Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ЯНВАРЬ 2014

Абадият Подшоҳи Яҳовага топининг

Абадият Подшоҳи Яҳовага топининг

Абадият Подшоҳига... тоабад улуғворлик ва шон-шараф бўлсин. 1 ТИМ. 1:17

1, 2. а) Ким «Абадият Подшоҳи» деб аталган ва нега бу унвон Унга муносиб? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Яҳованинг бошқаруви ҳақида билиш, нега бизни Унга яқинлаштиради?

СВАЗИЛЕНД қироли Собхуза II қарийб 61 йил ҳукмронлик қилди. Замонавий шоҳлардан ҳеч қайси бири ҳали бунчалик узоқ йил бошқармаган. Эҳтимол қирол Собхуза II нинг узоқ вақт ҳукмронлик қилгани таассуротда қолдирар, лекин бошқаруви инсон умри билан чекланмайдиган бир шоҳ бор. Муқаддас Китобда у «Абадият Подшоҳи» деб аталган (1 Тим. 1:17). Бу шоҳ, Яҳова Таолодан бошқа ким ҳам бўларди?! Худонинг Каломида У ҳақда шундай дейилган: «Эгамиз шоҳдир тоабад» (Заб. 9:37).

2 Худо бошқарувининг давомийлиги, ҳеч қандай инсоний ҳукмронликка ўхшамайди. Лекин Яҳованинг бошқарув услуби бизни Унга яқинлаштиради. Исроил халқи устидан 40 йил ҳукмронлик қилган бир шоҳ, Худога мана шундай сўзлар билан мадҳлар айтган: «Эгамиз раҳмдил, иноятлидир, жаҳли тез чиқмайди, содиқ севгиси мўлдир. Эгамиз тахтини ўрнатгандир самода, Унинг шоҳлиги ҳукмрондир ҳамма ерда» (Заб. 102:8, 19). Яҳова нафақат Шоҳимиз, балки ғамхўр самовий Отамиз ҳамдир. Бунга нисбатан иккита савол юзага келмоқда: Яҳова қай йўсин Ота сифатида ғамхўрлик қилади? Адан боғида исён кўтарилганидан буён Яҳова қандай қилиб  Ўз ҳукмронлигини амалга ошириб келмоқда? Бу саволларнинг жавоби бизни Яҳовага яқинлаштириб, Унга бутун қалбимиз билан топинишга ундайди.

АБАДИЯТ ПОДШОҲИНИНГ КАТТА ВА ҲАМЖИҲАТ ОИЛАСИ

3. Яҳованинг катта ва ҳамжиҳат оиласининг биринчи аъзоси ким ва яна кимлар Худонинг ўғиллари сифатида яратилган?

3 Яҳова ягона Ўғлини яратганида қанчалик хурсанд бўлган! Худо уни арзимас фуқародек ҳисобламаган. Аксинча уни ўғилдай яхши кўриб, бошқа мавжудотларни яратиш қувончига шерик бўлишга таклиф қилган (Колос. 1:15–17). Бу туфайли минг-мингларча фаришталар пайдо бўлган. Улар хурсандчилик ила «Унинг иродасини ижро этувчи хизматкорлар» сифатида тасвирланган. Худо уларни Ўзига яқин олиб, ҳатто Ўғилларим деб атаган. Улар Яҳованинг катта ва ҳамжиҳат оиласи аъзоларидир (Заб. 102:20–22; Аюб 38:7).

4. Худонинг катта ва ҳамжиҳат оиласига қандай қилиб инсонлар ҳам қўшилди?

4 Яҳова жисмоний осмон ва ерни яратиб, оиласини янада кенгайтирди. Ерни гўзал ва ҳаёт учун яроқли қилиб, ижодларининг гулчамбари бўлмиш Одаматони Ўз суратига кўра яратди (Ибт. 1:26–28). Яҳова Яратувчи экан, демак У ҳақли равишда Одаматодан итоатли бўлишни талаб қилиши мумкин эди. Лекин Яҳова, ғамхўр Ота ва инсониятни севиб, яхшилик тилагани учун уларга йўл-йўриқлар берди. Бу кўрсатмалар эса инсоннинг эркинлигини ҳеч ҳам чекламасди (Ибтидо 2:15–17 ни ўқинг).

