Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2014

 ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН

Имонни мустаҳкамловчи эпик асарнинг 100 йиллиги

Имонни мустаҳкамловчи эпик асарнинг 100 йиллиги

«Бу фильмни томоша қилиб, шахсан биродар Расселлнинг ўзини кўргандай бўлдим!» («Яратилиш фотодрамаси»нинг томошабини, 1914 йил)

БУ ЙИЛ «Яратилиш фотодрамаси» илк бор оммага тақдим этилганига 100 йил тўлади. Ушбу саҳналаштирилган эпик асар, Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга бўлган имонни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган. Эволюция назарияси, танқид ва шубҳа-гумонлар кўпчиликнинг имонини емириб бораётган бир пайтда, «Яратилиш фотодрамаси» Яҳованинг Яратувчи эканлигига ишонтирувчи омил бўлган.

Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари орасида етакчилик қилган Чарлз Тейз Расселл, Худонинг Каломидаги ҳақиқатни етказиб бериш учун самарали ва тезкор бўлган усулларни ҳар доим қидирар эди. Мана ўттиз йилдан ошиқ вақт мобайнида Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари босма шаклдаги нашрларни муваффақият ила қўллаб келаётган эдилар. Эндиликда эса уларнинг эътиборини янги бир усул — ҳаракатли тасвирлар жалб қилди.

ХУШХАБАР ҲАРАКАТЛИ ТАСВИРЛАР ОРҚАЛИ ЕТКАЗИЛМОҚДА

1890 йилларда овозсиз ҳаракатли тасвирлар оммага олиб чиқилди. 1903 йилдаёқ Нью-Йоркнинг бир черковида диний фильм намойиш этилди. Биродаримиз Расселл «Яратилиш фотодрамаси»ни тайёрлашга қаттиқ киришганида, 1912 йил ҳаракатли тасвирлар индустриясининг эндигина уйғониш пайти эди. У, ҳеч қандай босма нашр Муқаддас Китоб ҳақиқатини етказишда ушбу усулнинг ўрнини боса олмаслигини англаб етган.

Саккиз соат давом этувчи «Яратилиш фотодрамаси» одатда тўрт қисмга бўлиб намойиш этиларди. Ушбу намойишда Муқаддас Китобга асосланган 96 та қисқа нутқларнинг ёзувлари эшиттириларди. Уларни ўша асрнинг энг таниқли овоз соҳиби бўлган нотиқ сўзлаган. Кўпгина саҳналарида мумтоз мусиқа янграрди. Малакали биродарлар, ёзиб олинган овоз ва мусиқани фонографда эшиттиришарди. Шу йўсин, рангли слайдлар ҳамда саҳналаштирилган Муқаддас Китобнинг машҳур ҳикоялари овоз билан синхронлаштириларди.

«У, дунё яратилишидан то Исонинг Минг йиллик бошқаруви ўз поёнига етадиган давр манзарасини ўз ичига олди» (14 ёшли Фрэнсис Стюарт Барнз, 1914 йил)

Кўпгина киноплёнкалар ва шиша слайдлар тижорат студиялардан сотиб олинган. Филадельфия, Нью-Йорк, Париж ва Лондондан бўлган малакали рассомлар, шиша слайд ва плёнкаларнинг ҳар бир кадрини қўл билан бўяшган. Байтилдаги санъат бўлимининг ишчилари ҳам янги слайдларни бўяб, уларни  синганларнинг ўрнига алмаштиришда кўп тер тўкишган. Сотиб олинган киноплёнкалардан ташқари, Байтил аъзолари Иброҳим, Исҳоқ ҳамда Иброҳим ўғлини қурбонлик қилмоқчи бўлганда, унга тўсқинлик қилган фаришта ролларини ўйнашган. Булар Йонкерс (Нью-Йорк) яқинидаги жойда суратга олинган (Ибт. 22:9–12).

