Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) МАРТ 2014

Имондош бўлмаган қариндошларнинг қалбига йўл топиш

Имондош бўлмаган қариндошларнинг қалбига йўл топиш

«УЙИНГИЗГА боринг-да, Яҳова сиз учун нималар қилганини ва қандай раҳм-шафқат кўрсатганини қариндошларингизга гапириб беринг»,— деган эди Исо Масиҳ. Бу сўзларни Исо унинг издоши бўлишни истаган бир кишига айтган. Ўшанда у, эҳтимол Жалила денгизининг жануби-шарқидаги Гадара шаҳри яқинида эди. Исонинг бу сўзларидан кўриниб турибдики, одамлар бирон қизиқарли маълумотни билиб қолишса, қариндошларига айтгиси келади (Марк 5:19).

Буни бугунги кунда ҳам кўрса бўлади, фақат бу баъзи маданиятларда бошқаларига қараганда кўпроқ кўринади. Шу сабабдан, кимдир ҳақ Тангри Яҳованинг хизматчиси бўлганида, янги топган имони тўғрисида қариндошларига айтгиси келади. Аммо у буни қай тарзда қилиши лозим? У бошқа динда бўлган ёки умуман Худога ишонмайдиган қариндошларининг қалбига қандай қилиб йўл топа олади? Муқаддас Китобда яхши ва амалий маслаҳат берилган.

«БИЗ МАСИҲНИ ТОПДИК»

Милодий биринчи асрда, Исонинг Масиҳ эканини биринчи бўлиб Идрис тушунган эди. У дарҳол бориб буни кимга айтган? «Аввалига у [Идрис] акаси Симунни топиб, унга деди: “Биз Масиҳни топдик”». Идрис Бутрусни Исонинг олдига олиб бориб, унга Исонинг издоши бўлиш имконини берган (Юҳан. 1:35–42).

Орадан тахминан олти йил ўтиб, Бутрус Яффа шаҳрида бўлганида, уни Кесариянинг шимолида жойлашган, Корнилий исмли юзбошининг уйига таклиф қилишган эди. Бутрус борган уйда кимлар йиғилиб турганди? «Корнилий қариндошу яқин дўстларини чақириб, уларни [Бутрусни ва у билан келганларни] кутиб турганди». Корнилий қариндошларига Бутруснинг гапини тинглаб, эшитганлари асосида қарор чиқариш имконини берган (Ҳавор. 10:22–33).

 Идрис ва Корнилий қариндошларига қандай муносабатда бўлганидан биз нимани ўрганамиз?

Идрис ҳам, Корнилий ҳам фурсатни бой бермаган. Идрис шахсан Бутрусни Исо билан таништирган, Корнилий эса қариндошлари Бутруснинг гапини тинглаши учун шароит яратган. Бироқ Идрис ва Корнилий қариндошларим Масиҳнинг издоши бўлишсин деб, уларни мажбурлашмаган ёки айёрлик билан ўз таъсирини ўтказишга уринишмаган. Бу ерда сабоқ борлигини кўряпсизми? Биз ҳам улар каби йўл тутсак яхши бўлади. Эҳтимол биз айрим фикрларни қариндошларимиз билан баҳам кўриб, уларга Муқаддас Китоб ҳақиқатларини билиб олиш ёки имондошларимиз билан танишиш имконини яратиб берармиз. Шунда ҳам, биз уларнинг танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиб, мажбурлашдан ўзимизни тиямиз. Қариндошларимизга қай йўсин ёрдам беришимиз мумкинлигини, Германияда яшовчи эр-хотин Юрген ва Петранинг мисолидан яққол кўрса бўлади.

Петра Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб, кейинчалик сувга чўмди. Унинг эри Юрген ҳарбий офицер эди. Бошида Юрген хотинининг қароридан мамнун эмасди. Аммо вақт ўтиб у, Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ваъз қилишаётганини тан олди. Сўнг, ўзи ҳам ҳаётини Яҳовага бағишлади ва ҳозир маҳаллий жамоатда оқсоқол бўлиб хизмат қиляпти. Бошқа динда бўлган қариндошларнинг қалбига йўл топиш борасида у қандай маслаҳат беради?