5. Ер юзини одамлар билан тўлдириш учун Худо қанақа тадбирни уюштирган эди?

5 Мутлақ ҳокимиятга эга бўлган шоҳлардан фарқли ўлароқ, Яҳова қўли остидагиларга ишончли оила аъзоларидек муомала қилиб, масъулият ишониб топширган. Масалан, У Одаматога барча тирик мавжудотлар, яъни ҳайвонлар устидан ҳокимлик қилишни ишониб топширган ва ҳатто уларга ном беришдек қизиқарли, лекин шу билан бирга масъулиятли вазифани берган (Ибт. 1:26; 2:19, 20). Аллоҳ ер юзини тўлдириш учун миллионлаб мукаммал инсонларни яратмаган. Аксинча У, Одаматога ёрдамчи қилиб мукаммал аёлни, яъни Момоҳавони яратган (Ибт. 2:21, 22). Сўнг илк жуфтликка ер юзини фарзандлари билан тўлдиришни айтган. Бутун ер юзи мукаммал инсонлар билан тўлмагунча, улар Жаннат боғининг чегарасини кенгайтиришлари мумкин эди. Осмондаги фаришталар билан ҳамжиҳатликда улар катта бир оиланинг аъзолари бўлиб, Яҳовага абадий топина олишарди. Қандай ажойиб келажак! Ахир бу Яҳованинг Ота сифатида кўрсатган севгиси эмасми?!

ИСЁНКОР ЎҒИЛЛАР ХУДО ҲУКМРОНЛИГИНИ РАД ЭТИШДИ

6. а) Худонинг оиласида қандай қилиб исён кўтарилди? б) Нега исён кўтарилгани, ҳаммаси Яҳованинг назоратидан чиқиб кетганини англатмасди?

6 Афсуски Одамато билан Момоҳаво Яҳовани Ҳукмдор сифатида тан олишни истамадилар. Аксинча улар Худонинг исёнкор ўғли Шайтонга эргашишни маъқул кўрдилар (Ибт. 3:1–6). Аммо Худонинг бошқарувисиз яшаш, уларга ва авлодларига оғриқ, азоб ва ўлим олиб келди (Ибт. 3:16–19; Рим. 5:12). Шундай қилиб ер юзида Худога итоатли бўлган инсон қолмади. Энди бу, барчаси Аллоҳнинг назоратидан чиқиб кетиб, У ер ҳамда унда яшовчилар устидан ҳукмронлик қилмай қўйганини англатармиди? Йўқ, албатта! Худо илк жуфтликни боғдан ҳайдаб, қайтиб киришларига йўл қўймаслик учун боғнинг кираверишида карубларни қўйди ва бу билан Ўз ҳукмронлигини амалга оширганини кўрсатди (Ибт. 3:23, 24). Лекин шу вақтнинг ўзида Аллоҳ, садоқатли фаришталару одамларни ўғилларидек кўриб, битта катта оиланинг аъзолари сифатида бирлаштириш ниятидан қайтмаганини айтиб, ғамхўр Ота эканини тасдиқлади. У Шайтонни  йўқ қилиб, Одамато гуноҳининг оқибатларидан халос этадиган зот келишини ваъда қилди (Ибтидо 3:15 ни ўқинг).

7, 8. а) Нуҳ даврида вазият қанчалик ёмон бўлган? б) Яҳова ер юзини тозалаб, инсоният оиласини сақлаб қолиш учун қандай чора кўрган?

7 Бир неча асрлар ўтиб, баъзи кишилар, жумладан Ҳобил ва Ханўх Яҳовага садоқатли бўлишни танлашди. Лекин аксарият инсонлар Яҳовани Ота ҳамда Шоҳ сифатида рад этишган. Масалан, Нуҳнинг даврида ер юзи «зўравонликка тўлиб-тошиб кетган эди» (Ибт. 6:11). Лекин бу, Яҳованинг ердаги ишлар устидан назорат қила олмаганини англатганми? Тарих нимани аён қилмоқда?

