Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Март 2014

Орангиздаги кексаларни ҳурмат қилинг

Орангиздаги кексаларни ҳурмат қилинг

Қариянинг ҳурматини жойига қўйинг. ЛЕВ. 19:32

1. Одамзод қандай аянчли аҳволда?

ЯҲОВА одамларнинг қариб, заиф бўлиб қолишини ҳеч ҳам хоҳламаган. Аксинча, У эркагу аёлларнинг Жаннатда мукаммал саломатликка эга бўлиб яшашларини ният қилган. Аммо ҳозир «бутун махлуқот... оҳ-воҳ қилиб, азоб чекмоқда» (Рим. 8:22). Сизнингча, Худо одамзоднинг гуноҳ оқибатларидан қийналаётганини кўриб, Ўзини қандай ҳис қилади? Боз устига, кўп қариялар айни ёрдамга муҳтож бўлган вақтларида қаровсиз қолишмоқда (Заб. 38:6; 2 Тим. 3:3).

2. Нега масиҳийлар жамоатда кексалар борлиги учун миннатдорлар?

2 Яҳованинг халқи, жамоатларда кексалар борлиги учун миннатдор. Биз уларнинг донолигидан фойда оламиз, уларнинг имон йўлида кўрсатган ўрнаклари эса бизни руҳлантиради. Кўпчилигимизда битта ёки ундан кўпроқ кекса қариндошимиз бор. Бироқ, жамоатдаги кексалар бизга қариндош бўлмаса ҳам, уларга қизиқиш кўрсатамиз (Галат. 6:10; 1 Бутр. 1:22). Худо қарияларга қандай муносабатда бўлганини кўриб чиқиш барчамиз учун фойдали бўлади. Шунингдек, азиз кексаларимизга нисбатан оила аъзолари ва жамоатдагиларнинг қандай масъулияти борлигини билиб оламиз.

 «МЕНИ ТАШЛАБ ҚЎЙМАГИН»

3, 4. а) Забурнинг 70- саносини ёзган киши Яҳовага нима деб илтижо қилган? б) Жамоатнинг кекса аъзолари Худодан нимани сўрашлари мумкин?

3 «Кексайган чоғимда мени ташлаб қўймагин, қувватим кетганда, мени тарк этмагин»,— дея Худога ёлворган, илоҳий илҳом билан Забур 70:9 ни ёзган киши. Юқоридаги сўзлар 69- санонинг давомига ўхшайди, чунки биринчи оятида «Довуд саноси» деб ёзилган. Демак, Забур 70:9 да ёзилган сўзларни Довуд айтган бўлиши мумкин. У Худога ёшлигидан то кексайгунига қадар хизмат қилган ва Яҳова ундан ажойиб тарзда фойдаланган (1 Шоҳ. 17:33–37, 50; 3 Шоҳ. 2:1–3, 10). Шундай бўлса-да, Довуд Яҳованинг марҳаматига муҳтожлигини ҳис қилиб, унга ғамхўрлик қилишини илтимос қилган (Забур 70:17, 18 ни ўқинг).

4 Бугунги кунда кўплар Довуд каби вазиятда. Қарилик ва «қайғули кунлар» келганига қарамай, улар қўлларидан келганича Яҳовани шарафлашга ҳаракат қилишади (Воиз 12:1–7). Эҳтимол, улардан аксарияти ҳаётнинг турли соҳаларида, жумладан хизматда илгаригидек кўп қила олмас. Аммо улар Яҳовадан, бундан буён ҳам уларга марҳамат кўрсатиб, ғамхўрлик қилишини ўтиниб сўрашса бўлади. Бундай садоқатли кексалар, Худо ибодатларига жавоб беришига амин бўлишлари мумкин. Қолаверса, уларнинг ибодатлари Довуднинг илоҳий илҳом билан айтган ташвишли сўзларига ҳамоҳангдир.

5. Садоқатли кексаларга Яҳова қандай қарайди?

