Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

Қўриқчи минораси (тадқиқ сони)  |  Июль 2013

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Қаерда бўлмасин Яҳовага ғайрат ила хизмат қилмоқдамиз

Қаерда бўлмасин Яҳовага ғайрат ила хизмат қилмоқдамиз

Мен ҳеч қачон ваъз қила олмайман, деб ўйлардим. Сабаби, хизматга чиқишим билан ҳаяжонланиб, оёқларим қалтирашни бошларди. Қолаверса, илк ҳудудим унча самарали эмасдек кўринарди. Баъзи одамлар жуда қўпол бўлиб, мени ҳатто дўппослаш ниятида эди. Шунинг учун, кашшофлик хизматимнинг биринчи ойида фақатгина битта рисола тарқатишга муваффақ бўлдим. (Маркус)

УШБУ воқеа 1949- йилда, яъни 60 йилдан кўпроқ вақт олдин бўлиб ўтганди. Аммо тарихим янада эртароқ бошланганди. Мен 1927- йилда Нидерландиянинг Дрентенинг шимолидаги Дондерен номли кичик бир қишлоқчада туғилганман. Оиламизда еттита фарзанд бўлиб, мен тўртинчиси эдим. Отам Хендрик этикдўз ва боғбон бўлиб ишларди. Уйимиз чанг йўл бўйида жойлашганди. Қўшниларимизнинг аксарияти фермер хўжалиги билан шуғулланарди ва менга бундай ҳаёт ёқарди. 1947- йилда, ёшим 19 да бўлганида, ҳақиқатни илк бор Теунус Бан исмли қўшнимдан эшитдим. Аввалига Теунусни ёқтирмасдим, аммо Иккинчи жаҳон уруши тугашидан кўп ўтмай, у Яҳованинг Шоҳиди бўлди ва чеҳра очиқ инсонга айланди. Унинг бундай ўзгариши мени ҳайратда қолдирди. Теунус менга, Худо ер юзида жаннат барпо этиши ҳақида айтиб берганида, уни завқ билан тинглардим. Шундай қилиб, мен ҳақиқатни қабул қилдим ва Теунус билан қалин дўст бўлиб қолдик *.

1948- йилда мен ваъз қила бошладим ва кейинги ой 20- июнда Утрехтда бўлиб ўтган вилоят анжуманида сувга чўмдим. 1949- йилда 1- январдан эса мен кашшофликни олдим ва мени Нидерландиянинг шарқида жойлашган Боркулодаги кичкина бир жамоатга тайинлашди. У ерга етиб боришим учун велосипедимда 130 километр йўл босиб ўтишим керак эди. Менга 6 соат етади деб ўйлардим, лекин жала қуйиб кучли шамол эсгани боис, 12 соатда  90 километр йўл юрдим. Ниҳоят мен ярим кечага яқин Яҳованинг Шоҳидлари яшаган бир уйга етиб келдим. Ўша ҳудудда хизмат қилган пайтимда ушбу оила билан бирга турардим.

Урушдан сўнги йиллари одамларда кам нарса бўлганди. Менда ҳам биттагина катта пиджак ва бир нечта калтагина шимим бор эди. Бошида айтиб ўтганимдай, Боркулодаги хизматим қийин кечди, аммо Яҳованинг ёрдами билан бир нечта Муқаддас Китоб тадқиқини бошладим. Тўққиз ойдан сўнг мени Амстердамга тайинлашди.

ҚИШЛОҚДАН ШАҲАРГА

Қишлоқдаги ҳаётга ўрганиб қолган мен, эндиликда Нидерландиянинг энг йирик шаҳри Амстердамга тушиб қолдим. У ердаги хизматим роса самарали бўлганди. Биринчи ойдаёқ мен олдинги тўққиз ойга қараганда кўпроқ адабиёт тарқатдим. Шунингдек, мен тез орада камида саккиз киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказардим. Мени жамоат хизматкори қилиб тайинлашганида эса (ҳозир оқсоқоллар кенгашининг раиси деб аталади) илк бор оммавий нутқни сўзлашга таклиф қилиндим. Нутқни айтиш вақти келиб қолай деганда, мени бошқа жамоатга тайинлашди ва елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди, чунки нутқ сўзлаш мен учун мураккаб вазифа эди. Лекин ўша пайтда йиллар оша 5 000 дан зиёд нутқлар билан чиқишимни ҳатто ҳаёлимга ҳам сиғдира олмас эдим!

