Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) НОЯБРЬ 2013

Чўпонлар, энг улуғ Чўпонларга тақлид қилинг

Чўпонлар, энг улуғ Чўпонларга тақлид қилинг

Масиҳ ҳам сизлар учун азоб чекиб, унинг изидан оғмай юришингиз учун ўрнак кўрсатди. 1 БУТР. 2:21

1, 2. а) Қўйларга яхши ғамхўрлик қилиш қандай натижа келтиради? б) Нима учун Исонинг давридаги кўп инсонлар, чўпонсиз қўйлардай тарқоқ эди?

АГАР чўпон сурувини яхши боқишга ҳаракат қилса, қўйлар яйрайди. Қўйларни боқиш борасида бир қўлланмада шундай фикр билдирилган: «Мабодо чўпон қўйларни шунчаки ўтлатса-ю, лекин уларга эътиборли бўлиб ғамхўрлик қилмаса, бир неча йил ўтар-ўтмас қўйлар нимжон ва касал бўлиб қолади». Аммо сурув яхши боқилса, барча қўйлар соғлом бўлади.

2 Шу сингари Худонинг сурувидаги ҳар бир қўйга қай даража ғамхўрлик қилинаётгани ҳамда эътибор берилаётгани бутун жамоатнинг маънан гуллаб-яшнашига бевосита таъсир қилади. Эсингизда бўлса, Исо оломонни кўрганида уларга ачинган эди, чунки «улар чўпонсиз қўйлардай тарқоқ ва ҳолдан тойган эдилар» (Мат. 9:36). Нима учун улар бундай аҳволга тушиб қолишганди? Чунки халққа Худонинг қонунларини ўргатишга масъулиятли эркаклар қўпол, қаттиққўл ва иккиюзламачи эдилар. Исрол халқининг уламолари сурувидаги қўйларни боқиб, ғамхўрлик қилишнинг ўрнига, уларнинг елкасига «оғир юкларни» ташлаб қўйишарди (Мат. 23:4).

3. Оқсоқоллар чўпонлар сифатида жамоатга ғамхўрлик қилишар экан, улар нимани ёдда тутишлари керак?

3 Бугунги чўпонларда, яъни тайинланган оқсоқолларда ҳам жиддий бир масъулият бор. Улар ғамхўрлик қилаётган сурувдаги ҳар бир қўй, «яхши Чўпон» Яҳова ҳамда Исога тегишлидир (Юҳан. 10:11). Қўйлар Исонинг «қимматбаҳо қони эвазига» сотиб олинган (1 Кор. 6:20; 1 Бутр. 1:18, 19). Исо қўйларини шунчалик яхши кўрганки, ҳатто улар учун жонини фидо қилишга ҳам тайёр бўлган. Демак оқсоқоллар «улуғ Чўпон бўлмиш Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг» назорати остида эканини доимо ёдда тутиб, унга бўйсунишлари лозим (Иброн. 13:20).

4. Бу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

 4 Чўпонлик қилаётган оқсоқоллардан қўйларга қай тарзда ғамхўрлик қилиш кутилади? Ўз навбатида жамоат аъзоларидан ҳам «раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солиш» кутилади. Бошқа томондан, оқсоқоллар ҳам «Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилишдан» эҳтиёт бўлишлари лозим (Иброн. 13:17; 1 Бутрус 5:2, 3 ни ўқинг). Унда тайинланган оқсоқоллар қандай қилиб сурув устидан ҳукмронлик қилмасдан бошқара олишади? Бошқача қилиб айтганда, қандай қилиб оқсоқоллар, Худодан олган мавқени суиистеъмол қилмасдан қўйларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишлари мумкин?

«УЛАРНИ КЎТАРИБ, БАҒРИГА БОСАДИ»

5. Ишаё 40:11 даги ўхшатмадан Яҳова ҳақида нимани билиб олса бўлади?

