Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2013

Яҳованинг эслатмалари ишончлидир

Яҳованинг эслатмалари ишончлидир

Эгамизнинг фармонлари ишончлидир, ғўр ёшларга донолик беради. ЗАБ. 18:8

1. Худонинг халқи қайси мавзуларни муҳокама қилиб туради ва бундай такрорлаш бизга қанақа фойда келтиради?

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» муҳокамасига тайёрланаётиб, хаёлингизга: «Ахир биз бу мавзуни тадқиқ қилганмиз-ку»,— деган фикр келганми? Агар сиз Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига муайян вақт давомида қатнаётган бўлсангиз, айрим мавзулар вақти-вақти билан такроран муҳокама қилинишига эътибор бергандирсиз. Худонинг Шоҳлиги, тўлов, шогирд тайёрлаш иши ва севгию имон каби фазилатларни мунтазам тадқиқ қилиш, маънавий озуқамизнинг таркибига киради. Бундай мавзуларни такрорлаб туриш, бизга имонда соғлом ҳамда «Худо каломининг тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам бўлишга» кўмаклашади (Ёқб. 1:22).

2. а) Худонинг фармонлари деганда нима назарда тутилади? б) Худонинг эслатмалари одамларникидан нимаси билан фарқ қилади?

2 Ибронийчадан «фармонлар» деб таржима қилинган сўз, Худо Ўз халқига бериб турадиган қонунлар, амрлар ва қоидалар каби кўрсатмаларни ёки эслатмаларни назарда тутади. Одамлар чиқарган қонунлар кўпинча эскириб қолгани учун ўзгартирилиб, янгиланиб туради. Яҳованинг қонун-қоидалари эса аксинча, доимо ишончлидир. Гарчи улардан айримлари муайян вақтга ёки вазиятга тааллуқли бўлса-да, улар ҳеч қачон қадр-қимматини йўқотмайди. Сано ижодкори шундай деб ёзган эди: «Шартларинг [эслатмаларинг, ЯДТ] тоабад адолатлидир» (Заб. 118:144).

3, 4. а) Яҳованинг эслатмалари яна нимани ўз ичига олиши мумкин? б) Агар исроилликлар қулоқ солишганида қандай фойда олишарди?

3 Эҳтимол сиз, Яҳованинг эслатмалари баъзан огоҳлантириш тариқасида берилганига эътибор қилгандирсиз. Исроил халқи Худонинг пайғамбарларидан мунтазам равишда огоҳлантиришлар олиб туришган. Масалан, исроилликлар ваъда қилинган юртга киришига оз қолганда, Мусо пайғамбар қуйидаги  сўзлар билан уларни огоҳлантирган эди: «Эҳтиёт бўлинглар! Яна васвасага тушиб, йўлдан озманглар. Бошқа худоларга хизмат қилиб, сиғинманглар. Акс ҳолда Эгамиз сизлардан ғазабланади» (Қонун. 11:16, 17). Ҳа, Худо Ўз халқининг манфаати учун кўп маротаба огоҳлантиришлар бергани Муқаддас Китобда аниқ кўрсатилган.

4 Яна кўпгина бошқа вазиятларда ҳам Яҳова исроилликларни Ундан қўрқишга, Унинг сўзига қулоқ солишга ва Унинг исмини муқаддас тутишга чорлаган (Қонун. 4:29–31; 5:28, 29). Агар улар бу эслатмаларга қулоқ солишганида, шубҳасиз, кўпгина баракаларга эга бўлишарди (Лев. 26:3–6; Қонун. 28:1–4).

ХУДОНИНГ ЭСЛАТМАЛАРИГА ИСРОИЛЛИКЛАРНИНГ МУНОСАБАТИ

5. Нимага Яҳова шоҳ Ҳизқиё учун жанг қилган?

