Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2013

Яҳованинг фазилатларини кўпроқ қадрланг

Яҳованинг фазилатларини кўпроқ қадрланг

Cевикли болалар сингари Аллоҳга тақлид қилинглар. ЭФЕС. 5:1

1. а) Яҳованинг қайси фазилатларини кўриб чиқса бўлади? б) Худонинг фазилатларини ўрганиб чиқиш қанақа фойда келтиради?

ЯҲОВА тўғрисида ўйлаганингизда Унинг қайси фазилатлари эсингизга келади? Кўпчилигимиз Унинг севгиси, адолати, донолиги ва қудрати ҳақида ўйлаймиз. Аммо Яҳованинг яна кўпгина ажойиб фазилатлари бор. Йиллар давомида адабиётларимизда улардан тахминан 40 таси муҳокама қилинган эди. Шахсий ёки оилавий тадқиқда Яҳованинг шахсиятини очиб берадиган маълумотларни топиш қанчалик мароқли бўлишини бир тасаввур қилинг! Бундай тадқиқ бизга қанақа фойда келтириши мумкин? Бу бизни, самовий Отамизнинг фазилатларини кўпроқ қадрлашга ундайди. Натижада Унга яқинлашиш ва тақлид қилиш истагимиз кучаяди (Ёшуа 23:8; Заб. 72:28).

2. а) Яҳованинг фазилатларини кўпроқ қадрлашимизга нима ёрдам беришини мисол орқали тушунтириб беринг. б) Биз нимани кўриб чиқамиз?

2 «Қадрлаш» деганда нима назарда тутилади? Ушбу мақолада бу сўз, бирор нарсанинг қадрига етишни англатади. Бу нарсанинг қадр-қиммати эса кундан-кунга ошиб бориши мумкин. Мисол учун, бирорта янги таомни биринчи марта ҳидлаб кўриб, оз-оздан тотиб, мазасини билганимиздан кейингина, унинг қадр-қимматини тушунамиз ва ўзимиз ҳам уни пиширгимиз келади. Шунга ўхшаб, агар Яҳовани таниб-билишда, У ҳақда фикрлашда ва Унга тақлид қилишда давом этсак, Унинг фазилатларини кўпроқ қадрлаймиз (Эфес. 5:1). Бу ва кейинги иккита мақолаларнинг мақсади — Худонинг асосий фазилатларидан кўра камроқ мулоҳаза юритиладиган фазилатларини янада кўпроқ қадрлашга кўмаклашишдир. Ҳар бири ҳақида гап борганда, у нимани англатиши, Яҳова уни қандай намоён этиши ҳамда Яҳовага тақлид қилиб, биз бу фазилатни қандай намоён этишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.

 ЯҲОВА КЎНГЛИ ОЧИҚ ХУДОДИР

3, 4. а) Сиз кимнингдир кўнгли очиқ эканини қандай тасвирлаб берардингиз? б) Яҳова кўнгли очиқлигига бизни қандай ишонтиряпти?

3 Келинг, аввал бу фазилатни кўриб чиқайлик. Сиз кимнингдир кўнгли очиқ эканини қандай тасвирлаб берардингиз? Эҳтимол сиз: «У меҳрибон, унинг ёнига бемалол бориб гаплашса бўлади»,— дерсиз. Одамнинг кўнгли очиқ ёки очиқ эмаслигини, унинг нима деяётганидан ҳамда ўзини қандай тутаётганидан, жумладан имо-ишоралари, юз-чеҳраси ва бошқа белгилардан билиб олиш мумкин.