5 Яҳова садоқатли кексаларни жуда қадрлаши ва хизматчиларидан ҳам уларни ҳурмат қилишни кутаётгани Муқаддас Китобда аниқ кўрсатилган (Заб. 21:25–27; Ҳик. 16:31; 20:29). «Мўйсафидни кўрганингизда ўрнингиздан туринг, қариянинг ҳурматини жойига қўйинг. Мен, Худойингиздан қўрқинг. Мен Эгангизман»,— деб айтилган Левилар 19:32 да. Чиндан ҳам, жамоатдаги қарияларни ҳурмат қилиш, ўтмишдаги каби ҳозир ҳам жиддий масъулият юклайди. Хўш, амалда уларга қандай ғамхўрлик кўрсатиш мумкин? Бу масъулият кимнинг зиммасида?

ОИЛАНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

6. Ота-онага ғамхўрлик қилишда Исо қандай ўрнак кўрсатган?

6 Худонинг Каломида: «Ота-онангизни ҳурмат қилинг»,— деб айтилган (Чиқ. 20:12; Эфес. 6:2). Исо, ота-онага ғамхўрлик қилишдан бош тортган фарзийлар ва уламоларни ҳукм қилаётиб, юқоридаги сўзларни таъкидлаб ўтган (Марк 7:5, 10–13). Исонинг ўзи эса бу борада аъло ўрнак кўрсатган. Масалан, азоб устунида жон бераётиб Исо, эҳтимол ўша вақтга келиб бева қолган онасига ғамхўрлик қилишни, суюкли шогирди Юҳаннога ишониб топширган (Юҳан. 19:26, 27).

7. а) Ота-онага ғамхўрлик қилиш борасида ҳаворий Павлус қандай кўрсатма берган? б) Павлус Тимўтийга йўллаган мактубида нимага эътибор қаратган?

7 Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом билан имондошларига, ўз уйидагиларга ғамхўрлик қилиш зарурлигини ёзган (1 Тимўтийга 5:4, 8, 16 ни ўқинг). Павлус Тимўтийга йўллаган мактубида нимага эътибор қаратган? У жамоатда ким моддий ёрдам олишга лаёқатли, ким эса лаёқатли эмаслигини муҳокама қилган. Унинг сўзларидан, кексайган беваларга биринчи навбатда имонда бўлган фарзандлари, неваралари ва бошқа қариндошлари ғамхўрлик қилиши кераклиги аниқ кўринарди. Шундай қилиб, жамоат ортиқча сарф-харажатдан озод бўларди. Бугунги кунда ҳам, масиҳийлар учун «художўй» эканларини намоён этишнинг усулларидан бири, муҳтожликда бўлган қариндошларга моддий жиҳатдан ғамхўрлик қилишдир.

8. Нега Муқаддас Китобда кекса ота-оналарга ғамхўрлик қилиш борасида аниқ кўрсатма берилмаган?

8 Оддий қилиб айтганда, катта ёшли фарзандлар, ота-оналарининг моддий эҳтиёжлари қондирилаётганига ишонч ҳосил  қилишлари шарт. Павлус имонли қариндошлар ҳақида гапирган, аммо ота-она жамоатнинг аъзоси бўлмаса ҳам, уларни қаровсиз қолдирмаслик керак. Албатта, фарзандлар ғамхўрликни турлича намоён этишади. Вазиятлар ҳам бир-биридан фарқ қилади. Ёрдамга муҳтож бўлган кишининг ҳам, унга ғамхўрлик қилаётганларнинг ҳам эҳтиёжлари, феъли ва саломатлиги ҳар хил бўлади. Айрим қарияларнинг фарзанди кўп, бошқаларда эса биттагина; баъзилар ҳукуматдан ёрдам олади, бошқалар эса ололмайди. Шунингдек, ғамхўрликка муҳтож бўлганларининг хоҳиш-истаклари турлича. Демак, кекса қариндошлари учун жон куйдираётганларнинг қай йўсин ғамхўрлик кўрсатаётганини танқид қилиш доноликдан ёки севгидан далолат бермайди. Яҳова қадимда яшаган хизматчилари учун қилганидек, ҳозир ҳам Муқаддас Китобга асосланган ҳар қандай қарорнинг баракасини беради (Саҳ. 11:23).