5 Исроилликларнинг воқеаларга бой тарихи мобайнида, Худо Ўз ваъдасини бажариб келган. Масалан, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига бостириб кириб, шоҳ Ҳизқиёни мағлуб қиламан, деб қўрқитганида, Яҳова фариштасини юбориб, Ўз халқига ёрдам берган. Ўшанда Худонинг фариштаси бир кечада Оссурия қўшинидаги «ҳамма баҳодир жангчиларни» қириб ташлаган. Оқибатда Санхарив шарманда бўлиб, ўз юртига қайтиб кетган (2 Сол. 32:21; 4 Шоҳ. 19:35). Нимага Худо шоҳ Ҳизқиё учун жанг қилган? Чунки «Ҳизқиё Эгамизга ниҳоятда содиқ бўлиб, Унинг йўлларидан озмади. Эгамиз Мусога берган амрларни ижро этди» (4 Шоҳ. 18:1, 5, 6).

Яҳованинг эслатмалари Йўшиёни ҳақ топинишни ҳимоя қилишга ундаган (6- хатбошига қ.)

6. Шоҳ Йўшиё Яҳовага таянганини қандай кўрсатган?

6 Яҳованинг амрларига итоат қилган яна бир киши, шоҳ Йўшиё эди. У саккиз ёшида тахтга ўтирган. Йўшиё кичкина бола бўлишига қарамай, «Эгамиз олдида тўғри ишлар қилди. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғмади» (2 Сол. 34:1, 2). Йўшиё юртни бутлардан поклаб, ҳақ топинишни тиклаган ва бу билан Яҳовага таянаётганини кўрсатган. Йўшиёнинг қилган иши нафақат ўзига, балки бутун халққа баракалар келтирган (2 Солномалар 34:33 ни ўқинг) *.

7. Исроилликлар Яҳованинг эслатмаларини рад этишгани қандай оқибатга олиб келган?

7 Афсуски, Худонинг халқи доим ҳам Яҳованинг эслатмаларига тўлиқ таянмаган. Асрлар оша улар Худога итоат қилиш-қилмаслик борасида иккиланиб келишган. Имонлари заифлашганда, улар худди ҳаворий Павлус ёзганидек, «ҳар турли таълимотнинг  шамолидан тўлқинланиб» юришган (Эфес. 4:13, 14). Оқибатда улар, башорат қилинганидек, Худонинг эслатмаларига таянмай қўйиб, бунинг аччиқ мевасини тотишган (Лев. 26:23–25; Ерм. 5:23–25).

8. Исроил халқининг мисолидан биз қандай сабоқ олсак бўлади?

8 Исроил халқининг мисолидан биз қандай сабоқ олсак бўлади? Улар сингари, Худонинг ҳозирги хизматчилари ҳам маслаҳат ва таълим-тарбия олиб туришади (2 Бутр. 1:12). Ҳар сафар Худонинг Каломини ўқиганимизда, бу бизга эслатма бўлиб хизмат қилади. Яҳова бизга ирода эркинлигини берган экан, биз Унинг амрларига итоат қилишни ёки ўз хоҳишимизча йўл тутишни танлашимиз мумкин (Ҳик. 14:12). Келинг, қайси сабабларга кўра Яҳованинг эслатмаларига таянишимиз мумкинлигини ва уларга қулоқ солиш қандай фойда келтиришини кўриб чиқайлик.

ХУДОГА ҚУЛОҚ СОЛИБ, ЯШАНГ

9. Исроилликлар саҳрода юришганда, Яҳова уларни қўллаб-қувватлаётганини қандай кўрсатган?

9 Исроилликлар «ваҳимали саҳро» бўйлаб 40 йил кезиб юришганда, Яҳова халқни қай йўсин етаклаб бориши, ҳимоялаши ва ғамхўрлик қилишини уларга аниқ тушунтирмаган. Аммо, Унга таянишса ва Унинг кўрсатмаларига амал қилишса, бу уларга фойда келтиришини турли йўллар билан намоён этган. Яҳова кундузи булут устуни, кечаси эса аланга устуни орқали исроилликларга, шу хавфли саёҳат давомида уларни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатган (Қонун. 1:19; Чиқ. 40:36–38). Яҳова уларнинг асосий эҳтиёжларини ҳам қондириб келган. Уларнинг «кийимлари тўзиб кетмади, оёқлари шишиб кетмади». Ҳа, «улар ҳеч нарсага муҳтожлик сезмадилар» (Нахим. 9:19–21).

