Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Сентябрь 2013

Сиз ҳам ўзингизни ўзгартирдингизми?

Сиз ҳам ўзингизни ўзгартирдингизми?

Онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар. РИМ. 12:2

1, 2. Олган тарбиямиз ва атроф-муҳит бизга қандай таъсир кўрсатган?

ҲАР БИРИМИЗГА, олган тарбиямиз ва атроф-муҳит ўз таъсирини кўрсатган. Биз муайян тарзда кийинамиз, муайян озиқ-овқатларни яхши кўрамиз ва муайян хулқ-атворга эгамиз. Нима учун? Қисман, бунга атрофимиздаги одамлар ва яшаш шароитимиз сабабчи бўлган.

2 Аммо, озиқ-овқат ва кийиниш услубини танлашдан кўра муҳимроқ нарсалар ҳам бор. Масалан, бизга айрим нарсаларни яхши деб, айрим нарсаларни эса ёмон деб, ўргатиб келишган. Кўпинча бундай масалаларни ҳал қилиш, ҳар бир инсоннинг ўзига ҳавола. Бизнинг танловимиз виждонимизга ҳам таъсир қилади. Муқаддас Китобда: «Таврот қонуни бўлмаган халқлар қонунни билишмаса-да, қалбларида қонун борлигини ўзлари учун исботлашади»,— деб айтилган (Рим. 2:14). Бундан чиқди, агар бирор масала бўйича Худонинг қонунида аниқ кўрсатма берилмаган бўлса, биз болалигимиздан ўргатилганимиздай, ҳамма қатори йўл тутишимиз керакми?

3. Қайси иккита сабабга кўра масиҳийлар ҳамма қатори йўл тутмайдилар?

3 Масиҳийлар бундай йўл тутмаслигига камида иккита муҳим сабаб бор. Биринчидан, Муқаддас Китобда айтилишича: «Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради» (Ҳик. 16:25). Биз номукаммал бўлганимиз учун ўз қадамимизни мукаммал тарзда бошқара олмаймиз (Ҳик. 28:26; Ерм. 10:23). Иккинчидан эса, Муқаддас Китобга кўра, Шайтон «ушбу замонанинг худосидир». Бу дунёда одамлар нимани яхши ва нимани ёмон деб ҳисоблашини у назорат қилиб туради (2 Кор. 4:4; 1 Юҳан. 5:19). Агар биз Яҳовани мамнун қилишни истасак, Римликларга 12:2 да ёзилган маслаҳатга амал қилишимиз керак (ўқинг).

4. Бу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

 4 Бу мақолада биз Римликларга 12:2 га тааллуқли учта саволни кўриб чиқамиз. 1) Нимага ўзгаришимиз керак? 2) Нимани ўзгартиришимиз лозим? ва 3) Ўзгариш жараёни қандай ўтади?

НИМАГА ЎЗГАРИШИМИЗ КЕРАК?

5. Римликларга 12:2 да ёзилган Павлуснинг сўзлари кимларга тааллуқли эди?

5 Римликларга йўллаган мактубини ҳаворий Павлус Римда яшовчи барча одамларга эмас, балки мойланган масиҳийларга ёзган (Рим. 1:7). У имондошларини ўзгаришга ва «ушбу замонга уйғунлашмасликка» чорлаган. Милодий 56- йилда яшаган масиҳийлар учун «ушбу замон», Рим дунёсига хос меъёрларни, одат ва услубларни ўз ичига оларди. «Уйғунлашманглар», деганда Павлус, баъзилар ҳали ҳам ўша замоннинг таъсири остида бўлганини назарда тутган. Ўша вақтларда имондошларимиз қанақа таъсирга дуч келишган экан?

6, 7. Римдаги ижтимоий ва диний аҳвол масиҳийлар учун қанақа қийинчиликлар туғдирган?

6 Бугунги кунда Римга борган саёҳатчилар у ерда ибодатхоналар, қабрлар, ҳайкаллар, цирк майдонлари, театрлар ва шу каби меъморий обидаларни кўришади. Булардан айримлари биринчи асрда ҳам бор эди. Бундай ёдгорликлар, қадимги Римнинг ижтимоий ва диний аҳволини тушунишимизга кўмаклашади. Тарихий китобларда биз шунингдек гладиатор ўйинлари, арава пойгалари, рақс ва мусиқа каби мавзуларни ўқишимиз мумкин. Баъзи ўйин-кулгилар ахлоқсиз бўлгани маълум. Рим, гуллаб-яшнаган тижорат маркази эди ва у ерда бойиб кетиш учун катта имкониятлар бўлган (Рим. 6:21; 1 Бутр. 4:3, 4).

