Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2013

Яҳованинг эслатмалари қалбингизнинг қувончи бўлсин

Яҳованинг эслатмалари қалбингизнинг қувончи бўлсин

Шартларинг [эслатмаларинг, ЯДТ] тоабад менинг мулкимдир. ЗАБ. 118:111

1. а) Одамлар эслатмаларга қандай муносабат кўрсатишади ва нега? б) Мағрурлик одамнинг фикрлаш тарзига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

ОДАМЛАР берилган йўл-йўриққа турлича муносабат кўрсатишади. Ваколатли инсон томонидан берилган эслатма жон деб қабул қилинса, тенгдош ёки тобе инсоннинг маслаҳати рад этилиши мумкин. Баъзиларга танбеҳ ёки насиҳат берилганда, улар хафа бўлишади, тушкунликка тушишади ёки ўзини ноқулай сезишади. Нега? Сабаблардан бири мағрурликдир. Мағрурлик руҳи одамнинг фикрлаш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, маслаҳатни қабул қилмасликка ва фойдали йўл-йўриқларни рад этишга ундайди (Ҳик. 16:18).

2. Нима учун масиҳийлар Аллоҳнинг Каломида берилаётган маслаҳатни қадрлашади?

2 Масиҳийлар эса фойдали маслаҳатни, айниқса у Аллоҳнинг Каломига асосланган бўлса жуда қадрлашади. Яҳованинг эслатмалари бизга фаҳм-фаросат ва таълим бериб, пулпарастлик, ахлоқсизлик, гиёҳвандлик ҳамда ичкиликбозлик каби тузоқлардан қочишимизга ёрдам беради (Ҳик. 20:1; 2 Кор. 7:1; 1 Салон. 4:3–5; 1 Тим. 6:6–11). Бундан ташқари, Худонинг эслатмаларига қулоқ солганларнинг «қалблари шодликка тўлади» (Ишаё 65:14).

3. Сано бастакорининг қанақа муносабатига тақлид этишимиз керак?

3 Самовий Отамиз билан бебаҳо муносабатларимизни сақлаб қолиш учун Яҳованинг оқилона йўл-йўриқларини амалда қўллашни давом эттиришимиз лозим. Агар бизнинг муносабатимиз сано бастакорининг қуйидаги сўзларига мувофиқ бўлса зўр бўларди. У шундай деган: «Сенинг шартларинг [эслатмаларинг, ЯДТ] тоабад менинг мулкимдир, шартларинг [эслатмаларинг, ЯДТ] қалбимнинг қувончидир» (Заб. 118:111). Биз ҳам Яҳованинг амрларини шундай шодлик  билан қабул қиляпмизми ёки уларга оғир юкдек қараяпмизми? Баъзида маслаҳатни қабул қилиш оғир кечар, лекин бундан тушкунликка тушмаслигимиз даркор. Донолик манбаи бўлмиш Худога нисбатан мустаҳкам имонни ривожлантиришимиз керак! Келинг, бунинг учта усулини кўриб чиқамиз.

ИБОДАТ ОРҚАЛИ ИМОННИ МУСТАҲКАМЛАНГ

4. Довуд нима туфайли бардошли бўла олган?

4 Шоҳ Довуд ҳаёти мобайнида кўп нарсаларни бошдан кечирган. Аммо Яратувчисига тўлиқ ишонгани учун ҳаммасига бардош берган. У шундай деган: «Юрагимни очаман Сенга, эй Эгам! Сенга умид боғлайман, эй Худойим!» (Заб. 24:1, 2). Самовий Отасига бундай имонни ривожлантиришига Довудга нима кўмаклашган?

5, 6. Худонинг Каломидан, Довуднинг Яҳова билан муносабати ҳақида нимани билиб олдик?