5 Ишаё пайғамбар Яҳова ҳақида шундай деган: «Чўпон каби У Ўз сурувини боқади, қўзиларни қўлларида кўтаради. Уларни кўтариб, бағрига босади, қўзилари билан бирга она қўйни эҳтиётлаб ҳайдаб боради» (Ишаё 40:11). Бундай ўхшатмадан, сусайиб ёрдамга муҳтож бўлиб қолган жамоат аъзоларига Яҳова қандай ғамхўрлик қилаётганини билиб олса бўлади. Чўпон сурувидаги ҳар бир қўйнинг эҳтиёжини эътиборга олиб ғамхўрлик қилганидек, Яҳова ҳам жамоат аъзоларининг эҳтиёжларини билади ва уларга керакли ёрдамни беришдан мамнуният ҳис қилади. Чўпон янги туғилган қўзичоқни бағрига олиб эҳтиётлагандай, «тасалли берадиган Аллоҳ» Яҳова ҳам бошимизга қийинчиликлар тушганда бизга ғамхўрлик қилади. Синовларга ёки ўзгача бир вазиятга дуч келганимизда, У бизга тасалли беради (2 Кор. 1:3, 4).

6. Оқсоқоллар Яҳовага қандай тақлид қила олишади?

6 Чўпонлик қилаётган оқсоқол самовий Отамиздан нақадар ажойиб ўрнак олиши мумкин! Яҳова сингари оқсоқол ҳам сурувининг эҳтиёжларига эътиборли бўлиши зарур. Оқсоқол жамоат аъзоларининг қийинчиликлари ва ўзгача эҳтиёжларини билсагина, уларни қўллаб-қувватлаб далда бериш имкониятидан фойдалана олади (Ҳик. 27:23). Бунинг учун эса оқсоқол имондошлари билан доимо мулоқотда бўлиши даркор. Уларнинг шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, оқсоқол жамоатда кузатаётган ҳамда эшитаётганларига эътиборли бўлиши лозим. Шунда у севги ила «муҳтожларга ёрдам бера» олади (Ҳавор. 20:35; 1 Салон. 4:11).

7. а) Ҳизқиё ҳамда Еремиё даврида Худонинг сурувига қандай муносабатда бўлишган? б) Яҳова садоқатсиз чўпонларга чиқарган ҳукмидан биз қандай сабоқ олишимиз мумкин?

7 Келинг, Ҳизқиё ва Еремиё давридаги Худонинг халқига чўпонлик қилишга тайинланган кишиларнинг мисолини кўриб чиқайлик. Ўша пайтда улар сурувни боқишлари керак эди, аммо улар ўз вазифаларини бажаришмаган. Шу сабабли Яҳова улардан воз кечган эди. Бундай чўпонлар ҳақда Яҳова шундай деган: «Менинг қўйларим ҳамма ёввойи ҳайвонларга егулик бўлди. Чўпонларим қўйларимни қидирмадилар. Қўйларимни боқмай, ўзларини боқдилар». Халқ йўлбошчилари худбин ва очкўз бўлгани дастидан одамлар азият чеккан (Ҳиз. 34:7–10; Ерм. 23:1). Худонинг бундай чўпонларга чиқарган ҳукмини ҳақли равишда христиан динининг раҳбарларига қўлласа бўлади. Лекин бу, ҳозирги жамоат оқсоқоллари Яҳованинг сурувига меҳр ила ғамхўрлик қилиши қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда.

«МЕН СИЗЛАРГА... ЎРНАК КЎРСАТДИМ»

8. Нотўғри нуқтаи назарни тузатиб, Исо қандай ажойиб ўрнак қолдирди?

