Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2014

Ёшлик чоғингизда доно танловлар қилинг

Ёшлик чоғингизда доно танловлар қилинг

Йигитлар, қизлар,... Эгамизга ҳамду сано айтсин. ЗАБ. 148:12, 13

1. Кўп ёш масиҳийларда қандай ажойиб имкониятлар бор?

БИЗ оламшумул воқеалар остонасида турибмиз. Тарихда ҳали ҳеч қачон турли халқдан бўлган миллионлаб инсонлар ҳақ топинишга келгани кўрилмаган (Ваҳ. 7:9, 10). Кўп ёшлар инсонларга Муқаддас Китобдаги ҳаётбахш ҳақиқатни билишга кўмаклашиб, қувонч топишмоқда (Ваҳ. 22:17). Улардан баъзилари Муқаддас Китоб тадқиқларини олиб бориб, одамларга яхши томонга ўзгаришга ёрдам бермоқдалар. Айримлари эса олис ҳудудларда ғайрат ила хушхабарни ваъз қилишмоқда (Заб. 109:3; Ишаё 52:7). Сиз ҳам, Яҳованинг халқига қўшилиб, хизматдан кўпроқ қувонч топиш учун нима қилсангиз бўлади?

2. Тимўтийнинг мисолидан Яҳова ёшларга масъулият ишониб топширишга тайёрлигини қандай кўрсак бўлади? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

2 Ҳали ёш экансиз, Худонинг хизматида кенг имкониятларга йўл очиб берадиган ва хурсандчилик келтирадиган танловлар қилишингиз мумкин. Масалан, листралик Тимўтий ёш бўлишига қарамай доно танловлар қилган. Натижада ўсмирлик чоғида ҳали 20 ёшга кирмай, тўла вақтли махсус ваъзгўй қилиб тайинланганди (Ҳавор. 16:1–3). Эҳтимол бундан бир неча ой олдин, Павлус Тимўтийдан янги ташкил этилган Салоникадаги жамоатга бориб, қаршиликларга дуч келаётган биродарларини қўллаб-қувватлашни сўраган. Сабаби Павлус қаршиликлар дастидан ўша шаҳарни тарк этишга мажбур бўлган (Ҳавор. 17:5–15; 1 Салон. 3:1, 2, 6).  Тимўтий бу топшириқни олганида қанчалик ҳаяжонланганини тасаввур қила оласизми?

ҲАЁТИНГИЗДАГИ ЭНГ МУҲИМ ТАНЛОВ

3. Ҳаётингиздаги энг муҳим танлов қанақа ва уни қачон қилсангиз яхши бўларди?

3 Ёшлик — муҳим танловлар қилишнинг пайтидир. Лекин улардан энг муҳими — Яҳовага хизмат қилиш қарорингиздир. Хўш, бундай танловни қачон қилса яхши бўларди? Яҳова шундай демоқда: «Ёшлигингда,.. Яратганни ёдда тут» (Воиз 12:1). Яҳовани «ёдда тутишнинг» энг яхши йўли — Унга тўла вақтли хизмат қилишдир (Қонун. 10:12). Аллоҳга бутун қалбингиз билан хизмат қилиш қарорингиз — ҳаётингиздаги энг муҳим танловдир. Бу эса келажагингизга таъсир қилмай қўймайди (Заб. 70:5).

4. Яҳовага хизмат қилишни танлашдан ташқари, яна қандай муҳим танловлар, Худога бўлган хизматингизга таъсир қилади?

4 Албаттаки, Яҳовага хизмат қилиш танловингиз, келажагингизга таъсир қиладиган ягона танлов эмас. Масалан, сиз шунингдек, турмуш қуриш ёки қурмаслик, кимни умр йўлдош сифатида танлаш ҳамда ўзингизни қандай боқиш борасида ташвишланаётгандирсиз. Буларнинг бари муҳим қарорлар, лекин биринчи навбатда Яҳовага имкон қадар кўпроқ хизмат қилишни танласангиз, доно қарор қабул қилган бўласиз (Қонун. 30:19, 20). Нега? Чунки ҳаётингизда қилаётган танловлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Турмуш қуриш ҳамда иш танлаш борасидаги танловингиз, шубҳасиз Худога қандай хизмат қилишингизга таъсир қилади (Луқо 14:16–20). Ва аксинча, Худога хизмат қилиш истагингиз, турмуш қуриш ва ишга нисбатан танловингизга таъсир қилади. Хуллас, ҳаётингизда қайси танлов муҳимроқ эканини ҳал қилинг (Филип. 1:10).