8 Келинг, Нуҳ даврида содир бўлган воқеани кўриб чиқайлик. Яҳова унга катта кема қуришни айтиб, унинг лойиҳасини беради. Шу йўсин Нуҳ ўзини ва яқин оила аъзоларини қутқариб қолар эди. Шунингдек Худо Нуҳга «адолат йўлини хабарлаб» юриш вазифасини топшириб, бутун инсоният оиласига буюк севгисини намоён қилди (2 Бутр. 2:5). Шубҳасизки, Нуҳ барчани тавбага чақириб, яқинлашиб келаётган кулфатдан ҳам огоҳлантирган. Афсуски одамлар қулоқсиз бўлишган. Ўнлаб йиллар давомида Нуҳ ва оиласи зўравон ва ахлоқсизликка берилиб кетган дунёда яшаб келишган. Яҳова эса ғамхўр Ота сифатида шу саккизта садоқатли кишини ҳимоя қилиб, баракалар берган. Буюк Тўфон келтириб, Яҳова исёнкор одамлар ва ёвуз фаришталар устидан Ўз ҳукмронлигини амалга оширди. Ҳа, Яҳова ҳаммаси Унинг назорати остида эканини аниқ кўрсатди (Ибт. 7:17–24).

Яҳова доимо ҳукмронлигини амалга ошириб келган

(6-, 8-, 10-, 12- ва 17- саҳ. қ.)

ТЎФОНДАН КЕЙИНГИ ЯҲОВАНИНГ БОШҚАРУВИ

9. Тўфондан кейин Яҳова инсониятга қандай имконият очиб берди?

9 Нуҳ ва оиласи покланган ерга биринчи марта қадам босганида ва тоза ҳаводан нафас олганида, Яҳова уларга ғамхўрлик қилиб, ҳимоялагани учун юраклари миннатдорлик туйғуси билан тўлгани шубҳасиздир. Нуҳ ўша заҳоти қурбонгоҳ қурди-да, Яҳовага қурбонлик келтириб сажда қилди. Худо эса Нуҳ ва оиласига баракалар берди ва уларга: «Баракали бўлиб, кўпайинглар, ер юзини тўлғазинглар»,— деб амр берди (Ибт. 8:20–9:1). Мана яна бир бор инсоният учун, Худога топинишда бирлашиб, ер юзини тўлдириш имконияти очилди.

10. а) Тўфондан сўнг яна қаерда ва қандай қилиб Яҳовага қарши исён кўтарилди? б) Яҳова Ўз иродасини амалга оширишига ишонтириш учун қандай чора кўрди?

10 Аммо Тўфон номукаммалликни ювиб юбормади ва инсониятни Шайтон ҳамда исёнкор фаришталарнинг кўринмас таъсиридан халос этмади. Орадан кўп ўтмай, одамлар яна Яҳованинг одил бошқарувига қарши чиқишди. Масалан, Нуҳнинг эвараси Нимрўд Яҳованинг ҳукмронлигига қарши бош кўтарди. Нимрўд Яҳовага қарши чиққан кучли овчи деб танилди. У катта шаҳарлар қуриб, ўзини «Шинар ерида» шоҳ қилди (Ибт. 10:8–12). Худонинг «ер юзини тўлдириш» ниятига қарши ҳаракат қилган бу исёнкор шоҳга нисбатан Абадият Подшоҳи қандай чора кўрди? Худо одамларнинг тилларини чалкаштириб юборди ва Нимрўднинг режасини бузди. Натижада унинг фуқаролари «бутун ер юзига» тарқалиб кетишди. Улар ўзларининг сохта топиниши ҳамда инсоний ҳукмронлик услубини ўзлари билан олиб кетишди (Ибт. 11:1–9).

11. Яҳова дўсти Иброҳимга бўлган садоқатини қандай намоён қилди?