9–11. а) Баъзилар қандай қийин вазиятга дуч келиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нега катта ёшли фарзандлар тўла вақтли хизматни қолдиришга шошқалоқлик қилмасликлари керак? Мисол келтиринг.

9 Агар фарзандлар узоқда яшаётган бўлса, кекса ота-оналарига зарурий ёрдам кўрсатиш қийин кечиши мумкин. Кутилмаганда ота-оналарининг соғлиги ёмонлашса, масалан йиқилиб суяги синса ёки бошқа бир фалокат юз берса, фарзандлар тезроқ уларни кўришга боргиси келади. Ахир, ота ёки она вақтинчалик ёки узоқ вақт ёрдамга муҳтож бўлиб қолади-ку! *

10 Уйидан йироқда хизмат қилишга тайинланган тўла вақтли хизматчилар, баъзан қарор чиқаришга қийналиб қолишади. Байтилчи, махсус ваъзгўй ёки кўчма нозир бўлиб хизмат қилаётганларнинг бари ўз хизматини қадрлаб, буни Яҳованинг баракаси деб билишади. Аммо, ота-оналари касал бўлиб қолса, улар авваламбор: «Ота-онамизга қараш учун хизматимизни тугатиб, уйга қайтишимиз керак»,— деган хулосага келиши мумкин. Лекин, ота-оналари чиндан ҳам муҳтожми ёки бу шунчаки хоҳишми, деб ибодат ила мулоҳаза қилинса оқилона бўлади. Ҳеч ким шарафли хизматни қолдиришга шошқалоқлик қилмаслиги керак ва эҳтимол бундай йўл тутишга ҳожат ҳам бўлмас. Балким, соғлик масаласи вақтинчалик бўлиб, ота-онага жамоатдагилар жон деб ёрдам беришар? (Ҳик. 21:5).

11 Келинг, уйидан йироқда хизмат қилаётган бир ака-уканинг мисолини кўриб чиқайлик. Улардан бири Парагвайда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб, иккинчиси эса Бруклиндаги (Нью-Йорк) Халқаро идора марказида хизмат қилишарди. Уларнинг кекса ота-онаси ёрдамга муҳтож бўлиб қолди. Шунда иккала ўғил хотинлари билан бирга, Японияда яшаётган ота-онасига қанақа ёрдам кераклигини ва буни қандай амалга ошириш мумкинлигини билиш учун уларни йўқлаб боришди. Вақт ўтиб, Парагвайдаги эр-хотин хизматларини қолдириб, уйга қайтиш ҳақида мулоҳаза қила бошлади. Шунда ота-оналари хизмат қилаётган жамоатдаги оқсоқоллар кенгашининг раиси уларга қўнғироқ қилди. Оқсоқоллар вазиятни кўриб чиқиб, бу эр-хотинга тўла вақтли хизматларида имкон қадар узоқроқ қолишни айтишди. Ўша оқсоқоллар тўла вақтли махсус ваъзгўйларнинг хизматини қадрлашаётгани учун, уларнинг ота-онасига қўлларидан келганча ёрдам беришга қарор қилишди. Бундай меҳрибонлик кўрсатилганидан, оила аъзоларининг барчаси ғоят миннатдор бўлди.

12. Қари ота-онасига қандай ғамхўрлик қилиш борасида ўйлаётган масиҳий нимани эътиборга олиши керак?

12 Қари ота-онасининг эҳтиёжларини қондириш учун масиҳий қандай қарорга келмасин, унинг қарори Худонинг исмига доғ тушурмаслигига амин бўлиши керак.  Биз Исонинг замонидаги диний раҳбарларга ўхшашни асло истамаймиз (Мат. 15:3–6). Бизнинг қарорларимиз Худога ва жамоатга шон-шараф келтиришини хоҳлаймиз (2 Кор. 6:3).

ЖАМОАТНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

13, 14. Жамоатлар кекса аъзоларига ғамхўрлик қилиши кераклигини Муқаддас Китоб қандай кўрсатяпти?

