Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Февраль 2014

Яҳова Ғамхўр Отамиз ва Ҳимоячимиздир

Яҳова Ғамхўр Отамиз ва Ҳимоячимиздир

У Мени севгани учун Мен уни қутқараман. Мени билгани учун Мен уни ҳимоя қиламан. ЗАБ. 90:14

1, 2. Оилавий шароитларимизда ва ҳақиқатни билиб олганимизда қандай фарқ бор?

ТАНГРИ ЯҲОВА оила асосчисидир (Эфес. 3:14, 15). Ҳатто битта оилага мансуб бўлсак-да, турли шахсият ҳамда шароитларга эгамиз. Эҳтимол, сиз туғилганингиздан то улғайганингизга қадар ота-онангиз билан яшагандирсиз. Бошқаларнинг ота-онаси, балки касаллик, бахтсиз ҳодиса ёки бирон фожиа туфайли ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин. Яна кимдир ота-онасини умуман билмас.

2 Барчамиз Яҳованинг топинувчилари оиласининг аъзолари эканмиз, ҳақиқатни турли йўллар орқали билиб олганмиз. Эҳтимол, ота-онангиз сизни Муқаддас Китоб принциплари бўйича тарбиялашгандир (Қонун. 6:6, 7). Ёхуд Яҳованинг бошқа хизматчиларининг ваъзгўйлик иши орқали ҳақиқатни билиб олган минглаб одамлардан биридирсиз (Рим. 10:13–15; 1 Тим. 2:3, 4).

3. Барчамизни нималар бирлаштириб туради?

3 Келиб чиқишимиз турли бўлса-да, барчамизни муайян бир нарсалар бирлаштириб туради. Масалан, Одаматонинг итоатсизлиги келтирган оқибатлардан азоб чекиб, номукаммаллик, гуноҳ ҳамда ўлимни мерос қилиб олганмиз (Рим. 5:12). Шундай бўлса ҳам, ҳақ топинувчилар сифатида биз тўғридан-тўғри Яҳовага  «Отамиз» деб мурожаат қила оламиз. Қадимда, Худонинг танланган халқи Ишаё 64:8 да ёзилганидай: «Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз!» — деб айта оларди. Қолаверса, Исо ҳам намунали ибодатини: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин»,— деб бошлаган (Мат. 6:9).

4, 5. Отамиз Яҳовага бўлган миннатдорлигимиз янада ошиши учун нимани муҳокама қиламиз?

4 Самовий Отамиз, ҳақ топинувчилардан иборат бўлган оиласига ғамхўрлик қилади ва керакли жиҳатдан ҳимоялайди. Сано бастакори орқали Худо шундай деб айтмоқда: «У [ҳақ топинувчи] Мени севгани учун Мен уни қутқараман. Мени билгани учун Мен уни ҳимоя қиламан» (Заб. 90:14). Ҳа, Яҳова севги ила бизни душманлардан асраб, халқи сифатида ҳимоялайди. Шунинг учун ҳам, биз омон қоламиз.

5 Самовий Отамизга бўлган миннатдорлигимиз янада ошиши учун, келинг, Яҳова ҳақида ушбу учта муҳим нарсани муҳокама қилайлик: 1) Ғамхўр Отамиз, 2) Ҳимоячимиз ва 3) Энг Яхши Дўстимиз. Буни кўриб чиқаётиб, келинг, Аллоҳ билан бўлган муносабатларимиз ва Уни Отамиз сифатида қай йўсин шарафлашни ўрганишимиз мумкинлиги борасида фикр юритайлик. Шунингдек, Яҳовага яқинлашадиган кишиларга У ваъда қилаётган баракалар ҳақида мулоҳаза қилайлик (Ёқб. 4:8).

ЯҲОВА ҒАМХЎР ОТАМИЗ

6. Яҳова «яхши ҳадялар» беришининг йўлларидан бири қайси?

