Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) СЕНТЯБРЬ 2013

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Исо Лазарни тирилтиришга қодир бўлган бўлса, унда нега Юҳанно 11:35 да айтилганидек унинг кўзидан ёш оққан?

Биз учун қадрдон инсон ҳаётдан кўз юмса, айрилиқ азоби дастидан йиғлашимиз табиийдир. Юҳанно баёнотининг матн таркибидан яққол кўриниб турганидек, Исо учун Лазар яқин инсон бўлса-да, у дўстининг ўлими учун эмас, балки Лазарнинг оиласи ва дўстларининг қайғусини ўз қалбида ҳис қилгани учун йиғлаган (Юҳан. 11:36).

Исо Лазарнинг касал эканлигини эшитибоқ, уни даволаш учун зудлик билан уйига чопиб бормаган. Юҳаннонинг баёнотига кўра: «Лазарнинг касал эканини эшитган бўлса ҳам, Исо ўша жойда яна икки кун қолди» (Юҳан. 11:6). Унда нима учун Исо бу ишни пайсалга солган? Унинг бундай йўл тутишига асосли сабаби бўлган. У шундай дея айтган: «Ушбу касалликнинг охири ўлим билан эмас, аксинча, Аллоҳнинг шарафланиши билан тугайди, токи Худонинг Ўғли ҳам бу орқали улуғлансин» (Юҳан. 11:4). Қандай қилиб Лазарнинг касаллиги ўлим билан эмас, балки «Аллоҳнинг шарафланиши» билан якун топиши мумкин эди? Исо ҳайратда қолдирувчи мўъжиза орқали қадрдон дўстини қабрдан турғизди.

Исо шогирдлари билан бу ҳақда суҳбат қилаётиб дўстининг ўлимини уйқу билан солиштириб, шундай деган: «Мен уни [Лазарни] уйғотгани кетяпман» (Юҳан. 11:11). Исо учун Лазарни тирилтириш, ота-она мудраб қолган фарзандини турғизиши билан баробар бўлган. Шу боис, Исо айнан Лазарнинг ўлими туфайли куйинмаган.

Унда Исо нега йиғлаган? Келинг, яна бир бор ушбу воқеанинг матн таркибини қараб чиқайлик. Исо уни қаршилагани чиққан Лазарнинг синглиси Марям билан учрашганда, у Марямнинг ҳамда бошқаларнинг йиғлаётганини кўради ва «руҳан эзилиб, чуқур хўрсинади». Ҳа, бу кишиларнинг дардини қалбида чуқур ҳис қилиб, руҳан эзилгани учун Исонинг «кўзидан ёш оққан». Шубҳасизки, қадрдон дўстларининг изтироби, Исони чуқур қайғуга ботирган (Юҳан. 11:33, 35).

Ушбу воқеа, Исо Масиҳнинг қадрдон кишиларимизни ҳаётга қайтаришга ҳамда соғлиқ ато этишга кучи ва имкони борлигининг яққол далилидир. Бу бизга шунингдек, яқинларидан айрилган кишиларнинг қалбида бор бўлган азиятга Исонинг ҳамдард эканини қадрлашимизга ҳамда бундай кишиларнинг дардига шерик бўлишимизга ундайди.

Исо Лазарни тирилтира олишини билган. Бироқ бунга қарамай, дўстларига бўлган чуқур севгиси ва ҳамдардлиги уни кўз ёш тўкишга ундаган. Шунга ўхшаб, бошқаларни қайғусига ҳамдардлик бизни «йиғлаётганлар билан йиғлашга» ундайди (Рим. 12:15). Бундай айрилиқ азобини бошидан ўтказаётган киши дард-аламини изҳор қилса, у тирилишга бўлган умидини йўқотганлигини англатмайди. Исо Лазарни тирилтиришга қодир бўлган бўлса-да, яқинлари билан видолашганлар билан бирга кўз ёш тўкиб ҳамдардликни намоён этгани, биз учун ажойиб ўрнакдир!