10. Яҳова Ўз халқини бугунги кунда қандай бошқаряпти?

10 Бугунги кунда Худонинг хизматчилари адолатли янги дунё остонасида туришибди. «Буюк қайғу»дан омон қолишимиз учун Яҳова бизни энг зарурий нарсалар билан таъминлаб туришига ишонамизми? (Мат. 24:21, 22; Заб. 118:40, 41). Тўғри, Яҳова бизни янги дунёга етаклаб бориш учун булут ёки аланга устунидан фойдаланмайди. Лекин У Ўз ташкилоти орқали ҳушёр туришимизга ёрдам беряпти. Масалан, Муқаддас Китоб ўқиб, оилавий топиниш ўтказиб, йиғилишларга мунтазам қатнаб ҳамда хизматда фаол иштирок этиб, биз Яҳова билан дўстона муносабатимизни мустаҳкамлашимиз мумкин. Ушбу кўрсатмаларга амал қила олиш учун ҳаётимизга бирон ўзгариш киритдикми? Ахир, бу имонимизни мустаҳкам қилиб, янги дунёгача омон қолишимизга кўмаклашади-ку!

Яҳованинг эслатмаларига амал қилиш Йиғилиш Залларимизни хавфсиз сақлашга кўмаклашади (11- хатбошига қ.)

11. Худо бизга яна қайси соҳаларда ғамхўрлик қиляпти?

11 Бизга берилаётган кўрсатмалар, маънан ҳушёр туришимизга кўмаклашишдан ташқари, яна кундалик ҳаётимизда муҳим қарорлар чиқаришга ҳам ёрдам беради. Масалан, биз моддий нарсаларга тўғри муносабатда бўлишга ҳамда камроқ ташвишланиш учун оддий ҳаёт кечиришга чорланамиз. Шунингдек, кийим ва ташқи кўринишимиз қанақа бўлиши, фойдали ўйин-кулгини қандай танлаш ҳамда қаерда таҳсил олишни ҳал қилиш борасида бизга йўл-йўриқлар берилади. Уйда, машинада ва Йиғилиш Залида ўзимизни хавф-хатардан ҳимоялашимиз ҳамда фавқулодда вазиятларга тайёр бўлишимиз учун берилаётган эслатмалар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Бундай насиҳатлар, Худо бизнинг фаровонлигимиз учун қайғураётганини кўрсатиб турибди.

ЭСЛАТМАЛАР ИЛК МАСИҲИЙЛАРГА СОДИҚ ҚОЛИШГА КЎМАКЛАШГАН

12. а) Исо шогирдларига нима ҳақда тез-тез айтарди? б) Қайси камтарона ҳаракат Бутрусда катта таассурот қолдирган ва бу бизга қандай таъсир қилиши керак?

12 Биринчи асрда Худонинг халқига мунтазам  равишда эслатмалар бериларди. Исо ўз шогирдларига, камтарликни ривожлантириш зарурлиги ҳақида тез-тез айтиб турарди. Бироқ у, шогирдларига камтарлик нималигини айтибгина қолмай, ўз намунаси билан ҳам кўрсатган. Ер юзидаги ҳаётининг охирги кунида, Исо Фисиҳ байрамини нишонлаш учун ҳаворийларини йиққан. Ҳаворийлар овқатланиб ўтиришганда, Исо ўрнидан туриб, уларнинг оёқларини ювган — бу ишни одатда хизматкор қилар эди (Юҳан. 13:1–17). Бу камтарона ҳаракат шогирдларнинг қалбида ўчмас из қолдирган. Тахминан 30 йилдан кейин, мазкур воқеанинг гувоҳи бўлган ҳаворий Бутрус, имондошларига камтарлик борасида маслаҳат берган (1 Бутр. 5:5). Исонинг ўрнаги барчамизни, бир-биримизга нисбатан камтар бўлишга ундаши даркор (Филип. 2:5–8).

