Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮЛЬ 2013

«Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради?»

«Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради?»

Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз? МАТ. 24:3

1. Ҳаворийлар каби биз ҳам нимани билишга қизиқамиз?

ИСОНИНГ хизмати ўз якунига етиб қолай деган пайтда, унинг шогирдлари келажакда уларни нима кутаётгани билан қизиқишади. Шунинг учун ҳам Исонинг ўлимидан бир неча кун олдин, тўртта ҳаворий ундан шундай деб сўрайди: «Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замона охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» (Мат. 24:3; Марк 13:3). Жавобан Исо диққатга сазовор кўп воқеаларни ўз ичига олган башоратларни айтади ва уларни Матто 24- ва 25- бобларида ўқишимиз мумкин. Унинг сўзлари чуқур маънога эга бўлиб, биз учун ниҳоятда муҳим, чунки бизни ҳам келажакда нима кутаётганини очиб беради.

2. а) Йиллар оша нима ҳақда тушунчамиз ойдинлашди? б) Қандай учта саволни кўриб чиқамиз?

2 Яҳованинг хизматчилари ибодат ила Исонинг охирзамон ҳақидаги башоратларни йиллар оша тадқиқ қилишади. Сабаби, улар Исонинг сўзлари қачон бажарилиши кераклигини тушунишга интилишади. Тушунчамиз қандай ойдинлашганини билиш учун келинг, «қачон» сўзини ўз ичига олган учта саволни кўриб чиқамиз. «Буюк қайғу» қачон бошланиши керак? Исо «қўйларни эчкилардан ажратиб» қачон ҳукм қилиши лозим? Исо қачон «келиши» ёки қайтиши даркор? (Мат. 24:21; 25:31–33).

БУЮК ҚАЙҒУ ҚАЧОН БОШЛАНИШИ КЕРАК?

3. Буюк қайғу борасида олдин қандай ўйлаганмиз?

3 Бир неча йиллар давомида буюк қайғу 1914- йилда Биринчи жаҳон уруши билан бошланган, деб ўйлаганмиз. Қолаверса, 1918- йилда Яҳова урушнинг «кунларини қисқартиргани» учун, мойланганларнинг қолган қисми барча халқларга хушхабарни тарқатишга муваффақ бўлади, деб ҳисоблаганмиз (Мат. 24:21, 22). Ваъзгўйлик фаолияти ўз якунига етганида эса, Шайтоннинг дунёси йўқ қилиниши керак. Шундай  экан, буюк қайғу учта қисмга бўлинади: бошланиши (1914–1918), тўхталиши (1918–ва кейин) ва Армагеддонда якун топиши.

4. Охирзамон тўғрисидаги башоратни синчковлик билан ўрганиш натижасида нима аён бўлди?

4 Исо айтган сўзларини синчковлик билан ўрганиш натижасида, охирзамон тўғрисидаги башоратнинг иккита бажарилиши борлигини тушундик (Мат. 24:4–22). Бири Яҳудияда милодий биринчи асрда ўз тасдиғини топган бўлса, иккинчиси дунё миқёсида бизнинг давримизда амалга ошиши керак. Бундай тушунча қўшимча ойдинлик киритди. *

5. а) 1914- йилда қандай давр бошланди? б) Бу «тўлғоқнинг бошланиши» биринчи асрнинг қайси пайтга ўхшаш?

5 Боз устига, буюк қайғу 1914- йилда бошланмаганини тушундик. Негаки, Муқаддас Китоб башоратига биноан, буюк қайғу халқлар аро урушдан эмас, балки сохта динга ҳужум қилинишдан бошланади. Ҳа, 1914- йилда бошланган воқеалар «тўлғоқнинг бошланиши» эди холос (Мат. 24:8). Бу «тўлғоқнинг бошланиши» милодий 33–66- йиллари Яҳудиядаги Қуддусда бўлган воқеаларга ўхшаш.

6. Буюк қайғу бошланишини нимадан билса бўлади?