6 Исонинг шогирди Ёқуб шундай деб ёзган: «Яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси юқоридан келади. Боиси, улар самовий ёриткичларнинг Отаси... Тангридан келиб чиқади» (Ёқб. 1:17). Ҳаётнинг ўзи Яҳованинг ажойиб ҳадясидир (Заб. 35:10). Ҳаётимиздан Яҳованинг иродасини бажариш учун фойдалансак, ҳозирнинг ўзида мўл-кўл баракалар олиб, келажакдаги янги дунёда яшаш умидига эга бўламиз (Ҳик. 10:22; 2 Бутр. 3:13). Бироқ Одаматонинг итоатсизлиги келтирган аянчли оқибатларни ҳисобга олсак, бунинг қандай имкони бор?

7. Қандай қилиб Худо биз У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз учун имкон яратди?

7 Яҳова Ғамхўр Ота эканлигини тасдиқлайдиган нарсаларнинг ҳисоби йўқ. Мисол учун, У меҳр-инояти туфайли бизни ҳимояламоқда. Ҳаммамиз гуноҳкормиз ва Одаматодан номукаммалликни мерос қилиб олганмиз (Рим. 3:23). Лекин Яҳова севгиси туфайли, биз У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз учун имкон яратиб берди. Ҳаворий Юҳанно қуйидагича ёзган: «Тангрининг муҳаббати бизга шунда ошкор бўлдики, Худо ягона Ўғлини дунёга юборди, токи биз у орқали ҳаётга эга бўлайлик. Муҳаббат — биз Худони севдик дегани эмас, аксинча У бизни севиб, гуноҳларимиз учун Ўғлини яраштирувчи қурбонлик сифатида юборганидадир» (1 Юҳан. 4:9, 10).

8, 9. Иброҳим ва Исҳоқ пайтида Яҳова Ғамхўр Ота эканлигини қандай тасдиқлади? (Очқич оят юқорисидаги расмга қ.)

8 Тахминан мил. авв. 1893 йили Исонинг туғилишидан олдин, Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётида юз берган воқеа, Яҳова барча итоатли одамларга меҳр ила абадий ҳаётни қай йўсин беришини кўрсатмоқда. Ибронийларга 11:17–19 да шундай дея тушунтирилган: «Имони туфайли Иброҳим синалган вақтида, Исҳоқни гўё қурбонликка келтиргандай бўлган. Ҳа, ваъдаларни қувонч билан қабул қилган ўша киши ягона ўғлини қурбонликка келтиришга ҳаракат қилган. Гарчи унга: “Ваъда қилинган “зурриёт” Исҳоқдан келиб чиқади”,— деб айтилган бўлса ҳам, Иброҳим пайғамбар, Аллоҳ унинг ўғлини тирилтиришга қодир, деб ҳисобларди. Чиндан ҳам у ўғлини ўлимдан қайтариб олган ва бу, келажакда бўладиган воқеанинг рамзи бўлиб қолган». Иброҳим ҳам ўғли Исҳоқни қурбонлик қилишга тайёр бўлганидай, Яҳова бутун инсониятни қутқариш учун Ўғли Исо Масиҳни тайёрлик ила берган (Юҳанно 3:16, 36 ни ўқинг).

9 Исҳоқ қурбон бўлиб ўлишдан қутқарилганида, нақадар қувонгандир-а?! Шубҳасизки,  Аллоҳ унинг ўрнига сал нарида чакалакларга ўралиб қолган қўчқорни қурбонлик сифатида берганида у миннатдор бўлган (Ибт. 22:10–13). Мана шунинг учун ҳам, Муқаддас Китобнинг асл нусхасида ўша ер «Яҳова-Йире» деб номланган. Бунинг маъноси «Эгамиз беради» (Ибт. 22:14).

ХУДО БИЛАН ЯРАШТИРИШ ЙЎЛИ

10, 11. «Яраштириш хизматини» кимлар бошқармоқда ва улар буни қай йўсин бажаришмоқда?

