Асосий материалларга ўтиш

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«Қўриқчи минораси» (тадқиқ сони)  |  Июнь 2013

Яҳова сизни шакллантиришига йўл қўйиб беринг

Яҳова сизни шакллантиришига йўл қўйиб беринг

Ўгитларинг билан менга йўл кўрсатасан, охири мени шон-шуҳрат ила кутиб оласан. ЗАБ. 72:24

1, 2. а) Яҳова билан дўстона муносабатда бўлиш учун нима қилиш муҳим? б) Худонинг таълим-тарбиясига ўз муносабатини билдирган инсонларнинг мисолларини кўриб чиқишдан қандай фойда оламиз?

«ЭЙ ХУДО, Сенга яқин бўлганим... менга яхшидир. Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим» (Заб. 72:28). Мана шундай сўзлар билан сано бастакори Худога бўлган ишончини намоён қилди. Уни бундай хулосага келишга нима ундади? Сано бастакори ёвуз одамларнинг тинчлик ва фаровонликда яшаётганини кузатиб, аввалига юрагида ўкинч пайдо бўлди. У шундай деб куйлаган: «Ҳа, мен бекорга юрагимни пок тутган эканман-да! Айбсизман, дея бекорга қўлларимни ювибман-да!» (Заб. 72:2, 3, 13, 21). Аммо у «Худонинг Муқаддас масканига кирганида», фикрлаш тарзини тўғрилаб, Худо билан муносабатини сақлаб қолди (Заб. 72:16–18). Сано бастакори ўзи учун яхши сабоқ олди: Яҳова билан яқин муносабатни сақлаб қолишда Худонинг халқи билан бирга бўлиш, маслаҳатни қабул қилиш ва уни амалда татбиқ этиш катта аҳамиятга эга (Заб. 72:24).

2 Биз ҳам барҳаёт ва ҳақ Худо билан дўстона муносабатда бўлишни истаймиз. Бунга эришиш учун эса, Аллоҳнинг маслаҳатлари ёки таълим-тарбияси бизни шакллантиришига йўл қўйишимиз жуда муҳим. Шу тариқа биз Унга маъқул келган шахс сифатида шаклланган бўламиз. Ўтмишда Яҳова алоҳида шахсларга ҳамда халқларга Унинг таълим-тарбиясига ўз муносабатини билдириш имкониятини берган. Уларнинг қандай йўл тутгани «насиҳат олишимиз» учун ҳамда «замоналарнинг охирида яшаётган бизлар учун огоҳлантириш сифатида ёзилган» (Рим. 15:4; 1 Кор. 10:11). Бу мисолларни синчковлик билан ўрганиш, бизга Яҳованинг шахсиятини очиб беради ҳамда У бизни шакллантираётганидан қандай фойда олишимиз мумкинлигини билиб оламиз.

 ЯҲОВА — БУЮК КУЛОЛДИР

3. Ишаё 64:8 ва Еремиё 18:6 да Яҳованинг халқлар устидан ҳокимияти қандай тасвирланган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

3 Яҳова, алоҳида шахслар ҳамда халқлар устидан қандай ҳокимиятга эга эканини ёрқин мисол ёрдамида тасвирлаб берган. Масалан, Ишаё 64:8 да шундай дейилган: «Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Биз лоймиз, Сен эса кулолсан, ҳаммамиз қўлларингнинг ижодимиз!» Кулол лойдан хоҳлаган буюмини ясайди. Лой эса бу вазиятни ўзгартира олмайди. Инсон ва Худо орасидаги муносабатлар ҳам худди шунақа. Демак, лой унга шакл бераётган кулолга ақл ўргата олмаганидек, инсон ҳам Худо билан баҳслаша олмайди (Еремиё 18:6 ни ўқинг) *.

4. Яҳова сўраб-суриштирмай одамларни шакллантирадими? Тушунтиринг.

