Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2013

«Доимо сизлар билан бўламан»

«Доимо сизлар билан бўламан»

Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан. МАТ. 28:20

1. а) Буғдой ва бегона ўтлар ҳақида масални айтиб беринг. б) Исонинг ўзи масални қандай тушунтириб берди?

ИСО Осмон Шоҳлигига оид масаллар ичида яхши уруғлар орасида душман бегона ўт уруғларини сепиб кетгани ҳақида айтиб берди. Бегона ўтлар буғдой орасида ўсиб чиққанига қарамай, хўжайин хизматкорларига: «Иккови ҳам ўрим-йиғимгача ўсаверсин»,— деб буюрибди. Ўрим-йиғим пайтида эса бегона ўтлар ёқиб юборилса, буғдой омборга йиғилибди. Кейинчалик Исонинг ўзи бу масални тушунтириб берди (Матто 13:24–30, 37–43 ни ўқинг). Хўш, унинг маъноси қандай экан? («Буғдой ва бегона ўтлар» номли рамкага қ.)

2. а) Буғдой ва бегона ўтлар тўғрисидаги масалда Исо нимани кўрсатмоқчи эди? б) Ушбу масалнинг қайси жараёни ҳақида фикр юритамиз?

2 Ушбу масалда Исо, инсоният ичидан буғдойларни таърифлайдиган мойланган масиҳийларнинг қандай қилиб ва қачон йиғиб олинишини кўрсатмоқчи эди. Чунки улар Исо билан биргаликда унинг Шоҳлигида бошқаришлари керак. Уруғ сепиш милодий 33- йил Ҳосил байрамида бошланганди. Йиғиб олиниш эса охирзамонда мойланганларнинг ер юзида қолган қисмининг пешонасига муҳр босилиб, осмонга кўтарилишганида тугайди (Мат. 24:31; Ваҳ. 7:1–4). Тоғ тепасида туриб бутун манзарани яхши кўргандай, бу масал тахминан 2 000 йил давомида содир бўладиган воқеаларни бизга ёритиб беради. Хўш, Худонинг Шоҳлиги билан боғлиқ қандай воқеалар содир бўлар экан? Бу уруғ сепиш, ўсиш ва ўрим-йиғим жараёнидир. Ушбу мақолада биз асосан ўрим-йиғим ҳақида фикр юритамиз. *

ИСОНИНГ ЭЪТИБОРИ ОСТИДА

3. а) Биринчи асрдан сўнг нима пайдо бўлди? б) Матто 13:28 га биноан кимлар ва нимани сўрашганди? (Шунингдек изоҳга қ.)

3 Иккинчи асрнинг бошида «бегона ўтлар ҳам ўсиб  чиқди», яъни христиан олами пайдо бўла бошлади (Мат. 13:26). Тўртинчи асрга келиб мойланган масиҳийларга қараганда, христиан олами анча кенгайди. Эсингизда бўлса, хизматкорлар хўжайиндан бегона ўтларни юлиб ташлашга ижозат сўрашганди * (Мат. 13:28). Хўжайин қандай жавоб берган экан?

4. а) Хўжайин бўлмиш Исонинг жавобидан қандай хулоса қилишимиз мумкин? б) Буғдойни таърифлайдиган масиҳийлар қачон кўрина бошлади?

4 Буғдой ва бегона ўтлар ҳақида Исо: «Қўяверинглар, иккови ҳам ўрим-йиғимгача ўсаверсин»,— деб жавоб берди. Бундан хулоса, биринчи асрдан то ҳозиргача ер юзида буғдойни тасвирлайдиган мойланган масиҳийлар бўлиб келганди. Ахир, Исонинг ўзи шогирдларини: «Бу замонанинг охиригача мен доимо сизлар билан бўламан»,— деб ишонтирганди (Мат. 28:20). Ҳа, Исо мойланган масиҳийларни доимо ҳимоя қилиб, уларни охирзамонгача етаклаб келганди. Аммо улар бегона ўтлар билан биргаликда узоқ пайт давомида ўсишгани учун буғдойни кимлар таърифлагани аниқ эмас. Қандай бўлмасин, ўрим-йиғим бошланишидан бир неча ўн йил олдин буғдой кўрина бошлади. Хўш, бу қандай содир бўлган экан?