5 Кўп одамлар мушкул вазиятга тушгандагина, Худога ибодат қилишади. Агар бирорта қариндошингиз ёки дўстингиз фақат пулга муҳтож бўлганда ёхуд шахсий манфаатини кўзлаб сизга мурожаат этса ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Шунда сиз унинг нияти холис эканидан шубҳалана бошлашингиз мумкин. Бироқ, Довуд билан бундай бўлмаган. Ҳаётида яхши ва ёмон кунлар бўлишига қарамай, у Яҳова билан бўлган муносабатида имон ва севгини намоён этган (Заб. 39:9).

6 Довуднинг миннатдорчиликка ва ҳамду санога бой қуйидаги сўзларига эътибор қаратинг: «Эй Эгам, бизнинг Раббимиз! Бутун ер юзида Сенинг номинг улуғвордир! Осмондан ҳам юксакдир Сенинг шуҳратинг!» (Заб. 8:2). Довуд самовий Отаси билан қанчалик яқин муносабатга эга бўлганини пайқадингизми? Яҳованинг улуғворлиги ва шарафи Довудда шунчалик кучли таассурот қолдирганки, у илоҳий илҳом остида «кун бўйи» Яҳовани мақтаган (Заб. 34:28).

7. Ибодатда Худога яқинлашиш орқали қандай баракага эга бўламиз?

7 Довуд каби биз ҳам мунтазам равишда Яҳова билан мулоқот қилиб турсак, имонимиз мустаҳкамланади. Муқаддас Китобда: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади»,— деб айтилган (Ёқб. 4:8). Ибодат, Худога яқинлашишда ҳамда муқаддас руҳга эга бўлишда муҳим ўринни эгаллайди (1 Юҳанно 3:22 ни ўқинг).

8. Нима учун ибодат қилаётганимизда ҳадеб бир хил гапларни такрорламаслигимиз лозим?

8 Ибодат қилаётганингизда ўша-ўша ибораларни ёки гапларни такрорлайсизми? Агар шундай бўлса, ибодат қилишдан аввал бир неча дақиқа вақт ажратиб, нима демоқчи эканингизни ўйлаб кўринг. Масалан, дўстимиз ёки қариндошимизга доимо бир хил сўзларни айтаверсак, бу унга ёқадими? У бизни эшитмай қўйиши мумкин. Шубҳасизки, Яҳова Ўз содиқ хизматчиларининг самимий ибодатларини ҳеч қачон рад этмайди. Бироқ, ибодат қилаётганимизда ўша-ўша гапларни қайтармасликка интилишимиз даркор.

9, 10. а) Нима ҳақда ибодат қилсак бўлади? б) Ибодатларимизни бойитишга нима кўмаклашади?

9 Аллоҳга яқинлашишни истасак, ибодатларимиз юзаки бўлмаслиги керак. Юрагимизни Яҳовага тўкиб солсак, биз Унга шунчалик яқинлашамизки, Унга бўлган имонимиз янада кучаяди. Нима ҳақда ибодат қилсак бўлади? Худонинг Каломида шундай дейилган: «Ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар» (Филип. 4:6). Худойимиз билан муносабатларимизга ёки ҳаётимизга таъсир қиладиган ҳар қандай нарса тўғрисида ибодат қилсак бўлади.

10 Муқаддас Китобда ибодатлари ёзилган имонли эркак ва аёлларнинг мисолларини кўриб чиқсак фойдали бўлади (1 Шоҳ. 1:10, 11; Ҳавор. 4:24–31). Забур китоби Яҳовага айтилган қайноқ ибодат ва ҳамду саноларни ўз ичига олади. Бу китобда инсоннинг  чеккан азоблари ҳамда қувончлари баён этилган. Буларни ўрганиб чиқиш, садоқатли кишиларга Яҳовага қилаётган ибодатларини бойитишга кўмаклашади.

ХУДОНИНГ ЭСЛАТМАЛАРИ УСТИДАН МУЛОҲАЗА ЮРИТИНГ

11. Нега Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар устидан мулоҳаза юритишимиз лозим?