ЁШЛИК ДАВРИДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНМОҚЧИСИЗ?

5, 6. Тўғри танловлар қилиш, вақт ўтиб яхши самаралар келтириши тўғрисида бирон мисол айтиб беринг. (Шунингдек, «Болаликдаги танловим» номли мақолага қ.)

5 Худога хизмат қилишни танлаётиб, У сиздан нимани кутаётгани устида мулоҳаза юритинг, сўнг Унга қандай хизмат қилишни танлай оласиз. Япониялик биродаримиз шундай ёзяпти: «Мен 14 яшар бўлганимда, жамоат оқсоқолимиз билан ваъзгўйликка чиққан эдим. Шунда у хизматдан хурсандчилик топмаётганимни пайқаб қолди. У хушмуомалалик ила менга шундай деди: “Уйга боравер Юичиро. Бироз ўтириб, Яҳова сен учун нималар қилгани ҳақида яхшилаб ўйлаб кўр”. Мен шундай қилдим ҳам. Бир неча кун давомида мулоҳаза юритиб, ибодат қилдим. Натижада хизматга муносабатим ўзгарди. Ниҳоят Яҳовага хизмат қилишдан қувонч топаётганимни ҳис қилдим ва қандай қилиб Худога янада кўпроқ хизмат қилишим ҳақида ўйлаб бошладим».

6 Юичиро гапини давом эттириб шундай деди: «Мен олис ҳудудларда Яҳовага хизмат қилишга имконият очиб берадиган танловлар қилишни бошладим. Масалан, инглиз ва монгол тилларини ўрганишга қарор қилдим. Мактабни тугатгач, ҳафтада бир неча кун инглиз тилидан дарс берадиган бўлдим. Шу йўсин мен кашшофлик хизматимни қила олардим. 20 га кирганимда, монгол тилида гапирадиган ваъзгўйлар гуруҳи билан ҳамкорлик қила бошладим ва икки йилдан кейин Монголияга бордим. Баъзи кашшофлар билан ваъзгўйликка чиққанимда, у ерда яшовчи аксарият одамларнинг ҳақиқатга ташна эканини кўрдим. Шу сабабли мен бу ерга кўчиб ўтиб, уларга ёрдам беришга қарор қилдим. Ишларимни режалаштириш мақсадида Японияга қайтдим. Мана уч йилдирки, мен Монголияда хизмат қилиб юрибман. Бу ерда яшаш осон эмас. Лекин монголияликлар хушхабарга қулоқ солишгани туфайли, уларга Яҳова билан яқинроқ танишишга кўмаклаша оляпман. Менинг бундай танловим, ҳаётимдаги энг яхши танлов эканига аминман».

7. Ўзимиз учун қандай танлов қилишимиз керак ва Мусо бизга қандай ўрнак кўрсатди?

7 Албатта ҳар бир Яҳованинг Шоҳиди вақтини нимага сарфлашни ўзи ҳал қилиши керак  (Ёшуа 24:15). Қолаверса, биз сизга турмуш қуриш-қурмаслик, кимни умр йўлдош сифатида танлаш ёки қандай ишга жойлашишни айта олмаймиз. Эҳтимол олий маълумотли бўлишни талаб қилмайдиган касбни танларсиз? Азиз ёшлар, орангиздан баъзилар қишлоқда содда ҳаёт кечиради, бошқалари эса катта шаҳарда фаровон яшайди. Бутун дунё бўйлаб сизлар, қобилиятларингиз, тажрибангиз, қизиқишларингиз ва имонингиз билан бир-бирингиздан жуда фарқ қиласизлар. Сизлар, қадимги Мисрдаги иброний ёшлар сингари турлича вазиятдасизлар. Масалан, ёш Мусо шоҳ саройида яшаб кенг имкониятларга эга бўлган, бошқа иброний ёшлар эса қул бўлишган (Чиқ. 1:13; Ҳавор. 7:21, 22). Сиз сингари улар ҳам жиддий қарорлар қабул қилиш керак бўлган пайтда яшашган (Чиқ. 19:4–6). Уларнинг ҳар бири Яҳовага бутун қалби билан хизмат қилиш-қилмасликни танлашлари лозим эди. Мусо эса тўғри танлов қилди (Ибронийларга 11:24–27 ни ўқинг).