«ЙЎЛНИ ҲОЗИРЛАЙДИГАН» ЭЛЧИ

5. Малаки пайғамбарнинг башорати биринчи асрда қандай амалга ошди?

 5 Исо буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масални айтишдан бир неча аср олдин, Яҳова Малаки пайғамбар орқали Исонинг масалида акс этадиган баъзи воқеаларни башорат қилганди (Малаки 3:1–4 ни ўқинг). Йўлни ҳозирлайдиган элчи Яҳё пайғамбар бўлиб чиқди (Мат. 11:10, 11). У милодий 29- йилда хизматини бошлаганида, Исроил халқини ҳукм қилиш пайти яқинлашиб қолганди. Исо иккинчи элчи бўлиб чиқди.  У Қуддусдаги маъбадни икки марта тозалаганди. Биринчиси хизматини бошлаганида ва иккинчиси хизмати ниҳоясига етаётган пайтда эди (Мат. 21:12, 13; Юҳан. 2:14–17). Демак, Исонинг тозалаш иши муайян вақт давомида бўлганди.

6. а) Малакининг башорати каттароқ миқёсда қандай амалга ошди? б) Исо рамзий маъбадда қайси пайт давомида текшириш ўтказган? (Шунингдек изоҳга қ.)

 6 Малакининг башорати каттароқ миқёсда қандай амалга ошди? 1914- йилдан бир неча ўн йил илгари Ч. Т. Расселл ва унинг яқин ҳамкорлари Яҳё пайғамбар қилган ишни бажаришга киришишди. Улар Муқаддас Китоб ҳақиқатларини тиклаш каби муҳим ишга бел боғлашди. Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари Масиҳнинг тўлов қурбонлигининг маъносини тушунтиришган, дўзах сохта таълимот эканини фош этишган ва ёт халқларнинг даврони ўз ниҳоясига етаётганини эълон қилишганди. Аммо ўша пайтда ўзларини Масиҳнинг издошлари деб атайдиган бир неча диний гуруҳлар бор эди. Хўш, улардан қайси бири буғдойни таърифлайди? Бу саволга жавоб топиш учун Исо 1914- йилда рамзий маъбадни тозалашга тушди. Бу тозалаш ва текшириш иши муайян пайт, яъни 1914- йилдан то 1919- йилнинг бошигача давом этганди. *

ТЕКШИРИШ ВА ТОЗАЛАШ ЙИЛЛАРИ

7. Исо текшириш ишини 1914- йилда бошлаганда нима аён бўлди?

7 Исо текшириш ишини бошлаганда нима аён бўлди? Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларининг кичик гуруҳи 30 йилдан кўпроқ куч ва маблағларини ваъзгўйлик фаолиятига сарфлашаётганди. * Шайтоннинг бегона ўтлари бўғиб қўя олмаган озгина, аммо соғлом буғдой бошоқларини кўриб, Исо ва фаришталар қанчалик қувонишгандир-а!  Бироқ, мойланганлар бўлмиш «Леви авлодини тозалашга» эҳтиёж бўлганди (Мал. 3:2, 3; 1 Бутр. 4:17). Нега дейсизми?

8. Тадқиқотчилар билан 1914- йилдан кейин нима юз берди?

8 Муқаддас Китоб Тадқиқотчиларидан айримларининг ҳафсаласи пир бўлди, сабаби, улар 1914- йилнинг охирида осмонга кўтарилишмади. 1915- ва 1916- йиллар давомида ташкилотга қарши чиққанлар ваъзгўйлик фаолиятини сусайтирди. Афсуски 1916- йили октябрда Расселл биродаримизнинг вафотидан кейин ташкилотнинг ичида ҳам қарши чиққанлар пайдо бўлди. Қўриқчи Минораси Жамиятининг еттита раҳбаридан тўрттаси Рутерфорд биродаримиз етакчилик қилаётганига қарши чиқишди. Улар биродарлар орасида бўлинишлар яратишга уринишди-ю, аммо 1917- йили августда Байтилни тарк этишди. Бу билан тозалаш содир бўлди! Қолаверса, Тадқиқотчилардан баъзилари одамлардан қўрқиш тузоғига илинишганди. Қандай бўлмасин, гуруҳ сифатида улар Исонинг тозалаш ишига тўғри муносабатда бўлиб, керакли ўзгаришларни қабул қилишди. Ўшандан бери Исо уларни буғдой сифатида қабул қилди, лекин христиан оламини ва уларга тегишли бўлган барчани рад этди (Мал. 3:5; 2 Тим. 2:19). Кейин нима содир бўлди? Буни билиш учун келинг, буғдой ва бегона ўтлар масалига қайтайлик.

