Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Октябрь 2013

«Яҳовага қуллик қилинглар»

«Яҳовага қуллик қилинглар»

Фаолиятингизда ялқов бўлманглар [...] Яҳовага қуллик қилинглар. РИМ. 12:11

1. Римликларга 12:11 да ёзилган қуллик билан кўпчиликнинг қуллик ҳақидаги тушунчасининг фарқи нимада?

ЯҲОВАГА қуллик қилиш, кўпчиликнинг қуллик ҳақидаги тушунчасидан анча фарқ қилади. Қуллик сўзини эшитганда уларнинг ҳаёлига зулм, кучли босим ҳамда адолатсиз муносабат келади. Бироқ Худонинг илҳомлантирилган Каломида қуллик қилиш, меҳрибон Хўжайинга тайёрлик ила хизмат қилишни англатади. Ҳаворий Павлус биринчи асрдаги масиҳийларни «Яҳовага қуллик қилинглар», деб чорлаганида, у Худони севиб муқаддас хизматни адо этишга ундаган (Рим. 12:11). Бу қандай қуллик экан? Қандай қилиб биз Шайтон ва унинг дунёсининг қулига айланишдан эҳтиёт бўлишимиз мумкин? Яҳованинг қули сифатида садоқат ила хизмат қилсак, қандай мукофотга эга бўламиз?

«MЕН ХЎЖАЙИНИМНИ... ЯХШИ КЎРАМАН»

2. а) Иброний қул нима сабабдан қул бўлиб қолишга қарор қиларди? б) Қул қулоғини тешишга розилик билдириши билан нимани намоён этарди?

2 Исроил халқига берилган Таврот китобидан, Яҳова биздан қандай қул бўлишни талаб қилаётганини билиб олсак бўлади. Иброний қул хизматининг еттинчи йили озод этилиши талаб қилинган (Чиқ. 21:2). Лекин, хўжайинини чин дилдан яхши кўрган ва унга хизмат қилишни давом эттирмоқчи бўлган қул учун Яҳова ўзгача бир тадбир белгилаган. Хўжайин унинг қулоғини эшикка ёки эшик ромига қўйиб бигиз билан тешиши керак эди (Чиқ. 21:5, 6). Нима сабабдан у бундай қилган? Иброний тилида «итоат қилиш» сўзининг маъноси «қулоқ солиш» ва «тинглаш» деган сўзлар билан боғлиқ. Қул қулоғини тешишга розилик билдириши билан хўжайинига итоаткорлик ила хизмат қилишни хоҳлаётганини кўрсатарди. Биз ҳам шунга ўхшаб, Яҳовага ўзимизни бағишлаганимизда Уни севганимиз учун бўйсунишни истаётганимизни изҳор этганмиз.

3. Ўзимизни Худога бағишлаганимизнинг асосий сабаби нима?

 3 Сувга чўмишдан олдин, биз Яҳовага хизмат қилишга ва Унинг қули бўлишга қарор қилганмиз. Яҳовага бўйсуниш ва Унинг иродасини бажариш истаги, ўзимизни Унга бағишлашга ундаган. Бундай йўл тутишга ҳеч ким бизни мажбурламаган. Ҳатто ёшлар ҳам ота-онаси истагани учун эмас, балки ўз хоҳишлари билан Яҳовага бағишланиб сувга чўмишган. Самовий Хўжайинимиз Яҳовага ўзимизни бағишлаганимизнинг асосий сабаби — Унга бўлган севгидир. Ҳаворий Юҳанно: «Аллоҳга бўлган севги Унинг амрларига риоя қилишдан иборатдир»,— деб ёзган (1 Юҳан. 5:3).

ҚУЛ БЎЛСАК ҲАМ ЭРКИНМИЗ

4. «Одиллик қуллари» бўлиш учун нима қилиш даркор?

4 Яҳова бизга Унинг қуллари бўлиш имкониятини бергани учун қанчалар миннатдормиз! Масиҳнинг тўлов қурбонлигига бўлган имон, гуноҳ бўйинтуруғидан озод бўлишимизга ёрдам беради. Номукаммал бўлишимизга қарамай, Яҳованинг ва Исонинг ҳукмдорлиги остида юрганимиздан хурсандмиз. Павлус буни илоҳий илҳом билан ёзган хатларидан бирида яққол тушунтирган: «Ўзингизни гуноҳ учун ўлик, аммо Исо Масиҳ воситасида Аллоҳ учун тирик деб ҳисобланглар». Кейин у шундай деб огоҳлантирган: «Кимга қул сифатида итоат этсангиз, ўшанинг қули эканингизни билмайсизларми? Сизлар ё натижаси ўлим бўлмиш гуноҳнинг, ё натижаси одиллик бўлмиш итоаткорликнинг қули бўласизлар. Лекин Аллоҳга шукроналар бўлсин, чунки сизлар гуноҳнинг қули эдингизлар, аммо Худо сизларга ишониб топширган таълимотга сидқидилдан риоя қилдингизлар. Ҳа, сизлар гуноҳдан озод бўлиб, одиллик қулларига айландингизлар» (Рим. 6:11, 16–18). Демак, ҳаворийнинг сўзларига қараганда «таълимотга сидқидилдан риоя қилиб», биз Яҳовага ўзимизни бағишладик ва бу билан «одиллик қулларига» айланганимизни кўрсатдик.