8 Номукаммаллик дастидан Худонинг сурувидаги баъзилар Яҳова улардан нимани кутаётганини тезда илғаб олмасликлари мумкин. Эҳтимол улар Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилмасдан қарор қабул  қилиши ёки хулқ-атвори билан маънавийлиги суст эканини кўрсатиши мумкин. Хўш, оқсоқоллар бунга қандай муносабатда бўлишлари даркор? Шогирдлари ўзаро Худонинг Шоҳлигида ким биринчи бўлиши ҳақида тез-тез баҳс-мунозара қилишганида, Исо уларга сабр-бардош кўрсатган. Оқсоқоллар ҳам бу борада Исодан ўрнак олишса арзийди. Исо шогирдларига жаҳл қилишнинг ўрнига, таълим берарди ва меҳр ила маслаҳат бериб, камтаринликни намоён қилиш муҳимлигини айтарди (Луқо 9:46–48; 22:24–27). Исо шогирдларининг оёқларини ювиб, камтаринлик борасида яхши ўрнак қолдирди. Бугунги кунда оқсоқоллар ҳам камтаринликни намоён этишлари муҳим (Юҳанно 13:12–15 ни ўқинг; 1 Бутр. 2:21).

9. Исо шогирдларини қандай нуқтаи назарни ривожлантиришга ундаган?

9 Исонинг чўпонлик қилиш тўғрисидаги нуқтаи назари Ёқуб ва Юҳанноникидан кескин фарқ қилар эди. Бу икки ҳаворий Худонинг Шоҳлигида катта мавқега эга бўлишга интилган. Аммо Исо қуйидагини айтиб, уларнинг нотўғри нуқтаи назарини тузатган: «Ҳукмдорлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк одамлар халқларга ҳокимлик қилишини биласизлар-ку. Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин» (Мат. 20:25, 26). Ҳаворийлар, имондошлари устидан «бошқариш» ёки «ҳокимлик қилиш» мойиллигига қарши курашишлари даркор эди.

10. Исо оқсоқоллар унинг сурувига қандай муносабатда бўлишларини истаган ва бу борада Павлус қандай ўрнак қолдирган?

10 Исо унинг сурувига оқсоқоллар ҳам у каби муносабатда бўлишини истайди. Улар имондошлари устидан ҳокимлик қилмасдан, аксинча бажонидил уларга хизмат қилишади. Ҳаворий Павлус Эфес жамоатидаги оқсоқолларга: «Осиё вилоятига қадам босган кунимдан буён, мен доимо сизлар биланман... ўй-фикрларда камтаринлик билан Раббимизга қулдай хизмат қилиб келдим»,— дея камтарин эканини кўрсатган. Павлус бу оқсоқоллар камтаринлик ва самимият ила бошқаларга ёрдам беришларини истаган. У шундай деган: «Бундай меҳнат қилиб, муҳтожларга ёрдам беришингиз кераклигини мен сизларга ҳар соҳада кўрсатганман» (Ҳавор. 20:18, 19, 35). Ҳаворий, Коринфдаги имондошларига, уларнинг имони устидан хўжайинлик қилишни истамаётганини, аксинча камтаринлик ила уларга хизмат қилишдан бахтиёр эканини айтган (2 Кор. 1:24). Павлус камтарин ва меҳнатсевар бўлиб, бугунги оқсоқолларга яхши ўрнак қолдирди.

«ҲАҚИҚАТ КАЛОМИГА ҚАТТИҚ РИОЯ ҚИЛИНГ»

11, 12. Оқсоқоллар имондошларига қарор қабул қилишда қандай ёрдам беришлари мумкин?

11 Жамоат оқсоқоли «бошқаларга таълим берганда, ҳақиқат каломига қаттиқ риоя қилиши» лозим (Титус. 1:9). Аммо у, буни «мулойимлик» билан қилиши керак (Галат. 6:1). Яхши чўпон, имондошларига гапини ўтказмасдан, уларнинг ҳис-туйғуларини эътиборга олиб гапиради. Биродарига муҳим қарор қабул қилишига кўмаклашаётиб, оқсоқол унинг диққатини Муқаддас Китобдаги меъёрларга қаратса бўлади. Шунингдек, бу масалада адабиётларимизда нима дейилганини биргаликда кўриб чиқиши мумкин. Боз устига биродарнинг у ёки бу йўлни танлаши, унинг Яҳова билан муносабатларига қандай таъсир қилиши ҳақида мулоҳаза юритишга ундар. Қарор қабул қилишдан олдин, ибодатда Худодан йўл-йўриқ сўраш муҳимлигига урғу берар (Ҳик. 3:5, 6). Буларни имондоши билан муҳокама қилиб бўлгач, оқсоқол унга шахсий қарор чиқаришига имкон бериши даркор (Рим. 14:1–4).