ЎРИМ-ЙИҒИМ ПАЙТИ БОШЛАГАНДАН БЕРИ НИМАЛАР СОДИР ЭТИЛДИ?

9, 10. а) Ўрим-йиғим вақти давомида содир бўлиши керак бўлган нималарни кўриб чиқамиз? б) Ўрим-йиғим пайти давомида биринчи бўлиб нима қилиняпти?

9 «Ўрим-йиғим — охирзамон»,— деб тушунтирганди Исо (Мат. 13:39). Ўрим-йиғим пайти 1914- йилда бошланганди. Ҳозир эса биз ушбу вақт давомида содир бўлиши керак бўлган бешта жараённи кўриб чиқамиз.

10 Биринчиси: бегона ўтларни йиғиш. Исо шундай деганди: «Ўрим-йиғим пайти келганида, мен ўроқчиларга, аввал бегона ўтларни йиғиб, боғ-боғ қилишни... буюраман». 1914- йилдан сўнг фаришталар бегона ўтларни таърифлайдиган христиан оламини «йиғиб», «шоҳлик ўғилларидан» ажратиб қўйишяпти (Мат. 13:30, 38, 41).

11. Ҳозиргача масиҳийларни христиан оламидан нима ажратиб туради?

11 Йиғиб олиниш иши давом этар экан, иккита гуруҳнинг орасидаги фарқи аниқроқ кўринганди (Ваҳ. 18:1, 4). 1919- йилдан буюк Бобилнинг қулаши аён бўлди. Масиҳийларни христиан оламидан нима ажратиб турарди? Ваъзгўйлик фаолияти. Тадқиқотчилар орасида раҳбарликни ўз зиммасига олганлар учун, Шоҳлик хабарини шахсан ваъз қилиш ишида иштирок этиш қийинчилик туғдирарди. Масалан, 1919- йилда нашр этилган «Бу фаолият кимга топширилган?» номли рисолада барча мойланган масиҳийлар уйма-уй ваъз қилиш кераклиги ҳақида айтиб ўтилганди. Унда шундай ёзилганди: «Бу фаолият улкан бўлиб кўриняпти, лекин Ҳазратимизнинг ёрдами билан биз албатта унинг уддасидан чиқамиз. Сиз эса унга ҳиссангизни қўшиш шарафига эгасиз». Хўш, натижалар қандай бўлди? Кейинчалик 1922- йилнинг «Қўриқчи минораси»да хабар берилганидек, Тадқиқотчилар ваъзгўйлик фаолиятида олға қадам босишди. Ўшандан бери то ҳозиргача уйма-уй хизмати масиҳийларни ажратадиган белги бўлиб қолди.

12. Қачондан бошлаб буғдойлар тўплаб келиняпти?

12 Иккинчиси: буғдойларни омборга тўплаш. Исо: «Буғдойларни омборимга тўплашни буюраман»,— деб айтди (Мат. 13:30). 1919- йилдан фаришталар мойланганларни масиҳийларнинг тикланган жамоатига тўплаб келишяпти. Охирзамонда тирик қолган мойланганлар учун тўпланиш  эса, улар осмонда ўз мукофотини олган пайтда амалга ошади (Дон. 7:18, 22, 27).

13. Ваҳий 18:7 да буюк Бобилнинг бир қисми бўлмиш христиан оламининг ҳозирги аҳволи қандай тасвирланган?