4 Яҳова кўнгли очиқлигини қандай намоён этяпти? Гарчи У бепоён оламнинг қудратли Парвардигори бўлса-да, ибодатларимизни эшитиб, жавоб беришни хоҳлаётганига бизни ишонтирмоқда (Забур 144:18; Ишаё 30:18, 19 ни ўқинг) *. Биз Худога, хоҳлаган вақтда ва хоҳлаган жойда бемалол мурожаат қила оламиз. Бу учун У бизни урушиб беради, деб қўрқмасак ҳам бўлади (Заб. 64:3; Ёқб. 1:5). Худонинг Каломида Яҳова ҳақида инсонга тушунарли сўзлар билан ёзилганидан, У бизга яқинлашишни истаётганини кўриш мумкин. Мисол учун, сано ижодкори Довуд, Яҳова тўғрисида: Унинг «кўзлари солиҳлардадир» ёки «ўнг қўлинг мени қаттиқ ушлар», деб куйлаган (Заб. 33:16; 62:9, Туркия 1998). Ишаё пайғамбар эса Яҳовани чўпон билан таққослаб: «Қўзиларни қўлларида кўтаради. Уларни кўтариб, бағрига босади»,— деб ёзган (Ишаё 40:11). Бир тасаввур қилинг-а! Яҳова, биз ғамхўр чўпоннинг бағрида ётган қўзичоқ каби Унга яқин бўлишимизни хоҳлар экан. Қандай кўнгли очиқ самовий Отамиз бор-а! Биз бу борада Яҳовага қандай тақлид қилишимиз мумкин?

БЕБАҲО ФАЗИЛАТ

5. Оқсоқоллар кўнгли очиқ бўлиши нега шунчалик муҳим?

5 Яқинда, турли мамлакатларда яшовчи Яҳованинг Шоҳидларидан: «Оқсоқолнинг қайси фазилатини кўпроқ қадрлайсиз?» —  деб сўрашган экан. Аксарият қисми: «Кўнгли очиқ бўлишини»,— деб жавоб беришибди. Тўғри, бу фазилатни ҳар бир масиҳий ўзида ривожлантириши лозим, аммо оқсоқоллар учун кўнгли очиқ бўлиш айниқса муҳим (Ишаё 32:1, 2). Бу фазилат нега шунчалик муҳимлигини тушунтириб, бир синглимиз шундай фикр билдирди: «Оқсоқол очиқ кўнгил бўлсагина, биз унинг бошқа фазилатлари ҳам борлигини била оламиз». Сиз бу кузатувнинг мантиқий эканига эътибор бердингизми? Аммо инсон нима туфайли кўнгли очиқ бўлади?

6. Қанақа инсонни чиндан ҳам кўнгли очиқ деса бўлади?

6 Ўзгаларга самимий қизиқиш кўрсатган инсонни чиндан ҳам кўнгли очиқ деса бўлади. Агар оқсоқол ғамхўр бўлиб, бошқалардан жонини ҳам аямаса, буни ака-ука ва опа-сингиллари, шу жумладан ёшлар ҳам ҳис қилишади (Марк 10:13–16). Карлос исмли 12 яшар укамиз: «Оқсоқолларнинг Залда кулиб туриши ва меҳрибонлиги менга жуда ёқади»,— деб бўлишди. Шундай экан, оқсоқол ўзини кўнгли очиқ деб айтиши етарли эмас. У буни амалда намоён этиши керак (1 Юҳан. 3:18). Буни қандай қилиши мумкин?

7. Нега кўкрак карточкасини тақиб юриш кўпинча суҳбат бошланишига сабаб бўлади ва биз бундан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

7 Мана бир мисол. Яқиндагина битта биродаримиз вилоят анжуманидан сўнг кўкрак карточкасини ечмай, самолётда уйига қайтаётган экан. Стюардесса карточкадаги «Худонинг Шоҳлиги келсин!» деган ёзувни кўриб, биродаримизга: «Ҳа, илойим келсин. Бу ҳақда сиз билан гаплашиб олишимиз керак»,— дебди. Кейин улар суҳбатлашишибди ва стюардесса биродаримиз берган журналларни бажонидил олибди. Кўпчилигимиз шу каби воқеаларни бошдан кечирганмиз. Хўш, нега вилоят анжуманида кўкрак карточкасини тақиб юриш кўпинча суҳбат бошланишига сабаб бўлади? Чунки қайсидир маънода, бу билан: «Бемалол ёнимга келаверинг. Қаерга кетаётганимни сўранг»,— дегандай бўламиз. Кўкрак карточкаси, одамларга эътиқодимиз ҳақида айтиб беришни истаётганимизни кўрсатадиган белгидир. Шунга ўхшаб, оқсоқоллар ҳам имондошларига: «Бемалол ёнимга келаверинг»,— дегандай аниқ бир белги кўрсатишлари керак. Бу қанақа белги бўлиши мумкин?