13. Исо шогирдларига қайси муҳим фазилатни ривожлантириш зарурлигини эслатиб турарди?

13 Исо шогирдлари билан кучли имонга эга бўлиш зарурлиги ҳақида ҳам суҳбатлашиб турарди. Бир марта улар жинга чалинган боладан ёвуз руҳни қувиб чиқара олишмаганда, Исодан: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик»,— деб сўрашган эди. Ўшанда Исо уларга: «Имонингизнинг сустлигидан»,— дея жавоб берган. Кейин, давом этиб: «Ишонаверинг: агар имонингиз хантал уруғидай бўлса... сизлар учун имконсиз нарса бўлмайди»,— деб айтган (Мат. 17:14–20). Ер юзидаги хизмати давомида Исо шогирдларига, имон муҳим фазилат эканлигини ўргатар эди (Матто 21:18–22 ни ўқинг). Биз, имонимизни мустаҳкамлаш имкониятидан фойдаланиб, анжуман ва йиғилишларда берилаётган фойдали маслаҳатларни қўллаяпмизми? Бу шунчаки қувончли учрашувлар эмас; бу Яҳовага таянаётганимизни намоён этиш имконидир.

14. Нега ҳозирги вақтда фидокорона севгини ривожлантириш муҳим?

14 Инжилда, бир-биримизга севгини намоён этиш ҳақида кўп марта эслатилган. Исо, энг муҳим амрлардан иккинчиси: «Яқинингни ўзингни севгандай сев»,— деб айтган эди (Мат. 22:39). Исонинг укаси Ёқуб ҳам севгини «шоҳнинг қонуни» деб атаганди (Ёқб. 2:8). Ҳаворий Юҳанно эса: «Азизларим, мен сизларга янги амр эмас, сизлар азалдан билган қадимги амрни ёзяпман»,— деган (1 Юҳан. 2:7, 8). Юҳанно «қадимги амр» деганда нимага ишора қилган? У севгини намоён этиш ҳақидаги амрга ишора қилган. Бу амрни Исо «азалдан», яъни бир неча ўн йил аввал бергани учун у «қадимги амр» эди. Аммо у «янги амр» ҳам эди, чунки кейинчалик, янги шароитларда шогирдлардан бир-бирига фидокорона севгини намоён этиш талаб қилинарди. Масиҳнинг шогирдлари эканмиз, яқинларимизга бўлган севгини емирувчи бу дунёга хос худбинлик руҳини ривожлантиришдан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги эслатмани қадрлаймизми?

15. Исонинг ер юзидаги энг муҳим вазифаси нима бўлган?

 15 Исо одамларнинг ҳаёти билан қизиққан. Бу унинг, касалларни соғайтирганидан ва ўликларни тирилтирганидан кўриниб турибди. Лекин Исонинг, одамларни жисмонан соғайтиришдан кўра муҳимроқ вазифаси бўлган. Унинг ваъз қилиш ва таълим бериш иши одамларнинг ҳаётига узоқ вақт давомида таъсир қиларди. Қандай қилиб? Биринчи асрда Исо соғайтирган ва тирилтирган инсонлар, вақти келиб қариб ўлишган. У ваъз қилган хабарни қабул қилганлар эса абадий яшаш умидига эга бўлишган (Юҳан. 11:25, 26).

16. Ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш иши бугунги кунда қанчалик кенг миқёсда олиб бориляпти?

16 Исо шогирдларига: «Боринглар, барча халқлардаги одамларга таълим бериб, менга шогирд тайёрланглар»,— деб амр этганди (Мат. 28:19). Биринчи асрда Исо бошлаб берган ишни унинг шогирдлари давом эттиришган. Бугунги кунда эса биз янада кўпроқ жойларда, янада кўпроқ одамларга ваъз қиляпмиз. Етти миллиондан ошиқ Яҳованинг Шоҳидлари 230 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларда Худонинг Шоҳлиги ҳақида ғайрат билан ваъз қилишяпти. Бу фаолият, охирзамонда яшаётганимиздан далолат беряпти.

