Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2013

«Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»

«Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»

Шукрона дуосини айтгач, уни [нонни] синдириб: «Бу сизлар учун бериладиган менинг танамни билдиради. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»,— деди. 1 КОР. 11:24

1, 2. Қуддусга борадиган вақт борасида ҳаворийларнинг хаёлидан қандай фикрлар ўтган бўлиши мумкин?

«БУЛУТЛАР тарқалиши билан осмонда янги ой кўринди. Ўтган кеча Қуддусдаги соқчи ҳам буни кўрган бўлса керак. Олий Кенгаш бу ҳақда хабар топгач, Нисон ойи бошланганини эълон қилди. Кейин, чопарлар бу хабарни етказиш учун ҳатто шу ергача келишди. Шубҳасиз, Фисиҳ байрами бошлангунча Исо Қуддусга етиб боришни хоҳлайди».

2 Бундай фикрлар, Исо билан Переяда (Иорданнинг нариги томонида) бўлганларнинг хаёлига келганини тасаввур қилишимиз мумкин. Бу, Исонинг Қуддусга охирги сафари эди (Мат. 19:1; 20:17, 29; Марк 10:1, 32, 46). Яҳудийларнинг Нисон ойи бошлангани аниқланганидан кейин 13 кун ўтиб, яъни 14- нисон куни қуёш ботганидан сўнг Фисиҳ байрами ўтказилиши керак эди.

3. Нима учун масиҳийларни Фисиҳ байрамининг санаси қизиқтиради?

3 Фисиҳ байрамининг санасига тўғри келадиган Қутлуғ Кечлик 2014- йили 14- апрель куни қуёш ботганидан сўнг нишонланади. Бу кун масиҳийлар ва ҳақиқатга қизиқиш кўрсатганлар учун ўзгача аҳамиятга эга. Нега? Сабаби 1 Коринфликларга 11:23–25 да ёзилган. У ерда шундай сўзларни ўқиймиз: «Исо тутиб бериладиган кечада нонни олди, шукрона дуосини айтгач, уни синдириб: “Бу сизлар учун бериладиган менинг танамни билдиради. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар”,— деди». Кейин у косани олиб яна шундай қилди.

4. а) Қутлуғ Кечлик муносабати билан қандай саволлар юзага келмоқда? б) Ҳар йили Қутлуғ Кечлик санаси қандай аниқланади? («2014- йилги Қутлуғ Кечлик» номли рамкага қ.)

4 Исо шогирдларига ҳар йили нишонлашни амр этган маросимга сиз ҳам боришингиз шубҳасиз. Аммо боришдан олдин, ушбу саволлар устида мулоҳаза қилиб кўринг: «Бу маросимга қандай тайёргарлик  кўриш керак? Қанақа нарсалардан фойдаланилади? Маросим қай тарзда ўтади? Бу маросим ва унда фойдаланилган нарсалар мен учун қандай аҳамиятга эга?»

РАМЗЛАР

5. Исо шогирдлари билан охирги марта Фисиҳ байрамини нишонлаш учун қандай тайёргарлик кўрган?

5 Исо шогирдларига Фисиҳ таомини ейиш учун хона тайёрлашни буюрганида, ўша хонани безатиш тўғрисида ҳеч нарса демаган; аксинча, у таклиф этилганларнинг сонига яраша, шинам ва тоза хонани истаган бўлиши мумкин (Марк 14:12–16 ни ўқинг). Улар кечлик учун баъзи нарсаларни, жумладан хамиртурушсиз нон ва қизил шаробни тайёрлаб қўйишлари керак эди. Фисиҳ таомини еб бўлгач, Исо ўша рамзларга эътибор қаратган.

6. а) Фисиҳ таомини еб бўлгач, Исо нон ҳақида нима деган эди? б) Қутлуғ Кечлик маросимида қанақа нон ишлатилади?

6 Ўша маросимда қатнашган ҳаворий Матто кейинчалик шундай деб ёзган эди: «Исо нонни олди-да, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига бериб: “Олинглар, енглар. Бу менинг танамни билдиради”,— деб айтди» (Мат. 26:26). «Нон», Фисиҳ байрамидаги каби хамиртурушсиз ёпилган (Чиқ. 12:8; Қонун. 16:3). Бу ноннинг таркибида буғдой уни ва сув бор эди холос. Унга ачитқи ҳам, туз ҳам қўшилмаган. У хамиртурушсиз бўлгани учун кўтарилмаган. Тайёр бўлганида у юпқа, қуруқ ва лочира сингари салига синадиган бўларди. Бугунги кунда, Қутлуғ Кечлик арафасида жамоат оқсоқоллари бирон имондошимиздан шундай нон ёпиб беришни илтимос қилишлари мумкин. Бу нонни буғдой унига сув қўшиб, озгина ёғ суртилган товада ёпса бўлади. Яҳудийларнинг «маца» деган нонларини ҳам ишлатиш мумкин. Фақат унинг таркибида ундирилган дон, тухум ёки пиёз бўлмаслиги керак. Баъзи ўлкаларда буғдой унини топиш қийин бўлса, хамирни гуруч, арпа, маккажўхори ёки шунга ўхшаш донлардан қилса бўлади.

