Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) АВГУСТ 2013

Элишай оловли отлар ва жанг араваларини кўрди. Сиз-чи?

Элишай оловли отлар ва жанг араваларини кўрди. Сиз-чи?

Суриялик шоҳ Элишай пайғамбарнинг изидан бориб, уни Дўтан шаҳрида топди. Тунда у ўша ерга отлиқлар, жанг аравалари ва катта куч жўнатди. Тонгда улар шаҳарни ўраб олишди (4 Шоҳ. 6:13, 14).

Элишайнинг хизматкори ўрнидан туриб, ташқарига чиққанда, пайғамбарни олиб кетишга келган қўшинни кўрди. Шунда у: «Эвоҳ! Ҳазратим, энди нима қиламиз?» — деб сўради ундан. «Қўрқма,— деди Элишай,— чунки бизнинг ҳимоячиларимиз уларникидан жуда кўп». Кейин Элишай шундай деб илтижо қилди: «Эй, Эгам! Хизматкоримнинг кўзини оч, у кўрсин!» Сўнгра «Эгамиз хизматкорнинг кўзини очиб юборди. Элишайнинг атрофидаги қирлар оловли отлар ва жанг араваларига тўлиб кетганини хизматкор кўрди» (4 Шоҳ. 6:15–17). Элишайнинг ҳаётида юз берган ушбу воқеадан нимани ўргансак бўлади?

Сурияликлар шаҳарни ўраб олишганидан Элишай хотиржам эди, сабаби у Яҳовага таянарди ва Худо уни ҳимоялаганини кўрганди. Тўғри, бугунги кунда биз мўъжизалар бўлишини кутмаймиз, аммо Яҳова Ўз халқини гуруҳ сифатида ҳимоялашини тушунамиз. Бу, атрофимизда оловли отлар ва жанг аравалари бўлганини кўрсатиб турибди. Агар биз уларни имон кўзлари билан «кўрсак» ва ҳамиша Аллоҳ Яҳовага таянсак, У бизни «омон сақлаб» баракалар ёғдиради (Заб. 4:9). Келинг, Элишайнинг ҳаётида содир бўлган бошқа воқеалардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

ЭЛИШАЙ ИЛЁСГА ХИЗМАТ ҚИЛИШНИ БОШЛАДИ

Бир марта Элишай далада ишлаганда, Илёс пайғамбар унинг олдига келиб, чакмонини унинг устига ташлади. Бу ҳаракат нима англатишини Элишай биларди. У зиёфат уюштириб, ота-онаси билан хайрлашди-да, Илёсга хизмат қилиш учун уйни тарк этди (3 Шоҳ. 19:16, 19–21). Элишай Худога кўпроқ хизмат қилишга тайёр бўлгани учун, ўзини Яҳованинг қўлларига топшириб, охир-оқибат Илёснинг ўрнига пайғамбар сифатида хизмат қилди.

 Эҳтимол Элишай Илёсга олти йил хизмат қилгандир. Шу вақт мобайнида Элишай «Илёснинг қўлига сув қуйиб турар эди» (4 Шоҳ. 3:11 изоҳга қ.). Ўша пайтда санчқи, пичоқ ёки бунга ўхшаш бошқа нарсалар бўлмагани учун, одамлар одатда таомни қўллари билан ейишарди. Овқат еб бўлишгандан сўнг, хизматкор хўжайинининг қўлларига сув қуярди. Элишайнинг баъзи ишлари аҳамиятсиз бўлиб кўринар эди. Шунга қарамай, у бундай ўйламай Илёсга хизмат қилишни шараф деб биларди.

Бугун ҳам кўп масиҳийлар ҳар хил тўла вақтли хизматда иштирок этишяпти. Албатта бунга уларнинг имони ундаган ва Яҳовага бўлган хизматда бор кучини сарфлаб, имкон борича тўлиқ иштирок этишни исташяпти. Баъзи хизмат турлари улардан уйларини тарк этиб, кўпчилик аҳамиятсиз деб ўйлаган, масалан Байтилда, қурилиш ишларида ва бошқа хизмат турларида иштирок этишни талаб қиляпти. Ҳеч бир масиҳий ўз хизматини арзимас ёки аҳамиятсиз деб ўйламаслиги керак. Ахир Яҳова буни жудаям қадрлайди-ку! (Иброн. 6:10).

ЭЛИШАЙ ЎЗ ХИЗМАТ ТУРИГА ЁПИШИБ ОЛДИ

Эгамиз Илёсни қуюн ичида осмонга кўтариб кетишдан олдин, пайғамбарни Гилгалдан Байтилга юборди. Илёс хизматкори у билан бормаслигини айтганда, Элишай: «Сиздан ҳечам айрилмайман»,— деди. Йўлда кетаётиб, яна икки марта Илёс Элишайдан қолишни сўради, аммо фойдаси бўлмади (4 Шоҳ. 2:1–6). Рут Наимага боғланиб қолгандай, Элишай ҳам Илёсга ёпишиб олди (Рут 1:8, 16, 17). Нима учун? Боиси, Элишай Илёсга хизмат қилишдек Худодан олган топшириғини шараф деб биларди.

Элишай биз учун яхши намуна. Агар биз Худонинг ташкилотида қандайдир топшириқ олган бўлсак ва Яҳовага хизмат қилаётганимизни ёдда тутсак, биз уни ўта қадрлаймиз. Ахир бундан юқори шараф йўқ-ку (Заб. 64:5; 83:11).