Тепада: 1950- йили Амстердамда Маркуснинг (ўнг тарафда) кўчада хизмат қилиши

1950- йили майда мени Харлемга тайинлашди. Кейин эса менга туман нозири бўлишни таклиф қилишди. Мен уч тун базўр ухлаб, охири, филиалда хизмат қилаётган Роберт Винклер исмли биродарга бу топшириқни бажаришга қобилиятим етмаслигини айтдим. Лекин у менга: «Ҳеч қиси йўқ. Ҳужжатни тўлдираверинг, ўрганиб оласиз»,— деб жавоб берди. Шу йўсинда, мен бир ой таълим олиб, туман нозири сифатида хизмат қила бошладим. Жамоатларнинг бирига ташриф буюрганимда, Жейн Таатген исмли ёқимтой ёш кашшоф сингил билан танишиб қолдим. У Яҳовани қаттиқ севиб, фидойи руҳга эга эди. Хуллас, биз 1955- йилда турмуш қурдик. Бироқ, ҳикоямни давом этишимдан олдин, Жейн қандай қилиб кашшоф бўлганини айтиб беради.

ЭРУ ХОТИН СИФАТИДА ХИЗМАТ ҚИЛЯПМИЗ

Жейн. 1945- йилда, 11 яшарлигимда ойим Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Муқаддас Китобни болаларга ўргатиш муҳимлигини тушуниб, у дарҳол бизга, учта фарзандга таълим бера бошлади. Аммо дадам бунга қарши бўлгани учун, у буни уйда йўқлигида қиларди.

Мен борган биринчи учрашув 1950- йилда Гаага шаҳрида бўлиб ўтган вилоят анжумани эди. Бир ҳафтадан сўнг эса мен Ассендаги (Дренте) Йиғилиш Залидаги учрашувга бордим. Дадам бундан ғазабланиб, мени уйдан ҳайдаб юборди. Ойим эса: «Энди қаерда яшашингни яхши биласан, қизим»,— деб айтди. У биродару опа-сингилларимизни назарда тутганини тушундим.  Аввалига уйимизга яқин турган имондош оиланикида яшадим. Аммо дадам менга турли тўсиқлар қилгани учун, мен 95 километр узоқдаги Девентердаги (Оверэйсел) жамоатга кўчиб ўтдим. Бироқ мен вояга етмаганим боис, дадамда ҳукумат билан муаммо пайдо бўлди ва у мени уйга чақиришга мажбур бўлди. Гарчи дадам ҳеч қачон ҳақиқатни қабул қилмаган бўлса ҳам, йиғилишларга боришимга ҳамда ваъзгўйликка чиқишимга рухсат берадиган бўлди.

Пастда: 1952- йили Жейннинг (ўнг тарафда) кўмакчи кашшофлик пайти

Уйга қайтганимдан сал вақт ўтиб, ойим оғир касал бўлиб қолди ва уйдаги барча ишлар менинг елкамга тушди. Шунга қарамай, мен маънан ўсиб, 1951- йилда 17 ёшга тўлганимда сувга чўмдим. 1952- йилда ойим тузалганидан сўнг, мен учта кашшоф опаларимиз билан бирга икки ой кўмакчи кашшоф бўлиб хизмат қилдим. Биз қайиқда яшаб, Дрентедаги иккита шаҳарчада ваъз қилардик. 1953- йилда мен доимий кашшоф бўлдим. Бир йил ўтар-ўтмас, жамоатимизга ёш туман нозири келди. Бу Маркус эди. Биз жуфт бўлиб Яҳовага яхшироқ хизмат қиламиз деб, 1955- йил майда турмуш қурдик (Воиз 4:9–12).

Ўнг тарафда: 1955- йили тўй кунимиз

Маркус. Тўйимиздан кейин бизни Вендамга (Гронинген) кашшоф қилиб тайинлашди. У ерда биз иккига уч метр бўлган кичик бир хонада яшай бошладик. Бунга қарамай Жейн уни шинам ва кўркам қилиб қўйди. Ҳар кечаси эса биз стол ва иккита кичкина стулни бир четга суриб, деворнинг ичига ўрнатилган каравотни чиқарар эдик.

Олти ой ўтгач, бизни Бельгияга кўчма нозирлик хизматига таклиф қилишди. 1955- йилда ўша давлатда бор-йўғи 4 000 ваъзгўй бор эди. Ҳозир эса бу рақам олти карра кўпайди! Бельгиянинг шимолида жойлашган Фландрияда одамлар нидерланд тилида гаплашишарди-ю, аммо шевалари фарқ қилгани сабаб, бу тилни ўрганишимизга тўғри келди.