Юрген шундай дейди: «Қариндошларимизни маънавий мавзуларни эшитишга мажбурлаб, маълумот билан кўмиб ташламаслигимиз керак. Акс ҳолда, улар умуман бизни тинглагиси келмай қолади. Ундан кўра сабрли бўлиб, хушмуомалалик билан уларга оз-оздан қизиқарли фикрларни айтиб турсак яхши бўлади. Боз устига қариндошларимизни, ёши ва қизиқишлари уларники каби бўлган биродарлар билан таништирсак самара беради. Шундай қилиб, биз уларнинг қалбига йўл топа оламиз».

«Қариндошларимизни маълумот билан кўмиб ташламаслигимиз керак» (Юрген).

Ҳаворий Бутрус ва Корнилийнинг қариндошлари Муқаддас Китобдаги хабарни дарҳол қабул қилишган. Милодий биринчи асрда ҳақиқатни эшитган бошқалар эса, бирон қарорга келгунча анча вақт талаб қилинган.

ИСОНИНГ УКАЛАРИ-ЧИ?

Исо хушхабарни ваъз қилиб юрган вақтда, қариндошларидан айримлари унга ишонган. Масалан, Ёқуб ва Юҳанно Исонинг холаваччалари бўлса, уларнинг онаси Саломия, холаси бўлган шекилли. Эҳтимол Саломия, «ўз мол-мулкларини унга [Исога] ва ҳаворийларига хизмат қилиш учун сарфлаган» аёллардан бири бўлгандир (Луқо 8:1–3).

Исонинг бошқа оила аъзолари эса унга тезда ишонишмаган. Масалан, Исо сувга чўмганидан кейин бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, халқ уни тинглаш учун уйга йиғилган эди. «Исонинг қариндошлари бўлиб ўтган воқеалардан хабар топиб: “У ақлдан озибди”,— дея уни олиб кетгани боришди». Орадан вақт ўтиб, Исонинг укалари унинг қаерга боришини суриштирганда, Исо уларга аниқ жавобини айтмаган. Нега? Чунки «укалари унга ишонмас эдилар» (Марк 3:21; Юҳан. 7:5).

Исо қариндошларига қандай муносабатда бўлганидан биз нимани ўрганишимиз мумкин? Улардан айримлари уни ақлдан озган дейишса ҳам, Исо хафа бўлмаган. Ҳатто қатл этилганидан кейин  ҳам Исо тирилиб укаси Ёқубга кўринган ва шу йўсин қариндошларига ўзининг Масиҳ эканини тасдиқлаган. Бу воқеадан сўнг биргина Ёқуб эмас, балки Исонинг бошқа укалари ҳам унинг Масиҳ эканига ишонч ҳосил қилишган. Шу йўсин, Қуддусда ҳаворийлар ва бошқа издошлар устига муқаддас руҳ ёғдирилганда, Исонинг укалари ҳам ўша ерда бўлган. Вақт ўтиб, Исонинг яна бошқа укалари, Ёқуб ва Яҳудога шарафли вазифалар топширилган (Ҳавор. 1:12–14; 2:1–4; 1 Кор. 15:7).

БАЪЗИЛАРИГА КЎПРОҚ ВАҚТ КЕРАК

«Сабр, сабр ва яна сабр қилсангиз, яхши самара бериши мумкин» (Росвита).

Милодий биринчи асрда бўлганидек, ҳозир ҳам баъзи қариндошларимиз ҳаёт йўлига қадам босгунча анча вақт кутиш керак бўлади. Мисол учун Росвита исмли аёлни олайлик. Унинг эри 1978 йили сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлганида, Росвита Рим-католик динининг фаол эътиқодчиси эди. Ўз динига самимий ишонган Росвита бошида эрига қаршилик қилиб келди. Аммо йиллар ўтиб, у камроқ қаршилик қила бошлади ва охири, Яҳованинг Шоҳидлари ҳақиқатни ўргатишаётганини тушунди. 2003 йили Росвита сувга чўмди. Бундай ўзгаришларга нима сабаб бўлди? Росвитанинг эри, хотини унга қаршилик қилаётганидан хафа бўлмай, муносабатини ўзгартиришига имконият берган. У нима маслаҳат беради? «Сабр, сабр ва яна сабр қилсангиз, яхши самара бериши мумкин».