13 Учинчиси: йиғлаб, тишларини ғижирлатиш. Фаришталар бегона ўтларни боғ-боғ қилиб йиғишгандан кейин нима содир бўлиши керак? Бегона ўтларнинг аҳволи ҳақида Исо шундай деди: «Улар у ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади» (Мат. 13:42). Бу ҳозир юз беряптими? Йўқ. Бугунги кунда буюк Бобилни тасвирлайдиган фоҳиша ўзи ҳақида: «Мен тул эмас, маликаман ва ҳеч қачон қайғу чекмайман»,— деб айтмоқда (Ваҳ. 18:7). Масалан, буюк Бобилнинг бир қисми бўлмиш христиан олами ўзини «маликадек» тутиб, сиёсий раҳбарларга ўз ҳукмини ўтказяпти. Ҳозирги пайтда бегона ўтларни тасвирлайдиганлар йиғлашмаяпти, аксинча кеккайиб юришибди. Аммо бу кўпга чўзилмайди.

Сиёсий раҳбарлар билан яқин ҳамкорлик қилаётган христиан олами яқинда йўқ қилинади (13- хатбошига қ.)

14. а) Қачон ва нега христиан олами «тишларини ғижирлатади»? б) Қандай қилиб Матто 13:42 тушунчамизни ўзгартириб, Забур 111:10 га уйғун бўлиб чиқди? (Изоҳга қ.)

14 Буюк қайғу пайтида барча сохта динлар йўқ қилинганда, уларнинг тарафдорлари қочиб, яширинишга уринишади, аммо бирон-бир паноҳ топа олишмайди (Луқо 23:30; Ваҳ. 6:15–17). Ўшанда улар нажот топа олмаганини тушунишади ва зор йиғлаб, ғазабланганидан «тишларини ғижирлатишади». Буюк қайғу ҳақида Исо башорат қилганидек, ўша зулмат пайтда улар «фиғон чекиб, кўксиларига уришади» * (Мат. 24:30; Ваҳ. 1:7).

15. Бегона ўтлар билан нима бўлади ва қачон?

15 Тўртинчиси: ёнаётган ўчоққа ташланиш. Боғ-боғ қилиб йиғилган бегона ўтлар билан кейин нима бўлади? Фаришталар уларни «ёнаётган ўчоққа ташлайдилар» (Мат. 13:42). Бу бутунлайин йўқ қилинишни англатади. Ҳа, сохта дин тарафдорлари буюк қайғунинг авж нуқтаси бўлмиш Армагеддонда барҳам топишади (Мал. 4:1).

16, 17. а) Буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масалда Исо охирги қайси воқеани ёритиб ўтди? б) Нега бу воқеа ҳали олдинда деб айта оламиз?

16 Бешинчиси: қуёш каби порлаш. Ўз башоратини Исо қуйидаги сўзлар билан якунлади: «Ўшанда одиллар Оталарининг шоҳлигида қуёш каби порлайдилар» (Мат. 13:43). Бу қачон ва қаерда бўлар экан? Бу ҳали олдинда. Чунки Исо ер юзида бажариладиган ишларни эмас, балки осмонда содир бўладиган воқеаларни башорат қилганди. * Келинг, бундай дейишимизнинг иккита сабабини кўриб чиқайлик.

17 Биринчидан, «қачон»? Исо: «Ўшанда  одиллар... порлайдилар»,— деб айтганди. Бу ибора Исо ҳозиргина гапириб ўтган нарсаларга, яъни бегона ўтлар ёнаётган ўчоққа ташланишига ишора қилаётганини кўрсатяпти. Ушбу воқеалар эса буюк қайғунинг охирида юз бериши керак. Хулоса, мойланганларнинг «порлаши» ҳам келажакка тааллуқли. Иккинчидан, «қаерда»? Исо «одиллар Оталарининг шоҳлигида... порлайдилар» деб тушунтирганди. Бунинг маъноси қандай? Буюк қайғунинг бошланиш қисми тугаганида, ер юзида тирик қолган барча содиқ мойланганларнинг пешонасига муҳр босилиб чиқилган бўлади. Кейин буюк қайғу тўғрисидаги Исонинг башоратига биноан, улар осмонда йиғилишади (Мат. 24:31). Айнан ўша ерда, яъни «Оталарининг шоҳлигида» мойланганлар порлаб, Армагеддон жангидан кўп ўтмай «Қўзининг... келини» сифатида Исо билан бирга бўлишдан қувонишади (Ваҳ. 19:6–9).

