Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Декабрь 2013

«Фикрларингиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўйманг!»

«Фикрларингиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўйманг!»

Биродарлар,... сизлардан илтимосимиз бор... фикрларингиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўйманг. 2 САЛОН. 2:1, 2

1, 2. Нега бугунги кунда ёлғон жуда кенг тарқалган ва у қандай кўринишда бўлиши мумкин? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.)

ЁЛҒОН, ғирромлик ва ҳийла-найранг бугунги кунда одатий ҳол бўлиб қолган. Бунинг эса ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Муқаддас Китобда Шайтон Иблис ғирт ёлғончи ва ёвуз дунёнинг ҳокими экани ҳақида аниқ айтилган (1 Тим. 2:14; 1 Юҳан. 5:19). Бу ёвуз дунёнинг охирати яқинлашаётган экан, Шайтон «вақти оз қолганини билиб», мудҳиш қаҳр-ғазабда юрибди (Ваҳ. 12:12). Шу сабабли Шайтоннинг таъсири остида юрганларнинг иккиюзламачилигига, айниқса ҳақ топиниш тарафдорлари билан адолатсизларча муомала қилаётганларига ҳеч ҳайрон қолмаслигимиз керак.

2 Яҳованинг Шоҳидлари ҳамда уларнинг эътиқодлари ҳақида баъзида ахборот воситаларида ҳақиқатдан йироқ бўлган сохта маълумот тарқатилади. Газета сарлавҳаларида, телевизион дастурларда ҳамда Интернет саҳифаларида ёлғонни тарғиб қилишади. Афсуски баъзилар бундан саросимага тушиб, осонликча ёлғоннинг қурбонига айланишади.

3. Ёлғонга қарши туришда бизга нима ёрдам бериши мумкин?

3 Душманимизнинг бундай салбий таъсирига қарши туриш учун Аллоҳимиз бизга Каломини туҳфа қилганидан бахтиёрмиз. Зеро бу Калом «тузатиш... учун фойдалидир» (2 Тим. 3:16). Шундай экан, ҳаворий Павлуснинг Салоникадаги жамоатнинг баъзи аъзоларига берган огоҳлантиришидан сабоқ олишимиз муҳимдир. Негаки, улар сохта гапларга ишониб алданган эдилар. Ҳаворий уларни: «Фикрларингиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўйманг»,— деб чорлаган (2 Салон. 2:1, 2). Хўш, Павлуснинг севги ила берган огоҳлантиришидан қандай сабоқ олсак бўлади ва бу маслаҳатни ўзимизнинг вазиятда қандай қўллашимиз мумкин?

 ЎЗ ВАҚТИДА БЕРИЛГАН ОГОҲЛАНТИРИШЛАР

4. Салоникадаги жамоатга «Яҳованинг куни» келиши борасида қандай огоҳлантириш берилган ва биз хушёрликни қандай сақлашимиз мумкин?

4 Павлус Салоникадаги жамоатга ёзган биринчи мактубида, имондошларининг диққатини «Яҳованинг куни» яқинлигига қаратган эди. Бу кун келганида биродарлари ғафлатда қолишини истамай, уларни нур ўғиллари бўлиб, «ҳушёр туришга» ва «сергакликни сақлашга» ундаган (1 Салоникаликларга 5:1–6 ни ўқинг). Бугунги кунда биз сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилнинг йўқ қилинишини кутмоқдамиз. Бу эса Яҳованинг куни бошланишининг белгиси бўлади. Бахтимизга Яҳованинг бу нияти қандай амалга ошишини биламиз. Шунингдек, жамоат учрашувлари орқали мунтазам равишда берилаётган эслатмалар бизга ҳушёрликни сақлашга кўмаклашмоқда. Бундай эслатмаларга диққатли бўлсак, «ақлимизни ишга солиб муқаддас хизматни адо эта оламиз» (Рим. 12:1).

Павлус Салоникадаги масиҳийларга ўз вақтида огоҳлантиришлар берган эди (3- хатбошига қ.)

