Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2014

Қўзининг никоҳидан шодланинг!

Қўзининг никоҳидан шодланинг!

Шод-хуррам бўлинг... Чунки Қўзининг никоҳ соати келди. ВАҲ. 19:7

1, 2. а) Осмонда кимнинг тўйи сабабли хурсандчилик бўлади? б) Қайси саволларга жавоб оламиз?

МАЪЛУМКИ, тўйга ҳозирлик кўриш ҳамиша кўп вақт талаб қилади. Бироқ ҳозир, биз ажойиб бир тўйга, яъни шоҳнинг никоҳига эътиборимизни қаратамиз. Бир тасаввур қилинг, бу тўйга мана 2000 йилдан бери ҳозирлик кўрилмоқда. Куёв келин билан бирлашадиган вақти шиддат ила яқинлашиб келмоқда. Яқинда, Шоҳнинг ҳузури қувноқ мусиқага тўлади ва осмонда шундай қўшиқ айтилади: «Яҳга ҳамдлар бўлсин! Зеро Қодир Тангримиз Яҳова Шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилишни бошлади. Шод-хуррам бўлиб, Уни шарафланг, чунки Қўзининг никоҳ соати келди ва унинг келини ўзини ҳозирлади» (Ваҳ. 19:6, 7).

2 Осмонда бўладиган қувончли тўйнинг сабабчиси «Қўзи», у ҳам бўлса Исо Масиҳдир (Юҳан. 1:29). У никоҳда қандай либосларда бўлади? Унинг келини ким? Никоҳ учун келин қандай ҳозирлик кўради? Қачон тўй бўлади? Бу тўй туфайли самода хурсандчилик бўлади, лекин ер юзида абадий яшашга умид қилаётганлар ҳам улар билан бирга қувонишадими? Ушбу саволларга жавоб олишни жуда ҳам хоҳлаймиз. Шунинг  учун, келинг, Забурнинг 44- саносини кўриб чиқишни давом этайлик.

ЛИБОСЛАРИДАН ХУШБЎЙ ҲИДЛАР КЕЛАДИ

3, 4. а) Куёвнинг тўй либослари борасида нима дейилган ва унинг қувончига нима қувонч қўшади? б) Куёвнинг хурсандчилигига шерик бўладиган «малика» ва «шоҳ қизлари» кимлар?

3 Забур 44:9, 10 ни ўқинг. Куёв Исо Масиҳ шоҳона тўй либосларга кийинган бўлади. Либосларидан, Исроилда мойлаш учун қўлланилган мойнинг таркибига кирадиган мирра ва кассия каби, «энг яхши хушбўй ҳидли зираворларнинг» ажойиб ҳиди таралиб туради (Чиқ. 30:23–25).

4 Куёвнинг ҳузурини тўлдириб турган самовий мусиқа, унинг яқинлашиб келаётган никоҳидан далолат бериб, қувончига қувонч қўшмоқда. «Малика», Худонинг самодаги ташкилотини билдиради. Унинг таркибига «шоҳ қизлари», яъни илоҳий фаришталар ҳам киради. Улар ҳам Куёвнинг хурсандчилигига шерик бўлишади. Самодаги овозлар: «Шод-хуррам бўлинг... Чунки Қўзининг никоҳ соати келди»,— деб эълон қилаётганини эшитиш нақадар ҳаяжонли!

КЕЛИН ТЎЙ УЧУН ҲОЗИРЛАНДИ

5. «Қўзининг хотини» ким?

5 Забур 44:11, 12 ни ўқинг. Куёв кимлиги аниқланди, бироқ унинг келини ким? У том маънодаги инсон эмас. Аксинча, у 144 000 мойланган масиҳийларнинг бутун гуруҳини ифодалайди. Исо уларнинг бошидир (Эфесликларга 5:23, 24 ни ўқинг). Улар Масиҳий Шоҳликда Исо билан бирга осмонда ҳукм суришади (Луқо 12:32). Бу мойланган масиҳийлар «Қўзи қаерга борса, орқасидан эргашишади» (Ваҳ. 14:1–4). Улар «Қўзининг хотини» бўлиб, унинг самовий ҳузурида яшашади (Ваҳ. 21:9; Юҳан. 14:2, 3).

6. Нега мойланганлар «подшоҳ қизи» деб аталади ва нима учун улар халқини унутишга чорланишмоқда?