11 Гарчи Тўфондан кейин кўпчилик сохта худоларга сиғинган бўлса-да, Яҳовага садоқат ила топинадиганлар ҳам бўлган. Улардан бири Иброҳим эди. У она шаҳри Урдаги қулай уйидан итоаткорлик ила чиқиб кетиб, кўп йиллар давомида чодирларда яшаб юрган (Ибт. 11:31; Иброн. 11:8, 9). Иброҳим кўчманчи ҳаёт кечириб юрганида, шоҳлар уни тез-тез қуршаб олишарди. Бу шоҳларнинг аксарияти девор билан  ўралган шаҳарларда истиқомат қилишарди. Аммо Яҳова Иброҳимни ва унинг оиласини ҳимоя қиларди. Сано бастакори Яҳованинг ғамхўр Отадек ҳимоялаши ҳақида шундай деган: «Ҳеч ким уларни эзишларига Эгамиз йўл қўймади, уларни деб шоҳларга танбеҳ берди» (Заб. 104:13, 14). Дўстига бўлган садоқат Яҳовани Иброҳимга шундай ваъда беришга ундаган: «Сендан шоҳлар келиб чиқади» (Ибт. 17:6; Ёқб. 2:23).

12. Яҳова қай йўсин Миср устидан ҳукмронлигини амалга оширди?

12 Худованд Иброҳимнинг ўғли Исҳоққа ҳамда невараси Ёқубга ҳам баракалар беришини ва авлодларидан шоҳлар келиб чиқишини ваъда қилди (Ибт. 26:3–5; 35:11). Бироқ Ёқубнинг авлодларидан шоҳлар келиб чиқишидан олдин, улар Мисрда қул бўлишади. Бу, Яҳова Ўз ваъдасини унутганини ёки ер устидан ҳукмронлик қилмай қўйганини англатармиди? Асло! Яҳова Ўзи маъқул деб топган пайтда илоҳий қудратини намоён этиб, қайсар фиръавн устидан бошқарувини амалга оширди. Қулликда бўлган исроилликлар эса мўъжизавий тарзда уларни халос этган Яҳова таянишди. Кўриниб турганидек, Яҳова Сарвари Олам бўлиб қолаверди ва У ғамхўр Ота каби Ўзининг буюк қудратидан фойдаланиб, халқини ҳимоя қилди (Чиқиш 14:13, 14 ни ўқинг).

ЯҲОВА ИСРОИЛ ХАЛҚИНИНГ ШОҲИ БЎЛДИ

13, 14. а) Яҳова Шоҳдир дегани нимани англатади? б) Шоҳлик борасида Худо Довудга қандай ваъда берди?

13 Миср қуллигидан озод бўлгач, исроилликлар Яҳовага ҳамду сано куйлашди. Бу қўшиқ, Чиқиш китобининг 15- бобида ёзилган. Шу бобнинг 18- оятида: «Эгамиз абадул-абад шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилади»,— деб айтилган. Дарҳақиқат, Яҳова янги халқнинг Шоҳи бўлди (Қонун. 33:5). Афсуски халқ Яҳовани кўринмас Шоҳ сифатида тан олишни истамади. Мисрдан чиқиб кетишганидан тахминан 400 йил ўтгач, улар бутпараст қўшни халқлар сингари ораларидан ўзларига шоҳ танлаб беришни Худодан сўрашади (1 Шоҳ. 8:5). Қандай бўлишидан қатъи назар Яҳова Шоҳ бўлиб қолаверди. Бунинг тасдиғи эса Исроилнинг иккинчи шоҳи Довуднинг ҳукмронлигида кўринган эди.

14 Довуд аҳд сандиғини Қуддусга олиб келганди. Бу қувончли кунда левилар Яҳовага ҳамду сано куйлаб, диққатга сазовор бир фикрни айтишган. 1 Солномалар  16:31 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Элатлар орасида айтишсин: “Эгамиз шоҳдир!”» Ҳа, Яҳова Ўз ҳукмронлигини амалга оширган пайтда ёки кимнидир Ўзининг вакили сифатида танлаганда ёхуд ўзгача вазиятда чора кўрганда, Шоҳ бўлган. Яҳованинг бундай бошқарув услуби, катта аҳамиятга эгадир. Довуднинг ўлимидан олдин, Яҳова унга шоҳлиги тоабад туришини ваъда қилиб, шундай деган: «Мен сендан бино бўлган наслингдан бирини шоҳ қилиб, унинг шоҳлигини мустаҳкамлайман» (2 Шоҳлар 7:12). Бу ваъда амалга ошиб, Довуднинг «насли» 1000 йилдан ошиқ вақтдан кейин пайдо бўлди. У ким эди ва у қачон Шоҳ бўлди?