10 Яҳова Ғамхўр Ота эканлигини қандай тасдиқлагани борасида фикр юритиб, бунда Исо Масиҳнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканини билиб оламиз. Ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзганда, буни тушунган: «Бизга туртки берган куч — Масиҳнинг севгисидир. Шу сабабдан биз ушбу хулосага келдик: агар бир киши ҳаммани деб ўлган бўлса, демак ҳамма ўлган. Чиндан ҳам, у ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар» (2 Кор. 5:14, 15).

11 Илк масиҳийлар Худони севишгани ва Унга хизмат қилиш шарафи учун миннатдор бўлишгани боис «яраштириш хизматини» бажонидил қабул қилишди. Уларнинг ваъз қилиш ва шогирд орттириш иши туфайли самимий инсонларда Тангри билан ярашиш, дўстлашиш ва охир-оқибат осмонда Худонинг ўғиллари бўлиш имкони пайдо бўлади. Бугунги кунда, Яҳованинг мойланган хизматчилари ушбу хизматни бажаришмоқда. Аллоҳ ва Масиҳнинг элчилари сифатида улар, Яҳова ростгўй ва камтарин кишиларни Ўзига жалб қилишига ва Унинг хизматчилари бўлишларига имкон беришяпти (2 Коринфликларга 5:18–20 ни ўқинг; Юҳан. 6:44; Ҳавор. 13:48).

12, 13. Қандай қилиб Яҳованинг ҳадялари учун миннатдорлигимизни кўрсата оламиз?

12 Ғамхўр Отамиз Яҳовага миннатдор бўлиб, ерда яшашга умид қилаётган ҳамма масиҳийлар воизлик фаолиятида мойланганлар билан ҳамкорлик қилишади. Бу ишда, Худонинг яна бир ажойиб ҳадяси бўлмиш Муқаддас Китобдан фойдаланамиз (2 Тим. 3:16, 17). Хизматимизда Аллоҳнинг илоҳий илҳоми остида ёзилган Каломини моҳирона қўллаб, бошқаларга ҳам абадий ҳаётга эришиш имконини берамиз. Бу фаолиятда ёрдам тариқасида ҳар биримиз Яҳованинг бошқа ҳадяси, яъни муқаддас руҳига таянишимиз мумкин (Закр. 4:6; Луқо 11:13). «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»нинг ҳар бир сонидан, бу ишнинг натижаси қанчалик ажойиб эканлигини кўрсак бўлади. Ушбу воизлик ишида иштирок этиб, Ғамхўр Отамизни улуғлаш нақадар шараф!

13 Худо бизга шу қадар ғамхўрлик қилаётган экан, ўзимизга шундай саволлар берсак яхши бўларди: «Яҳованинг ҳадялари учун чуқур миннатдорчилигимни кўрсатиш ниятида, хизматда қўлимдан келганини қиляпманми? Қандай қилиб мен хушхабарни янада самарали ваъз қила оламан?» Аллоҳнинг ажойиб ҳадялари учун миннатдорлигимизни, Унинг Шоҳлигини ҳаётимизда биринчи ўринга қўйиб кўрсата оламиз. Шундай йўл тутсак, Яҳова керакли эҳтиёжларимизни қондиришига ишонтирмоқда (Мат. 6:25–33). Худо бизни севар экан, шубҳасизки, иложи борича Унга маъқул келиб, қалбини қувонтиришни хоҳлаймиз (Ҳик. 27:11).

14. Қандай қилиб Яҳова Ўз халқи учун Нажоткор бўлган?

14 Сано бастакори Довуд: «Мен эса ғариб, бечораман, эй Раббий, мен ҳақимда ўйлагин, мададкорим, нажоткорим Ўзингсан»,— деб куйлаган (Заб. 39:18). Яҳова, гуруҳ сифатидаги Ўз халқи учун кўп маротаба Нажоткор бўлган, айниқса улар душманлар томонидан таъқиб қилиниб, шиддатли қувғинларга дуч келганда. Шундай пайтларда Аллоҳ бизга кўмаклашгани ва кўпдан-кўп маънавий ҳадялар бергани учун беҳисоб шукроналар айтамиз!