5. Барчамиз нимага қарши курашяпмиз ва нима сабабдан?

5 Аммо бағишловимизга мувофиқ яшаш осон кечмайди. Биз икки томонлама жангда курашяпмиз. Биринчиси, бизнинг номукаммаллигимиз. Павлус ҳам ўз номукаммаллигига қарши курашган. У шундай деган: «Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан. Тана аъзоларимда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб, тана аъзоларимдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти» (Рим. 7:22, 23). Бизга мерос бўлиб ўтган номукаммаллик халақит беряпти. Шунинг учун тана истакларимизга қарши туришимиз даркор. Ҳаворий Бутрус шундай маслаҳат берган: «Эркин инсонлардек бўлинглар, бироқ бу эркинликдан ёмонликни яшириш мақсадида эмас, балки Худонинг қулларидек фойдаланинглар» (1 Бутр. 2:16).

6, 7. Қай йўсин Шайтон дунёни жозибали қилиб кўрсатади?

6 Қарши курашишимиз керак бўлган иккинчи жанг — бу жинларнинг таъсири остидаги дунёдир. Ушбу дунёнинг ҳукмдори бўлмиш Шайтоннинг мақсади, Яҳовага ҳамда Исога бўлган садоқатимизни синдиришдан иборатдир. У ўзининг зарарли таъсирини ўтказиб, васваса орқали бизни қул қилиб олиш фурсатини излайди (Эфесликларга 6:11, 12 ни ўқинг). Бу мақсадига эришиш учун Шайтон дунёни жозибали ва қизиқарли қилиб кўрсатади. «Ким дунёни севса,— дея огоҳлантирган эди ҳаворий Юҳанно,— унинг қалбида Отага бўлган севги йўқ. Зеро дунёдаги бор нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар ва ўз мол-мулки билан мақтаниш — Отадан эмас, бу дунёдандир» (1 Юҳан. 2:15, 16).

7 Кўпчилик фаровон ҳаёт кечириш истагида яшайди. Шайтон, пул бахт келтиришига ишонтирмоқчи. Ҳозир савдо марказлари жуда кўп. Рекламалар орқали одамларни  мол-мулк тўплашга, ҳордиқ чиқаришга ундашади. Туристик ташкилотлар имондошимиз бўлмаган одамлар билан бирга ноёб ерларга саёҳат қилишни таклиф этишади. Ҳа, атрофимиздаги одамлар фақатгина ушбу дунёнинг меъёрлари бўйича яхшироқ ҳаёт кечирса бўлади деб айтишади.

8, 9. Қандай хавф мавжуд ва нега у жиддий?

8 Биринчи асрда масиҳийлар жамоатидаги дунёнинг нуқтаи назарига эга бўлган айрим кишилар ҳақида Бутрус шундай огоҳлантирган: «Бундай одамлар куппа-кундуз куни ўз тана нафсини қондиришдан лаззатланишади. Доғ ва нуқсон каби, улар сизлар билан бирга зиёфат қилаётиб, ўзларининг алдамчи таълимотларини тарқатишдан завқ олишади. Боиси, улар бўлмағур гапларни бўрттириб гапиришади. Хато йўлидан эндигина қайтган кишиларни эса ўз тана истакларию ахлоқсиз хулқ-атвори билан йўлдан оздиришмоқда. Ўша ёвуз кишилар, уларга эргашганларга эркинликни ваъда қилишади, ўзлари эса ахлоқсизлик қулларидир. Чунки одам ким томонидан енгилса, ўшанинг қули бўлади» (2 Бутр. 2:13, 18, 19).

9 «Ҳирсли кўзларни» қондириш кишига эркинлик бағишламайди. Аксинча у, ушбу дунёнинг кўринмас хўжайини Иблис Шайтоннинг қули бўлиб қолади (1 Юҳан. 5:19) Жиддий хавф туғдирадиган нарса — пулпарастлик қулига айланишдир. Бу қулликдан эса қутулиш осон кечмайди.