Жейн. Кўчма нозирлик хизмати янада кўпроқ фидойиликни талаб қиларди. Биз велосипедларимизда жамоатма-жамоат юриб, имондошларимизнинг уйларида қолардик. Ўзимизнинг тайин жойимиз бўлмагани боис, жамоатда душанбагача қолиб, сешанба эрталаб кейинги жамоатга ташриф буюриш учун йўлга чиқардик. Лекин бу хизматда ҳамиша Яҳованинг марҳаматини кўрардик.

Маркус. Аввалига жамоатларда ҳеч кимни танимасак ҳам, имондошларимиз бизга меҳрибон бўлиб, меҳмондўстлик кўрсатишарди (Иброн. 13:2). Йиллар ўтиб, биз Бельгиянинг нидерланд тилида гапирадиган барча жамоатларга бир неча бор ташриф буюрдик. Бундан биз анча баракалар кўрдик. Мисол учун, биз нидерланд тилидаги вилоятда бўлган барча биродару опа-сингилларимиз билан танишиб олдик ва ҳар бири бизга азиз бўлиб қолди. Кўз ўнгимизда жисмонан ва маънан юзлаб ёшлар ўсиб-улғайди. Улар ўзини Яҳовага бағишлаб, Унинг иродасини бажаришни ҳаётларида биринчи ўринга қўйишди. Яҳовага тўла вақтли хизмат  қилаётган кўплаб содиқ кишиларни кўриш катта барака (3 Юҳан. 4). Бундай далда хизматимизни чин дилдан давом эттиришимизга ҳисса қўшарди (Рим. 1:12).

КАТТА СИНОВ ВА ҚЎШИМЧА БАРАКА

Маркус. Турмуш қурганимиздан кейин бизнинг орзуимиз Гилад мактабида ўқиш эди. Шунинг учун биз ҳар куни камида бир соат инглиз тилини ўрганишга бағишлардик. Аммо тилни шунчаки китоблардан ўрганиш етарли эмаслигини тушуниб, таътил пайтида Англияга бориб, у ерда ваъз қилардик. Ниҳоят 1963- йилда Бруклиндаги Халқаро идора марказидан иккита хат келди. Бири менга, иккинчиси Жейнга аталганди. Менинг хатимда Гилад мактабининг ўн ойлик махсус таълимга таклиф бор эди. Бу таълим асосан биродарларга ташкилий йўл-йўриқ беришга қаратилгани сабаб, 100 та талабадан 82 та биродар чақирилганди.

Жейн. Мен олган хатда эса, Маркус Гилад мактабида ўқигунича, Бельгияда қолиб туришим ҳақида ибодат ила ўйлаб кўриш тавсия этиларди. Тўғрисини айтсам, аввалига хафа бўлдим. Гўёки қилган уринишларимга Яҳова барака бермаётгандай кўринарди. Аммо Гилад мактабининг мақсади ҳақида обдан ўйладим. Ахир, уни битирганлардан ер юзи бўйлаб хушхабарни ваъз этиш фаолиятини охиригача етказиш кутиларди. Шунинг учун мен Бельгияда қолишга ва махсус кашшоф сифатида хизматимни давом эттиришга рози бўлдим. Мен тажрибали махсус кашшоф Анна ва Мария Колпарт исмли опа-сингилга қўшилдим.

Маркус. Инглиз тилини яхшилашим кераклиги боис, мени Мактаб бошланишидан беш ой олдин таклиф қилишди. Бруклинга етиб келиб, мен Адабиётларни юбориш ва Хизмат бўлимларида ишладим. Халқаро идора марказидан Осиё, Европа ва Жанубий Америкага адабиётлар юбориш билан шуғулланиб, халқаро биродарликка қандай ғамхўрлик қилиш кераклигини янада яхшироқ билиб олдим. Айниқса Расселл биродаримиз пайтидан бошлаб пилигрим тариқасида (ҳозир кўчма нозир деб аталади) хизмат қилаётган А. Макмиллан биродаримизни яхши эслаб қолдим. Сабаби, ёши улғайган ва қулоғи умуман эшитмайдиган бўлиб қолганига қарамай, йиғилишларни умуман қолдирмасди. Бу менда катта таассурот қолдириб, имондошлар билан мулоқот қилиш туҳфани оддий ҳол деб қабул қилмасликка ўргатди (Иброн. 10:24, 25).

