Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ФЕВРАЛЬ 2014

Улуғвор Шоҳ, Масиҳни олқишланг!

Улуғвор Шоҳ, Масиҳни олқишланг!

Улуғворлик билан олға бос! ЗАБ. 44:5

1, 2. Нега Забурнинг 44- саноси бизни қизиқтириши керак?

УЛУҒВОР шоҳ, душманлар устидан ғалаба қозониш ҳамда ҳақиқат ва одилликни ҳимоя қилиш учун отга миниб йўлга чиқади. Ғалаба қозонгач, у гўзал келинга уйланади. Ушбу шоҳ авлодлар оша ёдга олиниб, абадий улуғланади. Мазкур баёнот Забур 44- саносининг асосий мавзусидир.

2 Аммо Забурнинг 44- саноси, бахтли якунланадиган ҳаяжонли ҳикоядан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Бу оятлардаги воқеалар биз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар ҳозирги ва келажак ҳаётимизга тегишлидир. Шундай экан, келинг, ушбу санони диққат билан ўрганиб чиқайлик.

«ЮРАГИМДАН ГЎЗАЛ СЎЗЛАР ТЎКИЛАДИ»

3, 4. а) Сано бастакори қаламга олган «гўзал сўзлар» нима ва у қалбимизга қандай таъсир қилиши керак? б) Шоҳ ҳақида қандай хабарни ваъз қиляпмиз ва қай йўсин тилимиз гўё қаламга айланиши мумкин?

3 Забур 44:2 ни ўқинг. «Гўзал сўзлар» сано бастакорининг юрагига шунчалик таъсир қилганки, шоҳга тегишли хабар унинг ичидан «тўкила» бошлаган. Ибронийчадан «тўкилиш», деб таржима қилинган сўз «тўлиб-тошмоқ»  ёки «тўлқинланмоқ», деган маъноларга эга. Бу нарсалар, сано бастакорининг қалбини завққа тўлдирган ва тилини гўё «моҳир котиб қаламидай» қилиб қўйган эди.

4 Хўш, бу бизга қандай тегишли? Ҳа, қалбимизни тўлқинлантирадиган гўзал сўзлар, бу Масиҳий Шоҳлик ҳақидаги хушхабардир. Айнан 1914 йилда у «гўзал» хабарга айланди. Ўшандан бери ушбу хабар, келажакда ўрнатилиши керак бўлган Шоҳлик ҳақида эмас, балки ҳозирда осмонда фаолият юритаётган мавжуд ҳукумат ҳақидадир. Бу хабар, «ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб» биз ваъз қилаётган «Шоҳлик ҳақидаги хушхабардир» (Мат. 24:14). Шоҳлик тўғрисидаги хушхабар бизнинг қалбимиздан «тўкиляптими» ёки тўлиб-тошяптими? Уни ғайрат билан ваъз қиляпмизми? Сано бастакоридек бизнинг ҳам «шеърларимиз» Шоҳимиз бўлмиш Исо Масиҳ ҳақидадир. Биз уни, самовий тахтга ўтқазилган Масиҳий Шоҳликнинг Подшоҳи деб эълон қиляпмиз. Барчани, қолаверса бу дунёнинг ҳукмдорларини ҳам Исонинг Шоҳлигини тан олишга таклиф этяпмиз (Заб. 2:1, 2, 4–12). Воизлик ишида Аллоҳнинг Каломини кенг қўллаганимизда, тилимиз гўё «моҳир котиб қаламига» айланади.

Шоҳимиз Исо Масиҳ ҳақидаги хушхабарни хурсандчилик ила ваъз қиляпмиз

ШОҲНИНГ «ЛАБЛАРИДАН ЛАТИФ СЎЗЛАР ЁҒИЛАДИ»

5. а) Исо қайси жиҳатдан «чиройли» бўлган? б) Исо қандай тарзда ваъз қилган ва қай йўсин биз унинг ўрнагига тақлид қилсак бўлади?