8. Доно танлов қилишингиз учун маслаҳатни қаердан топишингиз мумкин?

8 Яҳова ёшлик чоғингизда доно танловлар қилишингизга кўмаклашади. Вазиятингиз қандай бўлишидан қатъи назар, У сизга қўл келадиган Муқаддас Китоб меъёрларини ўргатади (Заб. 31:8). Боз устига, художўй ота-онангиз ҳамда жамоат оқсоқоллари, бу меъёрларни қандай қўллаш борасида мулоҳаза юритишингизга кўмаклашишади (Ҳик. 1:8, 9; Ишаё 1:26). Сизга фойда келтирадиган доно танловлар қилишни истайсизми? Унда, келинг учта илоҳий меъёрни кўриб чиқайлик.

СИЗНИ ЙЎНАЛТИРУВЧИ УЧТА ИЛОҲИЙ МЕЪЁР

9. а) Яҳова бизга танлов эркинлигини бериб, қай йўсин бизни ҳурматга лойиқ деб билди? б) Шоҳликни биринчи ўринга қўйиш, қандай имкониятларга йўл очиб беради?

9 Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда биринчи ўринда бўлсин (Матто 6:19–21, 24–26, 31–34 ни ўқинг). Яҳова бизни ҳурматга лойиқ кўриб, танлов эркинлигини берди. У ёшлик чоғингизда Шоҳлик хабарини қанча вақт давомида ваъз қилишингиз кераклигини уқтирмайди. Аммо Исо, Шоҳлик пайидан бўлишимиз учун амалий меъёрларни ўргатиб кетган. Бу меъёрларни қўллаб, сиз Худога ва яқинларингизга бўлган севгингизни ҳамда абадий ҳаёт умиди учун миннатдор эканингизни кўрсата оласиз. Турмуш қуриш ёки ишга жойлашиш масаласида танлов қилаётиб, моддий аҳволингиз ҳақида қайғурасизми ёки Худонинг Шоҳлиги ҳамда Унинг адолатини биринчи ўринга қўясизми?

10. Исо нимадан ўзини бахтиёр ҳис қилган ва қандай танловлар сизга қувонч келтиради?

10 Бошқаларга хизмат қилишдан қувонч топинг (Ҳаворийлар 20:20, 21, 25, 35 ни ўқинг). Исо меҳр ила ҳаётимиз учун муҳим бўлган бу меъёрни ўргатиб кетган. У ўз истакларини бажаришдан кўра, Отасининг ниятларини амалга оширишдан ўзини бахтиёр ҳис қилган. У хушхабарга ташна бўлган самимий инсонларни излашдан қувонч топган (Луқо 10:21; Юҳан. 4:34). Эҳтимол сиз ҳам, бошқаларга ёрдам беришнинг бахтиёрлигини ўзингизда ҳис қилгандирсиз. Агар ҳаётингиздаги аксарият қарорларингизни Исонинг меъёрлари асосида чиқарсангиз, нафақат ўзингиз, балки Яҳова ҳам хурсанд бўлади (Ҳик. 27:11).

11. Борух нима сабабдан хурсандчилигини йўқотиб қўйди ҳамда Яҳова унга қандай маслаҳат берди?

