Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2013

Яҳова тайинлаган чўпонларга қулоқ солинглар

Яҳова тайинлаган чўпонларга қулоқ солинглар

Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солинглар. Боиси, улар... ҳамиша жонларингизни деб қайғуришяпти. ИБРОН. 13:17

1, 2. Нега Яҳова Ўзини чўпонга ўхшатган?

ЯҲОВА Ўзини чўпон билан солиштирган (Ҳиз. 34:11–14). Бундай солиштириш бизга Яҳованинг шахсиятини янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Меҳрибон чўпон ўз қарамоғидаги сурувга ғамхўрлик қилиб асраб-авайлайди. У сурувини ўтлоқ ва серсув жойларга олиб боради (Заб. 22:1, 2); кеча-кундуз уларга кўз-қулоқ бўлади (Луқо 2:8); йиртқич ҳайвонлардан ҳимоя қилади (1 Шоҳ. 17:34, 35); қўзичоқларга ғамхўрлик қилади (Ишаё 40:11); подадан адашиб қолганларини қидиради (Ҳиз. 34:16).

2 Қадимда Худонинг халқи асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғуллангани туфайли, Яҳова Ўзини меҳрибон чўпон билан солиштирганда, бу улар учун таниш бўлган. Қўй соғлом бўлиб ўсиши учун ғамхўрликка муҳтожлигини улар билишарди. Мажозий маънода халқ ҳам шунга муҳтож бўлади (Марк 6:34). Чиндан ҳам, маънавий жиҳатдан ғамхўрлик ва йўлбошчилик қилинмаса, халқ азият чекади. Улар ҳар ёққа тарқалиб кетган «чўпонсиз қўйларга» ўхшаб, ночор аҳволда қолишади (3 Шоҳ. 22:17). Лекин Яҳова халқига ғамхўрлик қилиб, уларнинг эҳтиёжларини қондирмоқда.

3. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

3 Яҳова Ўзини чўпон сифатида тасвирлагани бугунги кунда ҳам жуда аҳамиятлидир. У ҳозирга қадар қўй билан солиштирилган халқига ғамхўрлик қилиб келмоқда. Келинг, бугунги кунда У қандай қилиб сурувини етаклаб, уларнинг эҳтиёжларини қондираётганини кўриб чиқайлик. Шунингдек, Яҳованинг қўйлари Унинг ғамхўрлигига қандай муносабатда бўлиши кераклигини муҳокама қилайлик.

ЯХШИ ЧЎПОННИНГ ЁРДАМЧИЛАРИ

4. Яҳованинг сурувига ғамхўрлик қилишда Исонинг ўрни қанақа?

4 Яҳова Исони масиҳийлар жамоатининг Боши сифатида тайинлаган (Эфес. 1:22, 23). Исо «яхши чўпон»,  чунки у Отасининг қизиқишлари, мақсадлари ва фазилатларини акс эттиради. У ҳатто «қўйлари учун ўз жонини ҳам аямайди» (Юҳан. 10:11, 15). Масиҳнинг тўлов қурбонлиги инсоният учун нақадар катта баракадир! (Мат. 20:28). Ахир Яҳова «унга [Исога] ишонган ҳар бир киши» ҳалок бўлмасдан, балки мангу ҳаётга эга бўлишини истайди-ку! (Юҳан. 3:16).

5, 6. а) Сурувига ғамхўрлик қилиш учун Исо кимни тайинлаган ва қўйлар ушбу тадбирдан фойда олишлари учун нима қилишлари лозим? б) Асосан нима сабабдан биз оқсоқолларга бўйсунишни истаймиз?

5 Қўйлар яхши чўпон бўлмиш Исо Масиҳга қандай муносабатдалар? Бу борада Исонинг ўзи шундай деган: «Қўйларим овозимга қулоқ солишади. Мен уларни биламан ва улар орқамдан эргашишяпти» (Юҳан. 10:27). Яхши чўпоннинг овозига қулоқ солиш, барча нарсада унга эргашишни англатади. Бу эса Исо тайинлаган чўпонлар билан ҳамкорлик қилишни ҳам ўз ичига олади. Исо ўзи бошлаган ишни ҳаворийлари ва шогирдлари давом эттиришлари ҳақида айтиб ўтган эди. Улар Исонинг қўйларига таълим бериб, боқиш вазифасини олишган (Мат. 28:20; Юҳанно 21:15–17 ни ўқинг). Хушхабар кенг ёйилиб, шогирдларнинг сони кўпайиб борарди. Шу сабабли Исо жамоатларга ғамхўрлик қилиш ниятида етук масиҳийлардан чўпонларни тайинлаган (Эфес. 4:11, 12).