11 Довуд: «Эгамизнинг фармонлари [эслатмалари, ЯДТ] ишончлидир, ғўр ёшларга донолик беради»,— деб айтган (Заб. 18:8). Ҳа, агар тажрибасиз бўлсак, Аллоҳнинг амрларига қулоқ солиб доно бўла оламиз. Муқаддас Китоб маслаҳатларидан тўлиқ фойда олиш учун мулоҳаза юритиш талаб этилади. Мактабда ёки ишхонада босим остида қолганимизда, Худонинг қонга нисбатан нуқтаи назарини қўллаб-қувватлашда, бетарафлик масаласида ҳамда кийиниш ва ташқи кўриниш борасида бенуқсонликни сақлашни мисол қилиб олсак бўлади. Бундай масалаларда Худонинг нуқтаи назарини билиш, муаммоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Натижада, шундай вазиятга дуч келсак, ўзимизни қандай тутишимизни биламиз. Пухта ўйлаб чиқиш ва олдиндан тайёргарлик кўриш, бизни изтироблардан асраб қолади (Ҳик. 15:28).

12. Худонинг эслатмаларини ёдда тутишимизга нима ёрдам беради?

12 Худонинг ваъдалари амалга ошишини кутар эканмиз, ҳаёт тарзимиз билан маънан ҳушёр турганимизни кўрсатишимиз даркор эмасми? Масалан, Буюк Бобил тез орада йўқ қилинишига чиндан ҳам ишонамизми? Ер юзида абадий яшаш умиди ҳақда илк бор эшитганимизда роса хурсанд бўлгандик, ҳозир ҳам шундай ҳис-туйғуга эгамизми? Хизматимизни яхшироқ бажариш учун ғайратни сақлаб қоляпмизми ёки ўз истакларимизни биринчи ўринга қўйяпмизми? Тирилишга бўлган умид, Яҳованинг исми улуғланиши ҳамда Унинг ҳукмдорлик қилиш ҳуқуқи исботланиши борасида нима десак бўлади? Бу масалалар ҳали ҳам биз учун муҳимми? Шу каби саволлар устидан мулоҳаза юритиш, худди сано бастакори каби, Аллоҳнинг эслатмаларини тоабад ўз мулкимиз қилиб олишга кўмаклашади (Заб. 118:111).

13. Нега биринчи асрдаги масиҳийлар баъзи нарсаларни тушунишмаган? Мисол келтиринг.

13 Муқаддас Китобда эслатиб ўтилган баъзи нарсаларни, Яҳова ўз вақтида очиб бермагунича охиригача тушунмаслигимиз мумкин. Исо азоб чекиб, ўлдирилиши кераклигини ҳаворийларига қайта-қайта айтар эди (Матто 12:40; 16:21 ни ўқинг). Бироқ ҳаворийлар, у нима демоқчи эканини тушунишмаган. Исо тирилиб, шогирдларига кўринганидан ҳамда уларга Масиҳ ҳақидаги башоратни тушунтириб берганидан кейингина, улар Исонинг гаплари нимани англатишини тушунишган (Луқо 24:44–46; Ҳавор. 1:3). Милодий 33- йили Ҳосил байрамида устиларига муқаддас руҳ тушмагунча, Масиҳнинг издошлари Худонинг Шоҳлиги осмонда ўрнатилиши кераклигини тушунишмаган (Ҳавор. 1:6–8).