Моника 1974 йилда сувга чўмган, унинг ўғиллари эса қарийб ўн йилдан кейин Яҳованинг Шоҳидлари бўлишди. Гарчи унинг эри Ханс ҳеч қачон қаршилик қилмаган бўлса-да, у 2006 йилда сувга чўмгунча кутишга тўғри келган. Ўтмишга назар солиб, бу оила қандай маслаҳат беради? «Яҳовага содиқликни маҳкам ушланг ва эътиқодингизга хиёнат қилманг». Албатта, оила аъзолари Хансни доимо севишганига ишонтиришлари муҳим эди. Бир кун келиб у ҳақиқатни қабул қилади, деб улар умидини йўқотишмаган.

ҲАҚИҚАТ СУВИДАН ОРОМ ОЛГАНЛАР

Исо бир марта ҳақиқат хабарини абадий ҳаёт бахш этувчи сув билан таққослаган (Юҳан. 4:13, 14). Биз ҳам, қариндошларимиз салқин, тоза ҳақиқат сувидан ором олсин деймиз. Уларни тезда кўпгина сув ичишга мажбурлаб, тиқилиб қолишини истамаймиз, албатта. Улар ором оладими ёки тиқилиб қоладими, бу уларга эътиқодимизни қандай тушунтиришимизга боғлиқ. Муқаддас Китобда айтилишича, «солиҳ ўйлаб жавоб беради» ва «дононинг юраги тилига идрок беради, сўзларини ишончли қилади». Биз бу маслаҳатни қандай қўллашимиз мумкин? (Ҳик. 15:28; 16:23).

Хотин эрига ўз эътиқодини тушунтиргиси келади. Агар у «ўйлаб жавоб берса», сўзларини синчковлик ила танлаб, шошқалоқлик билан гапирмайди. У ўзини ақлли қилиб кўрсатмаслиги лозим. Унинг пухта ўйлаб айтган гаплари дилга ором бахш этиши тайин. Эри қачон ўзини эркин ҳис этиб, гаплашишга тайёр бўлади? Қайси мавзулар ҳақида суҳбатлашиш ёки ўқиш унга кўпроқ ёқади? Балки уни илм-фан, сиёсат ёки спорт қизиқтирар? Хотини унинг ҳис-туйғуларини ва танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда, қай йўсин Муқаддас Китобга қизиқишини уйғота олади? Шу зайлда фикр юритиш, унга фаҳм-фаросат билан гапириш ва ҳаракат қилишга кўмаклашади.

Ҳали Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган оила аъзоларининг қалбига йўл топиш учун, уларга эътиқодимизни оз-оздан тушунтиришнинг ўзи етарли эмас. Айтаётган сўзларимизни яхши хулқ-атворимиз билан тасдиқлашимиз керак.

НАМУНАЛИ ХУЛҚ-АТВОР

«Илоҳий меъёрларни кундалик ҳаётда қўллашда изчил бўлинг. Бу, сизни кузатиб ўтирган қариндошингизнинг эътиборини жалб қилишнинг энг самарали йўлидир, ҳатто ўзи буни тан олмаса ҳам»,— дейди юқорида эслаб ўтилган Юрген. Хотинидан қарийб 30 йил кейин сувга чўмган Ханс бу фикрга қўшилиб, шундай дейди: «Масиҳийнинг ибратли хулқ-атвори муҳим аҳамиятга эга, чунки қариндошимиз, ҳақиқат ҳаётимизга ижобий таъсир қилаётганини кўради». Қариндошлар, эътиқодимиз туфайли биз бошқалардан ёмон тарафга эмас, яхши тарафга ажралиб туришимизни кўришади.