7 Кўпгина худолари ва ибодатхоналари бўлганига қарамай, римликлар аслида ўзлари сиғинган худоларни яхши билишмаган. Улар учун дин, асосан фарзанд туғилиши, тўй ва дафн маросимларида иштирок этишдан иборат эди. Бу каби урф-одатлар уларнинг кундалик ҳаёти бўлган. Римда яшаган масиҳийлар учун бу қанақа қийинчиликлар туғдирганини энди тасаввур қилишимиз мумкин. Улардан кўпи ана шундай муҳитда улғайгани сабабли, масиҳий бўлиш учун ўзгаришлари зарур эди. Бироқ, улар сувга чўмиши билан ўзгариб қолишмаган.

8. Ҳозирги дунё, ўзини Худога бағишлаган кишиларга қандай хавф соляпти?

8 Қадимги Рим сингари, ҳозирги дунё ҳам, ўзини Худога бағишлаган кишиларга хавф соляпти. Нимаси билан? Бу дунёнинг руҳи кўп нарсада намоён бўляпти (Эфесликларга 2:2, 3; 1 Юҳанно 2:16 ни ўқинг). Бу дунё бизга ўз истакларини, фикрлаш тарзини, қадриятларини ва ахлоқий меъёрларини сингдиришга уриняпти. Ҳа, биз бу дунёнинг бир қисмига айланиб қолиш хавфи остидамиз. Шундай экан, «ушбу замонга уйғунлашманглар» ва «ўзингизни ўзгартиринглар» деган, илоҳий илҳом билан ёзилган маслаҳатга амал қилишимиз ўта муҳим. Хўш, нима қилишимиз керак экан?

 НИМАНИ ЎЗГАРТИРИШИМИЗ ЛОЗИМ?

9. Сувга чўмишга мос келишдан олдин кўплар қандай ўзгаришлар қилишган?

9 Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўрганиб амалда қўллаган инсон маънан ўсишни бошлайди. Ўсиш жараёни давом этаркан, у олган билимлари асосида ҳаётига ўзгаришлар киритади. У сохта дин урф-одатларини ва ўтмишдаги ҳаёт тарзига хос хулқни қолдириб, Масиҳ каби бўлишга интилади (Эфес. 4:22–24). Ҳар йили юз минглаб инсонлар бундай ўзгаришлар қилиб, ўзларини Тангри Яҳовага бағишлаб, сувга чўмишга мос келаётганини кўришдан қанчалар бахтиёрмиз! Бу билан улар Яҳованинг қалбини қувонтираётгани шубҳасиздир (Ҳик. 27:11). Аммо бизни бир савол қизиқтиради: ўзгариш учун бунинг ўзи етарлими?

Ҳали кўп одам Шайтоннинг дунёсидан чиқиб, ўзгариши керак (9- хатбошига қ.)

10. Ўзгариш, яхшиланишдан нимаси билан фарқ қилади?

10 Ўзгариш — олға силжиш ёки яхшиланишдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Масалан, дўконда бирон-бир маҳсулот қутисига «яхшиланган», деб ёзиб қўйилган бўлиши мумкин. Эҳтимол, бу маҳсулот таркибига бирон янги нарса қўшилган ёки қутиси янада чиройли қилингандир. Лекин у умуман бошқа маҳсулот бўлиб қолмайди. Бир Муқаддас Китоб луғатига кўра, Римликларга 12:2 даги «ўзгариш» феъли, муқаддас руҳ ёрдамида тафаккурни янгилаш ёки алмаштиришни англатади. Демак, масиҳий учун ўзгариш, шунчаки зарарли одатларни, бузуқ нутқни ва ахлоқсиз хулқни ташлашни англатмайди. Баъзи одамлар, Муқаддас Китобни билмаса ҳам, одобли бўлишга ҳаракат қилишади. Хўш, унда масиҳий учун ўзгариш нимани ўз ичига олади?

11. Павлуснинг сўзларига кўра, нимани ўзгартиришимиз лозим?

11 «Онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар»,— деб ёзган эди Павлус. «Онг» — кишининг фикрлаш қобилиятидир. Аммо Муқаддас Китобда, бу сўз остида тафаккуримиз, муносабату ақл идрокимиз назарда тутилган. Бундан аввал, Павлус Римликларга йўллаган мактубида, «бузуқ фикрга берилган» одамлар ҳақида ёзган эди. Бундайлар «адолатсизлик, бетавфиқлик, тамагирлик, ёмонликка берилиб, ҳасадга, қотилликка, жанжалкашликка, ёлғонга» ва бошқа зарарли нарсаларга тўлиб тошган эди (Рим. 1:28–31). Ана шундай муҳитда ўсиб-улғайган ва Худонинг хизматчиси бўлган кишиларга Павлус нима сабабдан «онгингизни янгилаб, ўзингизни ўзгартиринглар», деб маслаҳат берганини энди тушуняпмиз.