6 Буюк қайғу бошланишини нимадан билса бўлади? Исо шундай деганди: «Дониёр пайғамбар орқали башорат қилинганидай, вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи фаҳмлаб олсин), Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин» (Мат. 24:15, 16). «Муқаддас жойда туришнинг» биринчи бажарилиши милодий 66- йилда Рим қўшини («жирканч нарса») Қуддусга ва унинг маъбадига (яҳудийларнинг назарида муқаддас жойига) ҳужум қилиши билан амалга ошди. Катта миқёсда унинг бажарилиши эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (замонавий «жирканч нарса») христиан оламига  (христианлар учун муқаддас ҳисобланади) ва буюк Бобилнинг қолган қисмига ҳужум қилганда амалга ошади. Ушбу ҳужум Ваҳий 17:16–18 да тасвирланган. Бу воқеалар билан буюк қайғу бошланади.

7. а) Биринчи асрда «жонзот» қандай қилиб тирик қолди? б) Келажакда нимани кутишимиз мумкин?

7 Исо шунингдек: «Бу кунлар қисқартирилади»,— деб айтганди. Аввалига бу башорат милодий 66- йилда, Рим қўшинининг ҳужум қилиши «қисқартирилганда» амалга ошди. Ўшанда «жонзот», яъни Қуддус ва Яҳудиядаги мойланган масиҳийлар қочиб тирик қолишларига замин яратилди (Матто 24:22 ни ўқинг; Мал. 3:17). Шундай экан, бизнинг пайтимизда буюк қайғу бошланганида нимани кутишимиз мумкин? Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сохта динга ҳужум қилганда, Яҳова буни «қисқартиради», яъни сохта динга қўшиб ҳақ топинишнинг йўқ қилинишига йўл қўймайди. Бу дегани, Худонинг халқи сақланиб қолинади.

8. а) Буюк қайғунинг бошланиш қисми тугаганида қандай воқеалар амалга ошади? б) 144 000 мойланганлардан қолган қисми осмонга қачон кўтарилишади? (Изоҳга қ.)

 8 Буюк қайғунинг бошланиш қисми тугаганида нималар содир бўлади? Ҳазрати Исонинг сўзларига кўра, Армагеддон келгунига қадар муайян бир пайт бўлади. Ушбу пайтда қандай воқеалар амалга ошади? Бунинг жавобини Ҳизқиё 38:14–16 ва Матто 24:29–31 да (ўқинг) топишимиз мумкин. * Бундан сўнг биз буюк қайғунинг авж нуқтаси бўлмиш Армагеддон жанги ҳақида ваъз қиламиз. Буни эса милодий 70- йилда Қуддус вайрон қилингани билан солиштириш мумкин (Мал. 4:1). Ҳа, буюк қайғу, унинг авж нуқтаси бўлмиш Армагеддон жанги билан ўзгача, «дунё пайдо бўлганидан бери бунақаси ҳали бўлмаган» бир ҳодиса бўлади (Мат. 24:21). Булар содир бўлгандан сўнг эса Масиҳнинг ниҳоятда ажойиб Минг йиллик бошқаруви бошланади.

9. Буюк қайғу тўғрисидаги Исонинг башорати Яҳованинг халқига қандай таъсир қилади?

 9 Буюк қайғу тўғрисидаги башоратлар бизни мустаҳкамлайди. Боиси, қандай қийинчиликларга дуч келмайлик, Яҳованинг халқи гуруҳ каби буюк қайғудан омон ўтади (Ваҳ. 7:9, 14). Устига-устак, Армагеддон келишидан хурсандмиз, чунки Яҳова Ўз ҳокимиятининг афзаллигини тасдиқлаб, муқаддас исмини намоён қилади (Заб. 82:19; Ҳиз. 38:23).

ИСО «ҚЎЙЛАРНИ ЭЧКИЛАРДАН АЖРАТИБ» ҚАЧОН ҲУКМ ҚИЛИШИ ЛОЗИМ?