11 Агар биз бошқаларга хизмат қилишдан бахтиёр бўлсак, Яҳовага хизмат қилишдан ундан-да кўпроқ хурсандчилик топамиз (Ҳик. 16:20). Еремиёнинг котиби Борух буни унутганга ўхшайди. Қайсидир пайтда у Яҳовага хизмат қилишдан қувонч топмай қолди. Шунда Яҳова унга қуйидагиларни айтди: «Сен ўзинг учун катта режалар тузма! Мана, Мен барча одамзоднинг бошига кулфат ёғдираман. Аммо сенинг жонингни сақлаб қоламан, борган жойингда сени асрайман» (Ерм. 45:3, 5). Сизнингча, Борух нимадан ўзини бахтиёр ҳис қилиши мумкин эди: ўзи учун катта режалар тузишданми ёки Қуддус вайрон қилинганида, Худонинг садоқатли хизматчиси сифатида тирик қолишданми? (Ёқб. 1:12).

12. Қандай танлов туфайли Рамиронинг ҳаёти қувончга тўлди?

 12 Бошқаларга хизмат қилишдан хурсандчилик топаётган биродаримиз Рамиро шундай деб бўлишди: «Мен Анд тоғларида жойлашган қишлоқда камбағал бир оилада туғилганман. Акам университетда таҳсил олишимга пул таклиф қилганида, мен учун катта имкониятларга йўл очилган эди. Аммо мен яқиндагина Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмгандим ва менга бошқа бир таклиф тушган эди. Битта кашшоф мени кичкина бир шаҳарчада биргаликда ваъз қилишга ундади. Мен ўша ерга бордим ва сартарошликни ўргандим. Сўнг тирикчилик қилиш учун битта сартарошхона очдим. Одамларга Муқаддас Китоб таълимини таклиф қилганимда, кўпчилик тадқиққа рози бўлишди. Кейинчалик, она тилим бўлган маҳаллий тилда жамоат ташкил этилди. Мана 10 йилдан буён, мен тўла вақтли хизматда иштирок этиб келяпман. Ҳеч бир касб, менга она тилимда одамларга Муқаддас Китобни ўрганишга кўмаклашишдек қувонч бахш этмайди».

Рамиро ёшлигидан Яҳовага хизмат қилаётганидан жуда бахтиёр (12- хатбошига қ.)

13. Нима учун ёшлик, Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишнинг энг яхши пайтидир?

13 Ёшлик чоғингизда Яҳовага хизмат қилишдан хурсандчилик топинг (Воиз 12:1 ни ўқинг). Яҳовага хизмат қила олишингиз учун аввал яхши иш топиш керак деб ўйламанг. Ёшлик — Яҳовага тўла вақтли хизмат қилишнинг энг яхши пайтидир. Аксарият ёшлар, бошқаларга қараганда оилада камроқ масъулиятга эга. Шунингдек уларда яхши соғлиқ ва қийин топшириқларни бажаришга куч бор. Хўш, Яҳовага хизмат қилиш учун ёшлик чоғингиздан қандай фойдаланмоқчисиз? Эҳтимол, кашшоф бўлиб хизмат қилишни мақсад қиларсиз. Ёки эҳтиёж бўлган жойларда ваъз қилишга интиларсиз. Ё бўлмаса, ўз жамоатингизда хизматингизни кенгайтиришнинг имконияти борлигини сезаётгандирсиз. Лекин Худонинг хизматида қандай мақсад қўйманг, ўзингизни боқиш учун иш топишингиз зарур.  Ўзингиздан сўранг: «Мен қанақа ишни танлайман? Бунинг учун қанча таҳсил олишим керак бўлади?»

ИЛОҲИЙ МЕЪЁРЛАРНИ ҚЎЛЛАБ ДОНО ТАНЛОВЛАР ҚИЛИНГ

14. Келажакка режа тузаётиб, нимадан огоҳ бўлишимиз даркор?

14 Биз кўриб чиққан учта илоҳий меъёр, иш танлаш масаласида тўғри қарор чиқаришингизга ёрдам беради. Шубҳасизки, мактаб ўқитувчилари ҳудудингизда қандай ишга эҳтиёж борлигини билишади. Эҳтимол, Меҳнат биржасида сиз яшаётган ёки хизмат қилишмоқчи бўлган жойда қанақа иш топиш мумкинлигини айтишар. Улар берган маълумот фойдали бўлар, аммо огоҳ бўлинг! Яҳовани севмаган инсонлар юрагингизда дунёга бўлган севгини ривожлантиришга уринишади (1 Юҳан. 2:15–17). Агар дунё таклиф этаётган нарсаларга учсангиз, юрагингиз сизни алдаши ҳеч гап эмас (Ҳикматлар 14:15 ни ўқинг; Ерм. 17:9).