5, 6. а) Павлус Салоникаликларга йўллаган иккинчи мактубида нима ҳақда гапирган? б) Яқинда Худо Исо орқали нима қилмоқчи ва биз ўзимизга қандай савол беришимиз керак?

5 Салоникадаги имондошларига биринчи мактубини юборганидан кўп ўтмай, Павлус уларга иккинчи мактубини йўллади. Ушбу хатида у эътиборни яқинлашаётган буюк қайғуга қаратган эди. Ўшанда Ҳазратимиз Исо «Худони танимаганлар» ва «хушхабарга итоат этмаганлар» устидан Аллоҳнинг ҳукмларини амалга оширади (2 Салон. 1:6–8). Мактубнинг 2-бобидан шуни билиб оляпмизки, жамоатдан баъзилар, Яҳованинг куни аллақачон келганига ишониб, «ҳаяжонга тушган» эдилар (2 Салоникаликларга 2:1, 2 ни ўқинг). Илк масиҳийлар Яҳованинг ниятлари борасида тўлиқ тушунчага эга эмасдилар. Шу сабабли кейинчалик Павлуснинг ўзи ҳам шундай дея тан олган: «Ҳозир билимимиз ҳам, башоратгўйлигимиз ҳам тўлиқ эмас. Тўлиқ билимга ва тўлиқ башоратгўйликка эга бўлганимизда, тўлиқ эмаси бекор қилинади» (1 Кор. 13:9, 10). Аммо ўша пайтда Павлус, Бутрус ва бошқа садоқатли мойланган биродарларнинг илоҳий илҳом остида ёзган сўзлари жамоатдагиларга имонини мустаҳкам сақлашга кўмаклашган эди.

6 Уларнинг фикрлаш тарзини тузатиш мақсадида Павлус илоҳий илҳом остида, Яҳованинг маҳшир куни келишидан олдин, муртадлик ва «қонунсиз одам» пайдо бўлиши кераклигини тушунтирган  эди *. Шундан сўнггина, Худо белгилаган вақтда Ҳазратимиз Исо ёлғонга алданганларнинг барчасини «йўқ қилади». Ҳаворий улар «ҳақиқатни севмагани» сабабли ҳукм қилинишини айтиб ўтган (2 Салон. 2:3, 8–10). Ўзимиздан шундай деб сўрайлик: «Мен ҳақиқатни қанчалик севаман? Мен ҳам умумжаҳон биродарлигимиз учун мўлжалланган ушбу журнал саҳифаларидан ҳамда бошқа адабиётларимиздан ҳақиқатнинг янги тушунчаларини билишга интиляпманми?»

ДЎСТ ТАНЛАШДА ДОНО БЎЛИНГ

7, 8. а) Илк масиҳийлар қандай хавф-хатарларга йўлиқишган? б) Бугун масиҳийларга айниқса нима хавф солиб туриши мумкин?

7 Муртадлар ва уларнинг таълимотларига қарши туришдан ташқари, масиҳийлар яна бошқа хавф-хатарларга йўлиқишмоқда. Масалан Павлус Тимўтийга: «Ҳар турли ёмонликнинг негизи пулпарастликдир. Баъзилар унга берилиб, имондан қайтишди ва кўпгина азобларга дуч келиб, ўзларини яралашди»,— деб ёзган эди (1 Тим. 6:10). Шунингдек, «тана ишлари» ҳам доимо хавф солиб туради (Галат. 5:19–21).