БАХТИЁРЛИККА ЕТАКЛОВЧИ ТАНЛОВ

10, 11. Бугунги кунда Шайтоннинг асосий мўлжали кимлар ва олий маълумотли бўлиш уларга қандай қийинчилик туғдиради?

10 Шайтон тажрибага эга бўлмаган кишиларни нишонга олади. Бугунги кунда унинг асосий мўлжали — ёшлардир. Ёшлар ёки бошқа кишилар ўз хоҳиши билан Яҳовага қул бўлишга қарор қилишса, бу унга ёқмайди. Шайтон Худонинг душмани бўлиб, Яҳовага ҳаётини бағишлаган барча инсонларнинг садоқатини синдиришни истайди.

11 Келинг, қулоғини тешишга розилик билдирган қулнинг мисолига қайтайлик. У аввалига оғриқни ҳис қилган, бироқ вақти билан бу оғриқ ўтиб кетган, қулоғидаги белги эса у хўжайинининг олдида қолишга қарор қилганини кўрсатган. Ёшлар тенгдошларидан фарқли равишда танлов қилганда қийналишлари ва ҳатто оғриқ ҳис этишлари мумкин. Шайтон, бу дунёда мавқега эришиш, кишини бахтиёр қилади деган ғояни олға суради. Лекин масиҳийлар маънавий эҳтиёжни қондиришни муҳимроқ деб ҳисоблашлари даркор. Исо: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир»,— деб ўргатган (Мат. 5:3). Масиҳийлар Шайтоннинг эмас, балки Аллоҳнинг  иродасини адо этиш учун ҳаётларини бағишлаганлар. Улар Яҳованинг қонунидан завқ олиб, устидан туну кун мулоҳаза юритишади (Забур 1:1–3 ни ўқинг). Бироқ бугунги кунда олий маълумотли бўлиш, Яҳованинг хизматчисига мулоҳаза қилиш ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун кам вақт қолдиради.

12. Бугунги кунда кўп ёшлар қандай танлов олдида туришибди?

12 Дунёвий хўжайин, Яҳовага қуллик қилаётган кишининг ҳаётини қийинлаштириши мумкин. Коринфликларга ёзган биринчи мактубида, Павлус шундай савол берган: «Қул бўлганингизда даъват этилганмисиз?» Кейин қуйидагича маслаҳат берган: «Бундан ташвишланманг. Аммо эркин бўлиш имкониятингиз бор бўлса, ундан фойдаланиб қолинг» (1 Кор. 7:21). Агар дунёвий хўжайин қулнинг ҳаётини қийинлаштирса, у ҳолда бу қул эркин бўлиши яхшироқ. Бугун кўп давлатларда, ёшлар муайян ёшгача мактабга боришлари кераклигини талаб қиладиган қонунлар бор. Бундан сўнг ўқувчиларга танлов қилиш имконияти берилади. Улар кўпроқ таълим олиш ёки олмасликни танлашлари мумкин. Агар масиҳий бу дунёда бирон мавқега эга бўлиш мақсадида олий маълумотни танласа, Яҳовага тўла вақт хизмат қилиш унга қийин кечади (1 Коринфликларга 7:23 ни ўқинг)

Сиз қайси хўжайинга қуллик қиласиз?

ОЛИЙ ТАЪЛИММИ ЁКИ ЭНГ ОЛИЙМИ?

13. Яҳованинг хизматчиларига қайси таълим кўпроқ ёрдам беради?

13 Павлус Коринфдаги масиҳийларни шундай огоҳлантирган: «Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизни файласуфлик ва қуруқ гаплар билан тузоққа илинтирмасин. Бу нарсалар инсоний урф-одатларга ва бу дунёнинг қоидаларига асосланган бўлиб, Масиҳнинг таълимотларига зиддир» (Колос. 2:8). Кўп ўқитувчилар, файласуфлик ва инсоний урф-одатларга асосланган қуруқ гапларни ўргатишади. Бундай олий маълумот, ҳар доим ҳам талабаларга керакли касб-ҳунарни ўргатмайди ва шунинг учун улар кундалик ҳаётга тайёр бўлишмайди. Бироқ масиҳийлар содда ҳаёт кечиришга зарур бўлган малакага эга бўлишни танлашади ва шу йўсин Худога хизмат қила олишади. Улар Павлуснинг Тимўтийга ёзган қуйидаги маслаҳатига жиддий қарашади: «Албатта, художўйлик ва борига қаноат қилиш — бу кўп нарсаларга эга бўлиш имконидир. Хуллас, егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик» (1 Тим. 6:6, 8) Худонинг хизматчилари мансаб пиллапоясидан кўтарилиш ёки обрў орттиришнинг ўрнига ваъзгўйлик фаолиятида тўлиқ иштирок этиш билан «тавсияномага» эга бўлишга интилишади (2 Коринфликларга 3:1–3 ни ўқинг).