6 Биринчи асрда Эфесдаги жамоатнинг нозирларига мурожаат қилиб, ҳаворий Павлус, «жамоатга чўпонлик қилиш» учун муқаддас руҳ уларни нозир этиб тайинлаганини таъкидлаб ўтган (Ҳавор. 20:28). Бугунги кунда ҳам нозирлар Муқаддас Китобдаги талабларга мос келгани учун тайинланишади. Бу талаблар муқаддас руҳ таъсирида ёзилгани сабабли, уларни муқаддас руҳ тайинлаган деса бўлади. Шундай экан, жамоатдаги нозирларга итоат қилишимиз билан, энг буюк Чўпонлар бўлмиш Яҳова ҳамда Исони ҳурмат қилаётганимизни кўрсатган бўламиз (Луқо 10:16). Айнан мана шу сабабдан биз жамоатдаги оқсоқолларга бўйсунишни истаймиз. Лекин уларнинг йўл-йўриқларига амал қилишнинг оқилона эканини кўрсатадиган яна бошқа сабаблар ҳам бор.

7. Яҳова билан яхши муносабатларингизни сақлаб қолиш учун оқсоқоллар сизга қандай ёрдам кўрсатишмоқда?

7 Имондошларга йўл-йўриқ кўрсатаётиб, оқсоқоллар Муқаддас Китобга асосланиб маслаҳат ёки далда беришади. Бундай йўл-йўриқ беришнинг асосий мақсади, имондошларига қандай яшашни уқтиришдан иборат эмас (2 Кор. 1:24). Аксинча, имондошларга Муқаддас Китобга асосланган доно қарорлар чиқаришга ёрдам бериш ҳамда жамоатда тартиб ва тинчлик сақлашдир (1 Кор. 14:33, 40). Оқсоқоллар жонимизни деб қайғуришади, яъни улар ҳар бир жамоат аъзоси Яҳова билан яхши муносабатларини сақлаб қолиши учун жон куйдиришади. Мабодо жамоатдан кимдир «бирон-бир хато қилиб қўйса» ёки энди қилмоқчи бўлса, улар ёрдам беришга шай туришади (Галат. 6:1, 2; Яҳд. 22). Бу эса орамизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солиш учун яхши бир сабабдир! (Ибронийларга 13:17 ни ўқинг).

8. Оқсоқоллар қандай қилиб сурувни ҳимоя қилишади?

8 Чўпонлик вазифасини бажарган ҳаворий Павлус Колосадаги биродарларига шундай деб ёзганди: «Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга ва бу дунёнинг қоидаларига асосланган бўлиб, Масиҳнинг таълимотларига зиддир» (Колос. 2:8). Бундай огоҳлантириш оқсоқолларнинг илоҳий меъёрларга асосланган маслаҳатларига қулоқ солишнинг муҳим сабабларидан яна биридир. Улар биродару опа-сингилларини имондан қайтармоқчи бўлганлардан ҳимоя қилишади. Ҳаворий Бутрус «сохта пайғамбарлар»дан ҳамда «беқарор кишиларни йўлдан  урадиган» «сохта устозлар»дан огоҳлантирган эди (2 Бутр. 2:1, 14). Бугунги кунда оқсоқоллар ҳам зарурат туғилганида мана шундай огоҳлантиришлар беришлари даркор. Улар етук масиҳийлар бўлгани учун муайян ҳаётий тажрибага эгадирлар. Боз устига, тайинланишдан олдин, улар Муқаддас Китобни яхши тушуниб, соғлом таълимотлар билан насиҳат беришга қобилиятли эканликларини кўрсата олишган (1 Тим. 3:2; Титус. 1:9). Етук масиҳий ва мувозанатли ҳамда илоҳий донолик эга бўлишгани учун улар сурувга яхши ғамхўрлик қила олишади.

Чўпон қўйларини ҳимоя қилганидек, оқсоқоллар ҳам уларга ишониб топширилган сурувни ҳимоялашади. (8- хатбошига қ.)

ЯХШИ ЧЎПОН СУРУВНИ БОҚАДИ ВА ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

9. Исо бугунги кунда қандай қилиб масиҳийлар жамоатини бошқариб, уларга ғамхўрлик қилмоқда?