6 Бўлажак келин нафақат «қиз», балки «подшоҳ қизи» деб ҳам аталади (Заб. 44:14, Туркия 1998). «Подшоҳ» ким? У Яҳова бўлиб, мойланган масиҳийларни «фарзандлари» сифатида асраб олган (Рим. 8:15–17). Самовий келин бўлишдан олдин улар: «Халқинг, [инсоний] отанг хонадонини унутгин»,— деб чорланишмоқда. Улар «ердаги нарсалар ҳақида эмас, балки самовий нарсалар» тўғрисида фикр юритишлари лозим (Колос. 3:1–4).

7. а) Масиҳ қандай қилиб бўлажак келинини ҳозирлади? б) Келин бўлажак Куёвга қандай муносабатда?

7 Асрлар мобайнида, Масиҳ бўлажак келинини самовий тўй учун ҳозирлаб келяпти. Ҳаворий Павлус қуйидагиларни тушунтирган: «Масиҳ ҳам жамоатни севиб, у учун ўзини бағишлади. У жамоатни муқаддас қилай деб, Худо каломининг суви билан уни ювиб тозалади. Токи жамоат унинг олдида бирон доғ, ажин ёки ғуборсиз, бутун гўзаллиги ила, муқаддас ва бенуқсон ҳолда ҳозир бўлсин» (Эфес. 5:25–27). У Коринф шаҳридаги мойланган масиҳийларга шундай деб айтган: «Мен сизларни илоҳий рашк билан қизғаняпман, ахир ўзим сизларни эрга беришни, яъни Масиҳга пок бир бокира сифатида тақдим этишни ваъда қилганман» (2 Кор. 11:2). Куёв Шоҳ Исо Масиҳ бўлажак келинининг маънавий «жамолини» ниҳоятда қадрлайди. Келин ҳам бўлажак эрини «хўжайин» сифатида тан олиб, унга таъзим қилади.

КЕЛИННИ «ШОҲ ҲУЗУРИГА ОЛИБ КЕЛИШАДИ»

8. Нега келинни «нақадар гўзал» деб айтса бўлади?

8 Забур 44:14, 15а ни ўқинг. Келин шоҳона тўй учун «нақадар гўзал» бўлиб ҳозирланган. Ваҳий 21:2 да келин шаҳар, яъни Янги Қуддус билан солиштирилган ва  у «куёви учун безалган». Бу илоҳий шаҳар «Худонинг шон-шуҳратига эга бўлиб, жилоси қимматбаҳо тош, биллурдай ярқираб турадиган яшма тошига ўхшарди» (Ваҳ. 21:10, 11). Янги Қуддуснинг улуғворлиги нақадар чиройли эканлиги Ваҳий китобида тасвирланади (Ваҳ. 21:18–21). Сано бастакори ҳам, келинни «нақадар гўзал» деб ифодалагани ажабланарли эмас! Ниҳоят, осмонда шоҳона тўй бўлмоқда.

9. Келин кимнинг олдига олиб келинади ва у қандай либосларни кияди?

9 Келин Куёвнинг, яъни Масиҳий Шоҳнинг олдига олиб келинади. Куёв уни ҳозирлаб, «Худо каломининг суви билан ювиб тозалади». У «муқаддас ва бенуқсондир» (Эфес. 5:26, 27). Келин ҳам тўй либосларини кийиши керак ва у шундай қилди. Қолаверса, «либослари олтин билан безатилган» бўлиб, «нақшли либосида уни шоҳ ҳузурига олиб келишади». Қўзининг никоҳи муносабати билан «келинга порлоқ, тоза ва яхши зиғирдан кийим берилди. Яхши зиғир — муқаддас кишиларнинг тўғри ишларидир» (Ваҳ. 19:8).

«НИКОҲ СОАТИ КЕЛДИ»

10. Қўзининг никоҳи қачон юз беради?

10 Ваҳий 19:7 ни ўқинг. Қўзининг никоҳи қачон юз беради? Гарчи, никоҳ учун Куёвнинг «келини ўзини ҳозирланган» бўлса-да, кейинги оятларида тўй бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Аксинча, у ерда буюк мусибатнинг сўнгги қисми яққол тасвирланади (Ваҳ. 19:11–21). Бу, никоҳ Шоҳ мутлақ ғалабага эришишидан олдин бўлади деганими? Асло. Ваҳий китобида башорат қилинган ҳодисалар, улар хронологик ёки юз берган тартибда ёзилмаган. Забурнинг 44- саносида, Шоҳ Исо Масиҳ қиличини белига боғлаб, душманлари устидан ғалаба қозонганидан кейин шоҳона тўй бўлади, деб айтилган (Заб. 44:4, 5).

11. Масиҳ мутлақ ғалаба қозонишидан аввал нима содир бўлади?

