Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2013

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Яҳовага итоатли бўлиш баракалар келтиради

Яҳовага итоатли бўлиш баракалар келтиради

«Нуҳдан сабоқ олсак бўлади! — дея отамиз бизга тушунтирарди.— Нуҳ Яҳовага итоатли бўлиб, оиласини севарди. У бутун оиласи билан кемага кирди ва улар Тўфондан омон қолишди».

КАМТАРИН ва меҳнатсевар отамни эслаганимда мана шу сўзлари ёдимга келади. У адолат учун қаттиқ курашарди, шу сабабли 1953- йилда Муқаддас Китобдаги хушхабарни эшитиши биланоқ унда қизиқиш пайдо бўлди. Ўша пайтдан бошлаб, у бизга, яъни фарзандларига ўрганган нарсаларни етказиб беришга ҳаракат қиларди. Онам бошида католик урф-одатлардан воз кечишни истамаётган эди, аммо кўп вақт ўтар-ўтмас, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар унинг қалбини забт этди.

Ота-онам учун биз билан тадқиқ ўтказиши жуда қийин бўларди. Чунки онам саводсиз эди, отам эса кечгача далада тер тўкиб меҳнат қиларди. Баъзида шунақанги қаттиқ чарчардики, тадқиқ пайтида ухлаб қоларди. Лекин унинг ҳаракатлари самарасиз қолмади. Мен оилада катта фарзанд бўлганим учун, синглимга ҳамда иккита укамга таълим-тарбия бериб, ота-онамга ёрдамлашардим. Отамга ўхшаб мен ҳам: «Нуҳ оиласини севганини Худога итоат этиш билан намоён қилди»,— дея тез-тез такрорлаб турардим. Бу менинг энг севимли ҳикояларимдан бири эди! Кўп ўтмай, биз бутун оиламиз билан Адриатика денгизи соҳилида жойлашган Италиянинг Розето-дельи-Абруцци шаҳридаги Йиғилиш Залига қатнашни бошладик.

1955- йили эндигина 11 ёшга тўлганимда онам билан тоғлар оша ғарбга қараб Римга йўл олдик. Ўшанда биринчи марта туман анжуманига бориб келдик. Ўшандан буён мен учун бу каби катта йиғилишлар ҳаётимнинг энг қувончли дамлари бўлди.

Кейинги йили мен сувга чўмдим ва кўп ўтмай тўла вақтли хизматни бошладим. 17 ёшга кирганимда, Римнинг жанубида, уйимдан 300 км узоқликда жойлашган Латина шаҳрида махсус кашшоф бўлиб хизмат қила бошладим. Бу янги шаҳар бўлгани учун кўпчилик қўни-қўшнининг фикри билан унча қизиқмасди. Ҳамкорим билан кўп адабиётларимиздан тарқатишга муваффақ бўлдик. Бундан хурсандчилигимиз ичимизга сиғмасди. Аммо ҳали ёш эдим, шунинг учун уйимни роса соғинардим! Шунга қарамасдан мен Яҳовага итоат қилиб, Унинг топшириғини бажаришни истардим.

Тўй кунимиз

1963- йилда ўтадиган «Абадий хушхабар» номли халқаро анжуман билан боғлиқ тайёргарлик ишларида ёрдам бериш учун кейинчалик мени Милан шаҳрига тайинлашди. Анжуман пайтида мен кўпгина кўнгилли ёрдамчилар,  жумладан Флоренция шаҳридан бўлган ёш биродаримиз Паоло Пичиоли билан ҳамкорлик қилдим. Анжуманнинг иккинчи куни Пичиоли бўйдоқлик тўғрисида тўлқинлантирувчи бир нутқ айтди. Ўшанда мен ўзимча: «Бу биродар ҳеч қачон уйланмаса керак?» — деб ўйлаганман. Шунга қарамасдан, бир-биримиз билан ёзишишни бошладик. Шунда иккиламизда ҳам жуда кўп умумийлик, жумладан мақсадларимиз, Яҳовага бўлган севгимиз ҳамда Унга итоатли бўлиш истагимиз борлигини сездик. Шундай қилиб 1965- йилда иккаламиз турмуш қуришга қарор қилдик.

РУҲОНИЙЛАР БИЛАН ТЎҚНАШУВ

Мен Флоренция шаҳрида ўн йил хизмат қилдим. Шу давр ичида жамоатлар ўсаётганини, айниқса ёшлар қандай қилиб маънавий мақсадлар сари интилаётганини кўрганимда қалбим хурсандчиликка тўларди. Паоло ва мен ёшлар билан вақт ўтказишни жуда ёқтирардик. Улар билан маънавий мавзуда суҳбатлашардик, бирга дам олардик. Паоло эса айниқса улар билан футбол ўйнашни яхши кўрарди. Гарчи эрим билан кўпроқ вақт ўтказишни истасам-да, жамоатдаги ёшлар ҳамда оилалар эримнинг уларга кўрсатган самимий қизиқишидан кўп фойда олишаётганини ва улар бунга ҳақиқатан муҳтож эканини тушунардим.