9 Яҳова ташкилоти орқали бутун дунёдаги имондошларга мўл-кўл даражада маънавий озуқани етказиб бермоқда. Шунингдек адабиётларимиздан Муқаддас Китобга асосланган кўпгина маслаҳатларни топишимиз мумкин. Боз устига ташкилотимиз баъзида бевосита жамоат оқсоқолларига хатлар юборади ёки кўчма нозирлар орқали йўл-йўриқлар беради. Шу йўсин Худонинг суруви аниқ кўрсатмалар олади.

10. Подадан адашиб қолган қўйларга ёрдам беришда чўпонларга қандай масъулият ишониб топширилган?

10 Нозирларга жамоат аъзоларини, айниқса имони сусайиб қолганларни ҳимоялаш, даволаш ва уларнинг маънавий соғлигига ғамхўрлик қилиш масъулияти ишониб топширилган (Ёқуб 5:14, 15 ни ўқинг). Бундай жамоат аъзоларининг баъзилари подадан адашиб, илоҳий хизматни тўхтатиб қўйган  бўлиши ҳам мумкин. Бу вазиятда ғамхўр оқсоқол йўқолган қўйни топишга жон куйдириб, уни қўрага, яъни жамоатга қайтариб келтириши керак эмасми? Албатта! Ахир Исо: «Самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди»,— деб беҳудага айтмаган-ку! (Мат. 18:12–14).

ЧЎПОНЛАРНИНГ КАМЧИЛИКЛАРИГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДАМИЗ?

11. Нега баъзилар учун оқсоқолларга қулоқ солиш қийин кечиши мумкин?

11 Яҳова ҳамда Исо — мукаммал Чўпонлар. Аммо улар жамоатга ғамхўрлик қилиш учун тайинлаган чўпонлар — номукаммал. Бу эса эҳтимол оқсоқолларга қулоқ солишга халақит бериши мумкин. Бундай фикрда бўлаётганлар қуйидаги ўйлашлари мумкин: «Улар биз сингари номукаммал инсонлар бўлишса, нега энди биз уларга қулоқ солишимиз керак?» Оқсоқоллар номукаммал эканини ҳеч ким инкор этмайди. Аммо биз уларнинг камчиликлари ва нуқсонларига тўғри нуқтаи назарда бўлишимиз зарур.

12, 13. а) Ўтмишда Яҳованинг масъулиятли хизматчилари қандай хатоларга йўл қўйишган? б) Нима сабабдан масъулиятли эркакларнинг камчиликлари Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилган?

12 Муқаддас Китобда ўтмишда Яҳова Ўз халқи учун танлаган йўлбошчиларнинг камчиликлари ҳақида очиқчасига айтилган. Масалан, Довуд Исроил халқининг мойланган шоҳи ва йўлбошчиси бўлган. Шунга қарамасдан, бир сафар у васвасага берилиб, зино қилди ва одам ўлдирди (2 Шоҳ. 12:7–9). Бундан ташқари ҳаворий Бутруснинг мисолини олайлик. Гарчи у биринчи асрдаги масиҳийлар жамоатида катта масъулиятга эга бўлса-да, жиддий хатога йўл қўйди (Мат. 16:18, 19; Юҳан. 13:38; 18:27; Галат. 2:11–14). Мукаммал Одамато ва Момоҳавонинг давридан буён Исодан бошқа ҳеч ким мукаммал бўлмаган.

13 Нима учун Яҳова Ўзи тайинлаган эркакларнинг камчиликлари Каломида ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилган? Бунинг сабабларидан бири, Аллоҳ Ўз халқини бошқариш учун номукаммал инсонлардан фойдалана олишини кўрсатмоқчи бўлган. У доим шундай қилиб келган. Бугунги кунда ҳам, орамизда бошчиликни зиммасига олганларнинг камчиликлари, улардан нолишимизга ёки итоатсизлик қилишимизга баҳона бўла олмайди. Яҳова биздан масъулиятли биродарларни ҳурмат қилишимизни ва уларга бўйсунишимизни кутади (Чиқиш 16:2, 8 ни ўқинг).

14, 15. Яҳова ўтмишда халқига қилган муомаласидан қандай сабоқ олсак бўлади?