8. Оқсоқоллар бошқаларга самимий қизиқиш кўрсатишаётгани нимадан кўриниб туради ва бу жамоатга қандай таъсир қилади?

8 Турли мамлакатларда одатлар ҳар хил бўлиши мумкин, аммо ака-ука ва опа-сингилларимизга самимий кулиб боқсак, қўл сиқишиб очиқ чеҳра ила кутиб олсак ва дўстона сўрашсак, бу уларга бефарқ эмаслигимизни кўрсатувчи белги бўлади. Бу борада ким ташаббус кўрсатиши керак? Исо қолдирган ўрнакка эътибор беринг. Матто баён этишича, шогирдлари билан учрашганда «Исо уларга яқинлашиб» гапирган (Мат. 28:18). Шу сингари, оқсоқоллар ҳам имондошларининг ёнига бориб, гаплашишда ташаббус кўрсатишлари керак. Бу жамоатга қандай таъсир қилади? Ёши 88 га борган бир кашшоф опамиз шундай фикр билдирди: «Йиғилиш Залига кирганимда, оқсоқоллар самимий кулиб, далдали сўзлар айтишганда, мен уларни янада кўпроқ қадрлайман». Бошқа бир опамиз эса, шундай деб бўлишди: «Йиғилишга келганимда оқсоқол мени очиқ чеҳра билан кутиб олса, бу арзимаган нарса бўлиб туюлиши мумкин, аммо мен учун бу катта аҳамиятга эга».

КЎНГЛИ ОЧИҚ ВА ҲОЗИРУ НОЗИР

9, 10. а) Яҳова қайси соҳада зўр ўрнак кўрсатяпти? б) Оқсоқоллар ҳозиру нозир эканларини қандай кўрсатишади?

 9 Агар биз бошқаларни тинглашга вақт ажратмасак, ҳеч ким биз билан гаплашгиси келмайди. Яҳова бу соҳада зўр ўрнак кўрсатяпти. «У ҳар биримизга яқиндир» (Ҳавор. 17:27). Оқсоқоллар йиғилиш бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг ака-укаю опа-сингиллари билан суҳбатлашишга вақт ажратиш орқали ҳозиру нозир эканларини  кўрсатишади. Бир кашшоф биродаримиз шундай дейди: «Оқсоқол мендан ҳол-аҳвол сўраб, кейин жавобимни тингласа, мен ўзимни керакли ҳис қиламан». Деярли 50 йилдан бери Яҳовага хизмат қилаётган бир опамиз эса шундай фикр билдирди: «Оқсоқоллар йиғилишдан кейин мен билан суҳбатлашишга вақт ажратишганда, улар учун қадрли эканимни сезаман».

10 Тўғри, масиҳий «чўпонлар» бошқа вазифаларини ҳам бажаришлари лозим. Аммо йиғилиш пайтида, уларнинг асосий эътибори «қўйларда» бўлиши керак.

ЯҲОВА ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАЙДИ

11, 12. а) Юзхотирчилик қилмаслик нимани англатади? б) Юзхотирчилик қилмасликда Яҳова бизга қандай ўрнак кўрсатяпти?

11 Юзхотирчилик қилмаслик, Яҳованинг яна бир бебаҳо фазилатидир. Юзхотирчилик қилмаслик нимани англатади? Бу фазилат холис бўлишни ва тарафкашлик қилмасликни ўз ичига олади. Юзхотирчилик қилмасликнинг иккита қирраси бор: бу одамнинг муносабати ва ҳаракатларида акс этади. Нега иккови ҳам муҳим? Чунки одамнинг муносабати юзхотирчиликдан холи бўлсагина, у барчага бир хил муомала қилишга интилади. Бундай одам, бировнинг ташқи кўриниши ёки моддий аҳволига қараб муомала қилмайди.