8 Нима сабабдан Павлус Салоникадаги имондошларини «сохта ҳаворийларнинг» заҳарли таъсиридан самимият ила огоҳлантирганини тушунаётгандирсиз. Уларнинг орасида «шогирдларни ортидан эргаштириш мақсадида нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар» бор эди (2 Кор. 11:4, 13; Ҳавор. 20:30). Исо Эфесдаги жамоатни «бузуқ одамларни ёқтирмагани» учун мақтаган. Эфеслик масиҳийлар уларни синаб, ёлғончи ва сохта ҳаворий эканликларини кўрган (Ваҳ. 2:2). Шуни қизиқки, Павлус Салоникаликларга йўллаган иккинчи мактубида шундай маслаҳат берган: «Биродарлар, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг номи билан сизларга буюрамиз: тартибни бузаётган ҳамда биздан олган нарсаларга амал қилмаётган ҳар бир биродардан узоқлашинг». Сўнг эса ишлашни хоҳламаганларни алоҳида эслатиб ўтган (2 Салон. 3:6, 10). Агар бундай кишилар «тартибни бузаётган» деб ҳисобланса, унда муртадлар каби йўл тутаётганлардан қанчалик эҳтиёт бўлишимиз керак! Ҳа, ўшанда бу каби инсонлар билан яқиндан мулоқот қилиш хавфли бўлганидек, бугунги кунда ҳам бу айни муддаодир (Ҳик. 13:20).

9. Агар кимдир Муқаддас Китобда тушунтирилмаган нарсалар борасида баҳс-мунозарага чақирса ёки Яҳованинг ташкилотини танқид қилса, нега эҳтиёт бўлишимиз даркор?

9 Буюк қайғу ва бу ёвуз дунёнинг охири яқинлашиб келаётган экан, илоҳий илҳом остида илк масиҳийларга берилган огоҳлантириш янада аҳамиятлидир. Шубҳасизки, Яҳованинг иноятини бизга нима мақсадда берилганини унутмаймиз ҳамда абадий ҳаёт умидини, хоҳ у ер юзида, хоҳ осмонда бўлсин, йўқотишни ҳеч ҳам истамаймиз (2 Кор. 6:1). Мабодо жамоатдан кимдир Муқаддас Китобда тушунтирилмаган нарсалар борасида бизни баҳс-мунозарага аралаштирмоқчи бўлса ёки оқсоқолларни ва бошқа хизматчиларни танқид қилса, эҳтиёт бўлайлик! (2 Салон. 3:13–15).

«ЎРГАНГАН НАРСАЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНГЛАР»

10. Салоникалик масиҳийлар ўрганган қандай нарсаларга риоя қилишлари керак эди?

10 Павлус Салоникадаги имондошларини «маҳкам туриб», ўрганган нарсаларга қаттиқ риоя қилишга ундаган (2 Салоникаликларга 2:15 ни ўқинг). Павлус, «ўрганган нарсалар» деганда, ўзи ва бошқаларнинг Исодан олган таълимотларига ҳамда  ҳаворийларнинг илоҳий илҳом ила етказган сўзларига ишора қилган. Буларнинг бари кейинчалик Муқаддас Китоб таркибига кирган эди. Павлус имондошларини барча ишларда уни ёдга олиб, кўрсатмаларига қаттиқ риоя қилишгани учун мақтаган (1 Кор. 11:2). Бу таълимотлар ишончли манбадан экан, улардан шубҳаланишга ҳеч ҳам асос йўқдир.

11. Қай йўсин баъзилар ёлғоннинг қурбонига айланиши мумкин?

11 Павлус ибронийларга мактуб ёзганида, масиҳий имонда мустаҳкам тура олмай, Худодан юз ўгириши мумкинлиги ҳақида айтган (Ибронийларга 2:1; 3:12 ни ўқинг). У «узоқлашиш» феълини икки марта такрорлаб ўтган. Бундай узоқлашиш икки хил бўлиши мумкин. Биринчисида масиҳий ўзи билмаган ҳолда секин-аста Яҳовадан узоқлашиб кетиш эҳтимоли бор. Иккинчисида эса масиҳий ўзининг хатти-ҳаракатлари дастидан, Яҳовадан узоқлашиб кетиши мумкин. Бу иккала вазият, масиҳий ёлғоннинг қурбонига айланиб, Худога бўлган ишончи сусайишига йўл қўйганида юз беради.

12. Бугунги кунда қандай машғулотлар маънавийлигимизга путур етказиши мумкин?