4 Кулол лойдан хоҳлаганини ясагани каби, Яҳова ҳам қадимги Исроил халқининг мисолида нимага қодирлигини кўрсатди. Аммо кулол билан Худонинг орасида бир фарқ бор. Кулол қўлидаги лойдан ўзи истаганича идишлар ясайди. Яҳова эса сўраб-суриштирмай одамларни шакллантирмайди, У инсонларни яхши ва ёмон қилиб яратмайди. Яҳова одамзодга қимматбаҳо нарсани, яъни ирода эркинлигини туҳфа қилган. У Ўз ҳокимиятидан фойдаланиб, одамларни мажбурлаб бўйсундирмайди. Одамларнинг ўзи Яратувчиси Яҳова уларни шакллантиришига йўл қўйиб беришлари даркор (Ерм. 18:7–10).

5. Яҳова Унинг шакллантиришига қаршилик кўрсатган кишилар устидан ҳокимиятини қандай амалга оширади?

5 Мабодо одамлар Буюк кулол уларни шакллантиришига қаттиқ қаршилик кўрсатишса-чи? Худо қандай қилиб улар устидан ҳокимиятини амалга ошира олади? Бир ўйлаб кўринг: агар лой кўзлаган мақсад учун яроқсиз бўлиб қолса, уни нима қилишади? Эҳтимол кулол бу лойдан бошқача идиш ясайди ёки уни шунчаки улоқтириб ташлайди. Аммо лой яроқсиз бўлиб қолишида кўпинча кулол айбдор бўлади. Буюк кулол билан эса, бу ҳеч қачон содир бўлмайди (Қонун. 32:4). Чунки инсон ўзини Яҳованинг шакллантиришига йўл қўйиб бермаса, бунда унинг ўзи айбдор бўлади. Яҳова кулол каби одамлар устидан Ўз ҳокимиятини амалга оширишни хоҳлайди, фақат инсонлар бунга қандай муносабатда бўлишлари катта аҳамиятга эга. Бундай ўзгаришга тўғри муносабат кўрсатган кишилардан фойдали идиш ясалади. Масалан, мойланган масиҳийлар «шон-шарафга ҳозирланган раҳм-шафқат идишлари» бўлишган. Бироқ ўжарлик қилиб, Худога қаршилик кўрсатган инсонлар эса, «ҳалокатга тайёр турган идишлар» мисоли барҳам топишган (Рим. 9:19–23).

6, 7. Шоҳ Довуд ва Шоул Яҳованинг маслаҳатига қандай муносабат билдиришди?

 6 Яҳова маслаҳат ва таълим-тарбия орқали ҳам одамларни шакллантиради. Келинг, Исроил халқининг иккита шоҳи — Шоул ва Довудни Яҳова қандай шакллантиргани устидан мулоҳаза юритайлик. Шоҳ Довуд Ботшева билан зино қилган эди. Бу эса нафақат унга, балки бошқаларга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Шоҳ бўлишига қарамай, Яҳова унга нисбатан қаттиқ чора кўришни лозим деб билди. У жиддий огоҳлантириш билан шоҳнинг олдига пайғамбари Натанни юборди (2 Шоҳ. 12:1–12). Довуд бунга қандай муносабатда бўлди? У чин юракдан кечирим сўраб тавба қилди. Шу йўсин у Худонинг раҳм-шафқатига сазовор бўлди (2 Шоҳлар 12:13 ни ўқинг).

 7 Довуддан олдин шоҳ бўлган Шоул эса, маслаҳатни қабул қилмади. Яҳова Шомуил пайғамбар орқали Шоулга аниқ кўрсатма бериб, бутун Омолек халқини ва қўй-молларини қириб ташлашни буюрди. Аммо Шоул бу илоҳий буйруқни бажармади. У Омолек шоҳи Ўгахни ва унинг энг яхши қўй-молларини сақлаб қолди. Нега дейсизми? Сабаби,  у ўзига шараф излаган (1 Шоҳ. 15:1–3, 7–9, 12). Шунда Яҳова Шоулга маслаҳат бериш учун Шомуилни юборди. Шоул маслаҳатни қабул қилиб, Яҳова уни шакллантиришига йўл қўйиб бериши керак эди. Лекин у ўзгаришни хоҳламади. У қилмишини оқлашга тушиб, сара мол-қўйларни қурбонликка келтириш мақсадида сақлаб қолганини айтди ва бу билан Шомуилнинг маслаҳатини назар-писанд қилмаганини кўрсатди. Шу сабабли Яҳова Шоулни шоҳ бўлишга лойиқ эмас деб топди ва Шоул Худо билан яхши муносабатларини бутунлай йўқотди (1 Шоҳлар 15:13–15, 20–23 ни ўқинг).