14. XX асрнинг бошларида, биродарлар бизга қандай ўрнак кўрсатишган?

14 Шунга ўхшаб, XX асрнинг бошларида масиҳийлар орасида «охирзамон» билан боғлиқ нотўғри тахминлар бор эди (2 Тим. 3:1). Мисол учун, 1914- йилда баъзилар, тез орада осмонга кўтариламиз деб ўйлашган. Умидлари пучга чиққач, улар тегишли оятларни қайтадан текшириб, аввалига улкан ваъзгўйлик ишини бажариш лозим эканига эътиборларини қаратишган (Марк 13:10). 1922- йили Сидар-Пойнтда (АҚШ, Огайо штати) бўлиб ўтган халқаро анжуманда, кейинчалик ваъзгўйлик ишини бошқарган Ж.Ф.Рутерфорд, тингловчиларга хитоб қилиб, шундай деган: «Мана, Шоҳ ҳукмронлик қилмоқда! Сизлар унинг вакилларисиз. Шунинг учун Шоҳни ва унинг Шоҳлигини хабарланг, хабарланг, хабарланг». Ўша пайтдан бошлаб, «шоҳлик ҳақидаги хушхабарни»  ваъз қилиш, Яҳованинг Шоҳидларини танитадиган белги бўлиб қолди (Мат. 4:23; 24:14).

15. Яҳова Ўз халқига берган ваъдаларини рўёбга чиқаргани устидан мулоҳаза юритиш нима учун фойдали?

15 Яҳова ўтмишда ва ҳозир Ўз халқига берган ваъдаларини ажойиб тарзда рўёбга чиқараётгани устидан мулоҳаза юритиш қанчалар яхши. Бу, Яҳова келажакка нисбатан ниятини тўлиқ бажаришга қодир эканига ишонишимизга ёрдам беради. Худонинг ваъдалари устидан фикр юритиш, Унинг ниятлари амалга ошишига нисбатан имонимизни мустаҳкамлайди.

ТОПИНИШДА ФАОЛИЯТЛИ БЎЛИБ ЯҲОВАГА ТАЯНИНГ

16. Хизматда фаол бўлсак, қандай баракага эга бўламиз?

16 Аллоҳимиз Яҳова, қудратли ва фаолиятли Худодир. «Ким сенчалик қудратли, эй Эгам?!» — деб хитоб қилган эди сано бастакори. Шунингдек у: «Қўлинг кучли, ўнг қўлинг юқоридир!» — деб айтган (Заб. 88:9, 14). Дарҳақиқат, Шоҳликни биринчи ўринга қўйишга интилаётган кишининг ҳаракатини Яҳова қадрлайди ва барака беради. У Ўз хизматчиларининг эркак ёки аёл, ёш ёки қари бўлишидан қатъи назар «дангасалик қилмаётганини» кўриб туради (Ҳик. 31:27). Яратувчимизга тақлид қилган ҳолда, биз Унга топиниш билан боғлиқ ишларда фаол бўлишни истаймиз. Худойимизга сидқидилдан хизмат қилсак ўзимиз ҳам бахтиёр бўламиз, Яҳовани ҳам хурсанд қиламиз (Забур 61:13 ни ўқинг).

17, 18. Нега имон билан қилинган ишлар Яҳованинг маслаҳатига таянишимизга кўмаклашади, деб айта оламиз? Мисол келтиринг.

17 Имон билан қилган ишларимиз Яҳовага таянишимизга қандай кўмаклашади? Исроилликлар ваъда қилинган юртга  киришгани тўғрисидаги воқеани кўриб чиқайлик. Яҳова, руҳонийларга аҳд сандиғини Иордан дарёсидан олиб ўтишга йўл-йўриқ берган. Эҳтимол, одамлар дарёга яқинлашиб қолишганда, баҳор ёмғирлари дастидан дарё қирғоқдан тошганини кўришган. Ўшанда исроилликлар нима қилишган? Дарё бўйида чодир тикиб, ҳафталаб ёки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида сув пасайишини кутишганми? Йўқ, улар Яҳовага тўлиқ таянишган ва Унинг йўл-йўриқларига амал қилишган. Натижада нимага эришишган? Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Уларнинг оёқлари сувга тегиши биланоқ дарёнинг оқими тўхтаб қолди... Бутун Исроил халқи қуруқ ердан юриб, Иордандан ўтиб бўлмагунча, аҳд сандиғини кўтарган руҳонийлар дарёнинг ўртасида, қуруқ ерда туришди» (Ёшуа 3:12–17). Шиддатли дарё сувлари тўхтаб қолганини кўрган исроилликларни қанчалар ҳаяжон босганини бир тасаввур қилинг! Ҳа, исроилликлар Яҳованинг кўрсатмаларига риоя этишгани учун уларнинг имони янада кучли бўлган.