7. Исо қанақа шароб ҳақида гапирган ва бугунги кунда Қутлуғ Кечлик учун қандай шаробдан фойдаланса бўлади?

7 Матто давом этиб ёзади: «[Исо] косани олиб, шукрона дуосини айтди-да, шогирдларига узатиб, шундай деди: “Ҳаммангиз ундан ичинг”» (Мат. 26:27, 28). Исонинг  қўлидаги косада қизил шароб бор эди. (Бу, янги сиқилган узум шарбати эмасди, чунки узум ҳосили йиғилганидан буён анча вақт ўтиб кетганди). Мисрда илк бор Фисиҳ таоми ейилганда шароб ичилмаган бўлса ҳам, Исо дастурхонга шароб қўйилишига қарши бўлмаган. У ҳатто Қутлуғ Кечликда бу шаробдан фойдаланган. Шунинг учун масиҳийлар ҳам Қутлуғ Кечлик маросимида шароб ишлатишади. Исонинг қонини қимматбаҳо қилиш учун бирор нарса билан аралаштиришга ҳожат бўлмаганидек, бу шароб ҳам ҳеч қандай ўткир ичимликлар билан кучайтирилган бўлиши керак эмас. Аксинча, хонаки, қўлбола ёки дўконларда сотиладиган оддий қизил шароб, масалан Божуле, Бургундия ёхуд Кьянти каби навларидан фойдаланса бўлади.

РАМЗЛАРНИНГ МАЪНОСИ

8. Нима учун масиҳийлар нон билан шаробга алоҳида аҳамият беришади?

8 Ҳаворий Павлус, ҳаворийлар қаторига кирмаган масиҳийлар ҳам Қутлуғ Кечлик маросимини нишонлаб туриши кераклигини аниқ қилиб айтган. Коринф шаҳридаги имондошларига у шундай дея ёзган: «[Исо] шукрона дуосини айтгач, уни [нонни] синдириб: “Бу сизлар учун бериладиган менинг танамни билдиради. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар”,— деди» (1 Кор. 11:24). Шунинг учун, бугунги кунда ҳам масиҳийлар бу ўзгача маросимни ҳар йили нишонлаб туришади ва нон билан шаробга алоҳида аҳамият беришади.

9. Айримлар, Исо қўллаган нон ҳақида қандай нотўғри фикрда?

9 Айрим черков аъзоларининг таъкидлашича, Исо: «Бу... Менинг танамдир»,— деган эмиш. Бундай одамлар, нон мўъжизавий тарзда Исонинг танасига айланишига ишонишади. Бироқ, аслида ундай бўлмаган *. Исонинг танаси ва хамиртурушсиз  нон ҳануз содиқ ҳаворийларнинг қаршисида эди. Ҳа, Исо рамзий маънода гапиргани аниқ (Юҳан. 2:19–21; 4:13, 14; 10:7; 15:1).

10. Қутлуғ Кечлик маросимида нон нимани билдиради?

10 Ҳаворийларнинг қаршисида турган нон Исонинг танасини билдирарди. Қайси маънода? Бир вақтлар Худонинг хизматчилари, Исо нонни синдирган, лекин унинг суяклари синдирилмаган, демак нон «Масиҳнинг танасини», яъни мойланган масиҳийлар жамоатини билдиради, деб ўйлашган (Эфес. 4:12; Рим. 12:4, 5; 1 Кор. 10:16, 17; 12:27). Аммо вақт ўтиб, изланишлар натижасида ҳамда Муқаддас Китобга биноан, нон Исонинг том маънодаги танасини билдириши аниқланди. Исо «инсон сифатида азоб чеккан» ва ҳатто устунга михланган. Шундай экан, Қутлуғ Кечлик маросимида нон, бизнинг гуноҳларимиз учун қурбон бўлган Исонинг жисмоний танасини англатади (1 Бутр. 2:21–24; 4:1; Юҳан. 19:33–36; Иброн. 10:5–7).