10. Қўйларни эчкилардан ажратиб, ҳукм қилиш пайти ҳақида олдин нима деб ўйлардик?

10 Энди эса Исо айтган бошқа башоратни, аниқроғи, Исо қўйларни эчкилардан ажратиб, ҳукм қилиш пайтни кўриб чиқайлик (Мат. 25:31–46). Олдин биз 1914- йилдан бошлаб одамлар қўй ва эчкилардан ажратилиб, ҳукм қилиняпти деб ўйлардик. Демак, хушхабарни қабул қилмай буюк қайғу келишидан олдин ўлган одамлар эчкиларни таърифлайди ва ҳеч қачон тирилмайди деб ҳисоблардик.

11. Нега қўйларни эчкилардан ажратиш 1914- йилда бошланмаган деб айта оламиз?

11 Матто 25:31 да қуйидагича ёзилган: «Инсон Ўғли ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келганда, ўзининг улуғвор тахтига ўтиради». 1990- йилларнинг ўрталарида «Қўриқчи минораси»да бу оят қайтадан қараб чиқилиб, Исо чиндан ҳам Худонинг Шоҳлигида 1914- йилда Шоҳ қилиб тайинлангани, аммо «барча халқлар» устидан Ҳакам бўлиш учун «улуғвор тахтига» ҳали ўтирмагани ҳақида тушунтирилганди (Мат. 25:32; Дониёр 7:13 ни солиштиринг). Бироқ қўйларни эчкилардан ажратиш тўғрисидаги масалда Исо айнан Ҳакам сифатида тасвирланганди (Матто 25:31–34, 41, 46 ни ўқинг). 1914- йилда Исо барча халқлар устидан ҳакамлик қилишни бошламаган экан, демак қўйларни эчкилардан ажратиш ўша йили бошланмаслиги керак эди. * Бўлмасам бу ишни Исо қачон бошлайди?

12. а) Барча халқлар устидан Исо илк бор қачон Ҳакам бўлади? б) Матто 24:30, 31 ва Матто 25:31–33, 46 да қандай воқеалар тасвирланган?

 12 Исонинг охирзамон ҳақидаги башорати шуни кўрсатмоқдаки, сохта дин йўқ қилинганидан кейингина, у ҳамма халқлар устидан ҳакамлик қилишни бошлайди.  8- хатбошида айтилганидай, бу пайтда содир бўладиган баъзи воқеалар тўғрисида Матто 24:30, 31 да ёзилган. Ушбу оятларни яхшилаб ўрганиб чиқсангиз, Исо башорат қилган ҳодисалар қўйларни эчкилардан ажратиш масалига ўхшаш эканини пайқайсиз. Масалан, Инсон Ўғли ўз улуғворлигида барча фаришталар билан бирга келади; унинг олдида барча халқлар тўпланишади; қўй бўлиб чиққанлар «бошларини кўтаришади», сабаби улар «мангу ҳаётга эга» бўлишади *; эчки бўлиб чиққанлар эса «абадий йўқ бўлиб кетишини» тушуниб, «фиғон чекиб, кўксларига уришади» (Мат. 25:31–33, 46).

13. а) Қачон Исо қўйларни эчкилардан ажратгандай, барча халқларни ҳукм қилади? б) Қандай қилиб бу таълимот хизматимизга бўлган муносабатимизга таъсир қилиши керак?