12 Жамоат нозирларининг ваколати Муқаддас Китоб билан чегараланган. Шундай экан, улар Худонинг Каломидан моҳирлик  ила фойдаланиб, маслаҳатларини доимо шу китобга асослашлари даркор. Бу эса уларга берилган ваколатни суиистеъмол қилишдан асрайди. Қолаверса Худонинг суруви уларга тегишли эмас. Демак, жамоатдагиларнинг ҳар бири қабул қилаётган қарори учун Яҳова ҳамда Исонинг олдида жавоб беради (Галат. 6:5, 7, 8).

«СУРУВГА ЎРНАК»

Оқсоқоллар оиласи аъзоларига хизматга тайёрланишга ёрдам беришади (13- хатбошига қ.)

13, 14. Оқсоқоллар қайси соҳаларда сурувга яхши ўрнак кўрсатишлари мумкин?

13 Ҳаворий Бутрус, жамоат оқсоқолларини «Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилмасликка» ундагач, уларни «сурувга ўрнак кўрсатинглар», дея чорлади (1 Бутр. 5:3). Хўш, оқсоқоллар қандай қилиб сурувга яхши ўрнак кўрсатишлари мумкин? Келинг, «нозир бўлишга интилган» биродар қандай иккита талабга мос келиши кераклигини кўриб чиқайлик. У «ақли расо» ҳамда «уйдагиларини яхши бошқара оладиган» бўлиши лозим. Агар оқсоқолнинг оиласи бўлса, у эр ҳамда ота сифатида яхши ўрнак кўрсатиши даркор. «Ахир одам уйдагиларини бошқаришни билмаса, унда Худонинг жамоатига қандай ғамхўрлик қила олади» (1 Тим. 3:1, 2, 4, 5). Нозирлик талабларига мос келиш учун биродар ақли расо бўлиши, яъни илоҳий меъёрларни яхши тушуниши ҳамда уларни ўз ҳаётида қандай қўллашни билиши керак. Қарор чиқараётганда эса шошилмасдан мулоҳаза юритишга ҳаракат қилади. Оқсоқолларнинг бундай фазилатларни намоён этаётганини кўриб, жамоат аъзоларида уларга нисбатан ишонч пайдо бўлади.

14 Оқсоқоллар, шунингдек ваъзгўйлик хизматида ташаббус кўрсатиб, имондошларига яхши ўрнак бўлишлари мумкин. Бу борада Исо нозирларга аъло намуна қолдирди. Шоҳлик хабарини ваъз қилиш, Исонинг ер юзидаги хизматида муҳим ўринни эгаллаган. Бу ишни қандай бажариш кераклигини у шогирдларига ўргатган (Марк 1:38; Луқо 8:1). Бугунги кунда жамоатдагилар, оқсоқоллар билан ваъзгўйлик хизматида ҳамкорлик қилишдан бахтиёрлар. Улар оқсоқолларнинг бу муҳим ишда ғайрат кўрсатаётганини кузатиб, уларнинг таълим бериш услубидан ўрнак олишмоқда. Жуда банд бўлишига қарамай, нозирлар вақт ва кучини хушхабарни ваъз қилишга бағишлаётгани, барча жамоат аъзоларини уларнинг ғайратига тақлид қилишга ундамоқда. Шунингдек, оқсоқоллар жамоат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва қатнашишда ҳамда бошқа ишларда, жумладан Йиғилиш Залини тозалаш ва таъмирлашда иштирок этиб, яхши ўрнак кўрсатишмоқда (Эфес. 5:15, 16; Ибронийларга 13:7 ни ўқинг).