Малакали биродарларимиз узунлиги 3,2 километр киноплёнка, 26 та грампластинка ва 500 га яқин шиша слайдларни уйғун равишда намойиш этишган

Расселл биродаримизнинг ёрдамчиси матбуотга берган ҳисоботида, маълумот етказишнинг ушбу усули, «минглаб одамларнинг Муқаддас Китобга бўлган қизиқишини уйғотишда, шу пайтгача диний маълумотни тарқатишда фойдаланган усуллардан кўра самаралироқ бўлади» деган фикрни билдирган эди. Хўш, маънавий чанқоқликни қондиришда фойдаланилган ушбу янги усулни дин раҳбарлари қўллаб-қувватлашдими? Аксинча, христиан оламининг руҳонийлари умуман олганда «Яратилиш фотодрамаси»ни танқид остига қўйишган. Баъзилар ҳатто маккорларча ёхуд сурбетларча йўл тутиб, одамлар намойишни кўришларига тўсқинлик қилишган. Бир сафар намойиш бўлаётган жойда руҳонийлар электр қувватини ўчириб қўйишган.

Маҳаллий жамоатлардан бўлган чипта тарқатувчилар, «Яратилиш фотодрамаси»даги расмлар туширилган миллионлаб бепул букламаларни тарқатишган

Томошабинларга «Тинчлик» деб ёзилган ва Исонинг болалиги тасвирланган тўғнағичлар берилган. Тўғнағичлар, уларнинг эгалари тинчликсевар бўлиши кераклигини эслатган

Бунга қарамай, «Яратилиш фотодрамаси» намойиш этилган театрлар, томошабинлар билан лиқ тўларди. Барча намойишлар бепул бўлган. АҚШда «Яратилиш фотодрамаси» ҳар куни 80 га яқин шаҳарларда намойиш этиларди. Аксарият томошабинлар илк овозли фильмни кўришганида ҳайратда қолишган. Бир неча расмларни навбатма-навбат тез-тез алмаштириш натижасида, томошабинлар жўжа тухумни ёриб чиқишини ва нафис гулнинг очилишини кўра олишган. Намойишдаги илмий маълумотлар Яҳованинг юксак донолигини таъкидлаган. Мақоланинг бошида келтирилгандай, бир томошабин экранда тақдим этилаётган «Яратилиш фотодрамаси»да Расселл биродаримизни кўриб: «Шахсан биродар Расселлнинг ўзини кўргандай бўлдим!» — деган фикрни изҳор қилган.

ТАЪЛИМ БЕРИШНИНГ МУҲИМ ДАВРИ

Кейинчалик Халқаро Муқаддас Китоб тадқиқотчилари ташкилотига қарашли бўлган Нью-Йоркдаги ушбу ажойиб театрда 1914 йили 11 январда «Яратилиш фотодрамаси» илк бор намойиш этилган

Ёзувчи ва кино тарихчиси Тим Диркс, «Яратилиш фотодрамаси»ни «овоз (ёзиб олинган нутқ), ҳаракатланувчи кадрлар ва мўъжизавий равишда нур таратувчи рангли слайдлар синхронлаштирилган илк катта фильм», дея таърифлаган. «Яратилиш фотодрамаси»дан аввалги фильмларда ушбу техник усулларининг баъзиларидан фойдаланишган, лекин уларнинг ҳаммасини бир пайтнинг ўзида, айниқса Муқаддас Китоб мавзусини намойиш этишда қўллашмаган. Қолаверса, уларнинг ҳеч бири шунча кўп томошабинни йиға олмаган. Чунки бу намойишга биринчи йилнинг ўзидаёқ Шимолий Америка, Европа, Австралия ва Янги Зеландияда ҳаммаси бўлиб деярли тўққиз миллион киши келган.

«Яратилиш фотодрамаси» илк бор 1914 йили 11 январда Нью-Йорк шаҳрида намойиш этилган. Бундан етти ой ўтгач, кейинчалик Биринчи жаҳон уруши деб номланган фожиа юз берган. Бироқ бутун дунёдаги одамлар «Яратилиш фотодрамаси»ни кўриш учун йиғилишда давом этиб, Шоҳлик келтирадиган баракалар кўрсатилган ёрқин саҳналар орқали тасалли олишган. 1914 йил учун, «Яратилиш фотодрамаси» чиндан ҳам ҳайратда қолдирадиган намойиш бўлган.

«Яратилиш фотодрамаси»нинг 20 та нусхаси бутун Шимолий Америка бўйлаб намойиш этилган