БИЗ УЧУН ФОЙДАСИ

18, 19. Буғдой ва бегона ўтлар тўғрисидаги Исонинг масалини тушуниш бизга қандай фойда келтиряпти?

18 Мазкур масалнинг амалга ошишини кўриб чиқиш биз учун қандай фойдаси бор? Келинг, бунинг учта томонини кўриб чиқамиз. Биринчиси, бу бизнинг тушунчамизни чуқурроқ қилади. Ушбу масалдан нега Яҳова ёмонлик бўлишига йўл қўяётганининг муҳим сабабини билиб оляпмиз. У «раҳм-шафқат идишларини», яъни буғдойни тасвирлайдиганларни ҳозирлаш учун, «ҳалокатга тайёр турган идишлар мисоли инсонларга чидаб келган» * (Рим. 9:22–24). Иккинчиси бу, ишончимизни мустаҳкамлайди. Охират яқинлашиб келяпти экан, душманларимиз қаршиликларини кучайтиришади, лекин улар бизни «енга олишмайди» (Еремиё 1:19 ни ўқинг). Яҳова асрлар оша буғдойларни сақлаб келгани каби самовий Отамиз Ўз Ўғли Исо ва фаришталари ёрдами билан «доимо» бизлар билан бўлишади (Мат. 28:20).

19 Учинчиси, бу масал бизга буғдойларни аниқлашга ёрдам беряпти. Нега бу ўта муҳим? Буғдойларни ким тасвирлашини билиш, охирзамон борасидаги башоратда Исо кўтарган саволларга жавоб топишга кўмаклашяпти. Зеро у: «Ишончли ва ақлли хизматкор ким?» — деб сўраганди (Мат. 24:45). Кейинги иккита мақола ушбу саволга жавобни тақдим этади.

 

^ 2- х.б. 2- хатбоши: Масалнинг бошқа қисмларини ёдга олиш учун, «Қўриқчи минораси»нинг 2010- йил 15- март сонидаги «Солиҳлар қуёш каби порлайдилар» номли мақолани ўқиб чиқишингизни сўраймиз.

^ 3- х.б. 3- хатбоши: Ҳаворийлар ўлганидан кейин ер юзида қолган мойланганлар буғдой билан тасвирлангани учун, ушбу масалдаги хизматкорлар уларни эмас, балки фаришталарни билдиради. Масалда кейинчалик тасвирланган ўроқчилар ҳам айнан фаришталарни англатади (Мат. 13:39).

^ 6- х.б. 6- хатбоши: Бу янги тушунчадир. Олдин биз Исо 1918- йилда текшириш ўтказган деб ўйлардик.

^ 7- х.б. 7- хатбоши: Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари 1910- йилдан то 1914- йилгача 4 миллион китоб ҳамда 200 миллион буклама ва рисолалар тарқатишди.

^ 14- х.б. 14- хатбоши: Бу, Матто 13:42 нинг янги тушунчасидир. Олдин адабиётларимизда «шоҳлик ўғиллари» христиан оламини фош қилиб, улар «ёвуз Шайтоннинг ўғиллари» деб ўн йиллаб ваъз қилишгани сабаб бегона ўтларни тасвирлайдиганлар «йиғлаб, тишларини ғижирлатишади» деб ўйлагандик (Мат. 13:38). Аммо эътиборли томони шуки, тишларни ғижирлатиш йўқ қилиниш билан боғлиқ (Заб. 111:10).

^ 16- х.б. 16- хатбоши: Дониёр 12:3 да «Донолар [мойланган масиҳийлар] мусаффо осмон каби яшнайдилар» деб ёзилганини ўқиймиз. Ер юзида улар буни ваъзгўйлик фаолияти билан бажаришяпти. Аммо Матто 13:43 да улар осмон Шоҳлигида порлашлари ҳақида айтиляпти. Олдин биз бу иккала оят ваъзгўйлик ишига тааллуқли деб ўйлардик.

^ 18- х.б. 18- хатбоши: «Яҳова Таолога яқинлашинг» номли китобнинг (рус) 288–289- саҳ.