12 Эҳтимол бу, Салоникадаги масиҳийларнинг баъзилари билан содир бўлгандир. Бугунги кун ҳақида нима десак бўлади? Ҳозир бефойда ва кўп вақтни ўғирлайдиган машғулотлар жуда кўп. Масалан, ижтимоий тармоқлар, электрон хабарларни ўқиш ва уларга жавоб бериш, қизиқишлар орқасидан қувиш, охирги спорт хабарларидан воқиф бўлиш кабиларга қанча вақт сарфланаётгани ҳақида бир ўйлаб кўринг. Буларнинг барчаси масиҳийни чалғитиб, ғайратини сусайтириши ҳеч гап эмас. Бунинг оқибатлари қанақа бўлиши мумкин? Сидқидилдан ибодат қилиш, Худонинг Каломини тадқиқ қилиш, учрашувларга қатнаш ва ниҳоят ваъз қилиш каби фаолиятларга вақт қолмайди. Хўш, «фикрларимиз тезда ўзгариб қолишига йўл қўймаслик» учун нима қилсак бўлади?

ФИКРЛАРИМИЗНИ ҲИМОЯЛАШ

13. Башорат кўра, аксарият одамлар қандай йўл тутмоқда ва имонимизни ҳимоялаш учун бизга нима ёрдам беради?

13 Биз қайси пайтда яшаётганимизни ҳамда «охирги кунлар» келганини инкор этувчиларнинг салбий таъсири борлигини унутмаслигимиз даркор. Бу вақт тўғрисида ҳаворий Бутрус қуйидагиларни ёзган: «Охирги кунларда масхараомуз сўзларни айтиб, ўз истакларига биноан йўл тутадиган масхарабозлар пайдо бўлишини ўзингиз ҳам яхши биласизлар. Улар: “Ахир у келаман, деб ваъда берган эди-ку. Қани у? Чунки дунё қандай яратилган бўлса, ота-боболаримиз ўлим уйқусига кетганидан бери ҳам барча нарса шундайлигича турибди”,— деб айтишмоқда» (2 Бутр. 3:3, 4). Муқаддас Китобни кунда ўқиб, уни тадқиқ қилиш, бизга «охирги кунлар»да яшаётганимизни унутмасликка ёрдам беради. Башорат қилинган муртадлик аллақачон бошланган ва бугунги кунда ҳам давом этмоқда. «Қонунсиз одам» ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, Худонинг хизматчиларига қаршилик кўрсатмоқда. Шундай экан, ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр туриб, Яҳованинг куни яқинлашиб келаётганини унутмаслигимиз даркор (Заф. 1:7).

Яхши тайёргарлик ҳамда ваъзгўйликда иштирок этиш, фикримиздан тезда ўзгариб қолмасликка ёрдам беради (14- хатбошига қ.)

14. Худонинг хизматида банд бўлиш бизни қандай ҳимоя қилади?

14 Вақт шуни кўрсатдики, ҳушёр туриб фикримиздан ўзгариб қолмасликнинг энг яхши йўли — Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишда мунтазам бўлишдир. Шу сабабли жамоатларнинг Боши Исо Масиҳ, издошларига барча халқлардан шогирд тайёрлаб, уларга унинг таълимотларини ўргатишни амр этган. Унинг бундай маслаҳати шогирдларни ҳимоя қиларди (Мат. 28:19, 20). Агар биз ҳам Исонинг амрига бўйсунишни истасак, ваъзгўйликда ғайратли бўлишимиз керак. Салоникадаги имондошларингиз, мажбурият ва расмиятчилик  юзасидан ваъз қилиб, таълим берганини тасаввур қила оласизми? Павлус уларга шундай деганини эсланг: «Худонинг руҳи сизларда амал қилишига тўсқинлик қилманглар. Башоратларга бепарво бўлманглар» (1 Салон. 5:19, 20). Дарҳақиқат, биз ўрганаётган ва бошқалар билан бўлишаётган башоратлар хурсандчилик манбаидир!