Нозирлар ваъзгўйликда ўрнак кўрсатишади (14- хатбошига қ.)

«КУЧСИЗЛАРГА ЁРДАМЛАШИНГЛАР»

15. Қайси сабабларга кўра оқсоқоллар далдали ташрифлар қилишади?

15 Яхши чўпон бирон қўйи жароҳатланса ёки касал бўлиб қолса, дарҳол унга ёрдам беради. Шу сингари оқсоқоллар ҳам, жамоатдагилардан кимдир азоб чекаётганини ёки маънавий ёрдамга муҳтож бўлганини пайқаса, эътиборсиз қолдирмайди. Қария ва соғлиги ёмонлашиб қолган имондошларнинг жисмоний эҳтиёжларига эътиборли  бўлиш даркор. Аммо аксарият пайтларда улар маънавий ёрдамга ва далдага муҳтож бўлишади (1 Салон. 5:14). Жамоатнинг ёшлари эса «ёшлик эҳтиросларига» қарши курашаётгандир (2 Тим. 2:22). Чўпонлар, жамоат аъзолари қандай қийинчиликларга дуч келаётганини тушуниш ва Муқаддас Китобдан керакли маслаҳатни бера олиш учун далдали ташрифлар қилишади. Агар улар бундай ташрифларни вақтида қилишса, кўпгина муаммоларнинг олдини олишган бўлишади.

16. Мабодо жамоатдан кимдир ёрдамга муҳтож бўлиб қолса, оқсоқоллар қандай кўмак бера олишади?

16 Мабодо жамоатдаги бирон кишининг маънавий соғлиги ёмонлашиб, хавф остида қолса-чи? Инжил ёзувчиси Ёқуб шундай айтган: «Орангизда кимдир касалми? Унда жамоат оқсоқолларини чақирсин. Улар эса Яҳованинг номидан бошига мой суртиб, у учун ибодат қилишсин. Ишонч билан қилинган ибодат касалга шифо беради ва Яҳова уни оёққа турғизади. Агарда гуноҳ қилган бўлса, гуноҳи кечирилади» (Ёқб. 5:14, 15). Ҳатто маънан сусайиб қолган киши «жамоат оқсоқолларини чақирмаса» ҳам, улар буни эшитиши биланоқ унинг олдига боришлари керак. Имондошлари билан ёки улар учун ибодат қилиб ҳамда қийинчилик дамларида уларни қўллаб-қувватлаб, оқсоқоллар қарамоғида бўлганларга ором ва далда манбаи эканликларини кўрсатишади (Ишаё 32:1, 2 ни ўқинг) *.

17. Оқсоқоллар «улуғ Чўпонга» тақлид қилишганда, бу қандай самара беради?

17 Оқсоқоллар Яҳованинг ташкилотида қандай ишларни бажаришмасин, «улуғ Чўпон бўлмиш Ҳазратимиз Исо Масиҳга» тақлид қилишга интилишади. Бундай масъулиятли эркаклар, сурувдагилар имонда мустаҳкамланишига ва Худога садоқат ила хизмат қилишига ёрдами беришади. Бу эса бизни тенги йўқ Чўпонимиз Яҳовадан миннатдор бўлиб, Унга ҳамдлар айтишга ундайди.

[Изоҳ]

^ 16- х.б. Ишаё 32:1, 2: «Ана, шоҳ солиҳлик билан ҳукмронлик қилади, ҳукмдорлар адолат билан бошқаради. Ҳар бир одам шамолдан асрайдиган паноҳдай бўлади, бўрондан сақлайдиган бошпана каби бўлади. Улар саҳродаги сув ўзанига ўхшайди, ташна ердаги улкан қоянинг соясидай бўлади».