Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2014

Оилавий топинишни ҳамма учун ёқимли тарзда ўтказа оласизми?

Оилавий топинишни ҳамма учун ёқимли тарзда ўтказа оласизми?

Бразилиялик бир ота шундай деб бўлишди: «Оилавий топиниш оқшоми шу қадар қизғин ўтадики, агар тўхтатмасам ярим кечагача чўзилиб кетади». Япониялик бир ота эса ўн яшар ўғли вақт ўтганини сезмай, оилавий топиниш тўхташини истамаслиги ҳақида айтади. Нега? «Чунки бу унга хурсандчилик бахш этади»,— дейди унинг отаси.

Албатта ҳамма болалар ҳам оилавий топинишга қизиқиш кўрсатмас, эҳтимол баъзиларига бу қувонч ҳам келтирмас. Нимага шундай бўлади? Тоголик бир ота кузатувлари билан бўлишиб: «Яҳовага топинишимиз зерикарли ўтмаслиги керак»,— дейди. Унда оилавий топинишни қандай ўтказса яхшироқ бўлади? Кўпчилик оилавий топиниш, қадимги исроилликлар учун Шаббат куни «завқли» ўтгани сингари, қизиқарли бўлиши мумкинлигини тан олишади (Ишаё 58:13, 14).

Масиҳий оила бошлари топиниш хурсандчилик келтириши учун, оиладагилар ўзларини эркин ҳис қилиши муҳимлигини тушунишади. Учта қиз ва битта ўғилнинг отаси Ральф, уларнинг оилавий топиниши тадқиқдай эмас, балки эркин суҳбат тарзида ўтишини, чунки барча муҳокамада иштирок этишини айтди. Бошқа томондан, ҳар сафар ҳам барчанинг муҳокамага қизиқиб, киришиб кетиши қийин кечар. Бир она шундай деб тан олади: «Доим ҳам кучим бўлмагани учун, оилавий топиниш мен хоҳлагандек қизиқарли ўтмайди». Сиз шу каби қийинчиликларга дуч келасизми?

МОСЛАШУВЧАНЛИК ВА ХИЛМА-ХИЛЛИК

Битта қизи ва ўғли бўлган Германиялик бир ота шундай дейди: «Биз мослашувчан бўлишга ҳаракат қиламиз». Икки фарзандли Наталия исмли она эса: «Оилавий топиниш қанча хилма-хил бўлса шунча яхши»,— деб айтади. Кўпчилик оилавий топинишни бир неча қисмга бўлади. «Бундай йўл тутиш тадқиқ қизғин  ўтишига ва барча иштирок этишига ҳисса қўшади»,— деб бўлишади ўсмир қиз ва ўғли бор бразилиялик Клиэтон исмли ота. Тадқиқни қисмларга бўлиш ёрдамида ота-оналар ҳар бир фарзандининг эҳтиёжига эътибор бера олади, айниқса уларнинг ёши жуда фарқ қилса. Демак, ота-оналар ҳар бир оила аъзосининг эҳтиёжларини инобатга олиб, мавзуни ва уни қандай тарзда муҳокама қилишни танлаётиб мослашувчан бўлишлари мумкин.

Тадқиқни хилма-хил тарзда ўтказиш учун баъзи оилалар нима қилишмоқда? Айримлар оилавий топинишни Яҳовага қўшиқ куйлаш билан бошлашади. «Бу яхши муҳит яратилишига ҳисса қўшиб, онгимизни муҳокама қилинадиган мавзуга тайёрлайди»,— деб фикр билдиради мексикалик Хуан исмли ота. Унинг оиласи топинишда кўриб чиқиладиган мавзуга мос бирон қўшиқни танлайди.

Шри Ланка

Аксарият оилалар Муқаддас Китобдаги парчани биргаликда ўқишади. Топиниш хилма-хил бўлиши учун оила аъзолари Муқаддас Китоб қаҳрамонларининг сўзларини ўзаро бўлишиб ўқишади. Япониялик ота, бошида бундай ўқиш сал ғалати бўлганини тан олади. Аммо унинг иккита ўғлига мана шундай тарзда ўқиш хурсандчилик бахш этган. Бошқалар эса Муқаддас Китоб ҳикояларини саҳналаштиришади. Жанубий Африкадан бўлган икки ўғилнинг отаси Рожер, Муқаддас Китобни ўқиётганда болалари кўпинча уларнинг назаридан четда қолган нарсаларга эътибор беришини айтади.