15, 16. Иш танлашда ким сизга тўғри йўналиш бера олади?

15 Қанақа иш борлигини аниқлаб олдингиз ҳам дейлик. Шунга қарамасдан сиз амалий маслаҳатга муҳтожсиз (Ҳик. 1:5). Муқаддас Китоб меъёрларини қўллаб, иш масаласида тўғри танлов қилишингиз учун ким сизга ёрдам бера олади? Яҳовани ҳамда сизни севган, вазиятингизни яхши билган инсонларнинг маслаҳатига қулоқ солинг. Улар қобилият ва ниятларингизни аниқлашга кўмаклашишади. Эҳтимол, уларнинг маслаҳатлари мақсадларингизни қайта кўриб чиқишга ундар. Агар ота-онангиз Яҳовани севувчи инсонлар бўлса, қандай бахтлисиз! Жамоатингиздаги оқсоқоллар ҳам маънан етук инсонлар бўлиб, сизга тўғри йўналиш бера олишади. Қолаверса, кашшофларга ёки кўчма нозирларга мурожаат қилинг. Нега улар Худога тўла вақтли хизмат қилишни танлашган? Улар кашшофликни қандай бошлашган ва улар қандай кун кечиришади? Улар хизматларидан қанақа мамнуният топишяпти? (Ҳик. 15:22).

16 Сизни чиндан ҳам яхши билган инсонлар, доно маслаҳат бера олади. Дейлик, ўқув юртида ўргатилган касб бўйича ишлашни истамаганингиз учун ўқишни ташлаб, кашшофлик хизматини бошламоқчисиз. Сизни севган инсон ниятингизни фаҳмлаб, эҳтимол ўқишни ташламасликка ундар. Чунки бу ўқиш тўла вақтли хизматда чидамлилик фазилатини ривожлантиришга кўмаклашар (Заб. 140:5; Ҳик. 6:6–10).

17. Қандай иш турларидан доимо қочишингиз керак?

17 Барча Худонинг хизматчилари, Яҳовадан узоқлаштириши мумкин бўлган хавф-хатарларга йўлиқишади (1 Кор. 15:33; Колос. 2:8). Бироқ баъзи иш турлари бошқасига қараганда хавфлироқ бўлар. Жамоатингизда муайян ишни танлагач, «имони кема сингари ҳалокатга учраган» бирон кимни танийсизми? (1 Тим. 1:19). Аллоҳ билан муносабатларингизга путур етказадиган ишдан қочсангиз, донолик билан йўл тутган бўласиз (Ҳик. 22:3).

ЁШЛИГИНГИЗДАН ФОЙДАЛАНИБ ҚОЛИНГ

18, 19. Мабодо кимдадир Яҳовага хизмат қилиш истаги ҳали уйғонмаган бўлса, у нима қилиш мумкин?

18 Агар кўнглингизда Яҳовага хизмат қилишни ният қилган бўлсангиз, ёшлигингиздан фойланиб қолинг. Биз оламшумул воқеалар остонасида турибмиз экан, шундай танловлар қилингки, бу Яҳовага қувонч ила хизмат қилишингизга имконият очиб берсин.

19 Мабодо сизда Яҳовага хизмат қилиш истаги ҳали уйғонмаган бўлса-чи? Тушкунликка тушманг, ундан кўра имонингизни мустаҳкамланг. Ҳаворий Павлус, Худо барака берадиган ҳаёт йўлини маҳкам ушлашга ҳаракат қилганини айтиб бергандан кейин, у шундай деб ёзган: «Борди-ю, сизлар бирон нарсада бошқача фикр юритсангизлар, Аллоҳ сизларга тўғри фикрлаш тарзини очиб беради. Хуллас, нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик» (Филип. 3:15, 16). Яҳова сизни севишини ва Унинг маслаҳатлари энг яхшиси эканини унутманг. Доно танловлар қилишингизга Яҳовадан бошқа яна ким ҳам яхшироқ ёрдам бера оларди?