13 Хўш, қандай хулоса қилишимиз мумкин? Исо буюк қайғу пайтида келганда, қўйларни эчкилардан ажратгандай, барча халқларни ҳукм қилади. Шунда буюк қайғунинг авж нуқтаси бўлмиш Армагеддонда эчкини таърифлайдиган одамлар мангу йўқ қилинади. Хўш, бу таълимот хизматимизга бўлган муносабатимизга қандай таъсир қилиши керак? Албатта, бу ваъзгўйлик фаолиятимиз муҳим иш эканини тан олишга ёрдам беради. Ҳали буюк қайғу бошланмади экан, одамлар тафаккурини ўзгартириб, «ҳаётга олиб борадиган» йўлдан юришни бошлашларига вақти бор (Мат. 7:13, 14). Тўғри, ҳозирдан бошлаб одамлар ўзларини  қўй ёки эчки эканини кўрсатиши мумкин. Қандай бўлмасин, ким қўй ёки ким эчки экани буюк қайғу пайтдаги ҳукмда билинишини ёдда тутишимиз даркор. Шундай экан, Шоҳлик хушхабарини айтишда давом эттиришга жой куйдирсак яхши бўларди, токи иложи борича кўплаб одамлар уни эшитиб, қабул қилсин.

Ҳали буюк қайғу бошланмади экан, одамлар тафаккурини ўзгартириши мумкин (13- хатбошига қ.)

ИСО ҚАЧОН «КЕЛИШИ» ЁКИ ҚАЙТИШИ ДАРКОР?

14, 15. Қайси тўртта оят Масиҳнинг келажакда Ҳакам сифатида келишига ишора қиляпти?

 14 Исонинг башоратини синчковлик билан кўриб чиқиш, бошқа муҳим воқеаларнинг содир бўлиш вақти борасидаги тушунчамизни ўзгартириши керакми? Бунга жавобини башоратнинг ўзидан билиб оламиз. Келинг, уни кўриб чиқамиз.

15 Матто 24:29–25:46 да ёзилган башоратда, Исо асосан охирзамон ва келадиган буюк қайғу пайтида нима бўлишига диққат қаратди. Ўша оятларда Исо ўзининг «келиши» ёки «қайтиши» тўғрисида саккиз марта айтиб ўтяпти. * Буюк қайғу борасида у шундай деди: «Улар Инсон Ўғлининг куч-қудрат ва шон-шуҳрат билан булутлар узра келаётганини кўришади». «Ҳазратингиз қайси куни келишини билмайсизлар». «Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади». Қўй ва эчкилар тўғрисидаги масалда Исо: «Инсон Ўғли ўз улуғворлигида... келади»,— деб таъкидлади (Мат. 24:30, 42, 44; 25:31). Мазкур тўртта гап Масиҳнинг келажакда Ҳакам сифатида келишига ишора қиляпти. Хўш, Исонинг башоратида қолган тўрттасини яна қаерда топишимиз мумкин?

16. Яна қайси бошқа оятларда Исонинг келиши тўғрисида айтиб ўтиляпти?

16 Ишончли ва ақлли хизматкор борасида Исо шундай деди: «Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир!» Қизлар тўғрисидаги масални сўзлаганда Исо: «Ақлсиз қизлар мой сотиб олишга кетганда, куёв келибди»,— деб айтди. Кумуш ҳақидаги масални айтиб берганда Исо шундай деди: «Анча вақтдан сўнг, хўжайин сафардан қайтибди». Ўша масалда хўжайин: «Мен қайтиб келгач, пулимни фоизи билан олардим»,— деб айтди (Мат. 24:46; 25:10, 19, 27). Хўш, ушбу тўртта воқеа Исонинг келиши қайси вақтга тўғри келяпти?

17. Матто 24:46 да айтиб ўтилган «келиши» тўғрисида илгари қандай ҳисоблардик?

 17 Ўтмишда биз адабиётларимизда охирги тўртта айтиб ўтилган фикрни Исонинг 1918- йилда келиши ёки қайтишига қўллаб келгандик. Мисол тариқасида Исонинг «ишончли ва ақлли хизматкор» тўғрисидаги баёнотни олайлик (Матто 24:45–47 ни ўқинг). 46- оятдаги «келиши», Исо 1918- йилда мойланганларнинг маънавий ҳолатини текшириш учун келган ва хўжайинга тегишли бўлган бор мол-мулки устидан тайинланиши 1919- йилда содир бўлган, деб ҳисоблаганмиз (Мал. 3:1). Бироқ Исонинг башоратини яхшироқ кўриб чиқиш, Исонинг башоратдаги муайян воқеалар содир бўлиш вақти борасидаги тушунчамизга ўзгартириш киритиш кераклигига ишора қиляпти. Нега дейсизми?