Ўтмишга назар солсам, қанчадан-қанча Муқаддас Китоб тадқиқларини олиб боришга муваффақ бўлибмиз. Буни ўйласам юрагим қувончга тўлади. Масалан, Адреана исмли қизиқувчимиз нималарни ўргангани ҳақида иккита бошқа оила билан бўлишган. Шунда бу оилалар учлик ва ўлмас жон каби черков таълимотларини муҳокама қилиш учун руҳонийни таклиф қилмоқчи бўлишган. Бу учрашувга юқори мансабга эга бўлган учта руҳоний келган. Бу оилалар руҳонийларнинг гапини Муқаддас Китобдаги таълимотлар билан солиштириб кўришган. Натижада улар руҳонийларнинг тушунчаси қанчалик мураккаб ва бир-бирига зид эканини тушуниб етишди. Ҳа, бу учрашув кескин ўзгаришларга сабаб бўлди. Вақт ўтиб бу оилалардан тахминан 15 киши Яҳованинг Шоҳиди бўлди.

Албатта ҳозирги пайтда ваъзгўйлик қилиш усуллари жуда ўзгариб кетган. Паоло руҳонийлар билан тез-тез тўқнаш келгани учун улар билан суҳбат қуришда маҳорати ошган эди. Эсимда, бир марта эрим Яҳовага ишонмайдиган кишиларга дуч келган эди. Кейинчалик аниқ бўлдики, руҳонийлар Паолога иғволи саволлар бериш ниятида бу одамларни йиққан эканлар. Аммо тўсатдан вазият бошқача тус олди. Ўша одамлардан биттаси, нима сабабдан асрлар давомида черков сиёсатга аралашиб келмоқда, деб сўраб қолди. Бундай кутилмаган саволдан руҳонийлар нима дейиши билмай қотиб қолишди. Қўққисдан чироқлар ўчиб учрашувни тугатишга тўғри келди. Йиллар ўтиб, бу учрашув руҳонийлар умид қилганидай ўтмагани сабабли, чироқлар атайлаб ўчирилганини билиб олдик.

ЯНГИ ХИЗМАТ ТУРИ

Турмуш қурганимиздан ўн йил ўтгач, Паолони туман нозири сифатида хизмат қилишга таклиф этишди. Ибодат ила мулоҳаза юритгач, бу янги хизмат турига ўзимизни бағишлашга бел боғладик. Бизни меҳмон қилган оилалар билан вақтичоғлик қилардик. Оқшом пайтлари кўпинча биргалашиб тадқиқ ўтказардик, сўнг Паоло болаларга уй вазифасини бажаришга кўмаклашарди, айниқса математикадан. Боз устига Паоло ўқишни яхши кўргани учун қизиқарли ва далдали воқеалар билан бўлишарди. Душанба куни биз, Яҳованинг Шоҳидлари умуман қадам босмаган шаҳарчаларга борардик ва одамларни оқшом пайти режалаштирилган нутққа таклиф қилардик.

Икки йил туман хизматида бўлгач, бизни Римдаги Байтилда хизмат қилишга таклиф этишди. Паоло юридик саволлар билан шуғулланарди, мен эса журналлар бўлимига тайинланган эдим. Бундай ўзгаришлар биз учун осон кечмаган, аммо биз итоатли бўлишга қатъий қарор қилдик. Филиалимизнинг кун сайин кенгайишини ва Италияда ваъзгўйларнинг сони кўпайишини кузатиш завқ бахш этарди. Бу давр ичида Италиядаги Яҳованинг Шоҳидлари катта юритдик ютуқларга эришишди. Чиндан ҳам, биз бундай хизмат турида бўлишдан бахтиёр эдик.

Паоло Байтилдаги хизматини жуда яхши кўрарди.

Италиядаги Байтилда хизмат қилиб юрган кезларимизда, Муқаддас Китобга асосланган қонсиз амалиёт масаласида қаршиликларга дуч келдик. 1980- йилларнинг бошларида, мазкур масала устидан текширув ишлари олиб борилган. Бу эса шов-шувларга сабаб бўлган. Яҳованинг Шоҳиди бўлган бир эр-хотин, қизининг ўлимида асоссиз айбланган эди. Аслида уларнинг қизи Ўрта денгиз соҳилида яшовчи аксарият аҳоли сингари жиддий қон касаллигига йўлиққанди. Байтилдаги биродару опа-сингиллар бу эр-хотиннинг адвокатларига ёрдам бериб туришарди. Варақалар ва «Уйғонинг!» журналининг махсус сони тарқатилгани туфайли, одамлар бу вазият ҳақиқатан қанақа бўлганини билиб олишди ҳамда Худонинг Каломида қон ҳақида нима дейилганини аниқ тушунишди. Бу ойлар давомида Паоло тинимсиз, кунига 16 соатдан ишлади. Мен эса қўлимдан келганча уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим.