«Ҳар қандай адоват, қаҳру ғазаб, бақириқ ва ҳақоратли сўзларни... ўзингиздан соқит қилинглар» (Эфес. 4:31).

12. Ҳозирги одамлар қандай фикр юритишади ва бундай муносабат масиҳийларга қанақа хавф туғдиради?

12 Минг афсуски, атрофимиздаги аксарият одамлар, Павлус ёзганидай фикрлашади. Улар, бундай меъёрлар бўйича яшаш замонага тўғри келмайди ва бошқаларни бунга мажбурлаш керак эмас, деб ҳисоблашади. Кўп ўқитувчилар ва ота-оналар, болаларнинг айтганини қилиш керак, дейишади. Улар ҳатто, нима тўғри ва нима нотўғри эканини ҳар бир инсон ўзи ҳал  қилиши мумкин, деб ўргатишади. Бундайлар, ҳамма нарса нисбий, муқаррар нарса йўқ, деб ўйлашади. Ҳатто Худога ишонаман, деб айтаётганларнинг кўпчилиги ҳам, Худонинг назарида тўғри бўлган ишларни қилиш шарт эмас, деб ҳисоблашади (Заб. 13:1). Бундай муносабат масиҳийларга хавф туғдиради. Агар эҳтиёт бўлмасак, Худонинг ташкилоти орқали берилаётган кўрсатмаларни менсимай, ҳаттоки нолий бошлашимиз ҳам мумкин. Ёки ўйин-кулги, интернетдан фойдаланиш ва олий маълумотга интилиш борасида, Муқаддас Китобга асосланган маслаҳатни қабул қилмай қўйишимиз турган гап.

13. Нимага аслида қандай инсон эканимизни очиқ тан олишимиз керак?

13 Агар «ушбу замонга уйғунлашмайлик» десак, яъни тафаккур ва ҳис-туйғуларимизни дунё шакллантиришини истамасак, аслида қандай инсон эканимизни очиқ тан олишимиз керак. Биз, қалбимизда яширилган муносабат, ҳис-туйғу, мақсад ва меъёрларни текшириб кўришимиз лозим. Бошқалар аслида қанақа инсон эканимизни билмай, тўғри йўл тутаётганимизни айтишлари мумкин. Бироқ, Муқаддас Китобдан билиб олганларимиз бизни ўзгартиргани ҳамда бу жараён давом этаётгани фақат ўзимизга маълум (Ёқуб 1:23–25 ни ўқинг).

ЎЗГАРИШ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

14. Керакли ўзгаришлар қилишга нима ёрдам бериши мумкин?

14 Ўзгариш учун биз қалбимизда яширин бўлган нарсани, яъни ички дунёмизни ўзгартиришимиз лозим. Бунда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Биз Муқаддас Китобни ўқиб, Яҳованинг иродасини, яъни У биздан нима талаб қилаётганини билиб олдик. Айнан шунга бўлган муносабатимиз, қалбимизда нима борлигини аён қилди. Шунингдек, Унинг «комил иродасига» мувофиқ қанақа ўзгаришлар қилишимиз кераклигини ҳам кўрдик (Рим. 12:2; Иброн. 4:12).

15. Яҳова бизни шакллантирса, бизда қандай ўзгаришлар бўлади?

15 Ишаё 64:8 ни ўқинг *. Ишаё пайғамбар келтирган мисол алоҳида эътиборга лойиқ. Буюк Кулол бўлмиш Яҳова, лой каби бўлган бизларни қандай шакллантиради? Табиийки, У бизни жисмонан ўзгартириб, ташқи кўринишимизни чиройлироқ қилмайди. Яҳова жисмоний эмас, балки маънавий тарбия беради. Агар У бизни шакллантиришига йўл қўйсак, ички дунёмиз ўзгариб, маънан етук бўламиз. Натижада эса, дунёнинг таъсирига қарши кураша оламиз. Ўзгариш жараёни қандай юз беради?

16, 17. а) Сифатли кўза ясаш учун кулол лойни нима қилишини изоҳлаб беринг. б) Яҳованинг назарида қимматбаҳо бўлишимизга Худонинг Каломи қандай кўмаклашади?

16 Сифатли кўзалар ясаш учун кулол олий навли лойдан фойдаланади. Бироқ, бу учун унга иккита нарса керак. Биринчидан, лойни ювиб, ичидаги ортиқча тошларни чиқариб ташлаш лозим. Сўнг, лойга керакли миқдорда сув қўшиб, осонликча эзиладиган қилиб юмшатиш зарур.