Ёшуа давридаги Яҳованинг халқи намоён этган имонни сиз ҳам кўрсатяпсизми? (17-, 18- хатбошиларга қ.)

18 Яҳова бугунги кунда Ўз халқи учун бундай мўъжизалар қилмайди, бироқ хизматчиларининг имон билан қилаётган ишларига барака беради. Худонинг муқаддас руҳи, Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни бутун ер юзи бўйлаб ваъз қилишимиз учун жасорат бахш этади. Яҳованинг илк Шоҳиди бўлмиш Исо Масиҳ шогирдларини бу муҳим фаолиятда қўллаб-қувватлашига ишонтирган. «Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар... Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб айтган эди у (Мат. 28:19, 20). Тортинчоқ бўлган кўпгина Яҳованинг Шоҳидлари, Худонинг муқаддас руҳи туфайли ваъзгўйликда бегона одамлар билан суҳбатлашиш учун жасоратга эга бўлишганини шахсан ўзларида ҳис этишган (Забур 118:46; 2 Коринфликларга 4:7 ни ўқинг).

19. Имкониятларимиз чегараланган бўлса, нимага амин бўлишимиз даркор?

19 Баъзи имондошларимиз касаллик ёки қарилик дастидан имкониятлари чегараланган. Лекин улар шунга амин бўлишлари керакки, «раҳмдил Ота ва ҳар қандай вазиятда тасалли берадиган Аллоҳимиз» ҳар бир хизматчисининг вазиятини яхши тушунади (2 Кор. 1:3). У, Шоҳликни биринчи ўринга қўйишга қилаётган барча ҳаракатларимизни қадрлайди. Ҳар биримиз, Масиҳнинг тўлов қурбонлигига бўлган имон, қутқарилишимиз билан чамбарчас боғлиқ эканини ёдда тутишимиз зарур (Иброн. 10:39).

20, 21. Яҳовага таянаётганимизни намоён этишнинг усуллари қандай?

20 Топинишимизга вақт, куч ҳамда моддий нарсаларни имкон қадар тўла равишда сарфласак арзийди. Биз «хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўлишни» чин юракдан истаймиз (2 Тим. 4:5). Биз бундай қилишдан бахтиёрмиз, чунки бу туфайли бошқалар «ҳақиқат тўғрисида аниқ билимга эга бўлишади» (1 Тим. 2:4). Аллоҳимиз Яҳовани улуғлаш ва ҳамду сано айтиш, бизни маънан бойитиши шубҳасиз (Ҳик. 10:22). Шунингдек бу, Яратувчимиз билан мустаҳкам имон ришталарини боғлашимизга ёрдам беради (Рим. 8:35–39).

21 Кўриб турганимиздек, Яҳованинг йўл-йўриқларига бўлган ишонч ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Бундай имонга эга бўлиш учун кўп меҳнат қилишимиз зарур. Нима бўлганда ҳам ибодат орқали Яҳовага таянинг. Яҳова ўтмишда ниятларини қандай амалга оширгани ва келажакда буни қандай қилиши борасида мулоҳаза юритинг. Топинишда фаолиятли бўлиб, Яҳовага бўлган имонингизни мустаҳкамлашда давом этинг. Яҳованинг эслатмалари тоабад қолади. Агар сиз ушбу эслатмаларга диққатли бўлсангиз, абадий яшайсиз!