ҲАЁТИМИЗДАГИ ЯНА БИР ЎЗГАРИШ

Турмуш қурганимиздан 20 йил ўтиб, кутилмаган бир воқеа юз берди. Мен ҳомиладор бўлганим ҳақида Паолога айтганимда, у 49 ёшда, мен эса 41 ёшда эдим. Эримнинг кундалигида мана шундай сатрларни ўқиганман: «Ибодат: “Эй Худо, агар бу чин бўлса, илтимос тўла вақтли хизматда қолишимизга ёрдам бер, маънан сусайиб қолмайлик ҳамда яхши ота-она бўлишимизга мадад бергин. Энг асосийси 30 йил давомида саҳнадан туриб айтган сўзларимнинг ҳеч бўлмаса 1 фоизини бажара олишимга ёрдам бер”». Ҳозирги натижаларга қараб, Яҳова иккаламизнинг ҳам ибодатимизга жавоб берган десак бўлади.

 Иларианинг дунё келиши ҳаётимизни тубдан ўзгартирди. Ростини айтсак, тушкунликка тушиб, Ҳикматлар 24:10 даги: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир»,— деган сўзларни ўзимизда ҳис қилган эдик. Аммо далда бериш муҳимлигини ёдда тутиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик.

Илариа тўла вақтли хизматда банд бўлган Яҳованинг Шоҳидлари оиласида туғилганидан бахтиёр эканини яширмасди. У ота-онасининг севгиси ва меҳрини доим ҳис қиларди. Мен кун бўйи қизим билан бўлиб, унга ғамхўрлик қилардим. Оқшомга яқин Паоло уйга қайтгач қизимиз билан уйнарди ва унинг уй вазифаларини бажаришга кўмаклашарди. Ўзининг ишини тугатиш учун ҳатто кеч соат 2 ёки 3 гача ишлашига тўғри келса-да, у ҳамиша қизимизга вақт ажратарди. Илариа ҳар доим: «Дадам менинг энг яқин дўстим»,— деб айтарди.

Илариа ҳақиқат йўлида маҳкам туриши учун кўп меҳнат қилардик. Бу эса мунтазамлик ва қатъиятликни талаб этарди. Бир марта дугонаси билан уйнаётиб, у ўзини ёмон тутган эди. Шунда биз Муқаддас Китобдан нега бундай йўл тутиш нотўғри эканлигини тушунтириб бердик. Шунингдек, унга дугонасидан кечирим сўрашини айтдик.

Илариа ота-онасининг хизматда кўрсатган ғайрати учун миннатдорлигини айтади. Ҳозир у турмушга чиққан. У Яҳовага итоат этиб, Унинг йўл-йўриқларига амал қилиш қанчалик муҳимлигини яхши тушунади.

КУЛФАТДА ҲАМ ИТОАТЛИ БЎЛИШ

2008- йилда Паоло саратон касаллигига чалинганини билиб қолди. Бошида бу касалликни енгиб, тузалиб кетадигандек туюларди ва у менга тасалли берарди. Боз устига малакали шифокор излашга ҳаракат қилдик. Илариа билан узоқ ибодат қилиб, Яҳова унга куч ва сабр-бардош беришини сўрадик. Шунга қарамасдан, қачонлардир кучли ва ғайратли бўлган киши кўз ўнгимда сўниб борарди. 2010- йилда у оламдан кўз юмди. Унинг ўлими мен учун қаттиқ зарба бўлди. Лекин 45 йиллик тўла вақтли хизматда биргаликда бажарган ишларга қараб, далда оламан. Биз Яҳовага энг яхшисини берган эканмиз. Аминманки, қилган меҳнатимиз ҳали-ҳануз фойда келтирмоқда. Юҳанно 5:28, 29 да айтилган ваъда амалга ошиб, Паолонинг тирилишини интизорлик билан кутаман.

«Қалбимнинг тубида мен ҳалигача ўзимни Нуҳнинг ҳикоясини севган ўша кичкина қизчага ўхшатаман. Менинг қарорим ўзгаргани йўқ»

Қалбимнинг тубида мен ҳалигача ўзимни Нуҳнинг ҳикоясини севган ўша кичкина қизчага ўхшатаман. Менинг қарорим ўзгаргани йўқ. Яҳовага итоатли бўлиб, У мендан нимаики сўраса бажаришга тайёрман. Ҳа, бошимдан кечаётган ҳар қандай қийинчилик, фидойилик ва айрилиқ, Худованд менга бераётган ажойиб қут-баракалар олдида ҳеч нарса эмас. Мен бунга шахсан амин бўлганман ва сизларга ҳам айтаман, бундай қилиш арзийди.