13 Тўла вақтли хизматчиларга ҳамма ҳам юқорида айтилганидай ёрдам кўрсата олмайди. Аммо биринчи асарда юзага келган вазиятдан кўриниб турибдики, жамоатдагилар намунали кекса биродару опаларга ғамхўрлик қилишни исташади. Муқаддас Китобда Қуддусдаги жамоат тўғрисида: «Ораларидан ҳеч ким муҳтожлик кўрмасди»,— деб айтилган. Бу, ҳамма моддий жиҳатдан фаровон яшаган дегани эмас. Айримлари камбағал бўлишига қарамай, бор маблағларини «ҳаммага эҳтиёжига қараб тақсимлашарди» (Ҳавор. 4:34, 35). Кейинчалик жамоатда жиддий муаммо юз берган. Озиқ-овқатни тақсимлашда «беваларни четлаб ўтишаётгани» маълум бўлган. Шунда ҳаворийлар, беваларнинг эҳтиёжлари етарлича ва холисона қондирилишига ишонч ҳосил қилиш учун етук биродарларни тайинлашга қарор қилишган (Ҳавор. 6:1–5). Милодий 33 йили Ҳосил байрамида имонга келган ва маънан мустаҳкамланиб олгунча Қуддусдан кетмай турган масиҳийларнинг кундалик ризқ-рўз билан таъминланиши вақтинчалик тадбир эди. Шундай бўлса-да, бу вазиятда ҳаворийлар қандай йўл тутишганидан, муҳтожликда бўлган жамоат аъзоларига зарурий ёрдам берилишини яққол кўрса бўлади.

14 Юқорида эслаб ўтилганидек, Павлус Тимўтийга, жамоатдан моддий ёрдам олишга лаёқатли бева хотинлар тўғрисида кўрсатма берган эди (1 Тим. 5:3–16). Инжил ёзувчиси Ёқуб, масиҳийларнинг етим-есирларга ҳамда муҳтожликда бўлган бошқаларга ғамхўрлик қилиш масъулияти борлигини илоҳий илҳом билан ёзган (Ёқб. 1:27; 2:15–17). Ҳаворий Юҳанно ҳам шундай фикр билдирган эди: «Агар кимдир фаровон ҳаёт кечириб, биродарини муҳтожликда кўрса-ю, унга раҳм-шафқат намоён этишдан бош тортса, у ҳолда у Худони қандай қилиб севсин?» (1 Юҳан. 3:17). Хуллас, ҳар бир масиҳий муҳтожликда бўлганларга ёрдам беришга бурчли экан, демак жамоатда ҳам бундай масъулият бор.

Агар кўнгилсизлик юз берса, жамоат қандай ёрдам кўрсатиши мумкин? (15-, 16- хатбошиларга қ.)

15. Кекса биродару опаларга ёрдам бераётиб қайси омилларни инобатга олиш керак?

15 Баъзи мамлакатларда кекса фуқароларга ҳукумат томонидан пенсия ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати тақдим этилади (Рим. 13:6). Бошқа жойларда эса бундай хизматлар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Шунда ҳам, ёши улуғ биродару опаларга қариндошлари ва жамоат томонидан қанча ёрдам кўрсатилиши вазиятга боғлиқ. Агар имонда  бўлган фарзандлар уйдан йироқда яшаётган бўлса, бу ота-оналарига қанча ёрдам бера олишларига таъсир қилиши мумкин. Бундай оиланинг вазиятини ҳамма тушунаётганига амин бўлиш учун фарзандлар ота-онасининг жамоатидаги оқсоқоллар билан очиқ мулоқот қилиб туришса яхши бўлади. Масалан, оқсоқоллар уларнинг ота-онасига ҳукумат томонидан қандай ижтимоий ёрдам кўрсатилишини билишга кўмаклашиши мумкин. Шунингдек, улар фарзандларга ота-онаси ўқимаган муҳим хатлар ёки қабул қилмаган тиббий муолажалар ҳақида хабар беришар. Фарзандлар оқсоқоллар билан очиқ мулоқот қилиб туришса, муаммонинг ечимини топишга муваффақ бўлишади. Вақтида ёрдам ва маслаҳат беришга шай бўлган кишилар, вазиятнинг чигаллашиб кетишига йўл қўймай, фарзандларни ортиқча хавотирлардан халос этишлари мумкин.