12 Яҳова юзхотирчилик қилмасликда аъло ўрнак кўрсатяпти. Унинг Каломида: «Худо юзхотирчилик қилмас экан» ҳамда «У тарафкашлик қилмайди»,— деб ёзилган (Ҳаворийлар 10:34, 35; Қонунлар 10:17 ни ўқинг) *. Буни, Мусо пайғамбар даврида юзага келган бир вазиятдан кўрса бўлади.

Залофходнинг қизлари Яҳованинг юзхотирчилик қилмаслигини қадрлашган (13- ва 14- хатбошларига қаранг)

13, 14. а) Залофходнинг бешта қизи қандай мушкул аҳволга тушиб қолди? б) Яҳова юзхотирчилик қилмаслигини қандай кўрсатди?

 13 Исроилликлар ваъда қилинган юртга киришларига оз вақт қолганда, беш нафар турмушга чиқмаган опа-сингиллар мушкул аҳволга тушиб қолишди. Гап шундаки, ерни ҳар бир қабилага бўлиб беришганда, уларнинг қабиласига ҳам ер берилиши керак эди (Саҳ. 26:52–55). Лекин уларнинг отаси Залофход вафот этганди. У Манаше қабиласидан эди. Одат бўйича, ер мулки Залофходнинг ўғилларига берилиши керак эди, аммо унинг фақат қизлари бўлган (Саҳ. 26:33). Ерга эгалик қиладиган ўғиллари бўлмагани учун, қабиланинг улуши бошқаларга берилиб, қизлар меросдан маҳрум бўлиши керак эдими?

14 Бешта опа-сингил Мусонинг олдига бориб, ундан: «Ўғли бўлмагани учун отамизнинг номи уруғи орасидан ўчиб кетиши керакми?» — деб сўрашди. Сўнг: «Бизга ҳам амакиларимиз қатори ерни мулк қилиб беринглар»,— дея илтимос қилишди. Хўш, Мусо уларга: «Қоидада истисно йўқ»,— деб жавоб бердими? Асло. «Мусо уларнинг талабини Эгамизга айтди» (Саҳ. 27:2–5). Яҳова нима деб жавоб берди? «Эгамиз шундай жавоб  қайтарди: “Залофходнинг қизлари ҳақ гапни айтишяпти. Уларга албатта амакилари қатори ерни мулк қилиб беринглар. Отасининг улуши қизларига берилсин”». Яҳова бундан ҳам ортиғини қилди. Бу мустаснони У қоидага киритди. Кейин Мусога: «Агар бирор киши вафот этса-ю ўғли бўлмаса, унинг мулки қизига қолсин»,— деб амр берди (Саҳ. 27:6–8; Ёшуа 17:1–6). Ўшандан бери, бундай мушкул аҳволга тушиб қолган барча исроиллик аёлларнинг ҳуқуқи ҳимояланадиган бўлди.

15. а) Яҳова Ўз халқига ва айниқса ёрдамга муҳтож бўлганларга қандай муомала қилади? б) Яҳова юзхотирчилик қилмаганини кўрсатадиган бошқа воқеаларни ҳам Муқаддас Китобдан келтира оласизми?

15 Қандай яхши ва юзхотирчиликсиз қарор чиқарилди-я! Ўша бешта опа-сингил ёрдамга муҳтож бўлган пайтда, Яҳова уларга, худди бутун Исроил халқига қилганидек, холисона ва ҳурмат ила муомала қилди (Заб. 67:6). Бу биргина мисол эмас. Муқаддас Китобда бундай кўнгилни кўтарадиган воқеалар кўп. Бундан биз шунга амин бўляпмизки, Яҳова барча хизматчисига юзхотирчиликсиз муомала қилади (1 Шоҳ. 16:1–13; Ҳавор. 10:30–35, 44–48).

БИЗ ЯҲОВАГА ТАҚЛИД ҚИЛА ОЛАМИЗ

16. Яҳованинг юзхотирчилик қилмаслигига қандай тақлид қила оламиз?

