Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Август 2013

Яҳова «ҳар кун оғирлигимни кўтаради»

Яҳова «ҳар кун оғирлигимни кўтаради»

Соғлигим заиф бўлгани учун баъзан бечораҳол кўринаман. Аммо мен ҳамиша самовий Отамизнинг меҳр ила мадад берганини ҳис қиламан. Шунинг учун, мана 20 йилдан зиёд кашшоф бўлиб Яҳовага хизмат қилганимдан бағоят хурсандман.

Мен 1956- йилда таваллуд топганман. Бироқ туғилганимда умуртқамда тешик борлиги аниқланди. Натижада юришим қийинлашиб, соғлигим билан турли хил муаммолар пайдо бўлди.

Туғилишимдан сал олдин Яҳова Шоҳидларининг махсус ваъзгўйлари ота-онам билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишни бошлашди. Ўша пайтлари бизнинг Усакос шаҳримизда (Намибия) бир-биридан узоқда яшайдиган озгина ваъзгўй бор эди холос. Шунинг учун биз жамоат учрашувлари учун мўлжалланган дастурни оила даврасида ўтказардик. Саккизга тўлганимда сийдик пуфагимга жиддий операция қилишди. 14 ёшимда эса менда тутқаноқ пайдо бўлди. Мактаб узоқлик қилгани ва ота-онамнинг ғамхўрлигига ҳамиша муҳтож бўлганим учун мактабни тугатиш ҳам насиб этмади.

Қандай бўлмасин, Яҳова билан муносабатларни мустаҳкам қилиш қарорим қатъий эди. Она тилим бўлмиш африкаансда адабиётлар кўп эмасди. Шунга мен инглиз тилини ўрганиб, кўп китобни тадқиқ қилдим. Мен ваъзгўй бўлиб, 19 ёшимда сувга чўмдим. Кейинги тўрт йил мобайнида мен жисмоний ва ҳиссий қийинчиликлар бошдан кечирдим. Қолаверса шаҳримизда ҳамма бир-бирини танигани учун, мен қўрқиб, унча ғайрат билан хизмат қилолмас эдим.

20 дан ошганимда биз Намибиядан Жанубий Африкага кўчдик ва ўшанда мен илк бор жамоат учрашувида бўлдим. Бу чиндан ҳам ажойиб эди! Бироқ шунда ичакларимга яна бир жиддий операция қилишди.

Бир қанча вақт ўтиб мен кашшофлик хизмати тўғрисида туман нозирининг нутқини эшитдим. Бу нутқ менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Тўғри, соғлигим ажойиб деб бўлмас эди, аммо Яҳова менга турли қийинчиликларда қандай ёрдам берганини кўрганман-ку. Шунинг учун мен доимий кашшоф бўлишга қарор чиқардим. Бироқ соғлигим заиф бўлгани сабаб, оқсоқоллар аризамга қўл қўйишга иккиланишарди.

Шунда мен имкон қадар хизматда тўлиқ иштирок этмоқчи бўлдим. Ойимнинг ва бошқаларнинг ёрдами билан мен олти ойдан кўпроқ кашшофлардан кутилган вақт талабини бажардим. Бу кашшоф бўлиш қароримни мустаҳкамлаб, соғлик муаммоларни назорат қила олишимни кўрсатди. Мен қайтадан кашшофлик хизматига ариза тўлдирдим ва бу сафар оқсоқоллар уни маъқуллашди. Шундай қилиб, мен 1988- йил 1- сентябрдан бошлаб доимий кашшофлар сафига қўшилдим.

Кашшоф сифатида мен Яҳованинг ёрдамини кўпроқ кўрдим. Бошқаларга маънан ёрдам бераётиб мен ўз аҳволимга ҳаддан ортиқ қайғурмасликка, балки Яҳова билан муносабатимни мустаҳкамлашга ўрганяпман. Баъзиларга ҳаётини Аллоҳга бағишлаб, сувга чўмишга кўмаклашганимдан эса бошим кўкка етяпти.

Тўғри, соғлигим тез-тез панд бериб туради. Лекин Яҳова «ҳар кун оғирлигимни кўтаради» (Заб. 67:20). У нафақат чидаб яшашимга, балки яшаётганимдан хурсанд бўлишга имконият берди!