11, 12. а) Исо шароб ҳақида нима деган? б) Қутлуғ Кечлик маросимида шароб нимани англатади?

11 Бу, Исонинг шароб ҳақида айтганларини тушунишимизга ёрдам беради. Инжилда қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: «Худди шундай кечки овқатдан кейин косани олиб, деди: “Бу коса менинг қоним асосида тузиладиган янги аҳдни англатади”» (1 Кор. 11:25). Исонинг қўлидаги косанинг ўзи янги аҳдни англатганми? Йўқ. «Коса» деганда, унинг ичидаги шароб назарда тутилган. Хўш, Исонинг шароб ҳақида айтганлари нимани англатарди? Унинг тўккан қонини.

12 Марк баён этган хушхабарда Исонинг шундай сўзларини ўқишимиз мумкин: «Бу, кўплар учун тўкиладиган қонимни — “аҳд қонини” англатади» (Марк 14:24). Чиндан ҳам, Исонинг қони «кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкилган» (Мат. 26:28). Шу боис, қизил шароб Исонинг қонини англатади. Унинг қони орқали тўлов берилиб, «айбларимиз кечирилишига йўл очилди» (Эфесликларга 1:7 ни ўқинг).

Ҳаворийлар янги аҳдни англатадиган шаробдан истеъмол қилишган (11-, 12- хатбошиларга қ.)

МАСИҲНИНГ ЎЛИМИНИ ХОТИРЛАШ

13. Ҳар йили нишонланадиган Қутлуғ Кечлик маросими қандай ўтади?

13 Агар сиз Яҳованинг Шоҳидлари билан Қутлуғ Кечлик маросимига биринчи марта борсангиз, у ерда нимани кўришингиз мумкин? Эҳтимол, маросим шинам ва тоза жойда, барча келганлар учун ёқимли муҳитда ўтар. У ерда оддий гуллар қўйилган бўлиши мумкин, аммо сиз ортиқча безакларни кўрмайсиз ва бу маросим дабдабали ўтмайди. Тажрибали оқсоқол Муқаддас Китобда бу маросим ҳақида нима дейилганини муносиб тарзда ва аниқ қилиб етказиб беради. У барчага, Масиҳ биз учун нималар қилганини тушунишга ёрдам беради. Ҳа, биз ҳаётга эга бўлишимиз учун Масиҳ ўз жонини тўлов сифатида берган (Римликларга 5:8–10 ни ўқинг). Маърузачи Муқаддас Китоб ёрдамида, масиҳийлар учун қандай икки хил умид борлигини тушунтириб беради.

14. Қутлуғ Кечлик маросимида қандай икки хил умид ҳақида гапирилади?

14 Биринчиси — Масиҳнинг содиқ ҳаворийлари сингари фақат озчилик у билан бирга осмонда бошқариш умидига эга (Луқо 12:32; 22:19, 20; Ваҳ. 14:1). Иккинчиси эса — ҳозир Худога садоқат ила хизмат қилаётган кўпчилик ер юзида тикланган жаннатда абадий яшаш умидига эга. Ўшанда, масиҳийларнинг тинмай қилган ибодатлари амалга ошиб, Худонинг иродаси осмонда бўлгани каби, ерда ҳам бажо бўлади (Мат. 6:10). Муқаддас Китобда айтилишича, улар ажойиб муҳитда абадулабад ҳаётдан баҳраманд бўлишади (Ишаё 11:6–9; 35:5, 6; 65:21–23).

15, 16. Қутлуғ Кечлик маросимида нондан қандай фойдаланилади?

15 Нутқнинг якуний қисмида маърузачи,  Исо ҳаворийларига буюрган нарсани қилиш вақти келганини айтади. Юқорида айтиб ўтилганидек, иккита рамз — хамиртурушсиз нон ва қизил шаробга эътибор қаратилади. Эҳтимол, рамзлар маърузачининг ёнидаги столда турган бўлади. Маърузачи, Исонинг бу маросимни уюштирган пайтда нималар айтганини ва қилганини Муқаддас Китобдан ўқиб беради. Масалан, Матто баён этган хушхабарда шундай сўзларни ўқиймиз: «Исо нонни олди-да, шукрона дуосини айтиб синдирди ва шогирдларига бериб: “Олинглар, енглар. Бу менинг танамни билдиради”,— деб айтди» (Мат. 26:26). Исо нонни синдириб, икки ёнида ўтирган ҳаворийларига узатган бўлиши мумкин. 14- апрелда бўладиган маросимда сиз ҳам ликопларда, олдиндан синдириб қўйилган хамиртурушсиз нонларни кўрасиз.