16 Яҳованинг юзхотирчилик қилмаслигига қандай тақлид қила оламиз? Эсингизда бўлса, юзхотирчилик қилмасликнинг иккита қирраси бор. Бизнинг муносабатимиз юзхотирчиликдан холи бўлсагина, биз барчага бир хил муомала қиламиз. Тўғри, бошқалар бизни беғараз ва юзхотирчилик қилмайдиган инсон, деб ҳисоблашини хоҳлармиз. Бироқ, шахсий ҳис-туйғуларимизга холисона баҳо бериш осон эмаслигини тан олсангиз керак. Хўш, чиндан ҳам беғараз инсонлигимизни қандай аниқлаб олсак бўлади? Исо ҳам, одамлар у ҳақда қандай фикрда эканини билмоқчи эди ва у яқин дўстларидан: «Одамлар Инсон Ўғлини ким деб ҳисоблашяпти?» — деб сўраган (Мат. 16:13, 14). Бу борада Исодан ўрнак олсак бўладими? Эҳтимол, ростгўйлиги билан ажралиб турадиган бирон дўстингиздан, бошқалар сизни юзхотирчилик қилмайдиган инсон деб ҳисоблашадими, дея сўрарсиз. Агар у бошқаларнинг ирқига, ижтимоий ёки моддий аҳволига қараб муомала қилиш одатингиз борлигини айтса, сиз нима қиласиз? Ҳис-туйғуларингиз ҳақида Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг ва муомалангизни тўғрилашни ҳамда юзхотирчилик қилмасликда Унга кўпроқ тақлид қилишни истаётганингизни айтиб, ёрдам сўранг (Мат. 7:7; Колос. 3:10, 11).

17. Бошқаларга юзхотирчиликсиз муомала қилаётганимизни қай тарзда кўрсата оламиз?

 17 Жамоатимизда ҳамма ака-укаю опа-сингилларимизга ҳурмат ва меҳр-иноят билан муомала қилсак, Яҳовага тақлид қилишни истаётганимизни намоён этамиз. Масалан, меҳмондўстлик кўрсатмоқчи бўлсак, ака-ука ва опа-сингилларимизни, маданиятига ёки камбағал, етим, бева бўлишига қарамай, уйимизга таклиф қиламиз. (Галатияликларга 2:10; Ёқуб 1:27 ни ўқинг). Бундан ташқари, Шоҳлик ҳақида ваъз қилаётиб, одамларнинг келиб чиқиши қанақа ёки чет элдан келган бўлишидан қатъиназар, хушхабарни улар билан баҳам кўрамиз. Муқаддас Китобга асосланган адабиёт 600 дан зиёд тилларда чоп этилаётгани бизга катта қувонч бахш этади. Бу ҳам юзхотирчилик қилмасликнинг ёрқин мисолидир!

18. Яҳованинг кўнгли очиқ ва юзхотирчилик қилмаслигини қадрлаётганингизни қандай кўрсата оласиз?

18 Чиндан ҳам, Яҳова нақадар кўнгли очиқ ва юзхотирчилик қилмайдиган Худо экани ҳақида фикр юритсак, Уни янада кўпроқ қадрлаймиз. Бу бизни, Унинг фазилатларини тўлиқ акс эттиришга ундайди. Унга тақлид қилиш истагимиз эса, имондошларимизга ҳамда биз ваъз қилаётган кишиларга муомала қилганимизда намоён бўлади.

«Эгамиз Ўзига ёлворганларнинг ёнидадир» (Заб. 144:18). (9- хатбошига қаранг)

«Эгангиз Худо... тарафкашлик қилмайди» (Қонун. 10:17). (17- хатбошига қаранг)

[Изоҳлар]

^ 4- х.б. Ишаё 30:18, 19: «Шунинг учун Эгам кутмоқда, сизларга шафқат кўрсатай, деб. Мана У қўзғалмоқда, Ўз меҳрини кўрсатай, деб. Ахир, Эгам адолатли Худодир. Унга умид боғлаганлар бахтиёрдир. Эй Қуддусда макон қилган Сион халқи! Сизлар энди йиғламайсизлар. Фарёдингизни эшитиб, Эгам албатта марҳамат кўрсатади. Овозингизни эшитиб, жавоб беради».

^ 12- х.б. Қонунлар 10:17: «Эгангиз Худо худоларнинг Худосидир, эгаларнинг Эгасидир, буюк қудратли, қўрқинчли Худодир. У тарафкашлик қилмайди, пора олмайди».