11 Буни инобатга олган ҳолда, ҳодисалар шундай тартибда бўлади деган хулоса қилишимиз мумкин: Авваламбор, «буюк фоҳиша», буюк Бобил, яъни сохта дин империяси йўқ қилинади (Ваҳ. 17:1, 5, 16, 17; 19:1, 2). Сўнг эса, Масиҳ Армагеддонда, «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангда» Худонинг ҳукмларини Шайтон дунёсининг қолган қисми устидан амалга ошириш учун отланади (Ваҳ. 16:14–16; 19:19–21). Охири, Жангчи Шоҳ Шайтонни ва унинг жинларини тубсизликка ташлаб, мутлақ ғалаба қозонади. У ерда улар гўё ўлим ҳолатида бўлгандай, ҳеч қандай фаолият юрита олишмайди (Ваҳ. 20:1–3).

12, 13. а) Қўзининг никоҳи қачон бўлади? б) Осмонда никоҳ туфайли кимлар хурсанд бўлади?

12 Мойланган масиҳийлар, Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайтида ер юзидаги фаолиятини тугатиб, самовий ҳаёт учун тирилишади. Буюк Бобилнинг йўқ қилинганидан сал вақт ўтгач, Масиҳ рамзий келиннинг қолган барча аъзоларини йиғиб олади (1 Салон. 4:16, 17). Шундай қилиб, Армагеддон жанги юз беришидан аввал, «келиннинг» барча аъзолари самода бўлади. Жангдан кейин эса, Қўзининг никоҳи бўлади. Бу никоҳ ажойиб бир ҳодисадир! Ваҳий 19:9 да: «Қўзининг никоҳ оқшомига таклиф этилганлар бахтлидир»,— деб ёзилган. Дарҳақиқат, рамзий келиннинг 144 000 аъзоси чинакам бахтни ҳис қилишади. Шоҳ Куёв ҳам, бутун мойланган масиҳийлар у билан бирга дастурхон атрофида еб-ичиб, тахтларга ўтирганидан ниҳоятда хурсанд бўлади (Луқо 22:18, 28–30). Бироқ бу тўйдан Куёв ва унинг келинидан ташқари, бошқалар ҳам қувонишади.

13 Юқорида ёзилганидай, осмонда шундай  қўшиқ айтилади: «Шод-хуррам бўлиб, Уни [Яҳовани] шарафланг, чунки Қўзининг никоҳ соати келди ва унинг келини ўзини ҳозирлади» (Ваҳ. 19:6, 7). Қизиқ, Яҳованинг ер юзидаги хизматчилари ҳақида нима деса бўлади? Улар ҳам ушбу хурсандчиликка шерик бўлишадими?

«УЛАР ШОД-ХУРРАМЛИК ИЧРА КЕЛАДИ»

14. Забурнинг 44- саносида қайси «қизлар» ҳақида гап боради?

14 Забур 44:13, 15б, 16 ни ўқинг. Закариё пайғамбар, замонанинг охирида барча халқлардан чиққан инсонлар рамзий Исроилнинг қолган қисми билан бирга миннатдорлик ила ҳамкорлик қилишини башорат қилган. У шундай деб ёзган: «Ўша кунларда турли тилларда гапирувчи халқлардан келган ўн киши бир яҳудийни ушлаб олади. Унинг кийимидан маҳкам тутади-да, унга: “Биз сен билан борайлик. Ахир, биз Худо сизлар билан эканлигини эшитдик”, деб айтишади» (Закр. 8:23). Забур 44:13 да эса, ушбу рамзий «ўн киши» «Тир халқи» ва «бойлар» деб номланган. Улар мойланганларнинг қолган қисмига ҳадялар олиб келиб, уларнинг хайрихоҳлиги ва маънавий кўмаги пайидан бўлишмоқда. 1935 йилдан бери, мойланганларнинг қолган қисми миллионлаб кишиларни «ҳақ йўлга солишяпти», яъни миллионлаб инсонларга Яҳова тўғрисидаги ҳақиқатни ўргатиб келишмоқда (Дон. 12:3). Мойланган масиҳийларнинг бу садоқатли ҳамкорлари ўз ҳаётларини поклаб, рамзий қизларга айланишди. Бу «қизлар» ўзларини Тангри Яҳовага бағишлаб, Шоҳ Исо Масиҳнинг содиқ фуқаролари эканлигини исботлашмоқда.

15. Қандай қилиб «қизлар» ер юзида келин билан бирга ҳамкорлик қилишмоқда?

