Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ДЕКАБРЬ 2013

Тоғларнинг соясида уларни Яҳова ҳимоялади

Тоғларнинг соясида уларни Яҳова ҳимоялади

АЁЛ саҳарда туриб эшик остонасидан эндигина қадам босмоқчи бўлиб турганида, оёқ тагида ўраб қўйилган нарсага кўзи тушди. У ўша нарсани кўтариб олди-да, орқа-ўнгига қаради-ю, атрофда ҳеч ким йўқлигини кўрди. Кечаси нотаниш бир кимса бу нарсани ташлаб кетган экан. Аёл секингина ўрамани очди ва шу заҳоти ичкарига кириб эшикни орқасидан ёпди. Во ажабо, ахир бу тақиқланган адабиётларимиз-ку! Аёл ўрамани маҳкам қучоқлаб, кўнглида қисқача Яҳовага бу маънавий озуқа учун раҳматлар айтди.

Бу воқеа 1930- йилларда Германияда содир бўлган эди. 1933- йилда нацистлар ҳокимиятни қўлга олгандан кейин, Яҳова Шоҳидларининг фаолияти мамлакатнинг аксарият жойларида тақиқлаб қўйилди. «Аммо биз, Яҳова ҳамда Унинг исмини эълон қилишга инсонлар чиқарган қонун тўғаноқ бўла олмаслигига амин эдик,— дейди ҳозирги пайтда ёши 100 дан ошган Ричард Рудольф *. — Чунки Муқаддас Китобга асосланган адабиётлар шахсий тадқиқ ҳамда хизматимизда муҳим ўринни эгалларди. Лекин адабиётларимиз тақиқлаб қўйилгани дастидан уларни топиш жуда қийин бўлиб қолди. Энди бу ишни қандай қилиб давом эттирамиз дея ташвишлана бошладик». Кўп ўтмай Ричард бу эҳтиёжни қондириш учун ўзгача бир усул борлигини эшитиб қолади. Бу ишни тоғларнинг соясида амалга ошириш мумкин эди (Ҳак. 9:36).

КОНТРАБАНДИСТЛАР ЙЎЛИДАН ЮРИБ

Шимолий денгизга қуйиладиган Эльба (ёки Лаба) дарёсининг соҳили бўйлаб юқорига кўтарилиб борганингиз сайин, ҳозирги Чехия Республикаси билан Польша чегарасининг қоқ ўртасида жойлашган баҳайбат Крконоше тоғларига дуч келасиз. Бу тоғларнинг энг баланд жойи тахминан 1 600 метр бўлиб, ярим йил давомида тоғ чўққиларини 3 метр қалинликда қор қоплаб туради. Бу ернинг об-ҳавоси ўзгарувчанлигига бепарво бўлганлар, қуюқ туман ёки қора булутлар ичида ғойиб бўлишлари мумкин.

Асрлар оша бу тоғ тизмаси, вилоятлар, шоҳликлар ва давлатлар орасидаги табиий чегара сифатида хизмат қилиб келган. Бундай хавфли ва  қўрқинчли ҳудудни қўриқлаш жуда қийин бўлган. Шу сабабли ўтмишда бу ердагилар тоғлар оша контрабанда йўли билан молларни олиб киришарди. Бу улкан тоғлар Чехословакия ва Германияни ажратиб турган учун 1930- йилларда Яҳованинг Шоҳидлари контрабандистлар қолдирган йўллардан фойдаланишни бошлаган. Нима мақсадда? Муқаддас Китобга асосланган бебаҳо адабиётларни эҳтиёж бўлган жойларга етказиб бериш мақсадида. Ёш Ричард мана шундай Яҳованинг Шоҳидларидан бири эди.

Биродару опа-сингиллар сайёҳлардек кийиниб олиб, улкан тоғлар оша Германияга адабиётларни олиб киришган

ХАВФЛИ САЁҲАТ

«Дам олиш кунлари, биз ёш биродарлар еттитадан ёки бир неча кишидан иборат гуруҳларга бўлиниб, саёҳатчилардай кийиниб олиб, тоғлар томон йўл олардик,— деб эслайди Ричард. — Германия томонидан тоғлар оша Шпиндлерув-Млинга етиб боргунча 3 соат вақт керак бўларди». Бу, Чехия томонидаги тахминан 16,5 км узоқликда жойлашган курорт эди. Ўша пайтларда, бу ҳудудда кўпгина немислар яшашарди. Бир фермер, биродарларимизга ёрдам беришга розилик билдирганди. Бу ерларда дам олувчиларни ташиш учун от-аравадан фойдаланиш одатий ҳол бўлган. Фермер ҳам отни аравага қўшиб адабиётлар билан тўлдирилган қутиларни яқин атрофдаги шаҳардан олиб кетарди. Бу қутилар Прагадан темир йўл орқали юборилган эди. Фермер бу қутиларни ўзининг фермасига олиб келиб, пичанхонасида яшириб қўярди ва Германия томонидан китоб ташувчилар келишини пойлаб турарди.