5 Забур 44:3 ни ўқинг. Муқаддас Ёзувларда Исонинг ташқи кўриниши ҳақида унча кўп нарса айтилмаган. Лекин аминлик билан айтиш мумкинки, мукаммал инсон сифатида у «чиройли» бўлган. Аммо унинг чиройи Яҳовага бўлган садоқати ва бенуқсонлигида ифодаланган. Бундан ташқари, Исо Шоҳлик ҳақидаги хабарни ваъз қилганда, «латиф сўзлардан» фойдаланган (Луқо 4:22; Юҳан. 7:46). Биз ҳам воизлик ишида унинг ўрнагига тақлид қилиб, одамларнинг қалбини забт этадиган сўзлардан фойдаланишга интиляпмизми? (Колос. 4:6).

6. Қандай қилиб Худо Исога «тоабад» барака берди?

6 Исонинг Отасига бўлган садоқати ва чуқур севгиси туфайли Яҳова унга ер юзидаги хизмати давомида барака бериб, фидокорона ўлимидан сўнг мукофотга сазовор қилди. Ҳаворий Павлус бу борада шундай сўзларни айтганди: «У [Исо] инсон қиёфасига киргач, ўзини паст тутиб, то ўлимгача, азоб устунидаги ўлимигача итоатли бўлди. Шу сабабли Аллоҳ уни янада юксалтириб, ҳар қандай исмдан юқори исмни унга ато этди. Токи Исонинг исми олдида осмону ердаги ва ер остидаги барча тиз чўксин. Қолаверса, ҳар бир тил Исо Масиҳни Ҳазратим дея очиқ тан олиб, Отамиз Худога шараф келтирсин» (Филип. 2:8–11). Дарҳақиқат, Яҳова Исони тирилтириб, унга боқий ҳаёт ато этиш орқали «тоабад» барака берди (Рим. 6:9).

ШОҲ «ДЎСТЛАРИ УЗРА ЎТҚАЗИЛДИ»

7. Қайси маънода Худо Исони «дўстлари узра» тайинлади?

7 Забур 44:7, 8 ни ўқинг. Исо ҳақиқатни чуқур севгани ҳамда Отасининг исмига доғ туширадиган барча нарсадан нафратлангани учун Яҳова уни Масиҳий Шоҳликнинг Подшоҳи қилиб тайинлади. Исо «дўстлари узра», яъни Довуд наслидан бўлган барча Яҳудо шоҳларидан кўра, кўпроқ «шодлик мойи» билан мойланди. Қандай  қилиб? Авваламбор, Исони Аллоҳ Яҳованинг Ўзи мойлаган. Бундан ташқари, Яҳова уни нафақат Подшоҳ, балки Олий Руҳоний қилиб ҳам тайинлаган (Заб. 2:2; Иброн. 5:5, 6). Қолаверса, Исо том маънодаги мой билан эмас, муқаддас руҳ билан мойланган ва унинг Шоҳлиги ер юзида эмас, балки осмондадир.

8. Нега тахтни Исога «Худо берган» деса бўлади ва нимага у адолат ила ҳукм суришига амин бўлишимиз мумкин?

8 1914 йилда Яҳова Ўз Ўғлини осмонда Масиҳий Шоҳ қилиб тайинлади. Исонинг шоҳлик ҳассаси, «адолат ҳассасидир». Шундай экан, аминлик билан айтиш мумкинки, у доимо адолат ва ҳаққонийлик ила ҳукм суради. Унинг бошқаруви қонуний асосга эга, зеро бу тахтни унга «Худо берган». Яъни Яҳованинг Ўзи бу Шоҳликнинг пойдеворидир. Қолаверса, Исонинг «тахти тоабаддир». Бундай қудратли Шоҳ бошқаруви остида Яҳовага хизмат қилаётганимиздан фахрланишимиз керак эмасми?