16. Айрим масиҳийлар қария имондошларига қандай ёрдам беришмоқда?

16 Кекса имондошларини яхши кўришгани учун айрим масиҳийлар бажонидил вақт ва кучларини сарфлаб, уларнинг ҳар қандай эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилишади. Улар жамоатидаги кексаларга қўшимча ёрдам кўрсатишлари мумкин. Баъзилар ихтиёрий тарзда вазифаларни ўзаро бўлишиб, қария имондошларининг кундалик эҳтиёжларини қондиришади. Кекса биродару опаларга ғамхўрлик қилаётганлар ўзлари тўла вақтли хизматда иштирок эта олишмаса-да, уларнинг фарзандларига тўла вақтли хизматда имкон қадар узоқроқ қолишга кўмаклашишади. Бундай фидойилик кўрсатаётган имондошларимиз мақтовга сазовор! Албатта, уларнинг сахийлиги фарзандларни ота-онаси олдидаги масъулиятдан озод этмайди.

ДАЛДАЛИ СЎЗЛАР БИЛАН КЕКСАЛАРГА ҲУРМАТ КЎРСАТИНГ

17, 18. Қарияларга ғамхўрлик қилишга келганда муносабат қандай аҳамиятга эга?

17 Кексалар ҳам, уларга ғамхўрлик қилаётганлар ҳам, ижобий руҳни сақлаб, мушкул вазиятни енгиллаштириши мумкин. Баъзида қаричилик дастидан одам хафа бўлиб, ҳатто тушкунликка тушиб қолади. Шу сабабдан кекса биродару опаларга ҳурмат кўрсатиш ва далда бериш қийин кечар. Хўш, уларнинг кўнглини кўтариш учун нима қилсангиз бўлади? Улар билан ижобий тарзда суҳбатлашиб туришга ҳаракат қилинг. Яҳовага содиқликни сақлашгани учун уларни мақтаса арзийди. Яҳова, Унга хизмат этиш учун қилган ҳаракатларини унутмайди, жумладан биз ҳам (Малаки 3:16; Ибронийларга 6:10 ни ўқинг).

18 Бундан ташқари, кексалар ҳам, уларга ғамхўрлик қилаётганлар ҳам вақти келганда ҳазил-ҳузул қилиб туришса, кундалик ташвишлар унчалик оғир бўлиб кўринмайди (Воиз 3:1, 4). Кўп қариялар бошқалар учун оғир юк бўлмасликка ҳаракат қилишади. Агар улар хушфеъл бўлишса, бошқалар уларга кўпроқ эътибор беришини ва тез-тез хабар олиб туришини улар тушунишади. Уларни йўқлаб борадиганлар кўпинча шундай дейишади: «Мен кекса дўстимга далда бергани келган эдим, натижада ўзим ҳам далда олдим» (Ҳик. 15:13; 17:22).

19. Ёшу қарилар келажакка қандай қарашлари керак?

19 Биз азоб-уқубатлар ва номукаммалликнинг оқибатлари йўқ қилинишини сабрсизлик билан кутяпмиз. Ўша вақт келгунча, Худонинг хизматчилари бутун эътиборини абадий яшаш умидига қаратишлари керак. Тушкунлик ёки қийинчилик пайтларида, Худонинг ваъдалари биз учун гўё лангар каби бўлишини биламиз. Ушбу умид туфайли «биз таслим бўлмаймиз, гарчи ташқи қиёфамиз сўлиб бораётган бўлса-да, ички дунёмиз кундан-кунга янгиланяпти» (2 Кор. 4:16–18; Иброн. 6:18, 19). Худонинг ваъдаларига қаттиқ умид боғлашдан ташқари, қарияларга ғамхўрлик қилиш масъулиятини бажаришингизга яна нима ёрдам бериши мумкин? Кейинги мақолада баъзи амалий маслаҳатлар берилади.

^ 9- х.б. Кейинги мақолада, кекса ота-оналарга ғамхўрлик кўрсатишнинг айрим усуллари ҳақида гап боради.