Жанубий Африка

Топинишни хилма-хил қилишнинг усулларидан бири, масалан, биргаликда Нуҳ кемасининг ёки Сулаймон давридаги маъбаднинг макетини ясаш бўлиши мумкин. Бу каби машғулотлар одамда қизиқиш уйғотиб, изланиш олиб боришга чорлайди. Мисол учун, осиёлик бир оила, яъни эр-хотин, уларнинг беш ёшли қизи ва бувиси битта стол атрофида йиғилишади. Улар ҳаворий Павлуснинг ваъзгўйлик сафарлари асосида тузилган ўйинни ўйнашади. Бошқа оилалар эса стол устида ўйналадиган ўйинларни Чиқиш китобидаги воқеаларга асосланиб тузишади. Тогодан бўлган 19 яшар Дональд: «Хилма-хиллик нафақат оилавий топинишимизни бойитди, балки оилавий муносабатларимизни ҳам мустаҳкамлади»,— дея гапириб берди. Сизнингча, қандай машғулотлар оилавий топинишингизни янада қизиқарлироқ қилиши мумкин?

Америка Қўшма Штатлари

ТАЙЁРГАЛИК ЖУДА МУҲИМ

Гарчи хилма-хиллик ва мослашувчанлик оилавий топинишни қизиқарли қилса-да, муҳокама фойдали бўлиши учун барча тайёргарлик кўриши аҳамиятлидир. Болалар учун узоқ вақт давомида ўтириб тадқиқ қилиш баъзан қийин кечади. Шу сабабли ота, болаларига қизиқарли бўлган маълумотни танлаши керак. Бир ота шундай деб бўлишади: «Агар тайёргарлик кўрган бўлсам, тадқиқ барчага ҳузур бахш этади». Германиялик бир ота эса уйидагиларга келаси ҳафта нимани муҳокама қилишларини олдиндан айтар экан. Бенинлик саккизта боланинг отаси, оилавий топинишда ташкилотимиз фильмини томоша қилишга вақт ажратишни режалаштирганида, олдиндан тайёрлаб қўйилган саволларни ҳам бериб қўяди. Шубҳасизки, тайёргарлик кўриш оилавий топинишимизнинг сифатини янада яхшилайди.

Оила аъзолари қандай мавзу кўриб чиқилишини олдиндан билишса, ҳафта давомида улар ўзаро бу ҳақда суҳбатлашишади. Бу эса қизиқишни янада орттиради. Агар ҳамма оила аъзосига алоҳида вазифа берилса, уларнинг ҳар бири оилавий топинишга ўз ҳиссасини қўша олганидан хурсанд бўлади.

МУНТАЗАМ БЎЛИШИГА ИНТИЛИНГ

Оилавий топиниш мунтазам ўтказилиши учун курашаётган оилалар кам эмас.

Кўп оталар оиламни боқаман деб бир неча соат тер тўкиб меҳнат қилишади. Масалан, Мексикадан бўлган бир ота, саҳар соат олтиларда уйдан чиқиб, кеч соат еттиларда уйга қайтар экан. Шундай кунлар ҳам бўладики, туман нозирининг ташрифи ёки вилоят анжумани каби маънавий тадбирлар сабабли оилавий тадқиқнинг вақтини ўзгартиришга тўғри келади.

Қандай бўлмасин, оилавий топиниш мунтазам ўтишига қатъий қарор қилишимиз лозим. Тоголик 11 яшар Лоис оиласининг мақсади ҳақида бўлишиб шундай дейди: «Топинишимиз режалаштирилган куни, кутилмаган ҳодиса юр бергани учун баъзида оилавий топинишни кеч бошлаймиз, лекин мунтазам ўтказамиз». Нима сабабдан айрим оилалар ҳафта бошидан оилавий топинишни режалаштириб қўяётганини тушунаётгандирсиз. Мабодо кутилмаган воқеа содир бўлса ҳам, улар оилавий топинишни ҳафтанинг бошқа кунига кўчира олишади.

Нима учун бу тадбир «оилавий топиниш» дейилади? Чунки бу, Яҳовага бўлган топинишингизнинг бир қисмидир. Илоё, барча оила аъзоларингиз бундан буён ҳам, Яҳовага «мадҳияларини назр қилаверишсин» (Ҳўш. 14:2). Ҳар бир оила аъзоси учун бу вақт, хурсандчилик пайти бўлсин. Ахир «Эгамиз туфайли топган севинчимиз нажот қўрғонимиз» эмасми?! (Нахим. 8:9, 10).