ШОҲ БЕЛИГА ҚИЛИЧИНИ БОҒЛАМОҚДА

9, 10. а) Исо қачон белига қиличини боғлаган ва қай йўсин уни ишга солган? б) Қандай қилиб Масиҳ келажакда қиличини ишга солади?

9 Забур 44:4 ни ўқинг. Аллоҳ Яҳова Шоҳга мурожаат қилиб, қиличини белига боғлашни буюрди. Шу йўсин Худо, Исога Унинг ҳукмдорлигини рад этган барчага қарши жанг қилиш ҳамда Ўзининг ҳукмларини амалга ошириш ҳуқуқини берди (Заб. 109:2). Исо енгилмас Жангчи Шоҳ бўлгани учун унга «эй қудратли шоҳ», деб мурожаат қилинмоқда. Исо 1914 йили белига қиличини боғлаган эди. Ўшанда Исо Шайтон ва унинг жинларини осмондан ер юзига улоқтириб, ғалаба қозонганди (Ваҳ. 12:7–9).

10 Аммо бу, Жангчи Шоҳ зафар қозонишининг фақатгина бошланиши эди. У ҳали «мутлақ ғалабага эришиши» керак (Ваҳ. 6:2). Яҳованинг ҳукмлари Шайтоннинг бу дунёсига нисбатан ҳали амалга ошиши ҳамда Иблис ва унинг жинлари йўқ қилиниши керак. Аввал, сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобил яксон қилинади. Яҳова бу ёвуз «фоҳишани» тор-мор қилиш учун сиёсий раҳбарлардан фойдаланади (Ваҳ. 17:16, 17). Сўнгра, Жангчи Шоҳ Шайтоннинг измида бўлган сиёсий кучларга қарши чиқиб, уларни йўқ қилади. Кейин, шунингдек «тубсизлик фариштаси» деб аталган Масиҳ, Шайтон ва унинг жинларини тубсизликка ташлаб, мутлақ ғалабага эришади (Ваҳ. 9:1, 11; 20:1–3). Келинг, ушбу ҳаяжонли воқеалар Забурнинг 44- саносида қандай башорат қилинганини кўриб чиқайлик.

ШОҲ «ҲАҚИҚАТ УЧУН» ЖАНГ ҚИЛАДИ

11. Қандай қилиб Масиҳ «ҳақиқат» учун жанг қилади?

11 Забур 44:5 ни ўқинг. Ушбу Жангчи Шоҳ ҳудудларни босиб олиш ёки халқларни бўйсундириш учун жанг қилмайди. Унинг бу адолатли жанги эзгу ниятга эга. У «ҳақиқат, камтарлик, адолат учун» жанг қилади. Ягона Яҳова бутун коинотни бошқариш ҳуқуқига эга. Ушбу энг муҳим ҳақиқат ҳимоя қилиниши лозим. Шайтон Худованд Яҳовага қарши чиқиб, Унинг ҳукмдорлигини шубҳа остига қўйди. Ўшандан бери ушбу ҳақиқат негизи, жинлар ва инсонлар томонидан шубҳа остига қўйиб келинмоқда. Мана энди, Яҳова тайинлаган Шоҳ, фақатгина Аллоҳ бошқариш ҳуқуқига эга эканлигини исботлаш ҳамда бу саволга нуқта қўйиш учун жангга отланишининг вақти келди.

12. Шоҳ камтарликда қандай ўрнак кўрсатди?

12 Шоҳ шунингдек камтаринликнинг намунасидир. У Худонинг ягона Ўғли сифатида, Отасининг ҳукмдорлигига камтарлик ила итоат қилишда тенги йўқ ўрнак  кўрсатди (Ишаё 50:4, 5; Юҳан. 5:19). Шоҳнинг барча садоқатли хизматчилари унинг намунасига эргашиб, камтарлик ила Яҳовани барча нарсанинг Ҳукмдори сифатида тан олишлари зарур. Фақат шундай одамларгина Аллоҳ ваъда қилган янги дунёда яшай олишади (Закр. 14:16, 17).