ЯҲОВА ҲИМОЯЧИМИЗ

15. Севувчи ота боласини қандай қутқариши мумкинлигини мисол орқали тушунтиринг.

15 Севувчи ота болаларига нафақат ғамхўрлик  қилади, балки уларни ҳимоялайди. Агар улар хавф остида бўлишса, уларни дарров қутқаришга интилади. Битта биродаримиз, кичиклигида юз берган ўзгача бир ҳодисани эслайди. У отаси билан хизматдан уйга қайтаётганда, йўлида дарё бўлиб сув оқаётган эди. Эрталаб қаттиқ жала ёққани туфайли сув тошқини юзага келганди. Ўша сувдан ўтиш учун, улар катта тошларнинг биридан иккинчисига сакраб ўтишлари керак эди. Отасининг олдида кетаётган бола тошдан сирғаниб, тошқин сувга йиқилади ва бундай ҳол яна икки марта такрорланади. Бу бола, отаси уни дарров елкасидан маҳкам ушлаб олгани ва чўкиб кетишига йўл қўймагани учун нақадар миннатдор бўлган! Шу каби, самовий Отамиз ҳам бизни ёвуз дунё ва унинг ҳукмдори Шайтоннинг хавф-хатарли тўлқинларидан ҳимоя қиляпти. Шак-шубҳасизки, Яҳова эга бўлишимиз мумкин бўлган энг яхши Ҳимоячидир! (Мат. 6:13; 1 Юҳан. 5:19).

16, 17. Омолек халқи билан жанг қилганда, Яҳова исроилликларга қандай кўмаклашган ва ҳимоялаган?

16 Яҳова мил. авв. 1513 йилда исроилликларни Миср қуллигидан озод этиб, мўъжизавий тарзда уларни Қизил денгиздан ўтказганидан кейин содир бўлган воқеалар, У севги ила ҳимоя қилишини тасвирлайди. Улар саҳро орқали Синай тоғига етгандан сўнг, Рафидимга боришади.

17 Ибтидо 3:15 даги илоҳий башоратни эътиборга оладиган бўлсак, заиф бўлиб туюлган исроилликларга қарши ҳужумлари фойда бермагани дастидан Шайтон ғазабланган бўлса керак. У, Худо халқининг душманлари бўлмиш омолеклар орқали ҳужум қилган (Саҳ. 24:20). Яҳова Ёшуа, Мусо, Ҳорун ва Хур исмли тўртта садоқатли киши орқали нимани амалга оширганини кўриб чиқайлик. Ёшуа омолекларга қарши жанг қилганда, Мусо, Ҳорун ва Хур яқин атрофдаги тепаликда туришарди. Мусо қўлларини  кўтарганда, исроилликлар жангда ғолиб чиқишарди. Унинг қўллари чарчаганда, Ҳорун ва Хур қўлларини кўтаришарди. Шундай қилиб, Яҳованинг ёрдами ва ҳимояси билан «Ёшуа омолекларни енгди» (Чиқ. 17:8–13). Бундан сўнг, Мусо пайғамбар қурбонгоҳ қурдириб, Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан унга «Яҳова-Нисси» деб ном берди. Бунинг маъноси «Эгам байроғимдир» (Чиқиш 17:14, 15 ни ўқинг).

ШАЙТОННИНГ ТУЗОҚЛАРИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

18, 19. Ҳозирги кунда Худо хизматчиларини қандай ҳимояламоқда?

18 Яҳова Уни севган ва итоатли инсонларни ҳимоя қилади. Рафидимдаги исроилликларга ўхшаб, биз ҳам душманларнинг ҳужумига рўбарў келганимизда, Худонинг ҳимоясига таянамиз. Яҳова кўпинча бизни гуруҳ сифатида ҳимоялаб, Иблиснинг тузоқларидан асрайди. Аллоҳ, бетарафликни сақлаб қолишга интилган биродарларимизни ҳимоя қилган кўпгина воқеалар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мисол учун, бу Германияда нацистлар ҳукм сурган даврда ҳамда бошқа мамлакатларда 1930 йилларда ва 1940 йилнинг бошида юз берган. Қувғин пайтларида Худо ҳимоя қилгани тўғрисидаги таржимаи ҳоллар ва «Йилнома»даги воқеаларни ўқиб, мулоҳаза қилганимизда, Яҳова Нажоткоримиз эканлигига бўлган имонимиз мустаҳкамланади (Заб. 90:2).