ЯҲОВАГА ТАЯНИШДА ДАВОМ ЭТИНГ

17. Павлус билан Бутрус қанақа маслаҳат беришган?

17 Ҳа, эслатмалар биринчи асрдаги масиҳийларга имонда мустаҳкам туришга ёрдам берган. Ҳаворий Павлус Римда қамоқда бўлганида Тимўтийга: «Мендан эшитган соғлом сўзларнинг намунасини маҳкам ушла»,— деб ёзганди (2 Тим. 1:13). Бу эслатма Тимўтийга нақадар далда берганини бир тасаввур қилинг. Ҳаворий Бутрус ҳам имондошларини сабр-бардош, самимий биродарлик ва ўзини тута билиш каби фазилатларни ривожлантиришга чорлаб, шундай сўзларни ёзган: «Сизлар бу нарсаларни билишингизга ҳамда... ҳақиқатда маҳкам турганингизга қарамай, мен бу ҳақда доим сизларга эслатиб турмоқчиман» (2 Бутр. 1:5–8, 12).

18. Биринчи асрдаги масиҳийлар эслатмаларга қандай муносабатда бўлишган?

18 Дарҳақиқат, Павлус билан Бутрус мактубларида «муқаддас пайғамбарлар ёрдами билан айтилган сўзларни» эслатиб ўтишган (2 Бутр. 3:2). Биринчи асрда яшаган имондошларимиз бундай маслаҳатдан хафа бўлишганми? Йўқ. Зеро Худо уларни севиб, содиқ қолишларини истагани учун бу маслаҳатни берганини улар билишарди (2 Бутр. 3:18).

19, 20. Нима сабабдан Яҳованинг эслатмаларига ишонишимиз зарур ва бу бизга қандай фойда келтиради?

19 Ҳозирги вақтда, Муқаддас Китобда ёзилган Яҳованинг эслатмаларига ишонишимиз учун кўпгина сабаблар бор, чунки Унинг Каломи бекаму кўстдир (Ёшуа 23:14 ни ўқинг). Унинг саҳифаларида, Худо минглаб йиллар давомида номукаммал бандалари билан қандай муомала қилганлиги қаламга олинган. Бу воқеалар бизнинг фойдамиз учун ёзилган (Рим. 15:4; 1 Кор. 10:11). Биз Муқаддас Китобдаги башоратларнинг амалга ошаётганига гувоҳ бўляпмиз. Башоратларни олдиндан айтилган эслатмага ўхшатса бўлади. Масалан, охирзамонда миллионлаб инсонлар Яҳовага топиниш учун ҳақ динда бирлашиши башорат қилинган эди (Ишаё 2:2, 3). Дунёдаги аҳвол ёмонлашиб бориши ҳам Муқаддас Китобда башорат қилинган. Боз устига, юқорида айтиб ўтилганидек, бутун дунё бўйлаб воизлик ишининг кенг кўламда олиб борилаётгани, Исонинг сўзлари амалга ошганини кўрсатиб турибди (Мат. 24:14).

20 Парвардигоримиз биз учун ишончли воқеалар ёзилишига ғамхўрлик қилган экан, биз бундан фойда оляпмизми? Биз Унинг эслатмаларига ишонишимиз зарур. Роселлен исмли бир имондошимиз айнан шундай йўл тутяпти. «Яҳовага тўлиқ ишона бошлаганимда, У мени меҳр ила қўллаб-қувватлаётганини ва куч бахш этаётганини янада аниқроқ кўра бошлаганман»,— деб бўлишди у. Келинг, биз ҳам Яҳованинг эслатмаларидан фойда олишда давом этайлик.

[Изоҳ]

^ 6- х.б. 2 Солномалар 34:33: «Йўшиё Исроил халқига қарашли ҳамма ҳудудлардан макруҳ бутларни йўқотди. Исроил халқининг ҳаммасини Эгаси Худога сажда қилдирди. Унинг даврида халқ ота-боболарининг Худоси — Эгамиздан юз ўгирмай, Унга хизмат қилди».