18. Исонинг башорати тўлиқ инобатга олинса, Исонинг келиши тўғрисида қандай хулоса чиқаришимизга ёрдам беряпти?

18 Матто 24:46 дан олдинги оятлардаги «келиш» сўзи, Исонинг буюк қайғу пайтида ҳукмни эълон қилиш ва ижро этиш учун келадиган вақтига ишора қиляпти (Мат. 24:30, 42, 44). Боз устига,  12- хатбошида муҳокама қилинганидек, Матто 25:31 да айтиб ўтилган Исонинг «келиши» келажакдаги ҳукм пайтига тааллуқлидир. Бундан хулоса, Матто 24:46, 47 да айтиб ўтилган бор мол-мулки устидан ишончли хизматкорни тайинлаш учун Исонинг келиши, унинг буюк қайғу пайтда келажакдаги келишига оид. Аслини олганда, Исонинг башорати тўлиқ инобатга олинса, барча саккизта оят, Исонинг келажакда келиши, буюк қайғуда бўладиган ҳукм пайтига тааллуқлидир.

19. Таълимотларимизда қандай ўзгаришларни кўриб чиқдик ва келаси мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?

19 Кўриб чиққан нарсалардан нимани билиб олдик? Мақоланинг бошида биз «қачон» сўзини ўз ичига олган учта саволни кўтардик. Аввал, биз буюк қайғу 1914- йилда эмас, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буюк Бобилга ҳужум қилганда бошланиши кераклигини кўриб чиқдик. Сўнгра, Исонинг қўйларни эчкилардан ажратиб, халқлар устидан ҳукм қилиши 1914- йилда эмас, буюк қайғу пайтида бошлашини билдик. Охири эса биз нима учун Исо ишончли хизматкорни бор мол-мулки устидан 1919- йилда эмас, буюк қайғу пайтда келганида тайинлашини муҳокама қилдик. Хуллас, учта «қачон» сўзи айнан ўша келажак пайтга, яъни буюк қайғуга тегишли. Хўш, ушбу янги ўзгаришлар ишончли хизматкор борасидаги масалга бўлган тушунчамизга қандай таъсир қилиши керак? Шунингдек, бу бошқа масалларга ёки охирзамон пайтда бажарилиши керак бўлган Исонинг бошқа масалларига бўлган тушунчамизга қандай таъсир қилиши лозим? Ушбу муҳим саволларни биз келаси мақолада кўриб чиқамиз.

 

^ 4- х.б. 4- хатбоши: Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 1994- йил 15- февраль 8–21- саҳ. ҳамда 1999- йил 1- май 8–20- саҳ. қ.

^ 8- х.б. 8- хатбоши: Содир бўлган воқеалар ичида «танлаган кишиларни йиғиш» ҳақида ҳам айтиб ўтилган (Мат. 24:31). Бу дегани, буюк қайғунинг бошланиш қисми тугаганида, аммо Армагеддон жанги бошланишидан олдин ер юзида қолган мойланганлар қандайдир тарзда осмонга кўтарилишига ишора қилади. Ушбу таълимот «Қўриқчи минораси»нинг 1990- йил 15- август 30- саҳ. келтирилган «Ўқувчиларнинг саволлари» мақоласидаги фикларни ўзгартиради.

^ 11- х.б. 11- хатбоши: «Қўриқчи минораси»нинг 1995- йил 15- октябрь 18–28- саҳ. қ.

^ 12- х.б. 12- хатбоши: Луқо 21:28 даги ўхшаш баёнотга қ.

^ 15- х.б. 15- хатбоши: Юнонча «эрхомай» феъли «келиш» ёки «қайтиш» сўзлари билан таржима қилинган.