13. Қандай қилиб Масиҳ «адолатни» ҳимоя қилади?

13 Масиҳ шунингдек «адолат учун» жанг қилади. Ушбу Шоҳ ҳимоя қилаётган адолат, Аллоҳ назаридаги «одилликдир» ёки нима яхши ва нима ёмон борасидаги Яҳованинг меъёрларидир (Рим. 3:21; Қонун. 32:4). Ишаё пайғамбар Шоҳ Исо Масиҳ ҳақида шундай сўзларни башорат қилган: «Шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади» (Ишаё 32:1). Исонинг бошқаруви пайтида «янги осмон ва янги ер» барпо этилади. Ўшанда «адолат ҳукм суради» (2 Бутр. 3:13). Бу, янги дунёда яшайдиган ҳар бир одам Яҳованинг яхшилик ва ёмонлик меъёрлари асосида яшашини назарда тутади (Ишаё 11:1–5).

ШОҲ «ҚЎРҚИНЧЛИ ИШЛАР» КЎРСАТМОҚДА

14. Қандай қилиб Исо ўнг қўлидаги қилич билан «қўрқинчли ишлар» кўрсатади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

14 Шоҳ белига қиличини боғлаган ҳолда оқ отга миниб жангга чиқади (Заб. 44:4). Мана, ўнг қўлига қиличини олиб ишга солишнинг вақти ҳам келди. Сано бастакори у ҳақда шундай дея башорат қилган: «Ўнг қўлинг қўрқинчли ишлар кўрсатсин» (Заб. 44:5). Исо Армагеддонда Яҳованинг ҳукмларини амалга ошириш учун келганда, душманларига қарши «қўрқинчли ишлар» кўрсатади. Тўғри, у Шайтоннинг дунёсини қай тарзда йўқ қилиши бизга номаълум. Аммо унинг саъй-ҳаракатлари, Шоҳнинг бошқарувига бўйсуниш ҳақидаги огоҳлантиришни рад этган одамларнинг қалбини ваҳимага солади (Забур 2:11, 12 ни ўқинг). Охират келиши ҳақидаги ўзининг башоратида Исо қуйидаги сўзларни айтган эди: «Одамлар ер юзига келаётган ҳодисаларни кутиб, қўрқувдан адо бўлишади. Чунки самовий кучлар ларзага келади. Шунда улар Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади» (Луқо 21:26, 27).

15, 16. Жангга Исонинг ортидан эргашган «қўшин» таркибига кимлар киради?

15 Шоҳ, Худонинг ҳукмини амалга ошириш учун «қудрат ва шон-шуҳрат билан» келаётгани ҳақида Ваҳий китобида шундай эълон қилинган: «Очилган осмонни ва оқ отни кўрдим. Устида ўтирган чавандознинг номи Содиқ ва Ҳақ эди. У адолат ила ҳукм этиб, жанг қилмоқда. Орқасидан эса оппоқ, тоза ва яхши зиғир матосидан кийим кийган, оқ отларда ўтирган самовий қўшин келаётган эди. Оғзидан эса халқларни нобуд қилиш учун узун ўткир қилич чиқиб турарди. У темир таёқ билан халқларга чўпонлик қилиб, Қодир Тангри қаҳр-ғазабини ифодалайдиган чуқурликда узумни топтайди» (Ваҳ. 19:11, 14, 15).