Яҳова, қийин дамларда садоқатли бўлиб қолишимизга кўмаклашиш учун имондошларимиздан фойдаланади (18–20- хатбошиларига қ.)

19 Яҳованинг ташкилоти ва адабиётларимиз орқали биз ҳимоя тариқасида севгига тўла огоҳлантиришларни оламиз. Ҳозирги пайтда улар бизни қай йўсин ҳимоя қилаётгани борасида ўйлаб кўрайлик. Дунё борган сари ахлоқсизлик, ичкиликбозлик ва порнография ботқоғига ғарқ бўлмоқда. Лекин Яҳова, ахлоқий хавф-хатарлардан ҳушёр бўлишимиз учун муҳим огоҳлантиришлар ва амалий ёрдам бермоқда. Масалан, самовий Отамиздан, ижтимоий тармоқлар орқали ёмон одамлар билан мулоқот қилмаслик тўғрисидаги маслаҳатни оляпмиз * (1 Кор. 15:33).

20. Жамоатимиз орқали қандай ҳимоя ва йўл-йўриқ оламиз?

20 Яҳованинг таълими бўйича яшаётганимизни қандай кўрсата оламиз? Буни, Унинг йўл-йўриқларига диққат ила бўйсуниб кўрсатсак бўлади (Ишаё 54:13). Хавфсиз макон бўлмиш жамоатимизда керакли йўл-йўриқ ва ҳимояга эга бўляпмиз. У ерда садоқатли оқсоқоллар Муқаддас Ёзувлар асосида бизга ёрдам ва маслаҳат беришади (Галат. 6:1). Бизга меҳр ила ғамхўрлик қилиш учун, Яҳова «ҳадялар сифатида инсонларни берди» (Эфес. 4:7, 8). Хўш, оқсоқоллар бизга маслаҳат берганда, қандай йўл тутамиз? Биз чин дилдан бўйсунишга тайёр бўлишимиз керак. Шундагина, Яҳова баракаларини бизга ёғдиради (Иброн. 13:17).

21. а) Нима қилишга қароримиз қатъий? б) Келаси мақолада нимани кўриб чиқамиз?

21 Келинг, муқаддас руҳ бошқаруви остида бўлишга ва самовий Отамизнинг йўл-йўриғига таянишга қарор қилайлик. Бундан ташқари, Унинг Ўғли Исо Масиҳнинг ҳаёт тарзи борасида фикр юритайлик ва унинг тенгсиз мисолига эргашишга ҳаракат қилайлик. У ўлимигача итоатли бўлгани сабабли, буюк мукофотга сазовор бўлди (Филип. 2:5–11). Биз ҳам, унга ўхшаб чин дилдан Яҳовага таянсак, баракаларга эга бўламиз (Ҳик. 3:5, 6). Шундай экан, келинг, тенги йўқ Ғамхўр Отамиз ва Ҳимоячи бўлмиш Яҳовага таянайлик. Унга хизмат қилиш қувонч ва катта шарафдир! Қайси маънода Яҳова Энг Яхши Дўстимиз бўла олади? Ушбу саволнинг жавобини келаси мақолада кўриб чиқсак, Унга бўлган севгимиз янада ошади.

^ 19- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг 2011 йил 15 август сонининг 3–5- саҳифаларидаги «Интернет глобал тармоғидан оқилона фойдаланиш» ва «Қўриқчи минораси»нинг 2012 йил 15 август сонининг 20–29- саҳифаларидаги «Иблиснинг тузоқларидан эҳтиёт бўлинг!» ҳамда «Шайтоннинг тузоқларига қарши туринг!» номли мақолалардан шу каби огоҳлантиришларни топсак бўлади.