Ричард давом эттириб шундай деди: «Биз фермага етиб олгач, юкларни рюкзакларимизга солардик. Бу сумкалар оғир нарсаларни ташишга чидамли бўлиб, уларга тахминан 50 кг юк сиғарди». Қўлга тушиб қолмаслик учун, улар қуёш ботганда йўлга чиқиб, тонг отгунча қайтиб келишарди. Шундай қилиб улар тун бўйи йўл юришарди. Ўша пайтларда туман нозири бўлиб хизмат қилган Эрнст Виснер, қандай хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳақида айтиб берди. У шундай деди: «Икки биродар олдинда юрарди, мабодо улар бирон кишига йўлиқиб қолишса, улар фонарь билан белги беришган. Бу 100 метрча орқадан оғир рюкзакларни кўтариб келаётган биродарларга огоҳлантириш бўлган. Улар олдинда кетаётган биродарлар қайтиб келиб ҳар ҳафта алмашадиган паролни айтмагунча йўл ёқасидаги бутазорларда яшириниб ўтиришлари керак бўлган». Бироқ кўк рангли расмий кийимда юрадиган немес полицияси ҳам хавф солиб турган.

 Ричард ўша кунларни эслаб, шуларни айтди: «Бир куни оқшом пайти жуда узоқ йўл юрдим. Шу сабабли Чехия томонида биродарлардан ортда қолиб кетдим. Зимистон қоронғи ва туман тушган эди. Муздай ёмғир тагида ивиб, қалтираб кетардим. Охири пакана қарағай дарахтлари ичида адашиб, бир неча соат йўлни излаб тополмадим. Мана шундай саёҳатда кўпгина одамлар ўлиб кетган. Саҳарда биродарларим уйга қайтаётганда, уларга дуч келдим».

Камида икки йил давомида ҳар ҳафта жасоратли биродарлар тоғлар оша йўл юришарди. Қишда қимматбаҳо юкларини етказиб бериш учун улар чанғи ва чанадан фойдаланишарди. Баъзида 20 кишидан иборат бўлган биродарлар гуруҳи кундузи йўлга чиқиб, саёҳатчилар учун мўлжалланган йўлаклардан юришарди. Баъзи опалар ўзларини шунчаки беозор сайёҳлар қилиб кўрсатиш учун якка боришарди. Улардан айримлари сафнинг олдида юришган. Мабодо бирон хавф пайқаб қолишса, шляпаларини юқорига отиб юборишган.

Чўққиларигача қор билан қопланган улкан тоғлар оша хавфли саёҳат

Китоб тарқатувчилар тунги саёҳатдан қайтгач нима қилишган? Улар, адабиётларнинг ҳаммаси тарқатилганига амин бўлиш учун муайян чоралар кўришган. Қандай қилиб дейсизми? Адабиётлар совун шаклида ўралган бўлиб, Хирчбергдаги темир йўл станциясидан олиб кетилган. Бу ўрамалар Германиянинг турли бурчакларидаги биродару опа-сингилларга юборилган. Улар эса мақоланинг бошида тасвирлаб берилганидек, бу ўрамаларни эҳтиёткорлик билан очишган. Мабодо адабиётлар қандай йўл билан олиб келингани фош бўлиб қолса, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Бир куни кутилмаган жойдан зарба келди.

1936- йилда Берлин яқинидаги адабиёт омбори топилган. Унинг ичида номаълум шахс томонидан Хирчбергга юборилаётган учта ўрама бор эди. Полиция, дастхатдан контрабанда гуруҳининг бош аъзосини аниқлади ва уни қўлга туширди. Кўп ўтмай иккита гумон қилинувчи шахс, жумладан Ричард Рудольф хибсга олинди. Биродарлар ҳаммасини ўз бўйнига олишгани туфайли, муайян вақт бошқалар бундай ўта хавфли ишни давом эттира олишди.

БИЗ УЧУН САБОҚЛАР

Қайсидир вақт давомида, улкан тоғлар оша рюкзакларда олиб келинган адабиётлар, германиялик Яҳованинг Шоҳидлари учун далда манбаи бўлган. Аммо бу баҳайбат тоғлар, ягона йўналиш эмасди. 1939- йилгача, яъни Чехословакия немисларнинг тазйиқи остига тушмагунига қадар, бу давлатнинг чегарасида ҳам шунга ўхшаш йўллар бўлган. Масалан, Германия билан чегарадош бўлган Франция, Нидерландия ва Швейцария каби давлатларда ҳам иккала томондаги Яҳованинг Шоҳидлари ўз ҳаётларини хавф остига солиб, қувғин қилинаётган имондошларига маънавий озуқани етказиб туришган.

Бугунги кунда орамиздан кўпчилик, етарлича ва турли-туман адабиётларга эга. Янги адабиётларни Йиғилиш Залидан ёки jw.org веб-сайтимиздан юклаб олишингиздан қатъи назар, улар қўлингизга тушгунча қанча меҳнат синггани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Эҳтимол бу адабиётлар қорли тоғ чўққилари оша хавфли саёҳат йўли билан олиб келинмагандир. Лекин бу иш, сиз учун фидойилик кўрсатаётган имондошларингизнинг машаққатли меҳнатини талаб қилгани аниқ.

^ 3- х.б. Бу биродаримиз Силезия шаҳридаги «Хирчберг» жамоатида хизмат қилган. Бугунги кунда Хирчберг шаҳри Зелена Гура деб номланади. Бу шаҳар Польшанинг жануби-ғарбида жойлашган.