14. Филиппиликларга 3:8 га кўра, Павлус Худога ва Масиҳга қуллик қилиш шарафига қандай қараган?

 14 Ҳаворий Павлуснинг мисолини кўриб чиқайлик. У Таврот муаллими бўлмиш Гамалиэлдан таҳсил олган. Павлус олган таълим, бугунги кунда университетда таҳсил олиш билан баробар бўлган. Лекин олган таҳсилини Худога ва Масиҳга қуллик қилиш шарафи билан солиштирганда Павлус қандай хулосага келган? У қуйидаги сўзларни ёзган: «Ҳазратим Исо Масиҳ ҳақидаги қимматбаҳо билим учун мен барча нарсадан юз ўгирдим. Уни деб, мен ҳамма нарсани йўқотиб, Масиҳ билан яқин муносабатга эга бўлиш ниятида буларни ахлат, деб ҳисоблайман» (Филип. 3:8). Бундай фикр юритиш ёш масиҳийларга ва уларнинг худотарс ота-оналарига таълим олиш борасида оқилона танлов қилишга кўмаклашади (расмларга қ.).

ЭНГ ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН БАҲРАМАНД БЎЛИНГ

15, 16. Яҳованинг ташкилоти қандай таълим беради ва бундан асосий мақсад нима?

15 Бу дунёнинг олий ўқув юртларида қандай муҳит ҳукм суради? Ахир, талабалар орасида ахлоқсизлик ва ичкиликбозлик оддий ҳолга айланмаганми? Бундай олий ўқув юртларида эволюция назариясини олға суришмайдими? (Эфес. 2:2) Яҳованинг ташкилоти бундан фарқли равишда, масиҳийлар жамоатида тинчлик бўлишига кўмаклашадиган энг олий таълимни беради. Барчамиз ҳар ҳафта Воизлик мактабида таҳсил олиш имкониятига эгамиз. Шунингдек, «Бўйдоқ биродарлар учун Муқаддас Китоб мактаби» ва «Эр-хотинлар учун Муқаддас Китоб мактаби» сингари махсус курслар бор. Бундай таълим дастурлари, самовий Хўжайинимиз Яҳовага бўйсунишимизга ёрдам беради.

16 «Қўриқчи минораси мавзулар кўрсаткичи» ҳамда «Онлайн кутубхонаси»дан фойдаланиб, кўпгина маънавий хазиналар топамиз. Бундай таҳсил олишимиздан асосий мақсад, Яҳовага топинишдир. Бу таҳсил, бошқаларга Худо билан ярашишга ёрдам беришни ўргатади (2 Кор. 5:20). Биздан таълим олганлар эса, бошқаларга таълим беришни ўрганишади (2 Тим. 2:2).

ҚУЛНИНГ МУКОФОТИ

17. Энг олий таълимни танлаш қандай мукофот келтиради?

17 Исонинг талант ҳақидаги масалида, иккита садоқатли қул қилган ишлари учун мақтов эшитган. Бундан ўзлари ҳам, хўжайини ҳам қувонган. Хўжайин мамнунлигини намоён этиб, уларга катта ишларни топширган (Матто 25:21, 23 ни ўқинг). Бугунги кунда, энг олий таълимни танлаш қувонч ва мукофот келтиради. Майкл исмли биродаримизнинг мисолини кўриб чиқайлик. У мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун ўқитувчилари университетга ўқишга кириш имконияти ҳақида гаплашмоқчи бўлиб у билан учрашишибди. Лекин Майкл касб ўрганиш курсини танлаганидан ўқитувчилари ҳайрон бўлибди. У доимий кашшоф сифатида хизмат қилиш учун тез орада ўзини таъминлаш имкониятига эга бўлибди. Майкл қилган қароридан афсусландими? Муқаддас Китобдан таълим олгани туфайли, у жамоат оқсоқоли бўлиб хизмат қилаётганини жуда қадрлайди. У шундай дейди: «Мен эришган барака ва шарафли хизмат, ишлаб топишим мумкин бўлган ҳар қандай пулдан ҳам кўпроқ қувонч бағишлаяпти. Олий маълумотни танламаганимдан беҳад бахтиёрман».

18. Энг олий таълимни танлашга сизни нима ундайди?

18 Энг олий таълим, Худонинг иродасини ўрганишимизга ва Яҳовага қуллик қилишимизга ёрдам беради. Бундай таълим «чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўлишимизга» умид беради (Рим. 8:21). Муҳими эса, бундай таълим орқали самовий Хўжайинимиз Яҳовани чин дилдан севишни ўрганиб оламиз (Чиқ. 21:5).