16 Исонинг орқасидан эргашадиган «самовий қўшинни» ташкил этган жангчилар таркибига кимлар киради? Исо илк бор қиличини белига боғлаб, Шайтон ва унинг жинларини осмондан ҳайдаб чиқарганида, «ўз фаришталари» билан бирга бўлган (Ваҳ. 12:7–9). Демак хулоса қилиш мумкинки, Армагеддон жангида Масиҳнинг қўшини таркибида муқаддас фаришталар бўлади. Қизиқ, бу қўшин таркибига бошқалар ҳам кирадими? Исо мойланган биродарларига шундай ваъда берган: «Ғалаба қозонаётган ва охиригача менинг ишларимга биноан йўл тутаётганга халқлар устидан ҳокимият ато этаман. Мен унга Отамдан олган худди шундай ҳокимиятни бераман. У темир таёқ билан халқларга чўпонлик  қилади, улар эса сопол идиш сингари синиб кетади» (Ваҳ. 2:26, 27). Шундай экан, самовий қўшин таркибига, осмонда яшаш мукофотига эга бўладиган Исонинг мойланган биродарлари ҳам киради. Исо «қўрқинчли ишларни» кўрсатиб, темир таёқ билан халқларга чўпонлик қилаётганида мойланганлар унинг ёнида бўлишади.

ШОҲ МУТЛАҚ ҒАЛАБАГА ЭРИШАДИ

17. а)Масиҳ ўтирган оқ от ниманинг тимсоли? б) Қилич ва ёй нимани ифодалайди?

17 Забур 44:6 ни ўқинг. Шоҳ минган оқ от, Яҳованинг назарида пок ва адолатли жангнинг тимсолидир (Ваҳ. 6:2; 19:11). Қиличдан ташқари Шоҳнинг ёйи ҳам бор. Оятда шундай сўзларни ўқиймиз: «Бир оқ отни кўрдим. Чавандозининг қўлида эса ёй бор эди ва унга тож берилганди. У зафар қозониб, мутлақ ғалабага эришиш учун чиқди». Қилич ва ёй, Масиҳ душманларини йўқ қилиш учун фойдаланадиган усулларни ифодалайди.

Ер юзини тозалаш учун қушлар чақирилади (18- хатбошига қ.)

18. Масиҳ «ўқларини» ишга солганда, нима юз беради?

18 Сано бастакори шеърий услубда, Шоҳнинг «ўткир ўқлари» «ғанимларининг юрагини» тешиб ўтиши ва «халқлар оёғи остига йиқилишини» башорат қилган. Бутун дунёда хунрезлик бўлади. Еремиё пайғамбар шундай сўзларни башорат қилган: «Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Худонинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади» (Ерм. 25:33). Ваҳий китобида эса бу ҳақда қуйидагилар айтилган: «Шунингдек қуёшнинг ўртасида турган фариштани кўрдим. У баланд овозда осмон остида учиб юрган қушларга деди: “Келинглар, Худонинг буюк базмига йиғилинглар. Шоҳлар, саркардалар, кучлилар, оту отлиқлар, ҳамма эркину қуллар, кичигу улуғлар танасини енглар!”» (Ваҳ. 19:17, 18).

19. Қандай қилиб Масиҳ «олға босиб» мутлақ ғалабага эришади?

19 Шайтоннинг ёвуз дунёсини йўқ қилгач, Исо «улуғворлик» ила ғалаба сари «олға босади» (Заб. 44:5). Масиҳ, Шайтон ва унинг жинларини тубсизликка кишанлаганида, мутлақ ғалабага эришади. Исо ва 144 000 мойланганлар самода минг йил давомида бошқарганда, улар ўша тубсизликда бўлишади (Ваҳ. 20:2, 3). Шайтон ва унинг жинлари гўё ўлим ҳолатида бўлгандек ҳеч қандай фаолият юрита олишмайди. Ўшанда, ер юзида яшайдиган барча Шайтоннинг таъсиридан озод бўлиб, ўзларининг улуғвор ва ғолиб Шоҳига тўла бўйсунган ҳолда ҳаёт кечира олишади. Аммо бутун ер юзи жаннатга айланганини кўришдан олдин, уларда Шоҳ ва 144 000 мойланганлар билан бирга қувониш учун бошқа бир сабаблари бўлади. Бундай қувончли воқеа кейинги мақолада муҳокама қилинади.