Мосламалар

Тилни танланг

Қўшимча менюга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Асосий материалларга ўтиш

Яҳованинг Шоҳидлари

ўзбекча

«ҚЎРИҚЧИ МИНОРАСИ» (ТАДҚИҚ СОНИ) ИЮНЬ 2013

Ўқувчиларнинг саволлари

Ўқувчиларнинг саволлари

Ибтидо 6:2, 4 да ёзилганидек, Буюк тўфондан олдин яшаган «илоҳий зотлар» кимлар эди?

Улар Худонинг руҳий ўғиллари эди. Биз буни қаердан биламиз?

Келинг, қуйидаги оятни кўриб чиқайлик: «Илоҳий зотлар, бу қизлар чиройли экан, деб ёқтирганларини ўзларига хотин қилиб олавердилар» (Ибт. 6:2).

Ўзбек тилидаги Муқаддас Китобда «илоҳий зотлар» ва «самовий мавжудотлар» деб таржима қилинган ибора, Тавротнинг асл нусхасида «Худонинг ўғиллари» бўлади (Ибтидо 6:2, 4; Аюб 1:6; 2:1; 38:6; Забур 88:7). Ҳавола этилган оятларда кимлар назарда тутилган?

Аюб 1:6 да айтилган «самовий мавжудотлар» — Худонинг ҳузурига келган руҳий шахслар бўлгани аниқ. Уларнинг орасида, «ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиққан» Шайтон ҳам бўлган (Аюб 1:7; 2:1, 2). Шунингдек, Аюб 38:4–7 га биноан, Худо «заминнинг пойдеворини қўйганида», «самовий мавжудотлар қувончдан ҳайқирган» экан. Бу фақат Худонинг фаришталари бўлиши мумкин, чунки ўшанда инсон зоти ҳали яратилмаган эди. Забур 88:7 га кўра, осмонда Худонинг ҳузуридаги «илоҳий зотлар» ҳам инсонлар эмас, балки руҳий мавжудотлар бўлган.

Хўш, унда Ибтидо 6:2, 4 да айтилган «илоҳий зотлар» ким бўлган? Юқорида келтирилган далиллардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур оятлар ер юзига тушган руҳий мавжудотларга ишора қиляпти.

Фаришталар жинсий алоқада бўлганига айримлар ишонмаслиги мумкин. Матто 22:30 да ёзилган Исонинг сўзларига кўра, осмонда ҳеч ким турмуш қурмайди ва жинсий алоқада бўлмайди. Аммо бир марта фаришталар инсон қиёфасига кириб, ҳатто одамлар билан бирга еб-ичишган (Ибт. 18:1–8; 19:1–3). Бундан чиқди, улар инсон қиёфасига киришганда жинсий алоқада бўла олишган.

Баъзи фаришталар айнан шундай қилганига Муқаддас Китобда далиллар бор. Яҳудо 6, 7 да, ғайритабиий шаҳвоний истакларга берилиб кетган Садўм аҳолисининг гуноҳи, «аввалги мавқеининг қадрига етмай, маконини тарк этган фаришталарнинг» гуноҳи билан тенглаштирилган. Сабаби, ўша фаришталар ҳам, Садўм аҳолиси ҳам «зинога ва ғайритабиий шаҳвоний истакларга берилиб кетишганди». Шу сингари, 1 Бутрус 3:19, 20 да ёзилган сўзлар, «Нуҳ пайғамбарнинг давридаги» итоатсиз фаришталарга ишора қилади (2 Бутр. 2:4, 5). Демак, Нуҳ пайғамбарнинг давридаги итоатсиз фаришталарнинг қилган иши, Садўм ва Ғамўра аҳолисининг гуноҳи билан баробар, деб хулоса қилсак бўлади.

Бундай хулосага келганимиз тўғри, чунки Ибтидо 6:2, 4 да ёзилган «илоҳий зотлар», инсон қиёфасига кириб, аёллар билан ахлоқсизлик қилган фаришталар эди.

 Муқаддас Китобда, Исо «қамоқдаги руҳларга хабар етказди», деб айтилган (1 Бутр. 3:19). Бу сўзлар нимани англатади?

Ҳаворий Бутрус бу руҳлар кимлигини тушунтириб, шундай деган: «Улар — Нуҳ пайғамбарнинг даврида Аллоҳ кема қурилишини сабр-тоқат билан кутган вақтда итоатсизлик қилган руҳлардир» (1 Бутр. 3:20). Кўриниб турганидек, Бутрус Шайтоннинг исёнига қўшилган руҳий мавжудотларга ишора қилган. Яҳудо бу фаришталар ҳақида эслатиб, қуйидагини ёзган: «[Худо] аввалги мавқеининг қадрига етмай, маконини тарк этган фаришталарни улуғ кунда ҳукм этилгунга қадар, мангу занжирбанд қилиб, қоронғи-зимистонга қамаб қўйган» (Яҳд. 6).

Нуҳ давридаги руҳий мавжудотлар қандай қилиб итоатсиз бўлиб қолишди? Тўфондан олдин ёвуз фаришталар, Худо уларга ҳуқуқ бермаган ишни қилишди, яъни инсоний қиёфага киришди (Ибт. 6:2, 4). Боз устига улар аёллар билан жинсий алоқада бўлишди. Бундай хатти-ҳаракатлар ғайритабиий эди. Чунки Аллоҳ руҳий мавжудотларни аёллар билан жинсий муносабатда бўлиш учун яратмаган (Ибт. 5:2). Бу ёвуз ва итоатсиз фаришталар Худо белгилаган вақтда йўқ қилинади. Айни пайтда эса Яҳудо айтиб ўтганидек, улар «қоронғи-зимистонга», рамзий маънода қамоққа ташланган.

Қачон ва қандай қилиб Исо «қамоқдаги руҳларга хабар етказди»? Бутруснинг ёзишича, бу воқеа Исонинг «руҳ сифатида тирилганидан» сўнг содир бўлиши керак эди (1 Бутр. 3:18, 19). Бутруснинг Исо «хабар етказди» деганига эътибор берсангиз. Бутрус феълнинг ўтган замон шаклини қўллаши, бу воқеанинг у биринчи мактубини ёзишидан олдин содир бўлганига ишора қилмоқда. Тирилганидан кейин муайян вақт ўтгач, Исо ёвуз руҳларга уларни кутаётган адолатли жазони эълон қилди. Бу билан Исо уларга қутулиш учун умид бермоқчи бўлганми? Йўқ, албатта! Бу, чиқарилган ҳукм ҳақидаги эълон эди (Юнус 1:1, 2). Исо ўлимгача Худога садоқатли қолиб ҳамда мустаҳкам имонни намоён этиб, Шайтон унинг устидан ғолиб чиқа олмаганини исботлади. Бу эса қўрқинчли ҳукм чиқарилишига жиддий асос бўла олади (Юҳан. 14:30; 16:8–11).

Яқин келажакда Исо, Шайтонни ва унинг жинларини тутиб, тубсизликка ташлайди (Луқо 8:30, 31; Ваҳ. 20:1–3). Ўша вақтлар келмагунга қадар, бу итоатсиз руҳлар маънавий зулматда бўлишади. Аммо уларнинг бутунлай йўқ бўлиши тайин (Ваҳ. 20:7–10).