16 Ажратилган вақт ичида ҳамма келганларнинг қўлидан ўтиши учун етарли миқдорда ликоплар бўлади. Бу, қандайдир мураккаб урф-одат эмас. Қисқа ибодатдан сўнг ликоплар тартиб билан, маҳаллий шароитга мос тарзда қўлма-қўл узатилади. Бир нечта одам нондан истеъмол қилади ёки ҳеч ким истеъмол қилмайди. 2013- йили бўлиб ўтган маросимда ҳам кўп жамоатларда шундай бўлган.

17. Қутлуғ Кечликда, Исонинг шароб ҳақида айтган сўзларига қандай амал қилинади?

17 Кейин эса, Маттонинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратилади: «[Исо] косани олиб, шукрона дуосини айтди-да, шогирдларига узатиб, шундай деди: “Ҳаммангиз ундан ичинг. Чунки бу, кўпларнинг гуноҳлари кечирилиши учун тўкиладиган қонимни — ‘аҳд қонини’ англатади”» (Мат. 26:27, 28). Шунга биноан, маросимда яна ибодат қилинади ва барча келганларга қизил шароб қуйилган «косалар» узатилади.

18. Рамзлардан фақат бир неча киши истеъмол қилса ёки ҳеч ким истеъмол қилмаса ҳам, нега бу маросимга бориш муҳим?

18 Маросимга келганларнинг аксарияти рамзлардан истеъмол қилишдан ўзларини тийишади. Чунки Исо, фақат у билан Самовий Шоҳликда ҳукмронлик қиладиганлар рамзлардан истеъмол қилишини кўрсатган (Луқо 22:28–30 ни ўқинг; 2 Тим. 4:18). Бошқалар эса чуқур эҳтиром ҳисси ила буни кузатиб туришади. Қутлуғ Кечлик маросимига бориб туриш ўта муҳим, чунки бу билан одам Исонинг қурбонлигини қанчалик қадрлаётганини кўрсатади. Маросимга борганлар, Исонинг тўлов қурбонлиги орқали эга бўладиган баракалар ҳақида ўйлашлари мумкин. Улар «улкан оломон» билан, яъни «кийимларини Қўзининг қонида ювиб, оқартирган» Худонинг хизматчилари билан биргаликда, яқинлашиб келаётган «буюк қайғудан» омон қолиш имкониятига эга (Ваҳ. 7:9, 14–17).

19. Қутлуғ Кечликка тайёргарлик кўриш ва бу маросимдан фойда олиш учун нима қилсангиз бўлади?

19 Бутун дунё бўйлаб Яҳованинг Шоҳидлари бу маросимга тайёргарлик кўришади. Биз бир неча ҳафта олдин иложи борича кўпроқ одамларни таклиф қила бошлаймиз. Бундан ташқари, Қутлуғ Кечликка бир неча кун қолганда, кўпчилигимиз Муқаддас Китобдан, мил. 33- йили худди шу санада Исо нималар қилгани ва қандай воқеалар содир бўлгани ҳақида ўқиймиз. Маросимга бора олишимиз учун биз олдиндан барча чораларни кўриб қўямиз. Йиғилишнинг бошида айтиладиган ҳамду-сано ва ибодатга кечикмай борсак яхши бўлади. Шунда биз бошқаларни ҳам кутиб олиш ва бутун дастурда иштирок этиш имкониятига эга бўламиз. Маърузачи оятларни ўқиб, тушунтириб бераётганда, ўз Муқаддас Китобимиздан кузатиб турсак, барчамиз — жамоат аъзолари ҳамда меҳмонлар дастурдан фойда оламиз. Энг муҳими эса, Қутлуғ Кечликка борганимиз билан Исонинг қурбонлиги учун чин дилдан миннатдор эканимизни ва «буни мени эслаб туриш учун қилинглар», деган амрига бўйсунаётганимизни кўрсатамиз (1 Кор. 11:24).

^ 9- х.б. Немис инжилшунос Генрих Майернинг ёзишича, ҳаворийлар Исонинг танасини еяпмиз ёки қонини ичяпмиз, деган хаёлга боришмаган, чунки «Исонинг танаси ҳали синдирилмаган (ҳануз тирик) эди». Унинг айтишича, нон билан шаробнинг маъносини тушунтириш мақсадида ва шогирдлари нотўғри хулосага келишмасин дея, Исо «оддий қилиб айтган».