«Масиҳийнинг ибратли хулқ-атвори муҳим аҳамиятга эга, чунки қариндошимиз, ҳақиқат ҳаётимизга ижобий таъсир қилаётганини кўради» (Ханс).

Эри имондош бўлмаган хотинларга ҳаворий Бутрус бебаҳо маслаҳат беради: «Эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар. Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин. Сизнинг чиройингиз ташқи кўринишдан, яъни ўрилган сочлар, тилла тақинчоқлар ёки устки кийимдан иборат  бўлмасин. Аксинча, чиройингиз қалбингизнинг тубида яширилган умуман эскирмайдиган кийимдан — Аллоҳнинг назарида қимматбаҳо ҳисобланган сокин ва мулойим руҳдан иборат бўлсин» (1 Бутр. 3:1–4).

Бутруснинг сўзларига кўра эр, хотинининг ибратли хулқ-атвори туфайли имонга келиши мумкин. Мана шу илоҳий маслаҳатни ёдда тутган ҳолда, 1972 йилда сувга чўмганидан буён Криста исмли опамиз хулқ-атвори орқали эрининг қалбини забт этишга уриниб келди. Унинг эри бир вақтлар Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилган бўлса ҳам, ҳанузгача ҳақиқатни ўзлаштириб олмаганди. У йиғилишларга қатнаб, жамоатдагилар билан яхши муносабатда бўлган. Жамоатдагилар ҳам унинг танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилишган. Криста унинг қалбига йўл топиш учун қандай ҳаракат қилган?

«Мен, Яҳова талаб қилганидек йўл тутишга қарор қилдим. Шу билан бир вақтда, мен эримни “сўзларим” билан эмас, яхши хулқ-атворим билан забт этишга уринардим. Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлмаган барча истакларини бажаришга ҳаракат қилардим. Албатта, мен унинг танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиб, ҳамма нарсани Яҳованинг қўлига топширдим».

Кристанинг тутган йўлидан, ён берувчан бўлиш муҳимлигини кўрса бўлади. У маънавий ишлар билан банд бўлган, жумладан йиғилишларга мунтазам қатнаб, ваъзгўйлик хизматида тўлақонли иштирок этган. Шундай бўлса-да, у эрини севгидан, вақтдан ва эътибордан маҳрум қилишга ҳаққи йўқлигини тушунган. Имондош бўлмаган қариндошлар билан муомала қилганда ҳар биримиз ён берувчан ва фаҳм-идрокли бўлишимиз зарур. Зеро Муқаддас Китобда айтилишича, «ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор». Бунга, қариндошларимиз ва айниқса имондош бўлмаган турмуш ўртоғимиз билан ўтказган вақтимиз ҳам киради. Бирга вақт ўтказиш, мулоқотга чорлайди. Яхши мулоқот эса, ёлғизлик ёки рашк ҳиссининг олдини олишини тажриба кўрсатиб турибди (Воиз 3:1).

ЗИНҲОР ТАСЛИМ БЎЛМАНГ

«Оила аъзоимизни севаётганимизни ва у учун ибодат қилаётганимизни кўрсатишимиз муҳим экан»,— дейди Холга. Унинг отаси оила аъзоларидан 20 йил кейин сувга чўмган. Криста эса, эри то Яҳованинг тарафини эгаллаб, ҳақиқатни қабул қилмагунича, зинҳор таслим бўлмаганини айтади. Қариндошларимиз эътиқодимизга шерик бўлмаса-да, биз уларга доим ижобий муносабатда бўлиб, илоё умидимиз сўнмасин.

Бизнинг мақсадимиз, қариндошларимиз билан муносабатимизни бузмай, уларга ҳақиқатни тан олиш имконини бериш ва Муқаддас Китобдаги хабар ёрдамида қалбларига йўл топишдир. Боз устига, нимаики қилсак, «мулойимлик ва камоли эҳтиром билан қилишимиз» зарур (1 Бутр. 3:15).