Шоул насиҳатни писанд қилмади. У шаклланишни истамади! (7- хатбошига қаранг)

Довуд чин юракдан кечирим сўради ва насиҳатни қабул қилди. У, Худо уни шакллантиришига йўл қўйиб берди. Сиз-чи? (6- хатбошига қаранг)

ХУДО ЮЗХОТИРЧИЛИК ҚИЛМАЙДИ

8. Яҳованинг шакллантиришига Исроил халқининг билдирган муносабатидан қандай сабоқ олдик?

8 Яҳова нафақат алоҳида шахсларни, балки халқларни ҳам шакллантириш учун имконият яратиб беради. Масалан, Исроил халқи мил. авв. 1513- йили Миср қуллигидан озод этилгач, Худо уларга ўзгача муносабатда бўлганини кўрсатиш учун улар билан аҳд тузди. Исроилликлар Худонинг танлаган халқи бўлди ва Буюк кулол томонидан шаклланишдек шарафга муяссар бўлди. Аммо улар атрофдаги халқларнинг сохта худоларига сиғиниб, Яҳованинг назарида ёмонлик қилишда давом этишди. Яҳова қайта-қайта уларнинг олдига пайғамбарларини юбораверди, лекин исроилликлар Унга қулоқ солишмади (Ерм. 35:12–15). Шунда бу қайсар халқнинг адабини бериш учун қаттиқ чора кўрилди. Ўн қабилали Исроил шоҳлиги «ҳалокатга тайёр турган идишлар» каби Оссурияликлар томонидан забт этилди. Икки қабилали шоҳлик эса Бобилликлар томонидан қўлга олинган эди. Ушбу воқеа биз учун яхши сабоқдир! Демак Яҳова бизни  шакллантира олишида, муносабатимиз катта аҳамиятга эга.

9, 10. Найнаволиклар Худонинг огоҳлантиришига қандай муносабат билдиришди?

9 Яҳова шунингдек, Оссурия пойтахти Найнаво аҳолисига огоҳлантириш берди ва улар бунга қандай муносабат билдиришини кузатди. У Юнус пайғамбар орқали қуйидагиларни аён қилди: «Қани, бўл, қудратли Найнаво шаҳрига бор. Жар солиб, у ердагиларни огоҳлантир, чунки шаҳар аҳли қилган қабиҳликлар Менга етиб келди» (Юнус 1:1, 2; 3:1–4).

10 Юнус даҳшатга солувчи бу хабарни етказганида, «найнаволиклар Худога ишониб, рўза тутамиз, деб эълон қилдилар. Шаҳардаги каттаю кичик тавба қилиб қанорга ўранди». Ҳатто шоҳ ҳам «тахтдан тушиб, шоҳона либосларини ечди, қанорга ўраниб, кулга ўтирди». Ҳа, найнаволиклар Яҳова уларни шакллантиришига ижобий муносабат билдириб, гуноҳларидан тавба қилишди. Яҳова ҳам ўз навбатида уларнинг устига кулфат келтирмади (Юнус 3:5–10).

11. Тангри Яҳованинг исроилликларга ва найнаволикларга кўрсатган муносабатидан нимани ўргандик?

11 Исроилликлар Худонинг танлаган халқи бўлгани, уларни таълим-тарбия олишдан озод этмаган. Найнаволиклар эса аксинча Худо билан ўзгача муносабатда бўлишмаган. Лекин шунга қарамасдан, Яҳова уларга Ўз ҳукмларини эълон қилди. Улар Худонинг қўлидаги юмшоқ лой каби бўлишгани учун Унинг раҳм-шафқатига муяссар бўлишди. Ушбу иккита мисол орқали Яҳова «тарафкашлик қилмайдиган» Худо эканини яққол кўрса бўлади! (Қонун. 10:17).