ЯҲОВА ЯНГИ ШОҲНИ ТАЙИНЛАДИ

15, 16. Исо қачон бўлажак Шоҳ сифатида мойланди ва ер юзида бўлганида, ҳукмронлик қилиш учун қандай тадбир тузди?

15 Милодий 29 йилда, Яҳё пайғамбар: «Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— деб ваъз қила бошлади (Мат. 3:2). У Исони сувга чўмдирганида, Яҳова Ўғлини ваъда қилинган Масиҳ ҳамда Осмон Шоҳлигининг бўлажак Шоҳи сифатида мойлади. Яҳова Исога нисбатан оталик туйғуларини изҳор этиб, шундай деди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман» (Мат. 3:17).

16 Хизмати давомида Исо Отасини улуғлаб келган (Юҳан. 17:4). У Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилиб юрган (Луқо 4:43). У ҳатто шогирдларига ҳам бу Шоҳлик келиши тўғрисида ибодат қилишни ўргатган (Мат. 6:10). Бўлажак Шоҳ сифатида Исо душманларига қарата шундай дея олган: «Ахир Худонинг Шоҳлиги орангизда-ку» (Луқо 17:21). Исо ўлими арафасида издошлари билан Шоҳлик қилиш учун аҳд тузди. Шу тариқа, баъзи садоқатли шогирдларида у билан Худонинг Шоҳлигида ҳукмронлик қилиш имконияти пайдо бўлди (Луқо 22:28–30 ни ўқинг).

17. Биринчи асрда Исо қандай қилиб қисман шоҳлик қилишни бошлади, аммо у нимани кутиб туриши керак эди?

17 Исо Осмон Шоҳлигининг Подшоҳи сифатида ҳукмронлигини қачон бошлаши керак эди? У ўша заҳоти буни қила олмасди. Чунки эртасига кундуз куни уни қатл қилишди ва издошлари тўрт томонга тарқаб кетди (Юҳан. 16:32). Лекин Яҳова бундан олдин қилганидек, бу вазиятда ҳам барчаси Унинг назорати остида эканлигини кўрсатди. Уч кундан кейин, У Ўғлини тирилтирди ва милодий 33 йил Ҳосил байрамида Исо мойланган биродарларидан иборат масиҳийлар жамоати устидан бошқаришни бошлади (Колос. 1:13). Демак, Исо ваъда қилинган насл тариқасида ер юзи устидан тўлиқ бошқариш учун ҳали кутиб туриши керак эди. Яҳова Ўғлига шундай деган: «Душманларингни оёқларинг остига курси қилмагунимча, сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тургин» (Заб. 109:1).

АБАДИЯТ ПОДШОҲИГА ТОПИНИНГ

18, 19. Бизда қандай истак пайдо бўлди ва кейинги мақолада нимани билиб оламиз?

18 Асрлар оша Яҳованинг ҳукмронлиги осмонда ва ерда шубҳа остига қўйиб келинган. Яҳова ҳеч қачон бошқарувини амалга оширишдан воз кечмаган; У доим ҳаммасини назорат қилиб турган. У меҳрибон Ота сифатида Нуҳ, Иброҳим ва Довуд сингари садоқатли хизматчиларига ғамхўрлик қилиб, ҳимоялаб келган. Наҳотки бу, самовий Ота сифатида Унга яқинлашишга ва Шоҳ тариқасида Унга бўйсунишга ундамаса?!

19 Аммо бизда шундай саволлар туғилиши мумкин: «Бугунги кунда Яҳова қандай қилиб Шоҳ бўлади? Осмон Шоҳлигининг садоқатли фуқаролари эканимизни қандай исботлай оламиз ва қанақасига Унинг катта ва ҳамжиҳат оиласида мукаммал ўғиллари бўла оламиз? Худонинг Шоҳлиги келсин, дея ибодат қилганимизда, нимани назарда тутган бўламиз?» Бу саволларга кейинги мақоладан жавоб топамиз.