15. Оилавий топиниш пайтда нималарни кўриб чиқиш фойдали бўларди?

15 Шубҳасизки, оила аъзоларимизга ваъзгўйликда малака оширишга ёрдам беришни истаймиз. Кўпгина имондошларимиз, оилавий топиниш пайтида қисман ваъзгўйликка тайёргарлик кўришни маъқул деб топишмоқда. Эҳтимол оила аъзоларингиз билан ваъзгўйликда қандай қилиб хушхабарга қизиқиш уйғотиш мумкинлигини муҳокама қиларсиз. Такрорий ташриф пайтида улар билан нима ҳақда гаплашса бўлади? Уларни қандай мавзу қизиқтириши мумкин? Қайси пайтда уларникига бориш маъқул бўларди? Аксарият имондошларимиз, оилавий топиниш вақтида қисман жамоат учрашувларига ҳам тайёргарлик кўришади. Шундай қилиб, улар кейинги учрашувларда нима ҳақда гап боришидан хабардор бўлишади. Сизнинг оилангиз ҳам шундай қиладими? Агар учрашувларда қатнашсангиз, имонингиз мустаҳкамланади ҳамда фикрингиз тезда ўзгариб қолмайди (Заб. 34:18). Ҳа, оилавий топинишда иштирок этиш, Муқаддас Китобда тушунтирилмаган нарсалар борасидаги баҳс-мунозара ҳамда шубҳа-гумонлардан ҳимоя қилади.

16. Мойланганларни фикрларидан тезда ўзгариб қолмасликка нима ундайди?

16 Яҳова кўп йиллар давомида қай йўсин халқига Муқаддас Китобдаги башоратларни очиб бераётгани ҳақида мулоҳаза юритиш, келажакдаги ёрқин истиқболимизни янада қадрлашга кўмаклашади. Мойланганлар Масиҳ билан осмонда бирга бўлишга умид қилишади. Бу умид эса уларни фикрларидан тезда ўзгариб қолмасликка ундайди! Павлуснинг салоникаликларга ёзган қуйидаги сўзлари айнан мойланганларга тегишлидир: «Эй Яҳова севган биродарлар, биз сизлар учун Аллоҳга доим миннатдорчилик билдиришга бурчлимиз. Сабаби, Худо... Ўз руҳи билан сизларни муқаддас қилиб, ҳақиқатга бўлган имонингиз асосида танлади» (2 Салон. 2:13).

17. 2 Салоникаликларга 3:1–5 да қандай далдали сўзларни топишимиз мумкин?

17 Ер юзида яшашга умид қилганлар ҳам, фикрлари тезда ўзгариб кетишига йўл қўймасликлари даркор. Агар сиз ер юзида абадий яшашга умид қилсангиз, Павлуснинг Салоникадаги мойланганларга меҳр ила ёзган сўзларига қулоқ тутинг (2 Салоникаликларга 3:1–5 ни ўқинг). Албатта барчамиз, ҳаворийнинг севгига тўла бу сўзлари учун миннатдормиз. Ҳа, Салоникаликларга йўлланган мактубларда баҳс-мунозара ёки имондошларни танқид қилишга оид муҳим огоҳлантиришлар берилган. Охирги кунларда яшаётган эканмиз, бу огоҳлантиришлар учун Худодан бағоят миннатдормиз.

^ 6- х.б. Ҳаворийлар 20:29, 30 да Павлус имонлилар жамоатидан «шогирдларни ортидан эргаштириш учун нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар чиқишини» таъкидлаб ўтган эди. Вақт ўтиб раҳбарликни зиммасига олганлар жамоатнинг бошқа аъзоларидан ажрала бошлашди. III асрга келиб, «қонунсиз одам» кимлиги, яъни христиан оламининг руҳонийлари экани яққол намоён бўлди («Қўриқчи минораси» журналининг (рус) 1990- йил 1- февраль 28–32- саҳ. қ.).