ЯҲОВА МУЛОҲАЗАКОР ВА ЁНДАШУВЧАНДИР

12, 13. а) Одамлар Худо уларни шакллантиришига йўл қўйиб беришса, У нега ниятини ўзгартиради? б) Яҳова Шоулга нисбатан ниятини ўзгартиргани нимани англатарди? Найнаво аҳлига нисбатан-чи?

12 Яҳова бизни қай тарзда шакллантиришни истаётганидан, Унинг мулоҳазакор ва ёндашувчан Худо эканини кўрса бўлади. Буни, юқорида кўриб чиқилган воқеалар тасдиқламоқда. Демак, Яҳова адолатли ҳукмлар чиқариб, улар асосида йўл тутмоқчи бўлган бир пайтда одамларнинг тўғри муносабатини кўриб, Ўз фикридан қайтган. Масалан, Муқаддас Китобдан Яҳова: «Шоулни шоҳ қилиб тайинлаганимга пушаймонман»,— деб айтганини ўқишимиз мумкин (1 Шоҳ. 15:11). Найнаволикларнинг тавба қилганини ва ёмон йўлдан қайтганини кўриб, Худо «раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади» (Юнус 3:10).

13 Ибронийчадан «раҳм қилди» деб таржима қилинган ибора, муносабатни ёки ниятни ўзгартириш билан боғлиқ. Яҳова Шоулни шоҳ этиб тайинламоқчи эди-ю, аммо унга бўлган муносабатини ўзгартириб, уни рад этди. Бундай ўзгариш, Яҳованинг адашганлиги сабабли эмас, балки Шоулнинг Унга таянмай, итоатсизлик қилганлиги туфайли юз берди. Аллоҳнинг Найнаво аҳлига раҳми келгани эса, уларга нисбатан ниятини ўзгартирганини англатарди. Буюк кулолимиз Яҳова мулоҳазакор, ёндашувчан, раҳмону раҳим ва адашган бандаларининг ижобий ўзгаришларига қараб, ниятини ўзгартиришга тайёр эканини билиш нақадар тасалли бахш этади-я!

ЯҲОВАНИНГ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИНИ ЗИНҲОР РАД ЭТМАНГ

14. а) Бугунги кунда Яҳова бизни қай йўсин шакллантиради? б) Яҳованинг шакллантиришига қандай муносабатда бўлишимиз керак?

14 Бугунги кунда Яҳова бизни асосан Каломи ва ташкилоти орқали шакллантиради (2 Тим. 3:16, 17). Бу йўл билан берилган маслаҳатни ёки таълим-тарбияни биз жон деб қабул қилишимиз лозим. Қанчадан бери Худога хизмат қилаётганимиз ёки қандай шарафли вазифаларни бажараётганимиздан қатъи назар, Яҳованинг маслаҳатини қабул қилиб, У бизни шакллантиришига йўл қўйишимиз керак. Шундагина Унинг назарида  шарафли мақсадда қўлланиладиган идиш бўламиз.

15, 16. а) Масъулиятли вазифаларидан маҳрум бўлган киши, қандай салбий ҳис-туйғуларни бошдан кечириши мумкин? Мисол келтиринг. б) Таълим-тарбия билан боғлиқ салбий ҳис-туйғуларни енгишга нима кўмаклашади?

15 Таълим-тарбия баъзида йўл-йўриқ ёки тўғрилаш шаклида ҳам берилиши мумкин. Бошқа вазиятларда эса, биз нотўғри иш қилганимиз сабабли таълим-тарбияга муҳтож бўламиз. Бундай таълим-тарбия натижасида биз эҳтимол шарафли вазифаларимиздан айрилиб қолармиз. Келинг, бир вақтлар жамоат оқсоқоли бўлиб хизмат қилган Дониёрнинг * мисолини кўриб чиқайлик. У бизнес масаласида шошқалоқлик қилиб, катта хатога йўл қўйган ва натижада жиддий танбеҳ олган. Дониёрнинг бошқа оқсоқол бўлиб хизмат қилмаслиги ҳақида жамоатда эълон қилинганида, у ўзини қандай ҳис қилган экан? «Мен ўзимни жуда ноқулай ҳис қилганман,— дейди у. — Сўнгги 30 йил мобайнида кўпгина шарафли вазифаларни бажарардим. Мен доимий кашшоф бўлдим, Байтилда хизмат қилдим, аввал жамоат хизматкори, сўнг эса оқсоқол бўлиб тайинландим. Бундан ташқари, эндигина вилоят анжуманида биринчи нутқим билан чиққан эдим. Кутилмаганда, ҳаммасидан маҳрум бўлдим. Уятга қолиб, хижолат бўлганимдан, энди ташкилотда менга ўрин йўқ, деб ўйлай бошладим».