 15 Рамзий келиннинг қолган қисми, ушбу «қизлар» ғайрат ила «Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни» бутун дунё бўйлаб ваъз қилишда ёрдам беришаёганидан ғоят миннатдор (Мат. 24:14). Улар, нафақат: «Муқаддас руҳ ва келин: “Кел!”» — деб айтилгандай қилишяпти, балки буни эшитганлар ҳам: «Кел!» — дея айтишяпти (Ваҳ. 22:17). Ҳа, «бошқа қўйлар» мойланган келиннинг: «Кел!» — деб айтганини эшитиб, ер юзидаги аҳолига келин билан биргаликда: «Кел!» — дея айтишдан хурсандлар (Юҳан. 10:16).

16. Яҳова бошқа қўйларни қандай шарафга сазовор қилди?

16 Мойланганларнинг қолган қисми ҳамкорларини яхши кўришади ва Куёвнинг Отаси Яҳова, бу бошқа қўйларга ер юзида Қўзининг осмондаги никоҳидан бирга севиниш шарафини тақдим этаётганини билишдан бахтлидир. Башорат қилинганидек, ушбу «қизлар» шод-хуррамлик ичра келишади. Ҳа, ер юзида абадий яшашга умид қилаётган бошқа қўйлар ҳам осмонда Қўзининг никоҳи бўлганда, ҳамма билан бирга қувонишади. Шу боис, Ваҳий китобида «улкан оломон» аъзолари «тахт ва Қўзининг қаршисида туришарди», деб айтилган. Улар Яҳованинг ер юзидаги рамзий маъбадининг ҳовлисида, Унга атаб, илоҳий хизматни бажаришади (Ваҳ. 7:9, 15).

Қўзининг никоҳи «қизларга» ҳам қувонч бахш этади (16- хатбошига қ.)

«ЎҒИЛЛАРИНГ ОЛГАЙЛАР ОТАЛАРИНГ ЎРНИНИ»

17, 18. Қўзининг никоҳи янги дунёда яшовчиларга қандай фойда келтиради? Минг йиллик бошқаруви пайтида Масиҳ кимларнинг отаси бўлади?

17 Забур 44:17 ни ўқинг. «Қизлар» никоҳ янги дунёда қанчалик фойда келтирганини кўришганда, шодланиш учун кўпроқ сабаблари бўлади. Шоҳ Исо Масиҳ ер юзидаги «оталарини» тирилтиради. Масиҳ уларга ҳаётларини қайтаргани учун, бу «оталар» унинг «ўғиллари» бўлишади (Юҳан. 5:25–29; Иброн. 11:35). Исо «бутун юртда шаҳзодалар» бўлишлари учун, ушбу «ўғилларнинг» баъзиларини танлайди. Шунингдек, Масиҳ бугунги садоқатли оқсоқоллардан айримларини янги дунёда «шаҳзодалар» сифатида бошқаришлари учун танлайди (Ишаё 32:1).

18 Минг йиллик бошқаруви пайтида Масиҳ шунингдек, бошқаларнинг отаси бўлади. Дарҳақиқат, Исонинг тўлов қурбонлигига ишонган ер юзидаги барча инсонлар абадий ҳаётга эга бўлишади (Юҳан. 3:16). Ўшанда, Масиҳ уларнинг «Абадий отаси» бўлади (Ишаё 9:6, 7).

УНИНГ НОМИНИ БОШҚАЛАРГА БИЛДИРАЙЛИК

19, 20. Забурнинг 44- саносида баён этилган ҳодисалар бугунги барча масиҳийларга қандай тегишли?

19 Забур 44:2, 18 ни ўқинг. Чиндан ҳам Забурнинг 44- саносида баён этилган ҳодисалар барча масиҳийларга тегишли. Мойланганларнинг ер юзидаги қолган қисми, яқинда осмонда биродарлари ва Куёв билан бирга бўлиш имкони борлигидан завқланишмоқда. Бошқа қўйлар, ўзининг улуғвор Шоҳига янада кўпроқ бўйсунишга ундалиб, мойланганларнинг ер юзида қолган аъзолари билан ҳамкорлик қилиш шарафи борлигидан миннатдорлар. Уларнинг тўйидан сўнг, Масиҳ ва унинг Шоҳлиги ер юзидаги инсонларга биз тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроқ ажойиб баракаларни ато этади (Ваҳ. 7:17; 21:1–4).

20 Масиҳий Шоҳга тегишли «гўзал сўзларнинг» амалга ошишини кузатиш, бизни унинг номини бошқаларга билдиришга чорлайди. Шундай экан, келинг, биз ҳам Шоҳни «тоабад мадҳ этайлик».