Жейн. Маркус билан ҳафтада бир неча бор ёзишиб турардик. Ахир бир-биримизни роса соғинардик-да! Хуллас, эрим Гилад мактабида таълим оларди, мен эса хизматимдан катта қувонч топардим. Маркус Қўшма Штатлардан қайтганида, мен 17 киши билан тадқиқ ўтказардим! 15 ойга айрилиш биз учун катта синов бўлди, аммо Яҳова фидойилигимиз учун бизга баракалар бераётганини сезардим. Маркус қайтиб келган куни барча режалар орқага сурилди. Самолёт қўниши билан бир-биримизни қучоқлаб, ҳўнграб йиғладик ва бундан буён умуман айрилмас эдик.

ХИЗМАТИМИЗНИНГ ҲАР ТУРИ УЧУН МИННАТДОРМИЗ

Маркус. 1964- йили декабрь ойида Гиладдан қайтганимда, бизни Байтилга тайинлашди. Лекин бу бизнинг доимий хизмат қилиш жойимиз бўлмаган экан. Уч ой ўтгач, бизни Фландрияга вилоят нозирлик қилишга тайинлашди. Алзен  ва Элис Вигерма исмли жуфтлик Бельгияга махсус ваъзгўй сифатида жўнатилганда, улар вилоят нозирлик хизматига тайинланишди ва биз яна Байтилга қайтдик. У ерда мен Хизмат бўлимида ишладим. 1968- йилдан то 1980- йилгача биз ҳар хил хизмат турларида, жумладан, Байтил ва кўчма нозирлик хизматида иштирок этдик. Охири, 1980- йилдан то 2005- йилгача биз яна вилоят нозирлик ишини бажардик.

Тўғри, бизни ҳар хил хизмат турига тайинлашарди, лекин биз Яҳовага бутун қалб билан хизмат қилишга ўзимизни бағишлаганимизни ҳеч қачон унутмасдик. Қандай хизматни ўтамайлик, бундан қувонч топардик ва хизмат туримиз ўзгарганида, бу, Шоҳлик манфаатлари олға сурилишига ҳисса қўшишини тан олардик.

Жейн. Маркус 1977- йили Бруклинга ва 1997- йили Паттерсонга Филиал қўмитаси аъзолари учун берилган қўшимча ўқишга борганида, мен унга ҳамроҳ бўлиш шарафига сазовор бўлдим.

ЯҲОВА ЭҲТИЁЖЛАРИМИЗНИ БИЛАДИ

Маркус. 1982- йилда Жейн бир операцияни бошдан кечирди. Уч йилдан сўнг эса Лёвендаги жамоат меҳр ила бизга Йиғилиш Залининг болохонасидан жой ажратиб берди. Мана 30- йил дегунча ўзимизнинг жойимиз ҳам пайдо бўлди. Лекин сешанба кунлари навбатдаги жамоатга ташриф буюриш учун нарсаларимизни йиққанимизда, мен 54 та зинапоядан бир неча бор тушиб-чиқишимга тўғри келарди. 2002- йилда бизга биринчи қаватдан жой қилиб берилганидан миннатдор эдик. Ёшим 78 дан ўтганида, бизни Локерен шаҳарчасига махсус кашшоф қилиб тайинлашди. Бундан бахтиёрмиз ва ҳали ҳануз кунига ваъзгўйликда иштирок этиб келяпмиз.

«Биз қаерда ва қанча эмас, кимга хизмат қилишимиз муҳимлигини тушунардик»

Жейн. Биргаликда биз 120 йилдан зиёд тўла вақтли хизматни ўтаганмиз! Яҳованинг «сени ҳечам ташлаб кетмайман» ва «ҳеч қандай камчилик кўрмайсан» деган ваъдалари амалга ошганининг гувоҳи бўлдик. Фақат Унга садоқат ила хизмат қилсак бас (Иброн. 13:5; Қонун. 2:7).

Маркус. Биз ёшлигимиздан ҳаётимизни Яҳовага бағишладик. Ҳеч қачон ўзимиз учун улуғ нарса изламадик. Ҳар қандай хизмат турини бажаришга шай турдик. Боиси, биз қаерда ва қанча эмас, кимга хизмат қилишимиз муҳимлигини тушунардик.

^ 5- х.б. Йиллар ўтиб ота-онам, бир опам ва иккита укам Яҳованинг Шоҳиди бўлишди.