16 Аниқки, Дониёр фикрини ўзгартириши керак эди. Хўш, уялиш ҳиссини енгишга унга нима кўмаклашди? Ўзи қуйидагиларни сўзлаб берди: «Мен маънавий аҳволимни яхшилашга қарор қилдим. Жамоатимиздаги ака-укаю опа-сингилларнинг қўллаб-қувватлаши ва адабиётларимиздаги далдали фикрлар менга кучли таъсир қилди. “Қўриқчи минораси”нинг 2009- йил 15- август сонидаги “Масъулиятдан маҳрум бўлдингизми? Уни қайтариш имкони бор!” деб номланган мақола, худди ибодатларимга жавобан ёзилган мактубдай эди. Ўшанда менга: «Ҳозирча жамоатда масъулиятли вазифаларни бажара олмас экансиз, маънавийлигингизни мустаҳкамлашга эътибор қаратинг»,— деб маслаҳат берилгандай бўлди. Дониёр бу таълим-тарбиядан қанақа сабоқ олди? Орадан бир неча йил ўтиб, у шундай деб бўлишди: «Яҳова менга яна барака берди ва мен жамоат хизматкори бўлиб тайинландим».

17. Жамоатдан четлатиш гуноҳкорга қандай таъсир қилиши мумкин? Мисол келтиринг.

17 Яҳованинг таълим-тарбия бериш усулларидан яна бири — жамоатдан четлатишдир. Бу, жамоатни ёмон таъсирдан асраш ва гуноҳкорни тавбага чақириш учун қилинади (1 Кор. 5:6, 7, 11). Роберт қарийб 16 йил аввал жамоатдан четлатилган эди. Бу вақт мобайнида унинг ота-онаси ва ака-укалари, у билан мулоқот қилмаслик ва ҳатто салом бермаслик тўғрисидаги Худонинг Каломида ёзилган кўрсатмага қатъий амал қилиб келишган. Мана, бир неча йилдирки, Роберт тикланиб, маънан ўсяпти. Шунча йилдан кейин Яҳовага ва Унинг халқига қайтишига нима ундагани ҳақида сўрашганда, у оила аъзоларининг тутган йўли унга таъсир қилганини айтди. «Агар оила аъзоларим сал бўлса-да мен билан мулоқот қилиб ёки ҳол-аҳвол сўраб туришганида, балки бу мулоқотга бўлган чанқоғимни босарди, аммо Худога қайтишимга туртки бўлмасди».

18. Буюк кулол қўлида қанақа лой бўлишимиз керак?

18 Эҳтимол, бизда бундай таълим-тарбия олишга зарурат йўқдир. Аммо биз Буюк кулол қўлида қанақа лой бўламиз? У бизга таълим-тарбия берганда, биз ўзимизни қандай тутамиз? Довуд кабими ёки Шоул сингарими? Ахир, Буюк кулол бизнинг Отамиздир. Шуни унутмангки, «ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек, Худо ҳам севганини жазолайди». Шундай экан, «Эгамизнинг танбеҳини рад қилманг, Унинг панд-насиҳатларидан руҳингиз тушиб кетмасин» (Ҳик. 3:11, 12).

^ 3- х.б. Еремиё 18:6: «Эй Исроил хонадони, наҳотки бу кулол қилган ишни Мен сизларга қила олмасам?! Сизлар Менинг қўлимда кулол қўлидаги лойга ўхшайсизлар».

^ 15- х.б. Исмлар ўзгартирилган.