14 Бугунги кунда орамизда бошчиликни зиммасига олганларга итоат қилиш жуда муҳимдир. Яҳова ўтмишда қийинчилик даврида халқи билан қандай муомалада бўлгани борасида мулоҳаза юритиб кўрайлик. Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганида, Худованд, Мусо ва Ҳорун орқали қонунларини етказиб берган. Ўнта фалокатдан омон қолиш учун, исроилликлар берилган йўл-йўриқларга амал қилишлари керак эди. Уларга қўй сўйиб, унинг гўштини тановул қилиш ва тўкилган қонидан олиб, уй эшиги ромининг ёнларига ва тепасига суртиш буюрилган эди. Бундай йўл-йўриқни осмондан овоз келиб уларга эълон қилмаган эди. Аксинча Исроил оқсоқоллари Мусодан йўл-йўриқ олиб, халққа етказишган (Чиқ. 12:1–7, 21–23, 29). Шу йўсин Яҳова, Мусо ва Исроил оқсоқолларидан фойдаланиб, халқини бошқарган. Бугунги кунда ҳам, жамоат оқсоқоллари мана шундай муҳим вазифани бажаришади.

15 Эҳтимол сиз Муқаддас Китобдаги, Яҳованинг одамлар ёки фаришталар орқали ҳаётни сақловчи йўл-йўриқлар етказиб бергани ҳақида яна кўпгина мисолларни эсларсиз. Бу мисоллардан Яҳова биров орқали бошчилик қилишни маъқул деб топганини кўрсак бўлади. Унинг номидан келган хабарчилар офатдан омон қолиш учун нима  қилиш кераклигини Худонинг халқига тушунтириб беришган. Яҳова Армагеддонда шу сингари йўл тутиши мумкинлигини кўз олдимизга келтирсак бўлади. Бугунги кунда ҳар бир оқсоқол Яҳованинг ҳамда ташкилотининг вакили деб ҳисобланар экан, улар ҳам ўз ўрнида ишониб топширилган бошчиликни суиистеъмол қилмасликлари лозим.

«БИР СУРУВ ҲАМДА БИР ЧЎПОН»

16. Биз қандай «овозга» диққатли бўлишимиз лозим?

16 Яҳованинг халқи битта «чўпон», яъни Исо Масиҳнинг бошчилиги остида битта «сурув»ни ташкил этишади (Юҳан. 10:16). Исо шогирдларига: «Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб ваъда қилган (Мат. 28:20). Самовий шоҳ сифатида у, Шайтоннинг дунёси йўқ бўлишидан олдин содир бўладиган воқеаларни тўла назорати остига олган. Бирликни сақлаб, Худонинг сурувида ҳимоя топишни истасак, қайси йўлдан боришни айтаётган «овозга», яъни Худонинг сўзларига қулоқ солишимиз керак. Бу «овоз», илоҳий илҳом остида ёзилган Калом ва Яҳова ҳамда Исо тайинлаган чўпонлар орқали эшитилади (Ишаё 30:21 *; Ваҳий 3:22 ни ўқинг).

Оқсоқоллар тўлиқсиз оилаларни зарарли мулоқотдан асрашга ҳаракат қилишади (17-, 18- хатбошиларига қ.)

17, 18. а) Сурувга нима хавф солади, бироқ биз нимага амин бўлишимиз мумкин? б) Кейинги мақолада нимани муҳокама қиламиз?

17 Муқаддас Китобда, Шайтон «бирор кимни ютиб юборай деб, шердай бўкириб юрибди», деб айтилган (1 Бутр. 5:8). Оч қолган йиртқич ҳайвон сингари, у ҳолсизланган ёки подадан адашиб қолганларга ҳамла қилиш учун қулай пайт пойлаб туради. Бу эса подага ҳамда жонларимизнинг «чўпону посбонларга» яқин туришимиз учун яхши сабаб эмасми?! (1 Бутр. 2:25). Буюк қайғудан омон қолганлар ҳақида Ваҳий 7:17 да шундай дейилган: «Қўзи [Исо] уларни боқади ва оби ҳаёт булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўзларидан ҳар бир ёшни артиб олади». Бундан-да яхшироқ яна қандай ваъда бўлиши мумкин?

18 Жамоат оқсоқолларининг маънавий чўпонлар сифатидаги муҳим ўрни ҳақида муҳокама қилаётган эканмиз, ҳар бир оқсоқол ўзидан шундай деб сўраса яхши бўларди: «Исонинг қўйларига тўғри муомала қилаётганимга қандай амин бўлишим мумкин?» Бу саволга кейинги мақолада жавоб топамиз.

[Изоҳ]

^ 16- х.б. Ишаё 30:21: «Сизлар ўнгга ёки чапга бурилганингизда, шундай овозни эшитасизлар: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар”».