусга тақлид қилинг ва Исонинг изидан юриб фидойилик руҳини намоён этинг (1 Бутрус 2:20, 21 ни ўқинг). Бундай муносабат сизга оқсоқоллар томонидан берилган зарурий танбеҳни қабул қилишга кўмаклашиши мумкин. Шундай пайтда хафа бўлмай, Бутрусдан ўрнак олинг (Воиз 7:9).

17, 18. а) Маънавий мақсадлар қўйиш борасида ўзимизга қандай савол берсак бўлади? б) Қалбимизда заррача бўлса-да худбинлик борлигини сезсак, нима қилишимиз мумкин?

17 Маънавий мақсадлар қўйишга келганда ҳам Бутрусдан ўрнак олсангиз бўлади. Масалан, фидойилик руҳини намоён этишни мақсад қилишингиз мумкин. Аммо, буни обрў орттириш ниятида қилишдан эҳтиёт бўлинг. Ўзингизга шундай савол бериб кўринг: «Яҳовага янада яхшироқ ёки кўпроқ хизмат қилиш истагим остида, Ёқуб билан Юҳаннонинг Исога қилган илтимоси сингари, бошқаларнинг ҳурматини қозониш ёки обрў орттириш ниятим йўқмикан?»

18 Агар қалбингизда озгина бўлса-да худбинлик борлигини сезсангиз, фикрлаш тарзингизни ва ҳис-туйғуларингизни тўғрилаш учун Яҳовадан ёрдам сўранг; сўнг бутун диққатингизни ўз обрўйингизга эмас, балки Уни улуғлашга қаратинг (Заб. 85:11). Шунингдек, бошқаларнинг кўзига ташланмайдиган ишларни бажаришни мақсад қилсангиз ҳам бўлади. Масалан, муқаддас руҳ самараси бўлмиш фазилатлардан сизга намоён этиш қийин кечаётганини кўпроқ ривожлантиришингиз мумкин. Ёки йиғилишдаги топшириқларингизни аъло даражада тайёрласангиз-у, Йиғилиш Залини йиғиштиришга унчалик қизиқмасангиз, эҳтимол Римликларга 12:16 даги маслаҳатни қўллашни мақсад қилиб оларсиз (ўқинг).

19. Худонинг Каломидаги кўзгуга қараб, кўрганимиздан хафа бўлмаслик учун нима қилсак бўлади?

19 Худонинг Каломидаги кўзгуга диққат билан қараб, ўзимизда камчиликлар ва ҳатто худбинлик белгиларини кўриб қолсак, хафа бўлишимиз турган гап. Агар бу сиз билан юз берса, Ёқубнинг мисолидаги бахтиёр киши тўғрисида мулоҳаза қилинг. Ёқуб, ўша киши муаммосини қанчалик тез ҳал қилганини ёки ҳар бир камчилигини бартараф эта олганини таъкидлаб ўтмаган; аксинча, Ёқуб ўша кишининг «мукаммал қонунга... қаттиқ амал қилгани» ҳақида ёзган (Ёқб. 1:25). Ўша киши кўзгуда кўрганини ёдда тутиб, яхшиланишга ҳаракат қилган. Дарҳақиқат, ўзингизга нисбатан ижобий нуқтаи назарни сақлаб, номукаммаллигингизга тўғри муносабатдан бўлинг (Воиз 7:20 ни ўқинг). Мукаммал қонунга диққат билан қарашда давом этиб, фидойилик руҳини сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Ахир, кўплаб имондошларингиз номукаммал бўлишига қарамай, Худонинг марҳаматига ва баракаларига эриша олишган-ку! Яҳова уларга ёрдам берганидек, сизга ҳам ёрдам беришга тайёр.