«СЕН УЧУН НИМА ҚИЛАЙ»

Улар йўлда давом этишаркан, Илёс Элишайга айтди: «Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай?» Йиллар аввал ҳазрати Сулаймоннинг эътибори маънавий нарсаларга қаратилганидай, Элишай ҳам шундай йўл тутди. У Илёсдан: «Сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин»,— деб сўради (3 Шоҳ. 3:5, 9; 4 Шоҳ. 2:9). Исроилда тўнғич ўғил икки карра мерос оларди (Қонун. 21:15–17). Демак, Элишай Илёсдан маънавий меросни сўрагандай эди. Ҳа, эҳтимол Элишай Худо «учун кўп жон куйдирган» Илёсга ўхшаб, жасорат руҳига эга бўлмоқчи эди (3 Шоҳ. 19:13, 14).

Хўш, Илёс хизматкорнинг илтимосига қандай жавоб қайтарди? «Қийин нарсани сўраяпсан»,— деди Илёс. «Агар мен ёнингдан кўтарилиб кетаётганимни кўра олсанг, истаганинг бажо бўлади. Агар кўра олмасанг, бажо бўлмайди» (4 Шоҳ. 2:10). Эҳтимол Илёснинг жавоби икки маъноли эди. Биринчиси, Элишай сўраган нарсани фақат Худо ҳал қилиши керак эди. Иккинчиси, агар Элишай Илёс билан қолишга қарори қатъий бўлсагина бунга эриша оларди.

ЭЛИШАЙ НИМА КЎРДИ?

Элишай Илёсдан икки ҳисса кўп меросни сўраганда Худо бунга қандай қаради? Муқаддас Китобда қуйидагича ёзилган: «Улар йўлда суҳбатлашиб кетишаётган эди, бирдан олов отлар қўшилган олов арава пайдо бўлиб, уларнинг ўртасига елдек учиб келди. Илёс қуюн ичида осмонга чиқиб кетди. Шундай қилиб, икковлари бир-бирларидан айрилдилар. Элишай буни кўрди» *. Мана бу Элишайнинг илтимосига Яҳованинг жавоби бўлди. Элишай, Илёс ундан олинганини кўрди ва Илёснинг руҳидан икки ҳисса кўп мерос олиб, пайғамбар бўлди (4 Шоҳ. 2:11–14).

Элишай Илёсдан тушиб қолган чакмонини олиб кийди. Бу кийим энди Элишай Худонинг пайғамбари эканидан далолат берарди. Чунки кейинчалик у Иордан дарёсининг сувини икки томонга суриб мўъжиза яратди.

Шубҳасизки, Илёснинг қуюн ичида осмонга чиқиб кетаётганини кўриш, Элишайда катта таассурот қолдирди. Ҳадемай, бу киши олов отлар қўшилган олов аравани кўрди! Булар эса Элишайнинг илтимосига кўра Яҳованинг жавоби бўлганини исботларди. Тўғри, Аллоҳимиз ибодатларимизга жавоб берганда, биз олов отлар қўшилган олов аравани кўрмаймиз. Аммо Худонинг иродасини бажаришимиз учун, У бизга куч ато этишини кўришимиз мумкин. Яҳова ер юзидаги ташкилотига барака  ёғдираётганини кузатиб турганимизда, аслида биз Унинг самовий араваси қандай ҳаракатланаётганини «кўрамиз» (Ҳиз. 10:9–13).

Яҳованинг чексиз қудратига Элишай кўп маротаба ишонч ҳосил қилганди. Аслида, Аллоҳнинг руҳи пайғамбарни 16 та мўъжиза яратишига қобилиятли қилди. Бу эса Илёс пайғамбардан икки баробар кўпроқ эди *. Элишай икки марта оловли отлар ва жанг араваларини кўрди. Ушбу мақоланинг бошида бу воқеа Дўтан шаҳрида такрорлангани тасвирланганди.

ЭЛИШАЙ ЯҲОВАГА ТАЯНАРДИ

Дўтан шаҳрини душманлар қуршаб олишганига қарамай, Элишай хотиржам эди. Сабаби, у Яҳовага қаттиқ ишонарди. Бизда ҳам бундай имон бўлиши даркор. Шундай экан, келинг, бундай имонни ва муқаддас руҳнинг самараси бўлмиш бошқа фазилатларни намоён эта олиш учун, Худодан муқаддас руҳни сўрайлик (Луқо 11:13; Галат. 5:22, 23).

Шунингдек, Дўтан шаҳрида юз берган воқеа Элишайни янада кўпроқ Яҳовага ва Унинг кўринмас қўшинига таянишга ундади. Пайғамбар тушундики, Худо фаришталардан ташкил топган қўшини билан шаҳарни ва унинг атрофини ўраб олганди. Душманларни кўр қилиб, Тангри мўъжизавий равишда Элишайни ва унинг хизматкорини сақлаб қолди (4 Шоҳ. 6:17–23). Ўша ва бошқа хавфли вазиятларда Элишай имонини ва Яҳовага бутунлай таянганини кўрсатди.

Келинг, Элишай каби Тангри Яҳовага таянайлик (Ҳик. 3:5, 6). Агар бундай йўл тутсак, Худо меҳрибон бўлиб, бизга барака беради (Заб. 66:2). Тўғри, оловли отлар ва жанг араваларини том маънода кўрмаймиз, лекин «буюк қайғу» пайтида Яҳова умумжаҳон биродарлигимизни ҳимоялайди (Мат. 24:21; Ваҳ. 7:9, 14). Бу вақтгача эса, келинг «бизнинг паноҳимиз Худо» эканини ёдда тутайлик (Заб. 61:9).

^ 16- х.б. Илёс, Яҳованинг ва фаришталарнинг макони бўлмиш осмонга кўтарилмаганди. «Қўриқчи минораси»нинг 1997- йил 15- сентябрь сонидаги (рус) 15- саҳ. қ.

^ 19- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг (рус) 2005- йил 1- август сонидаги 10- саҳ. қ.