17 Эътибор берган бўлсангиз, лойни ортиқча тошлардан тозалаш учун ҳам, осонликча эзиладиган қилиб юмшатиш учун ҳам сув керак бўлади. Худонинг Каломи ҳам бизнинг ҳаётимизда шундай вазифани бажаришини пайқаганмисиз? У бизга олдинги, Худони билмаган вақтимиздаги фикрлаш тарзидан озод бўлишга ва Унинг назарида қимматбаҳо бўлишга кўмаклашади (Эфес. 5:26). Бизга Муқаддас Китобни кунда ўқишни ва Худонинг Каломи муҳокама қилинадиган йиғилишларига мунтазам қатнашни қайта-қайта эслатиб туришлари ҳақида бир ўйлаб кўринг. Нима учун бизни бу ишларни қилишга ундашади?  Чунки, бундай йўл тутиб, биз Яҳованинг шакллантиришига бўйсунган бўламиз (Заб. 1:2; Ҳавор. 17:11; Иброн. 10:24, 25).

Ўзгариш сизга муаммоларни илгаригидан кўра яхшироқ ҳал қилишга кўмаклашади (18- хатбошига қ.)

18. а) Худонинг Каломи бизга таъсир қилиб, ўзгартириши учун нега мулоҳаза юритишимиз муҳим? б) Бизга қанақа саволлар ёрдам беради?

18 Худонинг Каломи бизда керакли ўзгаришларни ҳосил қилиши учун, аввало Муқаддас Китобни мунтазам ўқиб, тадқиқ қилиш зарур. Кўп одамлар Муқаддас Китобни баъзида ўқиб туришади ва унда нима ёзилганини билишади. Эҳтимол сиз бундайларни ваъзгўйлик хизматида учратгандирсиз. Айримлари, ҳатто Муқаддас Китобдан баъзи ҳикояларни ёддан айтиб бера олишар *. Аммо бу уларнинг фикрлаш ва турмуш тарзига унча таъсир қилмайди. Хўш, унда нима қилиш керак? Худонинг Каломи инсонга таъсир қилиб, уни ўзгартириши учун, у қалбига киришига ўзи йўл очиб бериши лозим. Ҳа, биз ўқиганимиз устидан мулоҳаза қилишга вақт ажратишимиз зарур. Ўзимизга шундай саволлар берсак яхши бўлади: «Бу шунчаки диний таълимот эмас, бу ҳақиқат эканини кўриб турибманми? Мен ўрганаётган нарсаларни ўз ҳаётимда қандай қўллашим мумкинлигини кўряпманми? Бу билимларни фақат бошқаларга ўргатса бўладиган нарсадай қабул қилмаяпманми? Яҳова шахсан менга мурожаат қилаётганини сезяпманми?» Бундай саволлар устидан мулоҳаза юритиш, Яҳовага нисбатан қалбимизда чуқур ҳис-туйғуларни ривожлантиришимизга кўмаклашади. Натижада, Унга бўлган севгимиз ошади. Қалбимизда бундай туйғулар пайдо бўлганда эса, ижобий ўзгаришлар юз беради (Ҳик. 4:23; Луқо 6:45).

19, 20. Муқаддас Китобдаги қайси маслаҳатни қўлласак фойдасини кўрамиз?

19 Худонинг Каломини мунтазам ўқиб, устидан мулоҳаза қилиш бизни қуйидаги маслаҳатга амал қилишда давом этишга ундайди: «Бир-бирингизга ёлғон гапирманглар. Эски ўзлигингизни ишлари билан ечиб ташлаб, Яратувчининг тасвирига кўра аниқ билим орқали янгиланиб бораётган янги ўзликни кийиб олинглар» (Колос. 3:9, 10). Ҳа, агар биз Худо Каломининг асл моҳиятини ва таъсирини тушунсак, муваффақиятга эришамиз. Натижада, Худога маъқул бўлган янги шахсга бурканиб олганимиз туфайли, Шайтоннинг ҳийлаларига қарши тура оламиз.

20 «Итоатли болалардек бўлинглар, ...истакларингизга биноан йўл тутманглар»,— деб насиҳат қилганди ҳаворий Бутрус. Кейин у давом этиб: «Бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар»,— деган эди (1 Бутр. 1:14, 15). Илгари эга бўлган тафаккур ва муносабатимизни ташлашга жон куйдирсак ва Худо бизни ўзгартиришига йўл қўйсак, натижада қут-баракаларга эришамиз. Бу ҳақда эса кейинги мақолада гап боради.

^ 15- х.б. Ишаё 64:8: «Аммо энди Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен эса кулолсан, ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!»

^ 18- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 1994- йил 1- февраль сонидаги 9- саҳ., 7- х.б. келтирилган мисолга қ.